Томас Элиот (Thomas Eliot)

Ундан бошқа адибларга ўхшаб катта адабий мерос қолгани йўқ. Бор-йўғи бир жилдга сиғар-сиғмас шеърлари ва поэмалари, унчалик ҳам машҳур бўлмаган саноқли драмалари, турли мавзулардаги эстетик-адабий қарашлари акс этган эсселар, фалсафий қарашларни ўз ичига олган 400 га яқин мақолалар. Бор-йўғи шулар. Аммо вафот этганидан буён орадан 50 йил ўтган бўлса-да, дунё адабиётшунослиги, маданиятшунослиги, санъатшунослиги унинг поэмалари, шеърлари ва эстетик қарашларини қайта-қайта муҳокама қилмоқдаки, ХХ асрда ҳали ҳеч бир шоир бу қадар узоқ муҳокама этилмаган. Бу шоирни инкор ва эътироф этувчи китоблар ва тадқиқотларнинг ўзи юздан ошиб кетади. Томас Элиот нафақат ХХ асрда, балки адабиёт тарихида энг кўп мурожаат қилинаётган, янгидан кашф этилаётган, ҳар бир тадқиқотда қайсидир жиҳати эътироф ёки инкор этилаётган саноқли шоирлардан биридир.

Бобоси Эндрю Элиот XVII аср ўрталарида Англиянинг Вестминстер аббатлигига қарашли Ист-Кокер ҳудудида – Сомерсет қишлоғидан бахт ва саодат излаб, бир олам орзулар билан янги Англияга – Америкага йўл олганди. Эндрю ўша пайтда бир пайтлар келиб, авлодларидан бири ўзининг бу хатосини тўғирлашни, яна шу заминга инсонга бахт ва саодат йўлларини излаб қайтиб келишини, худди шу заминдан туриб, инсон ва унинг бахти ҳақида хулосалар айтишини билмасди. Янги қитъага келиб қолган Томас Элиотнинг аждодлари ўзлари орзу қилган мақому мартабаларга эришдилар: улар АҚШнинг
энг бадавлат одамларига айланишди, бу ерда черков қуришди, кейин коллежга асос солишди, йирик компанияга хўжайинлик қилишди. Умуман, Томас Стернз Элиот деярли ярим қирол бўлиб дунёга келганди: келажаги таъминланган, етти пуштигача етадиган мол-мулк эгаси эди. Бироқ адабиёт ихлосманди бўлган онаси уни ёшлигидан мол-мулкка эмас, кўпроқ китобга ва санъатга меҳр билан тарбиялади. Айнан шу меҳр ўзини кутиб турган мартаба-ю мақомлардан воз кечиб, инсон тийнатига жавоб изловчи саргашта бир қалб соҳиби бўлиб етишишига сабаб бўлди. Томас Элиот ана шу ниятда бобоси келган йўлдан яна ортга қайтди. Бу қайтишни унинг асл илдизига қайтиш, инсон моҳиятини ибтидодан излаш деб ҳам баҳолаш мумкин.

Унинг дастлабки шеърлари 14 ёшида Умар Ҳайём шеърлари таъсирида яратилди. Умуман олганда, Томас Элиот бир умр Шарқ адабиётининг муҳиби бўлиб қолди. Унинг асарларида зардушт, ислом ва буддавийлик фалсафасининг таъсирлари яққол сезилади. АҚШда имажизм руҳида символик оқимига мос шеърлари босилиб турди. Туғилган юрти, гарчи дастлабки авангард шеърлари шу ерда Эзра Паунд билан ҳамнафас яратилган бўлса-да, Томас учун технократик, ҳақиқий поэзия учун ҳаддан ташқари шиддатли ва вулгар бўлиб туюлганди. Бу мамлакатнинг қадимий маданий илдизга эга эмаслиги шоирнинг ижодий концепсиясига торлик қиларди.

Ниҳоят, қарор қилди ва 1914 йилда аввал Германияга, кейин, уруш бошлангач, Англияга йўл олди ва бу мамлакатда турғун бўлиб қолди. Европада ҳаёти қизғин кечди: изма-из символистик авангард руҳдаги шеърлари босилиб чиқди. Гарчи бадавлат хонадондан бўлса-да, бу ерда оддий одамлар каби яшади: ўқутувчилик қилди, банк хизматчиси бўлиб ишлади, кейин Оксфордга кўчиб ўтиб, бу ерда адабиёт проффессори сифатида фаолият юритди, маърузалар қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, худди Кафка каби банкда хизматчи бўлиб ишлаган шоирнинг ижодий қарашларида ҳам “Жараён” романининг муаллифига уйғун келадиган жиҳатлар кўп. Хусусан, бир даврда яшаган икки буюк ижодкор инсон ва ҳаётнинг маъноси масаласида деярли бир хил хулосага келади.

1920 йилдан бошлаб уни дунёга шоир ва адабий назариётчи сифатида танитган машҳур поэмалари босилиб чиқа бошлади. Шу йилларда у урушдан ҳориб-чарчаб чиққан дунёнинг маънавий жароҳатларига малҳам излади: дунёнинг айниб кетиши, ёвузлашиши, оммавий қирғинлар, туб мақсади бўйсундириш, муте қилиш бўлган, ҳокимият бўлган замоновий тузумларнинг маънавий оламини таҳлил қилди ва айниган ва адашган дунё учун ягона малҳам дин деган тўхтамга келди. Фақат дингина инсонни бугунги фалокатдан асрай олади деган хулосаси асарларида баралла жаранглай бошлади. Ўзи ҳам аввал католик мазҳабини, кейин шу мазҳабга эътиқод қилган Англия фуқаролигини қабул қилди. Шу билан уч юз йилча олдин бобоси бошлаган саёҳатни охирига етказди. У ўзи излаган қалб оромини анъаналар ҳали узилмган жойдан топди. Томас Элиот АҚШга орадан йигирма йил ўтгач бир муддатга келди, лекин тезда яна Англияга қайтди. АҚШ билан алоқаси узлмаган бўлса-да, туғилган юртида у ўзини бегонадай ҳис этарди.

Томас Элиот ижодининг шаклланиш даври биринчи жаҳон уруши пайтига тўғри келди. Айнан шунинг учун ҳам унинг асарларида худди шу давр ижодкорлари каби маънавий таназзул, инсон руҳининг адашиши, инсон ҳаётининг маънисизлиги муҳокама қилинади. Гарчи ижодий қарашларида уйғунлик бўлса-да, ўз даври салафлари бўлган Кафка, Жойс, Беккетлардан фарқли ўлароқ, Томас Элиот инсонни халос қилувчи йўл дин деган хулосага келади.

Шоир Англияни анъаналар, қадриятлар, маданий сарчашмалар сақланиб қолган макон деб биларди. Айнан маданий сарчашмалар, анъаналар, маданий онг ва унинг маҳсулларини ҳимоя қилиш Элиотнинг ҳам ижодий, ҳам фалсафий қарашларининг асоси саналади. Маданий онг ғояси унинг барча асарларида кезиб юради. Элиот учун “маданий онг” – бу шунчаки замоновийлашган, замон тараққиёти ва тутумларига мослашган онг эмас. Маданий онг азалдан ўзининг қатъий ақидаларига, олий мақсадига, илоҳий ришталарга, инсоннинг ибтидосига боғланган, шу ибтидодан куч-қувват олган, асрлар мобайнида сайқалланган, яна шу ибтидога қайтишга ундовчи онг, яъни инсонни халос қилишга, унинг адашган руҳини фориғлантиришга, тозалашга, асл йўлга қайтаришга хизмат қиладиган онг.

Инсон жаннатдан қувилган лаҳзадаёқ унинг кўнглини изтироб ва уят қоплаб олган. Ана шу изтироб маданий онгнинг, барча адабиётнинг, санъатнинг мавзусидир. Чунки инсон жаннатдан қувилиши биланоқ бутунликдан парчага, яхлитликдан яккага айланди. Санъат парчаланишга эмас, яхлитликка, бутунликка, асл билан бирлашишга ундаши керак. Инсон қалбидаги аслига қайтиш истагини кўрсатиб берган ва шунга ундаган адабиётгина ҳақиқий
адабиётдир. Фожиа шундаки, орадан ўтган тарихий жараёнларда, талатўпларда инсон ўзининг жаннатдан нега қувилганини ва бўйнига осилган гуноҳ юкини, бу гуноҳнинг масъулиятини унутиб қўйди. Шунинг учун ҳам бойликка, ҳокимиятга, нафсга ружу қўйиши ўша биринчи гуноҳининг асоратидир. Инсоният ўша биринчи гуноҳини яна давом эттирмоқда. Оқибатда ўзини муқаррар ҳалокатга бошлаб бораяпти. Уни бу ҳалокатдан шоир назарида фақат асрлар мобайнида шаклланган, анъаналар, қадриятлар тусини олган
маданият, маданий онг қутқара олади. Шунинг учун том маънодаги поэзия оламни ва одамни халос қилишни истаганлар, бу курашнинг, бу вазифанинг моҳиятига етганлар, яъни фақат хос кишилар учун хизмат қилиб келган ва шундай бўлиб қолади. Оломон поэзияни ҳам, унинг ичидаги кодлар, шарҳлар, рамзлар, тимсоллар, ишораларни ҳам тушунмайди, унинг фаҳми фақат майиший қатламдаги шеърларни ва майиший адабиётни қабул қилади, шундан кўнглини чоғ қилади. Маиший адабиёт эса уни янада кўпроқ таназзулга ботишига рағбат уйғотади. Хос адабиёт эса инсонни фалак билан, яратган билан боғлаб туради ва ана шу боғланишни муҳокама қилади ва шарҳлайди. Ҳар қандай шеър шоир кўнглидаги ваҳийдир, инсон бу дунёдан излаётган, бироқ тополмаётган поклик, мангулик, адолат, тенглик, эзгулик тантанаси бўлган яхлитликка – олий руҳга давъатдир. Шу билан бирга, Томас Элиот адабиётнинг диний тарғибот қуроли бўлиб қолишига қарши туради. У адабиёт тарғибот эмас, балки илоҳий ҳислар билан чўмилиш, илоҳий ҳислар билан фориғланиш, кўнгилни илоҳий завқлар билан тўйинтириш деб изоҳлайди.

Томас Элиот нафақат шоир, балки ўз даврининг йирик танқидчиси ҳамдир. Унинг танқидий мақолалари худди поэмалари каби машҳур. Хусусан, адабиёт ва шеъриятнинг вазифасига бағишланган эссе ва мақолалари Европа адабиётида ўзига хос воқелик сифатида тан олинган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Томас Элиотнинг нафақат ижоди, балки ҳаёти ҳам қайсидир маънода Жеймс Жойснинг ҳаётини эслатади. Томас Элиот ҳам Жойс Англияни ташлаб, умр бўйи Париж ва бошқа шаҳарларда яшагани каби туғилган юртини ташлаб, 23 ёшида Европага келди ва Англияда бир умр яшаб қолди. У поэтик асарларида худди Жойснинг насрдаги стилистик, лисоний, орфаграфик исёнлари каби анъанавий назм шаклларини инкор қилади, шеъриятга янги тасвир ва ифода усулларини олиб киради, тил қонуниятларини ижодий услубига бўйсундиришга уринади, мавжуд назмий тасаввурларни, қолипларни, шаклларни синдиради.

Томас Элиот ижоди ХХ аср шеъриятида ўзига хос мақомга эга. Бу шеърият интеллектуаллиги, мураккаблиги билан бирга ўта нафосатли, оҳангдор, жарангдор ва эҳтирослидир. Инсоннинг моҳияти, ҳаётнинг мазмунига насрда Пруст, Кафка, Жойс, Музил, Камю жавоб излаган бўлишса, Элиот шеърият орқали жавоб излайди. У ҳам ўз тенгдошлари каби “ҳаёт маънисиз” деган хулосага келади. Унинг 1920 йилда, Жойснинг “Улисс” романи билан бир пайтда босилиб чиққан “Бепушт замин” модерн поэмасида инсон ва унинг коинотдаги ўрни, ҳаёт ва ўлим масалалари муҳокама қилинади. Эзра Паунд бу поэмани “Инглиз тилидаги энг узун поэма” деб атайди. Бу фикр ҳажмдан кўра поэманинг маъносига қаратилган эди. Чунки поэма бор-йўғи 434 сатрдан иборат. Бу поэманинг ҳар бир сўзи, ҳар бир тиниш белгиси, ҳар бир сатри маълум бир метафорани, маълум бир рамзни, тимсолни ташийди, ҳар бир сўз шу даражада сайқалланганки, бир неча хил маънода келади. Сўзлар маъносини ҳар ким ўз дунёқараши, билими, савияси ва дидидан келиб чиқиб, ўзича изоҳлайверади.

Беш қисмдан иборат поэмадаги воқеалар турли замонда, тўғрироғи, замонлардан ташқарида, реалликдан узилган, тарихийлик ва вақт изчиллигидан холи бўлган тасаввур оламида содир бўлади. Ҳикоя қилувчи қаҳрамон гоҳ қадим юнон мифларидаги кароматгўй Тиресий, гоҳ авлиё Граал афсонасидаги рицар, гоҳ Шекспирнинг “Бўрон” асаридаги Фердинанд, гоҳ денгизчи Флебас бўлиб намоён бўлади, воқеалар ҳам гоҳ Лондонда ХХ асрда, гоҳ Бодлер яшаётган Парижда, қадим Миср ва Ҳиндистонда содир бўлаверади. Асар руҳи гоҳ Шекспир асарларига хос ёрқин ифода тусини олади, гоҳ “Илоҳий комедия” поэмаси, гоҳ қадим юнон мифлари ифода усулида баён қилинади.

Асарда якка қаҳрамон йўқ, асарнинг анъанавий бош қаҳрамони ҳақидаги тасаввур бу ерда иш бермайди, поэмада қаҳрамонлар тез алмашади, бирининг ўрнини иккинчиси тўлдириб кетаверади, шу сабабли бирданига асар қаҳрамони шу деб хулоса қилиб бўлмайди. Бироқ, асар мазмунидан ва олий мақсадидан келиб чиқилса, асосий қаҳрамони кўр башоратчи, асар бошида Созострис хоним бўлиб кириб келган, аслида қадимги юнон мифларидаги кароматгўй Тиресий бўлиб чиқади. Созортрис хоним аёл қиёфасида юрган азал-абад кароматгўйи сифатида талқин этилади. Тиресийнинг кўзлари зулматга ғарқ бўлган, лекин бу кўр кўзлар худди машинистка аёл билан денгизчининг интим учрашувини кўриб тургандай, инсоният ўтмишини ҳам, бугунини ҳам, келажагини ҳам бирдай кўриб турибди. У ўзининг кўр кўзлари билан инсониятнинг азал-абад ҳаётига баҳо беради, азал-абад ҳаётини пайғамборона каромат қилади. Бу усул билан Томас Элиот инсон ҳаётининг ҳам, унинг тушунчалари ва реал тасаввурларининг хаослиги, инсон руҳи макон ва замондан ташқарида эканлигига ишора қилади.

Бу асарни тўла тушуниш, англаш учун роман-герман тилларидан, қадим мифлар, асотирлар, диний китоблардан бохабарлик талаб этилади. Элиот замин худди инсон қалбига ўхшайди, инчунин, замин инсоният виждони ва имонининг кўринишидир, агар инсон қалби хунуклашса, дағаллашса, ёвузлашса, замин ҳам хунуклашади ва ёвузлашади, инсон қалби эзгулик яратолмайдиган хилқатга айлангани, яъни бепуштлашгани сари она замин ҳам бепуштлашади, яратишдан, эврилишлардан, янгиланишдан тўхтайди, дейди. Замин айни пайтда инсоннинг бугунги қалби ва орзу-истаклари каби бепуштдир. Токи инсон қалбида ёвузлик яшар экан, замин бепуштлигича, ёвузлик ва хунуклик, дағаллик, ўлим маскани бўлиб қолаверади, инсон қалби зулматда экан, замин ҳам зулматга ғарқ бўлади, замин инсон қалбининг акси, кўзгусидир. Зулматнинг сабаби – инсоният ўз яратганини унутгани, ундан бегоналашагнидир. Инсон ўзининг илоҳият олдидаги гуноҳи эвазига ана шу бепуштлашаётган заминга қувғин ва бадарға қилинган. Инсон кўнглини табора чулғаб, уни ўзига тортаётган ва оммавийлашаётган ишончсизлик, худбинлик, шафқатсизлик, оммавий қирғинлар, бир-бирини йўқ қилиб ташлашга ундовчи ғоялар ҳаммаси, аввало, қалб, кейин шу қалбнинг инъикоси бўлган заминнинг бепуштлиги оқибатдир. Тўғрироғи, ана шу иллатлар эвазига замин бепуштдир.

Бу кайфият “завол топган авлод”нинг биринчи жаҳон урушидан кейинги ўй-хаёллари, кечинмалари эди. Гарчи шоир ўзининг “завол топган” авлодга адабий нуқтаи-назардан мансублигини тан олмаса-да, лекин бу ҳақиқат: унинг поэмаси завол топган авлоднинг
аҳволу руҳиясини чизиб беради. Аммо Элиот Ғарб модернистлари ичида ўзининг илоҳиятга муносабати билан алоҳида ажралиб туради.

Элиот ҳаётнинг бемаънилиги, Хаос ва бўшлиқ масалаларига ўз авлоди каби жавоб излайди ва инсон ҳаётининг бемаънилигига асосий сабаб унинг Худодан юз ўгиргани деган хулосага келади. Яратганга ишонмаслик инсонни ўзидан ва ўзлигидан, моҳиятидан, ибтидосидан, қайдан келиб, қайга кетиш йўлидан маҳрум қилади. Ибтидодан узилиш – инсонни хаосга, бўшлиққа қараб бошлаб боради.

Томас Элиот имон-эътиқодсиз қалбни шайтон эгаллайди, дейди. Бу гаплар амри маъруф тарзида эмас, балки асарларида эзгулик ва ёвузликнинг инсон қалбини забт этиш учун кураши шаклида талқин этилади. Қайси қалб ўз яратганига ишонмай қўйган бўлса, ўша ерда ёвузлик ин қураяпти, ёвузлик ўзига салтанат тайёрлаяпти. Худо ва Иблис кураши – бу асли азалий Ёвузлик ва Эзгулик курашидир. Шунинг учун ҳам диннинг асл мақсади инсон қалбини ёвузликдан, унинг асоратларидан ҳимоя қилишдир. Иблис эса кўринмас шаклларда, усулларда, жимжималар, ақлни сеҳрлаб қўядиган замонавий анъаналар, янги қадриятлар, даврга хос тутумлар, қарашлар қиёфасида, инсон қалбига кириб олади, уни аста-секин асосидан ажратиб олиб, ҳалокатга бошлайди, деб изоҳлайди. Шу сабабли Элиот бугунги инсон қалби манзараларини Дантенинг “Илоҳий комедияси”даги дўзахга ва унинг саргашталигини – аслга томон йўл излашини – уйга қайтиш йўлини билмай уммонда адашиб юрган “Одиссея” қаҳрамонларига ўхшатади. Ишончдан маҳрум бўлган қалб ҳаёт уммонида мангу адашишга маҳкумдир.

ХХ аср бошига хос маънавий ўпирилишлар айнан шунинг оқибатида келиб чиқаяпти, дейди шоир. Инсоннинг Худодан бегоналашиши ва ҳатто уни инкор қилиши инсонни ўзини боғлаб турган оламий ришталардан айро қилиб қўйди, инсонни якка ва ёлғизлантирди, унинг қалбини хатарга ва ҳайвоний нафснинг чангалига ташлади. Урушдан кейинги ва умуман, ХХ аср адабиёти муҳокама қилаётган ёлғизлик ана шу асл илдиздан, асл риштадан айро тушиш, ажралиш билан боғлиқдир деб изоҳлайди.

Элиот инсонни бани мавжудот билан яхлит бутунлик сифатида кўради: яратганни инкор қилиш ёки унга ишонмаслик инсонни шу бутунликдан маҳрум қилади, уни кераксиз, адашган, улоққан биологик тўдага айлантиради. Ишончсиз Инсон чексиз коинотда ёлғиз мавжудотга айланиб қолади. Бу ёлғизликни, аввало, унинг қалби акс эттиради. ХХ асрга хос оммавий ёлғизлик ҳисси ана шу жиҳат билан боғлиқдир. Қалб ёлғзилиги оламий ёлғизликни пайдо қилади. Бу ёлғизлик оқибатида ҳаёт хаосдан, бўшлиқдан, маънисизликдан иборат бўлиб туюлади, инсонни сароб сари етаклаб кетади.

Шуни таъкидлаш керакки, Элиотнинг бу қарашлари маълум маънода Шарқ фалсафий таълимотига уйғун келади. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади, зеро, Томас Элиот Умар Хайём шеърларини ўқигач ва таъсирлангач, адабиётга меҳри пайдо бўлганини, сўзнинг қудрати ва вазифасини англаганини кўп марта эътироф этган. Шу билан бирга, у буддавийлик фалсафасидан махсус тадқиқотлар олиб борган.

“Бепушт замин” поэмаси Томас Элиотнинг номини Европа адабиётининг юлдузига айлантирди. “Ж.Альфред Пруфрокнинг ишқий қўшиғи” китобига кирган модернистик шеърлари, “Тўрт квартет” “Маҳзун чоршанба”, “Дала қўриқчиси” поэмалари, “Муқаддас ўрмон” туркумидаги адабий эсселари. “Ибодотхонадаги қотиллик” драмалари Томас Стернз Элиотга оламшумул шуҳрат олиб келди.

Томас Элиот замондоши Кафка ва Камю каби ўлим масаласига ҳам жавоб излайди. Ҳаётга “ўлимга етаклаб борувчи йўлак” деб таъриф беради. Лекин хулоса яна Шарққа хос изоҳланади. Ўлим қўрқинчли эмас, у инсонни яратган билан бирлаштиради, шу маънода ўлим ҳаётдан кўра мазмунлироқдир, дейди. Лекин инсон ўлим учун яшамайди, балки ўзини намоён қилиш, яратган олдига шон-шараф билан, фориғ бўлиб бориш учун яшайди. Ҳаётнинг мазмуни ўлим учун яшашда эмас, ҳаётни гўзаллаштиришда, кўнгилни Худонинг нури, ишончи билан ёритишда, кўнгилдан зулматни ҳайдаб чиқаришда кўринади. Фақат Яратгангина инсоннинг вужуди ва қалбини тозартиришга, уни халос қилишга қодир, дейди. Унинг бу фикрлари ҳам тасаввуфга уйғун келади. Баъзи танқидчилар “Худосизлар” деб
таърифлаган Ғарб модернистлари ичида фақат Элиотгина художўйликни очиқчасига тан олади.

Элиотнинг асарлари худди “Улисс” романи каби мураккаб метафоралардан, рамзлар, қадим асарлардан олинган иқтибослар, парчалар, ишоралар билан тўлиб-тошган. Шу сабабли ҳам бу метафораларни, шоирнинг нима демоқчилигини билиш учун у ишора қилган, парча келтирган, кодлаштирган асарлар, ҳикматлар ва воқеалардан хабардор бўлиш, бошқача айтганда, бу метафораларнинг, кодларнинг калитини топиш керак. Бу калитни топиш фақат хос кишилар қўлидан келади. Шунинг учун ҳам у ўз асарларини фақат хос кишиларга тавсия қилади.

Томас Элиот асарларида макон ва замон тушунчаси йўқолиб кетади: бу асарлар инсоннинг мангу дардларини, мангу уқубатларини, мангу изтиробларини, мангу адашишларини муҳокама қилади. Шунинг учун ҳам шоир ўзининг танқидий чиқишларида замон, макон тушунчаси билан бирга шахс тушунчасини ҳам инкор қилади. “Шахс, – дейди шоир, – мангу мавзуларга халақит беради. Шахс руҳни Худодан узоқлаштиради, ҳамма нарсани ўзиники қилишни истайди, ўзида содир бўлишни истайди, ҳамма нарсани ўзи ва манфаатларидан келиб чиқиб, баҳо беради, муносабат қилади. Шахс – одамнинг “мен”ини кучайтиради. Бу эса Худодан бегоналашишга, узоқлашишга олиб келади. Шахс яхлитликни парчалайди, яхлитликдан ўзини устун қўяди”, – дейди. Шунинг учун ҳам танқидий асарларида ҳақиқий шеър “шахсни намоён қилиш эмас, шахсдан қочиш, шахсдан халос бўлишдир” деб таърифлайди.

Поэзия мангу мавзулар, мангу даъватлар, мангу чақириқлар, мангу оғриқлар билан шуғулланиши керак, дейди у. Шоир танқидий мақолаларида шахсий кечинмалар, шахсий ҳиссиётлар, шахсий таассуротларни, агар у мангулик касб этмаган, инсонни фалак даражасига кўтариб муҳокама қилмаган бўлса, тан олмайди. Шунинг учун ҳам Томас Элиот асарларида дунёнинг яралиши, оламнинг қурилиши, илоҳий ҳикматлар битилган мифлар – асотирлар яратилган ибтидо руҳи сезилади. Шоир шеър ва поэмаларида оламнинг ва одамнинг яралишини, ёвузлик ва эзгулик курашини мифологик метафораларда акс эттиради. Унинг шеъриятини “мифлашган шеърият” деб ҳам аташади.

Умуман олганда, Томас Элиотнинг адабий ва шахс ҳақидаги қарашларида бир-бирини инкор қиладиган жиҳатлар кўп. Лекин динга бўлган эътиқодда у ҳамиша собит туради.

1948 йилда Томас Элиот “Замоновий поэзияни янги босқичга кўтаргани учун” Нобел мукофоти соҳибига айланди. Шу йили Британия Ордени, 1954 йилда Франциянинг “Фахрий легион” ордени, Германиянинг Гёте мукофотлари билан тақдирланди.

30-йиллардан то 60-йилларгача у Европанинг энг таниқли, энг шов-шувли, энг ҳурматга сазовор шоири эди. Унинг асарлари, қарашлари Европа шеъриятига, адабиётига, фалсафасига улкан таъсир ўтказди.

Томас Элиот ўзининг асарларини бир ҳовуч интеллект – хос кишилар ўқийди, кенг омма тушунмайди деб ўйларди. Аммо кейинги эллик йил унинг мухлислари доираси кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда, адабий давралардан тортиб, маиший баҳсларда ҳам шоир асарлари, унинг қарашлари муҳокама қилинмоқда. Бу эса Томас Элиот ўртага ташлаган масалаларнинг кун тартибида турганидан, асарлари вақт синовидан дадил ўтаётганидан дарак беради.

Назар ЭШОНҚУЛ

Томас Элиот (Thomas Stearns Eliot) – XX аср инглиз модерн шеъриятининг йирик вакили, танқидчи, адабиёт назариётчиси, Нобель мукофоти лауреати.

Қарийб ўттиз йилча Англия шеъриятининг ҳакамига айланган Томас Элиот 1888 йилда АҚШнинг Миссури штатида бадавлат хонадонда дунёга келди. Отаси саноат компаниясининг президенти ва хўжайини эди. Онаси ўз шаҳрининг адабиёт билимдони ва танқидчиси эди. Томас онаси таъсирида болалигидан адабиёт ичида ўсди.

Мактабни битиргач, 1906 йилда Ҳарвард университетига ўқишга кирди. Тиришқоқ ва қобилиятли бўлгани учун тўрт йиллик ўқишни уч йилда битирди. Университетда ассистент бўлиб бир йилча ишлади. “Ҳарвард редактор” журналига муҳаррирлик қилди, бу ойномада шеърлари босилиб чиқди. Кейин бобоси каби жаҳонгашталиги тутди: ҳаммасини ташлаб Европага йўл олди. Парижда фалсафадан ва тилшуносликдан маърузалар тинглади. Бир йилдан сўнг уйга қайтди. Уйланди. Аммо барибир Европа, тўрироғи, боболарининг киндик қони тўкилган, зуваласи пишган юрт уни ўзига чорларди.

Томас Элиот 1965 йилда 4 январда вафот этди, Ист-Кокерга бобоси Эндрю Элиотнинг киндик қони тўкилган, ота-боболари руҳи ётган Сомерсет қишлоғига эски анъаналарга мувофиқ дафн этилди.

Адабиёт олдидаги хизматлари учун 1993 йилда миқдори 25 минг АҚШ долларидан иборат ТомасЭлиот мукофоти таъсис этилди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *