Беҳзод Фазлиддин. «Сен қачон гуллайсан» (2008) китобидан шеърлар

Sen qachon gullaysan_1CУЮНЧИ

Оcмонда йиғлаб келдим –
Дардларим майса бўлди.
Ерда битта бўлса ҳам
Бахтсиз камайса бўлди.

Гарчи йиғлаб ҳар кеча
Тунларимни қон қилдим,
Тонгда гулдан тошгача
Табассум эҳсон қилдим.

Азобларинг – муҳтарам,
Мен дардингга харидор.
Товонимни ўпса ҳам,
Тиканларнинг ҳаққи бор.

Юрагимни уйғотган
Ғамларингга минг шукур.
Гардларимни йўқотган
Дардларингга ташаккур!

Энди Сенда парвойим,
Дунёни ютиб кетдим.
Суюнчи бер, Худойим,
Ўзимдан ўтиб кетдим.

2006 йил 6 апрел

ЯШАШГА ЖОЙ БОРМИ?

Лаҳзага тенгма-тенг ўчиб бораман,
Ўзимдан, сўзимдан чўчиб бораман.
Завол билмайдиган манзилни кўрсат,
Томирларим билан кўчиб бораман.

2005Sen qachon gullaysan_2

СЎРОҚ

Дилни дилга йўлламай,
Йўлни йўлга уламай.
Ҳеч йўқса, бир гулламай,
Сўлиб кетаверайми?

Танда бор чўғим шу, деб,
Бандалик чоғим шу, деб,
Менинг бор-йўғим шу, деб,
Нолиб кетаверайми?

Кўкламлар нафасида,
Гуллаш арафасида
Тошларнинг орасида
Қолиб кетаверайми?

Қандай кунга кўндим-ай,
Ич-ичимдан синдим-ай.
Ёнингизда индамай
Ўлиб кетаверайми?

Нега жимсиз?!

2004

***
Тирикмасман, ўлганга ҳам ўхшамайман,
Нажот сўраб келганга ҳам ўхшамайман.
Юрагимни ажин босди – қариб кетдим,
Йигирмага тўлганга ҳам ўхшамайман.

Ўзим учун қўйган бари шартим оғир,
Тушган жойин қуритади – гардим оғир.
Мен эртага қайта тура оламанми,
Жон олмаса кетмайдиган Дардим оғир.

Нурларимни тунлар учун зарба қилдим,
Кўнглим уйин кимлар учун Каъба қилдим.
Суякларим зирқиради – лаззатланиб
Тавба қилдим, тавба қилдим, тавба қилдим.

Яна чўллаб ётганимни билармикан,
Дарёларим кўкдан қайтиб келармикан?
Шеърларимни элчи қилсам, даргоҳида
Энг одил Шоҳ мени қабул қилармикан?

Тирикмасман, ўлганга ҳам ўхшамайман…

2005 йил 5 апрел     

УМРИМ

Бир лаҳзада осмон меники,
Бир лаҳзада яшаб оламан.
Бир лаҳзада босар ғам юки,
Бир лаҳзада… бўшаб қоламан.

2005 йил 7 май

***
Руҳим чинқиради, мендан тонади,
Уйғониб кетади яна орларим.
Бўғзимни куйдириб сўзлар ёнади,
Қачон туғилади ёруғ шеърларим?

Минг-минг йилдан бери турибди яшнаб,
Ишонса бўлади илдизларимга.
Сўниб бораяпти ўзимга ўхшаб,
Ота, нима бўлди юлдузларимга?

Лаҳзалар тўкилиб бормоқда баргдай,
Бир куни қақшайман уволларидан.
Қўрқиб кетаяпман, ҳали туғилмай,
Боламнинг эртанги саволларидан.

Юрагим минг битта жойидан синди,
Қачон бошланади Руҳимнинг тўйи?
Фақат битта таскин: ажабмас, энди
Мени одам қилса эртанинг ўйи…

2003 йил 23 апрел

ҚАЙГА ҲАМ БОРАРДИМ?

Хаёлнинг отида Ойга бораман,
Қушлар етолмаган жойга бораман.
Сал ўтмай, барибир, қулаб тушгайман –
Ушоқча дард билан қайга бораман?!

2005 йил 6 март

1983 – 2006

Мен йигирма йилдан кўпроқ кечикдим,
Қанча сарсон қилди бу юрак – дайди.
Ҳаёт ниҳолини жуда кеч экдим,
Қачон япроқ ёзиб, қачон гуллайди?!

Кимларнинг ортидан югурдим, шошдим,
Юлдузлар кўз қисиб мени чалғитди.
Яна хато қилдим, яна адашдим,
Гуноҳ лашкарлари жарга ирғитди.

Барглари қор элаб турган лоладай
Нурга ташна пайтда тутунга тўйдим.
Ўтга бориб қайта куйган боладай,
Мен яна ўзимни такрорлаб қўйдим.

Ҳаёт мен толибга қачон бошлар дарс,
Нега энди Яшаш келмас қўлимдан?
Буюк бўлганимда майда тошлармас,
Тоғлар чиқар эди юрган йўлимдан.

Эҳтимол, Бахтга ҳам бордир керагим,
Ҳалол мисраларим қўймас уятга.
Ҳозирча ўзимдай дардчил юрагим,
Қандай хизмат қилгай башариятга?

Майли, оққан сувлар, рози бўлинглар,
Жоним куйганида чанқоқ босдингиз.
Умри зилол бўлсин, дуо қилинглар,
Дардлари уйғонган буюк дўстингиз.

2006 йил 23 октябр

***
Кўксим тўла оғриқ, бўғзим тўла оҳ,
Менинг ўзим – армон, ҳар сўзим – армон.
Энди жим яшамоқ умримга гуноҳ,
Ҳозир мен ёрилиб кетаман, Осмон!

Жоним – азобларга чўмилган япроқ,
Умрим – зулматларда адашган зиё.
Сен мендан юз чандон бахтлисан, Тупроқ,
Мен Сендан юз чандон бахтлиман, Дунё.

Юрак эслатади ваъдаларимни,
Ялов бўлмоқчийдим, ўт бўлмоқчийдим.
Тақдирга тўнкамай зардаларимни
Ўзим бахт қизига юрт бўлмоқчийдим.

Сен берган имконлар беради далда,
Ҳали умидим кўп ғиротларимдан.
Синиб қолмайдими изғиринларда,
Қўрқиб кетаяпман қанотларимдан…

Булбуллар жўр бўлиб мени қутлайди
Санъатингдан олган санъатларимга.
Ҳали овозимдан дунё титрайди,
Худойим, инсоф бер журъатларимга!

2002 йил 24 август

***
Умримнинг ярмини йўлларга бердим,
Умримнинг ярмини гулларга бердим,
Ўзимга бермадим умримни…

Тилимни қонатиб Худога бордим,
Дилимни қонатиб Худога бордим,
Ўзига ўзимни олиб бормадим…

2006

ЙИГИРМА БИРИНЧИ БАҲОР

Дарахтлар қайтадан уйғониб бўлди,
Бу йилдан қушларнинг умиди катта.
Бугун манов ниҳол тўрт ёшга тўлди,
Гуллаш ярашади унга, албатта.

Кўкариш пайида турибди хаслар,
Куртаклар ҳаётга бўй чўзаётир.
Тошлар бағрида ҳам баҳорий ҳислар,
Барчаси мўъжиза, мўъжиза, ахир…

Қара, шундоққина ёнингда баҳор,
Осмон гуллаб бўлди, гуллади Замин.
Ҳозир юрагингда қорга нима бор,
Сен қачон гуллайсан, Беҳзод Фазлиддин?!

2004

ҲАЁТ
1
Кунларимдан зерикиб кетдим,
Дил юртида сокинлик – пойтахт.
Энди қачон манзилга етдим,
Имиллайди, вақт ўтмайди, вақт.
2
Йилларимни бой бериб қўйдим,
Лаҳзаларда қолиб кетди Бахт.
Мен ўзимни ўлдириб қўйдим,
Тирилишга Вақт етмайди, Вақт!

2004

МАНГУ САВОЛ

Нега ўзим билан келишолмайман?
Нега юрагимнинг тили қисиқ – жим?
Нега ўлим билан олишолмайман,
Нега «нега»лардан иборат умрим?

Нега?!

2007 йил 26 апрел

АНТОНИМ ДУНЁ

Тез келган ғам кетгайми секин,
Армон – яқин, орзулар – узоқ.
Шодлик – қиммат, азоблар – текин,
Гуноҳ тинмай қўяди тузоқ.

Паст баландга келмас мувофиқ,
Инкор этар кеча кундузни.
Ким Осмонга, ким Ерга ошиқ,
Нега ҳамма суймас Ёлғизни?

Қорни очнинг, балки, кўнгли тўқ,
Ҳаёт – қисқа, бунча узун йўл?
Гарчи бугун кўзларим қуруқ,
Юрагимнинг кўйлаклари ҳўл.

Уйғонаман, нафсим ухласа,
Мен йиғлайман, дунё кулади.
Қаршилар кўп, Худо хоҳласа,
Антонимим Ўлим бўлади.

2006 йил 11 апрел

***
Осмон билан тиллашмоқчиман,
Мени енгиб қўймоқда уйқу.
Мен Вақт билан беллашмоқчиман,
Ҳозир энг зўр рақибим ҳам У.

Ўзим учун ҳамма гап МЕНда,
Армонларим ўлиши керак.
Тенг келмагай икки куч бунда –
Кимдир мағлуб бўлиши керак!

2003

ҲАР КУНГИ ТАВБА

Яна кўзларимга кучим етмади,
Яна юрагимнинг бошига етдим.
Яна яшамадим – вақтни ютмадим,
Ҳаёнинг олдидан ҳаёсиз ўтдим.

Ахир, неча марта ишора қилдинг,
Ҳар битта заррангда юбординг ҳикмат.
Сен яна кўнглимга кирмоқчи бўлдинг,
Мен яна ўзимга қилмадим шафқат.

Юрагимни бошқа кимга ёраман?
Қанча кун ўлди –  мен билмаган, билган.
Ахир, ҳузурингга қандай бораман
Пўчоққа айланган йилларим билан!

Яна кўзларимга кучим етмади…

2006

ЭРТАГА

Ҳали сен бормисан, йўқми – билмайман,
Билганим – гуноҳим бўйимдан баланд.
Нега оғулардан ҳазар қилмайман,
Бу қашшоқ кўзларим нелар билан банд?

Бой берилган йиллар мени олмас тан,
Нажот сўраб қанча лаҳзалар ўлди.
Ўзимни ўзимга кўрсатолмасдан,
Соядай йўқолиб кетмасам бўлди.

Адоқсиз хатолар – ёнимдаги жар,
Қулаб кетсам, қайтиб Ҳаётга чиқмам.
Ўзим ўйлагандай ҳалол бўлса гар,
Нега томоғимга тиқилар луқмам?!

Шу безовта Руҳим бергайми кўмак,
Тундай ғамлар мени домига тортди.
Истаб-истамасдан айб қилдим, демак,
Нуқсонларинг яна биттага ортди.

О, ҳали ўзи йўқ жажжи меҳмоним,
Ҳозирдан тузоқ бор изчаларингга.
Кечмишимдан жонинг оғриса, Жоним,
Мен қандай қарайман кўзчаларингга?

Эҳтимол, тумандай тарқалар шубҳам,
Сен ҳам кўникарсан бу кўҳна ғамга.
Болам, ҳаётимдан нолиб ўтсанг ҳам,
Фақат тил теккиза кўрма Отамга!..

2006 йил 30 август

***
Кўксим оғриқлари кучайиб кетди,
Ғамлар томиримни кесиб боради.
Буюк орзуларим кичрайиб кетди,
Армоннинг бўйлари ўсиб боради.

Бир бора дардимни олмайди вужуд,
Дунёга тиз чўкиб толмайди вужуд,
Барибир, яшашни билмайди вужуд,
Руҳимнинг йўлини тўсиб боради.

Ҳаёт бир шафқатсиз ёвга ўхшайди,
Бировнинг ўрнига биров яшайди,
Гуноҳ қилган мен-у, болам қақшайди,
Умримни туманлар босиб боради.

Юрагим оч, ўзи, нелар ейман мен?
Наҳотки нур тушмас нохуш жойман мен?
Эртага Мезонга нима дейман мен?
Бўш қўллар тилимни қисиб боради…

2003 йил 8 май

***  
Ҳаволарга ишонмай қўйдим,
Ҳар лаҳзада кетиш хавфи бор.
Мен ҳеч кимни тушунмай қўйдим,
Юрагимнинг кимга нафи бор?

Яшай дедим – куним ўтмади,
Чарчамадим рўшнолик сўраб.
Кўзларимдан итлар кетмади,
Жим йиғладим Қуёшга қараб.

Ҳали сендан кўнглим ўлмаган,
Бер ўзимга ўзимдан нажот.
Борадиган жойим қолмаган,
Мени бошқа ҳайдама, Ҳаёт!

2005 йил 15 январ

***
Эриб борар кўксимдаги қор,
Тилим – гулзор, дилим – дуозор,
Худойимдан сўраганим бор,
Энди менинг яшашим осон.

Шукур айтиб ҳар деганига,
Берганига, бермаганига,
Яна умрим маънога эга,
Энди менинг яшашим осон.

Ҳар жоннинг ўз насибаси бор,
Ким шодлик, ким ғамга харидор,
Умидларнинг ўзи умидвор,
Энди менинг яшашим осон.

Боғларимга бўйлади баҳор,
Ўлмасликка сабаблар бисёр,
Бандаликдан бўлдим бахтиёр,
Энди менинг яшашим осон.

Айбларимни ёпиб келар У,
Гар мен юрсам, чопиб келар У,
Қайда бўлсам, топиб келар У,
Энди менинг яшашим осон.

Умидларим ростлаб борар қад,
Бу қандай бахт, қандай саодат –
Севишим ҳам бўлса ибодат!
Энди менинг яшашим осон.

2007 йил 26 апрел

***
Қанча баргларимни тўкдим беҳуда,
Қанча новдаларим бевақт қайрилди,
Йиллар шохларимга гуноҳлар илди,
Қуёш, бор нурингни кўксимга пуда.

Ҳеч ким эшитмади ўзимдан бошқа
Тунлари туғилган ҳур сўзларимни.
Кесмоқчи бўлган ким илдизларимни?!
Тошларнинг зулмидан юрагим қашқа.

Уйқу бермаётган оғриқларим чин,
Ҳали ҳаволарда қанча ҳаққим бор,
Менинг дарахтлардан битта фарқим бор:
Истаган пайтимда гуллашим мумкин.

2006 йил 8 июл

ХУЛОСА

Ҳали тонг келади тунларни отиб,
Ўлимни кузатиб қўяй юртига.
Бугунимга нима ёзгансан, Котиб,
Кимнинг юрагига борай эртага?

Йиллар ғалвирида қанча эландим,
Босиб кетаверди қорлар изимни.
Томирларимгача Ишққа уландим,
Юрагимга сургун қилдим ўзимни.

Ҳали еллар билан чопса бўлади,
Узайтириш мумкин Бахтнинг умрини.
Ҳаётнинг кўнглини топса бўлади,
Кутиб ўтирмайман Вақтнинг амрини.

Ажал ҳам зерикди, шекилли, роса,
Энди чақирмасам, қайтиб келмайди.
Милёнта дардимдан битта хулоса:
Ўлиб кўрмай туриб яшаб бўлмайди.

2005 йил 8 апрел

ИШҚВАТАН

Энг тўғри баҳони халқ берган,
Эркинлик – ҳақ сўзга итоат.
Шу юртни суйсин деб Ҳақ берган,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Ялтироқ хорижнинг либоси,
Кўзларни ўйнатар жилоси,
Тупроқча бўлолмас тиллоси…
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Онангга яхшилик қилгандай,
Отангнинг кўнглини олгандай,
Болангга Бахт мерос қолгандай,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Қалбингга иймонни тож қилгин,
Йўлида жонингни харж қилгин,
Ватанда туриб ҳам ҳаж қилгин,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Бахт пайдо Эл деган дардингдан,
Кўнглингни кўчирма юртингдан,
Қуёшни эргаштир ортингдан,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Гарчи Ой олисдир, йўл йироқ,
Муҳаббат – беминнат йўлчироқ,
Эй, Ўзбек – манглайи ярқироқ,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

2007 йил 9 май

МАНЗИЛ

Булоқлардан тоза кўзёшман,
Халқдан чиқиб халққа бораман.
Мен шундай бир ўжар қуёшман,
Шарқдан чиқиб Шарққа бораман.

2007 йил 31 июл

БАХТ БИЛАН ТАНИШУВ

Қаерларда адашдинг, Дийдор?
Бир чеҳрани ёмон соғиндим.
Кел, ёнимда гуллагин, дилдор,
Сенсиз баҳорлардан оғриндим.

Томчилари тоғлардан оғир,
Юрагимни айламиш нишон,
Кўз юртингда тинмайди ёмғир,
Қуёш менинг қўлимда, ишон.

Исмимни айт, тонглар уйғонсин,
Мени эсла – кулсин ҳаётинг.
Хотиралар кўнглингни олсин,
Асраб келар умримни ёдинг.

Тўйгунича ёғиб олсин, деб
Тан бериш йўқ қору дўлларга.
Тунлари ҳам ёруғ бўлсин, деб
Юлдуз ёқиб қўйдим йўлларга…

Улуғ ишга боғлаганман бел,
Йўлга чиқдим азиз аҳд билан.
Кўзим нури, сен ҳам тезроқ кел,
Таништириб қўяй Бахт билан.

2007 йил 12 май

БАХТНИНГ УШОҒИ

Сойлар юрагимни ювиб ўтмади,
Нур тушса, кетарми кўксимнинг доғи?
Гуллар ғамларимни қувиб ўтмади,
Армон қушларининг борми адоғи?

Бу дунёнинг феъли мени суймайди,
Кунда томиримни кесиб тўймайди,
Ё жон ола қолмас, ё тинч қўймайди,
Қон қилди дардимнинг ўтмас пичоғи.

Оламни ўйлатган ўйларим қани?
Борлиқни покловчи бўйларим қани?
Осмонни ўртаган куйларим қани?
Кўнглим – Худойимнинг ғариб машшоғи.

Кўкдан томчи келди, кўзларим тўлди,
Ўзинг бир Сўз айтдинг – сўзларим ўлди.
Энди Ойга элтиб ташласанг бўлди,
Менга етиб борар Бахтнинг ушоғи…

2006 йил 7 май

ЙЎЛ

Ғариб кунлар бардошимни ичиб борар,
Қай манзилда чанқоқ босай, қайда тўхтай?
Бўғиламан – ҳаволар ҳам қочиб борар,
Бу дунёда мендан бошқа ёмон йўқдай.

Ийманади ғамдан олдин юз очгани,
Орзуларни дил тахтига михлаб қўйдим.
Яна қанча муддат керак кўз очгани,
Мен шундоқ ҳам йигирма йил ухлаб қўйдим.

Увол қилмай – эрмак учун ўлдирмасдан,
Лаҳзаларни капалакдай тутаверсам.
Худойимдан бошқасига билдирмасдан,
Чумолидай ризқим териб кетаверсам.

Етолмасин, мангу ортда қолиб кетсин,
Армонларнинг қушларига дон бермайман.
Андуҳларим мендан олдин ўлиб кетсин,
Қуёшни бир ўпмай туриб жон бермайман…

2006 йил 7 октябр

ТУШУНМОВЧИЛИК

Бўлди, йиғламайман, бўлди – кулмайман,
Юрагингни ортиқ этмайман безор.
Ўзимдан бошқани хафа қилмайман,
Ўзимдан бошқага бермайман озор.

Кимларнинг кўнглига қараб кун кўрдим,
Ялиниб бормайман Бахтнинг ёнига.
Кулиб бахтсизларга халақит бердим,
Йиғлаб бахтлиларнинг тегдим жонига.

2006 йил 30 сентябр

БЕБАХТ БАҲОР

Элчи Қуёш кўкдан етказди пайғом,
Ҳаммаёқ нурланган, ҳамма гул кийган.
Ё қудрат Соҳиби, бу қандай айём,
Қумурсқаларгача севилган, суйган.

Ерни гуллатишга ичганми қасам,
Тошларни ҳам қуруқ қўймабди Баҳор.
Қўрқаман, тўкилиб кетар қарасам,
Менинг кўзларимда бир томчи заҳар…

2006 йил 10 сентябр

ҚЎНҒИРОҚ

Уйимни тўлдирган жимликни бузиб,
Ҳаётни эслатиб янграр қўнғироқ.
Олисдан бир гўзал (кўзини сузиб)
Гапирар, адашиб тушибди бироқ.

Ўзим билан ёлғиз қоларман яна,
Домига тортади хаёллар – денгиз…
Телефон!.. Жунбушга келади хона,
Яна ўша “Бошқа жойга тушдингиз”.

Наҳот, ҳамма мендай адашган, ёнар,
Саволлар тош бўлиб урилар бошга.
Ҳар сафар алмашиб қолар рақамлар,
Сўраган бегона, сўралган бошқа…

Ҳамон довдирайман, Руҳимда тўфон,
Мени шу симларга боғлаб қўйган Вақт.
Юрагим жиринглар – жонли телефон,
Эҳтимол, қўнғироқ қилаётган – Бахт…

2006

КЕЛДИМ

Гуллар ранг алмашиб зерикмадилар,
Дунё товланишдан чарчамади ҳеч.
Ирмоқлар кўксимда бирикмадилар,
Келиб кўзларимдан кишанларни еч.

Бору йўғим билан ўзимга хосман,
Беназир ишқимдан ҳануз кўнглим тўқ.
Қанча юлдуз тўкди пойимга осмон,
Кўз учида бўлсин, қараганим йўқ.

Бошимни эгмоқчи эди ранж-алам,
Мудом борлигингни билиб яшадим.
Сени билмасам ҳам, танимасам ҳам,
Ёдингни машъала қилиб яшадим.

Бахт шундоқ ёнимдан кетди бурилиб,
Ишқ ҳаққи, тилимни тишлаб турибман.
Шунча йилдан бери ўлиб-тирилиб,
Сен учун ўзимни асраб юрибман.

Асло тополмасин қайғу изингни,
Кулавер, ўрнингга мен сиқиламан.
Уйқуларингда ҳам асра ўзингни,
Сенга шамол тегса, мен йиқиламан.

Ой яна бепарво кўчамдан ўтар,
Шошиб Вақтдан олдин қошингга елдим.
Кўзларингни очгин, пардани кўтар,
Қара, тушларингдан чиқиб мен келдим!

2007 йил 29 июл

ЖОНИМ

Ўт ичида яшаш осонми, Жоним,
Нечуксиз? Жонингиз омонми, Жоним?
Айириб қўйишди йўлларимизни,
Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?

Кўнгилнинг юртидан кетиб бўлмайди.
Синовсиз манзилга етиб бўлмайди.
Ахир муҳаббатнинг кўчаларидан
Юракка тош солиб ўтиб бўлмайди.

Ер, Само биз билан – қисинмайдилар,
Ўткинчи кучларга бўйсунмайдилар.
Тушуниб турибди Худойим бизни,
Нега бандалари тушунмайдилар?!

Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?..

2004

***
Битта Ишқ дунёга етиши мумкин,
Сенсиз ҳаётимда қолармиди ранг.
Уйғонолмай ўтиб кетишим мумкин,
Ўзинг кўзларимга кириб келмасанг.

Яшашга етади қалбимнинг кучи,
Ишон, кипригингга тегмайди ғубор.
Истасанг, шартлар қўй ёнмоғим учун,
Майли, ўтга юбор, оташга юбор.

Фақат менсиз Бахтнинг олдига борма,
Нимага яралдим Вақтдай елмасам?
Юрагингни берма, борингни берма,
Умрингга қуёшлар олиб келмасам.

Кафтимга юлдузлар қўндириб келай,
Буюк эканимга ишонтир, тегин.
Бориб осмонларни ёндириб келай,
Жоним, яна битта “Севмайман” дегин…

2006 йил 8 май

МЕНДАН ЯХШИ ЁМОН ЙЎҚ

Кўнглингизнинг кўшкини ёполмайсиз, барибир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир.

Мингта булбул нағмаси битта изҳоримча йўқ,
Дунёларнинг роҳати зарра озоримча йўқ.

Кўзингизга ўт ёқар кўкка чизиб расмимни –
Иниларим юлдузлар эслатади исмимни.

Кейин қандай яшайсиз – ҳаволар ҳам ёқмайди,
Оворалар бўлибсиз, менсиз Қуёш чиқмайди.

Изингизга гул отган дунёларнинг кўнгли кир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир…

2006 йил 5 апрел

САВОЛ

Кўзингизда кулган бахтми, армонми?
Севилиш осонми, севиш осонми?
Сизсиз яшолмайман, деб чарчамайсиз,
Жоним, ҳаётингиз шунча арзонми?!

2006 йил 4 апрел

СЕВГИСЎЗ

Худойим, сўнгги бор менга имкон бер,
Яна озроқ севай – озгина яшай.
Бу гал гуноҳимдан ўтиб қўявер,
Нурсиз ҳаётимга маънолар қўшай.

Шундоқ ҳам боримни бой бердим Вақтга,
Қанча йиллар ўтди беишқ, бемазмун.
Боргим келмаяпти Севгисиз Бахтга,
Шундоқ ҳам умримнинг куйлари маҳзун.

Нафас олишни ҳам унутган эдим,
Чиройли йиғламай қўйганди Дил ҳам.
Мен шундай, мен шундай Дард кутган эдим,
Бизни яшнатади, поклайди бу Ғам.

Худойим, яшашни энди ўргандим,
Уни яна эслай, яна соғинай.
Уни кўргунимча ўлиб бўлгандим,
Энди кўзларида қайта туғилай.

Художон, жон Худо, менга имкон бер,
Яна озроқ севай – озгина яшай…

2006 йил 23 июл

***
Йилларни бир коса сувдай сипқордим,
Тош кунлар аямай бошимни ёрди.
Яшолмайман, дедим – Худога бордим,
Худо яна мени Сенга юборди.

Ўзимни кўнглингда адаштирайми,
Сен мени ўзингга ўзинг топиб бер.
Умримни кўзингга алмаштирайми,
Кўзинг тўла орзу – кўзинг тўла шеър.

Боримча кўнглимга ўралган эдим,
Мен бугун тақдирга ютқазиб ютдим.
Аввалимда Ишқдан яралган эдим,
Охирда ҳам Ишққа айланиб кетдим…

2006

***
Аллақачон тўзиб кетардим, балки,
Ва ё ғамлар мени этарди адо.
Кимнингдир кўнглини олгандирманки,
Юрагимни асраб келяпти Худо.

Ўзи яқин олди мени Ўзига,
Кунда Қуёш бўлиб йўқлаб турибди.
Мен айтган тоза бир Сўз эвазига
Қилдай ҳаётимни сақлаб турибди.

Нимага кўзимда юлдуз кам – Ишқ кам,
Мен ношуд умримни кимларга бердим?
Кўксим нурга тўлиб битта гул эксам,
Орқасидан ўнта ниҳол синдирдим…

Барибир, кўнглимга келаверди У,
Кечирилиб кетди ҳар қандай хато.
Ахир мен севишни ўрганяпман-ку,
Севгини севганни севади Худо…

2006 йил 30 июл

***
Кўзингдаги селларингни қуритаман,
Ғамларингнинг тиши сингай – қаритаман.
Зарраман-у, тафтим мингта қуёшга тенг,
Шам бўлсам ҳам йўлларингни ёритаман.

Ҳаётингни хаёлимга ўраб тургин,
Совиб қолсанг, чўғларимдан сўраб тургин.
Фақат ўзинг ўчишимга қўйма мени –
Фақат ўзинг кўзларимга қараб тургин.

2005 йил 5 апрел

***
Олтин армонларда оқиб борар куз…
Меваларим айни етилган, пишган.
Жон Қушчам, сен мендан хаёлингни уз,
Ахир илдизимга қанча қурт тушган!

Кумуш кечалари ёнимдан жилмай,
Шаънимга юлдузлар айтар эди шеър.
Қанча таъзим қилмай, қанча эгилмай,
Мендан узоқлашиб бораверди Ер…

Яланғоч қолсам ҳам, патларинг билан
Йиллар ярасига сурасан малҳам.
Ҳали маъюс боғлар қолади биздан,
Мен дарахт бўлсам ҳам учаман, Қушчам!

2007 йил 7 ноябр

***
Қачон кўзларингга султон бўламан?
Қаерда жонингга туташган йўлак?
Кўчангни қидириб нима қиламан,
Менга юрагингнинг манзили керак!

2003 йил 26 март

***
Кўзларимнинг косасига юлдуз тердим,
Дилингизнинг дастурхони очиқми, Ёр?
Жонингизга юрагимдан илдиз бердим,
Меҳрингизнинг чироқлари ўчиқми, Ёр?

Жонни ҳижрон бойқушлари чўқимасин,
Айрилиқнинг ғорларини тарк этайлик.
Ишқимизга ёлғон чўпчак тўқилмасин,
Кўнглимизни гул қатига беркитайлик.

Рашкингизни тарозига қўйиб келинг,
Ўзга гулга ёқиш учун уринмайман.
Вафо деган либосингиз кийиб келинг,
Ўзингиздан бошқасига кўринмайман.

Соя каби бу ғамларнинг ўтмас тиши,
Бор умидни армонларга боғлаб қўйманг.
Ахир бизни бахтли қилиш – Ҳақнинг иши,
Янглишиб ҳам ўзгасига йиғлаб қўйманг.

Кўзларимнинг косасига юлдуз тердим,
Дилингизнинг дастурхони очиқми, Ёр?

2006 йил 27 август

КЕРАКЛИ ОДАМГА

Керагидан ортиқ йиғлайсиз –
Керагидан ортиқ қийнайман.
Хаёлимга арқон боғлайсиз –
Керагидан ортиқ ўйлайман.
Азобларим менинг бари – сир,
Сиз ухлайсиз, Сиз бедараксиз.
Жоним, ҳозир менга, барибир,
Керагидан ортиқ кераксиз.

2005 йил 15 апрел

 

2005 йил 15 апрел

АЛАМ–О…

Осмонлардан жой топиб олдим,
Энди Сизга биров бўламан.
Излаб-излаб Ой топиб олдим,
Юлдузларга куёв бўламан.

Сўкилгани қолди кўнглимнинг,
Тушиб кетди қўлларингиздан.
Тўкилгани қолди кўнглимнинг,
Териб олдим йўлларингиздан.

Менинг умрим – ишқий бир ғазал,
Муаллифи – меҳрибон Эгам.
Ой, барибир, жуда ҳам гўзал,
Юзларида доғи бўлса ҳам.

Нурларини қизғанмайди у,
Кўзларимда жилмаяр жолам.
Соғинмайман, деган эдим-ку,
Ер Ойига алам-о, алам.

Энди Сизга биров бўламан…

2006 йил 21 июл

ДЕВОНА

У ёним ўт, бу ёним ўт,
Ҳар қадамда чўғлонаман.
Нега унинг юраги бут,
Нега фақат мен ёнаман?

Кўнглидан сўз қалқиб чиқсин,
Жон-жонини қирқиб чиқсин,
Тушларида қўрқиб чиқсин,
Йиғлаб юрган девонаман.

Тангрим, ёмон дема мени,
Тўхтатади нима мени?
Кўзларига қама мени,
Ахир, мен ҳам бир донаман.

Умрида бир савол бўлай,
Тинч қўймаган хаёл бўлай,
У сўраган иқбол бўлай,
Шу тилакка парвонаман.

Ҳаёт – синов куни, дейман,
Хоҳламасанг, нени дейман?
Раббим, фақат Сени дейман,
Энди унга бегонаман.

2005 йил 25 феврал

МУҲТОЖЛИК

Йўқ нарса сўралар, одатда,
Кимларнинг қўлига қарайман?
Севсам-у, нега ҳар соатда
Мен Сендан муҳаббат сўрайман?

2006 йил 7 сентябр

БАХТ МАНЗИЛИ

Отам бизни мендан бахтли бўлсин, деди,
Онам бизни умри нурга тўлсин, деди.

Йўлимизда кунларини қурбон қилиб,
Ойга чиқдик елкаларин нарвон қилиб.

Ғамларини кўзларига қамаб қўйди,
Юраклари кемтик эди, ямаб қўйди.

Юзимизга шамол тегмай катта бўлдик,
Бошимизни ерга эгмай катта бўлдик.

Қайғулари олам экан, олам экан,
Оламлардан кенгроқ олам отам экан.

Қорлар ёғса, қучоғига қочиб бордик,
Сочларига оқ гулларни сочиб бордик.

Кўнглингизнинг дарёларин кўп қуритдик,
Она, Сизни меҳнат эмас, биз қаритдик.

Ёнингизда не талашдик – ғавғо қилдик,
Эвазига фақат дардлар совға қилдик.

Умрингизни ўғирладик, ёшлик қурсин,
Худо Сизга кўпроқ қилиб қайтиб берсин…

2006 йил 12 ноябр

***
Томоқларим қуриб кетди – чўллаяпман,
Ўзи дилни қай кўлмакда ҳўллаяпман?
Мен бу галги баҳорни лол этмоқчийдим,
Она, бугун сочингизда гуллаяпман.

Ишонгандим, кўзлар мени сотиб кетди.
Аямади – сўзлар мени отиб кетди.
Дардим бор-ку, нега бунча дудуқландим,
Забонимни тўтиқушлар ютиб кетди.

Юзларимда муҳаббатнинг сўқмоқлари,
Дунёларни ёқмайдими чақмоқларим?
Тупроқ эдим, тупроқларга ботиб кетдим,
Гуноҳларим ўсаяпти, гуноҳларим.

Тутаб-тутаб кўк бағрини тиғлаяпман,
Юрагимдан бошқа жойга сиғмаяпман.
Кўксимдаги оғриқларим ёлғонмиди,
Осмонларни йиғлатолмай йиғлаяпман.

Она, менга нима бўлди?!

2004 йил 10 сентябр

***
Наҳот шеърларимга кунингиз қолди,
Она, айланишдан тўхтамоқда Ер.
Кўзингизга боқиб, тилим йўқолди,
Ахир пойингиз – шеър, қадамингиз – шеър.

Қачон зардобларим топади барҳам,
Мен қачон тўкилиб бераман Сизга?
Жонимдан товонлар тўлаб борсам ҳам,
Умрим арзимайди дардларингизга.

Илҳом парилари чўрингизмиди,
Бир имо қилсангиз, қошингизда жам.
Умрим бу – энг маҳзун шеърингизмиди,
Шоиргина Онам, шоира Онам?

Дунё сўз сўрайди мендан, жўрттага,
Шамоллар устимдан кулган бўлади.
Бугун чидаб турай, Она, эртага
Мени ғамларингиз Шоир қилади.

2005 йил 23 апрел

ЗИЁРАТ

Фаришталар кўнглимни нурга ўраб қўйдилар,
Осонгина уйғондим қушлар азон айтганда.
Мени қутлаб дарахтлар оппоқ либос кийдилар,
Кўкка учган ҳисларим мужда олиб қайтганда.

Иссиққина бағримда эриб кетди ушбу тун,
Қарамасам, юлдузлар нега қовоқ солгайлар?
Капалак қанотида йўлга отландим бугун,
Мени кўҳна саройда гуллар кутиб олгайлар.

Тошдан қаттиқ бошимни ёролмади тош кунлар,
Йиқилсам ҳам, тўзсам ҳам манзилимга етяпман.
Йўлларимдан қочинглар, ҳой, меҳри йўқ мошинлар,
Мен Онамнинг олдига – зиёратга кетяпман!

Сафаримда сарғаймай, яшнаб борай қошига,
Кипригимга етмасдан тўкилмоқда чанг йиллар.
Эргаштириб тоғларни бошлаб борай қошига,
Онасининг пойида подшоҳ бўлгай ўғиллар…

2007 йил 30 август

БУЮКЛИК

Она, сизни китоб қиламан
Ёки ўзим китоб бўламан.

2006

ОТАМЛАШУВ

Бу дунё – ғалвали уй, дейсиз,
Ҳар жонда минг ташвиш, ўй, дейсиз,
Ўзимга сиғмайман, сиз ҳар гал
Кўп гапирмай, чойдан қуй, дейсиз.

Мен озиб-ёзиб бир боргандим,
Озурда кўнглимни ёргандим,
Йиғламай йиғлашни ўргандим,
Тишингни тишингга қўй, дейсиз.

Кўзимда дунёча ёш бўлса,
Кўксимда бир уюм тош бўлса,
Наҳотки, белбоғим бўш бўлса?
Ҳар нени ҳикматга йўй, дейсиз.

Кечалар бахтимни туш кўриб,
Биргина бошимни қўш кўриб,
Катта бўлганимни хуш кўриб,
Қачон яна элга тўй дейсиз?

2007 йил 9 март

ОНАМ ЁЗОЛМАГАН ШЕЪР

Сочларимда оқ гуллар,
Кел, уларни тер, болам.
Йўлингга муштоқ йўллар,
Болам бўлиб бер, болам.

Кўксимга Ой беркитдим,
Юлдузларга чой тутдим.
Отангдан ҳам кўп кутдим,
Бахтим бўлиб бер, болам.

Титраган созингни қўй,
Бўғиқ овозингни қўй.
Қалам-қоғозингни қўй,
Ўғлим бўлиб бер, болам.

Йўл учун туққанмидим,
Гул учун туққанмидим,
Пул учун туққанмидим,
Борим бўлиб бер, болам.

Қалдирғоч синглинг беҳол,
Қанотидан хатни ол.
Ишинг кўпдир, эҳтимол,
Келмай қўявер, болам…

2006 йил 26 август

ҚАЙТИШ

Қандай тоза, қандай оқ эдим,
От чопардим Қуёшни ушлаб.
Бу ерларга Бахт излаб келдим,
Унда Онам – бахтимни ташлаб.

Учиб кетди ранго-ранг йиллар
Баргдай заиф қилиб ҳолимни.
Ортга қайтмас бу қайсар йиллар
Қайга олиб борар жонимни?

Тоғу тошни куйлатиб чунон,
Қайнар эдим булоқлар билан.
Олисларда юрибман сарсон
Хира тортган чироқлар билан.

Гуллар кутди бағрин қон қилиб,
Дил олдида қолдим уятга.
Бир бахтиёр капалак бўлиб
Учгим келар ўша жаннатга.

Чақмоқлари бошимни ёрса…
Омонат бир ўгай жойдаман.
Осмон мени қўйиб юборса,
Ёмғир бўлиб сизга қайтаман.

Хушхабарни етказсин бехос,
Дарахтларга бериб қўйдим хат.
Шу довондан ўтиб олсам, бас,
Шу довондан у ёғи – жаннат!..

2008 йил 27 – 28 январ

ЭНГ АЧЧИҚ БАҲОНА

Қорин тинч қўймайди – нон топиш керак,
Ташвишлар судрайди мени ҳар томон.
Ўзини эсидан чиқарди Юрак,
Яшашга вақт қайда, Онажон?!

2004

***
Кўчалар кўнглимга ўхшайди –
Бағрига сокинлик сиғмаган.
Кечалар синглимга ўхшайди –
Йиғласам, қўшилиб йиғлаган.

Манзилга элтади автобус,
Мен қаён бораман – билмадим.
Кўксимни йиртади бир номус:
Наҳот шу темирча бўлмадим?!

Кунларим тўкилиб боради,
Кечаги вақт – писта пўчоғи.
Кўксимда поездлар юради,
Юрагим – бекатлар ўчоғи.

Хаёлнинг охири қаерда,
Осмондан нималар тилайман?
Онамнинг бағри қон у ерда,
Мен бунда музқаймоқ ялайман…

2003 йил 14 май

***
Наҳот дийдам шунчалар қаттиқ,
Бешафқатсан, Ҳаёт, бешафқат.
Ҳеч кимим йўқ ўзимдан ортиқ,
Онам учун тополмайман Вақт.

2003

АЙБНОМА

Беҳзод Фазлиддинга айтиб қўйинглар,
Бу тун ҳам ухламай чиқди отаси.
Узун бўлиб кетди, тилин қийинглар,
Онаси кўксида ғамлар шодаси.

Қишлар келиб бўлди, у гап тузгунча,
Бир бор ҳовлисида қор кураб берсин.
Бировга ёқай деб гуллар узгунча,
Бориб онасининг дардини терсин.

Кейин гуллайверсин, кўкарсин, майли,
Отанинг дуоси бошлагай тахтга.
Нега толеидан йўллари айри,
Онасиз ҳам бориш мумкинми Бахтга?!

Ишига ишқ қўйган қандай фарзандки,
Лоақал кўнглини очиб  кетмайди.
Дарвоқе, у кишим шунчалар бандки,
Ўзидан бошқага вақти етмайди…

2007 йил 13 январ

ТАСКИН

Она, гарчи ҳамон ўзимга зорман,
Кўзингизга кирсам, юрагимдан кенг.
Ташқарида пойлаб турибди Армон,
Ўғлим ҳали-бери чиқмас экан, денг.

Ҳар қадамда чоҳга тортиши мумкин,
Оёғим остида ухлайди кулфат.
Сабрим кўйлагини йиртиши мумкин,
Кичкина ғамларга бўлмайман улфат.

Кўксимга Нур кириб турса, бўлди-да,
Қувиб етолмагай  Вақт деган бир ўқ.
Анча ёшман кекса дардлар олдида,
Ҳали севишга ҳам улгурганим йўқ.

Она, қанотларим дардимдай оғир,
Қушдай бу уйқумни оромга йўйинг.
Бахт кутиб туришни билмайди, ахир,
Қуёш уйғонмасдан уйғотиб қўйинг…

2006

CЎЗ

Мен Ундан уялдим, мен Ундан қўрқдим,
Кўнглимни таржима қилолмади У.
Оёғидан қирқдим, бошидан қирқдим,
Барибир, меники бўлолмади У.

Ундан кетолмайман, Ундан қолмайман,
Тақдирим У билан шерик-ку, Она.
Унга етолмайман, лекин толмайман,
Бу дунё Сўз билан тирик-ку, Она!

2004

ШОИР

Ҳамма сўзлар Сеники эди,
Сочдинг, териб олавердим жим.
Бу олтинлар меники энди,
Мен энг бахтли ўғриман, Тангрим!

2006 йил 15 август

ИҚРОР

Тунларга йиғладим. Ойга ёрилдим,
Жонимдан товонлар тўлаётирман.
Ўзимча ўйлардим: «Шеърга йўғрилдим».
Бугун битта Сўз деб ўлаётирман.

Арзийди осмонлар бағримга келса,
Ахир, юлдузлардан кўп менинг дардим.
Қанийди, қанийди, имкони бўлса,
Кўнглимни кўрсатиб қўя қолардим.

Елкамда тоғлар бор – кўтаролмайман,
Нимага хабар йўқ юлдузларимдан?
Бу кетишда бошқа кўкаролмайман,
Ажралиб қолдимми илдизларимдан?!

Менинг осмонларим қайда – билмайман,
Фақат билиб олдим ушоқлигимни.
Тавба қилдим. Ортиқ даъво қилмайман,
Мен энди тушундим қашшоқлигимни.

2004

ОСТОНА

Адабиёт, менга ишонасанми?
Сенга тақдир деган йўлимни берсам,
Ҳеч кимга бермаган қўлимни берсам,
Бор-йўқ бойлигимни – Дилимни берсам.

Адабиёт, менга ишонасанми?
Буюк сўзлар ухлар тилим учида,
Умидлар жон сақлар жоним ичида.
Озгина эркалик қилсам ҳам чида.

Адабиёт, менга ишонасанми?
Доғингда қанчалаб қонлар ичилган,
Ғамга тўлиб оққан сойлар кечилган,
Нетай, йўлларингга ризқим сочилган.

Адабиёт, менга ишонасанми?
Тунларни кунларга улаб чиқарман,
Ҳаётнинг тилидан сўзлар йиғарман,
Ерга сиғмасам ҳам шеърга сиғарман.

Адабиёт,  мени тушунасанми?

2006 йил 20 декабр

ҚИСМАТ

Риёни билмайди азим дарахтлар,
Ҳеч кимга сездирмай қилар ибодат.
Сирларин бой бермас, ўтса-да вақтлар,
Мудом сукут одат, тафаккур одат.

Жони оғрийдими – безовта, бедор,
Баъзан ошиқлардай сармаст ҳислардан.
Дарахтлар капалак каби беозор,
Ким зиён кўрибди шу мунислардан?

Мен ҳам битта дарахт бўлгим келганди,
Шохларига қуёш, ойлар осилган.
Фақат бахтсизлигим ё бахтимгами,
Пешонамга Одам бўлиш ёзилган…

2006 йил 12 ноябр

«НИМАДИР” НИМА?

Ойни ким узиб олди?
Тоғларда ҳам ҳайбат йўқ.
Қуёш қайга йўқолди?
Дарахтларда ҳайрат йўқ.
Нимадир қилиш керак…

Адабиёт ҳали ҳам
Ёлғонларга бермас чап.
Янгиланди кўҳна ғам,
Ҳаммаёқда эски гап.
Нимадир дейиш керак…

2006 йил 3 сентябр

УЧИРМАЛАР

Ҳузурингга ўчиб бориб, ёниб келдим,
Ўзимни ҳам, сўзимни ҳам таниб келдим,
Охир бориб тақдиримга кўниб келдим.

Забонимни поклаб олдим исминг билан,
Руҳим ўзи тилга кирди изминг билан,
Бори умрим шеърга кўчди назминг билан.

Қанча дардлар келиб-кетди – номламадим,
Уммон эди, кўзёшимни жамламадим,
Бу ғамларни эрмак учун ғамламадим.

Йўлларим кўп, йўл тополмай ҳайрон ўзим,
Дунёларнинг қўлларида айрон ўзим,
Сайёдини яхши кўрган жайрон ўзим.

Юрагимга сон-саноқсиз талаб қўйдим,
Совимасин, дедим – ўтлар қалаб қўйдим,
Илдизимни тупроқларга улаб қўйдим…

2007 йил 13 январ

ОҒРИҚ

Қанча кунлар қазо бўлди,
Жонимизга жазо бўлди.
Биздан кимлар ризо бўлди?
Эгамизга нима деймиз?

Иймон азим дарахтдир хўб,
Япроғидан меваси кўп,
Шохларини синдирдик хўп,
Эгамизга нима деймиз?

Капалакка қўл бермадик,
Чумолига йўл бермадик,
Дил олмадик, дил бермадик,
Эгамизга нима деймиз?

Уйғонгимиз келмас сира,
Кўзимизни босган шира,
Борган сари кўнгил хира,
Эгамизга нима деймиз?

Шайтон бунча соҳибжамол?!
Қонимизда топар камол,
Ҳаётимиз – битта савол:
Эгамизга нима деймиз?

2007

БИЗ

Кўҳна хотиралар маҳзун кўз очди,
Ҳаёт қозонида кўпайди камлар.
Қуёш чиққанига минг йилдан ошди,
Нега уйғонмайди одамлар?!

Қадамлар ножўя, қадамлар оғир,
Гиёҳлар кўзида оби замзамлар.
Юзини яшириб йиғламоқда Ер,
Нега ишонмайди одамлар?!

Қўлларида Чўғни асрагай қандай,
Наҳот ўчиб борар асрий бу шамлар?
Жаннатга буюртма бериб қўйгандай,
Нега шошилмайди одамлар?!

Шабнамлар алвидо айтдилар сокин,
Бир нурли висолдан титраган дамлар.
Бу тонг охиргиси бўлиши мумкин…
Нега тушунмайди одамлар?!

2008 йил 30 – 31 январ

ЎЗИГА

Чақирсанг, ҳеч қаерга чекинмасдан келдим-ку,
Тоғларнинг орқасига бекинмасдан келдим-ку.
Қарғаларнинг тилига инсоф тилаб яшадим,
Ўзимдан бошқасига тегинмасдан келдим-ку.
Энди ҳолимни сўра.

Қачонгача армонлар кулбасига қўноқман,
Мен дунёнинг ортидан чопаётган чўлоқман.
Йиллар аро сўзларим манзилига етмайди,
Юрагимни тилимга кўчиргани нўноқман.
Энди кўнглимга қара.

Совиб қолсам, жонимни қайси ўтларга тутай,
Нурларингнинг бағрида кирларимни йўқотай.
Бўшаб қолган кўзларим, ўзим бедор бўлмасам,
Кўксимдаги қушчани қандай қилиб уйғотай?!
Энди ҳолимни сўра.

Мен бу ерга Сен учун эгилгани келганман,
Лолаларнинг кўзига тикилгани келганман.
Ишонтирсанг, ҳукмингни бажармасдан кетмайман,
Ҳаммаёқни гуллатиб, тўкилгани келганман.
Энди кўнглимга қара,
Энди ўзимга қара…

2005 йил 3 феврал

***
Ризқим тош бўлса ҳам, ҳалол эт – қанд қил,
Мени мендан қутқар, Ўзингга банд қил.
Тубанда юзимни йўқотаёздим,
Мени юрагимдан бошлаб баланд қил.

2007 йил 11 март

ЎЗИМНИ БЕР!

Худойим, ўзимни ўзимга бергин,
Ўзимдан бошқани соғинганим йўқ.
Булут тўлиб қолган кўзимни кўргин,
Яшаш тугул ҳали туғилганим йўқ.

Ёмғирлар Ҳаётдан бергайми дарак,
Ҳадемай чақмоқ ҳам ўтиб кетади.
Дунёга бир Инсон овози керак,
Қачон юрагимни тўлғоқ тутади?!

2005 йил 21 май  

ИККИ ДУНЁДА ҲАМ…

Хатоларда бошқа қайталанмасдан,
Ёлғон дунё учун фойдаланмасдан,
Дуч келган синовда майдаланмасдан,
Дардларнинг қўлида катта бўлсайдим.

Ҳаёт – кўкдан келган омонат хат, деб,
Эртанги саодат бугун заҳмат, деб,
Балолар ёғилса, оби раҳмат, деб,
Азобини сувдай юта билсайдим.

Кўзим хира тортса, нур бериб турса,
Менинг ўрнимга ҳам гул териб турса,
Кўнглимнинг уйини супуриб турса…
Умид қизларига ота бўлсайдим.

Ё, Раб! Шунча оғриқ бир жонимда жам,
Мени мингга бўлиб қўймасми ғуссам?
Икки дунёда ҳам иккиланмасам,
Икки дунёда ҳам битта бўлсайдим…

2006 йил 7 апрел

ҚАЧОНЛАРДИР…

Қачонлардир мен ҳам Одам бўлганман,
Қачонлардир мен ҳам фаришта эдим.
Шу пайтгача Ҳаво сўраб келганман,
Бугун ҳузурингга Нур сўраб келдим.

Нимага ўзимга ҳушёр эмасман,
Қара, лаҳзаларим бормоқда синиб.
Наҳот, ёрилишга тайёр эмасман,
Наҳот, яшайвериш керак хўрсиниб?!

Нурлар тушмайдиган жойда қолганман,
Яна Ойга қарат, Қуёшга қарат.
Тўкилиб бўлганман, тугаб бўлганман,
Мени тупроққа сол – қайтадан ярат.

Қачонлардир мен ҳам Одам бўлганман…

2005 йил 1 май

ИЗТИРОБ

Лаҳзалар қўлингдан қушдай учсалар,
Файзиёб кунларинг тушдай кечсалар,
Куллар орасида безовта чўғдай
Пок сўзлар кўзингни мошдай очсалар,

Қанча гул дамларинг хаёлга кетса,
Жонинг кукунлари шамолга кетса,
Кипригинг устида улғайса орзу,
Кўзингда изтироб камолга етса,

Вақтга буйруқ берсанг: «Шошма, биродар,
Беҳуда тўкилма, тошма, биродар,
Эртага изимни излаб келасан,
Бу қадар ҳаддингдан ошма, биродар!»

Музларнинг бағрида ёниб, ёнолмай,
Мангу бир лаҳзага қўниб, қўнолмай,
Бебош юлдузчалар кўз сузаверса,
Юрсанг ўз қатлингга кўниб, кўнолмай…

Қум, тошлар қалашиб ётар йўлингда
Минг ўйдан сўнг бўлар биргина қадам.
Шу ожиз ҳолингда, ушоқ ҳолингда,
Шу ожиз ва яна мағрур ҳолингда
Ерга ҳам оғирлик қиласан, Одам!

2007

***
Қайси гуноҳимнинг тавбаси бу шеър?
Қайси дардлар билан оғрийман бугун?
Баҳор, уйғотишни мендан бошлайвер,
Юрагимда тугун – умримда тугун.

Кимларнинг умрини такрорлаб қўйдим,
Кимларнинг айби деб бошим эгилган?
Мен Сени Ҳаётдан ортиқроқ суйдим,
Қара, кўзларимга ғамлар экилган…

Тилимни сўзларда қирқиб олганман,
Наҳот, кўксимда гул очилмайдиган?
Кўкка қарашга ҳам қўрқиб қолганман,
Юлдуз борми кўзга санчилмайдиган?

Йиллар ўзи гувоҳ, қанча қийналдим
Ўзимни ўзимга тушунтиргани.
О, етар, шундоқ ҳам узоқ чайналдим,
Баҳона йўқ Сени ишонтиргани…

2006

ДАРДСИЗЛИК

Ким болам деб қор курар
Ташвишларнинг томида.
Замин тинмай гуркирар
Бани Одам ғамида.

Ризқ теради дамо дам
Қимирлаган неки бор.
Қилдай қумурсқанинг ҳам
Кўҳи Қофча юки бор.

Елкаларга тоғ тушди,
Кимлар унинг ортида.
Ой юзига доғ тушди
Юлдузларнинг дардида.

Бормикан бу бозорда
Оғзига тош солмаган.
Наҳот шундай ғамзорда
Менга мос Дард қолмаган?

2008 йил 24 феврал

ТУГАМА(ЙДИ)ГАН ШЕЪРЛАР

***
Ҳўнграб ҳам шунчалик қийналмас эдим,
Менинг кулгуларим йиғидан баттар.
О, бу қадар узоқ ўйланмас эдим,
Сўзимга изма-из юрмаса хатар…

***
Битта қанотда ҳам учган бўлардим,
Йўл топиб олардим ўзим осмонга.
Қуёшга яқинроқ жойда ўлардим,
Қайтмасдим ғам тўла ёруғ зиндонга…

***
Ёниб борар қўлимда қалам,
Ҳамма гаплар айтиб бўлинган,
Сўз даштида дайдиб бўлинган,
Тинч қўймайди Дард деган болам…

2007

***  
Сўзингни манзилга етказганим йўқ,
Қачон кўнгилларни Шеърга ўрайман?
Тунларимни ҳалол ўтказганим йўқ,
Тонгларнинг юзига қандай қарайман?

Покланиб олгани Нур керак менга,
Шайтоннинг қўлида чирманда қилма.
Худойим, энг гўзал Шеър керак менга,
Тонгларнинг олдида шарманда қилма!

2003

ДУО

Яшашни билмасам, ҳаво бермагин,
Кўнгилга бегона наво бермагин.
Азоблар ичида кўкардим, ўсдим,
Илойим, дардимга даво бермагин!

2004

***
Мени ёндир, дедим – оловга тутдинг,
Зарра-заррамгача ёниблар кетдим.
Ҳар бир қадамимда синовга тутдинг,
Қоқилиб яшашга кўниблар кетдим.

Бошимни тошларда ёрдим неча бор,
Нега уйғонмайман, мудрайман доим?
Ўзинг хоҳламасанг, ҳаммаси бекор,
Одам қиладиган Дард бер, Худойим!

2003

***
Балки, бу ҳам бўлса яхшиликкадир,
Ёғаётган тошлар – Ҳақнинг раҳмати.
Бир куни дардларим топгуси қадр,
Қачон беиз кетгай қалбнинг заҳмати?

Ахир нима қилай, гуноҳ ҳам тақдир,
Кўринмай бўлмайди унинг кўзига.
Аввало, хатони таниган ҳақдир,
Тавбадан гул экиб борар изига.

Бесамар кетмагай қон ютганларим,
Гарчи кўнглим ҳамон саргардон, дайдир,
Яхши кўрганларим – йўқотганларим
Бир кун ўзи мени топиб олгайдир…
   
2007 йил 14 октябр

***
Худойимнинг ҳурларидан фарқингиз йўқ,
Кўксингизга юлдуз тўлиб турган пайтда.
Кўзингизни очмасликка ҳаққингиз йўқ,
Ёнингизда одам ўлиб турган пайтда.

Бугун яна ғамларимни бошлаб келдим,
Мен абадий дардлар билан келсам керак.
Юрагимни осмонларга ташлаб келдим,
Ўзим энди тупроқ бўлиб қолсам керак.

Ўзгаларнинг бахти деб ҳам йиғлаб туринг,
Ўлмайдиган наво олиб келинг менга.
Дардларимнинг давосини қўяверинг,
Сочингизда Ҳаво олиб келинг менга.

Оғриқларим Худойимнинг бергани-да,
Кўксим энди икки дунё бўш турмайди.
Пешонамга Қуёш тегиб турганида,
Уйғонмасам, тонглар мени кечирмайди…

2004

***
Нафас олишга ҳам хоҳишингиз йўқ,
Тирикка ўхшамас туйғуларингиз.
Билмасдан, кўзимга отаяпсиз чўғ:
Мени уйғотмоқда уйқуларингиз.

Учиб кетган қушлар қайтиб келмайди,
Яшашга кунлардан шартлар сўрадим.
Майда дардлар мени Одам қилмайди,
Умримни энг буюк ғамга ўрадим.

Ўткинчи шамоллар қўрқитмай қўйди,
Дарахтлар бағрида гувиллайвердим.
Юрагимга тегиб қуёшлар куйди,
Қишларга тан бермай ловуллайвердим.

Юмуқ кўзларингиз очиқ кетмоқда,
Мен ҳозир Ўзимни топиб оламан.
Тасодиф бўлиб сиз уйғонган чоғда,
Кўзларимни аста ёпиб оламан…

2005 йил 30 январ

катта-КИЧИК

Ҳаёт гулларига энг мард харидор,
Бўлса ўзларига суюк юклари.
Тошларни уйғотган нурдай хокисор,
Кичкина қалбларнинг буюкликлари.

Юзларин Қуёшга тескари бурар,
Булут кўзларидан кетмайди нари.
Мудом ҳаётингни эговлаб турар
Катта одамларнинг майдаликлари.

2007 йил 10 март

ОГОҲЛАНТИРИШ

Мағлубият, бунчалар ҳам аламинг зўр,
Бунчалар ҳам пешонанг шўр, мағлубият.
Айтиб қўяй, юрагимнинг жаҳли ёмон,
Яқинлашсанг ўзингдан кўр, мағлубият.

2006 йил 9 май

***
Ўзимни бошқаргим келади ўзим,
Дунё, тушунмайди тўрачаларинг.
Қуёш, сени қучмоқ истайман бир зум,
Нега йўл қўймайди заррачаларинг?

2003 йил 30 июл

ҲАЁТ СПЕКТАКЛИ

Кечаги ёш бола бугун кемшик чол –
Биров туғилганда биров ўлади.
Яна ўша ўзим хоҳламаган рол…
Дунё томошабин бўлиб кулади.

Одамларга айтар бошқа гапим бор,
Тугаб боряпман-у, нега барча жим?
Мени маъзур тутинг, жаноб Режиссёр,
Бахтлилар ролини ўйнаб чарчадим…

2006

БУЛОҚБОЛА

Майсадай уйғондим тошлар бағрида,
Еллар бешигида топдим ҳаловат.
Тоғлар асраб келди қишлар қаҳридан,
Кийиклар тилидан учди саловат.

Булоқбола бўлдим – тиниқ нигоҳи,
Дийдамдан ўтдилар турфа қадамлар.
Гоҳида йиғлатиб, кулдириб гоҳи
Кўзларимни очиб қўйди одамлар…

2007

ТАЪҚИБ

Ниҳоят, тонгдан ҳам гўзал уйғондим,
Ёғдулар ёғилди қароқларимга.
Ўзимга ишондим – нурландим, ёндим,
Қуёш тегиб кетди бармоқларимга…

Сабаб кўп кунлардан кўнгил тўқлашга,
Дунёларни қучиб ўсмоқда қўлим.
Шундай Ҳаётимда мени йўқлашга
Нимага хижолат бўлмайсан, Ўлим?!

2006 йил 27 август

ҲАСРАТ

Ярам ўтиб кетди жон-жонларгача,
Ҳали кўп инграйман азонларгача.
Ўйлаб чарчамайман қачонларгача
Армон гулларига илдизлигимни?

Кўзимга туманлар кутади кимлар,
Изимга тиканлар отади кимлар,
Сўзимга кишанлар тутади кимлар,
Билиб осмони йўқ юлдузлигимни.

Мудом кўз остидан чиққан арилар,
Умримдан гуноҳлар йиққан арилар,
Бировнинг нишида чаққан арилар
Билмасми булбул ё қўнғизлигимни?

Юрагим – оёқлар тиқилган чашма,
Ҳали бир томчимга қиламан ташна,
Юзимга солишинг шарт эмас, ошна,
Ўзим ҳам биламан ёлғизлигимни…

2002 йил 4 сентябр

ЖОНДАН ЎТДИ

Тоққа чиқай десак, тошлар қўймаса,
Кўзга ёқай десак, қошлар қўймаса,
Яшашга мана бу бошлар қўймаса…
Бизга ҳам аталган дунёлар борми?!

2006

***
Жиловлашди, асов от эдим,
Чидолмадим – яна дод дедим.
Синдиришди оёқларимни,
Юрагимдан қаттиқ лат едим.

Курашлардан чарчадим, толдим,
Жим яшашни ўрганиб олдим.
Ўша жоннинг ҳузури экан,
Бора-бора кўникиб қолдим.

2003 йил 7 май

ОЙГА ТЕГМАНГ

Нима қилсам, Ойни бошқа йиғлатмайсиз.
Нима қилсам, тинч қўясиз осмонларни?
Нима қилсам, юлдузларга тош отмайсиз,
Нима қилсам, ўлдирмайсиз жайронларни?

Ёмонларга пастлагим йўқ, асли, лекин
Гиёҳларнинг номларидан қўл сўрайман.
Ҳали кечмас, ҳали яна севиш мумкин,
Мен гулларнинг кўнгли учун йўл сўрайман.

Нурга қайтинг – рўёларни кетказасиз,
Еру кўкнинг тинчи учун бошланди жанг.
Бу кетишда умрингизни ютқазасиз,
Ўзингизга шафқат қилинг – Ойга тегманг.

2005 йил 24 апрел

ГАДО

Мени майда ғамлар кўкартирмади,
Битта-битта узди томирларимни.
Ҳали ҳам кўксимга кўклам кирмади,
Ҳаётга қарз бердим бор нурларимни.

Қарғалар ортимдан не деса, деди,
Ҳар келган балони ҳикматга йўйдим.
Энг катта давлатим юрагим эди,
Уни ҳам бировга бой бериб қўйдим.

Шу ғариб ҳолимга бунча қийнайсан,
Зиғирча жонимга бўлганмисан зор?!
Барибир, яхшисан, қуруқ қўймайсан,
Чорраҳага ташлаб мени умидвор…

2006 йил 5 сентябр

***
Кўзи йўқлар ҳам яшаб юрибди,
Сўзи йўқлар ҳам яшаб юрибди,
Ўзи йўқлар ҳам яшаб юрибди,
Нега менга кун бермайсан, Ҳаёт?!

2006

***
Кўксимнинг оғриғи – шеъримга доя,
Бағрингдан қидириб юрибман Зиё.
Берган ғамларингга борми ниҳоя,
Кўзларимда нима ҳаққинг бор, Дунё?!

…Хаёлан тутаман қўлчаларингдан,
Юракка ботириб, сураман қалам.
Ҳали умидим кўп тилчаларингдан,
Ишқилиб, ўзимга ўхшагин, Болам!

2004

***
Ялинчоқ эмасман, кибриммикан бу?
Ўзимнинг ўзимга жабриммикан бу?
Яшашим мумкин-ку жонимни сийлаб,
Тош тишлаб юрибман, сабриммикан бу?!

2003    

***
Баланддан келганга осмондан келдим,
Бошимга кўтардим ерга тушганни.
Гулларнинг қошига нур бўлиб елдим,
Ташладим-да, қочдим бурни шишганни.

Ўзим катта қилдим – бу дардлар ўктам,
Тошдан тоғ яратдим, заррадан оташ.
Фақат оғир экан ҳаммасидан ҳам
Шамоллар юртида шам бўлиб яшаш…

2007 йил 14 октябр

ЮЛДУЗЛИ ЎЙЛАР

Кўзларимга юлдузчалар тўлиб кетди,
Дунёларга ҳавас энди дунёларим.
Уч-тўрт ит тил текизгандай бўлиб кетди,
Лойқаланиб қолармиди дарёларим?

Нима кўрди қайғу берган намдан бўлак?
Юрагимга бойчечаклар илиб олдим.
Ўзи, менга нима берди ғамдан бўлак?
Дунёсига қўл силташни билиб олдим.

Эсламайман итлар ҳурган йўлларимни,
Ортимдан бир ириллади – қолаверди.
Илончалар чақиб олди тилларимни,
Тангрим дилга солаверди, солаверди.

Мен розиман, майли, кимдир қўллайверсин
Юрагимнинг насибасин еганларни.
Кўзларида ҳайратлари гуллайверсин
«Осмонининг қуёши йўқ», деганларнинг.

Беркилади ғанимларнинг йўлчалари,
Осмонларим бағримга гул сепиб турса.
Қўйвормаса юлдузларнинг қўлчалари,
Она Ҳилол товонимни ўпиб турса…

2002 йил 24 август

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ушбу китоб ҳақида маълумот мана бу саҳифада: Сен қачон гуллайсан. 2008

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 387

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *