Дунё товланишдан чарчамади ҳеч…

Ҳар куни шеър ёзиш билан машғул юзлаб одам китоб дўконларини шаклан шеърга ўхшаган “эъжод”лари билан тўлдириб ташлаётган бир замонда Шеъриятнинг муқаддас даргоҳи томон пул эмас, нур излаб чиққан шоирнинг ихчамгина туркумини ўқиб, кўксимдаги сўлғин туйғулар бирмунча уйғонгандек, анчадан буён руҳимни қийнаб келаётган тоза шеър соғинчи камайгандек бўлди.
Даққиюнусдан қолган дунёда ҳар бир асл ошиқ кўҳна муҳаббатни яшартирганидек, ҳар бир янги истеъдод ҳам эски мавзуларни янгилайди, кўзимиз ўрганиб қолган дунёга бошқача нигоҳ ташлашга даъват этади. Беҳзоднинг шеърларида мен ана шу тозаришни, ана шу ўзига хос нигоҳни, қолаверса, ўзим мансуб бўлган авлоднинг адабиётга кириб келган чоғларидаги бир нафасни сезгандек бўлдим.
Асл шоир ҳаётнинг четида туриб эмас, ичида – унга худди пилла қуртидек ўралиб яшашга маҳкум. Бу осон эмас. Мен Беҳзодга ана шу маҳкумлик ичида шеърларидан уфуриб турган тоза ва эркин нафасни бир умр сақлаб қолишни тилайман.
Хуршид ДАВРОН,
Ўзбекистон халқ шоири


Беҳзод ФАЗЛИДДИН
***
Сўз излаб саргардон, сўз ичра зорман…
Гапдон давралардан қочиб кетди тил.
Диққинафас хона, сендан безорман,
Шеър ясаб ўтишга ҳаё қилар Дил.
Ёзганларим сари ортиб борар ғам,
Дардларимни айтсам, нолишга йўйма.
Нопок қадам билан қошингга борсам,
Ҳайда, Адабиёт, ичкари қўйма!
КЎНГИЛ
Ҳеч бўлмаса, хафа бўлдим, де,
Ё бўлмаса, бирор сўз айт, ҳой!
Фақат бундай қарама менга,
Кўзим тегиб синиб қолган Ой.
ЎҒИЛ
Дада, далангизга дард сочиб келдим,
Яна машаққату заҳматлар Сизга.
Белингиз оғриди, мен қочиб келдим,
Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга?
Ая, соғинчингиз сочи оқарди,
Бормадим – кўпайиб кетди тўйларим.
Шу ёшимда фақат севиш ёқарди,
Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим.
Бошдан нима ўтди – билдирганим йўқ,
Кимдир тўкаверди нур изларимга.
Ўзимни-ку хафа қилдирганим йўқ,
Озор бериб қўйдим азизларимга.
Майсалар, парёстиқ бўлинг, бош қўйса,
Чинорлар, Отамнинг ёнида юринг.
Боласини ўйлаб юраги куйса,
Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг.
Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб,
Мени кутиш учун келган оламга.
Қўллари толмасин челак кўтариб,
Булутлар, сув ташиб туринг Онамга.
Дада, дардингизга бошман, биламан,
Ая, тушларингиз бир кун келар ўнг.
Ҳали юзингизни ёруғ қиламан,
Одамшоир бўлиб борганимдан сўнг.
КЕЛДИМ
Гуллар ранг алмашиб зерикмадилар,
Дунё товланишдан чарчамади ҳеч.
Ирмоқлар кўксимда бирикмадилар,
Келиб кўзларимдан кишанларни еч.
Бору йўғим билан ўзимга хосман,
Беназир ишқимдан ҳануз кўнглим тўқ.
Қанча юлдуз тўкди пойимга осмон,
Кўз учида бўлсин, қараганим йўқ.
Бошимни эгмоқчи эди ранж-алам,
Мудом борлигингни билиб яшадим.
Сени билмасам ҳам, танимасам ҳам,
Ёдингни машъала қилиб яшадим.
Бахт шундоқ ёнимдан кетди бурилиб,
Ишқ ҳаққи, тилимни тишлаб турибман.
Шунча йилдан бери ўлиб-тирилиб,
Сен учун ўзимни асраб юрибман.
Асло тополмасин қайғу изингни,
Кулавер, ўрнингга мен сиқиламан.
Уйқуларингда ҳам асра ўзингни,
Сенга шамол тегса, мен йиқиламан.
Ой яна бепарво кўчамдан ўтар,
Шошиб Вақтдан олдин қошингга елдим.
Кўзларингни очгин, пардани кўтар,
Қара, тушларингдан чиқиб мен келдим!
БОЗОР
Бугун ҳам пул эмас, Нур излаб чиқдим,
Нигоҳларим тоза – кўзимда кир йўқ.
Яна назари оч тўпга йўлиқдим,
Одамман деган кўп, юзида нур йўқ.
Қандай юрак очай юраксизларга,
Наҳот, шуларни деб тўкмоқчиман тер?
Ёрдам бергим келар маҳбус сўзларга,
Гаплар осмондадир, пойгакларда Шеър.
Яшаш ҳадисини билмасман, балки,
Инсонлик илмидан олурман таълим.
Ҳалолликдан сабоқ берарми ёки
Ўзи амал қилмас Ҳаётмуаллим?
Тошларни чайнашга темир тишим бор,
Чўкиб кетмасликка топарман қудрат.
Меншунослар билан нима ишим бор,
Бу йўлдан кўз юмиб ўтгум йўқ фақат…
МЕНДАН ЯХШИ ЁМОН ЙЎҚ
Кўнглингизнинг кўшкини ёполмайсиз, барибир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир.
Мингта булбул нағмаси битта изҳоримча йўқ,
Дунёларнинг роҳати зарра озоримча йўқ.
Кўзингизга ўт ёқар кўкка чизиб расмимни –
Иниларим – юлдузлар эслатади исмимни.
Кейин қандай яшайсиз – ҳаволар ҳам ёқмайди,
Оворалар бўлибсиз, менсиз Қуёш чиқмайди.
Изингизга гул отган дунёларнинг кўнгли кир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир…
“УЧЛИК”ЛАРИМ
Сўқирнинг қўлига шам берма, дедим,
Ҳаёт кафгирига дам берма, дедим,
Мендан бошқасига ғам берма, дедим.
***
Соядай қадамим пойлайди Гуноҳ,
Мени ўзимдан кўп ўйлайди Гуноҳ,
Нимага яшашга қўймайди Гуноҳ?!
***
Товланишни бас қил, зарга оғмайман,
Шеър билан овутма, сўзга сиғмайман,
Мен йиғлай олмаслар учун йиғлайман.
“Тафаккур” журнали, 2008 йил 4-сон.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.