Таҳрирсиз хаёллар

Нур нурни… қоронғида топади.
***
Айни навқиронлик палласида жувонмарг этилган миллатпарвар, ҳақсевар ижодкор-шахслар, барибир, эрта ўлиб кетарди; Худо асраб зулму оммавий жаҳолат тузоғидан омон қолган тақдирда ҳам, бундай саркаш руҳ, дардхўр юрак, ўта безовта виждон билан узоқ яшаб бўлмайди. 6a6146155208b6370ddff7311fc1bc50
***
Ҳаммамиз “индамаслик касали”га чалинганмиз. Оқибати нима бўларкан?!
***
Шеърлари ёмон эмас-у, фақат китоби сўнгида фойдаланилган адабиётлар рўйхатини ҳам қўшиб қўймабди-да.
***
Ҳақиқий китобни ўқиш уни ёпгандан кейин бошланади.
***
Ҳеч бўлмаса, сен мени тушунмоғинг керак, эй оппоқ қоғоз.
***
Шоирлар шеърларида ўз ожизликларидан ҳузур қилаётганларини сезмай ҳам қолади.
***
“Бехос фикр туғилса, ёзиб қўйинглар. Оний фикр – илоҳий фикр”, дея уқтираркан академик Матёқуб Қўшжонов шогирдларига.
***
Омма, нари борса, ўртамиёналарни танийди ва тан олади. Улуғлар эса доим Ўзи билан ёлғиздир.
***
Асл санъат ва, албатта, адабиёт бундан буёғига янада хослашиб, “ингичкалашиб” – жуда-жуда озчилик дидига мослашиб бораверади шекилли.
***
Яхши нарса рекламага муҳтож эмас дейдиганлар янглишади-ёв. Ҳар нарса бозорга чиққан ҳозирги замонда яхши фикрларни ҳам реклама қилиб туриш зарурга ўхшайди.
***
Сал “халқим”ласанг, эл-юртга меҳру муҳаббат ҳақида жўшар бўлсанг, “маддоҳ”, “лаганбардор” дея маломат қилиб, беаёв тош отадилар, муаммо ё иллатлардан сўз очсанг, дарров “халқ душмани”га чиқариб қўядилар. Аҳли ижодга ҳам қийин, жуда қийин!
***
Ҳар гал эслаганимда бир сергак тортаман: “Вақт қилич кабидир. Сен уни кесмасанг, у сени кесади” (Ҳазрат Али).
***
“Сен ёлғиз эмассан, ёлғиз эмассан”, дея қўл чўзаверади ўқилмаган буюк китоблар.
***
Чуқур кетмайлик, деймиз. Билмаймизмики, бизнинг бу “чуқур”ларимиз нақадар саёз, қанчалар юзада.
***
Шахсиятига яқин борганинг сари қанча “буюк”лар жўн бир одамга, баъзи оддийлар эса буюкка айланади.
***
“Мени ҳам хижолатга қўймай, тўғридан-тўғри мукофотнинг ўзини мадҳ этавермайсизларми, болаларим”, дебди охири ори келган Ватан бобо.
***
Қуруқ номию ваҳимасидан бўлак ҳеч вақоси йўқ ташкилотлар пештоқига шиор таклиф этамиз: “Ҳаммамиз – бир гўрмиз!”
***
Фарзандлари маддоҳ юрт қудратсиз бўлур.
***
Катта одамларнинг майдакашлиги каби майда одамларнинг катта кетиши-да жуда ёқимсиз.
***  
“Юртим, сенга жоним фидо”, “Шу халқ учун қурбон бўламан” деб тўймайдиганлар қачон гапига жавоб берар экан-а! Бу орада қанча миллат жонфидолари қурбон бўлиб кетди. Боягилар эса ҳамон майдон ўртасида “жоним фидо”, “қурбон бўлай” дея ўйин қилади.
***
Ўзлари танлов ўтказиб ўзларини “ғолиб” қиладилар. Зўр-а?!
***
Ишламагандан кейин шу-да: ҳисобот ёзамиз, фақат ҳисобот!
***
Одамларга ёқиш осон. Ишонмасангиз, уларни мақтаб кўринг.
Одамларга ёқмаслик ундан ҳам осон. Ишонмасангиз, уларни танқид қилинг.
***
Айтилмаган сўзнинг ҳам уволи бор.
***
Ё “халқ душмани” бўлиш, ё маддоҳ. Менга қўштирноқ ичидагиси маъқулроқ.
***
Силлиққина бўлиб юриш ҳам санъат. Айниқса, тобора дағаллашаётган ҳозирги ҳаётимизда. Яш-ша-воринг-ей, силлиқлар!
***
Кимдир уни алдайди, у сизни, сиз эса мени алдайсиз, мен бировни алдайман, ўша биров яна кимнидир… Қарабсизки, ора очиқ. Ҳисобли дунё бу!
***
Шуйтиб қаёқдандир келган дайди шамол кучи билан бир сакрашда Роҳаткўл бошига келиб қолган бақа-шогирд таълим берган устозига қарата бундай деб турган экан:
Сизам – дўхтир, бизам – дўхтир,
Ўртамизда изам йўқтир…
***
Бошқаларнинг қўли билан ёмонлик қиладиган одам ўша ижрочидан кўра тубанроқдир.
***
“Қани, шу тўғрилигинг билан қаергача бораркансан!..”
Жон-жаҳди билан ҳалол яшашга уринаётган одамнинг энг яқинларидан эшитадиган гапи шу бўлгандан кейин…
***
Нафсингизнинг жиловини маҳкамроқ тутинг; ана шунда сичқонлар олдида қуллуқ қилишга мажбур бўлмайсиз, арслонлар!
***
Кимгадир яхшилик қилмаган, ҳеч қурса, бир оғиз ширин сўз айтмаган кунингизни қандай қилиб “Ўтди” дейиш мумкин? Эҳ, бизнинг ўтмаган кунлар…
***
Киши Яратган қошида ўзини қанча ожиз сезса, одамлар олдида шунча кучлидир.
***
Лағмонлар илмасдан қулоғимизга,
Бир келиб кетинг қишлоғимизга!
***
Илми борнинг – ҳилми бор. Ва шу ҳилмда ҳам ҳайбат, ҳам салобат мужассам. Алқисса, илм – ҳилм демак.
***
Тонгда бошқача кайфият, тоза руҳ бор. Яшаган бўлсам, кўпроқ тонгларда яшадим.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
“Тафаккур” журнали, 2017 йил 2-сон.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

 

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 415

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *