Шоирлик ҳам бахтдир

Сайт муаллифидан: Ушбу суҳбат 2011 йили чаққон газеталардан бири учун тайёрланган эди. Бугун уни қайта ўқиб, бир бошқача кайфият пайдо бўлди. Суҳбатда адабиёт, шеър ва шоир дунёси, умуман, ижод ва сўз масъулияти ҳақида савиямизга яраша мулоҳазалар билдирилган; жавобларимдан унча қониқмадим, десам сохта камтарлик бўлмасмикан… Яхшиси, бу битикларни ёшлар суҳбати деб қабул қилганингиз маъқул кўринади. Орадан вақт ўтган бўлса-да, жавобларни борича қолдиргим келди, ортиқча тегинмадим. Суҳбатда ёшлик ҳавосига берилиб, билиб-билмай “катта кетиб” қўйган бўлсак, маъзур тутасиз. 

– “Сен қачон гуллайсан”ни мутолаа килиш жараёнида “муаллифнинг дунёқараши ижодида аксланиб турибди, бу дунёқараш қандайдир… қандайдир Яссавий тариқатини эслатади” деб ўйлагандим. Ва яна шеърларингизда алланечук “исёнкор ибодат”ни илғагандайман… Бу сезмишларимга нима дейсиз?

– “Шеър нима?” деган саволга шеърнинг ўзи жавоб беради. Қайсидир шоирда шеър – оҳу афғон, баъзиларда – нозик қочиримларга бой лутф, бошқасида – заковат, теран фалсафа, яна кимларда – улкан ижтимоий дард, бировларда – фикрнинг туйғуга ўралган гўзал суврати… Ёзганларимнинг кўпи дуога ўхшаб кетса керак. Яна, шеър – тавба, шеър – комиллик истаган иймон. Ахир:
“Қачонлардир мен ҳам Одам бўлганман,
Қачонлардир мен ҳам фаришта эдим”.
Баъзан шеър ёзиш ибодат мақомида эмасмикан, деб ўйлаб қоламан. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, шеър ёзаётганда шоир пок (бу ўринда сўз “ясаш” билан шуғулланишни назарда тутмаяпман). Ўша пок лаҳзаларда қилган тавбаларим қабул бўлармикан, Сўзим ўз манзилига етиб борармикан, дея кўп ўйлайман. Аммо Умид ҳамиша таскин бериб келган.
Балки, ёзмишларимнинг баъзиларидан сиз айтгандай исён “ҳид”и ҳам келар. Аммо бу зинҳор Яратганга эмас, пуч сўзларга, катта-катта ёлғонларга, майда ғамларга, тубанликка… қарши исёндир.

– Нега ёзганларингизда муҳаббат мавзуси 100 дан 5 фоизни ташкил этган? Ҳолбуки, барча, айниқса, сизнинг ёшингиздаги ижодкорларнинг асосий мурожаати муҳаббатга-ку?

– Фаҳмимча, муҳаббат деганда бу ўринда кўпроқ икки инсон ўртасидаги яқинликни назарда тутаётган кўринасиз. Аслида ёзганларимнинг аксарияти (эҳтимолки, ҳаммаси) муҳаббат ҳақида, деб ўйлайман. Чунки муҳаббат фақат кимнидир ёқтириш, изҳори дил қилиш билан чегараланмайди. “Ўлдим-куйдим” дейдиган ёшда бўлсам ҳам, кўнглимга “қоши камон, юзи ҳилол” каби “суви қочган” сўзлар сиғавермайди. Шеърда эса фақат кўнглингиздан ўтганини айтасиз. Қолаверса, нуқул туйғуларни қитиқлайдиган шеърлар ёзиб эътибор қозониш ниятим йўқ. Ва битикларим орқали кимгадир ақл ўргатмоқчи ҳам эмасман…
Мен доим Вақт билан беллашаётганга ўхшайман. Чорак аср оз фурсат эмас. Ҳаёт, мураккаб дунё ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрадиган, хулосалар чиқарадиган, асосийси, ўзингни кашф этадиган фурсат. Юрак ёниб турганида кўп нарсага улгуриб қолиш керак. Демоқчи бўлганим, фақат “Мен севаман, сен севасанми?” деб ижодий умримни сувга оқизиб юборишни истамайман…

– Ҳозирда кўплаб “қалдирғоч” китоблар, шунингдек, ёш ижодкорлар баёзлари чоп этилаяпти. Буларни ўқиб кўрганда, аввало, нималарни ўйлайсиз? Умуман, адабиёт майдонига кириб келаётган ёшларга ҳамда мазкур майдонга интилаётган ҳаваскорларга қандай муносабат билдириб, нималар дейсиз?

– Мен ҳам изланаётган ёшлардан бириман. Илк тўпламим чоп этилганида ҳали 16 га тўлмаган эдим. Ўқувчилик пайтимда иккита шеърий тўпламим нашр этилган. Ўша йиллари “китоби чиққан” деган ном бугунгидан шарафлироқ эди. Ҳозир “мода” тусини олган бу “ҳунар” кўпчиликнинг ғашини келтириши ҳам бор гап. Бугунги кўзим билан қараганда ўша тўпламларимдан унча қониқмайман. Яхшими-ёмонми, уларнинг “пешона”сига менинг номим битилган. Қолаверса, бугун озми-кўпми ютуққа эришаётган бўлсам, ўша ҳозир мен писанд қилмаётган китобчаларнинг ўз ўрни бор.
Устозларимиздан бири: “Китобчангни қўлимга олиб, аввалига, сизларни жуда эрта рағбатлантириб юбормаяпмизмикан, деган ўй хаёлимдан ўтди. Йўқ, бизга насиб этмаган имкониятлардан сизлар фойдаланинглар. Сўзга хиёнат қилмасаларинг бўлгани”, деган эди. Шундай экан, истиқлол берган имкониятдан тўғри фойданашимиз керак.
Ҳозир китоб чиқариш катта муаммо эмас. Лекин сиз айтаётган “қалдирғоч” китобларнинг савияси қай даражада? Китоб чиқариш кимлар учундир эрмакка ўхшаб қоляпти, чоғи. Катта адибларимиз кўп айтишади, илгарилари ҳали адабий жараёнда номи маълум бўлмай туриб, бирданига китоб чиқариш ҳоллари деярли кузатилмасди.
Аввало, чоп этилаётган биринчи шеърий тўпламлардан самимият қидираман. Эътибор берган бўлсангиз, ёш муаллифнинг анча кўркам, дизайни яхши, сифатли қоғозга босилган «китоб»ида бадиий жиҳатдан бўш шеърлар кўп. Мавзунинг саёзлиги, жумлаларнинг ғализлиги, носамимийлик… Бозор шовқини, таассуфки, аллақачон шеърларга ҳам “кўчиб” улгурибди…
Бундан ташқари, ўхшаш мисралар, бир хил сарлавҳалар бундай тўпламларда тез-тез кўзга ташланади. Аксарият «шеър»лар «Онажоним», «Ватаним» номи билан берилганини тушунса бўлар, аммо оддий шеър техникасига риоя этилмай ёзилган машқларни шеър деб бериш, китоб ҳолида нашр этиш тўғри бўлмаса керак. Бу ҳолат ўқувчида пул бўлса бас, китоб чиқариш мумкин, деган нотўғри фикр уйғотиши мумкин. Ахир, устоз шоир-ёзувчиларимиз биринчи китобларини чиқаргунча қанча тер тўкиб, машаққат чекишган. Лекин биринчи китоблар орасида кўп жиҳатдан пишиқ, мағзи тўқ сатрларга бой шеърлар жамланганлари ҳам оз бўлса-да бор. Ана шундай тўпламларнигина тарғиб қилиш керак, деб ўйлайман.

– ”Истаган пайтимда гуллашим мумкин” деб туриб, ўз-ўзингизга “Сен қачон гуллайсан, Беҳзод Фазлиддин?” дея мурожаат қилишингиз кўпчилик мухлисларнинг таажжубини уйғотган…

– Ичимда минглаб “мен”лар борга ўхшайди. Лекин улар орасида икки “мен” алоҳида ажралиб туради, мени бошқаради гўё. Бири – қатъиятли, ўзига ишонган, шижоатли, муросасиз… Иккинчиси ўта беозор, ҳалим, кўнгилчан, устига устак, ўзидан ҳеч қониқмайди. Баъзан унисига ён бераман, гоҳи бунисига. “Истаган пайтимда гуллашим мумкин” дея ишонч билан таъкидлаётган ана шу беҳзодларнинг биринчиси. Иккинчиси эса “Сен қачон гуллайсан?” дея ҳамон ўз-ўзини, дунёни саволга тутмоқда…

– Сўз мулкида бошловчиларни, ҳаваскорларни ва ҳали “ғарқ пишмаганлар”ни кўпроқ кузатиш, йўл-йўриқ ва маслаҳат бериб, кези келганда, танқид қилиб, умуман, баҳолаб бориш одатига кўникмамиз бор. Лекин қалами чархланганлар ва устоз ижодкорларга ҳам олқиш ва ҳавасдан ташқари юқоридаги каби муносабатлар ҳам бормикан?

– Ижод – умрбод изланиш демакдир. Шундай экан, изланаётган, қидираётган одам хато қилиши табиий. Қалами чархланган ижодкор доим аъло даражада ёзмайди. Шунақа пайтларда уларнинг ҳам “қулоғидан чўзиб қўйиш” керак. Бунинг учун адабий танқидчилик ҳамиша ҳушёр бўлиши талаб этилади. Масалан, катта ёшли бир ижодкор “Адабиётни қоғозга тўлдирмайлик”, деб ёзибди. Ваҳоланки, унинг ўзи адабиётни қоғозга тўлдириб ташлаяпти.

– “Ушоқча дард билан қайга бораман…”, дейсиз бир шеърингизда. Аслида, юк қанчалик енгил бўлса, учиш шунчалик осон эмасми?

– Йўқ, тоза дард ҳеч қачон инсонга ортиқча юк бўлмайди. Аксинча, уни янада юксакликка чорлайди…
Сиз нима дейсиз, шеър орқали тақдирдан башорат қилиш мумкинми? Мен кўпинча ёзганларимда ўзимга (эҳтимол, ўз ҳаётим устидан) ҳукм чиқариб қўяётганга ўхшайман. Аммо ҳануз баланд-баландларга учиш учун йўл қидираман.

– Адабиёт, шоирлар ва шеърият ҳақида уч оғиз фикрингиз?

– Шоир – бемор, шеър – малҳам, адабиёт – табиб. Баъзан вазифалар алмашиниб туради: беморнинг ўзи малҳам ёки табибга айланади. (Негадир дарров хаёлимдан шундай фикр ўтди.)

– Агар имконият берилса, ижодкорлар орасида қандай танлов таъсис этардингиз ва унинг мақсад-вазифалари нималардан иборат бўларди?

– Журналистик фаолият давомида бир неча танловларда қатнашганман. Юртимизда журналистлар ўртасида танловлар жуда кўп. Лекин адабиёт соҳасида… Нега йилнинг энг яхши китоблари аниқланмайди? Ё бўлмаса, энг яхши дебют ишлари адабиётда ҳам бор-ку. Менимча, барибир, оммалашишдан бу қадар қочмаслик керак. Имконият бўлганида, Адабиёт мукофоти таъсис этардим. Асосий мақсад-вазифаси, албатта, Адабиёт равнақига хизмат қилиш, умуман, миллат маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш бўларди.

– Нима учун ҳозир адабиётимизда Алишер Навоий, Бобур каби дунё тан олган ижодкорлар етишмаяпти? Ахир, айни замонда миллатлараро алоқа ҳар томонлама мукаммал ва осон-ку.

– Бу фақат сизу бизни ўйлатаётган савол эмас. Сиз тилга олган буюк аждодларимиз, аввало, улкан Шахс эдилар. Даҳолар ҳар доим туғилавермайди. Лекин бу замонавий шеъриятимиз ғариб аҳволда дегани эмас. Фикримча, ўзбек шеърияти дунё поэзиясида юқори ўринларни эгаллайди. Қанча шоирларимиз жаҳон миқёсига чиқишга ҳақли. Фақат таржима масаласида… Яна бир гап, Навоийники ўқимаётган авлод бугунги мундайроқ ижодкорларни билмагани ҳеч қанақа фожиа эмас.

– Бахтни ҳар ким ўзича тушунади. Умумий назар билан қараганда, бахт нима?

– Ўйлашимча, Бахт – ўзингдан ўзингни топа олишдир. Яна, Бахтнинг нима эканини англаб етиш ҳам Бахт бўлса керак. Шу маънода шоирлик ҳам Бахтдир. Борган сари буни тушуниб етаётганга ўхшайман…

Ирода УМАРОВА суҳбатлашди.

2011

Бизни ижтимоий тармоқларда қуйидаги манзилларда кузатиб боришингиз мумкин:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *