Тарозини тўғри тортиш эҳтиёжи

Адиб Омон Мухтор ва адабиётшунос Йўлдош Солижонов суҳбати

Йўлдош Солижонов: Омонжон! Сиз билан кўп йиллардан буён танишмиз, дўстмиз. Илк ижодий қадамларингиздан бошлаб, ҳам назмда, ҳам насрда, ҳам драма, ҳам таржима соҳасида етук асарлар яратиб  келаётганингиздан хабардорман. Биратўла бир неча турларда ижод қиладиган адиблар адабиётда кўп учрайди. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам тарози палласини тенг тутиб, барча соҳада бирдай машҳур бўлган эмас. Кейинроқ айрим қаламкашлар битта жанрни танлаб ижод қила бошлайдилар. Чунки бир пайтнинг ўзида ранг-баранг жанрларда бирдай ижод қилиш жуда мураккаб жараён. Сабаби бир неча йўналишда етук асарлар яратиш кишидан катта жисмоний энергия, юксак бадиий заҳира талаб қилади. Негаки, ҳар бир яратилаётган янги асарнинг ўзига хос мавзу ва муаммоси, шакли ва мазмуни, сюжети ва композицияси мавжуд бўлади. Беихтиёр биридан бошқасига ўтиб кетиш, бир хил воқеани такрорлаб қўйиш ҳеч гап эмас. Нима дедингиз? Ижодкор турли жанрларда ўз фикрини салмоқли айтиши, ўқувчисига етказиши учун ШАХС сифатида шаклланган бўлиши керак. Келинг, суҳбатимизни дастлаб Шахс ва Ижодкор масаласидан бошласак…

Омон Мухтор: Демак, одатдагидан бошқачароқ суҳбат.

Й.С.: Шундай десак ҳам бўлади. Очиқ-ойдин, юракда борини тўкиб… Айтинг-чи, шу кунларда шахс сифатида қандай ташвишлар билан юрибсиз? Ижодкор сифатида Сизни нималар безовта қиляпти?

О.М: Бу чиндан ҳам жиддий ва улкан масала. Ҳақиқатан ҳам, ижодкор даставвал Шахс сифатида шаклланган бўлиши керак. Шунда унинг жамиятда ҳам, адабиётда ҳам ўз ўрни, мавқеи бўлади, номи ҳам мангуликка қолади. Узоққа бормай, ўзим кўрган устозлардан Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳорларни эслайлик. Улар йирик шахс эдилар. Ижоди ҳам шунга яраша. Менимча, шахс бўлиб етишиш учун ижодкор жуда кўп ўқиши, ўрганиши ва ўзига хос тарзда фикрлай олиши лозим. Ўзи ўрганмаган одам бировга нимани, қандай ўргатади? Яна. Шахсга айланган ижодкор ўзи яшаётган, нафас олаётган даврнинг, жамиятнинг об-ҳавосини, зиддиятларини, икир-чикирларини яхши билиши, энг муҳими, билганларини ақл тарозисида тўғри ўлчай олиши шарт. Ана шунда у ўқувчини алдамайди, ўзи ҳам унинг олдида хижолат чекмайди. Аксинча, Шахс бўлиб шаклланмаган адиб алдам-қалдам нарсаларни ёзиб қўяди-да, кейинроқ замон ғалвиридан тушиб қолаверади.
Ҳақиқий ижодкор учун бу ҳам камлик қилади. Камолотга эришишни истаган қаламкаш ҳамма жанрдаги асарларни ўқиши, улардан лаззатланиши ва озуқланиши керак. Чунки назм вужудида наср, насрнинг ичида назм ва драматик ҳолат яшайди. Уларни билган ва ўз асарларида қўллай олган адиб, шубҳасиз, ютади.
Мустақиллик ижод аҳлини, айниқса, Шахс сифатида шаклланишига, улғайишига, асарларида ўзлигини тўлароқ намоён қилишига сабабчи бўлди. Ижодда шахс “мен”и жудаям зарур. Фақат бу “мен” “ман”га (шахсини кўрсатишга, манмансирашга) айланиб кетмаса, бас. Яширмайман, асосан, Мустақиллик йилларида ёзувчи сифатида кўпроқ танилдим. Чунки мен учун шу Ватан, шу халқдан азиз нарса йўқ. Нимаики ёзмай, Ватан озодлиги ва ободлиги, халқнинг янада баркамоллиги, боридан ҳам зиёда кўркам ҳаёт кечиришини орзу қилдим. Биродарларим қаторида куч-қудратим етган қадар қалам тебратяпман.

Yo'ldosh Solijonov 1Й.С.: “Қалам тебратяпман” деб камтарлик қилмай қўя қолинг. Сиз ҳозир ҳам назмда, ҳам насрда ғоят баракали ижод қилаётган пешқадам адиблардансиз. Олдинроқ ёзилган икки романдан ташқари мустақиллик йилларида бири-бирига ўхшамаган ўндан ортиқ романларингиз эълон қилинди. Яна туркум шеърлар, достонлар, ҳикоялар, қиссалар, пьеса, таржималар… Йўл-йўлакай ёзилаётган мақолалар, эссе ва хотиралар бу ҳисобга кирмайди. Айтинг-чи, бундай ранг-баранг жанрларда асарлар яратиш жараёнида ижодий куч бўлиниб, имкониятлар торайиб қолмайдими? Яъни, айтмоқчиманки, бир асарда тасвирланган ҳолат беихтиёр бошқасига кўчиб ўтмайдими?

О.М.: Менимча, турли жанрларда ижод қилганда Сиз айтгандек, куч бўлиниб қолмайди, қийинчилик сезилмайди. Аксинча, ижодкорнинг ўзига ишончи ортади, шеъриятда тўплаган тажрибасини насрда, наср ёки драмада орттирган маҳоратини шеъриятда бемалол қўллай олади, деб ўйлайман. Сиз ўз китобларингизда қайд этганингиздек, менинг кўпчилик романларимда иборалар қисқа, шеърий шаклда ёзилган. Айрим ўринларда шеърдан тўла фойдаланилган. Насрий асарда лирик оҳанг ҳам аслида шоирона кайфиятдан келиб чиқади.
Шукур қилишим керак, китобларим босиляпти. Мен учун қувонарлиси – улар пештахталарда “чанг босиб” ётгани йўқ. Бир йил аввал чиққан китобларим дўконларда умуман учрамайди. Мен билан қўрқмай ҳамкорлик қилаётган “Шарқ”, “Маънавият”, “Давр-пресс” нашриётлари жамоасидан миннатдорман. Эҳтимол, ўша асарларимда мавзу ва муаммонинг ранг-баранглиги ва Сиз айтган ҳолатларнинг бир-бирига “кўчиб” ўтмаганидандир?
Ижодкор сифатида мени биринчи навбатда шу кунги “адабий ҳолат” кўпроқ қизиқтиради. Эътибор берган бўлсангиз, чинакам адабиёт намуналари билан бир қаторда арзон-гаров “асар”лар орасида адабий-эстетик мезонлар йўқолиб бораётгандек туюлмоқда. Бир томондан, аксари паст савияли китоблар босиляпти, улар китоб дўконлари пештахталарини мўр-малахдай босаётгани ҳам сир эмас. Вазифам тақозосига кўра ҳар куни даста-даста шеърлар, достонлар, ҳикоялар, қиссалар ва романлар ўқийман. Уларда туйғу бор, воқелик бор, бироқ эгаси йўқ. Яъни орқасида севинчиними, дардиними айтаётган шахс кўринмайди. Эвини топган ғиштдек китоблару “Сайланма”лар чиқаряпти. Маблағ топилса – бас. Лекин уни ким ўқийди? Бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Чинакам адабиётга бировнинг иши йўқдек таассурот уйғонади.

Й.С.: Нимасини айтасиз? Бу мени ҳам жуда қаттиқ ташвишга солаётган масала! Яқинда пойтахтдаги китоб дўконларини айланиб юриб, кейинги йилларда машҳур бўлиб кетган бир “ёзғувчи”нинг сўнгги тўрт-беш йилда ёзиб ташлаган 8та “роман”ини учратдим. Ниҳоятда ялтироқ, сифатли қоғозлардан, қалин рангли муқовада чиқарилган. Уларда воқеа бор, югуриб-елиб муаллифнинг айтганини бажарадиган персонажлар бор, аммо Сиз айтгандек, Шахс йўқ, Ижодкорнинг ўзи кўринмайди! Адабиётимизнинг ҳозирги савияси шунақа асарлар ҳисобига тушиб кетяптими дейман-да! Нима, роман ёзиш шунақа осон бўлиб қолдими? Адабиётга катта талаб, назорат унутилиб, ўртача ва ундан-да паст савияли “асар”ларнинг урчиб кетаётганига сабаб нима деб ўйлайсиз?

Omon MuxtorО.М.: Бу саволингизга жавобан фикрим сал қарама-қаршироқ. Аввало, ёзувчининг кимлигидан қатъи назар, уни кўп асар ёзишда айбламаган дуруст. Қўлидан келса, ёзаверсин. Боз устига кенг китобхонлар оммаси учун шунақа енгил ўқишли китоблар ҳам керак. Бироқ ҳар қандай суюқ нарсани “асар” деб эълон қилиш расмга кираётгани ўкинчли ҳол. Бундан ҳам афсусланарлиси – тўғрими, эгрими йўллар билан ҳамёнини қаппайтириб олган баъзи биродарларимиз майдонни эгаллаб, истеъдодли ижодкорларни, ҳали ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам имкони кам ёшларни четга суриб ташлаётганидир. Бадиий маҳоратни эгаллаш, салафлардан ўрганиш, адабиёт олдида, сўз олдида масъулиятни чуқур ҳис этиб меҳнат қилиш, азият чекиш ўрнини тезроқ асар ёзиб, китоб чиқариш, шон-шуҳрат қозониш “дарди” эгаллаяпти. Бу йўлни тутганлардан биронтасига “асаринг номидан бошлаб, охирги нуқтасигача хом” дегудек бўлсангиз, “сен ёзувчи бўлсанг, мен ҳам ёзғувчиман!” деб гирибонингдан тутади. Бундай қилмаса ҳам сиздан ранжийди, “душман”ига қарагандек олаяди. Ана, ҳамшаҳарим, укамиз кўнглига олмасин, романнинг ҳам номи “Бухоронинг олд полвони” бўладими? Ёш адиб, келажакда яхши ишлар қилишига умид бор, лекин етарли адабий тарбия кўрмаган.
Умуман, ҳозир кўп ижодкорларда адабий тарбия етишмаётгани, илмий тилда айтганда “элементар адабий-бадиий савод йўқлиги” очиқ-ойдин кўзга ташланяпти. Даврада катта бир ёзувчини таништирсангиз, ўзини адиба деб бошини ғоз тутган “қизча” бурнини жийириб, “эшитганман, қаердадир ўқиган бўлсам керак” дейишдан уялмайди.

Й.С.: Ҳа, чиндан ҳам кейинги йилларда адабиётни шон-шуҳрат минбарига айлантириб, довруғ қозониш ишқи билан ёнганлар кўпайиб кетди. Улар бу йўлда ёзиш маҳорати бир мактаб эканлигини унутиб, сўзни ғажиб, топтаб ўтишдан хижолат тортмаяптилар. Дарвоқе, бундайларнинг бўлиши адабиёт учун янгилик эмас. Олдинлари ҳам бу даргоҳда савияси пастроқ ижодкорлар бор эди, бундан кейин ҳам бўлар. Лекин у пайтда бундайлар ўзларини бироз четда тутишган, даврага ёриб киришдан ҳайиқишган. Чунки адабиётимизнинг сезгир қўриқчилари бор эди-да! Бир нарсани ёзишдан аввал “Ғафур ака нима дер экан? Абдулла Қаҳҳорга маъқул бўлармикан?” деб қўрқишган. Кейинроқ бу вазифани Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжоновлар бажаришди. Чунки бу устозлар адабиётда ҳар томонлама йирик ШАХС ва ИЖОДКОР эдилар. Ҳозир ким қолди? Ҳеч кимдан ҳайиқмай қўйишди! Танқид қилсангиз, дарҳол бирон бир тарафкашини ишга солиб, Сизнинг фикрларингизни инкор қилишга уринади. Мана, мен яқинда бир “ёзғувчи”нинг асарларида миллий урф-одатларимизга тўғри келмайдиган ахлоқсизлик эпизодларни тасвирлашини танқид қилиб чиқдим. Орадан бир-икки ҳафта ўтиб, ўша адибнинг ҳамюрти, адабиётшунос олим мени нохолисликда “уриб” чиқди. Додимни кимга айтаман? Биз, мунаққидларки, бир-биримизни қўллаб-қувватламасак, адабиётимизнинг савияси кун сайин тушиб кетавермайдими?

О.М.: Бундан ҳам ажабланарлиси, ўша шоввозларнинг ғайрат, шижоат билан олдинга ташланаётгани, ўзига янада кўпроқ эътибор кутаётганига куласанми, куясанми? Паст савиядаги китобларнинг дўконлар пештахтасини тўлдираётгани, афсуски, ўқувчининг дидини ўтмаслаштириб, адабиётга зиён келтирибгина қолмайди. Балки ёзувчининг – қалам аҳлининг обрўсини ҳам тўкади. Тўғри, ёзувчи ҳам оддий фуқаро, лекин у халқнинг қалби, руҳи эканлигини унутмаслиги лозим. Бу масъулиятли унвонга эътибор йўқолаётгани, биринчи навбатда, ўзини зиёлиман деб, амалда зиёдан узоқлашган кишиларнинг айбидир. “Тарозини тўғри тортинглар!” дейилади ояти Каримада. Ҳаётда ҳамма нарсанинг ўз тош-тарозиси бор. Бировнинг ризқини бошқаси тортиб ололмайди. Чинакам ижодкорнинг ўрни ҳар доим билинади. Қаранг, юлдуздек чақнаб турган Шукур Холмирзаев, Неъмат Аминовлардан (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!) кейин уларнинг ўрни бўш эканлигини сездирмай, улар даражасида ёзаётганлар борми? Албатта, катта ғарам ичида янги истеъдод учқунлари ҳам пайдо бўляпти. Аммо ҳозирча юлдуз бўлиб чақнагани йўқ ҳисоби.
Мустақиллик йилларида адабиётимиз бирмунча ривожланди, янгиланди. Бир пайтлар, эсингизда бўлса, раҳматли Шукур ака “Адабиёт ўладими?” деб жар солган эди. Йўқ, ўлмади! Қайтага янгитдан яшарди, ранг-баранг қиёфага кирди. Бу қувонарли. Мен бу кунги Шахс кечагидан кўра ақллироқ, донороқ, уддабурронроқ деб биламан. Албатта, тараққиёт бундай Шахс олдига улкан имкониятлар яратиш билан биргаликда  чигалликлар туғдиради, уларни ечиш йўлларини ҳам талаб қилади. Бу гап адабиёт кишисига ҳам дахлдордир. Чунки адабиёт – абадиятга хизмат қилади! Инсон оламини ўрганади! Бунинг учун адиб ҳам Ижодкор, ҳам Шахс сифатида масъулдир. Бутун гап ёшликдан адабий савияни юксалтириш, ишни яхши ташкил этиш, тарғибот-ташвиқот ишларини жонлантиришга қаратилишидадир. Тараққиёт тарғиботнинг янги шаклларини қидиришга ундаяпти.

Й.С.: Сиз адабиётимизда ўз ўрнини топган санъаткорлардан бирисиз. Ҳар ҳолда қатор романларингиз ёзилганию улар ҳақида кўплаб илмий-тадқиқот ишлари олиб борилаётгани, тарғиб ва тадқиқ қилинаётгани Сизнинг ижодингиз ва ҳаётингизга қизиқиш кучлилигини кўрсатади. Бундан ташқари, асарларингиз тўғрисида адабиётшунослигимиз пешволари Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Салоҳиддин Мамажонов, Умарали Норматовлар ўз вақтида жуда илиқ фикрлар билдиришган. Айтмоқчиманки, Сизнинг ижодингизга қизиқиш анча кучли. Бунинг маълум сабаблари бор. Хусусан, кейинги йилларда яратган асарларингиз ўзининг янгича шакл-шамойили, баён усуллари, қаҳрамонларнинг бошқаларга ўхшамаслиги адабий жамоатчилик ва кенг китобхонлар оммаси эътиборини янада кўпроқ жалб этмоқда. Шу муносабат билан мен қуйидаги савол билан мурожаат қилмоқчи эдим:
Сизнинг ўндан зиёд романларингиз бир-бирини такрорламайди ҳам, бир-бирига ўхшамайди ҳам. Ҳар бири ўзига хос алоҳида дунё. Нафақат мавзуси ва кўтарилган муаммоси, балки қаҳрамонлари, композицияси, сюжет қурилиши, воқеалар тизими ва уларни баён қилиш усули, умумий руҳи, оҳанги билан ҳам бир-биридан тубдан фарқ қилади. Ўз-ўзини такрорламаслик учун асарларингиз лойиҳасини олдиндан тузиб, хаёлингизда пишитиб оласизми? Ёзаётган асарларингиз таъсирига тушмасликдан Сизни нима асраб қолади?

О.М.: Гарчи бу романлар сўнгги йилларда кетма-кет эълон қилинган бўлса-да, уларнинг айримларини ёшлик йилларимдан ёзишга киришгандим. Яширмайман: менинг асар ёзиш услубим жуда бетартиб. Битта асар устида муқим ўтиролмайман. Қайсидир асаримнинг маълум бобларини қоғозга тушириб қўйиб, давомини ўн йилдан кейин, охирги бобларини эса ўн беш, йигирма йиллардан сўнг ёзиб тугатган пайтларим бўлган. Орада бутунлай бошқа асарлар ёзилган. Булар бир-бирига халақит бермаган. Фақат мен эмас, аксар ёзувчилар асар ғояси, қизиқарли воқеаларни узоқ вақт хаёллари, юракларида “ташиб” юришади. Айниқса, катта жанрдаги асарларда бу табиий ҳол.
Тасаввур қилинг, боғингизда ўрик, олма, беҳи, анор, анжир, гилос каби мевалар бор. Уларни пишганига қараб терасиз. Гоҳида бир асарнинг “чала” қолиб, бошқасининг эрта пишишига сабаб унинг парваришига кўпроқ эътибор берилганлигидир. Бундай “вақтни ўтказиш” ўз-ўзини такрорламасликка ёрдам беради. Лойиҳага келсак, албатта, олдиндан тузилади-да! Пухта ўйланмаган асар азобга айланади. Режа тузиш, ўйлаш – ёзиш жараёнидан кўра ҳам муҳимроқ! Лекин меъморга ўхшаб лойиҳага “ёпишиб” олмаган дуруст. “Умуртқа суяк” сақланиб қолса ҳам гоҳида воқеалар ўзгариб кетади. Соддароқ айтганда, сен асарни ёза бошлайсан, сўнг асар сени ўз “йўлига бошлайди”. Бу кўп айтилган ҳақиқат. Чунки ёза бошлаганингизда мўлжаллаганларингиз ижодий жараёнда тамоман ўзгариб кетиши мумкин. Қисқаси, йиллар давомида ўйланган нарса ўз-ўзидан мустақиллик касб этади. Бу эса қайтариқдан “қочиш” имконини беради. Муҳими, ҳаёт материали турлича, қаҳрамонлар ҳар хил бўлгач, такрорга ўрин қолмайди.

Й.С.: Очиғи, романларингиз мени кўп ажаблантиради. Бундай услуб аввал бизда кенг оммалашмаган эди. Назаримда, айрим романларингизда ифодаланган воқеалар четдан қараганда қуроқ дастурхонни эслатади. Воқеалар баъзан бир-бири билан мутлақо боғланмагандек, бир-бирига худди номутаносиб жойлашгандек туйилади. Буни “мозаика” ҳам дейишади. Масалан, “Аёллар мамлакати ва салтанати”, “Кўзгу олдидаги одам”, “Афлотун”, “Майдон”, айниқса, “Тепаликдаги хароба” каби асарларингиз шундай таассурот қолдиради. Ўқувчи уларни дабдурустдан идрок қилиб олишга қийналади. Бошқа томондан, мен асарларингизнинг бундай қурилишини коинот ҳаракатига ўхшатгим келади. Негаки, фазодаги жисмлар ва сайёраларнинг ҳар бири ўз ҳолича, алоҳида ҳаракат қилаётганга ўхшайди-ю, аммо кўзга кўринмас занжирлар билан мустаҳкам боғлангандек бир-бирисиз туролмайди. Мабодо уларнинг биттаси ҳаракатдан тўхтаса ёки сафдан чиқса, бутун коинот тизимига путур етади. Менимча, бу борада ўз мулоҳазаларингиз бўлиши керак. Нима дейсиз?

О.М.: Нима дердим? Осмон узоқ, ерга туша қолайлик дейман-да! Дастлаб шуни айтишим керакки, менинг ёзганларим писта чаққандай бир қур, енгил-елпи ўқиладиган асарлар эмас. Улар ўқувчини жиддийроқ мулоҳаза қилишга, фикрини йиғиб ўйлашга ундайди. Етарлича қизиқиш билан ўқилаётганига қарамай, шундай. Умуман, мумиоз адабиётимизга, жаҳон адабиётига эътибор берсангиз, аслида бу эски мактаб. Мен шаклни аҳамиятсиз деб билмайман. Хўш, шакл нима? Маълум бир мазмун солинган идиш. Ичида мазмун бўлмаса, идишга ҳожат йўқ. Аксинча, идиш бўлмаса, мазмун уни “кутиб” қолаверади. Демак, булар иккиси тенг ҳуқуққа эга категориялардир. Мазмун – муҳим, лекин у жойланган шакл биринчи бўлиб кўзга ташланади, мазмуннинг “баҳо”сини белгилайди. Бизда бир пайтлар – мафкура олдинги ўринга чиққан йиллари мазмун биринчи ўринга ўтиб кетиб, шаклга беписанд қаралган. Сиёсат тазйиқи остида янги соғилган сут эски пақирда қолаверган ёки беўхшовроқ идишга солинган. Уни қозонда қайнатиб, қаймоғи билан бирга чиройли пиёла ёки косада олдингизга келтириб қўйишмаган.
Мазмун ёзувчининг санъаткорлик салоҳиятини қанчалик даражада кўрсатса, шакл ҳам шунчалик аҳамиятга эга бўлади. Романларимнинг бир-бирини такрорламаслиги шакл устида алоҳида тер тўкканлигимдан келиб чиққан бўлса керак.
Энди “қуроқ” ёки “мозаика” деганингизга келсак. Устоз Миртемир ака бир шеърида “Қуюнларда қолганимда, чангдай таралганимда, бир шеър армонида юз бир қўралганимда…” деб ёзган. Ахир инсон ҳаётининг ўзи “қуроқ дастурхон” эмасми? Синчиклаб қарасангиз, муносабатлар ҳам “мозаика” ёхуд “номутаносиблик” дан иборат-ку! Дарвоқе, Ягоналик, Бутунлик ёлғиз Оллоҳга хос. Бу телба дунёда банданинг қисмати маълум даражада саргардонликдир. Бундай қисмат Одам Ато Ерга тушганларидан бошланган. Эътибор берган бўлсангиз, менинг романларимда мана шу “қисмат тўфони” катта ўрин тутади. Турли романлардаги қаҳрамонлар учун умумҳолат – улар доим ҳаракатда,асосан, нотинч кўйда пайдо бўлиб, асар ниҳоясида ҳам шу кўйда “чиқиб кетишади”. Масалан, Абдулла Ҳакимни эслайсизми, Валижон, Тоштемир ёки Мирза Ғолибними, барчаси шундай. Романларимда воқеа “қоқ бели”дан бошланади ва асар охирида воқеа ипи “чирт узиб” ташланади. Қисқаси, ҳаёт ўзи шу.. Кечаги кунда мафкура баландпарвозликни талаб қилар, мазмун қанча ялонғоч бўлса,асар шунча юқори баҳоланар эди. Мустақиллик бизни Ерга тушиб, атрофга қарашга, ҳаёт ҳодисаларидан келиб чиқиб аниқ фикр юритишга ўргатди. Бугун шакл муҳим эканлигини тушуниб-тушунмасликка олиш орқага қайтиш демакдир.
Адабиёт бировга бўйсунмаслик санъати эканлиги амалда исботини топмоқда.

Й.С.: Чиндан ҳам шакл ва мазмун адабиётшуносликнинг ўзак масалаларидан биридир. У алоҳида суҳбат мавзуси ҳисобланади. Келинг,биз ана шу улкан масаланинг кичик бир шахобчаси – “Сўз” ва “Амал” тушунчаси ҳақида гаплашайлик. Чунки Сўзнинг Амал билан бирлашиши ёки фарқ қилиши ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ота-боболаримиз “Сўзингга туз қўшиб гапир”, “Бурдинг борми?” деган ҳикматли ибораларни бежиз ишлатмаган. Айтайлик, қаҳрамонларингиз Сиз танлаган шаклга бўйсуниб, Сиз кўзлаган мазмунни доим ҳам ифода этиша оладими? Яъни Сўз Амалга айланмай қолмайдими? Ёки соддароқ қилиб айтганда, ҳаётда гоҳо бўлганидек, булар ўртасида мувофиқлик бузилмайдими?

О.М.: Бу романлардаги шартлиликдан келиб чиқади. Фалсафага асосланилса, бу яна бир муҳим тушунча – Замон ва Макон омилига боғлиқ. Албатта,ёзувчи ўзи эшитган, кўрган, билган воқеаларни қаламга олади, муайян бир даврни акс эттиради. Лекин адабиётда кўҳна қоида – умумлаштириш ҳар доим юксак маҳорат белгиси бўлиб келган. Бугун Шарқ шеърияти умумлашма образлар асосига қурилган. Тўғрироғи, аниқликдан умумийликка, умумийликдан аниқликка қараб борилган. Шарқ адабиётида Замон ва Макон ҳам шу боисдан нисбий келади. Буюк Алишер Навоий, ундан олдин ва кейин ўтган шоирларнинг Давр ҳақида ёзган ғазалларида Бор олам ва Бор тарих мужассамлашади. Буларнинг барчаси ижодкорнинг диққат марказида шартлилик турганлигининг белгисидир. Боқий дунё қаршисидаги Фоний дунёда ҳаёт омонат, одам ўзи омонат, унинг бахти ва бахтсизлиги омонатдир. Бу омонатлик ҳамма нарсани шартли қилиб қўяди ва қизиқ жойи, булар иккиси Сўзнинг Амалга айланиши, Шаклнинг Мазмунни тўлароқ кўрсатиши заруриятини туғдиради. Бундай фалсафий қарашлар аслида мураккаб бўлса-да, мен ҳар қачон улардан иложи борича “соддалаштириб” фойдаланишга ҳаракат қиламан.

Й.С.: Кечирасиз, дўстим, биз суҳбатлашаётган муаммо шу қадар кенг ва чуқурки, уни бир-икки суҳбат доирасида ҳал этишнинг иложи йўқ. Фикримча, биз юқорида тўхталган мулоҳазаларнинг барчаси охир-оқибат Шахс ва Ижодкор масаласига бориб тақалади. Шахс нечоғлик мукаммал бўлса, ижод маҳсули шу қадар табиий ва қизиқарли чиқади.
Энди мавзудан сал четлашиб, Сиздан сўрамоқчи эдим. анчадан бери Фарғонага бормай қўйдингиз. Нима, иш кўпайиб кетдими ёки кексалик даври бошланиб, ўзингизни эҳтиёт қилиш пайидамисиз?

О.М.: Униси ҳам, буниси ҳам бор десам бўлаверади. Аслида Фарғона мен учун шундай азизки! Фақат мен учун эмас, устозларимиз, барча қалам аҳли водийга талпиниб туради. Йиллар давомида кўп ижодкорларимиз Саид Аҳмад акага ўхшаб “ярим фарғоналик”ка айланишган. Эҳтимол, бу водийни “Кўм-кўк! Кўм-кўк!” дея кўкси тўлиб таърифлаган Ҳамид Олимжондан бошланган анъанадир. Илк дафъа борганимда ўзингиз бир китобингизда эслаганингиздек, икки Йўлдош – Сиз ва Йўлдош Сулаймон (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!) орамизда ака-укалик, биродарлик юзага келган эди. Фарғона афандиси Адҳам Ҳамдам менга унутилмас меҳрибонликлар кўрсатган. Яна бир раҳматли акамиз Анвар Муқимов қадрдоним эди. Марғилонда Адҳам Каримовнинг самимияти, хушсуҳбатдош эканлигини мудом эслаб юраман. Қўқонлик Анвар Юнус нақ туғишган биродарим. Янги бир китоби чиққан экан,юборибди. Ғазаллари, мухам-масларини ўқиб,гарчи уларнинг кўпини илгари ўқиган,ўзидан эшитган бўлсам-да, янгидан баҳрамандлик ҳис этдим. Суюндим. Яхши шоир!
Ҳабибулла Саид Ғани, насибаси қисқа экан, мени руҳи ўссин деб баъзи шеърларимни ўзимга ёд ўқиб берарди. Фикр кўлами кенг, ҳали катта бир ишларга қодир эди, эсласам, кўзларим ёшланади. Олим ва шоир дўстимиз Рашидхон Шукуровнинг адабиётга, илмга, санъатга фидойилигини доим кузатиб бораман. Фарғона – буюк шоирлар,ўлмас маданият бешиги. Бу ерда китобхонлик яхши изга тушаётганини эшитиб,бевосита менга дахли бордек қувондим. Соғинганман. Худо хоҳласа,бораман,дўстлар билан кўришиб,талабаларингиз билан ҳамсуҳбат бўлиб келаман,албатта.

Й.С.: Ниятларингиз амалга ошишини Яратгандан тилаб қоламиз. Мазмунли ва қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат!

Изоҳ: Афсуски, Омон Мухторнинг бу нияти амалга ошмай қолди. Суҳбатлашганимиздан озгина фурсат ўтиб, дўстимиз бу фоний дунёни тарк этди. Охирати обод бўлсин!

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 360

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *