Талабанинг талаби нима?

Эски дафтардан

Барча амалларнинг боши амалиёт ҳисобланади. Маълум бир ишга жойлашишдан олдин шу соҳа ҳадисини олмагунча натижа яхши бўлмайди. Демак, амалиётга шунчаки қарамаслик, бу даврда имкон қадар кўпроқ ўрганиб олишнинг нафи кўп. Қўлига қалам олиб, нимадир дейишга уринган, бедор ўйлари билан бошқаларни-да уйғотмоқчи бўлаётган ижодкор талабаларга ҳавас қилcа арзийди. Уларнинг аксарияти таҳририятлар қошидаги маҳорат мактабларида тобланиб, қалами чархланиб бораяпти. Таҳририятга амалиёт баҳона келаётган талабаларнинг жўшқин юраги, безовта фикрлари, интилишлари журналистикамизнинг эртаси бугунгидан-да ёрқинроқ бўлишига умид уйғотади.
Аммо айрим талабаларнинг «қилиқ»лари кишини бироз ўйлантиради. Бундайлардан бир нечтаси билан мулоқот қилган бўлсангиз керак. «Энди сизларнинг газетангизга амалиётга келаман», дейди биринчи келганида. «Ҳамма нарсани ўргатасизми?» деб сўрайди яна. Бажонидил рози бўласиз. «Қайси мавзуларга қизиқасиз, нималар ҳақида ёзасиз?» дея доимий савол-жавоб бошланади. «Ҳамма нарсага қизиқаман», – дейди у бемалол. «Бўлмаса, бирор нарса ёзиб келинг».
Орадан уч-тўрт кун ўтгач, бирорта қораламасини кўтариб келади. Ўқиб, фикр билдирилади. Яхши мавзу кўтарилган бўлса, тез орада мақола газета юзини кўради. Борди-ю, материал талаб даражасида бўлмаса, уни қайта ишлаш лозимлигини айтиб, қўлдан келганча йўл-йўриқ кўрсатасиз. Талаба «Хўп» дейди-ю, зарур юмуши борлигини айтиб, кетишга рухсат сўрайди. (Бу орада қўл телефонининг неча марта «безовта» қилганини айтмаса ҳам бўлар.) Ҳа, энди талаба-да, вақт муаммо, деб индамай қўя қоласиз. Шу кетганича ора-орада телефон қилиб, «Фалон мақолам чиқдими?» деб сўраб туради. У таҳририятга амалиёт давомида, жуда масъулиятли бўлса, икки уч марта келади. Шу бўйи бир куни келади-да, «аъло» баҳо қўйиб амалиёт қоғозини тўлдириб беришингизни илтимос қилади. Агар материали чоп этилган бўлса-ку, иш осон кўчади. Виждон ҳам қийналмайди. Борди-ю, унинг акси бўлса…
Учар талаба амалиёт қоғозини олади-ю, шу бўйи қайтиб кўринмайди. Қизиқ, нима учун у амалиёт, аввало, ўзи, келгуси фаолияти учун зарурлигини ҳис қилмайди? «Менга мавзу беринг» деб соатлаб ўтирадиганлари эса ҳаммасидан ошиб тушади. «Фалон кунгача мақолам чиқмаса бўлмайди» деб талаб қўйганлари янада ажабланарли.
Тўғри, амалиётни бир амаллаб ўтказиб юборса бўлар. Аммо келгусидаги фаолиятда бу ўзини қанчалик оқлайди? Бундай юзаки муносабат билан бўлажак мутахасссис ҳаётда ўз ишини қандай «амаллайди»? Ўйлашимизча, аслида журналистика факултетига кирганларнинг барчаси ҳам ёзишга қизиқмайди. Кимдир шунчаки, кимдир ўқитувчи амалиётни газетадан бошланглар, дегани учунгина таҳририятга келади. Ҳарҳолда, газета таҳририятига келаётган баъзи талабаларнинг хатти-ҳаракатлари шундай хулосага олиб келади.
Сир бўлмаса керак, кўплаб газеталарда ёзга яқин «фамилиялар мавсуми» авжига чиқади. «Мана бу фамилияни қўйиб юборинг, ижодий имтиҳон пайтигача мақоласи чиқмаса бўлмас экан» деб илтимос қилувчилар кўпайиб кетади. Айнан имтиҳон арафасида матбуотда «кўриниб қолган» абитуриентнинг фамилияси у талаба бўлгандан кейин ҳам газета саҳифаларида «яшайверади». Аммо «муаллиф»нинг ўзини бирор марта ҳам кўрмайсиз…
Барибир, таҳририятга келаётган куюнчак, ўз мустақил фикрига эга бўлган ёшларни кўриш завқи бошқача-да. Шунданми, тез-тез яхши мақолалар олиб келадиган талабалар қучоқ очиб кутиб олинади. Айниқса, улар орасида аниқ фанларга ихтисослашган олий ўқув юртлари талабаларининг ҳам борлиги қувонарли. Уларнинг катталардай мушоҳада юритиши, кенг дунёқараши, мавзуга янгича ёндашуви кишини шошириб қўяди. Ўз соҳасидаги ютуқ ва камчиликлар билан бирга ижтимоий ҳаётимиздаги ўзгаришларга ҳам бефарқ эмаслигидан кўнглингиз кўтарилади. Ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, босиқлик билан ўз фикрини ҳимоя қилаётганида, ростдан ҳам, шундай ёшлар билан ишлаш завқини туясиз.
Аммо… кейин яна ҳафсалангиз пир бўлади. Баъзи йигит-қизлар олиб келган материаллари юзасидан саволлар берганингизда, ўзларини «сотиб» қўйишади: «Китобдан олган эдим», «Интернетдан топдим»… Бу ҳам майли, аксарият ҳолларда бундай талабалар баҳо олиш учунгина бу ерга «қадам ранжида қилгани» маълум бўлади. Шундай пайтлар бўладики, бир мавзудаги мақоласифат кўчирма материаллар уюлиб кетади. Уларнинг айнан бир хил матндан иборат эканлигига нима дейсиз? «Домла газетада мақолам чиқмаса, баҳо қўйиб бермайди» дейди ўзини оқлагандай бўлиб бир талаба. «Илтимос, ўқитувчимизнинг ҳам исм-фамилияси чиқсин» дейди яна бири. Яна ўша оғриқ. Жуда ғалати, бир парчагина мақолага ўқитувчи ўзининг номини ҳам «тиқиштириш»га уялмасмикан? Устозлар бундай йўл билан шогирдларига қандай қилиб ўрнак бўла олади?
Баъзан талабалар «унга бор, бунга бор»лардан зерикканларини айтиб, нолиб ҳам қолишади. Аксинча, меҳнат қилишдан қочмаган, ишга юзакилик билан қарамайдиганларга ҳар доим ҳар ерда яхши муносабат билдиришган. Ишлаган одам ҳеч қачон кам бўлмаслигини оддий амалиётнинг ўзи ҳам кўрсатиб турибди.
«Ўзингиз тўғрилаб юборинг», «Нима бўлса ҳам, чиқса бўлди» каби гаплар одатий тус олди. Ярим соатгина мушоҳада юритиш, фикрлашдан шу даражада “қўрқиш” мумкинми?
Аслида, бу дунёда ҳаммамиз талабамиз. Ҳаётнинг ўзи буюк устоз. Инсон мудом изланишда, ҳаракатда. Эҳтимол, амалиёт бугунчалик бир амаллаб «ёпиб» олинар. Лекин эртага-чи… Ҳаёт деган устозни алдаб бўлармикан?

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

«Маърифат» газетаси, 2008 йил 2 феврал.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin

https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 444

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *