Беҳзод Фазлиддин. Таҳрирсиз хаёллар

Баъзилар ижод жараёнини қўзилатиш мавсуми деб ўйлайди, чоғи, кунда кунора хит қилади: “Янгисидан борми? Яна китоб чиқдими?” Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай ижодкор бундай саволларни айланиб ўтади. “Адабий қўзилатиш”ни қойиллатиб уддалаётган – пайдар пай “китоб” чиқараётган олғирлар бундан мустасно, албатта.
***
– Кимнинг мухлисисиз? – сўрадилар ундан.
– Бу кишим ўзига фанат, – жавоб берди ёнидаги шериги.
***
Ёшлик ҳавоси: “Шулар учун ёзаманми?”
Етуклик иддаоси: “Шуларни деб ёзиб юрибманми ҳали?”
Кексалик нидоси: “Энди ким учун ёзаман?”
***
Ижод тарғиботида ҳам ўрта йўлни тутган мақбулга ўхшайди: ҳадеганда реклама бўлавериб жонга теккандан ёмони йўқ, ҳеч ким танимай турса ҳам бўлмайди. Ўртамиёналик – бу энди бошқа масала.
***
Тан олинишни истаётган одамнинг важоҳатидан қўрққулик.
***
Бу киши сизни ўзингизга ёмонлаб, бошқаларга мақтайди. Севимлилигининг сири шунда бўлсамикан.
***
Сизга яхшилик қилишлари учун имкон беринг, эҳтимол, шунинг ўзи ҳам бир яхшиликдир…
***
Улар қичқираверсин: Ҳаёт – бу лаҳза. Ўйна.
Сиз ўзингиз учун жавоб беринг: Ҳаёт – бу лаҳза. Ўйла!
***
Сабр, шукр, ҳаракат – ҳаётимизнинг бор моҳияти шумикан…
***
Ўзинг хароб бўлсанг дунёни қандай обод этасан, эй кўнгил?!
***
Сингадиган жойга сув сепган яхши, деган экан эскилар.
***
Мағлубиятини олдиндан аниқ билган ва тан олган одамнинг кураш майдонига чиқ(арил)иши нақадар аянчли!
***
Кунда-кунора бирор тадбирига таклиф қиладиган ташкилот ҳақида ҳамкасбимиз ўхшатиб бир гап айтганди: “Улар сув қайнатса ҳам чақиради”.
***
Баъзан ёмғирга айлангинг келади – беозор, барокотли ёмғирга…
***
Бир юмалаб бошқа қиёфага кириб оладиган одамларга дуч келсам, қайсидир ҳикоядаги дув-дув кўзёш тўкаётган “бечора” шайтонни эслайман.
***
Юрганга яраша юрсанг тирикдай…
***
Борган сари одамларнинг гап-сўзига эмас, ишига қараб баҳо берадиган бўляпман; чиройли сўзлари амали билан боғланганларни кам кўрдим, жуда кам кўрдим.
***
Шундай тозаргансанки, яна ғубор ютиб қўймай деб нафас олишга ҳам қўрқасан…
***
Тўғри, дид масаласида тортишиб бўлмайди, лекин дидингга дахл қилмоқчи бўлган дидлар билан ҳам ҳисоблашиб туриш керак.
***
Ҳаётини яхши томонга ўзгартираётган одамни ўтмишдаги хатолари, аввалги аҳволини эслатиб маломат қилишга ҳаққимиз йўқ!
***
Агар либос очарчилик ва бахтсизликка сабаб бўлса, у ўз чиройини йўқотади, дейди Маҳатма Ганди. Бу ҳақиқатни англаш учун Ганди даражасида фикрлаш шарт бўлмаса керак.
***
Йўл тўсиб йўл очадиганлар бор,
Йўл очиб йўл тўсадиганлар бор.
***
Cизлар юксак савияда ёзишга ҳаракат қилишингиз керак, ўртамиёналикни ўзимиз ҳам эплаб турибмиз.
(Устоз ижодкор маслаҳатидан.)
***
Таълим-тарбия жараёнида биринчилардан бўлиб “бировнинг ҳақи” масаласини ўргатиш керакка ўхшаяпти. Агар тарбиячининг ўзи бировнинг ҳақидан қўрқадиган бўлса, албатта.
***
Ҳамма яхшилар ҳам мард бўлавермас.
***
Диплом етуклик белгиси бўлса, “олий маълумотли” жоҳиллар қайдан келиб чиқаркан?!
***
Эскилар билиб айтади: Худодан қўрқмайдигандан қўрқ!
***
Бугунги яллачиларни ўзимизча боплаб танқид қиламиз, уларни ёмонлаб айтмаган гапимиз қолмайди; ортидан маза қилиб яна ўшаларнинг “ашилла”ларини эшитиб, видеоларини томоша қилиб ўтираверамиз. Зўр-а!
***
“Сўз даволашга қараганда тезроқ жароҳатлайди”. Донишманд Гёте бобо ҳам ушбу фикри билан “Камроқ гапиринглар!” дея уқтираётган бўлсамикан.
***
Баъзи хотиранамо китоб-мақолаларни ўқиб бош қаҳрамон Ароқми деб ўйлайсан; хотирланмиш ҳам, муаллиф ҳам шишалар остида йўқолиб кетгандек…
***
Ўзига ёқмаганни танқид қилавериш калтафаҳмликка далолатдир.
***
Бошқаларни алдаётган киши, аввало, ўзини алдаётган бўлади.
***
Ўзидан орта олмаслик бахтсизлиги одамзодни хонавайрон қилади.
***
Билмасангиз, жим туринг, яхши билмасангиз, янаям кўпроқ жим туринг!
***
Тиригида қадрлаш тугул бир оғиз ширин сўзни дариғ тутамиз. Ўтганидан кейин… хотира ёзамиз, фақат хотира.
***
Қўйиб берса, қабр ичига кириб ҳам “селфи” қилса – ўзини ўзи суратга туширса. Остига “Мен гўрда ҳам ўзимни севаман!” деб изоҳ ёзиб қўйса…
***
Фарзанд ҳам имтиҳондир. “Худо асрасин-у, боланг ёмон бўлса, ўлиб ҳам қутула олмайсан”, дегич эди бир биродаримиз.
***
Нималарнидир англашга тиришаётган биз кичкина одамлар муҳит таъсирига тушиб шунча қийналаётган бўлсак, энди башарият буюкларининг изтироблари нақадар улуғ эканини тасаввур қилаверинг.
***
Хафа бўлишга арзимайдиган одамга айланиб қолишнинг ўзи хафа бўлишга арзийди.
***
Айтилмаган сўзнинг ҳам уволи бор.
***
Орсизлар азиз жойда аҳли ҳаёга кун йўқлиги аниқ.
***
Энг ярамас баҳона: “Атай қилганим йўқ-ку!..”
***
Мопассанга майли-да десанг, Чеховни ҳам инглиз тилидан (?!) таржима қилиб, нашр этишяпти. Шунинг ўзи ҳам савод-даражамизни кўрсатиб турибди…
***
Одам оила бағрида ўзини хотиржам ҳис қилмас экан, бошқа жойда ҳам хотиржам бўлолмайди.
***
Ғалати одамлар бор: аслида хизмат вазифаси, бурчини бажараётган бўлади-ю, ўзини бошқаларга ҳиммат-марҳамат кўрсатаётгандек тутади.
***
Осон ишнинг қизиғи йўқ. (Мактабдаги география ўқитувчимиз Юнусали Эгамовнинг таъкиди.)
***
Болалар яхшиликни унутмайди. Ёмонликни ҳам.
***
Кечирасизлар-у, “эркакча зино” – фоҳишлик ҳам жуда оғир гуноҳ, жирканч иллатдир. Биз эса буни кўпинча “шўхлик” ё “йигитчилик” дея хаспўшлаймиз.
***
Баъзи-бировлар бошқаларнинг ўлимидан ҳам ўз мақсади йўлида фойдаланмоқчи бўлади.
***
Кучли мўмин кўпинча “енгилиб” ютади, чунки у ҳеч қачон ожизлар билан тенглашмайди.
***
Агар одамлар жон ҳар лаҳзада айрилиб қолиш хавфи бор омонат эканини англаб етганида, аллақачон бир бирларини кечириб юборган бўлармиди…
***
Ахир бу кетишда умрингиз барбод,
Борини “сотка”га совурган авлод!
***
Англайдиган одам учун хатолар ҳам буюк мураббийдир.
***
Кўришамиз. Суҳбатлашамиз. Кўнгил ёзиб ҳасратлашган бўламиз. Кейин… яна хабарлашамиз. Қўнғироқлашамиз. Дардлашамиз. Аммо ҳеч қачон ичимиздагини ошкор этмаймиз – асосий гапни айтмаймиз. Барибир, бир-биримизга ишонмаймиз.
Ё гапим тўғрими?
***
Шунчаки чиройлилар кўп. Ҳусни хулқ эгалари қани?
***
Қўрқоқликдан кўра номардлик аянчлироқдир.
***
Ўзини нуқул бошқалар қаричи билан ўлчайдиган одам ҳеч қачон юксала олмайди.
***
Кўп ёлғон гапирувчи, ваъдасида турмайдиган одамлардан бир-бир узоқлаша бошладим. Қарасам, ёнимда ҳеч ким қолмабди, деган экан бир ғариби бечора.
***
Тўғри овқатланишни ўрганиш тўғри яшаш учун қўйилган асосий қадамлардандир.
***
Баъзи оилаларда муҳит шундайки, болалар бундан кўра кўчада тарбия олгани маъқулроқми, дейсан.
***
Райҳон райҳон эмас, шамол бўлмаса…
***
Энг ожиз одам ҳам ўч олишга қодирдир. Кечиримлилик эса кўпинча энг кучли кўринган одамнинг ҳам қўлидан келмайди.
***
Тунги уйқу қандай бўлиши кундузи нелар билан машғул бўлганингга боғлиқ. Агар кунни чиройли амал, яхши сўз, тоза ўй-хаёллар билан ўтказcанг, уйқуларинг ҳам ибодатга айлангай.
***
Баъзи қилмишларинг учун ҳаммасини бенуқсон кўриб-кузатиб турган бир Зотдан ҳаё қилиш ўрнига тасодифан кўзи тушиб қолган бандасидангина уялаётган экансан, демак, аҳволинг жуда оғир.
***
Адашиб ҳам бировни алдайман деб ўйламанг. Ҳаммаси бехато ҳисоб-китоб қилиниб турибди.
“Ҳуррият” газетаси. 2018 йил 11 июль.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 92

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *