«Чиройли» гапирадиганлар

Телеэкранда тез-тез кўриниб турадиган қиёфалар бор. Бу ерда фақат “машҳур”ларни назарда тутаётганим йўқ. Телевизор ишқибози эмасман, аммо қачон экранга қарасам, ўша таниш “чеҳра”ларга кўзим тушади. Улар орасида бир кўрсатувнинг ўзида қайта-қайта “меҳмон” бўладиганлари ҳам кўп. Менга деса ҳар соатда телевизорга чиқмайдими, лекин гап бошқа ёқда.
Бундай тоифадагилар на тузукроқ фикр билдиради, на тайинли гап айтади. Катта муаммоларни қўя туринг, ҳеч бўлмаса, асл ҳаётга яқинроқ манзарани тилга олса ҳам, майли эди. Фақат “чиройли” гапиришни билади. Сўзлаганда ҳам дона-дона, гўё самимий ва ишонарли оҳангда сўзлайди. Ҳатто кўпчилигининг нима дейишини олдиндан сезиб тураман, баъзи жумлаларини ёддан биламан-ов.
Содда халқимиз бугун ҳам телевизорга астойдил ишонади. Нима деса, “Телевизорда айтди, шунақа қилиш керак”, қабилида иш тутади. Экранда кўриниб турадиганларга-ку ихлоси жуда баланд. Бир пайтлар таниган-билганлар орасида “телеюлдуз” бўлган кезларим буни жуда яхши ҳис қилганман.
Қўйсангиз-чи уларни, деяпсиз-а. Барибир, аҳвол ўзгармаслигини ўзим ҳам биламан. Аммо уларни жон қулоғи билан тинглаётганлар, зимдан ҳавас қилаётганларни кўриб жим туриб бўлмайди-да. Ахир шунақа нағмалар билан умр ўтиб кетяпти! Халқ ҳаёти, руҳиятидан жуда узоқ кўрсатувларни-ку муаллифларнинг ўзлари ҳам кўрмаса керак…
Аввало, ўзини, қолаверса, бутун халқни алдаётган (ёки шунга уринаётган) бундай қиёфасиз қиёфаларга Ўзи инсоф берсин.
Ҳар эҳтимолга қарши, айтиб қўяй. Билиб бўлмайди, бирор кун яна экранда кўриниб қолсам, юзингизни буриштирманг. Ғашингизга тегмайдиган гапларни айтишга ҳаракат қиламан.

Беҳзод

Бизни ижтимоий тармоқларда қуйидаги манзилларда кузатиб боришингиз мумкин:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *