Иброҳим Ҳаққул. Шеърият – руҳий муносабат

(“Шеърият − руҳий муносабат”. − Тошкент: Ғафур Ғулом
номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989)
Агар диққат билан мушоҳада юритилса, Яссавийнинг диний-ахлоқий фалсафасида дунёдан юз бурилмайди. Ёмонлик, нодонлик, жаҳолат, молпарастлик иллатларига ривож берган тубан дунёни юракдан қувишга даъват этилади.
*  *  *
Аҳмад Яссавий ўзи билан ўзи беомон курашадиганлар ижодкори сифатида жуда эътиборли. У одамга ўз-ўзини кечирмаслик сирларини ўргатади. Шоир ўз қалбининг энг чуқур жойларига назар ташлашни тарғиб этади.
*  *  *
Аҳмад Яссавий ҳикматлари учун кўп овозлилик ҳам хос хусусиятлардандир. Унинг ҳикматларида орифнинг овози ҳоким. Улардан шайхнинг овози эшитилади. Баъзан бир ҳикматда ҳам ошиқ, ҳам дарвеш, ҳам донишманднинг овози янграйди. Лекин булар орасида изчиллиги ва фаоллиги билан яна икки овоз алоҳида ажралиб туради. Улардан бири − гуноҳ “фалсафаси”ни тасдиқлайди. Бу − гуноҳкорлигини теран тушунган кишининг овози. У − шафқатсиз. Бу овоз хотирага бамисоли тиғ бўлиб санчилади, Юрак оромини бутунлай бузади.
… иккинчи Овоз… бошқа бир юксак моҳиятни очадиган илоҳий овоз. Инсон ҳаёти нечоғлик ўткинчи, кулфат ва машаққатларга тўла бўлмасин, у комилликка интилиши шарт. Камолот йўлига тушган инсонни Виждон руҳий оғриқларга гирифтор этиб, аламга юзма-юз қилиб қўяди, юракни гуноҳ ва қўрқув, шубҳа ва ишонч оралаб олиб ўтади. Уйғоқ Виждон энг охирги чегараларгача одамни ёлғизлантиради. Шундан бошлаб ўлим чекинади. Абадиятга чинакам ишонч шундан бошлаб туғилади. Бу Виждоннинг ахлоқ билан алоқаси йўқ. Қонун-қоидалардан йироқ. У эркин руҳ билан яшаш сирларини очади, ақлий толиқишларни енгиб, мутелик занжирларини синдиради. Бу Виждон энг ноилож, энг кулфатли вазиятларда ҳам йўлсизликдан халос этади. Буни Шахснинг ўз Виждонига бориш йўли деб атаса тўғри бўлади. Шу йўлни топган одамгина Худо томонга талпинади. Талпинган сайин эса ўзига нисбатан муросасизликлари ортади. Аҳмад Яссавийда ана шундай.
*  *  *
Махтумқулининг айрим шеърлари, ўнлаб сатрларининг туғилишида Яссавий ҳикматларининг таъсири шундоқ сезилиб туради.
*  *  *
Дейликки, шеър − хақиқат. Шеър ўқиш-чи? Шеърхонлик − ҳақиқатдан ҳақиқатлар чиқариш, бир ҳақиқат орқасидаги неча ўнлаб ҳақиқатларни ўқиш, уларни излаш. Шунинг учун шеърфаҳм ўқувчининг мушоҳадалари кенг, шеър устидаги саволлари кўпдир.
*  *  *
Ўзбек адабиётида Ватан ҳақидаги фалсафий фикрлар Аҳмад Яссавий ҳикматларидан бошланади.
*  *  *
Маълумки, эътиқод ва унга садоқат инсон фарзандини азал-азалдан курашга ундаб келган. Эътиқоднинг феъл-атвори ҳамма замонларда айтарли бир хил. У ҳеч пайт эҳтиёт кўрпасига бурканиб яшамаган. Доимо унинг муросаси − муросасизлик, қудрати лиқилдоқ ҳақиқатларга суянмасликдир. Унинг асосий шиори − қаршиликни қаршилик кучи билан енгиш.
*  *  *
… оригинал санъаткор қандай бўлмасин ўхшашлик чегараларини ёриб ўтади.
*  *  *
Давр ва ҳаёт − ижодкор талант қудратини таъминлайдиган бош омил. Шунинг учун истеъдодли шоир ёки ёзувчи, у қайси замон ва қандай характердаги адабий оқимнинг вакили бўлишидан қатъи назар, биринчи навбатда, реал ҳаёт талаблари билан ҳисоблашади, халқ ҳаётининг ижтимоий, ахлоқий ва маънавий масалалари устида мушоҳада юритиб, қалам тебратади.
*  *  *
Шоирлик нима? − деган саволга қайтарилган жавобларнинг сону саноғи бўлмаса керак? Лекин унга оддийгина бир жавоб шуки, шоирлик − ўзингнинг ҳақлигингни ҳис қилиш.
Ўзингнинг ҳақлигини ҳис қилиш − ўз мустақил фикрий дунёнгга эга бўлиш, ўзликни англаш заҳматини тинимсиз чуқурлаштириш, ҳар қандай оқу қорани ўз шуур ва ақлинг билан баҳолаш, ҳаётдаги турли-туман майдакашликлардан шахсингни муҳофаза қилиш дегани бўлади. Ҳақиқий шоир оломон савиясида юролмайди, ундан юқори кўтарилмоқ учун жиддий интилиб, қаттиқ маънавий меҳнатни зиммасига олади. У ҳаёт зиддиятлари, фикрий тўқнашувлар орасида ўз қалбининг маърифатига дахлдор, ҳар қандай шароитда ҳам ўзининг тўғрилигини холис идрок этишга ёрдам берадиган нарсаларни ахтаради. Ва доимий ички бир меҳнат билан яшайди. Бундай вазиятда шоир юраги катта руҳий қувват ва вазифаларга тўла бўлади, у дид, савия, тафаккурда бениҳоя юксак кўтариладики, худди ўша баландликда ҳақиқатни ахтариш эмас, уни эгаллаш муҳимлигини ўзи бошдан кечиради. Шунда шоирнинг шеърларида ҳақиқатлар юксакдан, сўз, туйғу ва фикрлар ўша юксак ҳақиқатлар бағридан очилиб, мавжланиб келаётганлиги дарров сезилади.
*  *  *
…дунё Машрабнинг руҳий ўзлиги, маънавий кучлари қаршисида ниҳоятда кичраяди. У шоир учун шунчаки қўл силтаб, тепиб кетаверадиган нарсага айланиб қолади:
Дунёни тепиб, ишқингда девона келибман…
*  *  *
Ҳаётнинг ҳам, инсон умрининг ҳам икки муҳим нуқтаси, ҳал қилувчи икки чегараси бор. Булардан бири − тириклик, иккинчиси − ўлим. Шеърият учун шу икки жиҳат − иккита ғоявий қанот. Инсоният қалби ва келажагига ўзини масъул сезган шоирлар тириклик ва ҳаёт муаммоларига қандай ёндашган бўлсалар, фонийлик, ўлим ғояларига ҳам жиддий қараганлар.
*  *  *
Шарқ классик шеърияти учун камалак каби рангдорлик, олмос қирраларига ўхшаш маънодорлик бош фазилатлардан саналади. Шунинг учун бу шеърият тўғрисида гапириш, ёзишдан кўра, ундаги шеърларнинг руҳий мундарижасини хатосиз белгилаш, сўз ранги ва оҳангларини илғаш, мазмун ортидаги жозиба сирларини ҳис қилиш минг маротаба қийинроқдир.
*  *  *
Истеъдод − йўқни бор, борни тубдан янгилай оладиган қудрат. Унинг нафаси теккан жойдан янгича завқ, такрорланмас руҳий чечаклар унади. Шунинг учун талантли шоирлар анъанавий тема, образ ва тасвир воситалари атрофида қалам тебратиб ҳам зўр ижодий ютуқларга эриша олганлар.
*  *  *
Император Франц Иосифга Бетховенни суяш лозим, у − гений, деганларида, бепарволик билан: “Менга гений эмас, содиқ фуқаро керак”, деган экан. Буюк истеъдод эгалари жаҳоннинг ҳамма жойида шоҳлар, давлат арбобларига ёқавермаган. Нега? Чунки истеъдоднинг ўзи мустақил Давлат. Чунки талант халқ қалбини ишғол қилиш ва оммани эргаштиришда ҳар қандай ҳукмдордан қудратлироқдир.
*  *  *
Махтумқули онг даражаси, маънавий маърифати билан туркий тафаккур ва руҳиятнинг марказида турган санъаткор. Махтумқули туркман, ўзбек, қозоқ, қирғиз − бизнинг ҳаммамизнинг шоиримиз. Унинг асарлари туркий шеърият қонида жўшган ўзига хос Дард тўлқини, туркий шеърият кўзларида аксини топган бир Армон сувратидир. Бу шеърият Махтумқули сиймосида ўзининг энг қадимий ғоявий-бадиий анъаналарини давом эттириб, ривожлантириб, оламга донолик, яна донишмандлик нурларини сочди. “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, “Қутадғу билиг”, Аҳмад Яссавий ва Алишер Навоий пандномаларидаги оҳанглар Махтумқули тажрибаларида янгиланиб, ҳаёт ва реал воқелик билан чуқур муносабатини топган йўналишларда умр кечирмоққа бошлаган эди. Махтумқулининг ғоявий суянч, руҳий таянган жойларидан бири Аҳмад Яссавий ижодиёти ҳисобланади. Уни Яссавийдан ажратиш улкан чинорнинг ўқ илдизини заминидан суғуриб ташлаш билан теппа-тенгдир. Махтумқули Яссавий ҳикматларидан кўп ғоявий озиқ олган, хусусан, Яссавий тўртликларида қўлланилган ва доимий қайтарилган поэтик образлардан ижодий фойдаланган.
*  *  *
Махтумқули дидактикаси образли дидактика бўлгани учун ҳам юракни тамсилий ҳақиқатлар, мантиқ эҳтирослари билан тўлқинлантиради.
*  *  *
Увайсий ўзбек шеъриятидаги ўз характери ва мазмунига кўра муҳим бўлган ғоявий йўналишни − ниҳоятда эътиборли бир пафосни янги ривож нуқталарига олиб чиқди. Бу − феодал тузум томонидан бўғилган, эрк ва маърифати шафқатсиз чекланган ўзбек хотин-қизларининг даврга, жамият ва инсонга ижтимоий-эстетик муносабати эди.
*  *  *
Увайсийнинг ижодий изланишлари ва натижаларида Алишер Навоий даҳосининг иштироки бағоят фаол бўлган. Навоий − Увайсийнинг асосий устози. У улуғ шоир лирик меросини қунт ва муҳаббат билан ўрганган, ўзича унинг бадиий маҳорат йўлларини тадқиқ этган. Шеъриятда бош мавқеда мазмун бўлиши керак деган эстетик ақидани Навоий қайта-қайта илгари сурганлиги маълум. Увайсий ижодий муваффақиятларининг ўзаги ҳам худди шу назарий-эстетик принципни қабул қилиб, унга қатъий амал қилиш ҳаракатидан бошланади. Ҳатто у бир ўринда “Увайсий, қофия танг ўлса ҳам мазмуни маҳваш”га содиқ бўл, деб шеърда маъно ва фикрнинг устун бўлишини ёқлайди. Шоиранинг “чашмаи ашъорда” “маъни суви оби ҳаёт”, дил тириклиги “ул сувдин” деган сўзлари ҳам эътиборга лойиқдир.
*  *  *
Шеърият − эзгуликка ёр, некбин кишиларнинг юрак таянчи, яхшиликнинг тили, эътиқод байроғи, руҳий исён қуроли. Ҳақсизлик, разолат, зулм, хуллас, инсон шаънини таҳқирлайдиган дунёдаги жамики ёвузликларга қарши боришга қодир енгилмас қудрат. Шеърият борки, инсон фарзанди ёлғонлардан холи, нурли ҳис-туйғулар, озод фикрлар, собит орзу-армонлар муҳитида яшайди. Шу муҳитда Ватан ва халқ ҳаётига назар ташлайди, бугун муқаддас бўлган ғоялар кейин ҳам шундай бўлиб қолишига қатъий ишонади.
*  *  *
Шарқ − тўла маънода шеърият диёри. У − шеър ва шоирнинг ҳаётдаги ўрни ҳамда мавқеини юксак даражада қадрлаган.
*  *  *
Маълуми, етук ижод намуналари таҳлил қилинганда, ҳеч истисносиз, икки муҳим омил, икки устувор ҳолатга дуч келинади. Биринчиси − ёзувчининг маънавий дунёси ташқи оламни ва ўша оламнинг маркази деб тан олинган Инсон қисматини нечоғлик кенг, ҳаққоний акс эттириши. Иккинчиси − унинг нақадар бадиий мукаммал ва мангуликка дахлдор бўлиши.
*  *  *
…санъаткорнинг вазифаси англатишдангина иборат эмас. Ундан ғоянинг эмоционал тасвирини бериш ҳам талаб этилади.
*  *  *
“Муншаот”даги шеърлар яратилиш йўллари, сўз ва маъно, мақсад ва образ муносабатлари жиҳатидан Навоийнинг бошқа насрий асарлари таркибидаги шеърлардан кўп ўринларда фарқ қилади. Шу маънода “Муншаот” Навоий ижод лабораториясига хос айрим хусусиятларни белгилаш, жанрлар ўртасидаги ғоявий-бадиий алоқадорликни текшириш, сўз устида ишлаш, вариант ва вариантлилик каби қатор масалаларнинг илмий талқини учун жуда қимматли манба ҳисобланади.
*  *  *
Алишер Навоий ўзигача яратилган адабиётнинг барча характерли ютуқларини Лутфий ижодида кўрган эди. Шунинг учун ҳам улуғ шоир миллий адабиётдаги салафлари орасида энг юксак баҳони Лутфийга берган.
*  *  *
Бобур аруз рисоласида ўзбек шоирларининг шеърларидан мисоллар танлаганида Навоийдан кейинги ўринни Лутфий асарларига ажратган. Буни тасодифий ҳодиса билмаслик керак. Бобур диди ўткир, талабчан шоир. У ўз рисоласи учун шеърий намуналарни саралаш жараёнида фақат вазннигина дастак қилиб олгани йўқ. Шоир бунда мазмун, маҳорат, бадиият ўлчовларини ҳам асло ёддан чиқармаган.
*  *  *
Санъаткор учун муҳим характер касб этган фазилатлар илдиз этибори билан унинг ўз истеъдоди заминига, маънавий-руҳий оламига бориб тақалмас экан, у ижод жараёнида ташқи таъсирнинг қули, жуда бўлмаса, адабий анъаналарнинг пассив давомчиси бўлиб қолаверади.
*  *  *
Бобур ўз қарашлари, фикр ва ҳисларини содда йўлларда ифодалашга мойил шоир. Самимият ва соддалик − Бобур шеъриятининг икки гўзал соҳили. Унинг фикру туйғулари мана шу соҳиллар оралаб мавжланиб оқади. Реал ҳаётга, инсоннинг мавжуд турмуши билан алоқадор сўз ва образларга яқинлик ҳам Бобур табиатида кучли бўлган.
*  *  *
Шеърда оҳанг яратиш − санъат…Тирик ва фаол сўзлар яратмоқ эса ҳазилакам маҳорат эмас.
*  *  *
Табиат манзараларини бетараф туриб тасвирлашдан фойда чиқмайди. Уларнинг инсон ҳис-туйғуларига боғлиқ, муносабати бор шакллари топилсагина мазмун чиқади.
*  *  *
Шеърият зиммасидаги масъулиятли вазифа − одам қалбини ўткинчи ва майда туйғулардан, ёвуз ва тубан тушунчалардан омон сақлаш, поклаш, унда ҳаётдаги собит ҳақиқатларга эътиқодни ифодалайдиган фикру туйғуларни таркиб топтиришдан иборат.
*  *  *
Шоир ёки ёзувчи ижод қонуниятларига доир эстетик фикрларида, ҳеч шубҳасиз, кўпроқ ўз тажрибаларига суянади (218).
*  *  *
Адабиётшунослик илмимизда бадиий маҳорат масалаларига эътибор кундан-кунга ортиб бораётир. Аммо бу соҳада амалга оширилаётган тадқиқотларнинг айтарли ҳаммасида ҳам шоир маҳоратининг энг яширин илдизларини очадиган бир жиҳат назардан четда қолмоқда. Бу − шеърда Сўз тақдири, шоир меҳнати ва сўз фаолияти. Нафосатли шоир луғати ҳамиша ҳайратланатли даражада сербўёқ, порлоқ ва оҳангдордир. Бундан ташқари, шеърият аслида сўзни уйғотиш санъати.
*  *  *
Сўздан лаззатланиш бу − сўз завқини теран ҳис қилиш, миллий тил руҳига томон боришдирки, бунга эришмагунча шоирлик орзу бўлиб қолаверади.
*  *  *
Сўз қисматига масъуллик туйғуси дунёдаги барча халқларнинг улкан санъаткорларига хос, уларни бир жойга яқинлаштирадиган муштарак туйғулардан.
*  *  *
Маълумки, табиатни севмаган, коинотга бағрини кенг очмаган шоир қалбан оламнинг улуғ гармониясидан ажралиб қолади, борлиққа шуурсиз, сўниқ нигоҳ ташлайди. Бу ҳам ўзига ҳос тутқунлик. Чекланиш. Чин шоирда коинот билан сирлашадиган тил, фазовий кенгликларда чарх урадиган руҳий қанот шаклланмоғи шарт.
*  *  *
“Наводир ул-вақое” − қомусий характердаги асар. Унда акс эттирилган маъно ва воқеалар хилма-хил, бири иккинчисидан муҳим ҳамда таъсирли. Уни ўқиб шундай бир умумий хулосага келса бўлади: оламда битта эзгулик бор − билим, битта ёвузлик бор − нодонлик. Ҳаётда қолган қанчаки эзгулик ва олижаноблик бўлса, барча-барчаси билим мевалари, қанчаки жаҳолат ва майдакашликлар бўлса, ҳаммаси нодонлик самараларидир. Дониш талқин этган марказий ҳақиқат мана шу! Олимнинг маслак ва эътиқодига кўра, илм нималарнидир англаш, қандайдир даъволарни исботлаш деганигина эмас, биринчи галда руҳни поклашдир. Маънавий ҳузурланиш руҳий тозаланишдан бошаланади. Бунга эришилмаса, олимлик − билимли ғофиллик.
*  *  *
Аҳмад Донишда камдан-кам кишиларга насиб қиладиган олий бир сифат бўлган. Бу − ёлғизлик изтиробларига чидаш, танҳоликда фикрий заҳмат чекиш қобилияти. Улуғ одам ёлғизлигига дафъатан эриша қолмайди. У беомон руҳий меҳнат, тушкунлик ва некбинлик заҳматлари ичидан ўзининг ёлғизлик марраларига кўтарилади. Ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган, мансаблар, виждон ва эътиқодлар манфаату обрўга сотиладиган, муомала-муносабат самимияти емирилган жамият кишилари даврасида виждони уйғоқ ижодкор янада ёлғиздир.
Тўпловчи: Эргаш Очилов
Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *