Асқад Мухтор. Шеър – шоирнинг ижтимоий виждони

Бундан йигирма йилча аввал мен Рауф Парфининг илк шеърларини матбуотга тавсия этган эдим. Маълумки, ҳар қандай тавсия ишонч ва масъулият ҳислари билан боғлиқ бўлади. Ўтган йиллар Рауф Парфига нисбатан бу ҳисларимни синаш учун етарли асос беради, шунга кўра, унинг ҳозирги ижодий ҳолати ҳақида, шу баҳона билан шеър санъатининг баъзи жиҳатлари тўғрисида бир оз мулоҳаза юритгим келди.
Бу йиллар ичида Рауф Парфи катта шоир бўлиб етишди, олти-етти шеърий тўплам нашр этиб, китобхонларга танилди, шеърият мухлисларининг ҳурмат-эътиборини қозонди.
Унинг бу йўли осону равон бўлмади, албатта. Олтмишинчи йилларнинг аввалида гоҳ ғарб модернистларини эслатадиган, гоҳ ўрта аср япон поэзиясини эслатувчи миниатюралар, гоҳо деразага қўнган ғариб қушча ҳолига йиғлагувчи “сентимент”… Хуллас, “ўз хаёлларига ўз қўли етмай”, “борми менинг ҳам йўлим?” дея, ўзлигини тополмай, “чақмоқдай чорасиз” юрган пайтлари эсимда.Рауф Парфи
Биз кўпгина умидли ёшларга оқ йўл тилаймиз, лекин шулар орасида айниқса Рауф Парфи мени ҳамиша ташвишга солар эди. Унинг гоҳо дадил, ўзи айтгандай, “қалтис дордан юриши”, дам ажойиб гўзал, дам мантиқсиз экспериментлари мени ҳам озмунча ҳаяжонлантирмади. Лекин у ҳақда ўйлаш менга доим завқ бағишлайди.
Унинг ўша бесабр машқлари ҳам талант ҳосиласи эди, шунинг учун уларнинг кўпи ижодда қолди. Ёш шоир ҳали “устозлар таъқиби”дан қутулмаган бўлса-да, айниқса, нозимона сарбастларда кенг, тиниқ уфқлар кўрина бошлади, тетик фалсафий руҳ кучайди, “давомли ҳаракат уйқусида Вақт ўтмоқда” каби ўзига хос истиоралари диққатни тортди. Шеърга замон ва замондошлар бор бўйи билан кириб кела бошлаганда шоирнинг мустақиллиги кўзга ташланади. Мавҳум ғуссалар конкрет ижтимоий ташвиш тусини олиб:

Ҳасратлари дунёнинг кўпдир,
Лекин йўли бир: Қуёш сари –

деган ёрқин ва дадил хулосага келади шоир. Замонанинг кенг нафаси шеърларга қулоч бағишлайди:

Тонг отмоқда, мусаффо тонгга
Юрагини тутар одамлар.
Шу тонг учун келган жаҳонга,
Шу тонгни деб ўтар одамлар.

Энди шоир “чексиз-чексиз дақиқалардан иборат чорак асрлик умри” ҳақида жиддий ўйга толади, бу дақиқаларда у – гоҳ Фучик, гоҳ Тўйчи Эрйигитов, гоҳо вьетнамлик бир гўдак… Шуларсиз унга ҳаёт татимайди… Юсуф – мисли Квазимодо. Шоирни энди мутлақо нотаниш кимсалар қисмати ҳам қийнайди.
Шеъриятда гражданлик руҳини бадиий позиция даражасига кўтариш – талантнинг муҳим жилоси. Инсоният тақдири, Инсоннинг маънавий кодексини даврнинг бош масаласи десак, ижтимоий зеҳни ўткир шоир бу масалаларга яқиндан ёндашади ва шунинг учун унинг руҳи доим безовта, у курашчан хаёл билан яшайди:

Ҳали дунё очдир фикрга, нонга,
Вақт шамолида талошдир давр…
Дунё тургунча тур, курашчан хаёл!..

Бу сатрларнинг Ленин номи билан боғлиқ ҳолда туғилиши ҳам шоирнинг эндиликда тафаккур миқёслари кенгайганини кўрсатади. Унинг “Ленин мақбарасига гулдаста”, “Пабло Неруда ўлимига” каби етук шеърлари шундай ижтимоий миқёс касб этади. Сонетлари эса санъаткорона ишланган.
Рауф Парфи поэзияда мураккаб ва динамик метафоралар усулини танлади. Унда айрим образларгина эмас, балки бутун шеър метафора ҳаракатига қурилади, метафора поэтик тилга, образ мантиқига, шеърий тафаккур бойлигига айланади…

Метафора поэзияда, албатта, янгилик эмас. Лекин у ҳар бир яхши шоирда ўзига хос жилваларда намоён бўлади. Рауф Парфи метафораларининг ўзига хослиги уларнинг қамровида ва мавзуга майин, табиий романтик оҳангдошлигида. Шоирнинг илк шеърларидан бири чироқ ҳақида эди. У чироқни метафорага асос қилиб олиб, унинг ҳамма сифатларидан кенг қамровда фойдаланади. Чиндан ҳам, тунги чироқ кўп хилма-хил ҳисларнинг рамзидир: унда ҳасрат ҳам бор, ўйчан жимлик ҳам, ёниш ҳам бор, ёруғлик ҳам, дард, умид, ёлғизлик ҳам бор, бардош ҳам… у қуёш навбатни олгунча ёнади.
Рауф Парфининг Ойбек хотирасига бағишланган гўзал шеъри бор. Унда устоз ҳақида сўз юритилмайди. Ойни акс эттириб турган тиниқ булоқ фожиасини ўқийсиз. Булоқни даҳшатли тоғ қуюни ҳалоқ этади. Энди ой мангуликни эслатиб фалакларда сузади, холос…
Шеърнинг ўзи – табиатнинг шоирона бир манзарасига асосланган мураккаб метафора, сиз орамиздан бевақт кетган устоз хотирасини чексиз алам билан ҳис этасиз.
Метафоралар шоирни мураккаб ассоциатив тафаккурга олиб келади. Шунинг учун баъзилар Рауф Парфини ўта мураккабликда айблайдилар. Менингча, муваффақиятли шеърларда мураккаблик ёмон эмас. Китобхонни ўйлатмайдиган, ҳаяжонга солмайдиган, осонгина ўқиладиган жўн шеъриятга ўргатиш ҳам ярамайди.
Рауф Парфи жўн гапдан доим қочади. Бухоро ҳақидаги шеърида у энг оддий мавзулардан бирини олган. Бу шаҳарни бориб кўрганини ёзса ҳам бўларди, лекин ундай репортёр гувоҳлиги шоирнинг иши эмас. Шоир туш приёмига мурожаат қилади. Чиндан ҳам, ярим реал туш бу қадим шаҳарнинг романтик сеҳрий руҳига жуда мос тушади.
Асрлар бир дамдай қаршимда
Зангор олов бўлиб оқармиш…
Шеърни тушуниш билангина иш битмайди-да. Бунда энг муҳими – таъсир масаласи. Рауф Парфи ўзининг “Санъаткор” шеърида айтганидай, асарда ҳал бўлган тақдир китобхон юрагида давом этиши керак.
Рауф Парфи – яралари очиқ, дардли шоир. Унда ҳазинлик кўп, ора-чора шунчаки марсия ҳам ёзиб ташлайди, тушкунлик аломатлари ҳам учрайди. Мен буни шоирнинг айбига йўймасдим. Шоир инсоний дардлардан холи бўлолмайди. Рауф Парфи эса, шоир сифатида, ўзлигини тўлароқ ифодалашга интилади, кўпирмайди, шу маънода рўйирост. Ҳарҳолда, Маяковский айтганидай, “Дунё ҳали қувончларга тўла мослашмаган” ахир.
Шоир боладек қувонибгина яшай олмайди. “Сени, эй ғамли оҳанг, танимасдим, билмасдим олдин”. Бора-бора дунё таниб, ҳаётга ўзини жавобгар сеза бошлагач, ғам ҳам келади, шоирнинг “қалбини асрнинг томирига улайди”. Бора-бора инсонлар дардини, дунё ғамини шоир ўзининг энг интим ҳисларидан ажратолмай қолади: “Менинг ўйчан, меҳрибон онам – Ер шаридан олинган тасвир”. Лирикага гражданлик масъулияти шу тариқа кириб келади.
Рауф ўзининг ўйчан, бир оз ғамгин овозини сира умидсизлик деб ҳисобламайди: “Мен куйиниб севаман, нетай… Мен куйиниб сўзлайман, холос”.
Лоқайдликнинг бундай муросасиз душмани баъзиларга маъюсроқ кўринса, не ажаб. Шоирни она, муҳаббат, санъат, табиат лирикаси ҳаяжонга солади. У шамоллар хаёли, доим уйғоқ ариқлар, ёмғир шивирларини беҳуда тилга олмайди, уларнинг “юракка қўшилиб кетиши” қизиқтиради шоирни. Табиат билан инсон руҳиятининг азалий қоришиқлиги шоирни аввал сокин ўйчанликка, сўнгра бетоқат ҳаяжонларга бошлайди. Шунинг учун риторика унга ёт. У буни ҳаётийликка хилоф деб билади. Ҳатто публицистик рўйиростлик ҳам унда камдан-кам учрайди. Фикрни ҳис билан йўғириб, сатрда унга шеърий ҳаёт бағишлашга интилади. Ўзи айтганидай, “ўйларини қийнаб ўйлайди”.
Бу замин узра мен кимман? Бундай ташвишли савол, ёш инсоннинг ўз шахсига талабчан разм солиши шоирнинг шахсий эҳтиёжигина эмас, ҳозирги ёшлик лирикасининг ижтимоий-вхлоқий сифатларидан бири десак бўлади. Шунинг учун бу шоирнинг хаёлларидаги кучли субъектив бўёқлар бизни ажаблантирмаслиги керак. Баъзан уларнинг меъёрлари бузилиб қолишини демасангиз, Рауф Парфи шоирга муносиб иш билан шуғулланяпти. Инсон деган жуда катта миқёсли жумбоқни образли, психологик ва социал жиҳатдан ечишда, яхшилик, виждон, ёвузлик, шафқат, лоқайдлик, дард кабиларни таҳрир этишда кўп ва ҳар хил бўёқ ва тафсилотларга эҳтиёж бор. Рауф Парфининг кўп шеърлари ўзига ва бошқаларга муросасиз маънавий талабчанлик руҳида ёзилган беомон ва шиддатли “айбнома”лардир. “Соя” шеърида виждонга хилоф қилинган ҳар қандай ишнинг бир умр одамнинг изидан соядек эргашиб юриши фожиий қисмат даражасига кўтарилади. Ёки унинг ёшлик ҳақидаги бошқа бир шеърини олайлик:

Видо табассумли олам, ёшлигим,
Кўзларимда қотган жолам, ёшлигим.
Кўкларга етмаган нолам, ёшлигим,
Сувга чўкиб кетган болам, ёшлигим,
Видо табассумли нолам, ёшлигим.

Ёдимда, бу шеър ёшларимиз кайфиятининг тиниқ ифодаси эмас, деган танқидий чиқишлар ҳам бўлган эди. Лекин штамплар, схемалар нуқтаи назаридан эмас, шоирнинг ўз бадиий дунёсидан, унинг ахлоқий принципларидан чиқиб қаралса, бу сатрлар юриш-туришидан ёшлигини боладай сувга чўктиришига кўзимиз етиб қолган баъзи йигит-қизлар учун кескин огоҳлантиришдир.
Аммо лирик ҳиссиёт нозик нарса. Меъёр бузилса, у тош қотган совуқ гўзалликка айланиши ёки чил-чил синиб, кўксингни тилиши ҳам мумкин.

Лирика ижоднинг энг субъектив турларидан биридир. Рауф Парфи ўз изланишларининг баъзи босқичларида интим ҳисларнинг ташқи олам билан боғланишини йўқотди. Субъектив ҳиссиётнинг шеър бўлиши учун бундай боғланиш ришталари жуда муҳим. Акс ҳолда шоир ўз шахсий икир-чикир ҳисларини ковлаштиришга тушиб, эътибордан қолади.
Дард билан талпиниб яшаш яхши. Буни шоирнинг ўзи “Юлдузларга мен ҳам қарайман” деган шеърида ажойиб тарзда ифода этган.
Лекин ўринсиз, ўйлаб чиқарилган дардларга зўр бериш на ҳожат? Шоирни баъзан, чунончи, сабабсиз зулмат қийнайди (“Деразадан боқар зулумот”). Нега, автор ўзи ҳам “нега, тушунмайман, нега, дод!” дейди, бу зулматни ўзи ҳам мантиқсиз деб атайди. Шоир, албатта, кайфият яратмоқчи. Лекин бунинг учун дардни ўйлаб чиқариш керакми? Кайфият ҳам ахир қоп-қора эмас, рангин, мураккаб нарса бўлади, масалан, “Сув остида ялтирайди тош” деган гўзал шеъридаги сингари.

Шоирга қатъий қоидалар, рецептлар бериб бўлмайди. Бордию бундай қоидалар ва рецептлар тўплами чиқса, бу зарарли китоб бўлар эди. Аммо бир қоида аниқ: энг эмоционал поэзия ҳам вазифа ва моҳият эътибори билан сиёсий масаладир, шеър – шоирнинг ижтимоий виждони.
Баъзан танқидий мақолаларда “фалончи шоир изланиш даврида” дегандай иборалар учрайди. Менингча, изланиш ижоднинг маълум бир давригагина хос нарса эмас. У бир умр давом этиши керак. Изланиш ва экспериментларни тўхтатган шоир ўз имкониятларини тез чеклаб қўйиб, бир даражада “текис” кета бошлайди, шеърхон бунга ўрганиб қолиб, кашфиёт кутмай қўяди.
Мен шундан мамнунманки, шу йигирма йил ичида Рауф Парфининг ижодига қизиқиш сусаймади, у ҳақда кўпгина баҳслар бўлаяпти. Бу – унинг шоирона безовталигидан. Бу бесаранжом руҳ шеърхоннинг ҳам ҳаловатини ўғирлайди.

Одам нима учун шеър ёзади? Бунга жавоб топиш мушкул. Унга худди шундай мушкул савол билан жавоб бериш мумкин: одам нима учун севади?
Инсон қалбининг азиз мулки бўлган бу икки туйғу сирлилиги, сеҳрли жозибаси, ёрқин кучлар бағишлаши билан ўхшаш. Улар нисбатан секин ва кам ўзгарадилар, тўғрироғи, қийин ўзгарадилар, лекин ҳар бир қалбда янгиланадилар. “Фарҳод ва Ширин”ни, “Евгений Онегин”ни юз йиллардан бери ўқиймиз. Боболаримиз ҳам севиб, лекин ўзича ўқиган, невараларимиз ҳам. Фанда янгилик кўпинча эски ҳақиқатларни инкор этиб дунёга келса, поэзияда (муҳаббатда ҳам) янгилик эски ҳақиқатларга асосланиб дунёга келади. Поэзияда янгилик традицияларнинг тараққиётдаги кўринишидир ёки аниқроғи – традицияларни чуқур билиш мевасидир.
Шунинг учун шеъриятд янгилик топиш осон кўчмайди ва ҳар қандай изланиш ва экспериментга шу нақтаи назардан қараш тўғри бўлади.
Хўш, бу шундай қийин иш экан, янгилик изламай, яхши традициялар асосида ёзаверса бўлмайдими? Йўқ, бу истакка боғлиқ эмас. Янгиликка интилиш – ижодий изланиш – ҳар бир ҳақиқий талантнинг эҳтиёжи, муҳим хусусиятидир. Аммо “талант стихиясини ҳам идрок ила бошқара билиш лозим”, дейди Кант. Бу ўринда буни, шоирнинг ўз талантини барча буюк традицияларни, айниқса, ижоднинг миллий анъаналарини яхши билиш билан озиқлантириши ҳақидаги гап, деб тушуниш мумкин.
Изланишларни, экспериментларни буюк традициялар билан қаттиқроқ боғлаш талаби Рауф Парфигагина тегишли эмас. Атай новатор бўлиб бўлмайди. Бизга энг традицион бўлиб кўринган Пушкин буюк новатордир. Карамзин ёки Кантемирга нисбатангина эмас, балки замонлар учун. Ноёблик, бетакрорлик – новаторликнинг илк белгиси. Мен бу мавзуда гапирганим, ёзганларим бор. Бизнинг авлод кишилик яратган бойликларни қора офатдан жуда катта қурбонлар эвазига сақлаб қолган, уларнинг қадрига ета билади. У ўтли кунларни бошдан бир кечиргач, одам ўз ахлоқий-сиёсий позициясини абадийликка маҳкам белгилаб олар экан.
Рауф Парфи ҳиссиёт воситасида тафаккур қилувчи, кучли, беҳаловат шоир. Унга кўп ёшлар эргашяпти. Лекин шоирнинг заиф томонларини илиб олган баъзилар уни барча традицияларни бузувчи “новатор” қилиб кўрсатишга уринадилар. Бундан, “традиционлик”, яъни анъанавийлик поэзияни орқага тортади, деган фикрни келтириб чиқармоқчи бўладилар.
Поэзияда кўп тарқалган тақлидчилик ва имитацияларни традиция билан аралаштирмаслик керак. Традиция поэзияга четдан келиб қўшиладиган элемент эмас, у ҳар бир янги шеъриятнинг ич-ичига сингишган, унинг энг яхши хусусиятларини белгиловчи руҳиятдир. Шунинг учун шоирларни “Традицион шоир” ва “Новатор шоир” деб иккига ажратиш унча тўғри бўлмаса керак. Традициясиз ҳеч қанақа шоир, ҳеч қанақа новаторлик йўқ. Изланувчан шоир учун поэзиянинг имкониятлари туганмасдир. Поэзия мудом янгиланиш ғояси билан яшайди. Традиция эса янги шеърият яратиладиган адабий-бадиий муҳит, у нафас оладиган ҳаво. Ундан четдаги, шунчаки экспериментаторликлар ўзига хослик иллюзиясидир.
Рауф Парфининг изланишлар муҳитида Нозим Ҳикмат, Ойбек, Гарсиа Лорка, Ғафур Ғулом, Пабло Неруда, Ҳамид Олимжон, Андрей Вознесенский, Маҳмуд Дарвеш ва Миртемир каби забардаст, дардли ва исёнкор шоирлар бор. Унинг шеърлари – доим баҳс, эзгулик билан ёвузлик, поклик билан чиркинлик, ёруғлик билан зулмат, кураш билан лоқайдлик, ёлғон билан ростгўйлик ўртасидаги баҳс. Шоир ўз сарчашмаларига муносиб асарлар билан бирга, гоҳо мавҳумият аро ўзлигини тополмай, чувалиб қолган шеърларини ҳам эълон қилди. Лекин унинг энг яхши асарлари шуни кўрсатадики, изланиш йўллари буюк шеърий анъналарнинг ривожланиш йўлига мос келганда оламни поэтик идрок этиш, ҳиссий тафаккур янада чуқурроқ, нафисроқ тус олаверади.
Ҳиссий тафаккур нима?
Мана, масалан, Рауф Парфининг “Рассом” шеърида ижодкор қалбидаги “ўтга қўнган қор каби беҳол” бир кашфиёт илинжини ҳис этамиз. Рассом “қорнинг нурли чанги”да осмоннинг “маъюс ранги”ни топгандай бўлади. Лекин тополмайди, осмонга тикилганча қолади…
Асарда бошқа ҳеч қандай изоҳ йўқ, аммо биз типик ижодий ҳолатни қалбдан туямиз, англаймиз.
Шу ўринда айтиш керакки, баъзан ҳислар стихияси шеърни пароканда илиб қўяди. “Шамоллар” деган яхшигина мажозий шеърда ҳам шуни кўрамиз.
Сийқаланмаган, оригинал қофиялар (юрардинг – юрагинг, ўзгариб – дўстларим, осмон – рассом, кўрганим – ўрганиб…) билан шеърларга сарин мусиқийлик бағишлай оладиган шоир оғир мавзуларга қўл урганда, сарбастга мурожаат қилиб, баъзи шеърий шартлиликлардан ўзини холи қилиб олади. Лекин шу эркинликлардан кўпинча фикрий ва ҳиссий тиниқлик учун фойдалана олмай қолади. Сарбаст уни негадир кўпинча декламацияга судраб кетади. “Луис Моран”, “Вьетнам ҳақида қўшиқ” каби муҳим социал йўналишлардаги шеърларида эса поэзиянинг мусиқийлик табиатини рад этиб, узуқ-юлуқ хитоблар, информациялар йиғиндисига, ёппа диссонансга ўтади. Мен бу йўлнинг эстетик самараларига шубҳа қиламан. Лекин Рауф Парфидек иқтидорли шоирнинг фикрий, ҳиссий, мусиқий диссонанслар йўлини ўтиб, умумий катта поэтик гармонияга, яъни уйғунликка келишига-эриша олишига ишонаман.
Бунинг учун шоирда миқёсли тафаккур маданияти ва таҳлил маҳорати билан юксак маънавий интилишлар ва бадиий дид бирлашиб кетиши керак. Йилларни осон ўтказмай, азият чекиш зарур. Гап тиш оғриғи ҳақида эмас, албатта, дардкашлик ҳақида. Катта халқона позицияларга ўтиш, кўзни каттароқ очиб, нотинч дунёнинг уфқларига тикила билиш, тириклик қуёшининг қувончли нурларини ҳам танага, ҳисларга, фикрларга кенгроқ яйратиш керак. Шундай кенглик, шундай позиция кичик йўлларни ҳам катта йўлга олиб чиқади.
1984

Сайт муаллифидан:
1966 йили “Шарқ юлдузи” журналининг 1-сонида Асқад Мухтор “оқ йўл”и билан Рауф Парфининг туркум шеърлари эълон қилинади. Атоқли адиб ёш шоирнинг ҳеч кимникига ўхшамаган овоз билан куйлай бошлаганини эътироф этар экан, шундай ёзади: “Рауф Парфи ҳар бир шеърида одамнинг мураккаб руҳий дунёсидаги бирон ҳолатни тутиб олиб, суратлайди. Бу – қийин ижодий процесс. Лекин Рауфнинг сатрларида бу қийналиш билинмайди, улар гўё осон кўчгандек равон, табиий, самимий. Бу шеърларда декларативлик ҳам, насиҳат ҳам, иллюстрация ҳам, дидактив ялонғочлик ҳам йўқ. Улар шоирнинг завқ дунёсидан туғилган. Агар бу дунё тобора кенгайса, тўлқин урса, инсоний эҳтирос ва гражданлик ҳислари билан янада бойиса, Рауф Парфи, шубҳасиз, ҳассос шоир бўлади”.
Устод адибнинг бу фикрлари, албатта, Рауф Парфи ижоди ҳақидаги дастлабки тиниқ таассуротлар эди. Шоирнинг ҳеч кимникига ўхшамаган овози тобора дадиллаша борди. Асқад Мухтор орадан салкам 20 йил ўтиб шундай ёзади: “Рауф Парфи – яралари очиқ, дардли шоир. Унда ҳазинлик кўп, ора-чора шунчаки марсия ҳам ёзиб ташлайди, тушкунлик аломатлари ҳам учрайди. Мен буни шоирнинг айбига йўймасдим. Шоир инсоний дардлардан холи бўлолмайди. Рауф Парфи эса, шоир сифатида, ўзлигини тўлароқ ифодалашга интилади, шу маънода рўйирост”. “Шеър – шоирнинг ижтимоий виждони” сарлавҳали мазкур мақолада Рауф Парфи ижоди етарлича таҳлил қилиб берилди, Асқад Мухтор шоирни айрим ғоябозлардан ҳимоя этиб, у ҳақдаги энг асосий гапни айтди: “Рауф Парфи ҳиссиёт воситасида тафаккур қилувчи, кучли, беҳаловат шоир”.
Шу ўринда мазкур мақола ўша пайтлари “порлоқ ғоялар”ни шеърга солиш ўрнига ҳазин оҳангда “қанақадир мавҳум ғамларни” (?!) куйлаётган ва шу сабаб аёвсиз танқид қилинаётган шоирни, унинг бетакрор ижодини ҳимоя қилиш мақсадида ёзилгани, ўз навбатида, Рауф Парфи шеърияти теран таҳлил қилинганини таъкидлаб ўтиш керак. Мақола “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1984 йил 20 январ сонида чоп этилган (айтишларича, газетанинг ўша пайтдаги бош муҳаррири, ёзувчи Одил Ёқубов ушбу мақола юзага келишида бош-қош бўлган экан), кейинчалик, 1986 йилда Рауф Парфининг “Сабр дарахти” китобига сўзбоши сифатида жузъий қисқартишлар билан киритилган.
Дарвоқе, ушбу мақоладан ўрганиладиган жиҳатлар талайгина: чинакам дард ифодаланган шеърларнинг шоир ҳис-туйғуларига боғлиқлиги табиий, самимийми; беҳаловат шоир мисраларидаги дарднинг ижтимоий салмоғи қай даражада?.. Устоз адиб шеър таҳлилида шу каби муҳим жиҳатларга диққатни қаратиш лозимлигини уқтиради. Агар бугунги кўплаб ёш шоирлар шеърларига шу нуқтаи назардан ёндашсак, улардаги дардли мисралар салмоғи тош босмаслиги, аксарияти шунчаки ҳою ҳавас, ўткинчи ҳислар ўкинчи эканига амин бўламиз. Бу эса устоз ижодкорлар поэтикасини пухта ўрганиш, улар замиридаги чўнг ҳаётий асосларни теран идрок этиш лозимлигини кўрсатади. Асқад Мухтор: “Рауф Парфининг кўп шеърлари ўзига ва бошқаларга муросасиз маънавий талабчанлик руҳида ёзилган беомон ва шиддатли айбномалардир”, дер экан, шоир ўз изланишларнинг баъзи босқичларида интим ҳисларининг ташқи олам билан боғланишини йўқотгани, субъектив ҳиссиётнинг шеър бўлиши учун бундай боғланиш ришталари жуда муҳим эканини ҳам ўринли қайд этади. Мазкур мақола ёш ижодкорлар учун ўзига хос маҳорат мактабидир ҳам.
Ўрни келганда, яна шуни ҳам айтиш керакки, мақола холис ва теран таҳлил асосида ёзилгани, Рауф Парфи шеъриятига юқори баҳо берилганига қарамай, унда муаллифнинг адабиёт ҳақидаги қарашлари кўпроқ ўз даври нуқтаи назари, аниқроғи, замона зайлидан келиб чиққан эди. Ҳатто Асқад Мухтор “Шеър ёзиш – сиёсий масала” дея қатъий фикр билдирган эса-да, чинакам поэзия ҳеч қачон ҳокимиятнинг мафкуравий дастури, сиёсий баённома бўлмайди. Яқин ўтмишимиздаги шоирлар авлоди яратган ижод намуналарининг аксарияти бугун ўз умрини ўтаб бўлгани ҳақиқат. Ўша йиллари адабиёт сиёсий майдон марказига интилди (ҳатто бунга мажбур этилди) ва, алалоқибат, мағзи пуч, сунъий кўтаринкилик, шалдироқ сўзларга бурканган “бадиий асар”лар урчиб кетди. Ҳозир ҳам бу борада аҳвол мақтагулик эмас. Бу энди – алоҳида мавзу. Қисқаси, шеър шоирнинг ижтимоий виждони экани қанчалар тўғри бўлса, адабиёт давр кайфиятини ҳаққоний акс эттиришга бурчли экани ҳам инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир.

Беҳзод Фазлиддин

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 399

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *