Сотилмаган майдон сўрайман…

МАЙЛ

Бу қандай бедодлик, бу қандай исён –
Ўз соям ўзимни ютаман, дейди.
Менмас, ичимдаги махлуқ, Художон,
Дунёнинг тагига етаман, дейди.

2009


Энди қўлга олганда созим,
Оғзим куйди, синди овозим.
Аламига куйлашим лозим,
Такрор-такрор имкон сўрайман.

Ўз-ўзимга етарми кучим,
Ҳасрат ғамга бўлолмас ечим,
Гарчи мисли қиёмат ичим,
Хотиржам бир иймон сўрайман.

Кимнинг кайфи учун бу ўйин –
Мағлублари олдиндан тайин,
Ғолибларга ундан-да қийин,
Сотилмаган майдон сўрайман.

2009


Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз,
Заҳардан ўткирроқ чой бериб қўйиб.
Тортинмай бемалол ўтиринг, дейсиз,
Игнанинг учидан жой бериб қўйиб.

2010

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Кутмаган кунларим, кутган кунларим” китобидан.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.