Шуҳрат Шокир. Тирикликни байрам қилгали келдим…

Shuhrat Shokir 1
Шуҳрат ШОКИР 1987 йил 14 апрелда Тожикистоннинг Исфара шаҳри Офтобрўй қишлоғида туғилган. 2010 йилда Хўжанд давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. Шеърлари матбуот ва интернет сайтларида эълон қилинган.

***
Йўлимдан қайтмадим,
Гоҳи мунаввар,
Гоҳида бесамар йўлларда юрдим…
Фақат Шуҳрат деган
Бир дарбадарнинг
Кўнглини кўтариб ўтмоқда умрим.
Йўлимдан қайтмадим,
Беқарор сармаст,
Бу вайрон қалб билан,
Бу исён билан
Йўлларга сиғмасам,
Дунёга сиғмас,
Менинг юрагимда улғайган Ватан…
Сўзимдан қайтмадим,
Гоҳида бедор,
Гоҳи бекор бўлди айтган сўзларим.
Бир табаррук сўзни излар интизор,
Гуноҳкор кўзларим,
Осий кўзларим…
Сўзимдан қайтмадим,
Мен бир ғарибнинг
Гарчанд бисотимда
Бирорта сўз йўқ –
Бевақт жонин узган биродаримнинг
Оғзидан отилган қонидай қутлуғ…
Яшайман мунаввар
Дийдоринг тилаб,
Сенга ёвуқлашиб бораяпман жим.
Ўлимдан қайтмасман, ёруғ юз билан
Қайтсам,
Фақат Сенга қайтаман, Тангрим!..

***
Умидлар узилди,
Кўнгил бузилди,
Билмайсан менинг ҳам аҳволим ёмон.
Сени ранжитганим зўр гуноҳ бўлди,
Бир қошиқ қонимдан кечгил, сингилжон.
Ниятлар оқ эди,
Мен қаро қилдим,
Бир бутун кўнгилни не бало қилдим?
Ҳеч ким йўқламаган ғариб бошимни,
Минг битта балога мубтало қилдим.
Мен кимман,
Мен – битта дарбадар, холос,
Ўрик гулларига қарайман маъюс.
Сени телбалардай соғинганим рост,
Юпун орзулардан кечолмай ҳануз.
Кечир деёлмадим,
Қўлингдан тутиб,
Билмайсан, менинг ҳам тош кўнглим ярим.
Эртага йиғлайман кўзимга суртиб,
Баҳорнинг нораста шаббодаларин.
Энди менинг умрим
Бир тугал армон,
Юпун куз оралаб кечар йўлларим.
Бир кун мени адо қилар, сингилжон
Тушларимга кирган ўрик гуллари.

***
Куз ҳам кетаётир,
Қайгадир шошиб,
Унинг шўришига қулоқ солмадик.
Лоақал хазондай видо айтишиб,
Бир қадар эркинроқ йиғлаёлмадик.
Мен илғай олмадим,
Йўлларим туман,
Мени соғинганлар қайда қолдилар?
Кун-кеча боғларда қийғос гуллаган
Ўриклар хазонин тўкиб бўлдилар.
Қайга элтар мени,
Туман йўлларим,
Бу шўр ғавғолардан тўйган бандаман.
Йигирма йил кечди, дил ҳануз ярим,
Умримни беҳуда совургандайман.
Сенсиз бу боғларда қолдим телбадай,
Ҳеч кимса мен учун қайғурмас тайин.
Майли, хазон териб,
Йиғласам йиғлай,
Хазонларни қучиб ўлсам ўлайин.

ТУҒИЛГАН КУН
Бошим тошдан экан, ўлмадим,
Ҳануз…
Довдир шамоллардай қолмадим йўлдан.
Ўн тўртинчи апрел, кўришяпман юз
Йигирма олтинчи баҳорим билан.
Шодон кунларимда
Кездим маст-аласт,
Билмадим, меҳрига зор эдим кимнинг.
Суймаган касларга ёлвордим фақат
Қадрига етмадим суйганларимнинг.
Телбавор феълимдан безиб кетди ким,
Ўзим аро йўлда қолдирдим кимни…
Тоқатим тоқ бўлди, қаттиқ соғиндим
Офтобрўйда қолган
Офтобларимни…
Кўзларин оқини
Сарғайтирди ғам,
Онам қариб қолди қирққа кирмасдан.
Одам бўлолмадим,
Мен – бир шумқадам,
Отамнинг сочларин оқартирмасдан.
Мурувват қилмадим на дўст, на ёрга,
Ёруғлик чиқмади босган изимдан.
Чиқса жоним чиқар
Асов тулпордай,
Бир фарёд чиқмайди менинг ичимдан.
Довдир шамоллардай топмадим тўзим,
Юрган – дарё, дедим,
Қолмадим йўлдан.
Бугун қутлаяпман ўзимни ўзим
Йигирма олтинчи баҳорим билан…

***
Журъатим етмайди бир бор дараклаб,
Ҳолинг не кечди деб сўрамоққа ҳам.
Сочлари супурги, қўллари косов,
Қай бир ёт ҳовлида юрган муслимам.
Сенга ҳам дардимни қилмасман ошкор
Яшайман осойиш топгандай буткул.
Билмайсан, кўксимда минг йилдан буён
Гуркираб ўсмоқда битта фарёдгул…

БАШОРАТ
Омадим чопмади, борига кўндим.
Журъатсиз судралиб ўтар кунларим.
Тирик фарёдларим тошларга дўнди,
Тупроққа айланди маҳзун куйларим.
Армонлар қайралиб бормоқда тиғдай,
Юракни нимталаб ташлар дафъатан.
Очиқ қолган кўзлар қорачиғида
Ястаниб ётади муаззам Ватан…

***
Қаҳратон заҳматин
Аритдим дилдан,
Баҳор йиқиларкан остонамга жим.
Дуога қўл очган дарахтлар билан
Тирикликни байрам қилгали келдим.
Тиловат қиларкан
Заҳматкаш замин,
Мағрур ва дарбадар бошимни эгиб,
Истиғфор айтгали, Биру Бор Тангрим,
Мен ҳам гуноҳларим ювгали келдим.
Бош эгиб турувчи
Ғариб остонам,
Бир кун дуоларинг бўлгай ижобат.
Суйиб соғинганим муштипар онам,
Бир умр ёнингда бўлгали келдим.
Кўнгил учун минг бор
Тирилдим ўлиб,
Менинг суйгуларим, куйдиргуларим,
Йўқсил юрагимдан боримни юлиб,
Пойингизга тўкиб қўйгали келдим.
Ночор ваҳмларни
Аритдим дилдан,
Баҳор йиқиларкан остонамга жим.
Мен ҳам тиловатгўй дарахтлар билан
Тирикликни байрам қилгали келдим.

***
Баридан воз кечдим,
Бари беҳуда,
Баҳор, сен кўнглимга сиғмайсан, синглим.
Ночор кулгулардан зерикдим жуда,
Нега кўнгил ёриб йиғламас ҳеч ким?
Ёронларим, менга
Не бало юққан,
Ишратдан қорайган юзларим қурсин.
Майли, мени урса ўшал зўриққан,
Етим тилакларнинг уволи урсин.
Заволимга қолмас
Бу қадим тоғлар,
Бу қадим сўқмоқлар,
Тўзғиган тупроқ.
Чин дилдан хўрсиниб йиғлаган чоғлар
Мен сиздан минг карра эдим бахтлироқ…

УМИДСИЗЛИК
Хўрликлар битмади, бу пурғам
Тупроққа баддуо теккандай.
Чидар энди қирқ бирига ҳам
Қирқига бардоши етганлар.

Эркни орзу қилмас оғудай
Қашшоқликни сипқорган эрлар.
Қуллар чиқар ўз тупроғида
Қорни нонга тўймаган элдан.

ТИЛАК
Тавба қилгин, кўк ситилсин фарёдингга,
Тупроқларни сирқиратсин ҳазин ноланг.
Қарғиш теккан шайтанатнинг айвонида
Худо дегин, муслимлигин билсин боланг.
Тавба қилгин, жон сўкилсин ғуссалардан,
Тупроқдайин топталганда номусу нанг.
Қул бўлмасин Худо урган кимсаларга,
Бир Худога қуллигини қилсин боланг.
Shuhrat Shokir 2

***
Қайга ҳам кетардим
Ва сенсиз кимнинг
Ошиён этардим кўнгил тўрини?
Сени излаб, сендайин музлаб,
Мен ўтказдим сарсон умримнинг,
Саргардон умримнинг салкам ярмини.
Мен ҳамон излайман икки қатра нур
Зулматлар оралаб,
Сен нега жимсан?..
Сен менга ой каби қадрдон ахир,
Сен – менинг тупроқдай меҳрибонимсан.
Бу кеча тўкилар энг сўнгги хазон,
Ҳаловатсиз тунлар дастидан нолиб.
Мудраган боғларни ўрар қаҳратон,
Кифтидан тўзғиган чопонин олиб.
Бу кеча минг йиллик тоқатлар бекор,
Иблисдай қорайган осмонлар ғаним.
Бу кеча дарбадар умримда илк бор
Қўрқаман зулматда ёлғиз қолгани.
Қайга ҳам кетардим,
Мудраган боғда
Мени чорлаётган қайноқ нафасдан?
Мен келаман бизга таниш сўқмоқдан,
Мен келаман ҳатто баҳор келмасдан.

***
Мунглиғ мусофирман,
Келмайсан йўқлаб,
Бардавом йўлларда тўзиб ётган нур.
Тўкилиб боряпман йироқ ёвуқлар
Қасдлашиб келганда жонимга довур.
Бу вайрон
Кўнглимнинг кўчаларида
Мен сендан ўзга бир олам кўрдимми,
Келмайсан,
Чор-ночор ғуссаларингдан
Эгилган бошингга бало бўлдимми?..
Кўксимда фарёдлар кўкарган чоғлар
Тупроққа ийланиб бормоқда жоним.
Қасдлашиб келмоқда йироқ ёвуқлар,
Фақат сен келмайсан, балогардоним…

***
Мадоринг қуриди,
Кўз ёшинг тинди,
Ит қувган соқовдай ўтиб кетди вақт.
Бизни ўз йўлига бошлайди энди
Бизнинг йўлимизга юрмаган қисмат.
Энди йўқламасман,
Кутмасман атай,
Ўжар шамоллардай беқарор қизни.
Сен ҳам соғинмайсан,
Ўзинг айтгандай,
Юртма-юрт санғиган бир қўнимсизни…
Садақа тегмаган гадодай бекас
Сенсиз кўчаларда турмасман карахт.
Майли,
Бизга насиб қилмаса қилмас
Ўшал алмисоқдан қолиб кетган бахт.
Қайтмагин довдираб,
Йўлингдан озиб,
Сенга бахт беролмас ўлгунича ҳам
Барча гуноҳини бўйнига олиб,
Сазойи бўлмоққа шай турган одам.

***
Хўжанд суви сокин оққан ерларда,
Жонимни аёзлар чаққан ерларда,
Ёғиб адо бўлди ҳорғин хазонлар,
Устма-уст ёғилган саволлар янглиғ.
Нигорон кунларим сарғайиб ўтди,
Беором кунларим қарғаниб ўтди,
Юпун қолиб кетди дарахтлар, эсиз,
Боши очиқ қолган аёллар янглиғ.
Рўшнолик кўрмаган дунёларимни,
Ижобат бўлмаган дуоларимни,
Топтаб ўтиб кетди ялмоғиз кунлар
Оёқости бўлган хазонлар янглиғ.
Энди бир соғиниб эсламас ҳеч ким,
Мени бир соғиниб изламас хеч ким.
Хўжанд суви сокин оққан ерларда
Қўним топмай кетган шамоллар янглиғ.

***
Осиймиз, гумроҳмиз
Бир Худо гувоҳ,
Сен кетдинг, мен кечдим баридан атай.
Бир кун бошимиздан тўкилгай гуноҳ
Кеч кузнинг толиққан хазонларидай.
Йиғлама, фариштам,
Бошимиз омон,
Дуолар ижобат бўлар бир куни.
Майли, унга қадар бўзрайсин осмон,
Офтоб унутгандир офтоблигини.
Билмадим,
Қайдадир ҳатто бизга ҳам
Бир куни тонг чоғи бахт бургай юзин.
Фақат унга қадар тополсак чидам,
Фақат унга қадар тилолсак тўзим.
Баҳорга энг аввал ким етар – гумон,
Ким эса қисматга кўниккай бадар.
Кўзларидан ўпгил, тавоф қил чунон,
Бахтга мендан олдин етолсанг агар.

ОПАМ НАФИСАГА

Умидимни етаклаб келдим,
Остонада турибмиз бирга.
А Қутбиддин.

Менинг борим
Сенинг кўзларингга тенг,
Бугун бораяпман баридан ҳатлаб.
Қувон, эшигингни қоқиб борсам мен,
Тирикликни нодон дўстдай етаклаб.
Қувонгин, сен менинг дардимни туйма,
Майли,
Дориломон кезар кўзларимда мунг.
Муштипарим, менинг ҳолимга куйма,
Қадримга йиғлама, азизам менинг.
Қадримга йиғламай қўйганман,
Ҳамон
Кўз ёшим қадрлаб шеърлар тўқийман
Энди гуноҳимни ювгали ҳар тонг
Этагингда намоз ўқийман.
Ўз бахтимни сўрайман шунда,
Бермасман ҳеч тақдиримга тан.
Мен биламан, энг оғир кунда
Биров кечирмаса, сен кечиргайсан.
Каромат қилгайсан
Менинг бахтимдан.
Менинг толеимдан сўйлайсан эртак.
Мен ҳам ишонаман қувониб зимдан,
Ҳар ҳолда бахтга ёр бўлолсам керак.
Менинг бахтим
Сенинг cўзларингга тенг,
Букун бораяпман баридан ҳатлаб.
Қувон, эшигингни қоқиб борсам мен
Тирикликни итдай етаклаб…

Тожикистоннинг ўзбек фарзанди Шуҳрат Шокирни кўп шоирлар қатори фейсбукда танидим; маъюс ва бир қадар асов сатрлари дарров ўзини танитди. Очиғи, бу битикларнинг бадиий савиясидан ҳам кўра улардаги эркин ва… дарбадар руҳ, таъбир жоиз бўлса, шуҳратнишин қалб изтироблари эътибор тортди. Ушбу шеърлар Шуҳрат ихлос қўйган “ўжар” шоир Шавкат Раҳмонни эслатади-ю, лекин, барибир, бу – Шуҳратнинг ўзи, ўз сўздунёси.
“Соғинч инсон қалбини ўлимдан сақлайди. Соғинаётган қалб ҳали тошга айланиб улгурмаган қалбдир”, деб ёзади Шуҳрат. Шу сатрлари билан у ўз ёзганлари ҳақида ҳам хулоса қилаётгандек: назаримда, Шуҳратнинг шеърлари – соғинч ўртаётган, соғиниб-соғиниб таскин топаётган қалб изҳорларидир. Баъзан ёзганларига “Шеър эмас, шунчаки кўнгилдан ўтган тўрт оғиз сўз” дея эскартма қистириб ўтиши ҳам шундан бўлса керак…  Тириклик – Сўзни тирикчиликдан баланд қўйиб яшашга уринаётган шундай биродарлар борлиги учун ҳам кўнглинг кўтарилади. Умид қиламизки, Шуҳратнинг энг гўзал шеърлари ҳали олдинда ва улар ўз муносиб баҳосини олажак. Бугун эса биродаримизга шу сўзларни айтгим келди: Ёзинг, Шуҳрат, кўпроқ ёзинг. Мусофирликда, ғарибликда, ўкинч аралаш соғинч ўти юракни жизза қилганида Шеър янада ёрқинроқ, янада жозиб жаранглайди. Зеро, ёзиш учунгина ёзмаётганингизни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Энг муҳими – Сизни соғинган, кутаётган, сўзингиз дардига малҳам бўлаётган яқинларингиз бор. Бошингиз омон, сўзингиз дардманд дилларга дармон бўлсин!
Сайт муаллифи

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *