Буюклик сиздан мерос

Соҳибқиронга мактуб (Эски дафтардан)

Amir TemurАссалому алайкум, ҳазрати соҳибқирон!
Сизга қандай мурожаат қилсам экан… Яхшиси, бобожон дея қолай.
Қадрли бобожон, эслайсизми, Сиз билан илк бор Самарқандда – савлат тўкиб турган ҳайкалингиз пойида суҳбатлашгандим. Ўшанда айтган сўзларингиз, насиҳатомуз гапларингиз ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Бу вақт ичида Сиз ҳақингизда жуда кўп эшитдим, билиб олдим. Тарихнинг ўзи Сиз тўғрингизда сўзлаб берди. Сиз – буюк давлат асосчиси, улуғ саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси…
Бобожон! Бир пайтлар қўл остингизда гуркираган бу Замин яна обод. Қудратингиз тимсоли бўлган меъморий обидалар асрлар оша жило сочмоқда. «Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам ўрнига ўнта кўчат эктирдим» деган сўзларингиз бунёдкорлик ишларингиздан дарак бериб турибди.
Бир пайтлар Сизни яхши ўрганмаганимиз, номингизга тош отишларига индамай қараб турганимиз учун бизни кечирасиз-а? Ахир тузукларингизда жуда кечиримли бўлиш кераклигини қайта-қайта уқтириб, ўзингиз ҳам шунга амал қилгансиз-ку.
Истиқлол Сиздай улуғ аждодимизни қайтариб берди. Лекин бугун буюклигингиз соясига ўтиб олмоқчи эмасман. Фақат кўнглимдаги Сизга аталган гапларни айтаяпман, холос.
Ҳазрати олийлари, узр, бобожон, майлими бир савол берсам? XXI асрда яшаётган авлодларингиз ҳақида нима дейсиз? Илтимос, фақат дилингиздаги рост гапни айтинг. Йўқ, аччиқ бўлса ҳам хафа бўлмайман.
…Демак, янги аср ёшлари борасида яхши фикрдасиз, шундайми? Шукр. Ўзим ҳам шундай бўлса керак, деб ўйлагандим. Ахир Сиз мерос қолдирган Ватанни юксалтириш ёшларимизнинг энг тоза истаги-ку. Бунинг учун улар бор имкониятларини ишга солиб ҳаракат қиляптилар. Албатта, эзгу мақсадларини амалга ошириш учун барча шароитлар муҳайё. Истиқлол авлодлари шу жиҳатдан ҳам бахтлики, юрт ўтмиши, буюк аждодлари тарихини ортиқча бўёқларсиз ва сохталаштирилмаган ҳолда ўрганишяпти. Эришаётган оламшумул ютуқларида шу нарса ҳам куч бераётгани аниқ.
Бобожон, Сизга айтсам, пешонаси ярқираган бундай темурзодалар кўп. Улуғбеклар, бобурлар… Шундай бўлмаса, ҳисобмас-да. Ўзингиз қойиллатиб айтгансиз-ку: «Бизким, малики Турон…»
Соҳибқироним! Ҳуррият жаноби олийларининг шарофати билан Сиз ҳақингизда «кўп ва хўб» ишлар қилинди. Буларни бирма-бир санаб бера олмайман. Қолаверса, ўзингиз ҳаммасини яхши биласиз.
Эътиборингизни яна ёш авлодга қаратмоқчиман. Номингиз билан боғлиқ улуғ мақсадлар йўлида фаолият юритаётган Халқаро Амир Темур жамғармаси бор-ку, бир йили ёш ўғил-қизларингиз ўртасида танлов ўтказганди. Ижтимоий-сиёсий меросингиз, маданият ва маънавият тараққиётига қўшган улкан ҳиссангизни чуқур ўрганиш, уларда миллий ифтихор туйғусини шакллантириш мақсадида. Тарих, тасвирий ва амалий санъат, ҳарбий ватанпарварлик йўналишлари бўйича бажарилган ишларни кўрсангиз эди… Кўзларим қувнаб кетди. Барчасида Сизнинг буюк сиймонгизни кўрдим. Нукуслик Меҳрибон Ортиқованинг Сиз ва кўнғиротли сўфилар ҳақида ёзганлари… Муҳриддин Тўхтарбоев жангдаги мағрур ҳолатингизни жуда ишонарли тасвирлабди. Жусипбек Утенов эса Сизни жанубий Орол соҳилларида топибди. Бир қараганда оддий ҳолат. Лекин уларнинг барчасида Сизга бўлган эҳтиром, юксак муҳаббат намоён. Буни жамғарма раиси ўринбосари ҳам таъкидлади.
Набирангиз Жалолиддин болалигидан Сизга меҳр қўйган. Буюк бобоси (яъни, Сиз) ҳақингиздаги китобларни севиб мутолаа қилади. 5-синфдалигидаёқ «Соҳибқирон набираси», «Темур ва Тўхтамиш» китобларига тақриз ёзиб, ўз таассуротларини баён этган…
Тарих фанлари доктори, профессор Дилором Юсупова анча йиллардан буён талабаларга сабоқ бериб келади. Олиманинг сўзларига эътибор беринг: «Соҳибқирон бобомиз, умуман, темурийлар даври тарихини ўрганиш ҳар бир ўзбек ёшлари учун зарур. Темурнинг жисмоний ва маънавий камолоти барча учун катта бир ибрат мактабидир. Оддийгина аёлларга, қўл остидагиларга муносабатида ҳам унинг нақадар буюк қалб эгаси эканлигини ҳис қилиш мумкин. Соҳибқирон шахсига қизиқиб, бу борада илмий янгилик қилишга уринаётган ёшлар борлиги қувонарли. Аммо баъзи талабаларнинг бунга юзаки ёндашаётганидан дилим оғрийди…»
Ҳазрат, маъзур тутасиз, шу ерда мен ҳам озроқ арзи ҳол қилсам. Шундай инсоннинг авлодларини ҳам улуғ ишларга қодир кишилар сифатида кўргим келади. Баъзан тарихдан «ўзини олиб қочаётган», тепса-тебранмас ёшларни кўриб, тутаб кетаман. Номингизни «Амир Тимур» (шу ҳам ҳурматсизликдай туюлади) дея ёзган замондошимга ёки Темурийлар тарихи давлат музейига бир бор кириб кўрмаган пойтахтдаги тенгдошимга нималардир дегим келади. Баъзан очиқдан-очиқ номардлик қилаётган «дўст»ларнинг хатти-ҳаракатларидан оғир хўрсинаман. Майдалашиб кетмаяпмизмикан, деб ўйлаб қоламан.
Лекин Сиз ранжиманг. Руҳингиз безовта бўлмасин. Чунки Сизни суйган, ҳаёт йўлингизни ўрганиб, ибратли хулосалар олган ёшлар кўп.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети – дорилфунунда таҳсил олган Севинч Улашова ҳамқишлоғингиз экан. Не бахтки, у киндик қонингиз тўкилган, қадамингиз теккан муқаддас Хўжа Илғорда дунёга келган. Аждодларига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромми, улардан қарздорлик ҳиссими, ёш қизни «Хўжа Илғор тарихи» деб номланган китоб ёзишга чоғлабди. Сиз туғилиб ўсган юрт, унинг тарихи, ўша давр билан боғлиқ матал ва ривоятларни китобда ифода этишга ҳаракат қилган. Мундарижага кўз югуртираман: «Муаррихлар Амир Темур туғилган жой хусусида», «Турон фарзанди», «Амир Темур аждодлари тўғрисида», «Соҳибқирон маликалари», «Хўжа Илғор ва Амир Темур билан боғлиқ халқ ривоятлари»… Қизиқиш билан уни ўқиб чиқдим. Ёш олима анча излангани, кўплаб тарихий манбаларни ўргангани билиниб турибди.
Бобожон, мана сизнинг ҳақиқий авлодларингиз. Шу ёруғ истак дилга таскин беради: умрингиз авлодларингиз ҳаётида гуллайверади…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
«Маърифат» газетаси, 2008 йил 9 апрел.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin

https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 512

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *