Ассалому алайкум!

Эски дафтардан
Салом Аллоҳнинг исмларидан биридир… Ўрталарингизда саломни ёйингиз. Ҳадисдан.
Миллат маънавиятига дахлдор неки бор, унга бефарқ қараб бўлмайди. Саломлашиш борасида ҳам худди шу фикрни айтиш мумкин. Салом инсонийликнинг бошидир. Дунёдаги барча халқлар ўзаро муносабат, муомала ва мулоқотни саломдан бошлашади. Ҳар бир халқнинг саломлашиш билан боғлиқ бўлган ўз урф-одатлари бор. Саломлашиш одоби турли халқларда турлича бўлмасин, мазмунан бир-бирига яқин: муддао бир-бирига яхши тилак билдиришидир.salom
Унутилаётган анъана
Ўзбекнинг, умуман, мусулмон кишининг саломлашиш одоби ўзига хос гўзал тилакни ифодалайди: “Ассалому алайкум” – “Сизга тинчлик, саломатлик тилайман” ёки “Сиз тинч-омон, саломат бўлинг”. Шу сўзлар билан бошланган ҳар бир нутқ яна ҳам маънодорроқ бўлиб кетса керак. Шунданми, қўл сиқишиб ёки табассум билан бир-биримизга тинчлик, сиҳат-саломатлик тилаш ажойиб одатга айланган. Ана шундай гўзал анъанани бошқаси билан “алмаштириш” мумкинми? Яқиндагина йигитларнинг ўпишиб сўрашишларидан куйиниб юргандик. Энди саломлашиш “бош тўқиштириш”дан “оёқ уриштириш”гача етиб келди. Демак, ёшлар орасида саломлашишнинг янгидан-янги кўринишлари “урф”га киряпти. Бармоқларни қирсиллатиб, оёқни ликиллатиб, елкани уриштириб… Бу туришда кейинчалик… Ўзи асрасин. Замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Глобаллашув асри дунё халқлари маънавияти, урф-одатларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Лекин ҳамма нарсани ҳам замон зайли билан ўлчаш тўғримикан? Бинобарин, ўпишиб, бош ва оёқларни “уриштириб” саломлашишни замонавий маданият белгиси деб ҳисоблаш кулгили туюлади. Бир қараганда ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқдай. Ким билсин, аҳвол шу зайлда давом этаверса, бора-бора чинакам ўзбекона саломлашишни унутиб қўймасак бўлди. “Ассалому алайкум” эса “тарихий сўзлар” қаторидан жой олиб қолиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас.
…баъдаз калом
Телеэфирда кўрсатув бошловчиси пайдо бўлди. Яқин уч дақиқа мобайнида кўрсатув мавзуси ҳақида гапирди-да, сўнг саломлашди: “Ассалому алайкум!” Эътибор берган бўлсангиз, кўпгина теле- ва радиодастурларда бу одат тусига кирган. Буни кўрсатув ёки эшиттириш олиб боришдаги ўзига хослик деб тушуниш керакми? Эътиборни жалб қилишнинг бошқа йўллари ҳам кўп-ку! Қизиқ, ўзи қачондан бери “Ассалому алайкум” нутқ ўртасида айтиладиган бўлиб қолди? Аввал салом, баъдаз калом. Шундоқ ҳам шоумен ва эстрада хонандаларига тақлид қилаётган ёшлар учун бу яна бир одат бўлиб қолмаслигига эса кафолат йўқ.
Ўлим тилаяпсиз…
Саломлашишнинг ҳам ўз одоби, қоидалари бор. Икки киши бир-бирига дуч келганида, хоҳ таниш, хоҳ нотаниш бўлсин, салом беришлари керак. Саломни «Ассалому алайкум!» ё «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!» деб тўлиқ айтиш керак. Жавоб ҳам тўлиқ бўлиши шарт. Катта кичикка, отлиқ (ҳар қандай уловдаги одам) пиёдага, юрган ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради. Афсуски, кўпчилигимиз буни билмаймиз ёки билсак ҳам амал қилмаймиз. Жуда кўп ҳолларда саломлашиш сўзлари бузиб айтилади: “Ассому алайкум”, “Сомалейкум” ва ҳоказо… Ваҳоланки, “Ассому алайкум” “Сизга ўлим тилайман” деган маънони билдириши ҳақида кўп гапирилди. Аксарият ҳолларда эътибор бермаймизки, ҳожатхонада бир-бири билан саломлашиш, ухлаб ётган одамга, ҳаммомдаги ювуқсиз кишига салом бериш ҳам тўғри эмас. “Саломга яраша алик“ ибораси халқимизда кўпроқ кўчма маънода ишлатилади. Лекин тўғри маънода ҳам саломга яраша алик бўлиши керак. “Ассалому алайкум” дея қўлини кўксига қўйиб турган болага бош силкиб ўтиб кетсак ёки “Яхшимисан?” дейиш билан кифоялансак, ундан қарздор бўлиб қолмасмиканмиз. Борган сари асл маданиятимиздан узоқлашаётган бугунги авлод эрта-индин ўрнига қўйиб салом бериш тугул, саломлашишда ҳам бутунлай “ғарблашиб” кетмаса эди. Эҳтимол, таълим муассасаларида саломлашиш одоби ҳақида “Саломлашиш дақиқалари” ташкил этиш керакдир.
Бўлиши мумкин
Бўлажак қайнона турмуш ўртоғидан сўраяпти: “Қалай, куёвбола маъқулми?” Кўпни кўрган қайнота эса жавоб беряпти: “Ёмон эмас-у, саломлашишни билмас экан…”. Эҳтимолдан йироқ эмаски, куёвни суриштириш давомидаги синовлар сафига саломлашиш одоби ҳам қўшилмаса…
Беҳзод ФАЗЛИДДИН
«Маърифат» газетаси, 2008 йил 27 август.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.