Саида Зуннунова. Қийналсам ҳам пок яшай… (Қатағон йиллари кундалиги)

9.09.1951. Афсуски, бу дафтарни тутиш фикри хаёлимга жуда кеч келди. Афтидан, умидсизланиб кетган эканман. Кеча университетга бораётиб Саъдий домлани (адабиётшунос олим, САГУ домласи Абдураҳмон Саъдий – таҳр.) кўрдим. Унинг “Қаламга олинган нарса йўқолмайди, яхши ният юзага чиқади”, деган сўзлари қалбимда умид учқунларини ёқди. Чиндан ҳам фақат яхшиликни ўйлаган тоза қалб туҳмат гирдобида ҳеч қачон йўқолмайди. Агар яна қайтиб минбарга чиқиш менга насиб этса, ана шу ҳақ ният тантана қилган бўлади. Ана шу пайтда мен “улар”нинг кўзини бир лаҳзагина учратгим келади, йўқ, “улар” менинг кўзимга қараёлмайди. Ҳа, худди ўшанисини кўргим келади.
Бугун – дам олиш куни. Уй йиғиштиргач, студентлар зора сотиб олса, деган ниятда диаматдан (диалектик материализм фани назарда тутиляпти – таҳр.) конспект печать қилдим. Нима қилай, ҳалол меҳнат айб эмас. Бир йилдан бери шундай тирикчилик қиламан. Стипендия нима ҳам бўларди! Оила, рўзғор ташвиши кўп бўлар экан. Роҳатини кўрмаганим учун турган-битгани ташвиш десам ҳам бўлади. Асли шундай бўлмаса ҳам, мен учун шундай. Саид Аҳмаддан бир ярим ойдан бери хат йўқ. Кўнглим жуда ғаш.

10.09.1951. Бугун дарс йўқ. Бир оз конспект ёздим. Газетада чиқаролмаган баъзи мақолаларимни қараб чиқдим. Орадан шунча вақт ўтган бўлса ҳам уларни ўзгартиришни лозим топмадим. Демак, ҳамон фикримда қатъийман. Нуқсонини тополмадим. Афсуски, хизматини ўтамадилар, қоғозлар орасида қолиб кетдилар. Майли, қаламга олинган нарса йўқолмайди.
Турмушдаги сўнгги ҳаловатим йўқолди. Ҳар куни жанжал, пичинг. Саводсиз одамнинг ақллилиги қаерга борар эди?! Д. (Далилахон – Саид Аҳмаднинг жияни. Саидахон ва Далилахон аввалига бир-бирини хуш кўришмаган, аммо кейинчалик ярашиб кетишгантаҳр.) келиб менинг ғашимга тегиш учун М.ни мақтади. Кошкийди, эримга ўша текканда, мен бу азобларни кўрмаган бўлар эдим. Менинг келажагим жуда порлоқ эди. Мени ҳам чиройли йигитлар яхши кўрган. Лекин муҳаббат чиройга қарамас экан. Йўқ, менинг эрим бор, мен унга ҳеч қачон вафосизлик қилмайман, алдамайман [...]
Андижондан хат олдим. Хулласи, бу кун ҳам кўпдан бери ўтаётган кунлардай азоб билан кечди, эслагундай бирор лаззати йўқ. Фақат соғ-саломатман, яшаяпман. Соғлиқнинг ўзи – катта бахт. Буни яқинда, касал бўлган куним сезган эдим. Ўша куни шундай деб ўйлаган эдим, энди эса унутаёзибман. Ҳа, айтмоқчи, бугун эскичасига арафа экан. Ош қилишга қурбимиз етмади. Бу – умримда биринчи марта пулга муҳтож (бўлганман-у, лекин шунчалик эмас) бўлишим. Кечгача Саид Аҳмаддан хат кутдим, келмади. Нима бўлди экан? Балки ёзишга  рухсат беришмаётгандир.

11.09.1951. Зот, насл ҳақидаги бачкана гапни эшитиб, одамлар, чинакам одамлар назаридан четда қолган, ҳаёт оқимига тушунмаган саводсиз бечорага раҳмим келди, кулдим-да, Меҳрихонникига (Саидахоннинг дугонаситаҳр.) чиқиб кетдим. Кун бўйи уларникида чақчақлашиб ўтирдик. Менинг турмушга чиқмасимдан олдин ёзган баъзи шеърларим Меҳрихонда экан. Тўйдан уч кун олдин баъзи сўзларни ёзиб Меҳрихонга ўзим эсдалик қилиб қолдирган эканман.Said Ahmad va Saida Zunnunova
Тавба, яхши гаплар ёзган эканман, ҳа, тўғри гаплар ёзган эканман. Майли, мен бу ерда уларни ёзмайман. Улар ушбуни ўқиган киши учун сир бўлиб қолаберсин. Чунки ҳар вақт тортиб келаётган азобим, яъни тўғрилигим туфайли чекаётган азобимни у “сир” яна таҳқирлаши мумкин. “Оқил чиндан ўзгани демас, аммо барча чин сўзни демак оқил иши эмас”, деган нақлга шу минутда, иқрор бўлай, биринчи марта амал қилдим.
Муҳаббат! Кўзимга бундан икки йил олдин ажойиб олам бўлиб кўринган муҳаббат энди тамомила ўз қадрини йўқотди, одамлар уни ўзларидек қадрсиз, тубан, ифлос қилиб қўйибдилар. Бу гапим учун баъзилар мени айблар. Лекин улар менинг ўрнимда бўлганида, муҳаббат пардаси орқасидаги ярамасликларни кўрганида эди, худди мендек жирканган бўлар эдилар. Эркаклар… Эҳ, улардан шунча нафратландимки, ҳатто ёмон сўзимни ҳам уларга муносиб кўрмайман.
Қаранг, бутун бошқа гапларни ёза бошлабман. Ҳа, кечқурун Меҳрихон билан “Горький” паркига чиқдик. Яна айтмай иложим йўқ: “жазманлар” искович итдек кетингдан юради, яна уларнинг шунчалик ишонч билан ёндашишлари мени ҳайрон қилади. Ёки хотинларнинг ичида ифлоси кўп, ёки ҳамма – ифлос. Ёнингизда бирон эркак киши бўлмадими, сиз худди эгаси йўқ молдексиз. Меҳрихонникида тунаб қолдим. Уйдан беза бошладим. Яқиндагина эримга бўлган садоқатимни ҳам, ҳурматимни ҳам шу уйимга бўлган меҳрим билан босар эдим. Энди-чи? Энди келишга юрагим безиллайди. Кошки эди, у менга уйланмаган бўлса!

12.09.1951. Эрталаб Меҳрихонникидан дарсга кетдик. Бир нусха конспектимга студентларнинг бири пул берди. Уни томсувоққа асраб қўйдим. Кўпдан бери Саид Аҳмадга ҳеч нарса юборолмаяпман. Ҳеч ким, кўнглим учун ҳеч ким уни эсламайди. Мен ҳеч кимдан умид ҳам қилмайман, хафа ҳам бўлмайман. Лекин эримнинг қадрига хафа бўламан. Саккиз ой передача ташидим, пул тополмай қон-қон йиғлаган кунларим бўлди. Бегоналар менга қарз берди, аммо ўзиникилар еяётган гўштини бир тўғрам камайтиришга кўзи қиймади. Майли, қариндошга ҳам бор бўлсанг – қариндошсан, деган гапни мен айтмаганман-ку! Киши меҳнатдан ўлмайди. Қўлимдан келганини аямайман, бироқ киши кўзига қарамайман, қаратмайман ҳам. Ўз кучим билан топиб, жон-таним билан юборган беш сўмим бировдан юлиб олган юз сўмдан кўра кўпроқ уни тўйдиради. Чунки мен бутун бахт­саодатимни унинг оёғи остига ташладим, ундан ҳеч нарсани аямадим, унга нисбатан энг самимий одам бўлдим ва шундай бўлиб қоламан. Хоҳ буни билсин, хоҳ билмасин, бу – унинг иши! Мен ундан мени тўғри тушунишдан бошқа ҳеч нарсани талаб қилмайман. Хат келмаётир. Нима бўлди экан? Бунга ҳеч ким жавоб бермайди.

13.09.1951. Дарсга эрталаб кетганимча соат учдан кейин келдим. Ойим Камолхон аканикидан (Саид Аҳмаднинг амакиситаҳр.) келиб турган экан. Чой ичгач, бир оз конспект кўчирдим. Магазинга ёғ олгани борган эдим, магазинчининг қўлидан идиш тушиб кетиб ёғ тўкилди, идиш синди. Ўша ерда бировдан идиш топиб, ёғ олиб келдим. Ойим билан иккимиз уни қишга тайёргарликнинг бошланиши деб олиб қўйдик, чунки экзамен кезларида мен иш қилолмай қолсам қийналишимиз мумкин. Ҳарқалай ёғ бўлса, картошка топсак, овқат бўлади. Қиш деса маҳси-калиш, ўтин эсимга келади. Бир ёқдан беш юз сўм қарзман – шу атлас кўйлакни чакки олдим. Кечқурун свет ёмон бўлгани учун ҳеч нарса қилиб бўлмади. Хаёл суриб ўтирдим ва ухлаш олдидан ушбуни ёздим.

14.09.1951. Ҳаёт мен учун одатдагидай, бир текис, кўнгилсиз. Икки соат дарсдан қолганим учун Восиқ деканатга ёзиб берибди. Спискани текширсам, ўзининг хотини кўплаб дарсдан қолганларини отметка қилмаган экан. Деканатда мен старостадан (Восиқ) тўғри ишлашни талаб қилдим. Тўғри гапнинг тўқмоғи бор дейдилар-ку! Бу гап унга қаттиқ тегди, бироқ индаёлмади. Дарсдан келсам, Раҳбархон (Саидахоннинг она тарафидан қариндоши, Тошкентда истиқомат қилган таҳр.) айтиб кетган экан. Бордим. У менга қарз берган пулини қистади, тўй қилаётган эди, керак бўлиб қолган экан. Мен стипендиягача сабр қилишини сўрадим [...]

15.09.1951. Студентлар кўчиришга конспект бердилар. Рус тилида экан, менинг машинкамда ҳарф етмас эди. Нима қилай, бошқа иш йўқ, бир иложини қилиб ёзаман-да. Уйга келгач, фақат уч листгина ёздим. Диплом ёзиш учун Ойбекнинг “Олтин водийдан шабадалар” романини яна қайта ўқишга тўғри келди. Қайта ўқий бошладим. Кечқурун свет хира бўлди, ўқишнинг ҳам, ишлашнинг ҳам иложи бўлмади. Хат кутаман, хат келмаётир.

16.09.1951. Раҳбархон синглисини эрга берди. Қариндош бўлгани учун бормасликка илож тополмадим. Бордим, кўнглим сира ҳам ёришмади, Саид Аҳмад эсимга келди: у куёв бўлиб ҳали бизникига боргани йўқ эди.
Ҳа, пулим бўлмагани учун келинга ҳеч нарса подарка қилолмадим, кун бўйи ўнғайсизланиб юрдим [...]

19.09.1951. Дарсдан сўнг, тинчлик комитетининг мурожаатига бағишланган йиғилиш бўлди. Қайтишда келинойимникига (Саид Аҳмаднинг келинойиси Мамлакатхон таҳр.) кирдим. У ердан қайтгач, Машҳурахон опамни (Саид Аҳмаднинг опаситаҳр.) олиб, “Мексикалик қиз” фильмини кўргани бордим. Жуда таъсирли деб таърифлаган эдилар. Менга унчалик кўринмади. Ҳарқалай, ўз бошимдаги фожиадан кўра ортиқ бўлмаса керак. Ҳозир юрагим шу қадар тош бўлиб кетганки, ҳар қандай оғир ҳодиса: ўлим ҳам, айрилиқ ҳам, очлик-яланғочлик ҳам, азобнинг турли-турли хиллари ҳам мен учун жуда оддий, гўё шундай бўлиши керакдек туюлади. Кулги, ашула, музика ҳам қиттай лаззат бермайди. О, уларни яқиндагина мен қандай севар эдим! Энди эса кўролмайман.

20.09.1951. Дарсдан қайтсам, райсобесдан одам келиб ойим (Саидахоннинг қайнонаси Зулфия Дадахўжаеватаҳр.) урушда ўлган ўғли учун пособие олса бўладими-йўқми, шуни текшираётган экан. Унга мени бегона деб таништирдилар, мен ҳам шундай дедим. Бу – умримда кишини алдашга биринчи марта ботинишим эди. Бунинг учун мени гуноҳкор қилмоқчи бўлсалар, даставвал, шу ёлғонни гапиришга мени мажбур қилган шароитни даволасинлар. Бўлмаса, мен барибир гуноҳ деб билмайман ёлғон гапимни. Ойимга қийин, бола боққани учун айбдор эмас, албатта. Менинг ҳам ягона бахтим – ҳозирги оғир кунларимда юз ўгирмаган фақат онам. Мен эса унга нима қилдим ва нима қилганман? Ҳеч нарса, азобдан бошқа ҳеч нарса бермадим. Онажон! Мен хизматларингизни қайтаролмасам, укаларимдан қайтсин, узоқ умр кўринг, соғ бўлинг. Ахир бу бахтиқаро қизингиз шунча бадбахтликни ўйлабмиди? Нима қилай, сизга азоб беришга ва ўзим ҳам азоб чекишга туғилган эканман.Saida Zunnunova 1
Кечқурун китоб ўқидим. Маузия опа, Ойша опа (Саидахоннинг қўшниларитаҳр.), мен ўтириб Поля деган хотинга эримизнинг иши нима бўлади деб қарта очирдик. Ҳа, юпаниш учун шундай ишлар билан ҳам шуғулланадиган бўлдим. Тўппа-тўғри, самимий, пок одамни қандай расво қиляптилар! Саид Аҳмад акамни касал бўлса керак, деб айтди. Уйқум бутунлай қочиб кетди, кўзимга ҳар хил қиёфада кўринди – йиғладим. Тўйиб-тўйиб йиғладим. Кўзёшларим сиёҳ бўлганда эди, ушбуни ҳам кўзёшим билан бемалол ёзиб тугатган бўлар эдим. Афсус, бу кўзёшлар жуда қадрсиз, уни ҳеч ким билмайди, сабабини ҳеч ким сўрамайди. Қизиқ гапираман, сабаби ҳаммага аён-ку! Нимасини ҳам сўрасин?!
Бошимдан не-не кунлар ўтганда ҳам мен унга ёзмаган эдим, уни жуда қизғанар эдим. Жон-жонимдан ўтгач, ўша хатни ёздим-у, лекин ўзим ундан баттар азобдаман. Қўлидан нима келади? Гоҳ ундан, гоҳ мендан хафа бўлади, холос. Балки у ҳам мени қоралар, ўз кўзи, ўз қулоғи билан эшитмагач, билмайди. Одамлар жуда уста бўлар экан. Тангрим! Бошимда шунча кунлар бор экан, нега мени ҳам ўшандай уста, айёр қилиб яратмадинг? Тўғри бўлганим учун ҳам сендан яшириниб, шайтондан сабоқ ололмадим шекилли! Энди ўзгариш қийин бўляпти-ку! Йўқ, ҳеч бўлмаяпти!

21.09.1951. Дарсдан келаётиб Муҳаррам опа (САГУ талабаситаҳр.) билан магазинга кирдик. Муҳаррам опа ўзига кўрпа-астарлик олди. Мен ундан бир метр сочиқ олиб беришини сўрадим. Пиёла сочиғимиз жуда йиртилиб кетган эди. Унга кўп вақт конспект кўчириб бераман. Ҳисоб-китобини ўшанда қилармиз. Энди яна бирор фандан конспект кўчириб берсам, Муҳаррам опа менга кирогаз олиб берадиган бўлди. Қишда ўтин жуда қийнайди. Кирогаз бўлса, ҳарқалай, керосин ўтиндан арзонроқ тушади. Ҳа, Хосиятхон опа (САГУ талабаситаҳр.) менга уйингиздан кетинг, ўзингизни қийнаб нима қиласиз, айниқса, ана бу “онахотин” билан яшаш жуда қийин, деди. Эҳ, биламан, жуда қийин, қийналяпман ҳам, бироқ уйни ташлаб кетиш ундан ҳам қийинроқ. Эримга ичим оғрийди, ундан юз ўгирмаган ҳозир фақат менман. Агар мен ҳам кетсам, унга жуда оғир бўлса керак. Яна билмайман, эркак кишиларни билиб бўлмайди. Уйга келсам, Машҳурахон опам билан Д. уриш қилибди. Кеча ҳам уришган эди. Ҳайронман, нега ўзиникилар билан ҳам чиқиша олмайди?
Кечқурун угра қилдик. Чўмичимиз синиб қолган эди, пиёла билан қуяман деб қўлимни куйдирдим [...]

25.09.1951. Бугун дарс йўқ. Мустақил ишлаш куни. Мен эса эрталаб тупроқ қазидим. Нина тўқнайдиган тўқидим, китоб ўқидим. Саид Аҳмад акамга хат ёздим. Тоҳирий домлани (Тоҳирий САГУда педагогика фанидан дарс бергантаҳр.) ишдан бўшатибдилар, приказга “Ўрин бўлмагани учун” деб ёзилган эмиш. Ваҳоланки, университетда психологиядан ҳеч бир мутахассис бўлмагани учун студентлар дипломни бу фандан эмас, тилдан ёзишга мажбур бўлмоқдалар. Сабабини билмайман, лекин жуда ачиндим, яхши кўрган домлаларимдан эди. У машинасини сотиб, Москвага бормоқчи эмиш. Жуда яхши қилади. Москва ҳақни юзага чиқармай қўймайди.

26.09.1951. Дарсдан келиб, тупроқ қазидим. Конспект кўчирдим, китоб ўқидим. Кечқурун Маузия опа билан худди жинни бўлгандек қартада фол очдик. У ҳам овутолмади. Ётдим-да, кўзимни чирт юмиб олдим. Хат келмаётир.

27.09.1951. Соат тўртларда дарсдан қайтдим. Кун бўйи табиатим хира бўлиб юрди. Одамларнинг ичида ярамаслари шу қадар кўпки, эй Тангрим, нега ўшалар қаторида яратмадинг ёки яратмай қўяқолмадинг?! Мен сенинг олдингга “дод!” деб бораман. Агар сен чиндан бор бўлсанг, одамларни мендай бахтсиз яратадиган бўлсанг, яратмай қўяқол! Ахир, ижодкорлигинг учун раҳмат эмас, лаънат эшитасан, холос. Мана, энг мўмин бандаларингдан бири сенга исён қиляпти. Модомики, менинг тақдирим сенинг буйруғинг билан экан, бу исёним ҳам сенинг буйруғингдандир.
Тавба қилдим, бахтимга онам эсон бўлсин, унинг умрини узун қил. Ҳақ бўлсанг, ҳақиқатни тезроқ юзага чиқар, юзимни ёруғ қил!

28.09.1951. Дарсдан сўнг стипендия кутдим. Кассир келмади. Эртага берадиган бўлди. Уйга келдим. Ўзимни жуда ёмон сездим. Кўзим энди очиляпти. Ўз аҳволим ўзимга кундан-кун кучлироқ таъсир этмоқда. Ҳеч нарса қилгим келмади. Турсунойларникига (Саидахоннинг қўшниситаҳр.) чиқдим, дутор чалиб ўтирдик.

29.09.1951. Дарсдан сўнг стипендия олдим. Буфетдан нон оламан деб (очередь эди) партмажлисга кеч қолдим. Мен кирганда Симкин (САГУ филология факультети партия ташкилоти котибитаҳр.) ҳисобот докладини тугатган экан. Мени ҳам ишламайди, деб танқид қилибди. Рост айтади. Нима ҳам дер эдим, бу – тўғри гап. Шунақа бўлиб қолдим…

30.09.1951. Эрталаб бозорга тушдим. Саид Аҳмад акам учун посилкага харажат қилиб чиқдим. Раҳбархонга бир юз саксон сўм бердим, яна бир юз йигирма сўм қарзим қолди, юз сўм томсувоққа атаб қўйдим. Ёғ идишини Машҳурахон опам тополмай чиққан экан, ўзим яна бозорга бордим – топиб келдим. Андижондан бувим (Саидахоннинг онаси Сабохон Зуннуноватаҳр.) пул билан ёғ бериб юборган экан, олиб келиш учун Саломатхон аяникига (Саидахоннинг андижонлик танишитаҳр.) бордим. Келгач, халта тикиш ва посилкани жойлаш билан овора бўлдим…

01.10.1951. Эрталабдан жанжал бошланди. Д. томдаги свет столбасини йиқитмоқчи бўлиб, том деворини ўйибди. Кўриб қолдим. У ҳам гапирди, мен ҳам. Аҳмоқ бўлмасанг, сенга шу жой, амакингнинг жойи асқатаётгандан кейин, нега уни сақлаш ўрнига бузасан?! Кимдан фойда бўлса, ўшанга яхши гапириб, ўзи йўқнинг кўзи йўқ қилиш – одамгарчилик эмас. Менинг ҳеч нарсам йўқ эмиш! Менинг қалбим бор, шу қалбим билан мағрурман. Уни кўришга сенинг кўзинг ўтмайди. Лекин, аслини суриштирганда, Саид Аҳмадни сотиб олгандан ҳам ўтиб кетдим. Майли, модомики, у фақат менинг учун керак экан, мен унинг соғ ва хурсандчилигини ўйлайман. Эҳ, жигар эмиш! Биламан, фалакингиз (палакингиз дейилмоқчи – таҳр.) билан эрга тегарсиз-да, бутун умр бўйи унинг бўйнига товон бўлиб ўтирарсиз. Эрим пул топиб келса, харажат қилишни мен ҳам биламан. Лекин сиз менинг ўрнимда бўлганингизда нима қилар эдингиз?!
Саид Аҳмад акам бечора содда экан. Меҳрибончиликларига ишонар экан. Қандай кунга қолдим-а? Наҳотки дунёда шунчалик одамлар бор?!
Ички азоблар, ўйлар билан посилкани юбордим, келинойимникига кирдим, кечқурун Мунирахон (Саидахоннинг дугонаситаҳр.) билан кинога чиқдим. Маузия опам эрини кўриб келибди. Турмадаги одамлар биз ҳақимизда ҳам гапиришибди. Саид Аҳмаднинг хотини бузилиб кетибди, дейишибди. Аби уларни уришибди.
Эй, худойим, фақат шу “бузуқ” сўзидан қочиб ўз бошимга шунча кунларни солиб ўтирибман-ку! Ҳали қайнонамнинг олдида, уйидаман. Агар бирор ерга чиқиб кетсам, худо билади, нима гаплар бўлади. Эр кишига бундан ортиқ оғир гап бўлмаса керак. Бузуқ хотинга эр ёки бузуқ эрга хотин бўлиш – энг катта фожиа шу-ку! Худо сақласин!

02.10.1951. Бугун бизда дарс йўқ. Конспект кўчирдим. САГУга бориб, Розага (САГУ ходимаситаҳр.) студентларга сотиб беринг, деб қолдирдим. Фароғат опамникига бордим. Ҳа, универмагда чиройли пиёла бор экан. Охирги пулимга тўрт дона сотиб олдим. Уйга келгач, кечга қадар китоб ўқидим. Мая билан Шура (Саидахоннинг қўшнилари таҳр.) чиқди. Гапиришиб ўтирдик. Радио гапирмай қолди.

03.10.1951. Икки соатгина дарс бўлди. Бобоев (САГУ домласи таҳр.) келмади. Кирогаз изладим, тополмадим. Уйга келгач, Машҳурахон опамни олиб, Эскишаҳардаги магазинларни ҳам қидирдим. Топилмади. Жаҳлим чиқди. Чунки зўрға топган пулим – бугун олмадимми, эртага менда пул бўлмайди. Ҳеч қачон пул сақлай олмайман. Кўзимга бирон нарса чиройли кўриндими, охирги пулимга бўлса ҳам сотиб оламан. Мана, упам тугагани қачон эди. Икки-уч сўмга упа олишга қизғандим-у, лекин чиройли пиёлалар сотиб олдим. Кечқурун чучвара қилдик. Китоб ўқидим. Саид Аҳмад акамдан хат йўқ. Эҳ, шундай гаплар эшитаманки, баъзида юрагимга гўё муз солади. Ахир, унинг мендан олдин нима қилиб юрганини билмайман. Лекин мен билан яшаб туриб, ўшандай ярамасликларга борса эди, мен уни ҳеч қачон кечирмас эдим. Ҳарқалай, мени алдашдан қўрқиш керак. Оқибати хунук бўлади, ҳа, ёмон бўлади [...]

07.10.1951. Томсувоқ қилдик. Ҳаво жуда қўрқитди, лекин ёғмади, кейинча эса очилиб ҳам кетди. Кенжаев, Хўжаев (Саидахоннинг курсдошларитаҳр.) ва қашқадарёлик бир студент ёрдамга келди. Ҳамма томга лойни ўзим ташидим, қўлим билан ёйиб бериб кетдим, Кенжаев текислаб кетаверди. Соат иккида тугатдик. Ёрдамга Ҳотамхон (Саид Аҳмаднинг жиянитаҳр.) ҳам келди. Кечқурун ҳеч қаеримни ололмай қолдим. Қўлларим шилиниб кетибди. Эй худо, эндигисини ўзи келиб қилсин.

08.10.1951. Вой-бў, кеча ҳеч билмаган эканман, бугун қимирлашга ҳолим йўқ, белимни кўтаролмай қолибман. Иш қилиш керак эди, машинкага қўлим ярамади. Муҳаррам опа мендан конспект сотиб олмоқчи эди, кечқурун бир-бир босиб уникига бордим, бироқ уйидан топмасдан қайтдим. Эрта кундаёқ дам олишга ётдим.

09.10.1951. Ёмғир ёғди. Ҳаво – қоронғи. Юрагим ғаш, ҳаво эса кишини баттар сиқади. Деразадан ҳовлига қараб хаёл суриб ўтирдим. Саид Аҳмадни жуда кўргим келди. Билмадим, у ҳозир нима қиляпти, у ерда ҳаво қандай экан, нега хат ёзмайди, деган хаёллар тинчлик бермайди. Мана, совуқ ҳам тушиб қолди. Маҳсим ҳам, калишим ҳам йўқ. Юрагимни ваҳима босди. Туриб ишга ўтиришга мажбур бўлдим. Машинка уришга бармоқларим ярамади, лойда жуда безиллаб қолган экан. Китоб ўқиб ётдим [...]

13.10.1951. Ёмғир ёғди. Солиевадан (САГУ ходимаситаҳр.) пул оламан деб икки соат дарсдан қолдим. Бироқ Солиева ойлик ололмаган экан, Иза Исаковнадан (САГУ ходимаситаҳр.) қарз сўради, Исаковна бермади. Шундай қилиб, пул ололмадим. Дарсдан соат тўртларда чиқдик. Уйга келдим. Юрагим оғриди, ётдим. Овқат қилолмадик.

14.10.1951. Машҳурахон опам Зуҳур акамникидан (Саид Аҳмаднинг акаситаҳр.) йиғлаб келди. Акаси ишонтиргани учун бировдан пул қарз олган экан, бироқ бермабди. Уйда нон ҳам йўқ. Менда ҳам пул йўқ. Бир оз конспект ёздим. Юрагим сиқилиб, Меҳрихонникига кетдим.

16.10.1951. Ойим Мудирахонникига (Саид Аҳмаднинг жияни таҳр.), Машҳурахон опа Фароғат опамникига кетди. Уйда бир ўзим қолдим. Бир оз конспект ёздим. Юрагим жуда сиқилиб кетди. Уй кўтардим. Ойна ювдим, кир ювдим. Кечқурун соат ўнларга бориб тугатдим. Гиламни деворга қоқдим, ойнага парда тутдим. Қарасам, жуда кўчиб кетилгандай бўлиб қолган экан. Яхши ният – ярим мол. Келиб қолар.

17.10.1951. Студентларни пахтага олиб кетишди. Бориш учун пул ҳам, кийимим ҳам йўқ. Ўзимнинг қарзим бошимдан ошиб ётибди. Яна менга ким қарз беради. Ейиш учун олиб кетишга ҳам ҳеч нарса йўқ. Ўйлаб-ўйлаб иложини тополмадим. Парткомга кириб рухсат сўрадим, рухсат берди. Ундан Фароғат опамникига бордим. Гаплашиб ўтирдик. Бизникида бўлаётган ҳангомаларни эшитган экан. Хафа бўлманг, сиз ойисининг ўрнига борган эмассиз, гапига қулоқ солманг, деди. Уйғун (Фароғатхоннинг ўғлитаҳр.) жуда ширин бўлган, бир оз у билан ўйнадим. Саид Аҳмад акам болалар билан ўйнашни севар эди.

18.10.1951. Икки юз сўмга маҳси буюрган эдим, уста айниб икки юз эллик бўлмаса тикмайман, деди. Оёқнинг кичкинаси қурсин. Икки юз элликка буюришга мажбур бўлдим. Бу ойги стипендиям маҳсига кетар экан. Муҳаррамхон опаникига пулга борсам, йўқ экан. Конспект ёздим. Куним уйда ўтди. Кеча Саид Аҳмад акамга хат ёзган эдим. Бугун кўчага чиқмадим. Эртага юборарман.

19.10.1951. Андижондан пул келди. Почтага бордим, пул йўқ, дедилар. Срочний юборилган пулларнинг, пул йўқ, баҳонаси билан вақтида берилмаслиги нотўғри бўлса керак. Ўзи табиатим жойида эмас эди, баттар жаҳлим чиқди. Машинкамга лента керак, лента олишга эса пул йўқ. Почта начальнигидан шикоят дафтарини олиб ёздим [...]

23.10.1951. Ойим тайинлагани ва поччамни (Фароғатхоннинг турмуш ўртоғи Воҳид Валиевтаҳр.) кўпдан кўрмаганим учун Фароғатхон опамникига бордим. Кулишиб, гапиришиб ўтирдик. Пошша опа (Саид Аҳмаднинг аммаситаҳр.) чиқди. Уйга кеч қайтдим. Саид Аҳмад акамдан хат келибди. Мафратхонга (Фароғатхоннинг қизитаҳр.) келган хатни очамиз деб йиртишибди ҳам. Бировга келган хатни очиш ақлли одамнинг иши эмас. Яхши бўлмапти. Ярим кечада Д. Машҳурахон опам билан чой баҳона уриш қилди. Қулоғимни беркитиб олдим.

24.10.1951. Дарсдан сўнг Саид Аҳмад чизиб юборган расмларни Ширинга (Фароғатхоннинг қизитаҳр.), Элдорга (Зуҳурхоннинг ўғлитаҳр.) элтиб бердим. Хурсанд бўлдилар. Ширин жуда самимий қиз бўлади. Бошим оғриди, иситма кирадиганга ўхшайди, тезроқ уйга етиб келишга шошилдим. Келиб ётдим.

25.10.1951. Энди дарс бошланган ҳам эдики, яна пахтага жўнайсизлар, деб эълон қилишди. Студентлар тарқаб кетдилар. Менда эса яна ўша аҳвол. Бошим қотди. Жимгина уйга қайтдим. Юрагим сиқилади, бошимда турли хаёллар кезади. Гоҳ Саид Аҳмад хаёлимда келган бўлади, гоҳ эса келажагим қўрқинчли кўринади. Қанча хатлар ёздим, қанча нарсалар сўрадим. Лекин жавоб ололмадим. Кечаги хати эса кўзимга совуққонлик билан ёзилгандек кўринди. Нима қилай, ҳали мен унга яхшиликдан бошқа ҳеч нарса қилганим йўқ. Тўғри, жаҳлим чиққанда қаттиқ гапираман. Said_Ahmad va Saida ZunnunovaЛекин мен уни ҳали ноҳақ хафа қилганим йўқ. Тўғрилик эрга ҳам кетмас экан, тўғри бўлсанг, эрингга ҳам ёқмас экансан. Қайнонамни ёмон десам, бу – албатта, одамгарчиликдан бўлмайди. Қайнона бундан ортиқ яхши бўлиши мумкин эмас. Ҳали ойим билан орамизда бир-биримизнинг кўнглимизни қолдиргудек гап ўтгани йўқ. Бошқалар ҳам дуруст. Лекин вақти билан санчиб олишларини қўймайдилар. Эринг сенга сал меҳрибон бўлса ҳам ғашлари келар экан. Сен эрингни кўпроқ ҳурмат қилсанг, унга самимий бўлсанг, бу эрини қариндош-уруғидан ажратмоқчи дер эканлар. Эҳтимол, шундай хотинлар бордир, лекин, наҳотки, мен шунчалар аҳмоқ бўлсам, акангдан кеч, опангдан кеч, қариндошингдан кеч, фақат мени де, десам?! Йўқ, бундай фикр менинг калламга келган эмас. Менинг ҳам онам, укаларим, қариндошларим бор, мен ҳам эримни севаман, лекин бу севги ота-она, опа-сингиллар севгиси ҳисобидан эмас, албатта. О, мен тасаввур қилган оила ҳали йўқ экан. Эрингнинг уруғи сенинг камчилигингни эрингга катта қилиб кўрсатишга, мумкин қадар сени унга ёмон қилиб кўрсатишга уринар экан. Агар эринг сенга бирор марта қаттиқроқ гапириб қўйса, уни бутун умр дастак қилар эканлар. Мана, ҳовли ҳақида, Саид Аҳмаднинг олган қарзлари ҳақида қанча гаплар бўлди. Менинг сепсизлигим эса умр бўйи мени қийнайдиганга ўхшайди. Лекин Саид Аҳмадга, биз ҳақиқатдан шундай деганмиз, деб айтадиларми? Йўқ, албатта! Ундай деганимиз йўқ, бундай деганмиз дейдилар-да, тўғри сўзни гапирганинг учун сени ёлғончига чиқариб қўядилар [...]

28.10.1951. Уйда бўлдим. Байрам яқинлашиб келмоқда. Ҳаммада байрам тараддуди. Саид Аҳмадга бирор нарса юбориш керак эди. Стипендиям тегиб қолса яхши бўлар эди.

29.10.1951. Эрталаб университетга чиқдим. Соат учда стипендия беришини эшитиб кутдим. Очередда турдим. Соат тўрт яримда пулни олдим ва почтага бориб, Саид Аҳмадга саксон сўм юбордим. Посилка қилсам, байрам нишонаси бўлсин деб ҳар хил конфетлар олдим. Эллик сўм маҳсига, кўмир олдириб келиш учун кира пулига бердим. Анча вақтдан бери чўмичимиз йўқ, қошиқда овқат сузар эдик, чўмич олдим. Яна уйдагилардан яширин бир ярим кило ёғ олиб қўйдим. Қийналган пайтларимизда керак бўлар. Картошка олиб қўйганимда яхши бўлар эди.

30.10.1951. Иш қилдим. Ойим Камолхон аканикига кўмир қолқиндисини олиб келгани кетди. Машҳурахон опам аравакашни топа олмапти. Кечқурун китоб ўқидим.

31.10.1951. Эрталаб арава олиб бориб кўмирни ташиб келдик. Ёмғир, қор ёғмоқда. Бу йил қиш жуда эрта тушди. Ҳали менинг калишим йўқ. Бултур оёғимни совуқ олган. Яна ҳам адабимни емаганман. Аҳмоқман, ўзимга қолганда пишиқлик қиламан. Турмушга чиққанимдан бери битта дўппи ололганим йўқ. Бошим оғрийди, кечаси ўраб ётаман, жоним бир оз ором олади, кундузи яна очиқ, оғрийди. Машҳурахон опам кетаман, дейди. Борманг, деб айтмайман. Лекин ўзи кета олмаяпти. Эридан хабар йўқ. Юрагим сиқилиб кетди. Зуҳурхон акамникига бордим. Бир оз гапиришиб ўтириб келдим.

01.11.1951. Негадир почтага боргим келди. Ойимнинг унамаганига қарамай кетдим. Қизиқ бир телеграмма олдим. Саид Аҳмаддан бўлса керак. Чунки бу адресни ундан бошқага берган эмасман. Кечқурун келинойимникига бориб ётиб қолдим.

02.11.1951. Эрталаб соат еттида туриб, келинойим билан вокзалга кетдик. Соат саккиздан ўн беш минут ўтганда Красноводск поезди келди. Нимани билиш мумкин? Вагон атрофида айландим, лекин ҳеч кимни кўра олмадим. Балки келгандир. Қаердан ва қандай билиш мумкин? Совуқ едик. Вокзалдан Фароғат опамникига бордик. Бир оз дам олиб, сўнг қайтдик. Поччам иш берди.

03.11.1951. Ҳеч қаерга чиққаним йўқ. Кун бўйи иш қилдим. Бироқ телеграмма уззукун хаёлимни чувалатди. Бувимдан эллик сўм пул келди. Байрамга ҳайитлик деб юборибди.

04.11.1951. Почтага пул олгани борсам, Саид Аҳмаддан хат ва ўзининг расми келибди. Озган. Дардим янгилангандай бўлди. Маузия опадан йигирма сўм қарз олиб, бозорга бордим ва олтмиш беш сўмга калиш олиб келдим. Фароғатхон опамникига бордим, поччам йўқ экан, берган ишларини кўрсатгани борган эдим. Телеграммани ким берган экан, ҳайронман. Изламаслик яна қийин, пул йўқ. Ҳаммадан ҳам, келганига кўнглим ишонмаётир. Кута-кута, энди ҳафсалам пир бўлибди.

05.11.1951. Кечга қадар иш қилдим. Бошим қаттиқ оғриди. Шамоллаган бўлсам керак. Бугун Имомхон аканинг (Саид Аҳмаднинг акаси, у ҳам “халқ душмани” деган айб билан қамалган – таҳр.) кетганига икки йил бўлди. Ҳеч кимнинг эсида йўққа ўхшайди. Мен ҳам айтмадим. 1949 йилнинг бешинчи ноябрида Саид Аҳмад мени тўй тараддуди билан Андижонга жўнатган эди [...]

07.11.1951.Меҳрибоним кетди-ю, меҳри кўзимдан кетмади, / Меҳрибоним йўқ учун ҳеч ким мени ёд этмади”, деб бирор бошидан ўтган бечора айтган экан. Мана, бугун – байрам. Биз борадиган ва бизга келадиган одам йўқ, ёд этгучи йўқ. Ака-ука ҳам давлатлари бўлса, бир-бири учун ака-ука экан. Кечқурун ойим билан ўтириб йиғладик. Ойим бечорага ҳам қийин. Шу кунда Зуҳурхон акам ойимни албатта йўқлаши керак эди [...]

10.11.1951. Эрталаб иш қилдим. Зерикиб кетдим-да, поччамнинг берган ишларини олиб, уларникига бордим. Фароғат опам, “Қанча пул берайлик”, деди – жуда уялиб кетдим. Куним қурсин, қандай аҳволда қолдим-а?! Қайтишда Меҳрихонникига кирдим. Ёмғир ёғди. Тинишини кутиб анча ўтирдим, лекин тинмади, охири Ашуровнинг (Меҳрихоннинг акаси таҳр.) плашини ёпиниб қайтдим.

11.11.1951. Кун бўйи иш қилдим. Студентлар пахтадан қайтибдилар. Эртага ўқиш бошланса, тезроқ қўлимдаги ишни тугатишим керак эди[...]

13.11.1951. Куни бўйи иш қилдим. Қўлимдагини тугатгач, поччамга элтиб бердим. Поччам эллик сўм берди. Жуда-жуда ўнғайсизландим. Нима қилай, одам ҳар қандай ҳаётга мослашар экан. Кечқурун Фароғатхон опам бирга келди. Кечаси бир вақтга қадар гаплашиб ўтирдик.

14.11.1951. Дарсдан кеч келдим. Пахтада ўтган вақтларни тўлатиш учун дарсни кўп қўйиб беришяпти [...]

16.11.1951. Дарсдан келаётиб “Ўзкитоб”га кирдим. Декада учун кўп янги китоблар чиқибди. Анча вақт қараб томоша қилдим. Олишга пул йўқ, чиқиб кетдим.

17.11.1951. Бир студентга бир вақтлар конспект сотган эдим. Эллик сўми қолган эди, яна бирида йигирма сўм бор эди. Униб қолди. “Ўзкитоб”га чопдим. Эллик сўмга китоб олдим. Улар Брянцевнинг “Тайные тропы” романи, Кербобоевнинг “Дадил қадам” романи, “Қардош қўшиқлар” мажмуаси, Раҳмат Файзийнинг “Чўлга баҳор келди” повести эди. Ўн сўмга Саид Аҳмадга посилка қиларман деб конфет олдим, саккиз сўмга пальтомнинг астарини тузатиш учун сатин олдим. Кечаси радио Москвадан ўзбек адабиёти декадасининг очилишини берди [...]

23.11.1951. Дарсдан келсам, ойим хафа бўлиб ўтирибди. Билсам, суддан одам келиб, Саид Аҳмаднинг Ёзувчилар союзидан 1949 йилнинг март ойида олган бир минг беш юз сўм пулини биз тўлашимизни талаб қилибди. Ҳайрон бўлдим.

24.11.1951. Ойимни олиб судга бордим, Саид Аҳмад кетгандаёқ унинг нарсасини ойисига ажратиб берганимни ва ойиси сотиб передача қилганини айтдим. Суд менинг союздан чиқарилган ёки чиқарилмаганимни сўради ва бу масала билан қизиқиб қолди.

25.11.1951. Дам олиш куни. Судья мени соат бирга чақирган. Иш куни бўлмагани учун ўзим якка боргим келмади, Мастурахонни (Машҳурахоннинг қизи таҳр.) олиб бордим. Лекин ҳали судья келмаган экан. Кутмадим, тезда қайтдим. Иш қилгани қўрқдим. Уйдан гиламни бошқа ерга олиб қўйдим.

26.11.1951. Душанба. Дарс йўқ. Эрталаб ойимнинг иши билан райсобесга бориб келдим. Сўнг судга бордим. Ижрочи билан анча айтишдим. Соат тўрт яримларда яна бордим. Судья Баҳромов деган киши экан. Мени анча айлантириб сўради. Сезиб турибман, лекин қаерда ва қандай гап гапиришимни яхши биламан. Менинг нарсаларимни чоп этмаслик мутлақо нотўғри эканини айтиб, “Мен ёрдам беришга уринаман”, деди ва яна шанба куни келишимни сўради. Менинг бу ишимга қизиқмаса ҳам майли эди. Мен эркакларнинг тўғри ниятлигига мутлақо ишонмайман. Судга қатнаб юриш оғир кўринади.

27.11.1951. Дарс йўқ. Иш қилиш яна мумкин эмас. Суддан одам келиб қолса, яна жанжал чиқмасин деб қўрқаман. Бироқ бир тийин ҳам пулим йўқ… Ҳа, бугун турмушга чиққанимга ҳам, укамнинг ўлганига ҳам икки йил тўлди. Бундан икки йил олдин, худди шу кундан бахтиқаролигим бошланган эди.

28.11.1951. Дарсдан сўнг Муҳаррам опа билан уларникига бордим. Соат олти яримда Умировларникига (САГУ талабаситаҳр.) меҳмонга бордик. Студентлар Саид Аҳмад соғлиғига қадаҳ кўтарганларида ичмасликка иложим бўлмади. Кейин йиғладим, менга бошқалар қўшилди. Кечаси соат бирга яқин қайтдик. Уйга қайтмадим, Муҳаррам опаникида ухлаб қолдим.

29.11.1951. Эрталаб тилдан докладим бор эди. Етиб келдик. Жуманиёз, Шомақсудов, Нафисалар (Саидахоннинг курсдошларитаҳр.) кеч келдилар. Докладим ўтди. Кўмир оладиган пулга кўйлак олдим.

30.11.1951. Дарсдан сўнг уйга келишнинг ҳеч қизиғи йўқ. Юрагим безиллайди. Тентираб юриб кечга келдим. Иш қилолмасдан анча қийналяпман. Суд иши бир ёқлик бўлса эди, кўнглим тинчир эди.

01.12.1951. Дарсга боролмадим, мазам йўқ эди. Тинч бўлмаганимиз учун Ойша опаникига чиқиб бир оз иш қилдим. Соат олтида судга бориш керак эди. Ёлғиз боргим келмади, ойимни олиб бордим, лекин судьяни топмадик.

04.12.1951. Эрталаб ойим билан райсобесга бордик. Пул олдик. Шаҳарга чиқиб, ойимга иккита кўрпалик ва астарлик олиб бердим. Шундай қилмасам, ойим ўзига ҳеч нарса ололмай қолиши турган гап. Ҳамма ўзига тортади. Маҳси, кўйлак ҳам керак. Биз келгач, Д.нинг жаҳли чиқди. Чамамда, ойим мен билан юриб сарф қилгани учун бўлса керак. Менга ойимнинг тийини керак эмас. Мен бош қўшмасам ҳам бўлар эди, лекин ойимнинг кам-кўстини қилиб беришни ўйладим. Ойим бошқалардан яширинча менга лозимлик олиб берди, “Ўзим олдим, деб кейинроқ кўрсатарсиз”, деди.

05.12.1951. Уйда бўлдим, озроқ иш қилдим. Ойим Саид Аҳмад акамга посилка қилинг деб икки юз сўм берди. Бозорга тушиб майда-чуйда қилиб чиқдим. Саид Аҳмад акамдан хат келди, уйга ҳам ёзибди, почтага ҳам. Саида хат олса, уйдагилар хафа бўлмасин, деб ўйлаган бўлса керак. Унга ҳам қийин. Манти қилдик қовоқдан, Фароғатхон опам келди. Ойимдан беш юз сўм қарз олиб кетди.

07.12.1951. Эрталабдан уриниб посилкани тайёрладим. Яшик тўлмади, кўнглим ҳам тўлмади, майли, янги йилга яхшироқ қилиб юборарман. Посилкани жўнатиб келиб, иш қилдим. Кечқурун кўмир келди, ташидик.

08.12.1951. Кун бўйи иш қилдим. Мухторхон акага (Саид Аҳмаднинг урушда ҳалок бўлган акаси таҳр.) худойи қилиш учун ёғ олиб келиб бердим.

09.12.1951. Эрталаб шаҳарга чиқиб, Мухторхон аканинг меҳмони учун қанд-қурс олиб келдим. Саид Аҳмадга юнг пайпоқ олдим. Кечқурун иш қилдим [...]

11.12.1951. Диплом темасининг планини тузиб қўйган эдим. Изладим-изладим, тополмадим. Энди каллага келиши анча қийин. Ҳали ҳам ёза бошлаганим йўқ. Афтидан ўзимга ишониб юрибман. Уйда ишлашга шароит йўқ, библиотекага борсам, кечаси қайтишга қўрқаман. Яхшиси, ҳамма ухлагандан кейин ўтириш керак. Бошқа илож йўқ [...]

13.12.1951. Мухторхон акага худойи қилдик. Қозибува (Саид Аҳмаднинг қариндошитаҳр.), Фароғатхон опа, келинойим келдилар. Меҳрихон келиб, дарс бошланганини айтди.

14.12.1951. Эрталаб дарсга кетдим. Студентлар билан “Совет Ўзбекистони” киносини кўрдик. Уйга келсам, Мудирахон опам келибди. Д. манти, сомса қилмоқда экан. Чиқиб кетдим, Қамбарларникига (шоир Неъмат Тошпўлатнинг синглиситаҳр.) бориб ўтирдим, кечроқ қайтдим. Кечқурун иш қилдим. “Олтин водийдан шабадалар”ни қайта ўқий бошладим.

17.12.1951. Дарсга борсам, дарс бўлмади. Студентлар билан “Тарас Шевченко” фильмини кўрдик. Менга жуда таъсир қилди, билмадим, шоира бўлганим учунми. Шевченко расм солаётганида кўзимга Саид Аҳмад ҳам худди ўшандай бўлиб кўринди. Беихтиёр йиғладим. Кечқурун таклиф қоғози билан “Ҳамза” театрига бордик. Октябрь районига кўчма Қизил байроқ топширдилар. Мажлисдан сўнг “Айбсиз айбдорлар”ни қўйиб бердилар[...]

19.12.1951. Дарсдан сўнг Анвар аканикига (Саидахоннинг курсдошитаҳр.) меҳмонга бордик. Ҳаммаси бўлиб йигирматача студент йиғилди. Жуда яхши меҳмон қилди. Дадаси кекса киши экан, адабиётга жуда қизиқар экан. Студентлардан мени сўраб, келиб гаплашди. Менга катта умид боғлаган эмиш, эътиқоди зўр эмиш. “Раҳмат”, дедим. Лекин мен энди бу эътиқодни қандай қилиб оқлайман. Буни худо билади…

20.12.1951. Дарсдан қайтганимдан кейин суддан одам келди. Ҳаммаёқни титди-титкилади. Эримнинг жияни эса менинг ҳолимни келиб томоша қилди. Бу нарсалар фақат меники бўлиб кўринади, Саид Аҳмадники ҳам эканини ҳеч ким ўйламайди. Суд ижрочиси ғирт саводсиз экан, ёзган актини ўзидан бошқа ҳеч ким ўқий олмайди. Шифоньер, диван, гиламни ёзди. Судга боришимни тайинлаб кетди.

21.12.1951. Суд ишини бирёқлик қилай деб дарсга бормадим. Судья Баҳромов мени кинога таклиф қилди. Эй худо, паразитлар, нима дейишимни ҳам билмайман. Мен ҳалол яшайман, ҳалол ўламан, икки минг сўм учун виждонимни, номусимни сотмайман. Саид Аҳмад кетидан шунча кунни кўрдим, қанчалаб пулим кетди, наҳотки энди икки минг сўм учун шу йўлга кирсам. Ўзимни жуда эҳтиёт қилдим, бўлмаса бирор шапалоқ уришимга тўғри келар эди. Келиб Саид Аҳмадга посилка тайёрладим. Ҳа, шу қадар хўрлигим келдики, йиғладим. Охирги соат фалсафа эди, бормадим ҳам.

22.12.1951. Эрталаб посилкани юбордим. Дарсга кечикиб бордим. Нафиса қайнонаси билан уришиб қолибди, йиғлади. Ҳайронман, нега икки томон чиқишолмас экан. Ҳарқалай, биров боқиб катта қилганда тайёр хўжайиннинг келиб қолиши ёқмаса керак.
Дарсдан сўнг Союзга, бухгалтерияга бориб, Саид Аҳмаднинг қандай қарзи борлигини текширдим. Саид Аҳмад акам нега шунча бепарво қараган экан. Ҳамма бало мана энди менинг бошимда. Уйга қайтгач, бирдан мазам бўлмади. Кўнглим айниди, бошим оғриди. Диплом ёзишга шунча ҳаракат қилдим, бўлмади, ётдим [...]

24.12.1951. Дарсдан сўнг студентлар билан кинога кирдик (“Муҳаббат қўшиғи”). Уйга келдим… Саид Аҳмад акамдан хат, расм олдим. Кечқурун уйга хат ёздим, сўнг иш қилдим.

25.12.1951. Дарс йўқ эди, судга бордим. 1949-50 йилдаги эмас, 1947 йилдаги қарз эканини айтдим. Судья шахсан ўзи бориб текширмоқчи бўлди. Судья мени ҳаммавақт кеч пайтларга чақиради. Билмадим, нима деб ўйлайди экан. Қирғизча қилиб белига тугиб қўйдим: эрим, бўм-бўш уйда ўтирсам ҳам, пок ўтиришимни кутади, виждоним ҳам мендан шуни талаб қилади, икки минг сўм учун виждонимни сотмайман, дедим [...]

27.12.1951. Эрталаб судга бордим, сўнг Союзга бордим. Бухгалтер билан бир оз ғижиллашиб ҳам қолдим. Маъруф Ҳаким кириб қолди, менга салом берган эди, кўзига бир оз қараб турдим-да, юзимни ўгириб олдим. Бухгалтерга мен Саид Аҳмаднинг қачон ва қанча пул олганини билмоқчи, документларини кўрмоқчи эканимни айтдим. У кўрсатмади. Юристсиз иш қилолмас эмиш. Пулни юрист бермаган-ку! Университетга келганимда дарс тугаган, студентлар стипендия кутмоқда эдилар. Кечлаб стипендия олдим, болалар билан вечер қилиш учун эллик сўмни бердим-да, уйга келдим. Бир юз йигирма сўмни Раҳбархондан олган қарзимга, эллик сўмни посилка юборишимда Маузия опадан олган қарзимга, ўн беш сўмни ойимдан олган қарзимга, йигирма беш сўмни радиога тўладим. Ёнимда беш сўм пул қолди. Бу менга бир ойлик трамвай пули бўлиши керак.

28.12.1951. Яна Союзга бордим, яна дарсдан қолдим. Соат иккида партия мажлиси бор эди, етиб келдим. Симкин келмагани учун мажлис тўртинчи январга қолдирилди. Уйга келдим. Энди ишга ўтирган эдим ҳамки, свет ўчиб қолди. Юрагим сиқилиб кетди, ётиб олдим. Кундузи Ойбекни кўрдим. У мендан “Нега ёзмайсиз?” деб сўради. Икки оғиз сўз билан жавоб бердим. Мен Ойбекни жуда-жуда ҳурмат қиламан, у – ўзбек халқининг фахри!

29.12.1951. Судга бордим, одам кўп экан, биринчида келишимни сўради. Студентлар вечер ўтказишга комиссия қилиб сайлабдилар. Бозорга харажат қилишга боришим керак экан. Ҳисоб-китоб, гап-сўзни ёмон кўраман, тоқатим йўқ. Ишларимни баҳона қилдим-да, уйга кетдим. Келинойим келиб кетди, Д. яна бир сасиди, индамадим. Кечқурун ойим билан Фароғатхон опаникига кетдик, чунки Машҳурахон опамнинг эри келган, уларга алоҳида уй йўқ эди.

30.12.1951. Эрталаб уйга келгач, Раҳбархонникига бориб пулини бериб келдим (атлас олгандаги қарзим)… Кечқурун свет ўчиб қолди. Ухлай олмадим. Хаёл ҳар ёққа олиб кетади. Бутун кечаси ухлай олмадим, фақат тонгга яқин кўзим илинибди.

31.12.1951. Эрталаб Кенжаев келди. Бирга бозорга бориб нон олдик. Сўнг Ҳамзаларникига (Саидахоннинг курсдошитаҳр.) кетдик. Вечер ўтказишга жой тайёрладик, мен стол тузадим. Вечер жуда яхши ўтди. Ҳаммаси бўлиб йигирма бештача студент йиғилди. Эрталаб соат саккизда тарқалдик.

01.01.1952. Йилнинг ўтганига хурсандман. Эрталаб ухлаганимча кечқурун уйғондим. Овқатланиб яна ухладим.

02.01.1952. Эрталаб ойим билан судга бордим. Суд менинг уйимни титиш қўлидан келди-ю, Союзнинг архивини титиш қўлидан келмади, дедим. Беш юз эллик икки сўмни тўлайман, кўйлагимни сотдим, дедим [...]

04.01.1952. Эрталаб Союзга бордим. Пулни олмадилар, “Сен тўлама, акт туздириб юборсанглар бўлади бизга”, дедилар. Қайтиб уйга келдим. Справка ёздим. Маузия опа, Юсуфали ака, Одилхўжа ака, Салимхўжа акалар (Саидахоннинг маҳалладошларитаҳр.) қўл қўйди, райсоветга бориб тасдиқлатиб, сўнг судга бордим. Ижрочи яна душанба куни келиб қайта акт тузадиган бўлди. Андижондан Масъуджон (Саидахоннинг қариндоши – таҳр.) келди. Ҳеч пулим йўқ, халталарини қуруқ қайтаргани одам уялади. Борса, опамнинг олдидан келди деб укаларим югуриб чиқишади! Шўрим қурсин. Ойша опа негадир мен билан уришмоқчи эмиш. Ҳаммасини Д. қилади. Шу вақтга қадар бизнинг орамиздан гап ўтган эмас эди. Ойимга қанча ёпишибди. Кечқурун Фароғатхон опа, Ойпошша опа, Муборак хола (Саид Аҳмаднинг қариндошлари – таҳр.) келдилар. Ярим кечагача гап сотдик [...]

06.01.1952. Уйга эрталаб соат ўн бирларда келдим. Ойим йиғлаб ўтирибди. Д. уришибди. Жанжал, бақириқ-чақириқ. Менга ҳам пичинг отилди, индамадим. Ойим Зуҳур аканикига кетиб қолди. Уйда ўзим қолдим. Ювиндим. Шамоллабман, йўтал эдим, баттар бўлдим. Сут олиб ичишга ҳам пулим йўқ. Буни билмаганлар мени пулни босиб ўтирибди, дейдилар. Кечқурун свет ёмон бўлди. Ҳам мазам бўлмади, ухладим.

07.01.1952. Эрталаб уйқудан турсам, ойим бечора яна йиғлаб ўтирибди. Энди Машҳурахон опам хафа қилибди. У ҳам, келининг пулни босиб ўтирибди, дебди. Ойим менга ўзи айтди. Нима қилай, мен ушлаб турган бўлсам, менга фойдаси йўқ, зарари ҳам йўқ. Ҳисобли нарса, тийини билан ҳисоб-китоблашаман, менга кераги йўқ. Ҳар қайсиси ўзига тортишни хоҳлайди. Мастурахон (Машҳурахоннинг қизитаҳр.) больницадан келди. Одилхўжа акага (Саид Аҳмаднинг таниши – таҳр.) суд ижрочиси айтибди, уч юз билан ҳамма иш тўғри бўлар эмиш. Тавба, бирор ерга бориб иш битказиш учун ё бузуқ, ё пулдор бўлиш керак экан. Рози бўлдим. Одилхўжа акага уч юзни чиқариб бердим. Кун бўйи иш қилдим.

08.01.1952. Бугун дарс йўқ. Уйқудан кўзимни очишим билан қичқириқ овозини эшитдим. Д. ойимни уришяпти, ойим эса индамай йиғлаб ўтирибди. Д. мени ва Саид Аҳмадни қарғай бошлади. Ётган ўрнимда мен ҳам худога йиғладим, лекин индамадим.
Кечлаб Машҳурахон опамнинг сотмоқчи бўлган ёғидан бир килосини ўттиз сўмга беришини сўрадим. Ўзи ўттиз беш сўмга сотар эди. Мен Саид Аҳмадга посилка учун сўраган эдим. Машҳурахон опамнинг жаҳли чиқди, бермади. Мен ҳам тавба дедим-да, индамадим. Йўқ, кейин ўзига келди, ақлини йиғди шекилли, берди.
Кечаси Машҳурахон опам билан Пошша опамникига бордик. Мапурахон (Фароғатхоннинг қайнсинглиси таҳр.) менга насиҳат қилди. Ҳеч кимнинг насиҳатига муҳтож эмасман, мен фақат далдага муҳтожман. Менинг тақдиримни биров ўн томонлама ўйласа, мен юз томонлама ўйлайман, чунки бу – менинг тақдирим. Туф, ҳаммасига туф!

09.01.1952. Дарсдан сўнг бюро бўлди. Менинг масалам кўрилди. Мени партиядан ўчирмоқчи бўлдилар, бироқ яна срок билан олиб қолдилар. Мен кандидатликда тўрт йил юрибман. Тўғри, мен аъзоликка ўтишни хоҳлайман. Лекин ким менга рекомендация беради? Ҳамма ўзидан қўрқади. Менинг камчиликларимни қўрқмай гапирадилар, лекин яхши томонларимни гапиргани қўрқадилар. Кечаси хорликларга узоқ йиғлаб, сўнг Саид Аҳмадга хат ёздим [...]

11.01.1952. Эрталаб дарсга бордим. Ёзувчилар билан учрашув ўтказиш учун бино масаласини ҳал қилиш керак эди. Конференция бўлаётган экан, ҳеч кимни топа олмадим. Келаётиб райсоветга кирдим. Бувимга форма №2ни юборишим керак эди. Пулим йўқ, пиёда келдим. Кечқурун иш қилдим [...]

15.01.1952. Сешанба. Дарс йўқ эди. Уйда бўлдим. Дарвозани Д. тепиб синдирган эди, кечаси дарвозасиз ухладик.

16.01.1952. Чоршанба. Дарсга бордим. Трамвайга ҳам пулим йўқ. Студентларга конспект сотган эдим, лекин бирортаси ҳам пул бермади, стипендия олганимизда берамиз, дедилар. Уйга келиб овқатланиб, партия мажлисига кетдим. Кечаси соат ўн яримда қайтдим. Машҳурахон опам кўчадан кутиб олди. Ойим Қози буваникига кетган эди, дарвозани тузатиб кетибди ойим бечора.

17.01.1952. Пайшанба. Дарсдан чиқиб, уйга келдим. Дарс тайёрладим, иш қилдим. Кечқурун радиода концерт бўлди. Тўйиб-тўйиб йиғладим. Машҳурахон опам кириб қолди [...]

19.01.1952. Яна эрталаб уйқумдан уриш-жанжал уйғотди. Д. Машҳурахон опам билан уриш қилди. Овозининг борича бақирди. Қулоғимни кўрпага буркаб олдим. Д. “Сеҳр-жоду сенларнинг тилингни боғлаб қўйган”, дейди. Мен кўчадан пул топиб олганимда ҳам шу ишни қилмасман. Яхши гапнинг ўзи ҳар қанча сеҳр-жодудан кучлироқ бўлади. Сен билан тенг бўламанми, дедим-да, индамадим. Кулдим.
Дарсдан сўнг Фароғатхон опамникига бордим. Ойим ҳам борди. Ойим йиғлади. Фароғатхон опам, “Қандай қиласиз, нима қилса ҳам чидайсиз”, дейди. Тавба, унга “Жим бўл!” дегани қўрқадилар. Кап-катта, невара-чеварали хотинни шунча ҳурматсиз қилса ҳам майли [...] Бошидан шундай ўргатмаса, бундай бўлмас эди, унга қаттиқ гапирмаймиз деб, уни бахтсиз қилиб қўядилар.
Соат бешда келиб зачёт топширдим. Нафиса қайнонасидан шикоят қилиб йиғлади. Эҳ-ҳе, ҳали шошманг. Бу ҳеч нарса эмас. Бориб-бориб бетингиз ҳам қотади, уришасиз ҳам, айтишасиз ҳам, ҳаммаси бўлади. Кошкийди менинг фақат қайнонамгина бўлса. Жуда яхши турар эдим. Эримни неча марта хафа қилган бўлсам, шулар учун қилдим. Санчиб қўядилар-да, кейин бўйинларига олмайдилар, ундай эмас, бундай деган эдим, деб турадилар. Эр-хотин ўртасидаги жанжал ҳам ҳамма ерда шулар учун чиқар экан. Хотин киши эшитган гапи учун аламини эридан олар экан. Ҳамма ерда ҳам шундай экан. Уйга келсам, Машҳурахон опам билан Д. яна қиёмат уриш қилибди. Тентак экан, хулласи. Кечқурун иш қилдим, дарс тайёрладим. Андижондан хат келди. Бувим пул юбораман, кўйлак ол, дебди. Битиришингга борамиз, дебди. Ҳозирдан тайёрланиб юришим керак. Гуруч, ёғ, ун олиб қўйсам, яхши бўларди. Ҳа, трамвайга пулим йўқ, Юнус Ражабийнинг ўғлидан бир сўм пул олиб уйга келдим [...]

24.01.1952. Ойим яна Фароғатхон опамникига кетибди. Университетга бордим. Студентлар билан дарс тайёрладик. Қорнимиз очди. Ҳеч кимда пул йўқ эди, менинг эса фақат ўттиз тийин пулим бор эди. Уйга кетдик…

25.01.1952. Танқид тарихи ва журналистикадан зачёт топширдик. Домла унча қийнамади. Шпаргалкадан бемалол фойдаланилди. Кечқурун ойим келди. Кечаси дарс тайёрладим.

26.01.1952. Шанба. Эрталаб университетга чиқдим. Консультация бўлмади. Стипендия олдик. Студентларга сотган конспектларимнинг пулларини ҳам бердилар. Юз сўмни Саид Аҳмадга юбордим. Бир юз ўттиз сўмни расмга бердим, бир юз эллик сўмни Маузия опага бердим. Посилкага шакар олдим, Саид Аҳмадга дўппи тикиш учун силон, ипак олдим. Ёнимда тўрт сўм пул қолди…

27.01.1952. Дарс тайёрладим. Дўппи тикдим. Кечлаб Зуҳурхон акамникига бориб, ойимни олиб келдим. Зуҳурхон ака соатимизни тузатиб берди. Кечаси яна дарс тайёрладим.
28.01.1952. Консультация соат тўртга қолдирилибди. Соат тўртда партия мажлиси ҳам бор экан. Ўзбек тилидан экзамен иккинчи февралга қолдирилгани учун Ғуломов (тилшунос олим, САГУ домласи Айюб Ғуломовтаҳр.) консультация ўтказмади. Мажлисда бўлдим. Уйга келдим. Д. деразам тагида кир ювиб, ҳаммаёққа мағзава тўкибди. Ҳеч нарсага ачинмайман, фақат Саид Аҳмаднинг ҳавасманд эканини эсимга олиб, унинг меҳнатига ачинаман. Мана бу олма кўчатига у қанча бино қўяр эди, гул кўчатларини эса қаерлардан олиб келган! Энди уларнинг тагига қайноқ сув ва мағзава тўкилади, уларни қуритмоқчи. Нега? Нечун? Билмайман. Майли, эгасига буюрмаган нарсалар қуриб кетсин. Ўзи омон-эсон келса, олма топилар. Лекин ёш кўчатни қуритганнинг ўзи ҳам кўчатдек қурир. Худо ноҳақ ишларга ҳаммавақт бепарво қарамас.
Сулаймонова (адабиётшунос олима Фозила Сулаймонова таҳр.) адвокат олган эмиш. Мен эса шундай қилишни билмаганман. Юрагимга васваса тушди. Бир ҳаракат қилиб кўрсам [...]

30.01.1952. Соат еттида турдим. Сулаймонова билан тўққизда учрашиш керак эди. Сулаймонова бошқа остановкада, мен бошқа остановкада кутибмиз. Учраша олмадик. Портрет битибди. Саид Аҳмад акамни ёшроқ қилиб қўйибди. Соат ўн яримда зачёт бошланди. Топширдим.

31.01.1952. Саид Аҳмадга какао оламан деб уйдан эрта кетдим. Лекин етиб борсам, магазинда йўқ. Тугабди. Кеча эшитган эдим. Соат иккидан консультация бошланди. Келишда магазинларга кирдим, какао топа олмадим. Вермишель олиб қайтдим.
Дераза пардасини янгилай десам, ойна қора ис бўлиб кетибди. Мангалка деразам тагида тутаяпти. Бошқа жойга олсин дедим, олмади. Уриш қилдик. У ҳам гапирди, мен ҳам гапирдим. Машҳурахон опам, “Ҳовлининг ярми меники, уйингизни билинг, ойим сиздан ажраса ўлмас, емасдан едиряпмиз”, дейди. Қизиқ, мен ҳовли талашганим йўқ. Мен тўғри гапни айтдим. Деразам остидан бошқа ер қуриб кетганми?! Мен бекор ўтирганим йўқ, Машҳурахон опамдан кўпроқ пул топаман. Мен ҳам кўчага ташлаётганим йўқ. Эй, мен нима ўйлайман-у, булар нима ўйлайдилар. Кечагина Д. Машҳурахон опани қип-қизил ўғри қилди, ўғри деб очиқдан-очиқ айтди. Ана, у бузяпти, мен эса яхши турсин деяпман. Шунинг учун мен айбдорман [...]

03.02.1952. Дам олиш куни. Ўзбек тилидан экзамен топширдик. Мен, Лазиз, Ҳамза, Шомақсудов, Восиқ ўтдик. Қолганларнинг ҳаммаси йиқилди…

04.02.1952. Эрталаб партбилетга взнос тўлагани университетга бордим. Парткомни топа олмадим. Қайтишда Меҳрихонникига кирдим. Уйга келсам, Фароғатхон опа ўтирибди. Кечқурун ойимни олиб кетди. Кечаси дарс тайёрладим. Юрагим жуда ғаш. Яшашнинг ҳеч қизиғи йўқ. Саид Аҳмаднинг ёзган хатларини олиб, ҳаммасини ўқидим. Уни аристон қилиб олдиларига солиб олиб кетаётганлари кўзларимга кўринди, узоқ йиғладим.

05.02.1952. Эрталаб уйғонганимда бутун баданим оғрир эди. Тобим бўлмади, дарс тайёрлай олмадим, ҳеч қаерга бормадим ҳам, ётдим. Кечаси бир оз фалсафани тайёрладим.

06.02.1952. Мазам бўлмагани учун дарс тайёрлай олмадим. Зора ёзилсам деган умид билан ва партбилетга взнос тўлаш ниятида университетга чиқдим. Парткомни топа олмадим. Ўзбек тилидан йиқилганлар экзамен топшираётган эканлар. Қайтдим [...]

11.02.1952. Саид Аҳмадга хат юбордим. Консультацияга бордим. Уйга келгач, дарс тайёрладим.

12.02.1952. Саид Аҳмаддан хат келди. Ариза ёзган эмиш. Худойим, оқ йўл бергин!..

13.02.1952. Соғлиғимнинг мазаси йўқ. Бутун баданим зирқираб оғрийди. Эркалигимни кўтаргудек киши бўлса, касал бўлиб ётгудекман.

14.02.1952. Фалсафа тарихидан экзамен топширгани бордим. Студентлар киргани қўрқадилар. Учинчи бўлиб мен кирдим. Саволларга жавоб бердим, лекин қўшимча саволлардан баъзиларига жавоб беролмадим. Домла “уч” қўйди. Бу – менинг бутун ҳаётимда биринчи марта “уч” баҳо олишим. Қайта топшириш малол келди. Уч минг йиллик фалсафа тарихини аъло биламан дейиш жуда қийин, лекин группамиздаги баъзи студентларга нисбатан домла фарқламади. Икки группа бўйича фақат Лазиз “беш”олди. Кўплари йиқилди. Майли, яна қайтиб яшаш насиб бўлса эди, ўнинчи синфдан кейин ўқимас эдим. Ўқишда одам ютар ҳам экан, ютқизар ҳам экан. Ютгани шуки, молдек бўлиб қолмас экан, бироқ умрининг кўпини йўқотар экан. Ўқимаган бўлганимда эди, ҳозирги аҳволимнинг саводсиз одамнинг кўзи етмаган томонларини кўролмаган бўлур эдим, бу анча енгил бўлармиди экан.

15.02.1952. Уйда бўлдим… Уйларни йиғиштирдим. Кечқурун ётгач, уйқум келмади, узоқ йиғладим. Ҳа, бугун туғилган куним экан.

16.02.1952. Университетга чиқдим. Дарс йўқ экан. Сулаймоновани кўрдим, эрининг суди кетяпти экан. Уйга келгач, бир оз конспект кўчирдим. Экзамен бошлангандан бери иш қилолмадим. Мана, трамвайга ҳам пулим йўқ, баъзан пиёда бориб қайтишга тўғри келяпти. Пиёда бордимми, пиёда келдимми, уйимдагиларга айтмайман. Нима керагию нима фойдаси бор, дейман. Бугун ҳам пиёда келдим. Лой, маҳсим лойга бутунлай беланибди. Чарчадим, кечқурун яна баданим, суякларим зирқираб оғриди, ётдим [...]

19.02.1952. Анчадан бери соғлиғим йўқ, лекин ташвишлар ичида касалим эсимдан чиқади. Кечаси ўринга киргандагина жуда ёмон аҳволдалигимни сезаман. Агар ётиб олсам, ҳеч кимга хуш келмайди, мусофирчилигим баттар билинади, шунинг учун енгмоқчиман. Бироқ касал мени енгди: ётиб қолдим.

20.02.1952. Эрталаб ун олиш учун очередга чиқдик. Тўрт пакет ун олдим. Бувимларнинг келишига ҳозирданоқ тайёрланмасам бўлмайди. Дарсга бордим, лекин бир соатдан ортиқ ўтиролмадим, мазам бўлмади, қайтдим. Кечқурун биров иш олиб келиб берди. Қарзларим бор, ишлашга мажбурман.

21.02.1952. Иш қилдим. Дарсга борсам, диплом темамни ўзгартирибдилар. Каримовни (адабиётшунос олим, САГУ домласи Ғулом Каримовтаҳр.) топдим, яна ўша тема қоладиган бўлди. Дарсдан келиб, кечаси жуда узоқ вақт иш қилдим.

22.02.1952. Кундузи иш қиламан деб дарсга боролмадим. Иш берган бола келиб эллик сўм ташлаб ишини олиб кетди. Ун учун йигирма беш сўм бердим, йигирма беш сўм радиога тўладим [...]

25.02.1952. Қуёш тутилди. Университетга бориб тўлдириш учун личный листок олдим. Фароғатхон опамникига бордим. Саид Аҳмаддан хат келди.

26.02.1952. Эрталаб личный листокни топширгани университетга бордим. Стипендия бўлади деб эшитиб, студентлар билан соат тўртгача кутдик. Лекин бўлмади. Қорнимиз оч, ҳеч кимда пул йўқ. Меҳрихоннинг йиртиқ йигирма беш сўми бор экан, бир бало қилиб ўтказдик. Перашки олиб едик, кинога (“Тарзан” фильми) кирдик. Уйга кеч келдим. Кечаси Саид Аҳмадга хат ёздим.

27.02.1952. Эрталаб бориб стипендияни олдим. Саид Аҳмадга посилка учун майда-чуйда олиб келдим. Бир оз иш қилдим. Кечаси диплом ёздим.

28.02.1952. Дарсга бордим. Келиб посилкани жўнатдим. Кечаси иш қилмадим [...]

03.03.1952. Эрталаб университетга чиқдим. Союзга бордим, студентлар билан ёзувчиларнинг учрашувини ўтказиш масаласида. Келиб иш қилдим.

04.03.1952. Эрталаб Муҳаррам опаникига бориб келдим. Иш қилдим. Саид Аҳмадга хат ёзмоқчи бўлдим, ёздим ҳам, лекин йиртиб ташладим. Ким яхшилигимни билиб эдики, у билса! Қандай тоза, соф автобиографиям бор эди. Нима қилиб қўйдим уни. Агар мени алдамаётган бўлса, яхши-я, лекин… буни ўйлашга ҳам қўрқаман. Ҳамманинг ғазаби ҳам бир, меники ҳам. Лекин унинг шунчалик ёмон одам бўлишига кўнглим сира ишонмайди. Кўп хат ёздим, унга далда бериш, овутиш учун. У буни тўғри тушунар, ахир! Борди-ю, баъзи бир уруғларидек “мазаси қолган” деса, о, унда менинг ундан шу қадар осон юз ўгиришимга ўзи ҳайрон қолади. Билмайман, эртага нима кутади. Ҳеч нарса билмайман.

05.03.1952. Дарсга бордим. Қора қоғозим йўқ эди ишлашга. Ҳеч қаердан тополмадим. Кечқурун диплом ёздим.

06.03.1952. Дарсдан нари Муҳаррам опаникига бордим. Меҳмон бор экан. Қўймадилар, мен ҳам ўтириб қолдим… Синтаксисни кўчираётган эдим. Уч нусхасини Муҳаррам опа олди. Қайтаётиб ойимларнинг келишига деб йўлдан икки кило конфет олақолдим. Кечаси билан диплом ёздим. Ойим Зуҳурхон акамникига кетган экан.

07.03.1952. Эрталаб дарсга бордим. Ғулом Каримов билан учрашдим. Дипломни бўлимларга бўлиб ишлашни маслаҳат берди, бу менга қийинроқ кўринди. Яна ўз билганимча ишлай бошладим…

08.03.1952. Саид Аҳмадга хат юбордим. Почтадан нари Раҳбархонникига бордим. Уларникидан кечқурун келдим [...]

10.03.1952. Университетга Каримовга (раҳбарим) учрашгани бордим. Диплом ишимнинг 1-бобини ёзиб олиб борган эдим, яхши, деди. Уйга келгач, бозорга бориб фанер олиб келдим, уйнинг чакка ўтган ерини тузатиш керак эди. Кечқурун Маузия опа билан САГУ драмтўгараги иштирокида “Калиновая роща” пьесасини кўрдик. Мен пригласительный олиб келган эдим.

11.03.1952. Уста фанерни етмайди деди, пул қарз олиб, яна бозорга бордим. Фанерни кўтариш қийин бўлар экан, бошимда олиб келдим. Учраган баъзи бир танишлардан хижолат бўлдим ҳам, бўлмадим ҳам. Уйнинг тепаси бутун бўлди, озроқ қарз бўлиб қолдим. Узилиб кетарман.

12.03.1952. Дарсга бордим. Кафедрада дипломантларнинг йиғилиши бўлди. Қор ёғди. Кечаси иш қилдим. Д. менинг уй тузатганимни кўриб, кетмаслигимга ишонди шекилли, ёзда ўзлари кўчиб кетар эмишлар. Тавба, бунча бағриқоралик-а!
Ҳа, Тошхўжаевадан пул сўрасам, ўн бешинчидан кейин, деди. Конспект ёзиб берган эдим.

13.03.1952. Кун бўйи иш қилдим. Партия мажлисига бордим. Соат бешда бошланиб, ўндан ўн минут ўтганда тугади. Узатиб қўймоқчи эдилар, унамадим. Маҳалла-кўй кўрса, қуруқ маломатга қолиб кетаман. Кечаси бошим қаттиқ оғриди, иш қилмадим, ётдим.

19.03.1952. Ўтган кунлар ичида вақтим бўлса ҳам ёзишга ҳафсала қилмадим. Дунёдан жуда бездим, жуда ҳам. Атрофдаги нарсаларнинг ҳаммаси менга бемаъни бўлиб кўринди. Неча ерга иш сўраб бордим. Ҳар хил баҳона кўрсатадилар ва қўшиб қўядилар: “Сиз бизга жуда кераксиз-ку, лекин…”, у ёғини айтолмайдилар. У ёғи шуки, ўз тақдирларидан, бир-бирларидан қўрқадилар. Давлат нашриётига уч марта бордим. Ҳатто технический иш бўлса ҳам беринглар, деб сўрадим. Корректорлик ваъда қилдилар, кейин айнидилар. Мана, ҳаёт! Иш сўраб бориш менга марҳамат сўраб бориш билан тенг бўлиб қолди. Шундай бўлмаганида эди, аллақачон иш берган бўлар эдилар.
Жуда-жуда афсусланаман. Майли, талантимнинг, ёшлигимнинг ҳурмати бўлмасин, лекин ёнимдаги партбилетимнинг ҳурмати йўқмикан? Битта кишининг ҳам эсига келмадим, ҳеч ким менинг тақдирим билан қизиқмади. О, халқини, ватанини менчалик севса-ю, менчалик туҳматга қолса киши (қалби ҳам меникидек бўлса), ўшандагина менинг азобимни ҳис қилиши мумкин.Саида Зуннунова
Жасоратли эдим, қўрқоқ қилиб қўйдилар, тўғри эдим, қора қилиб кўрсатдилар, соф эдим, гуноҳкор деб эълон қилдилар. Билмадим, қачон юзим ёруғ бўлади. Эрим, гуноҳим йўқ, деб ёзади. Олдин ишонмасам ҳам энди ишонаман. Ахир, мана мен нима бўлдим, у ҳам балки менга ўхшагандир. Ахир, у гуноҳига иқрор бўлса эди, мен ундан албатта юз ўгирар эдим.
Баъзида хаёлимда Москвага бораман, бутун ҳол-аҳволимни энг улуғ одамга сўзлаб бераман. У менинг қалбимни кўзларимдан уқиб олади, қўшиқ айт, кўпроқ ёз, дейди. Менинг қўшиқларим энди аввалгидан ҳам ҳароратлироқ руҳ билан тарқалади. Йўқ, бу – хаёл эмас, бу – ҳақиқат, ҳа, бу – яқин келажак! Ахир, шу келажак мени яшашга мажбур қиляпти-ку! Софлигимга қанча ишонсам, порлоқ келажакка ҳам шунча ишонаман!
Майли, тўғриликнинг азоби ҳам ўзи бир гашт бўлади. Буни билмаган кишилар жуда бахтсиз одамлардир. Абдулла Қаҳҳорнинг лауреат бўлганидан беҳад севиндим. Уйғун билан Сафаров ҳар йили умид қиладилар, ўзларини тўсиб қолаётган одамларни жуда усталик билан четга сурадилар. Ойбекдан қутулолмаётган эдилар, мана энди Қаҳҳор уларни тўсди.
Яшасин! Москва ҳақиқат қилади!
Келгуси йил Асқад Мухтор олар балки, лекин Уйғун билан Сафаров ололмайди. Сафаров бировнинг (Иоффе) меҳнати билан кеккайяпти. Уйғун эса билгани учун поэзиядан драмага эмас, эплаёлмаганидан (тўғрироғи, эплаёлмай қолганидан) ўтди. Ҳа, ҳаёт ўз йўли билан боради.

31.03.1952. Кейинги пайтларда бу дафтарга ёзишга ҳам ҳафсалам қолмади. Агар тўғри бўлиш шунчалик азоб бўлса, лаънатлар бўлсин тўғриликка!
Арз қилишдан ҳам зерикдим. Эшитадилар-у, яна қайтиб ҳеч нарса демайдилар. Гўё мен, эрим – гуноҳсиз, деб айтиб юрган эмишман. Йўқ, мен бундай демадим, ҳозирча дея олмайман ҳам. Мен, Саид Аҳмадга қўшимча “гуноҳ”ларни менинг номимдан юкламоқчи бўлганларга йўл бермадим. Саид Аҳмаднинг кимлиги менга номаълум, лекин у мени турмушда орқага силтаган эмас, партия мажлисига боролмаслигимга Саид Аҳмад эмас, касаллигим сабаб эди. Ана шундай деб айтдим ва айтаман. Мени давлат пул сарф қилиб ўқитди, тарбиялади. Энди мен ишлашим керак. Мен ҳеч қайси “каттакон” олдига садақа сўраб борганим йўқ, иш сўраб бордим. Агар ўқишни тугатиб, ишламай уйда қолиб кетсам, бу – виждонсизлик, нонкўрлик бўлади. Шунинг учун ҳам мен улар олдидан бир неча марта ўтдим, ЦКга – Раҳмоновга бордим. Уч кундан кейин келинг, деди. Айтган вақтига борсам, бир ярим ойга командировкага кетибди. Бўлди, энди мен ҳеч кимга арз қилмайман. Дадам раҳматли ҳаммавақт менга, “Сизларни менга Сталин берган”, деб айтар эди. Ана шу Сталин берган одамда қандай гуноҳ бўлиши мумкин?! Ё Раббий, мен ҳеч кимни алдамадим, алдамайман ҳам. Агар мен уста, иккиюзламачи, айёр бўлганимда, баъзи бир эркакларга нисбатан бошқачароқ муносабатда бўлганимда эди, мени шу даражага солиб қўймас эдилар. Бу сўзларим учун мени айблаганлар, ҳаётни ўргансинлар, одамларни ўргансинлар-да, сўнг менинг сўзларимни ўқисинлар. Кўп вақт ўзимни ўлдиришни ўйлайман. Лекин одамларда ўзим ҳақимда туманли фикр қолдиргим келмайди. Яна сабр қилишга мажбур бўламан.
Бугун Фароғат опа келди, Д. билан қиёмат уриш бўлди. Кеча ҳам шу аҳвол эди, мен қочиб чиқиб кетган эдим. Саид Аҳмаддан хат узоққанини таъна қилибди аҳмоқ.
Бугун Саид Аҳмад тушимга кирибди. У менга бир нима айтмоқчи эди, лекин бизни айириб юбордилар. Кун бўйи унинг тушимдаги ранг-рўйи кўзимдан кетмади.

04.04.1952. Жума. Шу кунларда қилаётган асосий ишим диплом ёзиш бўлди. Ёзганимча Ғулом Каримовга олиб бориб топширдим. Ўшандан нари Муҳаррам опаникига ўтдим. Унинг дипломини бошлаб бердим. Ёзиб берган конспектимга эллик сўм олдим. Универмагга бордик, унга кофта олдик. Қайтишда Холидани (журналист ва таржимон Холида Аҳророватаҳр.) кўрдим, бирга қайтдик. Қўймай уйга олиб келдим. Бир оз ўтирдик, сўнг узатиб қўйдим.

05.04.1952. Ҳеч иш қилгим келмади. Байрам келмоқда. Саид Аҳмадга посилка қилиш керак. Лекин ҳозир қўлимда иш ҳам, пул ҳам йўқ. Бахтимга бирор иш келиб қолса зора. Хат келмаётир. Шу кунларда ҳар куни тушимга киради. Ишқилиб тинч бўлсин! Раҳбархонникига бордим. Келиб китоб ўқидим [...]

07.04.1952. Ҳеч қаерга бормадим. Ҳеч қайсиcида пул йўқ. Уйда нон ҳам йўқ. Бутун маҳалладан уч сўм пул топилмади. Уйимизда ётган қаттиқ-қуруқ нонларни едик. Кечроқ ўн сўм топдим ва бир гўшт консерваси олдим. Машҳурахон опам Маядан ёғ олиб чиқди. Кечқурун суюқ ош қилдик. Кинога бордим Маузия опа билан.

08.04.1952. Уйда бўлдим. Неча кундан бери ҳаво очилмайди. Одамнинг юрагини баттар сиқади. Бир оз диплом ёздим. Кейин Кербобоевнинг “Решающий шаг” романини ўқидим. Номини нотўғри таржима қилибдилар. “Ҳал қилувчи қадам” бўлиши керак эди, “Дадил қадам” деб олибдилар… Хат келмаётир.

14.04.1952. Суддан яна одам келибди. Саид Аҳмаднинг қарзи масаласида. Шунинг учун уйни қулфлаб, бирор ерга бориб иш қилишимга тўғри келди. Бир кун Раҳбархонникига бордим. Яна бир кун қўни-қўшниларникида юрдим. Лекин ҳалигача келадиган комиссиялар йўқ.
Шу кунларда Д. больницада бўлгани учун ҳовлимиз жуда тинч. Ойим бўлса, юрагим анча ўрнига тушди, дейди. Тақсимотни кутиб турибмиз. Йигирманчиларга бўлиб қолар, деди декан. Ўн иккинчи куни касал бўлиб қолдим. Кечаси билан ухлаёлмадим. Ўн учинчи куни ҳам шундай бўлди. Бугун эса эрталаб ўзимни яхши сезганим учун ювиндим, бош ювдим. Университетга комсомоллар мажлисига бордим. Қайтишда “Тарзан” фильмининг учинчи сериясини кўрдим. Қандай олийжаноб одам! Чунки у ўша ифлос муҳитдан ташқарида ўсган-да. Жек қанча яхши бўлмасин, барибир, ўша муҳит одами эканига борди. Э, бу гаплар нега керак? Бошқа ҳеч иш қилмадим шекилли. Ҳа, хат йўқ. Қандай ташвишга қолдим-а?

25.04.1952. Орқада қолиб кетдим. Бунга ўзим иқрорман. На китоб ўқигим келади, на газета. Иложи бўлса кўчага ҳам чиқмасам. Мен бундай эмас эдим. Одамларнинг ўзлари мени шундай қилиб қўйдилар. Қанчадан бери ҳеч нарса ўқимайман ва ҳеч иш қилмайман. Жимжит яшагим келади. Ҳеч нарса, ҳеч ким мени овута олмайди, овутишга ҳаракат қилувчининг ўзи йўқ.
Эй табиб, айланма, дардим бедаволардан бири,
Ранги зардим кўру кўрма, каҳраболардан бири,
Рўзғорим – тийра, мен – бахти қаролардан бири,
Оҳким, ҳолимни сўрмас ошнолардан бири,
Ошнолар, балки хешу ақраболардан бири, –
деган мен бўлдим.
Кеча партия мажлисига бордим. Бугун эса ҳеч нарса қилганим йўқ, ўтирибман, холос. Икки жаҳон оворасиман. Ишга қабул қилмаяптилар. Ўқиганимга ҳам пушаймон ейман баъзида.
Саид Аҳмаддан анчадан буён хат йўқ. У ҳам мени қон қилади. Баъзан оч-наҳор қоламан, баъзан САГУга пиёда бориб келаман. Билармикан? Мен унинг учун умримни тугатаётганимни билармикан? Қайдам, худо билади.
Кеча Фароғатхон опамникига кирган эдим. Уйғуннинг тоби йўқ экан. Чеҳраси очиқ эмас. Балки рўзғорчиликда бирор гап ўтгандир. Лекин менинг ўтиргим келмади, тезда кетдим. Партия мажлисига бордим. Кеч келдим. Уйда овқат қилмаган эканлар. Қорним оч ухладим. Баъзан алам қилади. Лекин шунга чидамасам, иккинчи кишига эрга тегишим керак бўлиб қолар. Худо сақласин. Яхшиси, қийналсам ҳам пок яшай.

26.04.1952. Стипендия олдим. Бозорга бориб краска, алиф ёғи олиб келдим. Ойим­арнинг келишига ун, гуруч олдим.

27.04.1952. Айвонни ремонт қилдим. Шу қадар чарчадимки, айниқса, ўнг қўлимни сира кўтаролмай қолибман. Кеч ухладим [...]

30.04.1952. Ҳамма ерда байрам тараддуди. Жуда кўнглим бузилди. Йиғладим. Бу байрам посилка ҳам қилолмадим. Диплом ёза бошлаганимдан бери иш қилишга улгурмай қолдим. Бошқа ҳеч кимнинг эсига келмайди. О, ҳаёт! Турган-битгани уқубат, қадрсиз нарсадан бошқа ҳеч нима эмас экан!

01.05.1952. Май паради тинчлик учун кураш байроғи остида ўтадигани учун боришга мажбур бўлдим [...]

01.07.1952. Бугун – биринчи июль экан. Кунлар, умр қандай тез ўтади. Шу ўтган кунлар ичида диплом ёқладим. Раҳбарим қийин деган темани олганим учун, ўз айтганимни қилдим. Ишлаб тамом қилганимда бекорга чиқарди. Кафедра мажлисида раҳбарим Каримов билан айтишиб қолдим. Мени кузга қолдиришни ўйлаб ҳам қўйдилар. Лекин мен икки кунда улар айтганча қилиб дипломни ёзиб бердим. Бироқ кейинги ёзганим ўзимга мутлақо ёқмади. Биринчисига кўп меҳнат қилган эдим. “Яхши” баҳо қўйдилар. Бу – тўғри. Бироқ ўзлари жумла тузишни ҳам билмайдиган студентларимиз бор. Ана ўшалар “беш” олдилар. Студентларнинг ҳаммаси биладики, бу – уларнинг ўз меҳнати эмас, ёздирганлар, кўчирганлар, домлалардан баъзиларини меҳмон ҳам қилганлар. Тўғрисини айтиб бўладими, дейсиз! Тўғрисини айтиб, бошимга не кунлар тушмади.
Охундий (ёзувчи Насрулло Охундийтаҳр.) чақирган эди. Бордим. Ишга оламиз, лекин уйингиздан кетинг, дейди. Ҳатто, куёв ҳам топилиб қолар, дейди. Сесканиб кетдим. Мен ишлайман, ишдан қочмайман ҳам. Лекин турмушга чиқиш-чиқмаслик, бу – менинг ишим. Бир марта маслаҳат бердилар. Энди ўзимга қўйиб беринглар, дедим. Охундий “Шундай ёш кишининг бу қарорига мен ҳайронман, шундай ўтишингизни тасаввур қилолмайман”, дейди. Тасаввур қилолмасангиз, кўрасиз, дедим. Муҳамедов (ёзувчи Мумтоз Муҳамедовтаҳр.) билан гапиришмоқчи эдим. Лекин вақтим бўлмади, боролмадим.
Кеча Саид Аҳмадга посилка юбордим. Акамга (Саидахоннинг ўгай отаси Умаржон Қамбаровтаҳр.) кўйлак оладиган пулни унга ишлатиб қўйдим. Нима қилай, ҳеч кимнинг эсига бирор марта келмаса. Ҳеч кими йўқ одамдек юрмасин дейман.
Шу кунларда давлат имтиҳонига тайёрланиб ётибман[...]

21.08.1952. Зуҳурхон акам билан иш тўғрисида ОблОНОга бордим. ОблОНОдаги киши танишдек кўринди. Яхши муомала қилди. Лекин яқин мактабларда бўш ўрин йўқ экан. Ихтиёрни ўзимизга қўйди. Ўзимиз суриштирмоқчи бўлдик. Ойим келиб, эртага Мафратхон билан хайрлашгани боринг деб, айтиб кетди. Агар Саид Аҳмад бўлганда эди, кечаги кунда мен ортиқлик қилмаган бўлар эдим. Ҳеч бўлмаса, кириб сўрашиб кетмапти. Энди мен борар эмишман! Менинг камтарлигимни булар хўрликка айлантирмоқдалар. Такаббур бўлиш керак экан. Бувим икки йилда бир келган эди. Саид Аҳмаднинг йўқлиги шу қадар ўтдики, хулласи, ўзим чақирдим, ўзим узатдим. Кечқурун бир ўзим эдим. Инобатхон (Саидахоннинг дугонаситаҳр.) келди. Олиб қолдим. Унинг ҳам ҳасрати кўп…

(Кундалик шу ерда тугайди.)

“ИШҚДА ВАФО КЕРАК, ҲАЁТДА – МАРДЛИК!”

Муҳташам “Бобурнома”да (XVI аср) мемуар адабиётнинг таржимаи ҳол, эсдалик каби жанрлари қатори кундаликлар учун ҳам етарли тамал қўйилган эса-да, нега у миллий заминимизда унчалик ривож топмади? Нега мазкур жанр дунёда ўз ҳадди аълосига кўтарилган XIX-XX асрларда ҳам бизда, майли, заиф бўлсин бирор жонланиш юз бермади? Шу асрларда, дейлик, Ғарбда яратилган Қиролича Виктория ва Николай Иккинчи, Рихард Вагнер ва Лев Толстой, Франц Кафка ва Салвадор Дали, Тереза Она ва Эрнесто Че Гевара кундаликлари билан ёнма-ён қўйгулик нелар бор асли бисотимизда?
Шундай аламли ўйлар таъсирида камина бир гал устоз адабиётшунос Умарали Норматовни “Домла, аввалги асрларни-ку қўятурайлик, бадиий насримиз жанр жиҳатидан беҳад бойиган йигирманчи юз йилликда ҳам нега кундаликлар биз учун ўгай бўлиб қолаверди?” дея саволга тутган, у киши бунинг сабабини сиёсий-ижтимоий омиллар билан боғлаб, “Давлат оммавий қатағон машинасини бетўхтов ишлатган, жамият эса бир-бировдан ҳадиксирашдек дардга чалинган бир замонда ўй-туйғуларини кундаликка рўй-рост тўкиб солган одам ўзига ўзи гўр қазиган бўлмасмиди?!” дея жавоб қилган эди куйиниб. Домла, шубҳасиз, ҳақ, аммо миллий заминимизда кундалик жанри ривож топмаганига бошқа сабаблар ҳам борлиги аниқ. Чунончи, маданий-руҳий омиллар роли сиёсий-ижтимоий омилларникидан кам бўлмаган, дея тахмин қиламан ўзимча. Начора, яна умидга суянамиз: вақт-соати етиб ушбу мавзу ҳам атрофлича тадқиқ этилар, оғриқли саволларга-да жавоб топилар…
Шу нуқтаи назардан, бугун муштарийлар ҳукмига ҳавола этилаётган Саида Зуннунова кундаликлари мутлақо ноёб ҳодиса – уни теп-текис дашт ўртасида ногоҳ қад ростлаган тоққа қиёслаш мумкин. Янги ўзбек адабиёти кечмишида ягона дейиш мумкин бўлган айни кундалик қандай дунёга келди ўзи? 1950 йил 10 май куни олти ойлик ёш куёв-келин бўлмиш қўш ижодкор – Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова ҳаёти бирдан остин-устун бўлиб кетади: куёв “халқ душмани” деган айб билан қамоққа олиб кетилади, келин эса қўли кишанланган эри ортидан дарвозага чиққан кўйи карахт қолаверади…
Маҳбуснинг ҳаёти қандай кечиши ҳаммага аён. Саид Аҳмад “тройка” ҳукми билан 10 йилга кесилиб, этап қилинган Қозоғистон даштларидаги Жезқозғон мис кони нақ борса – келмаснинг ўзи эди: аксар маҳбуслар мис гардидан ўпка
силига чалинар ва тез ўтмай ўлиб кетарди. “Мис самоварни кўрганмисиз? Зангдан кўкариб кетади, – дея ўша жаҳаннамни эсга олади Саид Аҳмад 90-йиллардаги бир суҳбатида. – Кон атрофи ҳам баҳорда кўм-кўк бўлади. Бу – кўкат эмас, занглаган тупроқ…” Қарғиш теккан шу ердан тирик қайтиш бир мўъжиза эди.
Хўш, маҳбуснинг рафиқаси ҳаёти-чи? Афсуски, у маҳбусникидан-да оғирроқ бўлди. Бир томондан, Ёзувчилар уюшмасидагилар Саид Аҳмаддан воз кеч, бунга кўнмасанг, аъзолик билетини топшир, деб дағдаға қилса, бошқа томондан, эримга адолат қилинг, деб ўтиниб борган баъзи идоралардаги нопок амалдорлар кўҳлик келинчакка кўз олайтирмоқчи бўлади. Яна бир томондан, САГУ дипломини эндигина қўлига олган ёш мутахассис иш сўраб борган жойларидан “халқ душмани”нинг хотини бўлгани сабаб нуқул рад жавобини олса, бошқа томондан, келин бўлиб тушган хонадонидаги айримлар уни сепсизликда айблаб, беомон пичингларга нишон қилади…
Бахтимга етдим деганда бахтсизликка йўлиққан ёш Саида икки йўлдан бирини танламоғи лозим эди. Биринчиси – Саид Аҳмаддан воз кечиб, мустабид тузумга итоат этиш ва жамиятда мавқеини сақлаб қолиш; иккинчиси – эрига содиқ қолиб, мустабид тузумга итоатсизлик этиш ва жамиятда “яккамохов”га айланиш. Саида Зуннунова ўзи бир шеърида ўктамлик билан ёзгани – “Ишқда вафо керак, ҳаётда – мардлик!” деган умр шиорига содиқ қолди.
Бугун қўлимизда турган бу кундалик эрига ва ўзига ноҳақ жабру жафолар етказган ёвуз замонага қарши бир ўзбек аёлининг рад этиб бўлмас далилий ҳужжати ва мангу янграб туражак оташин айблови ўлароқ ана шундай вазиятда қоғозга тушган.
Саид Аҳмад ҳибсга олинганда Саидахон энди йигирма тўртга қадам қўйган эди. Шу ғўргина ёшида мустабид тузуму муте жамиятга қарши туриш унинг учун сира осон бўлмаган, албатта. Кундаликларни мутолаа қилар экансиз, изтиробу иккиланишлар ёш келинчакни гирдобдек беомон чирпирак қилиб домига тортмоқчи бўлганини ҳис этасиз. “Заррача айбим йўқ”, дея кетма-кет мактублар йўллаётган Саид Аҳмад ҳақида “Мени алдамаётган бўлса яхши-я, лекин… буни ўйлашга ҳам қўрқаман” деган аччиқ гумонларга боради у баъзи чоқлар (1952 йил 4 март қайдлари). Тирикчилик азобларидан тўйган, адолат излаб ҳориган, эларо туҳматларга қолганда эса, “Кошки эди у менга уйланмаган бўлса”, дея афсус-надоматга ҳам ботади бир дам у (1951 йил 11 сентябрь қайдлари). “Дунёдан жуда бездим, жуда ҳам. Ҳаммаси менга бемаъни бўлиб кўринади…” деган тушкун кайфият эса (1952 йил 19 март қайдлари) тобора чуқурлашиб, “Кўп вақт ўзимни ўлдиришни ўйлайман”, деган даҳшатли қарорга уланиб кетади гоҳо (1952 йил 31 март қайдлари). Зада юрак ҳатто Оллоҳга туғён қилишгача боради: “Агар сен… одамларни мендек бахтсиз яратадиган бўлсанг, яратмай қўяқол!.. Мана, энг мўмин бандаларингдан бири сенга исён қиляпти. Модомики, менинг тақдирим сенинг буйруғинг билан экан, бу исёним ҳам сенинг буйруғингдандир!” деб ёзади у 1951 йил 27 сентябрь куни. Боёқиш, Яратганга шундай аччиқ таъналар қилади-ю, энди куфрга тояй деганда бирдан ҳушёр тортиб, истиғфор келтиради: “Тавба қилдим… Ҳақ бўлсанг, ҳақиқатни тезроқ юзага чиқар, юзимни ёруғ қил!”.
Сувга чўкаётган одам хасга ёпишади дейдилар – Саидахон бот-бот Москвага бориб, Сталинга учрашишдек хомхаёлга ҳам берилади: “Яшасин! Москва ҳақиқат қилади!” деб ҳайқиради у дафъатан руҳланиб 1952 йил 19 март қайдларида. Ваҳоланки, унинг бошига ёғилган бутун кулфат шу Москва, шу Сталин “марҳамати”дан эмасмиди?!
Саидахон 15 ёшга тўлганида дадаси совға қилган тилла соатини пуллаб, “Ундервуд” деган эски ёзув машинкасини сотиб олади-да, тунни тонгга улаб бировларнинг қўлёзмаларини кўчиради – шу тариқа ўзи ва қайнонасининг қора қозонини қайнатади. Айни чоқда, адолат сўраб идорама-идора кезишдан ҳам толмайди. Ғаламис кимсаларнинг бўҳтонларига эса покиза кўнглини қалқон қилади.
Инсоф юзасидан айтмоқ жоиз, Саидахонга ҳамдарду хайрихоҳ бўлган кишилар ҳам кам эмас эди, албатта. “Бир томонига ип боғланган кўзойнагини тақиб, Ҳувайдо ғазалларини шикаста овоз билан майин” ўқийдиган дилдош қайнонаси Зулфияхон ая, ҳали келинчаклик давридаёқ “халқ душмани”нинг хотини деган иснодга қолган мусофир тўнғичига Андижондан тежаб-тежаб пул жўнатиб турган дардкаш онаси Сабохон ая… Яна, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳалол Ойбегу Қаҳҳорлар…
Ниҳоят, 1955 йил аввалида Саид Аҳмад оқланиб, қадрдон уйига – онаси ва ёри бағрига қайтади. Бу – Сталиннинг қатлиомлар замони поёнига етиб, Хрушчёвнинг “илиқлик даври” бошланган кезлар эди. Саида Зуннунова кундаликлари ана шу беш йиллик ҳижрон ва изтиробнинг бир йили баёнини ўз ичига олади. Битиклар 1951 йил 9 сентябрь санаси билан бошланиб, 1952 йил 21 август қайдлари билан тугайди. Кундаликлар қандай сабабга кўра ёзила бошлагани бизга аён: адабиётшунос олим, САГУ домласи Абдураҳмон Саъдийнинг “Қаламга олинган нарса йўқолмайди!” деган биргина далдаси боис! Аммо қандай сабабга кўра тўхтаб қолгани ноаён: кундалигини шундай дафтар тутиш нега хаёлига аввалроқ келмаганидан ўз-ўзини койиш-ла бошлаган муаллиф орадан бир йил ўтгач қўққис ёзишни бас қилгани ажабланарли, албатта. Таассуфки, бу саволнинг жавоби Саида Зуннунова билан бирга кетди.S.Ahmad va S.Zunnunova haykali
Ҳайрон қоларли яна бир ҳолат: нега кундаликлар орадан ярим аср, ҳатто ундан-да кўпроқ вақт ўтиб эълон қилинаётир? Нега Саида опа ҳали ўзи тириклик чоқларида ёхуд Саид Аҳмад ака рафиқаси вафотидан сўнг бу кундаликларни чоп эттирмади экан?.. Келинг, бу саволни ҳам бежавоб қолдирайлик-да, қўш ижодкорнинг ёлғиз фарзанди – Нодира Ҳусанхўжаева, ниҳоят, шу хайрли ишга қўл урганидан таскин топайлик!
Биз Саида Зуннунова кундаликларини нашрга тайёрлашга чин маънода эҳтиром ила ёндашдик. Мажалланинг ҳажми инобатга олиниб, даврнинг ёрқин манзаралари ёки қалбнинг дардли кечинмалари баёнидан холи, маиший мазмундаги баъзи қайдлар қисқартирилди. Бир оз шошиб битилганиданми, андак ғализроқ чиққан айрим жумлаларгина енгил таҳрир этилди. 50-йилларнинг тил муҳитига хос бўлган “списка”, “очередь”, “приказ”, “отметка”, “пособие”, “вечер”, “начальник”, “срок”, “экзамен” каби русча сўзлар ўз ҳолича қолдирилди.
Сўзга қудрат ато этмоққа ёлғиз Ҳақиқатгина қодир. Мен Саида Зуннунова кундаликларини ўқиш асносида бунга яна бир бор амин бўлдим. Муҳтарам муштарий ҳам ушбу дил дафтари ила танишиб, шундай қаноат туйса ажабмас. Ниҳоят, сўнгги тилак: кундаликларингиз дунё юзини кўрмоқда, руҳингиз шод бўлсин, Саида опа!

Муҳиддин РАҲИМ

“Тафаккур” журнали, 2017 йил 1-сон

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 686

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *