Текинтомоқлар

Баъзи текинтомоқ газетчилар, тайёрга айёр блоггерлару чаласавод, лекин шу ҳолига танилишга ўч “ижод ишқибозлари” тоза жонга тегди. Улар интернетда, газета-журналлар, китобларда берилган материалларни осонлик билан ўзлаштирадилар, ҳатто юзсизларча бутун бир асарни ҳеч қандай “тузатиш”сиз ўз номларидан эълон қиладилар. Ҳозир “ундан-бундан” қабилида тайёрланаётган, турли манбалардан “юлиб” олиниб “тайёрлади” (“кўчирди” дейиш тўғрироқ) “тамға”си билан босилаётган материаллардан иборат бир-бирига жуда ўхшаб кетадиган учар газеталар, веб-саҳифалар урчиб боряпти. Тасаввур қилинг, жигар қонингизни қўшиб бирор сатр ёзишнинг ўзи қанчалар оғир! Буни ижод тўлғоқлари, сўз машаққати ва масъулиятини ҳис қилган одам жуда яхши тушунади.Plagiat Copy Paste
Қайсидир йили кўпчилик “сариқ матбуот” деб атайдиган чаққон газеталардан бири қўлимга тушиб қолди. Ишонасизми, ўша сондаги материалларнинг ярмидан кўпи марказий нашрлардан бирида чоп этилган. Тўғри, муаллиф номи кўрсатилган. Аммо бутун бир газетадан яна бир газета “ясалгани”га ҳайрон қолдим. Шунга ўхшаш мисоллар камми? Одам хизмат ҳақини ҳалоллаб олишга ҳаракат қилиши керак. Уят-ей!
Интернет оламида-ку муаллифлик ҳуқуқи номи бор-у, ўзи йўқ дегандай гап. Адабий-маданий қароқчиликдан куйганлар қанча экан! Лекин бунинг ҳам чорасини топса бўлар… Афсуски, шунчаки “Уят!” дейиш ва инсоф сўраш билан иш битмайдиган кўринади. Чунки агар ундайларда уят бўлганида, бу ноҳалол йўлни тутмас эди.
Кейинги пайтлари ёзганларимиз розиликсиз ва ҳеч қандай огоҳлантиришсиз баъзи газета-журналлар, интернет сайтларида эълон қилинаётгани, баъзан узуқ-юлуқ кўринишда, одамнинг қитиқ патига тегадиган жойлари “юлиб” олиб берилаётгани, рухсатсиз қўшиқ қилинаётгани, сўзлари бузилиб ижро этилаётгани, ҳатто бошқалар номидан ўзлаштирилаётгани ҳақида эшитиб қоляпмиз. Яна бир бор эслатиб ўтаман: ушбу саҳифада эълон қилинаётган барча ижодий материалларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. Шундай экан, қонун-қоида бўйича иш тутиб, исталган пайтда ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилишимиз мумкин. Шундай қиляпмиз ҳам. Ижод ўғрилари – кўчирмакаш «шоир»лар ва баъзи қўшиқчилар билан судлашганимиз кўпчиликнинг эсида бўлса керак. (Бир монолог, икки қўшиқ можароси)
Эй, бировнинг ижод маҳсулини ҳеч огоҳлантиришсиз товуқдай патини юлиб газетасига ёпиштираётган “муҳаррир”, саҳифасига тиқиштираётган “олғир” интернетчи! Сенинг ўша кўчирмакаш ўғридан нима фарқинг бор? Агар кунинг йўл-йўлакай айтиб кетаётган мулоҳазаларимизга қолган бўлса, марҳамат қилиб рухсат сўра ва ҳақини тўла. Бор куч-қувватини интернетга бўлар-бўлмас нарсалар ёзиб сарф қилаётган қўнимсиз, лекин сўзи ўткир ижодкорлар бор. Қалам ҳақини кўнгилдагидек қилиб тўлаб қўй, саҳифангни янгиликка, фикр уйғотувчи мақолаларга тўлдириб ташлайди.Мен доим тинчлик, ҳалоллик ва адолат тарафдориман. Илтимос, дилхиралик бўлиши ва ўзингизни ҳам ортиқча асабийлашишга мажбур қилманг. Ўзи шундоқ ҳам қадр-қиммати қолмаётган ижод аҳлига одамлар ишончи баттар йўқолмасин.Шеърларимиз ва бошқа ижодий материалларга рухсатсиз тегинманг. “Раҳмат, ёзганларимни маъқул кўрибсиз” ёки “Қуллуқ, шеърларимни қўшиқ қилибсиз” дея қўлимни кўксимга қўйиб турадиган даражада камтар эмасман.
Мўмин киши ўз сўзини асрай билиши, маънавий-моддий мулкини ҳимоя қилиш чораларини кўриши зарур ва бу табиий ҳол деб қаралиши керак. Сизда бу борада қандай фикр ва таклифлар бор? Илтимос, қизишмай ва бировга ноҳақ тош отмай жавоб беришга ҳаракат қилайлик.

Изоҳ: Бу ерда маъқул келган постларни муаллифини кўрсатган ва мазмуни бузилар даражада «таҳрир» қилмаган ҳолда ижтимоий тармоқларда эълон қилиш, бошқалар билан бўлишиш (share, поделиться) назарда тутилмаяпти.

Беҳзод

#Йўл-йўлакай #Бу_ҳам_муҳим #Таҳрирсиз_хаёллар

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Эслатма: Сайтдаги барча ижодий материалларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. Кўчириб босиш муаллиф розилиги билан амалга оширилади.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 169

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *