Баҳс: Қўшиқ, ҳаёт, маънавият

ШОВҚИНЛАР

shovqin

Камига ҳали яна «қўшиқ» ҳам эшитиш керак…

***
Бири нуқул қимматбаҳо матоҳини “реклама” қилади.
Бири фақат бақиради.
Яна бири ҳадеб қад-қоматига эътибор қаратади.
Бирови тарбиядан ваъз ўқийди.
Бошқаси ўзини идеал қилиб кўрсатмоқчи бўлади.
Ҳаммаси ўзини кўз-кўз қилади. Аммо бирортаси қўшиқ айтмайди. Худди шеър ёзмайдиган “шоир”лар каби.

***
Шовқин-сурон ёқмайдиган ёшда эмасман. Лекин тенгдошларим, ука-сингилларим салкам жазава билан қабул қилаётган данғир-дунғурларни эшитсам, юрагим сиқилади. Наҳотки, қариб қолган бўлсам?!

***
– Падарига, э, модарига ҳам лаънат бунақа “қўшиқ”ларнинг, – тутақади қўшним Беҳзод бобо. – Қулоғингни йиртиб бўлса ҳам кириб келади-я тарбиясизлар!

***
Юрганда ҳам оғзи қимирлашдан тинмайди. Ўтирганда боши ликиллайди. Ётишда қулоғи шанғиллайди. Булар қачон тўяркин шовқинга!

***
Кошкийди, булар шунчаки қизиқ устида айтилган гаплар бўлса. Ахир, бугуннинг маънавий қиёфасига чизгилар шунга ўхшаш эмасми?
Ҳа, биз бу ерда куйиб-пишиб маънавияту маданият ҳақида баҳслашиб ўтирибмиз. У ёқда шовқинчилар эски ҳунарини давом эттиряпти – бачкана қилиқлар, саёз хиргойилар, мағзи пуч филмлар “тақдимот”идан тўхтамаяпти. Ким билсин, айни шу дамларда яна қанча “бетакрор асар”лар яратилаётган экан!
Хуллас, маза қилиб устимиздан куляпти олғирлар. Томошага ўч оломон эса тубан талабларини қўймаяпти. Кошки, уларга бирор сўз айтишдан наф бўлса… Энг аламлиси, эътибор бермасликнинг иложи йўқ: кўзни юмиб, қулоқни беркитиб юра олмайсан-ку!
Бошланишида “чидаса бўладиган” ашулаю дастурларни эфирга берган янги мусиқий телеканал аввалгисидан кам фарқ қилади: экранда яна ўша қийшанглаганлар! Бу ерда “қўшиқ” матни, мазмуну мантиқ ҳақида гапириш ортиқча. Мисолга ҳожат бўлмаса керак.
Ёр қолиб, учинчи шахсга аталган “сатанг” яллалар, тоқатни тоқ қилгувчи йиғламсирашлар, “ликир-ликир”у тинимсиз алжирашлар… Яна қанчасини айтиш мумкин! Жонингизга тегмадими бунақа “ўйин”лар? Покиза инсоний туйғуларни бозорга солмоқчи бўлаётган, ошкора эҳтиросга берилаётган, қанча-қанча ёшларни йўлдан оздиришга “ҳисса” қўшаётган, тилимиз, маънавиятимизга беписандларча муносабатда бўлаётган бу тўдага, наҳотки, ҳеч ким бас кела олмаса! Бунинг асосий сабаби омманинг ўзи уларни қўллаб-қувватлаётганидамикан?
Қисқаси, ҳозирча қўлимиздан келадигани – телевизорни ўчириб қўйиш ёки бошқа каналга ўтказиш. Агар пулт қўлимизда бўлса, албатта.
Аслида, айб ўзимизда. Чунки аксариятимиз бирор соат қўшиқ эшитмай тура олмаймиз. Хоҳлаб-хоҳламай ўшаларга қўшилиб хиргойи қиламиз.
Журналистлар эса бунга кўпинча фақат материал учун мавзу деб қараймиз – мақола қилса бўларкан, дея ёндошамиз. Ва, табиийки, бундай муносабатда ёзилган гапларимиз бошқалар тугул, ўзимизга ҳам таъсир қилмайди. Ёки уларга “танқиддан тубан” қабилида қараймиз. Афсуски, бугун бундай “қўшиқ”лар аксарият кишиларнинг эрмаги, қўшиқчилик халқимиз ҳаётининг “мазмун”ига айланган.
Балки, бундай оҳанжамаларга чалғимасликка сизу бизнинг иммунитетимиз етарлидир, аммо уларни бутун вужуди, онгу шуури билан қабул қилаётган, ўзига сингдираётган шўрликлар-чи?! Ўйлаб кўринг, шунақа маза-матрасиз маҳсулотдан “озиқланиб” бутун бир авлод “тарбия” топяпти. Моҳиятга эътибор берилса, “оммавий маданият” ўзимиздан ҳам чиқаётгани аён бўлади.
Айюҳаннос солаётганга ўхшасам-да, ростини айтай: бунақа машмашалар жуда чарчатди! Ҳаддан ошиб кетди шовқинлар!
Бир қаҳрамон тилидан айтиладиган мана бу гап айни ҳолимизга мос: “Бирлашсак, омон қоламиз”. Келинг, азиз аҳли зиё, эзгу ишларда, миллатимиз маънавияти, тил ва маданиятимизга путур етказаётган иллатларга қарши курашда бирлашайлик. Оқимни тўғри ўзанга буришнинг самарали йўлларини қидирайлик. Ёниб-куйишларимиз ҳозирча деярли ҳеч нарсани ўзгартирмаса ҳам, миллат маънавиятига дахлдор ишларга бефарқ бўлмайлик.

Беҳзод

P.S. Ўн йиллар аввал “Қайси қўшиқни ёқтирасиз: бу саволга жавоб тингловчининг савиясини англатади” номли мақола ёзгандим. “Маърифат” газетасида чоп этилган ўша мақоладан кейин ҳам бу мавзуда кўп ёздим. Аммо аҳвол ўша-ўша! Илгариги мақолалар таҳлилий характерда бўлиб, баъзи бемаза “қўшиқ”лар ва уларнинг муаллифлари номма-ном кўрсатилганди. Энди билсам, гап эгасига етиб бормас, улар, барибир, ўқимас экан…
Баъзи қиқиқувчан ўқувчилар эса “Боплабсиз!”дан нарига ўтмайди. Йўқ, буларни кимнидир “боплаш” ёки шарманда қилиш учун ёзмаймиз. Азбаройи куйганимиздан гапирамиз… Бугун ўша “қўшиқ”ларни биров эсламайди. Аммо уларнинг ёшлар онгида қолдирган салбий асорати ҳали ҳам ўз таъсир кучини сақлаб турибди. Шундай экан, яна таъкидлайман, бефарқ бўлмайлик. Бу борада таклиф-мулоҳазаларингиз бўлса, марҳамат, сўз сизга!

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 532

Один комментарий на “Баҳс: Қўшиқ, ҳаёт, маънавият

  1. Барно
    02.07.2014 at 10:49

    Ўша биз қоралаган 70 йиллик тутқунлик даври шу бетартиб шовқинниям тутиб турган экан… «Худ.совет»лар мустақил бўлиб «Ўт!совет!» бўлганми, хамма тутуриқсиз нарсалар (ҳа, айнан нарса, шеър ёки қўшиқ эмас!) тахрирсиз ўтиб кетяпти. Ўн йил аввал муҳаррир сифатида жуда кўпчиликнинг мақола ва шеърларини қайтариб балога қолардим. Менга дўқ уриб, бу асарим республика миқёсидаги нашрларда чоп этилган, китоб бўлган!-дейишарди… Касбдошларим эса ўшандай шовқинлилардан қутулиш йўлини топиб, «Макола тахрирсиз босилди» деган ажабтовур саҳифа очиб олишган. Агар таҳрирсиз босилса, муҳаррирлик штатини қисқартиринглар, деб яна жанжал орасида қолгандим… Мана қаердан шовқинлилар урчиб кетган…
    Ёппасига қайчилаб, янги ўғит солиб, эпақага келтириш керак! Яхши асарлар ёзиляпти, шовқинда қолиб кетяпти!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *