Сингадиган жойга сув сепган яхши…

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар туркумидан

Қаёққа қарама, шоу: дунё – шоу, санъат – шоу, адабиёт – шоу, севги – шоу, эътиқод – шоу, сиёсат – шоу, ватан – шоу…


Бугунги шовқинчию яллачиларни ўзимизча боплаб танқид қиламиз, уларни ёмонлаб айтмаган гапимиз қолмайди. Ортидан маза қилиб яна ўшаларнинг “ашилла”ларини эшитиб, видеоларини томоша қилиб ўтираверамиз. Зўр-а!


Жумлани жумлага боғлай олмайдиганлар журналист, муҳаррир бўлиб юрса, куласизми, куясизми…


Маънавият ҳақида “чистон”:
У нимадир, оти бор-у, ўзи йўқ?


“Каби”ни “кабий”, “мақола”ни “моқола”, “осон”ни “онсон”, “илтимос”ни “ылтимос”, “эҳтиёж”ни “ихтиёж”… деб гапирадиганлар қандай қилиб миллионлар кўз ўнгида телебошловчилик қилиб юрибди?


Ният поклигини қўя туринг, баъзи-бировлар юз-қўлини ҳам ювмай ёзадиганга ўхшайди.


Сингадиган жойга сув сепган яхши, деган экан эскилар.


Ўзинг хароб бўлсанг дунёни қандай обод этасан?!


Носамимий, барибир, носамимий: “Самимият ила…”


Ҳадеб тадбирма-тадбир юраверсангиз, тахаллусингиз “Тадбиркор”га айланиб, ижодингиз ҳам шунга яраша бўлади.


Бугунги катта авлод ёшларни бузғунчи ғоялар бўронидан асраш учун ҳам интернетни яхши билиши, айниқса, ижтимоий тармоқларга бефарқ қарамаслиги керак. Онлайн мулоқотни тақиқлаш ёки интернетни “ўчириб” қўйиш билан иш битмайди.


“Биз очилдик” эмас, ҳеч бўлмаса, “Биз ишга тушдик!” (ёки “Ниҳоят, ишга тушдик!”, “Биз иш бошладик!”) деб ёзинглар…


Авваллари камера асосан профессионалларда эди. Бугун эса у дуч келганнинг қўлида ўйинчоққа айланиб қолди…


Билмасангиз, жим туринг, яхши билмасангиз, янаям кўпроқ жим туринг!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.