Шавкат Раҳмон. Савдогар ва тўтиқуш

Қушларни суярди савдогар азал,
шундан топар эди кўнгил хушини.
Ҳамма қушларидан кўрарди афзал
одамдай гапирган тўтиқушини.
Яна бир эрмаги тижорат эди,
тевалар кўзғолиб қолди бир наҳор.
Савдогар қафасбанд тўтига деди:
«Ҳинд сори борурман,
не тилагинг бор?»
«Эй саховатли зот,
кўнглим хўб чоғдир,
биринчи тилагим – соғ-саломат қайт,
иккинчи тилагим – палон боғдаги
тўтилар қавмига мендан салом айт». to'ti
Йил ўтди.
Сафардан қайтар маҳалда
карвон тўти айтган макондан ўтди.
Бир кавсар эди-да,
товланиб лаълдай
шохларда тизилмиш минглаган тўти.
Хушфеъллик ҳамиша керакли хислат.
аввал салом айтди,
андин сўнг калом:
«Турон боғлариндан бир тўти сизга
камина орқали йўллади салом».
Ҳаво тўлқинланди чексиз оҳлардан,
ногоҳ ғуж оғочлар тўлғонди оғир –
тўтилар тўкилди зумрад шохлардан,
рангин шуълалардай
тўкилди бир-бир.
Бу ҳолдан кўзғалиб қолди тевалар.
савдогар қайғуриб-қайғуриб қайтар.
Бу ёмон хабарни
шўрлик беватан –
йўл қараб ўлтирган тўтига айтар.
Эй воҳ,
бу қандайин кўргилик бўлди,
савдогар ҳайратда –
ўнгими ё туш –
бу ёмон хабардан тўтиқуш ўлди,
ўлди саройини безаб турган қуш.
Савдогар бўзлади,
бўзлади ёмон,
кўнглини безаган қушни йўқотди.
Қафаснинг эшигин очгани замон
ўлган қуш ўзини осмонга отди.
«Эй саховатли зот,
кечиргил мени,
қушларнинг тилини фақат қуш билгай.
Уларнинг бир сирин очайин энди –
бири банди бўлса, бари йиқилгай…»
…Шу-шу узлат қилиб,
ҳаққа етгандай,
ҳалиям кўнглига сиғмай ҳатто зар,
ушбу воқеани ўтган-кетганга
гапириб юрармиш хушфеъл савдогар.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.