Таҳрирсиз хаёллар ёхуд “оддийгина” ҳақиқатлар

Қанчалар ношукрмиз

Телефонда танишим билан гаплашдим. Оёғи шикастланиб, уйда ётган экан. “Юриб турганингизга минг-минг шукр қилинг, ҳеч қачон ётиб қолманг”, – деди қатъий оҳангда. “Худо хоҳласа, гуноҳлардан покланяпсиз”, – дея таскин берган бўлдим. Онаси ҳам шундай дебди. “Қанчалар ношукрмиз”, – хўрсиндим бус-бутун оёқларимга боқиб…6a6146155208b6370ddff7311fc1bc50

***
Автоҳалокатга учраб, неча кундан бери шифохонада ётган ҳамкасбимиздан ҳол-аҳвол сўраганимизда, биродаримиз шундай деди: “Ҳар куни, ҳар лаҳза ажал билан ёнма-ён юрамиз. Соғ-саломат юрганимизнинг ўзи катта давлат”.
Яна ўша гап: “Қанчалар ношукрмиз”.

Дуо керак эмасми?

Талабалик йиллари эди. Бир биродаримиз билан бемор кўргани бордик. Қайтишда анча кеч тушиб қолганди, такси тўхтатдик. Мўлжалдан камроқ айтдик, шекилли, ҳайдовчи: “Ҳеч бўлмаса, машинани ҳурмат қилинглар, укалар!” – деди ҳазил аралаш. Қоронғида эътибор бермабмиз; қимматбаҳо русумдаги янги автомобиль. Шошаётгандик. “Сизга фақат пул муҳимми? Дуо керакмасми?” – дебман беихтиёр. Ҳайдовчи ҳам ўзимиздан экан. Бир кулдию: “Агар дуо қиладиган йигитлардан бўлсангиз, ўтиринглар унда. Дуо керак-да!” – дея чеҳраси ёришди. Йўл бўйи яхши гаплардан айтиб, суҳбатлашиб кетдик.
Кўпинча йўлда юрсам шу воқеани, “Дуо керак-да!” дея кулиб турган нотаниш ҳайдовчини эслайман. Ҳозир дуони ҳам пулга чақадиганлар кўп…

Яхшилик қилишдан қўрқманг!

“Яхшилик жазосиз қолмайди”, – дейди ҳурматли устозимиз. Бу билан “Баъзан яхшилик ортидан келадиган синов тариқасидаги “ёмонлик”ка ҳам тайёр туриш керак”, дегандек бўлади.
Аслида, бизни “қўрқитаётган” устознинг ўзи ҳам бу гапига “амал қилмайди” – оқибатини ўйлаб ўтирмай одамларга нур улашаверади.
Шундай. Яхшилик қилишдан ҳеч қачон қўрқмаслигимиз керак, ҳатто бунинг эвазига “жазо” олсак ҳам…

“ОДДИЙГИНА” ҲАҚИҚАТЛАР

***
– Ҳозиргина ўзим сизга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб турувдим…
– Биров сўраса, мен бу ерда йўқман.
– Беш минутда етиб бораман.
– Бундан арзонини тополмайсиз.
– Шерикларингизга шу нархга олдим, денг-а.
– У киши йўқ эдилар…
– Наҳотки, ёлғон гапираётганга ўхшасам?
– Унақа деганим йўқ!
– Ўзи, сизни кутиб тургандим.
– Бизда ҳаммаси яхши…
Хоҳласангиз, ўзингиз давом эттиринг. Ахир улар кўнгил айнитар даражада кўп. Янаям булар энг оддийлари. Катта-катта ёлғонлар… Йўқ, ортиғини юрак кўтармайди!

***
Кузатишимча, кўпчилик оилаларда ойлаб ўзаро салом-алик бўлмас экан. Яъники, янги кун бақир-чақир билан бошланиб, апил-тапил нонуштадан кейин ҳамма ўз ишига киришиб кетар, фақат узоқроқ жойга бориб-келингандагина саломлашиш “эсга тушиб” қоларкан.
Фарзандларингизга саломлашиш, муомала одоби, хусусан, эрта тонгдан оила аъзоларига салом бериб юзланишни ўргатинг ва бунда ўзингиз намуна бўлинг.

***
“Битта сўкиб қўй, яхшилаб сўкиб қўйгин”.
“Кўзингни ўяман, де. Кўзингни ўйволаман, дегин”.
“Ўласан, де. Ўлдираман, деб айт”.
Мана биз бераётган “тарбия”! Энди тили чиқаётган болага шундай ўргатамиз.
Бунақа “тарбия” топаётганлар эртага кўпчилик олдида сўккандан баттар ҳолга солса, ишончимиз кўзларини ўйиб олса, тириклай ўлдириб турса, ҳаммасини бировга тўнкаб тураверамиз. Камига ошкора нолиймиз: “Ё Худо, Сенга нима ёмонлик қилувдим!”

***
Кўрадигани фақат мусофирлик, қўнимсизлик, сурункали ёлғизлик – руҳий азоблар бўлса, меҳрингиз тафти масофаларни ёриб ўтишга ожиз эса, илтимос, фарзандингизни иш ё ўқиш учун узоққа юборманг. Бола бечорани синдириб қўясиз.
Агар олисда ҳам унга оила бағридагидек гўзал муҳит яратиб бера олган бўлсангиз, бу энди бошқа гап.

***
Илму ижод одамига қийин. У кўпчилик учун жуда жўн кўринган “ёзув-чизув” ё “ножиддий” (аслида ўта оғир!) илмий-ижодий ишлардан ҳам аввал оддий “хўжалик юмушлари”ни уддалаши керак. Масалан, электротехник бирор сатр қоралаш тугул ўз исмини ҳам тўғри ёзолмаса, ҳеч ким ҳеч нарса демайди, аммо баъзи жиҳозларни созлай олмаслик йигит киши учун уят! Қўлига игна олмаган, қозон бошига яқинлашмаган қизнинг “оламшумул” истеъдоди ҳам оддий кундалик ҳаётда ип эшолмай қолиши, қизгинани хижолатга қўйиши бор гап.
Ҳазил ўз йўлига. Тўғри гап шуки, фарзандларни ўз вақтида кундалик юмушлар, уй ишларига жалб қилинг, уларга ҳунар ўргатинг. Кейин “Ўғлингиз бунча нозик?”, “Қизингиз қўшиқ айтиб, рақс тушишдан бошқа ишни ҳам биладими?” қабилидаги шамали гапларни бошқалардан эшитиб, жиғибийрон бўлмайсиз.

***
Ой-куни яқинлашиб қолган аёл имкон қадар кўча-кўйда кезмаслиги, кўздан панароқда бўлгани маъқул. Бу туғилажак фарзанд билан бирга онанинг ўзи учун ҳам яхши. Баъзан жамоат жойларида ҳарсиллаб турган “юкли” жувонлар, бўйида борлигини яққол билинтириб алламбало кўйлакларни илиб олган хонимларга беихтиёр кўз тушиб, жуда ноқулай ҳолатда қолади одам. Ҳаммани оғзига қаратиб шанғиллайдиган қориндор хотинларни айтмаса ҳам бўлар.
Фарзанд тарбияси ҳали у она қорнида эканидаёқ бошланишини биласиз. Халқимизнинг бундай нозик масалада ҳам ўз тутуми бор. Қолаверса, ҳар хил назар дегандек…
Агар яқинларингиздан бири шундай аҳволда бўлса, уни иложи борича асраб, жоиз-ножоиз омма олдида ортиқча овора қилманг.
Булар айни дамдаги таҳрирсиз хаёллар…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 572

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *