ШАХССИЗ – АДАБИЁТ ЙЎҚ

ЎзАС” анкета саволларига жавоблар

1. Кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир бунинг аксини тасдиқлайди. Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?
2. Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади. Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?
3. Кейинги пайтда замондош адибларимиздан кимларнинг китобларини ўқидингиз? Қайси асар сизга маъқул келди-ю, қайси асардан кўнглингиз тўлмади? Бунинг сабаблари нимада?

Мазкур анкета ёрдамида бугунги адабий жараённинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида бир қур фикрлашиб олсак, фойдадан холи бўлмас. Ахир, айтадилар-ку, “Кенгашли тўй – тарқамас”, деб. Шундай эзгу ният ила анкетамиз саволларига навбатдаги жавобни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.

1. Адабиёт барқарор мезонларга эга бўлса-да, ҳамиша ўзгариш, янгиланишга эҳтиёж сезади. Шу маънода, ҳар бир истеъдод ўз табиатига хос тарзда, имконияти даражасида мавжуд ҳолатни янгилайди, ҳатто баъзан бу оламда туб бурилиш ясайди. Ижодкор кўҳна ҳаёт ҳақиқатларини янги нигоҳ билан идрок эта билса ва, энг муҳими, бунга бошқаларни ишонтира олсагина адабиётнинг дунёни (демакки, инсонни) англаш формуласи яна биттага кўпайиши мумкин. Бу эса, ўз-ўзича бўлмайди, албатта.
Ҳозир ўзбек адабиётида не-не ўзгаришлар юз бераётир. Масалан, бугунга келиб шеърият янаям нозиклашди; фақат туйғуларгина эмас, шеър бағридаги фикр ҳам инжа тус олди. Лирика асл ўзанига – умумийликдан хусусийликка қайта юз бурди. Шоирлар шеърнинг азалий макони – Қалбга қайтаётир. Аммо ғалати парадокс: шеър, назм такомиллашиб боргани ҳолда шеър билан оддий сўзлар тизмасини фарқлолмай қолиш ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Бу ҳазми енгил “адабиёт”га одатланган кўпчилик – омманинг диди етарли шаклланмаганини кўрсатади.
Бир қарашда, адабиётимиз кўпроқ бадиий санъат, таъбир жоиз кўрилса, ижодий технология бобида юксалгандек. Лекин… моҳият бобида-чи? Қани буюк бадиий ҳақиқатлар? Ижодкор шахс бутунлигига дарз кетмадими?..
Бугун адабиёт учун ҳам ҳаёт-мамот масаласи бўлган Шахс бой берилгандек. Баъзан бизда аллақачон “Шахссиз адабиёт” шаклланиб улгурмадимикан, деган гумонга ҳам бораман. Шахсидан айрилган адабиёт қандай юксалиш палласида бўлиши мумкин? Лекин умидбахш таскин шуки, тарихан буюк Адабиётимиз бор! Фақат… биз ҳам унга муносиб бўлсак, бас.

2. Қалбни ўртаётган эски дардлар – катта-кичик муаммоларни боғдан-тоғдан қабилида бўлса-да санаб ўтсак. Бугун ижтимоий ҳаётдагидек адабий жараёнда ҳам популизм авжига чиққан кўринади: ҳаммаёқда тадбирбозлик, хўжакўрсин учун ишлаш… Энг ёмони, оломончилик кайфияти адабиётга ҳам дахл қиляпти. Шеърият эса шоу-маскарадга айланиб қолаётгандек…
Адабий жараёнда янги асарларга холис муносабат сезилмаяпти. Ҳатто иккиланмай айтиш мумкин: расмона МУНОСАБАТ йўқ! Уюштирилган ва юмалоқ-ёстиқ қилинган тақризлар ҳисобга ўтмайди, албатта. Мухтасар айтганда, тоза танқид етишмаяпти. Ҳар қандай асарга юксак бадиий мезонлар билан ёндашадиган, унча-мунча ижод маҳсулини писанд қилмайдиган ҳурматли олим дафъатан ўртамиёна бир асарни оғзидан бол томиб мақтаса, фазилатларини “топиб”, кўкка кўтариб турса, ажабланмай илож йўқ, албатта. Ва, таассуфки, суриштириб кўрсангиз, мақталган “бебаҳо” асар муаллифи мақтовчининг улфати бўлиб чиқади ёки… Оқибатда эса яна Адабиёт зиён кўради.
Кейинги йиллари бир қанча яхши асарлар яратилди, бир қадар овоза бўлди. Лекин нега улар “нафис мажлислар” доирасидан ташқари чиқа олмаяпти. Ўйлашимча, шундай асарлар яратиш зарурки, аввало, мазмунан ва шаклан юксак, мукаммал, қолаверса, халқ руҳига яқин, халқчил бўлсин. Аҳли хос ҳам, оддий одамлар ҳам (авом дея олмадим) уни ўзича англаб, маъно қирраларини кашф этсин. Афсуски, янги адабиётимизда ҳозирча бу фақат орзу бўлиб турибди.
Адабиёт ва китоб тарғиботига эътибор кучайган бугунги кунда ҳам китоблар аксарият муаллифлар ҳисобидан чоп этиляпти. Китоб реализацияси масаласи-ку ёзувчи-шоирлар учун “азалий ва абадий муаммо”. Ёзувчилар уюшмаси ҳам, бошқа шунга алоқадор ташкилотлар ҳам бу борада ҳеч қандай ёрдам бермайди. Нари борса, бир неча ижодкорнинг китоблари тақдимоти кўринишида юзаки бир тадбир ўтказилади. Муҳокама, мунозара ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Ваҳоланки, бунақа ялтироқ тадбирлардан ижодкорга ҳеч қандай наф йўқ (агар муаллиф рекламага ишқибоз шуҳратпараст бўлса, бу бошқа гап, шу ҳам унга етиб-ортади), ташкилотга эса яхши бир ҳисобот учун тайёр “далил”.
Нашриётлар ҳисобидан чиқаётган китоблар эса муаллиф (ёки таржимон) учун чойчақадай гап… Қалам ҳақи (гонорар) борасида ҳам сезиларли ўзгариш бўлмаяпти.
Бугун адабиёт атрофида шундай кимсалар пайдо бўлдики, бирор чет тилини яхшироқ билгани туфайли ёки бошқа йўллар билан хорижда ўзларини тарғиб қиляпти. Ҳа, фақат ўзларини! Зўр бўлса, қандини урсин, адабиётимизни дунёга танитсин, деймиз, лекин уларнинг кўпи ҳаваскор даражасида, халқимиз тугул, адабий жамоатчиликка ҳам номи таниш эмас. Баъзан интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда “Чет элда фалон асарим тақдимоти бўлди”, “Хорижликлар ўзбек адабиёти қандай эканини шу асарим орқали билишди” қабилидаги рекламасифат саҳифаларни кўриб ҳайрон бўляпмиз. Қаранг-а, улар ўзбек адабиёти номидан гапиряпти, ўзларини ўзбекнинг катта шоир-ёзувчиси сифатида хориж ўқувчисига “тақдим” этяпти. Бу ҳолда ўзбек адабиётини тарғиб эмас, кечиринг-у, шарманда қиламиз! Оқибатда кейинчалик тузатиб бўлмас хатоликларга йўл очилади. Демак, Ёзувчилар уюшмаси ўзбек адабиётининг муносиб (!) намояндалари асарларини хорижда тарғиб этишга жиддийроқ қараши керак.
Интернет адабиётни тарғиб қилиш учун чексиз майдон. Лекин интернетда ўзбек адабиёти тарғиботи кўнгилдагидек эмас. Қидирув тизимига атоқли адиб “Ойбек” номини ёзиб улгурмасингиздан қўшиқчи жуфтлик шов-шувлари чиқиб келади. Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини излайман десангиз, яна бир дуэт “мишмиш”лари пайдо бўлади…
Албатта, бу интернетдан фойдаланувчиларнинг асосий қисми – ёшлар қизиқиш ва ҳаваслари ортидаги манзаралар. Хайриятки, кўпчилик ёшлар қизиқаётган бугунги артистлар орасида Беруний, Форобий деган исм ё тахаллус эгалари йўқ… Хуллас, Ёзувчилар уюшмаси сайти интернетда ўзбек адабиётини тарғиб қилувчи ва бугунги адабий жараённи холис ёритиб борувчи асосий манба бўлиши керак.

3. Тўғриси, кўпроқ классикларни, яқин ўтмишдан ХХ аср ўзбек адабиётини ўқияпман. Албатта, имкон борича замондошлар ижодини ҳам кузатяпман. Шу яқин ой-кунларда мен ўқиган, қайта ўқиётган китоблар орасида замондош адибларимиз асарлари ҳам бор. Кундалигимда айримлари ҳақида бир энлик изоҳ-таассурот ҳам ёзиб қўйган эканман.
Йўлдош Эшбекнинг “Қизғалдоқлар очилди” китоби маъқул бўлди. Кейинги вақтда шоирнинг адабий жараёнда фаоллашаётгани қувонарли. Вафо Файзуллоҳнинг “Чақмоқ ёруғи” номли адабий ўйлар китобида муаллифнинг ўзига хос эстетик нигоҳи, нозик кузатишлари бор. Қорақалпоғистонлик Ҳайитбой Абдусодиқ, шарқшунос олим Абдусаттор Жуманазар шеърлари мен учун янгилик бўлди.
Насрда Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад романлари, интеллектуал-фалсафий йўналишни ривожлантираётган Назар Эшонқул эсселари, китобхонлар орасида номи тилга туша бошлаган Муҳаммад Шариф ҳикоялари ҳақида яхши таассуротлар бор. Тиниб-тинчимас Исажон Султоннинг ёзганларини эса ўқиб улгуриб бўлмаяпти…
Ижод, аввало, ҳайрат демак. Назаримда, борган сари фалсафийлик ва  интеллектуаллик касб этаётган бугунги ўзбек насрида илгариги жўшқин руҳ, ўқувчини ҳаяжонлантирадиган ҳайрат етишмаётгандек. Ҳатто баъзан муаллиф фақат “санъат”и, салоҳиятини кўрсатиб қўйиш учунгина ёзаётгандек таассурот уйғотади…
Хулоса эса бундай. Берилган ҳар уч саволнинг жавоби Шахс билан боғлиқ: Шахс бор экан, адабиёт юксалишда, Шахс борки, муаммоларга ечим топилади, Шахс бўлсагина гўзал китоблар дунёга келади…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2019 йил 1 январь.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 65

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *