Авлод бутунлиги учун ўзингизни асранг!

Эътибор берган бўлсангиз, талаба-ёшларда ошқозон-ичак касалликлари кўп учрайди. Бунга сабаб тартибсиз ва сифатсиз овқатланиш, жисмоний ҳаракатнинг камлиги, умуман, кишининг ўз соғлиғига деярли бефарқ эканидир. Ҳатто баъзи талабалар сурункали очлик ёки пала-партиш овқатланишни одат қилишган. Бу эса, албатта, ошқозонинг шўри. Гап фақат шундагина эмас. Муқаддас манбаларда инсонлар ўз вақтида саломатлик ва бўш вақтнинг қадрига етмаслиги бежиз таъкидланмайди. Шунинг учун “олтин давр”да имкон қадар саломатликка жиддий эътибор бериб, бўш вақтдан оқилона фойдаланиш, келажак учун мустаҳкам пойдевор қуриш ҳаракатида бўлмоқ керак.
Гап айланиб покликка тақалаётган экан, шу ўринда “талаба тақвоси” деган иборани қўлламоқчийдим. Маълумки, илм талабида бўлган шогирд жуда кўп нарсалардан ўзини тийиши, ортиқча ҳою ҳавасдан парҳез қилиши зарур. Ёшликда турли номақбул йўлларга юриш ҳаваси, адашиш хавфи кучли бўлади. Ёш йигит-қизлар буни доим ёдда тутиб, босаётган ҳар қадами фақат ўзига эмас, бўлажак авлоди тақдирига ҳам таъсир этишини, бу масалада икки ҳисса жавобгар эканини унутмасликлари керак. Ҳар нарса – ўқиш, дам олиш, маданий ҳордиқ ўз вақтида ва меъёрида бўлсин. Бугун бутун дунёга хавф солаётган “замонавий” иллатларга кўпроқ ёшлар “харидор”лигини ўзингиз яхши биласиз, деб ўйлайман.
Ҳар куни қилган ишларингиз юзасидан ўз-ўзингизга ҳисобот бериб боришга одатланинг. Саломатлигингизни, асабларингизни, энг муҳими, қалбингизни асранг!
Яна кўп гаплар бор-ку, майли, асосийсини айтдим шекилли. Буларни насиҳат эмас, кўпдан буён сизга айтмоқчи бўлган сўзларим, боринг ана, акалик маслаҳати деб қабул қилишингизни истардим. Ёшларга ҳамиша миллатнинг умид кўзи қадалган бўлади. Шундай экан, келгуси авлод соғлом ва бутун бўлиши учун ҳам ўзингизни асранг, дўстлар!

Беҳзод

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *