Тақдиримга дахлдор инсонлар

Тақдиримизни белгиловчи Зот бизни Устоз орқали ҳам сийлар ёки синар экан. «Устоз» сўзини илк бора қачон эшитганимни эслай олмайман. Аммо унинг залворини ҳис қилгунимча анча йиллар оқиб ўтди. Болалигимда «Устоз» фақат китобларда бўлади, деб ўйлардим, чамаси. У пайтлари луғат бисотимда «домла», «оя» каби шунга яқин сўзлар бор эди. «Ўқитувчи»ни-ку фақат касбга доир сўз деб билардим.
Келинг, яхшиси, Устоз аслида ким эканини англаб етгунимча (эҳтимол, буни ҳали ҳам чуқур англаб улгурмагандирман) бўлган давр хотираларини ёдга олай.
Биринчи синфга дадамнинг қўлидан тутиб бордим. Мактаб деганлари жуда катта уйга ўхшарди. Атрофда мен тенги болалар кўп. Бирови отаси, яна бошқаси онаси билан келган. Қўнғироқ овозли бир аёл бирма-бир исмимизни сўради… Замира оя (биз томонларда аёл ўқитувчининг исмига «оя» унвони қўшиб айтилади) шу-шу ҳаммамизга қадрдон бўлиб қолди.
Бир куни «Ким бўлсам экан?» мавзусида дарс ўтилди. Барча тенгдошларимдан келажакда ким бўлишини сўраб, дафтарига белгилаб бораётган оя менга навбат келганида жавобимни кутмай қатъий оҳангда «Сен олим бўласан!» деди. Ҳайрон қолдим. «Олим» шахсий луғатимдаги янги сўзлардан бири бўлди… (Ўшанда фаришталар омин деган экан, шекилли, айни пайтда илм йўлидаман. Олимлик рутбаси насиб этишини чин дилдан истаяпман.)
Болаликда кўпроқ санъатга қизиқардим; қўшиқ айтиш, расм чизиш севимли машғулотимга айланганди. Китоб ўқишни-ку айтмасам ҳам бўлар. Аксарият ижодкорларнинг болаликдаги «касал»идан мен ҳам бебаҳра қолмаганман: «китоб жинниси» эдим. Кейин шоирликка ҳавас уйғонди. Тил ва адабиёт ўқитувчимиз, устига устак, ён қўшнимиз Турдижон ояга шеърий машқларимни кўрсатиш учун аямни «вакил» қилиб юборардим. Борган сари ёзмаса туролмайдиган бўлиб қолаётгандим. Қишлоғимиздан чиққан шоир домламиз Салавот Маҳмуд, кутубхоначи қариндошимиз Мавлуда оя орзуларим чилторини чертиб туришарди. География муаллимимиз Юнусали Эгамов, математика ўқитувчимиз Алижон Каттабеков қизиқишларимга бефарқ эмасди. Айниқса, Юнусали домла. Вой бу кишининг куйиб-пишишлари! Очиғи, бошида унинг хатти-ҳаракатларини бошқача тушундик. Бўлмаса, географияни деярли барча фанлар билан боғлаб ўтган жонкуяр мураббийнинг ҳар бир гапини жон қулоғимиз билан тинглар эдик. Домла ҳар дарсда ўтган мавзуни такрорлаш ва янги мавзуни бошлашдан олдин бизга ҳадис ёки ҳикматли сўз, мақол ва маталлардан ёздирарди. Ерга урса кўкка сапчийдиган ғўр ўсмирлар бунинг географияга нима алоқаси бор, деб елка қисиб қўярдик. Кейин билсак… Эҳ, ўша дамларнинг қадри энди билиняпти. Сўз санъатига қизиққаним учун домла ёздирадиган ҳадис ва ҳикматли сўзлар учун алоҳида дафтар тутгандим. Ўша пайтлариёқ уларнинг кўпи ёд бўлиб кетганди. Мана улардан бири: «Инсонлар ўз вақтида икки нарсанинг қадрига етмайдилар: саломатлик ва бўш вақт». Дарсдан ташқари вақтда ҳам домлани ҳамиша қандайдир иш билан банд ҳолда кўрардик. Унинг ўқувчиларга энг кўп уқтирадиган гапи шундай эди: «Мактабда ўзингиздан яхши из қолдиринг». Рост-да, шунча йил ўқиса-ю, изи қолмаса… Домла кўп жиҳатдан Чингиз Айтматовнинг «Биринчи муаллим»идаги Дуйшэнга ўхшар ва ўзи ҳам ўшандай бўлгиси келаётганини яшириб ўтирмасди… Икки-уч бор бу фидойи муаллим ҳақида нималардир қоралаб, газетада чиқардим. Аммо ҳамон домла ҳақида энг муносиб сўзни айта олмаётгандекман. Кун келиб шогирдларидан бири ўша сўзни аълоси билан айтар, дея умидланаман…
Саккизинчини битириб мактаб билан хайрлашган бўлсам-да, ул муқаддас даргоҳдан қадамим узилмади. Тўққизинчини лицейда давом эттирдим. Яхши эслайман, номимни ўқитувчилар жамоаси ва бошқа синф ўқувчиларига ёзган иншом, яна ҳам аниқроғи, янги адабиёт ўқитувчимиз танитганди. Мақсудахон Ҳожиматова Ваатан ҳақида жўшиб ёзган битикларимни ҳаммага ўқиб берибди! Иншога шеърий машқларимни ҳам «қистириб» ўтган эдим, тез орада «шоир»лигим лицейга овоза бўлди. Балки, ҳозир ўша сатрларни ўзим ўқисам уяларман, аммо тил ва адабиёт ўқитувчиларим Мақсудахон, Матлубахон, Мўътабархон (уларнинг номларидаги уйқашликда ҳам бир сир бордек) ва Рисқихон оялар, Маҳмудов, Тошхўжаев, Валижонов каби жонкуяр ўқитувчилар сабаб адабиёт, айниқса, шеъриятга муҳаббат қалбимни гуллатиб юборди.
Валижонов домлани айтмайсизми! Адабиёт ва санъат, спортга ошно бу тўгарак раҳбари ҳаммани «зириллатарди». «Валижонов келяпти!» дейилса, бас, ҳаммаёқ тартибга келарди. Бир қарашда ўта қаттиққўл ва талабчан кескир сўзли бу домла адабий кечаларда мушоарани қиздирар, рубобни шундай сайратардики… Бу нозик қалб ва дид эгаси эканидан ҳам далолат берарди. Назаримда, Валижонов ўз хислатлари билан юзлаб ўқувчилар, айниқса, ўғил болалар тарбияси, балки, тақдирига сезиларли таъсир ўтказди…
Ёш кўнглимда ижод ишқи тобора кучаярди. Ўшандаёқ журналистика факултетига ўқишга киришга қатъий аҳд қилгандим. Таълим муассасамиз юқорироғидаги кўчада жойлашган «Чуст ҳақиқати» газетаси таҳририяти мен кўп қатнайдиган қадрдон масканга айланди. Газета саҳифаларида мен номини бот-бот ўқиб турадиган мухбир Анвар Муродов билан кўришган кун ҳамон эсимда. Ўшанда у киши менга совға қилган ёндафтар ва ручка гўё «оқ йўл» рамзи эди…
Биринчи тўпламим (атайин китоб демаяпман) чоп этилганида ҳали 16 га тўлмаган эдим. «Муқаддас замин» номли бу шеърий тўплам дунё юзини кўришида Анвар аканинг ҳиссаси катта… Гўё еттинчи осмонда учиб юрардим. Ўша йиллари ўқувчилар орасида китоб чиқариш бугунгидай «мода» тусини олмаганди-да.
«Ёш қаламкашлар» танловининг вилоят босқичида яна бир устозга эга бўлдим: Боқий Мирзо. У кишининг ўша пайтдаги сўзлари ҳануз қулоғимда: «Китобчангни қўлимга олиб, аввалига, сизларни жуда эрта рағбатлантириб юбормаяпмизмикан, деган ўй хаёлимдан ўтди. Йўқ, бизга насиб этмаган имкониятлардан сизлар фойдаланинглар. Бу ҳам истиқлол шарофати. Шуни унутмасанглар бўлгани». Иккинчи шеърий тўпламим ҳам ўқувчилик йиллари чоп этилди. Сўзбоши муаллифи ва муҳаррир Боқий Мирзо тўпламга «Боғларингдан кетмасин баҳор» дея ном қўйиб берди. Бугунги кўзим билан қараганда ўша тўпламларимдан унча қониқмайман. Яхшими-ёмонми, уларнинг «пешона»сига менинг номим битилган. Қолаверса, бугун озми-кўпми ютуққа эришаётган бўлсам, ўша ҳозир мен писанд қилмаётган китобчаларнинг ўз ўрни бор.
Ниҳоят, талаба бўлдим! Биринчи курслигимдаёқ мени Маҳмуд Саъдий деган хазинанинг ўзи «топиб олди». Катта кўзойнаги нуроний юзига ярашиб турган бу донишманд инсон билан танишув сермазмун суҳбат тарзида бўлганди. Домла ҳали олий ўқув юрти аудиториясига тўла мослашиб улгурмасимдан университет газетасига ишга олган. Бошқа ўқитувчилар «Талаба профессорнинг гапига қўшимча қила олмайди» деб турган пайтда устознинг бундай йўл тутиши қалбимдаги умид учқунларини алангалатиб юборган эди.
Аҳли ижодда бир гап бор: ўзингдан олдин устозинг ҳақида сўрашади. Бунда гап кўп. Тақдир ҳаёт йўлида Маҳмуд Саъдийга учратганидан кейин буни янада яхшироқ ҳис қилдим. Зиёлилар орасида «тирик энциклопедия» дея ном қозонган ушбу устоз ортидан ҳамон эргашамиз.
Дарвоқе, мен «Устоз» сўзи билан танишувим ҳақида ҳам гапираётгандим-ку! Назаримда, бу сўз-унвон Маҳмуд Саъдий номига чиппа ёпишади, ярашиб туради. У кишини устоз деб атайдиганлар жуда кўп.
Яна, каминага таниқли болалар шоири Турсунбой Адашбоев, ижодкор мураббий Ҳалим Сайиднинг беминнат ёрдами кўп теккан. Устозлар нашри, севимли газетамиз «Маърифат»да иш бошлаганимда 3-курс талабаси эдим. Айни кунда илмий ижодда устоз олим, таниқли адабиётшунос Наим Каримов сабоқларини олаяпман.
Устоз ва тақдир ҳақида гап бошлагандим. Устоз – ота-она ва бошқа яқинларимиз сингари тақдиримизга дахлдор. Шукрки, ҳаёт ва ижод йўлида ҳозиргача менга яхши устозлар ҳамроҳ. Устозларимиздан бири «Сенинг биринчи устозинг – ота-онанг» деб айтганди. Ҳақ гап.
Қисқаси, мен номини тилга олган (эҳтимол, баъзиларини унутгандирман) устозларим ҳаётимни тўлдириб турибди. Ушбу азиз инсонлардан нур йиғиб юрибман. Ҳаммамиз ҳам бир куни Қуёш бўлиб порлаш учун устозлардан зиё қарз оламиз.
Байрам баҳона устозларни яна бир йўқладим. Аслида эса улар ҳар доим биз билан бирга.
Янги китобим – «Кутмаган кунларим, кутган кунларим»ни ота-онам яқинларим қатори қадрли устозларимга ҳам бағишлаганман. Ундаги мана бу сатрлар бугунги сўзларимга ҳозирча якун бўла қолсин:

Сабоғи тугамас мактабдир Ҳаёт,
Баъзида танаффус – ўйнаб-кулгани.
Кеча парталарда Дийдор эди шод…
Ҳамма тарқаб кетди Одам бўлгани.

Бир куни йўқ эдик, бирда бор эдик,
Тинмади Орзунинг хархашалари.
Жаннатда юргандай бахтиёр эдик
Бир ота-онанинг зумрашалари…

Қанча ёруғ бўлди умр – дарсхонам,
Билган-билмаганим шундан ҳам маълум.
Муаллим – Руҳимни уйғотган Онам,
Фарзанд ажратмаган Отам – Муаллим.

Сўз бўлиб тилидан савоблар учган,
Икки олам аро қисмати – эъзоз.
Ким бўлиб борсам ҳам бағрини очган –
Келдим. Ассалому алайкум, Устоз!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

«Маърифат» газетаси, 2012 йил 29 сентябр.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 422

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

советы механика: автослесарям Жми