Сўзфурушлик

Ўзини “санъаткор” санаб юрган бугунги хонандалар, айниқса, ёш ижрочилар ижодга, сўзга масъулият билан ёндашиб, шеър ва оҳанг уйғунлигига жиддий эътибор қаратганларида, сўз юкини ҳис қилишга уринганларида эди, енгил-елпи хиргойилар, асаббузар бачкана “қўшиқ”лар бу қадар урчиб кетмас, санъат аҳлига камроқ тош отилармиди… Яхши қўшиқ яратиш учун, албатта, ҳофизлик истеъдоди билан бирга, профессионал шоирлар билан ишлаш, доимий мутолаа, китобга, адабиётга меҳр керак.
Менга хонандалар ҳамкорликда ишлаш таклифи билан мурожаат қилиб туришади. Уларга баъзи талабларимни – буюртма асосида ёзмаслигим, китобларимдан маъқул келган шеърларни қўшиқ қилиши мумкинлиги, фақат бирор жойини ўзгартиришга зарурат сезилса, маслаҳатлашиш кераклигини айтаман. Аслида, бу талаб ҳам эмас, сўз масъулиятини ҳис қилишга ундашдир. Шу шартга кўнган баъзи хонандалар билан ишлаб кўрдим. Ҳатто бири тайёрлаган қўшиқни кўпчиликка эълон қилмасдан олдин бориб эшитиб келдим… Лекин аксариятининг сўзга муносабатидан ҳафсалам пир бўлди!
Юзаки қараганда, ғалати туюлади: ахир, шеърингни қўшиқ қилаётганига хурсанд бўлмайсанми? Йўқ, яна бир бор йўқ. Назаримда, бугунги ёш ижодкорларнинг катта камчиликларидан бири шеърининг қўшиқ бўлгани, янада аниқроқ айтганда, оммалашгани билан фахрланиши, яхши шеърга қўйиладиган талабга шу мезон билан ёндашаётганидир. Оддийроқ қилиб айтса, шеъринг қанча кўп қўшиқ бўлса, сен шунча яхши шоирсан! Шундайми? Бадиий ижод моҳиятини тушунган зукко кишилар ҳозир бу гапга мийиғида кулиб тургани аниқ.
Эшигидан ҳайдаса, тешигидан кириб “юлдуз”ларга “шеър” тутаётган, майда манфаатлар йўлида ҳар мақомга йўрғалаётган юзсиз сўзфурушлар бугун шоир деган муқаддас ном қадрини тушириб юборди. Натижада хонандаларда, оддий халқда “Шоир шунақа бўлади” деган тушунча пайдо бўлгани рост. Омади чопган, пул қутуртирган “супер”лар эса ўзига “хос шоир” тайинлаб, йўталигача “шеър” қилдирадиган бўлди…
Бу ўринда катта шоирлар номидан гапираётганга ўхшаётган бўлсам, маъзур тутасиз. Ҳали остонадаги одамлармиз. Нима демоқчиман? Агар хонандалар ўзбек шеърияти, ҳеч бўлмаса, ХХ аср назмининг гўзал намуналаридан яхшироқ хабардор бўлганларида, ўзини ҳам, сўзни, бизни ҳам бунчалик қийнамасдан, сермазмун ва дилтортар қўшиқлар яратиши мумкин эди. Чўлпон, Ойбек, Миртемир, Усмон Носир… ва ҳатто Рауф Парфи ижодида гўзал қўшиқларга асос бўлгулик, сатрларидан латиф наволар таралиб турган беназир лирик дурдоналар бор. Буни билиш учун эса кўпроқ ўқиш керак, сўзни ҳис қилиш зарур! Буларнинг билгани Муҳаммад Юсуф, ўшанда ҳам шоир шеърларининг қуйма оҳангини ҳис қилгани учун эмас, шу машҳур кишининг шеърларини қўшиқ қилса, тезроқ оммага етиб боради, ўз жаргонида айтганда, “ейди”, деб ўйлаганлари учун шекилли. Тағинам раҳматли шоир битиклари қўшиқчилик савиясини бир қадар кўтариб турган экан. Бугунги аҳволни ўзингиз кўриб турибсиз.
Тўғри, умрбоқий асарлар яратиш кўпинча катта санъаткорларга ҳам насиб этмайдиган неъмат. Аммо ўзини ҳурмат қилган, санъатни севган, мухлисларни қадрлаган ижодкор имкон қадар умри узун асарлар яратишга ҳаракат қилади. Бугун аксарият қўшиқчилар учун ўлмас асарлар эмас, ўткинчи машҳурлик, сунъийдан-сунъий ялтироқ юлдузлик ҳаммасидан устунга ўхшайди. Қўлидан келса, осмонга бориб уй қуриб олмайдими, лекин бундайлар кўпчилик, айниқса, ёшлар маънавиятига жиддий салбий таъсир кўрсатаётгани хавотирга солади кишини.
Хуллас, гап кўп. Мақсад шу бўлгандан кейин ортиқча гапга ҳожат ҳам йўқ…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 939

Один комментарий на “Сўзфурушлик

  1. Дилмурод
    05.08.2016 at 18:44

    Ba’zida haqiqatnomamizga «shaxsiy yoqmaslik» bo’limidagi gaplardan qo’shib yuboramiz, umuman olganda, siz aytayotgan «qo’shiqchilar» ahmoqona, bu gapga qo’shilmasdan iloj yo’q, ammo baribir, yana o’sha gap, haqiqatnomamizda yo «shaxsiy yoqmaslik» bor, yo «shaxsiy yoqtirish», uchinchi shaxs sifatida qarolmaymiz!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *