Санъат Маҳмудова. “Энг чиройли табассум” китобидан: Матонат тимсоли

Таниқли журналист, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Санъат Маҳмудова узоқ йиллик ҳаёт ва ижод изланишлари маҳсули – мақола, очерк, ҳикоя, новеллаю мансураларини “Энг чиройли табассум” номли сайланмасига жамлабди. Кўп йиллар Республика хотин-қизларининг севимли журнали “Саодат”да ишлаб саодат топган Санъат опанинг ушбу китобида, албатта, аёл дунёси ҳақидаги битикларга кенг ўрин берилган. Муаллиф сўзбошида ёзади: “Ўзбек аёлининг табассуми – энг чиройли табассум! Жудаям чиройли! Фарзандлари камолидан, бош эгасининг меҳрли қарашларидан, меҳнатлари шукуҳидан… у янаям гул-гул очилиб кетади. Кўнглининг нурдай поклиги, оилапарварлиги, меҳмондўстлиги… бир ҳуснига ўн ҳусн қўшади.San'at Mahmudova 2
…Энг чиройли табассумни мен илк бор Саодат исмли ўз онам чеҳрасида кўрганман. Ўшанда мен эсимни таниб, онамга атаб илк бор тўрт қатор шеър ёзиб, ўқиб бергандим-да. Она бағрининг қанчалар қайноқлигини ўшанда ҳис этгандим…
Садоқат маъбудаси, устоз шоира Зулфиянинг энг гўзал табассумларига биз шогирдлар кўп сазовор бўлганмиз. Негаки, биз Ўзбекистонимизнинг меҳнатда донгдор, ижодда ғолиб, устоз ва мураббийликда қиёси йўқ, дала ишларида чаққон юзлаб аёлларининг, меҳрибон оналарнинг гўзал табассумларини, уларнинг дил сўзларига қўшиб, суюкли «Саодат»имиз саҳифаларида кўп ёритганмиз…
Энди мен улар ҳақидаги ёзувларимнинг энг сарасини сиз мухлисларга китоб ҳолида етказиш орзусидаман.
Бу китобдан яна диёримиз мустақиллиги шарофати билан ҳаётнинг, меҳнатнинг олдинги сафларида бўлган ишбилармону тадбиркорлар ҳақидаги ёзувларим ҳам ўрин олган…”
Қуйида ушбу китобдан ўрин олган – таниқли таржимон, журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Холида Аҳророва ҳақидаги мақолани эълон қилар эканмиз, табаррук 77 ёшни қарши олган, юзидан табассум аримайдиган Санъат опага сиҳат-саломатлик, ижод ва оила бахти тарк этмаслигини тилаймиз. Санъат Маҳмудованинг Ўзбекистон аёллари ҳақидаги мақолалари сайтимизда доимий бериб борилади.

Сайт муаллифи

МАТОНАТ ТИМСОЛИ

Таниқли таржимон, журналист Холида Аҳророва бутун умрини, билимини, ижодини биринчи навбатда «Саодат» журналига бағишлади. Бош муҳарриримиз, катта шоира Зулфияхонимга муносиб муовин бўлиб, унинг ишончини, ҳурматини қозонди. Унга елка тутди.
Айни вақтда Холида Аҳророва ўзбек ўқувчиларига моҳир таржимон сифатида ҳам танилди. Яхши асарни тунлари бедор ўтириб, қунт билан таржима қилса, гўё мириқиб дам олгандек енгил тортарди, ўзларининг айтишича…
Холида опа шодон кўринса-да, юраги тўла армон билан яшади. Чунки унинг отаси – шоир, адиб, муаллим, дипломант Саид Аҳрорий навқирон 35 ёшида 1930 йилнинг 12 ноябрида Самарқанд молия-иқтисод техникумига дарс бериш учун ҳар кунгидек чиройли табассум билан чиқиб кетиб, кечқурун уйига қайтмади.
Кутиб-кутиб, излаб-излаб, сўраб-суриштириб изларини ҳеч ким топмади. Ўшанда Холида уч ёшда, онаизори Вазирахоним 25 ёшда – тўрт нафар кичкинтойи билан лолу ҳайрон қолаверди.

Вазирам, кул, хандалар соч маним нурсиз умримга!
Вужуд бериб, жон бағишла гўзал тилакларимга!
Тилагингча очил, яйра, ўйна, яшна, қанотлан,
Булбул каби сайраб учгил яна жоним бахтимга!

Ҳар куни саҳар уйғониб, севимли ёри Вазирахонимга, Холида қизию ўғилларига, Ватанига, халқига атаб, ёниб-ёниб шеърлар, ҳикоялар ёзадиган шоир қайда энди?! Ҳеч ким билмайди, лом-мим демайди. Саид Аҳрорий Холида қизини Лондонга юбориб ўқитмоқчи эди. Ўғилларим шоир, рассом бўлишади, деб яхши ният қиларди.
Кейин Холиданинг тоғаси Самарқандга бориб, бу оилани Тошкентга кўчириб келди…
Холида мактабга чиқиб, ҳарф таниган кунидан бошлаб, дадасининг сўзларини ўқий-ўқий адабиётга меҳр қўйди. Тийрак, илдам қиз бўлиб ўсди. Акаси Аҳмад рассомлик билим юртини аъло тамомлаб, ёшлар театрига рассомлик ишига кирганида онанинг бағрига шамол тегди. Лекин шу йили қаттол уруш бошланди. Ёш рассом Аҳмад Аҳроров ҳам урушга кетди. У онасининг бағрига бош қўйиб, синглисининг пешонасидан ўпиб хайрлашди. «Холида, сен энди катта қиз бўлиб қолдинг. Онамни, укаларимни сенга ишондим. Дадамнинг қўлёзмаларини эҳтиёт қил, хўпми? Катта бўлганингда китоб қилиб чиқарасан!» – деб хайрлашди-ю қуш мисол учди-кетди.
Репинга ўхшаган рассом бўламан, деб орзу қилган йигит, қўлига қурол олди. У жанг майдонларида мардлик кўрсатиб, қисқа танаффус чоғлари тинмай расм чизди. Тўрт яшар сулув синглиси Холиданинг расмини хаёлан яратди. Ўзининг жанг майдонларидаги ҳолатини ҳам чизди. Ва уларни Тошкенга жўнатди. «Тинч Тошкент жаннатдир! Тошкентни жудаям соғиндим. Бу ерда минглаб навқирон тенгдошларим азасиз кўмиб юборилмоқда. Инсон даҳоси кашф этган техника инсоннинг ўзига қирон келтирмоқда… Омон қайтсам, албатта, Репин каби рассом бўламан…» деб кўп хат ёзди акаси.
Сержант Аҳмад Аҳроров ўн гулидан бир гули очилмай, Ленинград бўсағасида ҳалок бўлди.
Онаизор қандоқ чидасин бу иккинчи айрилиққа?! У ётиб қолди. Энди рўзғор тебратиш ташвиши Холиданинг бошига тушди. 14 ёшида ҳамширалик курсини тамомлаган бу қизни яхши одамлар ишга олишди.
У ҳар куни ишдан қайтгач, аяси ва укаларига парвона бўлар, уй юмушларини чаққон адо этар, ва қўшни Дуся холаникига чиқарди. Етти яшар қизчаси билан яшайдиган бу ўқимишли аёлнинг эри урушда, кўзини вақтида даволата олмай, ожиза бўлиб қолганди. Холида унга китоб ўқиб берарди. Чарчаш нималигини билмасди.
Аёл Холиданинг талаффузларини тўғрилар, рус тилида ҳар битта сўзнинг, ҳар битта ҳарфнинг моҳиятини эринмай тушунтирарди. Масалан, кровь сўзида юмшатиш белгиси қўйилса – қон, қўйилмаса, том бўлади, дея яна кўп мисолларни қулоғига қуярди.
– Бу аёл туфайли мен Достоевский, Тургенев, Толстой асарлари билан ошно бўлдим. «Бедные люди»ни ўқиганимда икковлон ҳўнграб-ҳўнграб йиғлаганмиз… – деб ҳикоя қилганди Холида опа ва давом этарди. – Ҳа, яхшиларнинг миллати бўлмайди. Улар асли яхши одамлар. Уларни Аллоҳ шундай яратган!
Холида ўта зеҳнли бўлгани, икки тилни яхши билгани туфайли масъул идораларда иш юритувчи, таржимон бўлиб ишлай бошлади. Шикоят ва аризаларни рус тилига ўгириб, анчагина пишди. Шунда хаёлида яхши фикр ялт этди: Дуся холага ўқиб берган ҳикояларимдан бирини таржима қилсам-чи?!
У Борис Лавреневнинг «Момо» ҳикоясини ўзбекчага ўгириб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Ойбек номига жўнатди. Ва тезда жавоб хатини олди. Хатда унинг уюшма маслаҳатчиси, ёзувчи Мирзакалон Исмоилийга учрашиши тавсия этилганди.
Ўшанда 1948 йилнинг баҳори эди. Ҳа, у ўшанда ота меҳри билан алқаган, таржима борасида йўл-йўриқ кўрсатган азиз устозлари Мирзакалон Исмоилий, Мақсуд Шайхзода ва шоир Шуҳрат назарига тушиб, уларнинг бемисл мурувватлари ва маслаҳатларидан баҳраманд бўлди. Мирзакалон Исмоилий: «Таржимангиз ёмон эмас, она қизим. Лекин сиз бадиий адабиётларни кўпроқ рус тилида ўқиган кўринасиз. Энди бадиий асарларни кўпроқ ўзбек тилида ўқинг. Она тилимизни пухта ўрганинг. Тополсангиз, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ойбекни…» деди.
Холида опа эса ўқиганман, деб юбориб, уялиб қолди.
– Бу гал бошқача ўқийсиз! – кулиб қўйди устоз. – Адиблар ишлатган сўзлар, иборалар устида бош қотиринг. Сиз билмаган сўзлар учраса, кўчириб олинг, мақол, маталларни ҳам… Уларни таржимада ишлатинг.
– Шоирлар қолиб кетмасин! – гап қўшдилар Мақсуд оға. – Ҳаммамизнинг падари бузрукворимиз Алишер Навоийдан бошланг мутолаани. Луғатларни ўрганинг, Муқимий, Фурқат, Нодирабегим… Эҳ-ҳей, қанчадан-қанча иш бор таржимонликка етгунча. Иккала тилни яхши билишдан ташқари, таржимон бўламан деган одам машқ қилиб, чарчамасин! Бир тилдан иккинчи тилга шунчаки кўчириш эмас, уни муаллиф даражасида қайта ижод қилсин!
– Айни шу паллада, – деб эслайди Холида опа, – хонага кўркам, очиқ чеҳрали бир йигит кириб келди. У «Шарқ юлдузи» журналининг масъул котиби, шоир Шуҳрат экан. Мирзакалон домлага мурожаат қилиб, ёзувчи Ирина Гуронинг бир ҳикоясини унга узатди ва таржима қилиб беришни сўради. Шунда улар мени таништириб: «Янги таржимон Холидахон Аҳроровага бера қолинг таржимани, – деди. – Боплаб ўгириб берадилар. Эртага эмас, бириси кун келтирадилар».
– Худонинг хоҳишини қара-я, Мақсуд, – деди сўнг устоз. – Энди иккаламиз бу қизимизга ота ўрнида ота бўламиз. Шуҳрат шоиримиз эса оға!
– Кўнглим тоғдек кўтарилиб кетди, – яйраб ҳикоя қилганди Холида опа, – Ирина Гуронинг ҳикоясини ўзбек тилига ўгириб, айтилган вақтга олиб келдим. Шуҳрат ака раҳмат айтиб, ўрис тилида ёзилган яна бир очерк бердилар таржимага. Таржимонлик шу йўсин бошланди.
1948 йилнинг кузида устозлар Холидани «Уздавнашр» раҳбари ҳузурига бошлаб бориб, у билан таништириб қўйдилар. Ва келгуси йил режасидаги асарлардан бирини таржима қилиш учун шартнома тузишни ҳам ўргатдилар. Шунда Мақсуд Шайхзода: «Бу қизнинг оладиган маоши ҳам маълум. Қарамоғида онаси ва икки укаси бор. Мана, Мирзо муҳаррир бўладилар-да, таржимани қўлёзмада таҳрир қила қоладилар. Қизимизнинг дастхатини биладилар-да. Қолаверса, Холиданинг дастхати чиройли!» – деди. Ҳамма бу гапни маъқуллади.
Холида ниҳоятда руҳланиб, завқ-шавқ билан ишлайди. Мирзакалон Исмоилий таржимани обдон таҳрир қилгач, яна Холидага беради.
– Бир бошдан синчиклаб ўрганинг, қизим, – ўгит беради у самимий меҳр билан. – Сиз нима деб ағдардингизу уни мен нима, деб тузатдим. Эътибор қилинг-а?!
Устознинг ўша таҳрири Холида Аҳророва учун унутилмас сабоқ бўлди. Китоб 1949 йили Мирзакалон Исмоилий муҳаррирлигида босмадан чиқишини Холидагина эмас, устозлари ҳам байрамдай кутиб олишди.
– Буни қаранг, китоб чиқибди, – деганди Мақсуд Шайхзода ҳайратланиб. – Уч юз бет келади-я, уч юз бет! Биринчи китобингиз шундай бўлса… – кафтида салмоқлади Мақсуд оға. – Бу ёғига оқ йўл!
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Холида Аҳророва бир умр журналдаги қайноқ фаолиятидан ортиб, уйқу ҳисобига, дам олиш эвазига таржима санъатини улуғлаб яшади. Лев Толстойнинг «Севастополь ҳикоялари», А.П. Чеховнинг «Каштанка», А. Рыбаковнинг «Ханжар» қиссаси, К. Гамсахурдианинг «Ойнинг ўғирланиши» романи, О. Бальзакнинг «Ушалмаган орзулар», А. Ивановнинг «Соялар чошгоҳда йўқолади» романларини, ўнлаб бадиий фильмлар матнини, ҳикояларни ўзбек тилига ўгирди.
Холида Аҳророва таржималарининг ўзига хослигини ҳамда таржимоннинг маҳоратини қуйидаги айрим мисолларда яққол кўриш мумкин. «Колхидские горы вечерами дремлют голубым туманом» жумласи ўзбек тилига «Колхида тоғлари оқшомлари зангори туманга бурканиб мудрарди», деб ўгирилган бўлса, «Длинные летные дни проходили один за другим» – «Ёзнинг бири-биридан узун кунлари қувалашиб ўтиб борарди», «Оказывается горько плакала над могилой матери» – «Онаси қабри устида аччиқ-аччиқ йиғлармиш…», «Королина по детски указала пальцем» – «Каролина болаларча эркатойлик қилиб, бармоғини нуқиб кўрсатди», «Тамар улыбнулся. Он загляделся на переливающуюся грудь птицы» – «Тамар жилмайди. Қушчанинг ранго-ранг товланган тўшини томоша қилиб, маҳлиё бўлиб қолди» каби яна қатор мисолларда таржимоннинг сўз танлашда моҳирлиги яққол кўринади.
Таниқли ёзувчи ва таржимон Мирзакалон Исмоилий қисматининг бир чети Холида Аҳроровага дахл қилиши ўқувчида қизиқиш уйғотиши табиий. Гап шундаки, кўпчилик ўзбек ижодкорлари қатори М. Исмоилий ҳам қатағон қурбонига айланган. Аммо бу ижодкорнинг ҳалол меҳнати қадрига етадиганлар ҳам йўқ эмас экан. Мирзакалон Исмоилий таржимасидаги Лев Толстойнинг «Тирилиш» романи жувонмарг бўлмаслиги олдини олиб, асл таржимон ўрнига Холида Аҳророва номи қўйилиб, нашр этилган. Ана ўшанда Холида опа Мирзакалон Исмоилийнинг «Худонинг хоҳишини қара-я, Мақсуд, энди иккаламиз бу қизимизга ота ўрнида ота бўламиз. Шуҳрат шоиримиз эса оға!» деганида бир сирли хислат борлигига ишонди…
Холида опамиз бизнинг «Саодат» журналида чарчаш нималигини билмай, тиниб-тинчимай чин юракдан ишлаб, ҳаммамизни севиб-ардоқлаб юрардилар. У «Саодат»да қирқ йил меҳнат қилиб, олтмиш ёши арафасида пенсияга чиқаётганларида шундай ният қилган эдилар: «Мазза қилиб, дам оламан. Китоб ўқийман. Театрларга бораман!»
Қаёқда дейсиз?! Қалам, изланиш, ҳаётдаги ўзгаришлар у кишига ором бермади. 1989 йилнинг кеч кузида Холида опанинг қўлига «Родина» журнали тушиб қолди. Журнални варақлаб, беихтиёр дадаси ҳақидаги икки оғиз сўзга кўзи тушди. Бу икки оғиз сўз унинг юрагини алғов-далғов қилиб юборди. Тонггача мижжа қоқмади ва ариза ёзиб, Давлат хавфсизлик қўмитасига борди. Ҳар куни бораверди. Ва ниҳоят бир варақни қўлига тутқазишди. Унда шундай сўзлар ёзилган эди.
«…Саид Аҳрорий Советларга қарши тарғибот ишлари учун РСФСР жиноят мажмуасининг «58-4» моддасига биноан отувга ҳукм қилинди. Ҳукм 1931 йил 2 апрелда Москва шаҳрида ижро этилди. Дафн этилган жойи маълум эмас.»
Билмадим, Холида опажоним бундай ноҳақликни ўқиб, қандоқ ҳолга тушди экан? Ўша куни уйига қандоқ етиб борди экан? Қанчалар куйиб-ёнди экан?
Холида опа бу гал ҳам ўзини қўлга олди. Қаддини тик тутди. Ҳар куни эрта билан отланиб, худди ишга бораётгандек, архивга қатнади. Рутубатли хоналарда сарғайиб кетган, саҳифалари туҳмат ва адоватга тўлиқ ҳужжатларни сатрма-сатр ўқиб-ўрганди. Бу зил-замбил меҳнат машаққатини Холида опа бир ўзи билди, бир худо. Аввал у отаси Саид Аҳрорийнинг номи оқлангани ҳақидаги маълумотни топиб ўқиди, кўзига суртди. Шукур қилди. Қаранг-ки, биргина дадаси қораланган «Жиноятнома»нинг ўзи йигирма жилддан иборат катта бир «рўмон» экан. Айб излашга уста бўлиб кетган одамлар-а! «Миллатчи» деб обдон қораланган дадаси эса миллат фарзандлари учун мактаб очган, таълим-тарбия ишларини юқори савияга кўтарган, газета муҳаррири бўлган, давлат ишларида раҳбарлик лавозимида ишлаган. Тинмай ижод қилиб, мақолалар, шеърлар, драма асарлари ёзган. Хуллас, она халқим, миллатим, деб тиниб-тинчимаган.
Ўзбекистон мустақилликка эришиб, юртимиз бағрига шамол теккан 1991 йил сентябридан сўнг архивлар эшиклари ланг очилди. Холида опа муттасил ўн йил архивга қатнади. Дадасининг на фақат дадасининг, яна ўнлаб ноҳақликка учраган ватандошларимизнинг ҳужжатларини сабр-тоқат билан ўрганди. Ва дадаси ёзганидек, «Ҳаёт оғир, сўзлаш ҳам оғир. Турмуш шундай бир чўққики, йўли ёнбағир…» замонда яшаган халқнинг Ватанни севишдан ва истиқлолга эришиш орзусидан бўлак «гуноҳ»лари бўлмаганини яна бир бор тушуниб етди.
Дадаси ва яна ўнлаб истиқлол фидойилари ҳақида китоб чиқарди. Ёшлари етмишдан ошганда навоий кутубхонасига қатнаб, ўнлаб газета-журналлар тахламларидан дадасининг асарларини излаб, тўплади.
2001 йили ёзувчи Саид Аҳрорийнинг «Танланган асарлар»ини нашр эттирди. Қойил! Бир фарзанд бўлса, шунчалик бўлар!
Холида Аҳророва Ватанимизнинг бир муносиб фарзанди сифатида инсоний бурчини, масъулиятини тўла адо этди. У Тошкент шаҳрида қад ростлаган «Шаҳидлар хотираси» мажмуи ва музейи ташкил этилишида ташаббускор бўлди. Муносиб равишда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди.
Холида опамиз 82 йил умр кўрди. Ва у ироданинг, матонатнинг тимсолига айланди.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 270

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *