“Сен фикрни шахс билгил…”

Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан шоир Фахриёр суҳбати

ФАХРИЁР: – Иброҳим ака, адабиёт зиммасига ҳар ким ўзича вазифа юклайди. Кимдир уни миллатнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилиши керак деса, бошқа биров адабиёт нафис санъат тури бўлгани учун ҳар нарсага аралашавермагани маъқул, деб ҳисоблайди. Агар адабий тафаккур ҳам ижтимоий тафаккурнинг бир тури деб қаралса – аслида шундай бўлиши ҳам шарт – унинг ҳозирги ижтимоий-сиёсий жараёнларга суст муносабатини қандай тушуниш мумкин? Бу кескин бурилиш палласида ўзи талпиниб келган улуғ идеалларнинг чилпарчин бўлиши билан боғлиқ довдирашми ёки мавжуд жараёнларнинг пўртана оқими тиниб, ўзани муайянлашишини кутиб туришми?

Иброҳим ҲАҚҚУЛ: – Миллатнинг оғирини енгил, мушкулини осон айлашга куч бағишлаш адабиётнинг виждон иши. Чунки ҳеч бир адабиёт ҳеч бир шароитда миллат тақдирига тепадан қаролмайди. Ҳар бир адабиётнинг ўз халқи, ўзининг жонажон ватани бор. Шу боисдан ҳам улкан истеъдодлар «Санъат – санъат учун. Адабиётда адабиётдан бошқа бир ғоя ахтариш санъатни хароб этишдир» деган назарияларни қабул қилишмаган. Ва бундай назариялардан адабиёт номи ила миллатнинг номуси, ҳаёти, мавжудлигига қарши бетайин асарлар дунёга келади, аллақандай «бахтномалар» яратилади деб билишган. Тўғри, кўп соҳаларда бўлганидек шарқликлар кейинги асрларда адабиётда ҳам ортда қолиб, ғарбликлар илгарилаб кетишган. Уларнинг адабиётидан санъат ва санъаткорлик маъносида истаганча фойдаланиш мумкин. Лекин бошқа бир миллат адабиётининг мамлакатга ҳоким бўлишига эрк бермаслик лозим. Биз эса шўро мафкураси таъсиридан тўла-тўкис халос бўлиб билмаганимиздек, хорижий адабиёт ҳукмронлигидан ҳам қутулганимиз йўқ. Бундан ташқари, тўрт-беш ижодкорни айтмаса, аксарият ёзувчи ва шоирлар учун мустақиллик, истиқлол идеали умуман бегона нарса эди. Адабиётдаги сунъийлик, саёзлик, китобийлик офатининг бир сабаби ана шунда…

– Адабий жараёндаги парокандалик ижтимоий ҳаётга салбий таъсир этмайдими? Адабиётнинг вазифаси ўқувчини ортидан эргаштира олмаса, ҳеч бўлмаганда, уни бадиий тўқиманинг кучи воситасида ўзи олдинга сураётган гуманистик ғояларга ишонтириш орқали эстетик туйғуни тарбиялаш эмасми?

– Албатта, ёмон таъсир кўрсатади. Ижод аҳли халқнинг илғор, пешқадам вакиллари. Шуларки, бир-бирини тушуниб, ўзаро тил топишолмаса, юксак бир умумий мақсад ва маслак атрофида бирлашиб билмаса, уларнинг айтган сўзи ёки ёзганига ким ишонади? Адабий жараёндаги шахсий тортма-торт ва худкомликлар наинки адабиёт, балки халқ, юрт тақдирига ҳам жуда катта зиён етказиб, ўртамиёна, талантсиз қаламкашларнинг олдинга чиқишига, юзлаб яроқсиз китобларнинг пайдо бўлишига йўл очган. Бундай ҳолатда адабиёт ўқувчини эргаштириш қувватига соҳиб бўлолмайди – нари борса уни шунчаки қизиқтиради, фикрсизлик кўникмасининг ортишига ёрдам беради.
«Эстетик туйғуни тарбиялаш» деган гап унча тўғри гап эмас. Гўзаллик туйғуси уйғотилади. Агар одам табиатида шу туйғунинг «уруғ»и бўлмаса, тарбия, тажриба бир чақа ҳам фойда бермайди. Адабиётнинг таъсир имконлари айрим даққи олимлар ўйлаган даражада кенг эмас. Шунинг учун бадиий ижодда ифодаланган ҳақиқатлар ҳамманинг ҳам қалбида акс садо беравермайди.

Назаримда, мумтоз адабиётга ҳам синфий ёки коммунистик (атеистик) мафкура нуқтаи назаридан муносабат улкан йўқотишларга сабаб бўлди. Диний клерикал адабиёт тамғаси билан босилган кўплаб шоирларнинг ижоди ўрганилмай қолиб кетди. Умуман олганда, мумтоз адабиётни ўрганишнинг бугунги аҳволи сизни қониқтирадими?

– Албатта, адабиётга синфий ва партиявий ёндошишининг зиёни катта бўлган. Мустақилликдан сўнг эса мумтоз адабиётни янгидан ва янгича нигоҳ билан тадқиқ этиш бўйича анча-мунча ишлар қилинди. Кўпчиликнинг диққат-эътиборини жалб қила олган китоблар чиқди. Аммо мени қаноатлантирмайдиган жиҳат, адабиётшуносликдаги умумий савиянинг пастлигидир. Авом орасида бўлганидек, олимлар жамоасида ҳам бефаҳм, нодон ва аҳмоқлар етарли. Шундай зотларнинг «кашфиёт»лари билан танишганда, тилга «афсус ёки эсиз…»дан бошқа бир калима келмайди. Менинг бутун умидим ёшлардан…

– Қачон биз ҳам турк ёзувчиси Ўрхон Памуққа ўхшаб жаҳон адабиётининг етук тажрибалари билан тасаввуфни ўзаро синтез қилиб, гўзал романлар яратар даражага етамиз?

– Унгача ҳали узоқ. Биз тасаввуф ҳақида ўзимиз билганимизча гапириб нималарнидир ёзаётирмиз. Sen fikrni shaxs bilgilТасаввуф моҳиятини тўла-тўкис тушуниб, тасаввуфий ҳаёт талабларига риоя қилган ҳолда қалам тебратаётган ўзбек ижодкори борлигини мен билмайман. Деярли ҳамма иш ҳаваскорлик даражасида. Шу учун гап бошқа, ҳол бошқа. Тасаввуфдан баҳс юритиб, сўфий ёки мутасаввуф қиёфасида ном қозониш даъвоси янги ҳодиса эмас. Қадим даврлардаёқ бу бир «мода»га айланган. Бундан ташқари, тасаввуфдан мафкуравий кураш қуроли сифатида фойдаланишни кўзлаётганлар бор. Кимлар учундир тасаввуф дунё миқёсидаги «бизнес» манбаи бўлиб қолганлигини билмаслик ё сезмаслик мумкинми? Сўфийликнинг тамали шунчаки гўзаллик эмас, балки энг олий гўзалликни излашдир. Ана шунга қараб сўфийларнинг йўл ва изланишлари ҳам бир-биридан фарқланиб, хилма-хиллик касб этган. Шу сабабли бир араб олими тасаввуфни авомнинг тасаввуфи, фақиҳ ва обиднинг тасаввуфи, мутасаввуф ёки файласуфнинг тасаввуфи дея бир неча гуруҳга ажратиб таърифлайди. Хилма-хиллик ва фарқланишлар, аслида, бундан ҳам кўпдир. Чунки сўфийлик авомдан зиёлиларга, ижодкор, олим ва мутафаккирларга боргунига қадар ниҳоятда кўп ўзгариш, янгиланиш, эришиш ва йўқотишларни бошдан кечирган. Буларни чуқур билмай, мақсад ва эҳтиёжни аниқ тасаввур қилмасдан туриб, Сиз орзу қилган даражага эришишнинг ҳеч иложи йўқдир. Яна бир гапни айтай. Адабиёт ва тасаввуф ўзаро «синтез» қилинган энг мукаммал асарлар мумтоз адабиётимизда бор-ку. Нега уларни ўрганиш савияси қувонарли эмас? Буни ҳам жиддий ўйлаш зарур.

– Баъзи бир Ғарб файласуфларининг инсонни илоҳийлаштиришга бўлган уринишлари ва муайян қарашларга дўниб, миллий тафаккурларнинг бир четини эгаллагани, кейинчалик XX асрга келиб эса, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган ёвуз мафкураларга айланганини кўрамиз. Қизиғи шундаки, бундай мафкуралар Шарқдаги комил инсон тушунчасидан келиб чиққан деган фикрлар ҳам бор…

– Шарқдаги комил инсон тушунчасининг Сиз назарда тутган ёвуз мафкураларга зарра қадар алоқаси ҳам, таъсири ҳам йўқ. Тўғри, Шарқда инсон илоҳийлаштирилган. Аммо ҳеч қачон, ҳеч бир мутафаккир томонидан у Аллоҳга қарши қўйилмаган. Ғарб одами Аллоҳга фано бўлиш ёки Ҳақ иродасига идеал ирода ўлароқ таяниш нималигини билмайди, аксарият ҳолларда тасаввур ҳам этолмайди. Чунки уларда нафс ва нафсни енгишга доир қараш ҳам, тажриба ҳам бутунлай бошқача. Акс ҳолда қанчадан-қанча олим, мутафаккир, ижодкорлар дин ўрнини илм-фан эгаллай олади, инсон куч-қудрати ва мавқеи Аллоҳникидан юқоридир деган нуқтаи назарни қўллаб-қувватламасди. Марксизм таълимоти осмондан тушмаган, Нитше жаноблари азбаройи хасталиги туфайли «худо ўлди» демаган. Фаранг материалистларининг даҳрийлик хуружлари ўз-ўзидан авж олмаган. Ҳатто ғарблик файласуфлардан бири «Инсонсеварлик дини» деган бир дин жорий этган. Унинг қонун-қоидалари орасида аёлга кунига уч маротаба эркак кишининг қай тарзда ибодат қилиши кераклиги ҳам кўрсатиб берилган. Ва одамларни метафизик алоқалардан бутунлай қутилиб, инсондан ўзга тангри йўқ деб яшашга ундаган. Буларнинг бариси биз мафтун бўлиб гапириб келган Ғарб гуманизми ғояси бағридан ўсиб чиққан. Нега Аттор, Румий, Жомий сингари буюк Шарқ мутасаввуфлари юнон фалсафасини танқид қилишган. Бу масалалар хусусида холис мулоҳаза юритиб, тўғри ва ҳаққоний хулосалар ўртага ташланмаса, миллат шуури ва дунёқарашини янгилаш кўнгилдагидек силжимайди. Покистоннинг мутафаккир шоири Муҳаммад Иқбол бир шеърида, Шарқ Ҳақни таниди-ю, воқеликдан четлашди, Ғарб ҳаёт ва яшаш завқини топди-ю, Аллоҳдан узоқлашди, деб тўғри айтган. Ҳаёт ва воқелик муаммоларини ҳал қилишда Ғарбдан ўрганиб, ўрнак олавериш керак. Бироқ динга, Аллоҳга муносабатда унинг оғули фикр ва ғояларидан онгу идрокни тозалашга эътибор бериш зарур, деб ўйлайман.

– Экзистенциализм ва тасаввуф фалсафалари бир-бирига нечоғли мос келади? Назаримда, атеистик экзистенциализмни истисно қилсак, унинг диний кўриниши тасаввуф фалсафасидан унчалик фарқ қилмайдигандек…

– Экзистенциализм, битта ибора билан айтганда, мавжудлик фалсафаси. У бир жиҳатдан инсон ҳоли ва ҳисларининг башарий алоқаларига таяниб, мутлақ борлиқ ёки мутлақ қудрат тушунчаларини инкор этади. Экзистенциализм, асосан, ёлғизлик, умидсизликдан туғилган ҳис-туйғулар билан қизиққан. Унинг завқ ва мушоҳада «манба»лари тасаввуфга нисбатан тамоман ўзгача. Тасаввуф дунёсига чуқурроқ кириб борган киши ахлоқ, ишқ, ҳуррият, комиллик масаласида экзистенциализм билан келишиб бўлмаслигини тез пайқайди. Шунингдек, фикрни, руҳни тарбиялаш йўл ва усуллари ислом тасаввуфида, барибир, бошқача-гўзал ва фавқулодда илҳомбахшдир. Мен экзистенциализм фалсафасидан таъсирланиб шеърлар ёзган тенгдошларимни биламан. Бугун уларнинг фикр-қарашлари тубдан ўзгарди. Нима учун? Чунки экзистенциализм бошқа ижтимоий-маданий муҳит, бизга ёт психология маҳсули. Унга ёпишиш сунъийлик, зўракиликни юзага чиқаради холос.
Майли, ким нимага қизиқса қизиқаверсин. Ким нимани ўрганса, марҳамат, ўрганаверсин. Вақт – энг холис ҳакам: ҳамма нарсани жой-жойига қўяди. Демоқчиманки, «мана бу – янгилик, мана бу – эскилик. Униси – ундоқ, буниси –бундоқ», дея талашиб-тортишиб, шовқин-сурон солмаслик керак. Ахир тўрт-беш ижодкорнинг дунёқараши ва характери ҳамма нарсани белгиламаган, белгиламайди ҳам…

– Баъзи бир кишилар тасаввуф фалсафаси ҳозирги кунга тўғри келмайди, чунки пиру мурид муносабатлари, яъни муриднинг муршидга тобеъ бўлиши инсон ҳуқуқларига зид деб ҳисоблайди. Аммо чет эллик тасаввуф тадқиқотчилари тасаввуф анъаналари ҳозир ҳам давом этаётгани, у ҳатто Ўзбекистонда ҳам мавжуд эканини қайд этади. Умуман, тасаввуф диний-фалсафий қарашлар ва унга мутаносиб равишдаги амаллар системаси сифатида бугун ҳам мавжудми?

– Ҳужвирийнинг «Кашфуъл маҳжуб» китобида ёзилишича, тасаввуф аҳли «тажрид, тамкин ва шиддат ила фақр ҳолига етишишда» ҳазрат Абу Бакрни ўзларига раҳнамо деб билишган. Хирқа кийиш, диний салобатда эса ҳазрат Умардан ўрнак олишган. Улар учун мол ва жонни фидо айлаш, сабр-бардош ва ибодатда ҳазрат Усмон намуна бўлган. Сўз ва иборалардаги ҳақиқатлар, ишоратлардаги нозиклик, дунёнинг моддий бойликларига қизиқмаслик, тақдирга ишонч – бунда ҳазрат Алига эргашганлар.
Тасаввуфни ўрганувчиларга шуларни бугун «ахлоқ нормаси» деб белгилаш мумкинми? Бу дунёда ҳамма нарса ўзгаради, янгиланиб боради. Бу гап тасаввуфга ҳам тегишли. Унда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайдиган ва тамоман эскирган жиҳатлар бор. Кўп нарсада бўлганидек, тасаввуфга ҳам алдов, риё, макр ва манфаатпарастлик суқилиб кирган. Ризқ, бойлик учун елиб-югурган сўфийларга «азроқ сўфийлари» дейилган. Дарвеш ё қаландарлар орасида қанчадан-қанчаси маслак ва эътиқодига тескари ёки нолойиқ ишларга бош қўшган. Сохта шайх ёки каззоб муршидларни айтмайсизми? Умуман, тариқат тарбиясида бир шайхга неча юзлаб муридларининг иродасини таслим этиш, шунча кишини биргина зотнинг оғзига қаратиб, ҳукм юритиш, менимча, ҳамиша ҳам ўзини оқламаган. Халқимиз қонида ҳамон чарх уриб ётган мутелик, фикрсизлик ва қулликнинг бир жиҳати ана шу тажрибаларга ҳам бориб боғланади. Ёки ҳамма ҳам дарвешликни ихтиёр этиб узлатга чекинса, кентма-кент, шаҳарма-шаҳар кезиш, Ҳақ хаёлида яшашдан ўзгасини назарга илмаса, унда юрт, миллат тақдири нима бўлади? Биз тасаввуфдан воз кечолмаймиз. Айни пайтда, унинг ислоҳи, бугун манфаати тегмайдиган томонлари борлигидан ҳам кўз юмолмаймиз. Шу маънода усмонли турк олими Э.Гункўрнинг мана бу сўзлари эътиборлидир: «Ҳар ҳолда мозийдаги тасаввуф ҳаракатларининг энг кўзга ташланадиган жиҳатларидан бир қанчаси, масалан, ҳаддан ортиқ парҳезкорлик, инзиво, шайхга хизмат кабилар бугун учун кераксиздир. Шунингдек, ўтмишдаги тасаввуф ташкилотининг муҳим томонлари билан бир қаторда, унинг бир қанча ботил эътиқодлари – шайхларга нисбат берилган ва ҳеч қандай диний асоси бўлмаган турли кароматлар, ҳамда буларнинг ажралмас қисмига айланган хурофотлар бугунги одамлар учун эски инонтирувчи қувватини бой бериб бўлган…»

– Тасаввуфда алоҳида эътибор қилинадиган нарсалардан бири нафсни тийишдир. Инглиз каломшунос олими, шайх Тимоти Уинтер-Абдулҳаким Мурод ҳозирги консюмеризм – нафсни қондиришга асосланган Ғарб жамиятларини инқироздан фақат нафсни тийишгина сақлаб қолиши мумкин, деган фикрни ўртага ташлайди. Аммо шу билан бирга, Ғарбда ҳар бир нарсага рационал муносабат устуворлигини ҳам тан олмасдан бўлмайди.

– Ибн Арабийга кўра, тасаввуф йўлига кирган киши ҳикмат, яъни ўзни билиш илмига соҳиб файласуф бўлмоғи шартдир. Бўлмаса тасаввуфдан унга ҳеч қандай фойда етмайди. Чунки тасаввуф ҳикматдир, гўзал ахлоқ ва қалб тасфиясидир. Инсондаги иллат ва тубан иддаоларнинг қарийб тўқсон фоизи нафсга дахлдор, уларнинг на ақл ва на вужудга боғлиқлиги йўқ. Бас шундоқ экан, нафс ва нафсоний ҳаётни ислоҳ қилмасдан «мен»даги гушналик, риёкорлик ва йиртқичликларни бартараф этиб бўлмайди. Нафс ҳукми –ҳайвонлик ва шайтонлик ҳукми. Унга бўйинсунмасликнинг бош чораси ўша Абдулҳаким Мурод тавсия қилган тажриба – нафс мужодаласи. Ахир, Навоий бобомиз бежиз «Нафсингга хилоф иш қилғилки, тинғайсан», демаганлар.

– Ғарб билан Шарқнинг кўп ўринларда бир-бирини инкор қилиши бошқа-бошқа динлар таъсирида шаклланган дунёқараш билан боғлиқ эмасмикан? Ғарбу Шарқ деган чегара, аслида, динлар чегараси эмасмикан? Агар америкалик таниқли сиёсатшунос Сэмюэл Ҳантингтоннинг фикрига қўшиладиган бўлсак, тамаддунлараро зиддияту можаролар айнан шу чегараларда рўй беради. Бир тарафдан Фаробий, Ибн Сино, Ибн Рушдий, Ибн Арабий, Ибн Халдун, Жалолиддин Румий сингари буюк мусулмон файласуф ва уламоларининг асарлари ва қарашларини ўзлаштириб, қолган дунёни ортидан эргаштирар ва уни мустамлака қилар даражадаги улкан тамаддунга асос солиш, бошқа тарафдан эса ўша тамаддунни мутаассибликда айблаш, камситиш… Наҳотки, бугунги Шарқнинг, айниқса, ислом дунёсининг қўлида ўша камситишларга қарши экстремизму терроризмдан бошқа восита бўлмаса?.. Сизнингча, бизнинг маърифий жавобимиз қандай бўлиши керак?

– Мутасаввуфлардан бири «энг яхши ибодат динни тўғри тушунишдир», дейди. Дунёдаги кўп муноқаша ва зиддиятлар диннинг туб моҳияти ва ҳақиқатларини теран англамаслик ёки диндан сиёсий мақсадлар учун фойдаланиш ғаразидан келиб чиққан. Ойга, қуёш ва юлдузларга ҳукмронлик қилиш даъвоси ила ўзаро уришлар бўлганини эшитганмисиз? Ҳамма ғавғо, барча низою адоват заминда. Чунки инсон қавми деярли ҳамма нарсани, жумладан, динни ҳам ўзининг маҳдуд, ўткинчи фикр-қарашларига мослаштиришдан тортинмайди. Тортиниш нари турсин, уялмайди ҳам. Тасаввуфда хавф ва ражо, яъни қўрқув ва умид деган тушунча бор. Эҳтимол, дунёда Ҳақ ҳиммати ва саховатидан умидвор бандалар жуда кўпдир. Лекин Аллоҳ қўрқувига соҳиб одамлар ниҳоятда кам. Шу учун фикрий, ахлоқий бузғунлик, руҳий, маънавий таназзул йилдан йилга авж олиб бораётир. Тамаддунлар аро зиддияту можаро дейиш, биласизми, бол ёхуд шакардан одам заҳарланди, дейишдай бир гап. Демак, у тараққиёт ҳам, тамаддун ҳам эмас-пойдевори бўш, моҳияти омонат ва ўткинчи бир нарса. Бунга динни айбдор қилиб кўрсатиш инсофданмас. Биз етмиш йилдан зиёд вақт мобайнида динга қарши курашиб, Аллоҳ амру фармойишларидан йироқ яшадик. Хўш, нимага эришдик? Менинг билишимча, инсоният аҳил ва хотиржам, табиий тараққиёт оғушида яшашни истаса, дин йўли муқаддас, покиза йўл эканига ҳеч иштибоҳсиз иқрор бўлиши, ҳеч қандай ижтимоий, сиёсий, ҳарбий, илмий-маданий иддаоларини илоҳий маслакка қориштирмаслиги зарур. Ислом динига келсак, чиндан ҳам у ҳақ ва ҳақиқат, куч ва қудрат дини. Афсуски, айнан мусулмонлар орасида умрни нимага бағишлаш, қандай самовий завққа кўнгил ва руҳни таслим айлаб, қанақа маърифий мақомга кўтарилишни билмайдиганлар ниҳоятда кўпдир. Умуман, илм-маърифат, замонавий шуур, холис ниятдан йироқ маҳдуд диндорлик қўрқинчли. Ҳар балони ундан кутиш мумкин. Пайғамбарлик тариқи нурли ва шукуҳлидир. Пайғамбарлик ва пайғамбарлар оламига қанча яқин борилса, жаҳолат, зўравонлик, ҳақсизлик кулфатларидан ўшанча йироқлашилади. Бунга мен тўла ишонаман.

– Ўзбек миллий фалсафаси, фалсафий тафаккури мавжудми? Ҳозирги қийинчиликларни енгиб ўтиш чўзилиб кетаётганига сабаб немис, рус ёки бошқа халқлардаги сингари миллий фалсафий тафаккурнинг йўқлиги сабаб эмасмикан? Назаримда, биз, кўпинча, юртимиздаги мутлақо ўзига хос шароитни бошқа тил, тафаккур ва мезонлар билан ўлчаётгандаймиз…

– Фахриёр, сиз менга шунақа саволлар бераётирсизки, ҳар бири бир китобга мавзу бўларли. Қани эди, кутилмаганда зўр бир файласуф чиқса-ю, ўзбек миллий фалсафаси ва тафаккурининг кечган асрдаги аҳволини бизга шарҳлаб берса. Кўнгил кўтарилармиди? Албатта, кўтарилмасди. Ғарб дунёси Фаробий, Ибн Сино, Ибн Рушд, Ибн Арабий каби алломаларнинг асарларини ўқиб-ўрганиб ва улардан илҳомланиб фалсафа жабҳасида қандоқ илгарилаганини сиз яхши биласиз. Бизда-чи? Бунинг акси. Хусусан, йигирманчи асрда юртимиздан бирорта ҳам улкан файласуф етишиб чиқмади. Нимага? Бунинг илк сабаби қуллик ва қарамликдадир. Абу Наср Фаробийнинг таъкидлаб ёзишича, «Ҳақиқатни тўғри англаб, англаганини амалга ошириш иродасига соҳиб одам ҳурдир. Тўғри тушунишдан йироқ, иродасиз кимса эса – қул. Илм ва фалсафа билан машғул одамларнинг кўпчилиги қулликда ана ўша қуллардан ортда қолмайдилар. Бундай олим ва файласуфларнинг илмидан ҳеч қандай фойда етмаганидек, уларнинг шахслари ҳам илм аҳлига фақат уят келтиради». Ҳақиқатни тўғри англаш ва уни ифодалаш иродасини мувофиқлаштиришга қодир олим ва ижодкор бугунги кунда ҳам камёб. Тўғри фикрлайдиганида кучли ирода йўқ, иродалироқларида эса дид ва савия чатоқ, ёки журъат омонат. Ахир, ғулдираш ва латтачайнарлик билан олимлик ўртасида фарқ борми, йўқми? Токайгача воқелик бир ёнда қолиб, жонсиз китоблар «бўстони»да ғимирлаб юриш мумкин?

– Менимча, адабиётимиздаги шеърий тафаккур устуворлиги миллат очиқкўнгиллигининг бир ифодаси бўлиб кўринади, аммо, шу билан бирга, мулоҳазакорлик сустлиги аломати эмасмикан, деган истиҳола ҳам туғдиради. Қачонгача «Ўткан кунлар»ни байроқ қилиб юрамиз? Наҳотки, ундан-да бақувватроқ романлар яратиш вақти келмаган бўлса?

– Аввал менга Абдулла Қодирий шахсияти ва санъатига яқинлайдиган ёзувчи пайдо бўлганлигини айтинг, ана ундан кейин ушбу саволингизга билганим қадар жавоб бераман.

– Шахс масаласига муносабатингизни билмоқчи эдим. Адабиётга ўқувчини эргаштирадиган қаҳрамонлар керак деймиз. Лекин ижодкор шахси-чи?

– Менимча, шахс муаммоси бугун адабиёт учун ҳам, миллат тақдири учун ҳам ниҳоятда муҳимдир. Ҳозир худди бир машҳур файласуфга ўхшаб кундуз куни чироқ кўтариб юртни кезиб чиқсангиз ҳам, ҳар жиҳатдан ибрат бўладиган беш-ўн бутун Одамни топа олмайсиз. Шахс дегани шу даражада майдалашиб, парчаланиб кетган. Бу фожиа шўро тўнтаришидан анча олдин бошланмаганда эди, халқимизнинг йигирманчи асрдаги ҳаёти ва маънавий руҳий аҳволи мутлақо бошқача бўлурди. Шахснинг муҳим бир белгиси қўрқув ва мутеликдан қутилиш, ғурурсизлик ва ҳар қандай ялтоқланишдан уялишдир. Ору номуснинг сусайиши – бу шахснинг заволи демак. Бу – моддий манфаатни ҳамма нарсадан устун кўриш дегани. Мавлоно Жалолиддин Румий «Сен фикрни шахс бил, эй жонажон», дейдилар. Ҳақ гап. Агар фикр ва тафаккурда янгиланишга эришилмаса, у ёки бу бадиий асар ҳаётнинг шафқатсиз ҳақиқатларига тўла инонтира олмаса, минг урининг, адабиёт қаҳрамонлари ортидан ўқувчини эргаштиролмайсиз. Адабиётга ишонч-ижодкор шахсига ишонч билан мустаҳкам боғлиқ. Китобхон ҳозир қайси машҳур ёзувчи ё шоир шахсининг куч-қувватига ҳеч иштибоҳсиз ишонади деб ўйлайсиз? Бу хусусда жиддий бош қотириш керак. Шунда адабий шахсият тушунчасининг бўш ва яроқсиз жойлари бирин-кетин очилиб боради…

– Яқинда бир шоир дўстимиз ўзбек адабиётини дунёга монийча муносабат, яъни нарсаларга яхши ёки ёмон, оқ ёки қора деб баҳо беришдан нарига ўтолмайди, дея баҳо берди. Буни унинг ҳозирги ўзбек адабиётида кечаётган жараёнлардан бехабарлиги деб тушуниш керакми ёки биз тан олгимиз келмаётган ҳақиқий аҳвол шундайми?

– Бизнинг адабиётимиз дунё ва ҳаёт ҳодисотларига «яхши ва ёмон, оқ ёки қора» деб баҳо беришдан аллақачон илгарилаб кетган. Бу адабиётнинг ками-камчиликлари бор, албатта. Лекин ютуқ ва зафарлари ҳам оз эмас. Шу билан бирга, адабиётнинг ҳозирги ҳолати бир қадар ташвишланарли эканини ҳам айтиш керак. Яқин ўртада адабиёт талантсиз, корчалон ва лўттибозлар майдонига дўнмаса деб чўчийман. Мен яқинда бир вилоятга борганимда, марказдаги дўконларда терилиб ётган китобларни кўриб ғалати ҳолатга тушдим. Ва беихтиёр Х.Л.Борхеснинг мана бу сўзлари эсга келди: «Истеъдодсизликни истеъдод ўлароқ қабул қилган адабиёт ўқувчини адабиётдан бездиради; шуни унутмангки, адабиётнинг кушандаси адабиётдир, бошқа бирон нарса эмас». Ана шу ҳақиқатни эътиборда тутиш лозим. Истеъдодсизларнинг олдинга чиқиши, яъни адабиётнинг кушандаси адабиёт бўлишига лоқайд қолмаслик керак. Қолгани ўз-ўзидан илгарилаб, адабиётда ўзгариш ва янгиланиш давом топиб бораверади.

Cуҳбат “Жаннатмакон” журналининг 2008 йил июл сонида чоп этилган.

Суҳбатдошлар ҳақида:

Ibrohim HaqqulИброҳим Ҳаққул Бухоро вилояти, Шофиркон туманида туғилган.Мумтоз ва замонавий адабиёт тадқиқига бағишланган «Бадиий сўз шукуҳи», «Занжирбанд шер қошида», «Шеърият – руҳий муносабат», «Абадият фарзандлари», «Тасаввуф ва шеърият», «Тақдир ва тафаккур», «Навоийга қайтиш», «Мерос ва моҳият» каби китоблари чоп этилган. Олимнинг айрим мақола ва китоблари турк, уйғур, озарбайжон, тожик ва рус тилларига таржима қилинган. Кўп йиллардан буён Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида фаолият юритади.

ФахриёрФахриёр (Фахриддин Низомов) 1963 йили Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилояти Хатирчи туманидаги Сангижумон қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1988). «Дарднинг шакли» (1987), «Аёлғу» (2000), «Геометрик баҳор» (2004) шеърий тўпламлари, «Янгиланиш анъаналари» (1988) публицистик мақолалар тўплами нашр этилган. Унинг таржимасида Т. Уинтер (Абдулҳаким Мурод)нинг «21-асрда ислом: постмодерн дунёда қиблани топиш» (2001) диний-фалсафий китоби нашр этилган.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 670

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *