Тарас Шевченко. Шеърлар

ЎЙЛАРИМ, СИЗ – МЕНИНГ ЎЙЛАРИМ

Ўйларим, сиз – менинг ўйларим,
Мендир адо, сиз куйдирасиз.
Нега қоғоз бетига тушиб,
Кўз олдимда ғамгин турасиз?Тарас Шевченко
Ўйларим, сиз – менинг ўйларим,
Нега сизни шамол чанг каби
Тўзитмади чўлларга ёзиб?
Нега ҳасрат ўз боласидай
Ўлдирмади, тагига босиб –
Уйқусираб сизни, ўйларим?
Чунки ҳасрат билан дунёга
Таҳқирланиш учун келдингиз:
Қанча йиғи-сиғилар билан,
Кўзёшларда сиз қуйилдингиз…
Нега ахир ўша кўзёшлар
Сизни ювиб ва ғарқ этмади?
На денгизга тўкдилар сизни,
На далалар чанқаб ютмади?
Сўрашмасди ана ўшанда
Эл-халойиқ дард тортганимни…
Сўрашмасди нега лаънатлаб,
Тақдиримга тош отганимни,
Нега дунё азоблар мени?
Энтикаман, қалбимда яра.
«Лақиллайди бекордан-бекор!»
Дея этмасдилар масхара.
Болаларим, севган ўйларим!
Сизни экиб, ўстирдим нега?
Жаҳон аро биронта юрак
Сизнинг билан йиғлаганимдак
Йиғлармикан ботиб қайғуга?
Тўғри чиқар, балки, ўйлашим,
Менинг каби кўксин тиғловчи,
Ўйларим-ла бирга йиғловчи
Бирор юрак топилар қиздан,
Қиздан, балки, қуралай кўздан?
Шундан ўзга йўқдир ҳожатим.
Қуралай кўз тўкса томчи ёш,
Бас… шундадир бахтим, роҳатим.
Ўйларим, сиз – менинг ўйларим,
Адо бўлдим, сиз куйдирасиз.

Қуралайдек кўзлар ўйида,
Нафис, қора қошлар кўйида,
Юракларим талпинди шодон,
Юраклардан сўз оқди равон
Ўз ҳолича ва билганича
Тим қоронғи кечаларни деб,
Оличазор, боқчаларни деб,
Қизлардаги ғамзаларни деб…
Украинадаги чўлларни,
Қўрғон-мозор тепаларни деб,
Юраклардан сўз оқди равон;
Юракларим ачинди ёмон.
Истамади куйлашни сира
Бегона ер, ғурбатлар ичра…
Ўрмонларда, қирларда туриб,
Туғ кўтариб, гурзи кўтариб,
Юрган ўша казак аҳлидан –
Бир чақириб ёрдам олгали,
Ё маслаҳат, ҳамдам олгали,
Дил чопмади, кўнгил бўлмади…
Қўйинг, майли, Украинада
Казак руҳи кезсин, сарфароз,
Саҳродай кенг, чексиз сийнада
У бошидан бу бошигача
Севинч-қувонч тўлган, жуда соз…
Оқиб ўтган эркинлик каби
Кенг бир дарё Днепр – денгиз.
Чўллаб чўллар – саҳролар чексиз,
Қирдай мозор – тепалар – тоғлар,
Пишқиради харсанг қирғоқлар,
У ерларда туғилди, ўсди
От сакратиб сарбаст казаклар.
Унда ляхлар, татарлар билан
Бўлган жангда қонлар тўкилди.
Ҳоримади казаклар эрки,
Далаларга гавда экилди…
Сўнгра тинди…
Ана ўша замондан бери
Кўп қабрлар ердан ўсди-да,
Қора бургут қоровул каби
Учиб юрар унинг устида.
Ўша жанглар, кўплаб қабрлар
Тўғрисида айтилар ҳамон
Кўзи ожиз, кобзарь фақирлар
Куйлайдилар тарихий достон.
Чунки ақл билан тўлгандир
Ўшаларнинг донишманд боши…
Лекин мен-чи? Лекин менгина,
Менда фақат бир йиғигина –
Украина учун кўз ёши…
Сўзлагани тилим келмайди…
Алам, ҳасрат!.. Ҳасрат дейсизми?..
Ахир уни ким ҳам билмайди?..
Кимки халққа қадрдон бўлса,
Кўнгил бериб, жонажон бўлса,
Оғирликка бўлса у ҳамдам,
Унга ушбу дунё ва ҳаёт
Кўринади дўзах, жаҳаннам,
У дунёда,
У дунёда-чи…
Шунча ёниб, ютиб ҳасратни,
Гар саодат менда бўлмагач,
Чақирмайман бахт ва қисматни.
Майли, шунча жафо, машаққат
Умр сурар уч-тўрт кун фақат,
Яшираман жафо, фиғонни,
Яшираман ёвуз илонни –
Юрагимга,
Токи кўрмасин –
Душманларим ҳасрат кулкисин…
Майли, қўйинг, ўй қарға каби
Учиб юрсин ҳамда сайрасин.
Лекин юрак бир булбул каби
Куйласин ҳам фиғон айласин.
Бу яширин – киши кўролмас,
Масхаралаб, мазах қилолмас…
Кўзларимдан ёшлар тўкилар
Кеча-кундуз… Қўйинг, артмангиз,
Оқса-оқсин, ҳеч тўхтамангиз,
Токи-токи… бегона қумлар
Билан кўзим қачон юмилар;
Чет ерларни суғорсин улар,
Оқса-оқсин, майли, артмангиз…
Шундай экан… Энди не чора?
Ҳасрат ёрдам қилолмас зарра.
Кимки менга қилса ғайирлик,
Мен етимни этса истеҳзо,
Худо берсин ўшанга жазо!
Ўйларим, сиз – гул лолаларим,
Ўйларим, сиз – жон болаларим,
Парваришлаб ўстирдим, нетай?
Қаерларга сизни узатай?
Ўйларим, сиз – жон болаларим!
Боринг ўша Украинага,
Ўша бизнинг Украинага,
Деворларнинг тагидаги зор –
Йиғлаб юрган бўлиб хокисор –
Етим-есирларнинг олдига.
Мен узоқда ҳалок бўламан.
Сиз у ёқда топа оласиз
Самимий қалб ҳамда ҳурматни,
Ўша ердан топа оласиз
Чин ҳақиқат, балки, шуҳратни…
Украинам,
Севимли она,
Шу беақл болаларимни,
Ўз гўдагинг, болангдек қараб
Кутиб олгин, севиб дўстона.

Амин Умарий таржимаси

ВАСИЯТ

Ўлсам менинг жасадим
Украинага кўмилсин;
Қабрим у кенг даланинг
Энг ўртасида бўлсин.
Поёни йўқ она ер
Ва зангори Днепр
Кўриниб турсин менга,
Вағиллаб оққан дарё
Билиниб турсин менга!
Душман қонини дарё
Ювиб оқизган замон,
Элим топган кун омон,
Қўзғаларман қабримдан.
Кўмингу қўзғанг исён,
Кишанлар кул-кул бўлсин,
Эрк жангида душманнинг
Қора қони тўкилсин.
Сўнг улуғ оилада
Бошлангиз эркин ҳаёт,
Секингина мени ҳам
Ёд этиб қилингиз шод.

Ҳамид Олимжон таржимаси.

Taras Shevchenko* * *
Ҳавас қилма сармоядорга,
Ҳавасларинг сабил қолади.
Дўстликни ҳам, муҳаббатни ҳам,
У ақчага сотиб олади.
Ҳавас қилма қудратли зотга,
У барчага ўтказар зуғум.
Донгдорга ҳам ҳавас айлама,
Донгдорнинг ҳам аҳволи маълум.
У билади, одамлар асло
Хуш кўрмагай асл сийратин.
Донгдор зотнинг ўзини эмас,
Севадилар фақат шуҳратин.
Бамисоли жаннатдаги ҳур,
Ювошгина юришар ёшлар.
Бир қарасанг, қовушгандан сўнг,
Улар ҳам ўз ғавғосин бошлар.
Одамларга ҳавас қилма ҳеч,
Олам кезиб излама жаннат.
На замин ва на осмон бор,
Тополмассан сен уни ҳеч вақт.

* * *
Тутқунликда яшайман танҳо,
Биронта ҳам ҳасратдошим йўқ.
Ўз ўйларим ичра мен адо,
Сўзлашарга суҳбатдошим йўқ.
Ахтараман парвардигорни,
Дуч келади нуқул бошқалар.
Йиллар эзди мендай абгорни,
Бошим узра кулфат тош қалар.
Баҳоримнинг қутлуғ чоғига,
Соя солди булутлар хира.
Эсламоққа гоҳи-гоҳида,
Топилмайди ёруғ хотира.
Юпанч керак дилимга, аммо
Бир мулойим сўз менга қани?!
Ҳолим шудир: қор кўмган гўё
Ҳали совимаган мурдани.

Абдулла Орипов таржималари.

Тарас Григорьевич ШЕВЧЕНКО (1814 –1861) – украин шоири ва рассоми. 14 ёшидан помешчик П.В. Энгельгардтнинг дастлаб Вильшан қишлоғи, сўнг Вильно, 1831 йилдан Петербург шаҳарларидаги уйида рассом сифатида тарбияланган. Шевченко 1836 йили рассом И.С.Сошенко ва у орқали К.П.Брюллов, В.И.Григоревич, В.А.Жуковский сингари таниқли рус рассом ва адабиётчилари билан танишган. 1838 йил Брюлловнинг кимошди савдосида топган пули эвазига крепостнойликдан озод этилган. Шу йили Бадиий академияга қабул қилинган.
Шевченко тасвирий санъат сирларини эгаллаш билан бирга илғор ва курашчан
дунёқарашли ижодкор сифатида шаклланган. Илк балладаси 1838 йили
эълон қилинган. Унинг 1840 йил Петербургда нашр этилган «Қўбизчи» шеърий тўплами украин адабиёти тарихида янги даврнинг бошланганидан дарак беради.
Шевченконинг романтик руҳ билан йўғрилган илк ижодида баллада, қўшиқ ва «ўйлар» устуворлик қилади. «Катерина» (1838) сингари дастлабки шеър ва достонларида крепостной воқеликка бўлган норозилик кайфияти яққол ифодаланган. Шевченко ижодининг шоҳ намуналаридан бири – «Гайдамаклар» (1841) достонида украин халқининг 1768 йилда поляк феодаллари зулмига қарши кўтарган қўзғолони тасвир этилган. Шевченко 1842–43 йилларда рус тилида «Никита Гайдай» драмаси, «Кўр қиз» ва «Истеъдодсиз» достонларини, рус ва украин тилларида «Назар Стодоля» (1843) драмасини ёзган.
Шевченко 1843 йил майида Украинага келиб, украин халқи ҳаёти билан яқиндан танишган. У шу сафар чоғида кўплаб расмлар яратиб, уларни «Украина манзаралари» (1844) альбомида эълон қилган.
1844 йил февралда Петербургга қайтган Шевченко Бадиий академияни «эркин санъаткор» унвони билан тугатиб, 1845 йилда яна Украинага келган. У Киев археологик комиссиясининг рассоми сифатида Украинанинг бир қанча вилоятларига саёҳат қилган. Шевченконинг 1843–45 йилларда яратган «Туш», «Кавказ», «Даҳрий», «Укки», «Чўри» сингари достонлардан иборат «Уч йил» тўплами украин шеъриятининг янги жанрлар билан бойиши, унга сиёсий мавзуларнинг кириб келишига замин ҳозирлади.
Шевченко янги украин адабиётига халқнинг тарихий тақдири ва келажаги билан боғлиқ ғоя ва образларни олиб кирган, ундаги реалистик йўналишга янги ҳаёт бағишлаган. Айни пайтда украин тилининг миллий адабий тил сифатида шаклланиши ва камол топишида Шевченко ижоди катта роль ўйнаган.
Шевченконинг айрим асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Тошкент шаҳрида
унга ҳайкал ўрнатилган, номига кўча қўйилган.

Ўзбекистон миллий энциклопедиясидан

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeда: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 837

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *