Шоирлар “Худонинг эркатойлари” эмас!

…Чин шоирлар шеърни ҳаёт, тириклик шарти деб билганлари ҳолда ҳаётни ҳам энг гўзал, бенуқсону баркамол шеърга айлантириш илинжида машаққат чекадилар. Ерга сиғмаган улкан қалбли шоир осонгина шеърга сингиб кетади. Шеър ичида яшаш, сўзларга қарам каби кун кечириш шуниси билан завқли, шуниси билан фожиали!
Шеърдан кейинги – шеърга ўхшамаган ҳаёт-чи? Ташқарига чиқиб яна ўша бадбин кўзлар, нурсиз юзлару буқаламун қиёфаларга дуч келиш азоби оғир. Шунданми, Рауф Парфи умр бўйи шеър ичида, сўзлар қуршовида бўлди. Ўз иқрорича, бир умр шоир деган ном уни таъқиб этди.
Шеър – комиллик истаган иймон. Чинакам шоир сўнгги нафасига қадар унинг камоли йўлида заҳмат чекади. Ҳақиқий шоирлар “Худонинг эркатойлари” эмас, ҳақ сўзга масъул жафокаш, жигархун бандалари, ҳақиқатнинг ердаги ҳимоячиларидир. Рауфчасига айтсак, “Факат шоир хақли бахтсиз бўлмоққа”. “Чин шоир юрагида тугун, қўл-оёқларида занжир билан туғилади. У қеч қачон “шароит”га мослаша олмайди. У ёнга ҳам, бу ёнга ҳам юра олмайди, юрагидаги нурли тугун, қўл-оёғидаги тилло занжир уни қўйиб юбормайди. Шароитга мослашган заҳоти ўлади”.
Рауф Парфи мана шу аччиқ, аммо шарафли қисматни матонат билан яшаб ўтган кам сонли шоирлардандир. Баъзи адабиётшунослар, сўз мухлислари Рауф Парфи ҳаёти ва ижодининг ана шу хос жиҳатига алоҳида урғу бериш билан бирга, ўзлари сезган-сезмаган ҳолда уни шоир сифатида идеаллаштиришга мойиллик билдирадилар. Бу эса шоирнинг ўзига ҳам ёқмаган бўларди, албатта.
Дарвоқе, “эркатойлик” ҳақида. Раҳматли Муҳаммад Юсуф “Шоирлар – Худонинг эрка қуллари” деганида (очиғи, шу гапни унча хушламайман) аҳли шеър хаёлига келганини қилади, уларга ҳамма нарса мумкин, дея назарда тутмаган бўлса керак, албатта. Аммо бугун кўпчилик ижодкорлар буни нотўғри талқин қилиб, шиорга айлантириб олди. Шу баҳона ўзларига “имтиёз” яратиб олмоқчи бўлаётганга ўхшайди…
Бу – анча баҳсталаб мавзу. Мухтасар гап шуки, Адабиётга, миллатга “эркатой” шоирлар эмас, чинакам Сўз жафодийдалари, халқни Ҳақ томон йўналтирувчи сўз сарбонлари керак…
2014
Беҳзод ФАЗЛИДДИН
Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin
 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *