Сизга тўзим берсин, маданиятлилар!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Маданиятсизлар урчиган муҳит билан муроса этиш ўзини ҳурмат қилган, иззати нафсини билганлар учун доим оғир кечган. Маданиятлиликни ҳар ким ҳар хил тушунса-да, умуман, ўқимишлилик, таълим-тарбия кўрганлик, зиёлилик, маърифат каби тушунчалар унинг асосини ташкил этади. Кўпчилигимиз эса маданиятни фақат шаҳарда бўлади деб ўйлаймиз, чоғи. (Дарвоқе, бу сўзнинг асли этимологияси “шаҳар” (мадина) сўзи билан боғлиқлигини билсангиз керак.) Шундаймикан?
Маданиятни фақат чиройли кийиниш, қимматбаҳо либосларда юриш деб тушунадиган ақли калта ойимтиллалар оғзидан чиқаётган сўзларга илон пўст ташлайди, сочини силлиқлаб юришдан бошқасига ярамайдиган сатанг йигитчаларнинг қийшанглашлари беихтиёр ижирғантиради. Аристократликни гердайиб юриш, қош чимиришу бурун жийириш деб ўйлайдиган хоним-афандиларни-ку қўяверасиз. Уларнинг аксарияти ҳеч шубҳасиз ўзларини юксак маданият соҳиби деб ҳисоблайди ва бошқаларни “маданиятсиз”лар ўрнида кўради.
Кундалик ҳаёт ҳам шу. Шалоқ таксичидан ярим йўлда “қутулиб” жамоат транспортининг сассиқ кондукторига рўбарў бўласиз. Йўловчилар ҳам бўш келмайди: бўралаб сўкади. Даҳанаки жанг ёқалашувгача бориб етади-ёв. Ана “маданият”!маданиятсизлар
Ширин-ширин гапириб, харидор пулидан уриб қолмоқчи бўлган гулдай сотувчи қиз зум ўтмай кўзингизга ялмоғиздан бадтар кўринади. “Соҳибжамол” эса бу ҳам етмагандай қайтимини сўраган кишига заҳрини сочади. Савдо маданияти, умуман, инсоний фазилатларнинг гултожи ҳалоллик экани бундайларнинг тушига ҳам кирмаса керак.
Маданият ўчоғидан қайтаётган ўсмир-ўқувчиларнинг хатти-ҳаракати, гап-сўзлари баттар асабни эговлайди. Ўҳҳў, ана яна “маданият”!
“Таълим-тарбия жараёнида кўпроқ маданият соатлари ташкил этиш, имкон қадар маданият сабоқларини дарс машғулотларига сингдириб юбориш керак”, – дея ўйлайсиз. Ўйларингиз ниҳоясига етмай тамакининг аччиқ тутуни димоғингизни бўғади: йўналишли такси ҳайдовчиси бемалол сигарет тутатаётибди. Норозилик билдирилгандан кейин у хушламайгина “иш”ини тўхтатади…
Қолганларини эслашга ҳожат бўлмаса керак. Кўча-кўйда, жамоат жойларида, қисқаси, ҳамма жойда шундай маданиятсизларга дуч келасиз. Насиҳат қиламан, деб овора бўлиб юрманг – беҳуда. Чидашга ва яна чидашга мажбурсиз. Чунки уларга тенглашиш маданиятсизликка томон ташланган қадамдир.
Айбингиз эса – улар орасида яшаётганингиз, бир ҳаводан нафас олаётганингиз. Нима ҳам дея олардингиз, ахир шундай маданиятсизлик ошкора тарғиб қилинаётибди-ку…
Худо сизга тўзим берсин, маданиятлилар!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 820

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *