Шавкат Раҳмон: «Бошқа оламлар бор, бошқа оламлар…»

Шубҳасиз, Шавкат Раҳмоннинг булардан ҳам бақувватроқ шеърлари, гўзал рубобий битиклари бор. Лекин ҳозир зулфиқорруҳ шоирнинг шу курашчан, исёнкор, ўз ўрнида, тоғлар хўрсиниғидай оғир ва дардчил сатрларини ҳавола этгим келди. Эҳтимол, янги ўзбек шеъриятида бадиият борасида, санъат яратиш нуқтаи назаридан Шавкат Раҳмонга тенглашадиган сўз соҳиблари оз эмасдир, аммо, назаримда, таърифига тил тутиладиган улкан Дард, рост сўзга кўчган тоза туйғулар, беназир шахсият, мардонавор руҳ ва яна оддий ақл илғаб етмайдиган қандайдир фазилатлар “ўжар” шоир ижодини унча-мунча истеъдод билан қиёслаб бўлмайдиган даражада юксакликка олиб чиқди. Шоир ижодининг кейинги босқичларида ижтимоийликка асосий кучини сафарбар этган эса-да, шеърнинг бош мезони бадиийлик эканини унутмади.
Бу билан шоирни идеаллаштирмоқчи бўлаётганлар қаторига қўшилмоқчи эмасман (кейинги пайтлари бундайлар кўпайиб боряпти), фақат ижодкор ҳар қандай шароитда ҳам Шахс бўлиб қолиши мумкин ва шарт эканини, илдизлари миллат дарди, юрт қайғусига туташ шеърлар умрзоқ дарахтлардай кўкка бўйлайверишини, Шавкат Раҳмон шахси ва ижоди бунинг ёрқин мисоли бўла олишини таъкидламоқчиман. Насиб қилса, бу ҳақда бафуржа фикрлашармиз. Кейинроқ сайтимиздаги “Янги ўзбек адабиёти” рукнида шоирнинг энг сара шеърларидан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Ҳозир мана бу оташин шеърларни ўқинг-да, Инсон эканингизни эслатиб тургувчи кўҳна дардларингизни янгилаб олинг.
Эзгулик элчиси рост айтади: шоирлик асли жасорат сўзининг таржимасидир. Айни дам бахт ҳақида сайраш мавриди эмас. Шоир тилга кираётир. Энди жим турасиз…

Shavkat Rahmon

ЁРИЛГАН ҲАРАКАТ БАЁНИ

Бир одам изладим…
изладим ғариб,
жуфти йўқ бургутдай хунук қишладим.
Кездим армон тўла бир жом қидириб,
малаклар йиғлади,
итлар тишлади…
Умринг узоқ бўлсин,
эй дарёжоним,
ҳуснингга ҳирс билан назар солмадим.
Занжирлар товшига тўлганда ёдим
ўзингдан ўзга бир дилдор қолмади.
Қолмади бир илинж,
ишонч қолмади,
ваҳший даҳоларнинг макри билинди.
Ит базми қизиган ойсиз шомлардан
қизғониб опқочдим дарё дилимни.
Бу чиркин оғизлар…
синган каллалар…
иғводан, бўҳтондан осилган тиллар…
ҳирслар лашкарлари босган паллада
шоҳларин бўғизлаб тишлаган диллар.
Бу қуёш хўрланган…
бу ой зўрланган…
зарлари таланган бу содда жабал.
Қон, ароқ, пешобни эмиб тўралган
буваклар бўкириб йиғлаган маҳал
ё худо дедиму
нурлар ўйнаган
пешонам илк бора тупроққа тегди,
ё худо дедиму
эркин гуллаган
дарёдил самога дилимни бердим.
Умринг узоқ бўлсин,
эй, дарёжоним,
кечалар қаърида бир гул йиғлади,
юзимга сачради бир булбул қони.
кўнглимга бу дунё
нечук сиғмади?!
Нечук бағрингдаман,
кимнинг ишқида?
Нечук ёлвораман умрингни тилаб?
Улкан жасадимни тошлар ичида
юварсан энг нозик қўлларинг билан.
Айтгил, эй дарёжон,
бормиди зулм?
Тоғлар силсиласин бузворди нола:
«Гулларнинг баргини емаган, гулим,
булбуллар қонини ичмаган, болам».

ОЗОДЛИК ҚЎШИҒИ

Бу қўшиқ ажойиб қўшиқдир,
сўзлари куйдирар томоқни,
ўлимни назарга илмайсан,
сезмайсан сургуну қамоқни.

Шалдироқ кишанлар ҳукмига
ачинмай берарсан ёшлигинг.
Юзларинг буришмас оғриқдан,
фароғат бағишлар очлигинг.

Куйласанг, чекинар разолат,
чекинар кадарлар, нолалар.
Унчалик қўрқинчли эмасдир
кўксингда эзилган лолалар…

1979

НУР

Коинотнинг совуқ қаъридан
келар биздан хабар олгани,
келар чексиз бўшлиқда кезган
сўқир ерда мангу қолгани…

Ҳар гал ўзга сайёралардан
бизга ёруғ саломлар айтар,
бироқ нечун ерни зулматга
ташлаб, тағин ортига қайтар?

Нечун ерда мангу қололмас,
хомушланар нечун кетар чоқ?
Зулмат босган қалбларимизда
қадр-қиммат топарми камроқ?

Ёхуд кўрмас ростликни асло,
ёхуд кўрмас диёнат, ғурур,
балки шундан мангу қололмас,
балки шундан кайтиб юрар нур.

1981

СУЛАЙМОНТОҒ ЭТАГИДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ

Диёнатли, орли аждодлар
бу ҳайбатли тошлар тагида
бирор лаҳза хаёл сурмаган
сохта шуҳрат, тама ҳақида…

Яшарканлар юртда саргардон,
кезарканлар ғурбатда ёхуд,
Сулаймон тоғ пойида бир кун
кўмилмакни қилганлар орзу.
Бундан не-не аллома ўтган,
не жаҳонгир, нечалаб шоир.
Бироқ азиз тоғ тошларига
ёздирмаган ҳеч бири номин.
Сулаймон тоғ юксалиб турар
бир элатнинг буюк ёдидай,
ҳайрон бўлиб пойига бугун
келгувчилар эътиқодидан.

Бугун келар истаган кимса,
бериб таъма илинжига зеб,
номин ёзар тоғ тошларига,
палончилар келиб кетган деб.
Кузатаркан орсиз, виждонсиз
кимсалардан тўйган кунларни,
бир ҳаяжон,
титроқда тўйдим
ер тагидан келган унларни.
Сулаймонтоғ,
муқаддас ёдим,
кўрсам юрак-бағримни доғлар,
бетайинлар номин кўтариб,
соат сайин ўсар қоялар.

1983

АФШОНАДАГИ ИБН СИНО ҲАЙКАЛИ

Буюк ҳаким ўйланиб қолди
Афшонанинг қоқ ўртасида –
гўё ушлаб жон томирини
қулоқ солар
ернинг сасига…
Саратоннинг осмони эзган,
ҳолдан тойган,
далв ойидай
ранги-рўйи қумдай бўзариб,
ер ётади ҳаким пойида.
Минг йилки, ер
бор орзусини,
бор ҳавасин кўксида ёқди,
қора терга ботиб минг йилки
диёнатсиз касларни боқди…
Ўз ҳолига қўйсалар агар,
қилмасалар зўрлигу зино,
туғармиди тўлғоқдаги ер
ҳар йилида биттадан Сино.
Тилсиз ернинг азобларини
сиғдиролсам қанийди шеърга –
ҳамон кўплар тупуриб юрар
буюкларни яратган ерга.
Бу кимсалар сувнинг ўрнига
заҳар-заққум бермоққа ярар.
Ернинг дарди шу қадар оғир,
гўё етди Синога хабар.
Мана, ҳаким…
Нечун ҳаяллар,
нечун узоқ тинглар сасини,
қай усулда даволай олар
ернинг буюк хотирасини.
Юз йил, минг йил,
балки узоқроқ,
керак бўлар мангулик балким –
ушлаб ернинг жон томирини,
хаёл сурар нуроний ҳаким.

1983

ТУТЗОР ХОТИРАЛАРИ

Тутлар –
каллакланган биродарларим,
осмонга бош тираб турибсиз ҳамон,
майишган тимсоҳдай баданларингиз,
даҳшатли қудрат-ла эзгандай осмон.
Турибсиз
ҳабаший қуллардай маҳзун,
йўқ, туркий шевали паҳлавонлардай,
кадимдан боболар қолдирган дузни
ҳар турлук балодан сақлаётгандай.
Тилимни,
дилимни билган ўзларим,
дузларда қопкетган содда нарларим,
шамол бўлай дердим тўзғитайин деб
бошингиз устида сузган дардларни.
Бугун-чи,
бир зумга тут бўлгим келди,
осмонни кўтариб турай бир нафас,
сиздай посбон бўлиб асрайин элни,
мен-да замин билан пинҳон сирлашай.
…Тўсатдан қоматим қисирлаб кетди,
сизлардай майишдим, бироқ синмадим.
осмоннинг бўлаги тушди елкамга.
тупроққа ботдиму буткул сингмадим.
Воҳ, ер тагидаям боболар эрдир,
шу лаҳза тиғ мисол илдизларимга,
кафтларини тираб тасалли берди,
кўзингни узма деб юлдузларингдан.
Энди мен ҳам тутман,
қувват берар ер,
шоҳларим гуркираб ўсган чоғида,
енгилроқ бўлсин деб,
қийналмасин деб,
каллаклаб туришар мени гоҳида.
Аммо мен –
азалдан исёнкор бола,
қанчалик тутақиб чопқи урсалар.
ҳар чопқи зулмидан янги руҳ ола
шохларим шунчалик ўсар гуркираб.
Айтарсиз,
бу қадар исён қаёқдан,
аммо тут дардини билажак тутлар,
фақат темир косов турар таёқдай
одамлар ит каби бойланган юртда.
Боболар хокларин тўнғиз босипти,
қум каби тўзғиган қадим ҳудудлар,
золимга басма-бас ўсмоқ лозимдир
одамлар тупроққа айланган юртда.
Кессалар кессинлар,
чандон ўсармиз,
эркимиз борлигин кўриб қўйсинлар.
Ҳар баҳор чоғида чандон жўшармиз,
золимлар зулмга қараб тўйсинлар.
Ўсмасак,
келипти балоғат гали,
тиғ каби илдизлар ердан узилар,
бу ғариб масканда асқотар ҳали
девюрак ботирлар учун гурзилар.

1983

* * *

Умр – қумсоат ҳам
яримлаб қолди,
кўнглим тўлгани йўқ билганларимдан.
Ёдимни оғритар кечирганларим,
кўпдир қилмаганим қилганларимдан.
Кечалар тобора ойдинлашади,
кўзингда қуёшнинг чечаги сўлмас,
яшагинг келади,
фақат умрни
қумсоат сингари тўнкариб бўлмас.
Гўзаллар ёдимдан ўчдилар бир-бир,
дўстларим бағримдан кўчдилар бир-бир,
йилларим узилиб тушдилар бир-бир,
фақат бу кўнгилни
тўлдириб бўлмас.
Кун келди,
оҳларинг учадиган кун,
юрагинг оламга сиғмайдиган кун,
юзингни босганча ернинг юзига,
силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.
Кимни бахтли қилдим,
кимни умидвор,
кимларга кўнглимни ёриб сўйладим.
Қўлимни бердимми мозий қаъридан
чўзилган саноқсиз ожиз қўлларга?!
Қуёш далдасида эгилганларнинг
енгилроқ қилдимми оғирлигини?
Айтдимми кимларнинг асл дўстлигин,
кимларнинг ҳақиқий ёғийлигини?!
Кун келди,
бошингни эгадиган кун,
ҳаттоки ўзгалар гуноҳи учун
юзингни босганча ернинг юзига,
силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.
Мендан нима қолур,
абадий нурлар
барқ уриб яшнаган дунё томонда?
Уриниб-суриниб, сира тўлмаган
бир кўнгил қолади
қолса ҳам мендан.

1983

ЎШНИ КЕЗГАНДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ

Баҳайбат япроқлар диёридаман,
улкандир бу ернинг гулу тошлари.
Айланар кўк осмон ёйилмасида
баҳайбат сувларнинг
гулдурослари…

Сабру иродадан тўралган тоғлар
улкан даврларнинг йўлчиларидай.
Адирлар –
уммоннинг бир кўтарилиб,
мангу тўхтаб қолган тўлқинларидай.

Бунда ҳар бир чечак,
ҳар бир гиёҳнинг
осмонни тўсгудай ҳайбати бордир.
Қадим оҳанглардай улуғ диёрнинг
ўзидан улуғроқ ҳасрати бордир.

Мен буни уқаман
ҳар бир нарсадан
ёғилган чоғида баҳайбат бир нур,
чўян ўзанларга сиғмасдан сувлар
гулдираб чопганда уюр ва уюр.

Мен буни уқаман
эркалаб замин
ҳам асраб бағрида куз қароғидай,
баҳайбат бўлгин деб,
ҳар бир боланинг
митти товонларни ўпган чоғида.

Аммо, қани улар,
замин алқаган,
умидвор тикилган митти даҳолар?
Бирининг кўзида ғалат дард кўрдим,
бирининг кўзида кўрдим жаҳолат.

Тобора кичрайиб кўринар улар
кичкина ташвишлар исканжасида.
Шундоқ сўниб борар ер орзулари
ҳирсу таъмаларнинг кир панжасида.

Наъра тортаймикин
тўқсон тўққиз минг
паҳлавон бобомнинг овозин йиғиб,
даҳмалар қопқоғин тақиллатайми,
фарёд қилаймикин осмонни йиртиб?!

Қўпордим
юрагим ҳайқириғини,
ҳайқириқ замину кўкка сиғмади.
Бу ёмон ҳолимдан ёрилди тоғлар,
«Сувлари сирқираб тошлар йиғлади».

Мана шу лаҳзада полапонларин
парвоздан, осмондан йироқ гўшада,
суйибмас, чўқилаб улғайтаётган
бир йиртқич,
бир ваҳший қушга ухшайман.

1983

ҒЎЗА

Бир парихон
каби сўзладим
тупроқ ёрган ғўзага қараб:
«Авлодларнинг ҳаққи-ҳурмати
ўсгин,
ўсгин,
пакана дарахт».
Шундай ўски,
ҳатто энг баланд
дарахтлар ҳам қолсинлар доғда.
Шундай ўски,
лўппи момиқлар
булутлардай тошсин чаноқдан.
Ахир сенга эгилавериб
ё айтолмай кўнгил дардини,
қанча авлод қадимдан буён
ростлаёлмай ўтди қаддини.
Ғўза,
улкан дарахтга айлан,
осмон қадар юксалгин ердан,
ўйнаб пишиқ шохаларингдан
паға-паға булутлар терсак.
Қўшиқ айтсак,
қўшиқларимиз
тўлқинланиб, текис таралса,
куйлаганда кўринса осмон,
куйлагандан қайта яралсак…
Бир парихон
каби бирпасда
зўр дарёлар йўлини тўсдим,
авлодларнинг ҳаққи-ҳурмати
ўсгин, ғўза,
ғўзажон, ўсгин.

1982

БАХТ СЎЗИ

Бахтиёрман деган биргина сўзни
айтиш учун керак қанча куч-чидам,
гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги,
гарчи турса ҳамки тилнинг учида.
Оғир ботмасмикин
бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,
қандоқ бардош бериб яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига.
Аввало бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари севинчга тўлиб,
элнинг бахти учун умрини тиккан
шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.
Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман,
элдан кейинроқ.

1984

* * *

Ҳали бирор ишни уддаламадим,
ҳали ҳеч кимсани қилмадим рози,
беҳуда ўтибди гўзал умримнинг
қанчалаб чиройли баҳори, ёзи.
Фароғат борлигин унутиб қўйдим,
бағримга чақинлар тегди дафъатан,
Сендан-да улуғроқ нарса йўқлигин
сочим оқарганда англадим, Ватан!
Бунча кеч англадим,
нега мунча кеч…
англасам лоақал ўттиз йил аввал,
лоақал туғилмай туриб англасам…
Кўрган бўлармидим сени мукаммал.
Ҳали асл Ватан бўлмоғинг учун
овози тошларни ёрар куйчилар,
қанчалаб сеҳргар шоирлар керак,
қанча билим керак,
қанча куч-чидам.
Умрим кўчкилардай жимжит, шиддатли,
буткул тинмоқ учун бир кун бемалол
фақат яхши бўлмоқ жудаям камдир,
жуда камлик қилар яшамоқ ҳалол.

Нақадар кечикиб англадим сени,
чақинлар йўқ қилса мени дафъатан,
айт, қандоқ чидайман бундай хўрликка,
айт, қандоқ ётаман қаърингда, Ватан!

1984

ҚАСАМ

Шавкат Раҳмон деган
бир ўжар шоир
бир куни қайтадан яраладими?
Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини.
Ҳар бир сўз
юз сўзнинг ўрнини босар –
Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик.
Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,
ҳар бири бахш этар
руҳимга шодлик.
Ҳозирлик кўраркан буюк сафарга,
пуштиранг пардали минглаб дарчадан
мўралаб ўтирган гўзал сўзларни,
қолдириб кетаман энди барчага.
Аслида атиргул бўйин таратган
бу ўйноқи сўзлар меникимасдир.
Менга нондай зарур, қиличдай кескир,
заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир.
Сайладим сўзларнинг сараларини,
курашлар шамоли кирди назмимга.
Юртимни кезаман,
энди ҳар нарса –
эгилган нарсалар тегар ғашимга.
Энди ишлаш керак бу кенгликларда,
токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,
токим буюк тоғлар салтанатида
эгилган бошларни
қиличлар кессин.

ЁШ ЎЗБEК ШОИРЛАРИГА

Сўзларни қайрайлик,
обдон тоблайлик,
идрок-ла совутиб тағин қайрайлик,
Ўзбекнинг қоракўз болаларига
битта дунё қолсин ҳайратлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
эшилган пўлатдай дарёлар қолсин,
Чақилмас тошлардай бир тоғлар қолсин,
мусаффо хаёллар,
самолар қолсин.
Сўзларни қайрайлик,
дўстлар, жўралар,
ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик:
яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
болакайлар учун очайлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,
токим бу дарёлар бемалол оқсин,
болаларга қолсин жаннат еримиз.

Сўзларни қайрайлик,
тағин қайрайлик,
токим кескир бўлсин бамисли олмос.
Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
ўткир сўз қолмаса…
ҳеч нарса қолмас.

1984

ҚАРСАК

Қарсак нима ўзи?
Иккита кафтнинг
орасидан потраб чиқадиган сас,
хоҳласам чаламан, хоҳламасам йўқ,
қарсак меникидир, сизники эмас.
Қарсаклар ҳозирча қўлтиқларимда
митти мушуклардай мудрайди тафтдан.
Ахир, ўзбекнинг бир ўжар шоири
қарсак чалармиди бемаъни гапга.
Виждонсиз шоирлар кўпайган жуда,
юракни сўз билан ёндиргувчи кам,
халқимас,
шуҳратни ўйлаб сўйлаган
аҳмоққа бермайман қарсагимни ҳам.
Қарсак нима ўзи?
Арзимаган гап,
керак бўлса топилар қоплаб,
Титроққа тўлдириб осмон гумбазин,
қарсаклар чалишни биламан боплаб.
Ғирромлик қилмаса нотиқ агарда,
ёлғон шеър айтишдан қайтсайди шоир,
милтиқ ўқларидай гумбир-гум қилиб
ҳаводан қарсаклар ясардим доим.
Ўжар шоирликни ташлаб ўшал пайт,
эпчил бир югурдак каби замонда
қарсак чаладиган хизматчи бўлиб
ишга кирар эдим Ўзбекистонга.

1984

СУВЛАР ИЛА МУЛОҚОТ

Улуғвор қоялар салтанатида
офтобнинг йиғилган шуълаларидай
сирқираб ётибсиз тошлар оралаб,
бокира сувларим,
гўзал сувларим.
Туташди нафасим нафасингизга,
узоқ титраб турди жисмим торлари,
қушдай потирлади ҳовучларимда
қадимги дунёнинг
тирик қорлари…
Тоғлардан сирғалиб тушар оҳиста
чексиз воҳаларнинг қоронғилари.
Қаерга шошасиз бағримни ўртаб,
бинафша,
нилуфар,
ёронгулларим…
Мен ким – эзгуликнинг
элчиси шоир,
Сиз ким – гўзалликнинг
милён оҳуси.
Айни шу лаҳзада тангрилардан ҳам
улуғдир
гўзаллик тўла ҳовучим…
Бироқ нега ёлғиз,
нега ҳазинмиз
шу мангу, шу ёруғ, содда дунёда?
Қачон келар экан бу қирғоқларга
қачон келар экан мажруҳ одамзот.
У дайдиб юрибди аллақайларда,
мангуликни бўлиб,
ўраб симларга,
бир ваҳший шиддат-ла бузиб борлиқни,
беҳуда сиғиниб аллакимларга.
У ҳали бу ерга етганича йўқ,
ташлагани йўқдир ҳали туғларин…
Сиз эса кутасиз уни интизор
бокира сувларим,
гўзал сувларим.

Бир куни
ҳис қилиб алданганини,
одамзот, албатта, йўл топиб келар,
ногоҳ сизни кўриб ҳовучларида
асрлаб-асрлаб йиғласа керак.

ОВОЗИМ

Наҳот, шеърлар айтдим
бўшлиққа қараб,
наҳотки, соврилди олов сўзларим,
наҳотки ҳақ бўлса, элу юрт асли
қуруқ сўзлар, деган гумроҳ дўстларим?!
Наҳот, бекор ўтди
гулдай умримнинг
минг йилга татирлик олтин чоқлари,
наҳот бирор руҳни уйғотолмади
шоир юрагимнинг қалдироқлари?!
Наҳотки, бирорта дилга етолмай,
беҳуда сарфланиб қанча куч-чидам,
келиб кетаверар ёруғ дунёга,
келиб кетаверар мендай куйчилар?!
Менга минбар эмас,
унвонлар эмас,
латта чечаклару
эҳсонлар эмас,
олов бир саҳрони,
юртим хаёли
нурда гуркираган саҳро беринг, бас.
Эрку муҳаббатнинг мухтор элчиси –
ётмасман тупроққа дўниб, тинчланиб,
жасадим тирикдир ёруғ дунёда,
ойнинг синиғидай чақнар синчларим.
Агар етти қават ернинг қаърида
ётсам-да ларзага солиб ҳавони,
элимнинг юрагин
топар барибир
жисмимни куйдириб учган овозим.

1985

* * *

Энди жим турасиз,
сира илож йўқ –
дунё ўзгармади сиз айтган сўздан,
сиз қурган қасрлар вайрона бўлди,
алафларга тўлди сиз оққан ўзан.
Энди жим турасиз,
оғир, биламан,
аммо ҳар кимсага тақдир насибдир,
билмоқчи бўлсангиз агар, шоирлик
жасорат сўзининг таржимасидир.
Энди жим турасиз,
Эшитинг элни,
эл асло демайди, зоғлар куйласин,
энди кенгликларда ҳақ сўрамасдан,
ерни безаб ётган боғлар куйласин.
Куйласин,
келди-да куйламоқ гали,
куйласин мангулик қўшиқларини,
бузсин-да сиз каби ақли қисқалар
хатарсираб турган тўсиқларини.
Ана… қулоқ солинг…
эшитяпсизми,
куйлар шоир шамол, куйлар шоир қор,
шоир қоронғилик, шоир тоғларда
шоир дарёларнинг шовиллаши бор.

1985

ТИЛГА КИРГАН БАЛИҚЛАР

Балиқ тутаймикин энди умрбод,
ўйласам, шоирга жуда соз иш-да,
ҳар ҳолда тузукроқ
каттабинларнинг
ғашига тегувчи шеърлар ёзишдан.
Ўйладим: «шеър билан дунё ўзгармас,
ўзгармас ҳар тошни босган сарварлик,
ҳар бир ҳайқириқда тамаи нафс бор,
баъзан жўн ниқобдир одампарварлик».
Ҳар ҳолда балиқдай жимжит яшасам,
кимдир хурсанд бўлар,
кимдир – хотиржам.
Ҳаттоки қаттиқроқ эслаб қолганлар
исмимни ўчириб ташлар хотирдан.
…Мана, қармоқ ташлар кўҳна сувларга
кеча тўс-тўпалон шеър айтган шоир,
бироқ сал қўзғолган кўл тубларидан
ғалат саслар келар:
«хоин, о, хоин».
Бир чўкиб кетгандай орқадош тоғлар,
дарахтлар кетгандай мендан нарига,
юрагим бир куйди: «хоин, о, хоин»,
тинмай садо келар кўлнинг қаъридан.
Ўтлар ўсмай қўйди,
униқди қуёш,
сув чақа бошлади оёқларимни,
«хоин, о, хоин» деб бир гала балиқ
бақирар,
тортқилаб қармоқларимни.
Ёқамни ушладим шунда илк бора:
ё тавба,
балиқлар… балиқлар ҳатто…
«Қармоқни ташлагин, о, шоир, о-о…»
Сувдан бош чиқариб қарашар қатор:
«Қайтаргил тоғларнинг салобатини,
ўстир майсаларни,
қайтсин дарахтлар,
қуёш қийналмасин, эзгулансин сув,
қайтиб кет, қайтиб кет,
ўзингга қайтгин…»
… Қармоқни ташладим,
бирдан гумбирлаб,
ердан ўсиб чиқди тирик тоғларим,
тағин тилим қонар кескир сўзлардан,
бағримни эзади эски доғларим.
Қайтаман,
ер тинглар одимларимни,
қувончим ичимга сиғмас ҳали ҳам,
бир янги сўз айтгум одамиятга:
«гапира бошлабди ҳатто балиқлар»…

1985

* * *

Узоқдан қарасанг –
мовий сайёра
ранг-баранг товланма нурдан яралган.
Яқиндан қарасанг –
бошидан-оёқ
тиконли симларга чирмаб ўралган.
Сайёра коинот оғушларида
еларкан чириган ўйларни тортиб,
янграр қафасбанди қушларникидай
дунёлардан ниҳон башар фарёди.
Бу осмон тагида,
сеҳрга қодир
мўъжизалар юрти – осмон тагида
башар юрагида бир соғинч бордир,
бордир соғинчдан-да
аччиқ ҳақиқат.
Эй, шоир,
башарнинг дардини олиб,
умрбод хор бўлиб яшаган шоир,
фақат сен биласан – дард гирдобида
яшамоқ гўзалдир,
яшамоқ оғир.
Сув каби оқарсан – дарёлар ёнар,
шамолга дўнарсан – дунёлар ёнар.
Сангин кўзларингни қадарсан сокин,
гуриллаб-гуриллаб яловлар ёнар.
Қуёш нур сочади,
нимага, кимга?
Ер узра айланар бир пок ниятдан.
Соғиниб қарайсан тиконли симга
ўралиб яшаган инсониятга.
…Атайлаб ёпмайсан деразаларни,
эшиклар илмоғин солмайсан атай.
Тинглаб қалбингдаги теран сасларни
ётасан нарсалар аро нарсадай.
Мана, деразалар ёпилган тонгда,
солинган эшикнинг темир илмоғи.
Болишинг тагида
қайси бобонгдан
қолган ваҳиманинг нақшин пичоғи…

* * *

Агар учолсайдим
нур тезлигида…
Насиб бўлармикин шу буюк имкон?
Сирли титроқлар бор ботин сезгимда,
самовий муждалар титроғисимон.
Бир йиллик,
ўн йиллик масофалардан
кўз очиб юмгунча ўтмак имкони
буюк келажакнинг қайси асрида?
Оғрир қай асрни соғиниб жоним!
Кўзларим осмонда,
маъшуғин кутиб,
оламдан ўтаёттан битта одамман.
Гоҳо шивирлайман ерни унутиб:
«бошқа оламлар бор,
бошқа оламлар».
Тилимга чиқмаган илтижолар бор,
дунёлар титрагай агар кўрсатсам.
Шу гўзал лаҳзада
ёқамда ногоҳ
жаҳолат дастини кўрдим тўсатдан.
Қарадим,
шилимшиқ ўлик даст эди,
ботқоқ гирватидан келган сас эди,
хаёлнинг қонини сўрган кушанда,
калласиз,
минг қўлли маккор кас эди.
Мен ахир хаёлман,
нур арқоғидан
юксакка ўрлаган инсон хаёли.
Юлдузлар жаранги қулоқларимда,
бағримни куйдирар нурлар шамоли.
Сезаман,
дунёлар тўзони аро
буюк бир ҳижрондан куйган одамлар
мовий бўшлиқлардан берарлар садо:
«бошқа оламлар бор
бошқа оламлар».
Эй, осмон,
эй, қадим сирлар маскани,
орзулар инига дўнди кўзларим.
Лаҳзадай ўтарман,
қолур заминда
сўнгги тилакларим – сўнгги сўзларим.
Эй, осмон,
эй, буюк ошиқлар йўли,
бағрингда ҳамиша қуёшинг бўлсин.
Сенинг ошиқларинг ўзингдай улуғ,
ҳамиша ўзингга муносиб бўлсин.

* * *

Титроқ сездингми ҳеч
бир шум лаҳзада –
хатар-ла юзма-юз турган чоғингда.
Тубсиз жар лабида оний ларзадан
титраб келганмиди жонинг оғзингга.
Нопоклар покларга қилганда туҳмат,
титрамай айтдингми кескир сўзингни.
Болангнинг ёдига не қилдинг туҳфа,
асраб қололдингми ўзинг ўзингни?!
Қалтис лаҳзалар бор –
дош бермак мушкул,
бироқ чидаганлар тирик хотирда,
гоҳо элитарлар – нафаси мушкин,
гоҳо кўринарлар кўзингга тиғдай.
Осмондан келганда тубан одамлар –
бири чиноркесар,
бири кесар тил.
Бутун қилмишларин қарасанг жамлаб,
намоён бўлади суврати қотил.
Қалтис лаҳзалар йўқ,
қалтис умр бор,
мўр-малах ном аро ёлғиз номинг бор.
Лаҳзада титроққа айланиб турсанг,
демакки, ичингда битта хоин бор.
Ўлдир,
ичингдаги хоинни ўлдир,
волида кўзига боқишдан аввал,
маъшуқа қўйнида ётишдан аввал,
зулмат уммонига ботишдан аввал.
Йўлдир бу,
нафснинг ботқоғи эмас,
қиличнинг дамидай чақнаган йўлдир.
Бу йўлга юзингни буришдан аввал,
ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.

ТАРИҚАТ

Дунёга сиғмадим,
сиғмади дунё
ғурбатдан торайган табиатимга,
қоп-қора чечакдай сочилмиш ҳулё
жўмардлар кўмилган тариқатимга.
Майлига,
чечаклар қоп-қора бўлсин,
йиқитса шу йўлда йиқитсин тақдир,
қуртлаган истаклар шуъласи сўлсин,
худойим сийлаган ҳурлигим яхши.
Бичилган қулларнинг,
қулзодаларнинг
малак сиймоларин ўйнатган дунё,
яралган лаҳзадан ҳур одамларни
иблислар тилида сўйлатган дунё.
Чиройли эрмаклар махзанидир ул,
мағизи қайғудан,
пўстлоғи зардан,
сарғарар очилмай туриб қизил гул,
тупроғи жимгина қусган заҳардан.
Чайқалар жаҳолат оғочларида
неча минг Машрабу
Мансури Ҳаллож…
ҳамон юксалади йўл бошларида
одамзот қонига тўймаган жаллод.
Токай бу иблислик,
токай бу ёлғон,
токай тиғ кўтарар қора гуруҳлар,
токай бижғиб ётар ғариб аламон
ичига тириклай кўмилган руҳлар.
Зулфиқор руҳ керак,
керак чин ёғду,
чин ишқ ёғдулари бағримга тўлсин,
жисмимни тобласин фақат чин оғриқ,
чечаклар қоп-қора бўлса-да бўлсин.
Бағрикенг худойим
кечириб қўяр,
йиқилсам етмай ул ҳақиқатимга,
кўмилсам, кўмилай ўлими гўзал –
жўмардлар кўмилган тариқатимга.

ТУРКИЙЛАР

Қиличин ташлади беклар ниҳоят,
босилди тулпорлар,
тиғлар сурони,
урҳога ўрганган тилларда оят,
туркийлар таниди комил худони.
Қиличлар занглади…
фалокат ҳушёр,
туркийлар қувватин берди ерларга.
Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв
комиллик қидирган жасур эрларга.
Илвасин йигитлар,
бобир йигитлар,
саждага бош қўйди ёвга терс қараб,
ғулларни кемириб йиғлади итлар,
буюк бошни кесди қилич ярақлаб.
Туркда бош қолмади… қолмади довлар.
хотин-халаж қолди мотам кўтариб,
«бизга тик қарама» буюрди ёвлар,
ёвларга терс қараб яшади бари.
Таланди самовий тулпор уюри,
таланди зарлари,
зебу забари,
терс қараб ўлинг деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.
Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,
туркий хатлари,
туғингиз деди ёв тескари қараб,
ёвларга терс қараб туғилди бари.
Туғилди,
туғилди,
туғилди қуллар,
қирқида қирилган – имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,
бир-бирига душман,
бир-биридан кож.
Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.
Бу ҳолдан буваклар бўғилиб ўлар,
қул Билол эзилиб йиғлар фалакда…
Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган
Бадахшон лаълидай асл малаклар.
Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар
саждага бош қўйиб жаллод тошига.
Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,
бошига урарлар,
фақат бошига.
Борми эр йигитлар, борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
осмону фалакка етган болалар.

Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди,
бир қараб тўйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

ХИРГОЙИ

Ҳаммамиз қуёшда куйган жиззамиз,
қачон тиз чўкувдик,
ҳамон иззамиз,
сирқираб оғрийди шишган тиззамиз,
ўриндан озгина турсак майлиму?

Ўтганлар бари бек,
қолган жавдирар,
гарданда кўринмас ғуллар шалдирар,
меҳнатдан ёрилган қўллар қалтирар,
ўз беким ерида юрсак майлиму?

Насимлар гулламиш озод тоғларда,
озодлик муждаси сўлу соғларда,
боболар қийналиб тиккан боғларда
ағанаб бир хаёл сурсак майлиму?

Неча минг аллома, жўмардлар ўлган,
тафаккур сасиган,
руҳлари сўлган,
уруғлар айниган тап-тақир чўлда
ўз беким давлатин қурсак майлиму?

Юз эллик йилдирки мана шу ҳолат,
ҳануз давом этар маккор тижорат,
билмадим, қаердан ушбу жаҳолат,
нега сиз бўлмайсиз сира хижолат?
Нега мен сўрайман сиздан ижозат?!

* * *

Душманим кўпайди,
ҳатто ўликлар
баҳорни соғинган қутлуғ ойлари,
хилватда йиғилиб юрди шўрликлар
чангалда бўҳтону иғво лойлари.
Одамдай яшаса бўлар-ку яйраб,
уларни қийнарди ғалати бир дард,
бирорта марди йўқ кўзингга қараб,
юрагинг тагига тиғ урувчи мард.
Бор айбим,
ҳақиқий ёвни кўра бил,
адолат тобласин дедим бурдларни,
Шайбоний лашкари сингари бедил,
ўзимга ташланди миллат қуртлари.
Булар обрўй излар,
манфаат излар,
иғволар тўқиру кутар баракат,
йўқса бир шоирнинг туҳматлар билан
оғзини ёпишга мунча ҳаракат,
неча бор ўзимга
ғазабингдан кеч,
пасткашлар арзимас дедим ўйлашга,
аслида, худодан ҳақим борми ҳеч
бирорта муносиб душман сўрашга.
Ахир кимман ўзим, мангуликка сал
агар қиёсласак Шавкат Раҳмон ким?
Ким дея борлиқдан сўрайман ҳар гал,
макон жим,
замон жим, Парвардигор жим.

МУНОЖОТ

Фақат ишқ…
Фақат ишқ…
Бошқаси сароб,
бошқаси шамолнинг оний сурони.

Қирқта тар гулимни айладим хароб,
қирқта қул кўзи-ла кўрдим дунёни.
Қирқта қора қул ётар мозийда,
қирқта черигини йўқотган бекман.
Абадий айрилдим қирқта ғозийдан,
бошимни тошларга урсамми дейман.
Бу дунё нимадир?
Барини кўрдим,
султону гадонинг қаърини кўрдим,
Ғаззолий сиғмаган тубан оламда
шайтондан тўралган ғайирни кўрдим.
Фақат ишқ…
Ишқ гули…
Самовий гулим…
бир нафас дилимга посибон бўлсин,
токим шул нафасда қирқ биринчи қулнинг
ёруғ лабларида хўрсиниқ сўлсин.
Туҳмат мурдалари қалашиб ёттан,
иғволар қуртлаган шўрлик диёрда
замону маконин буткул йўқотган
бир улуғ фарёднинг
боласи зорман.
Ай, қиличдай туйғу,
ай, қотил туйғу,
бас, ортиқ қийнама кимсасиз даштда,
юзимга юзини қўйсин ўшал гул,
дилимнинг қаърини чавақлаб ташла!

ИҚРОР

Рубобий шеър ёзсам…
қайтсам бир нафас…
ҳамиша мусаффо чашмани кўрсам,
қорайган чўққилар қорига қараб,
бир нафас хаёлчан ўсмирга дўнсам.
Воҳ, ўшал лаҳзалар…
ўтдими буткул
гунафша атирли тансиқ туйғулар,
саҳарги боғларни уйғотган булбул,
ойларнинг нурларин элаган сувлар.
Яшил шажар эдим…
Қандоқ соғиндим…
кўзимни яшнатса рубобий ранглар.
Қайси бир дунёга бунча оғриндим,
дилимни қаритди бесамар жанглар.
Мен жангчи эмасдим,
мен шоир эдим,
ниҳоят шоирдан кўра зобитман,
ҳар нафас мусулмон миллатим дедим.
нафсига куйганлар келди оқибат.
Ҳаромни хуш кўрган малакфурушлар
зиғирдай ҳимматин қилганда миннат,
япроқдай сарғордим буюк урушда
мусулмон йўқ эди,
йўқ эди миллат.
Бас, қушлар сайроғи,
япроқлари мўл
яшил шажар каби турай мушаккал,
илҳомим ҳақида сўйласинлар хўб,
заҳарли тилимдан тўкилсин шаккар.
Рубобий саболар руҳимдан эсинг,
қайтадан уйғонсин илоҳий туғён.
Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир,
бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон.

* * *

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
олис-олис воҳалардан
тоғларимни чақиринг,
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.

Нодиражон, Шоиражон
танам қимир этмайди,
кўзимда бир томчи ёш,
сойлар ювса кетмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
пешонамнинг шўридан
бино бўлган бу дарё…
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
боринг, қорли тоғларга:
бир шоир ётибди денг,
Худонинг ҳовлисида…
Осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди…

* * *

Айт, эй, хаста булбулим,
Ўшга қачон етамиз?
Яшил боғлар сарғарди,
Мағиз бўлди гужумлар.
Оҳ, вой, мунча йўл оғир,
Булбулим…
Улкан соат ўртасида
Мадорим йўқ юрмоққа,
Қашқирлар даврасида
Судраламан турмоққа.
Шунда қолиб кетсам гар
нетамиз?
Абадият оралаб
Ўшга қачон етамиз?
Қорли тоғлар бағрида
Бегим – Ўшим кўринди,
Султон – Ўшим кўринди…

1996 йил, сентябр

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 045

Один комментарий на “Шавкат Раҳмон: «Бошқа оламлар бор, бошқа оламлар…»

  1. Дилмурод
    03.08.2016 at 20:38

    Дахшат!!!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *