Низомиддин Маҳмудов. Тилнинг мукаммал тадқиқи йўлларини излаб…

Тил пайдо бўлибдики, неча минг йиллардан бери одам боласи сеҳру синоатга тўла бу хилқат олдида ҳайрат бармоғини тишлашдан толмайди. Табиат ва жамиятдаги турфа ҳодисаларнинг моҳияти ҳамда қонуниятларини, ибтидоий бир шамойилларда бўлса-да, баҳадди имкон инкишоф этишга уринган илк ақл соҳибларининг диққатини тил, хусусан, илоҳий ва бадиий сўз тилсими муаммолари ҳам жиддий банд этган. Бу ёруғ диққату шуур тетапоя давридан то бугунги етуклик даврига келгунча тил моҳиятини аниқлашнинг минг битта йўлини синаб кўрган бўлса-да, бу моҳиятга тўла етиб боришнинг уддасидан чиқа олганича йўқ. Чунки инсон тили бениҳоя мураккаб, бениҳоя кўп томонлама, бениҳоя ўзига хос муҳташам ва мунтазам ҳодисадирки, унинг барча жиҳатларини яхлитлигича ва бирданига тасаввур қилишга кўпда инсон ақли ожизлик қилади.

Дунё тилшунослиги тарихида шунинг учун ҳам тил деган ҳодисага хилма-хил ва бир-биридан фарқли ёндашувлар юзага келганлигини кузатиш мумкин. Албатта, бу ёндашувлар учун тилнинг муайян бир жиҳати асос қилиб олинган, айни шу бир жиҳатни чуқурроқ очишга ҳаракат қилинган, тилнинг бутун мураккаб моҳиятига дахлдор барча ўзига хосликлар ана шу жиҳатдан келиб чиққан ҳолда тадқиқ этилган. Тилшунослик тарихида шаклланган психологизм, социологизм, натурализм, структурализм, эстетизм каби кўпдан-кўп оқимларни бу ўринда эсга олиш кифоя. Табиийки, бу “изм”лар англатган хусусиятларнинг ҳеч бири тилнинг моҳиятига бегона эмас, тил моҳиятида улардан бирининг борлиги бошқасининг мавжудлигини асло инкор этмайди. Айтайлик, тилнинг моҳиятида психиклик (руҳий жиҳат)нинг мавжудлиги унда эстетиклик (гўзаллик, бадиий-ифодавийлик)нинг мавжудлигини инкор этмайди. Шунинг учун тилнинг моҳиятини очишда мазкур хусусиятларнинг барчаси ҳисобга олиниши лозим. Аммо, дунё тилшунослиги тарихидаги бир неча асрлик тажрибалар кўрсатиб турибдики, бу осон иш эмас, мазкур оқимлар намояндалари ҳам ўз танлаган йўлларини тилни тадқиқ этишдаги энг мақбул йўл деб ҳисоблаганлар, бу йўлда ўрганиш объектини ва унинг моҳиятини аниқ кўрсатиб беришга бутун умрларини сарфлаганлар. Албатта, тилнинг мукаммал тадқиқи йўлларини топиш борасидаги жиддий саъй-ҳаракатлар ҳамон давом этмоқда, инсоният тараққиётининг мислсиз жадаллашуви билан бу ҳаракатлар янада кенг суръат ва кўлам касб қилмоқда.

Бугун фанда, хусусан, тилшунослик илмида ҳам дастлаб америка олими Т.Кун томонидан (физика фанига нисбатан) амалиётга киритилган[1] “илмий муаммони қўйиш ва ҳал қилишнинг мутахассислар эътироф этган яхлит андазаси, фан объектига умумий назар, назарий қоидалар, методлар тизими” маъносидаги “парадигма” термини урф бўлди. Ю.С.Степанов семиотикада тил уч ўлчовда – семантика (белгининг ўзи ифодалаган объектлар ва объектлар ҳақидаги тушунчалар билан муносабати), синтактика (белгиларнинг бир-бири билан муносабати), прагматика (белгининг тилдан фойдаланувчи одам билан муносабати) ўлчовларида тавсифланишидан келиб чиққан ҳолда “парадигма” терминини мазкур маънодан бироз кенгроқ, яъни тил фалсафасига (тилга у ёки бу фалсафий оқим билан боғлиқ ҳолдаги қарашлар), тафаккур услубига дахлдор тушунча сифатида қўллайди[2] ва бутун бошли монографиясини қуйидаги уч парадигманинг батафсил тадқиқига бағишлайди: 1. Семантик парадигма («ном фалсафаси» тилга семантик ёндашув ифодаси сифатида). 2. Синтактик парадигма («предикат фалсафаси» тилга синтактик ёндашув ифодаси сифатида). 3. Прагматик парадигма («эгоцентрик сўзлар фалсафаси» тилга прагматик ёндашув ифодаси сифатида). Табиийки, атоқли тилшунос парадигмани тилга муайян даврда муайян фалсафий оқим билан боғлиқ ҳолда амалда бўлган ҳукмрон қараш сифатида тушунгани учун, масалан, семантик парадигмани шундай парадигма деярли шаклланиб улгурган (камида, номларнинг тўғрилиги ҳақидаги мунозарани эсга олиш мумкин) энг қадимги, антик даврдан бошлаб таҳлил қилади.

Айтиш лозимки, мазкур таснифдаги учинчи парадигма алоҳида диққатга сазовор. Ю.С.Степанов бу ҳақда, хусусан, шундай ёзади: “Тил фалсафасининг янги парадигмаси олдинги икки парадигмага қараганда икки мутлақ фарқ билан характерланади: 1) яхлит тил ундан фойдаланувчи субъект билан – “Мен” билан боғланади; 2) тил тавсифи учун фойдаланиладиган барча тушунчалар релятивлаштирилади (вазифага нисбатланади): номлар, предикатлар, гаплар – уларнинг барчаси, бир-биридан фарқли бўлса-да, вазифалар сифатида қаралади”[3]. Муҳими шуки, бу парадигмада фақат тилнинг ўзи эмас, балки тилдан фойдаланувчи, тилнинг эгаси ҳам тадқиқ объекти таркибига табиий равишда киради.

Кўриниб турганидай, Ю.С.Степанов парадигма тушунчасини тилшуносликнинг энг қадимги давридан то бугунигача бўлган даврларига нисбатан қўллайди. Аксарият тилшунослар бу тушунчани Европада тилшунослик фанининг шаклланиш санаси деб ҳисобланувчи XIX асрдан кейинги даврлар тарихи учун қўллашга мойилдирлар. Бугун тилшунослик фанида парадигмалар миқдори ҳақида турли фикрлар мавжуд бўлса-да, асосан, уч парадигмани фарқлаш анъана тусини олган, яъни 1) қиёсий-тарихий, 2) систем-структур ва 3) антропоцентрик парадигмалар[4].

В.А.Маслова тилшуносликда бир парадигма ўз ўрнини бошқасига тамоман бўшатиб бермаслигини, муайян бир пайтнинг ўзида бу парадигмалар ёнма-ён яшаши мумкинлигини таъкидлаб, мазкур парадигмаларни мухтасар бир шаклда қуйидагича тавсифлайди: Қиёсий-тарихий парадигма лингвистикадаги дастлабки илмий парадигма бўлган, зотан, қиёсий-тарихий метод тилни тадқиқ этишнинг биринчи махсус методи бўлган. Бутун XIX аср айни шу метод ҳукмронлиги остида ўтди. Систем-структур парадигмада диққат предмет, нарса, номга қаратилди, шунинг учун диққат марказида сўз турди. Ҳатто учинчи минг йилликда ҳам тилни систем-структур парадигма доирасида тадқиқ этиш мумкин, чунки бу парадигма тилшуносликда ҳамон давом этмоқда, унинг давомчилари миқдори анчайин катта. Бу парадигма доирасида яратилган фундаментал ишлар ҳозирги тадқиқотчилар учунгина эмас, балки бошқа парадигмаларда изланиш олиб борадиган келажак авлод тилшунослари учун ҳам қимматли маълумотлар манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Антропоцентрик парадигма тадқиқотчи диққатининг билиш объектидан субъектига кўчишидир, яъни бунда инсон тилнинг ичида ва тил инсон таркибида ўрганилади. Бу фикрларидан кейин В.А.Маслова ғоят асосли равишда таъкидлаганидек, “тилнинг антропоцентриклиги ҳақидаги ғоя замонавий лингвистикада очқич мақомидаги ғоядир. Бизнинг давримизда энди тил системасининг шунчаки турли тавсифларини яратиб бериш лингвистик таҳлилнинг мақсади бўла олмайди”[5].

Бу ўринда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, муайян бир парадигмани бошқасига тамоман қарама-қарши қўйиш тўғри йўл эмас. Масалан, систем-структур парадигма қанчалик илғор ва ижобий йўналиш бўлишига қарамасдан, у тилни имманент ҳолатда, яъни соҳибидан тамоман ажратилган ҳолда ўрганишни тадқиқотнинг асоси деб билади. Аммо айрим ўзбек тилшунослари бу парадигмани мутлақлаштириш, тилни ўрганишнинг ягона тўғри йўли сифатида эълон қилиш пайида бўлдилар, уни анъанавий тилшуносликни, сал бўлмаса, рад қиладиган ғоя сифатида тақдим қилдилар. Ҳолбуки, анъанавий тилшунослик ҳам мутлақо методларсиз, пала-партиш, таваккалига иш кўрадиган бир фан эмас, айтиш мумкин бўлса, у турли парадигмаларни ўзида синтезлаган, тилнинг турли жиҳатларини шуур билан илғаган, зийраклик билан умумлаштирган, кўп йўналишлар учун ўз бағрида замин ҳозирлаган бақувват бир фандир. Анъанавий тилшунослик фақат “бевосита кузатишда берилган” тил фактларини амалий, ҳиссий-эмпирик тавсифлаш билан ивирсиб ўтирган, тил ҳодисаларини “назарий босқичда идрокий усулда”[6] тадқиқ этадиган систем-структур тилшуносликнинг ёнида эскириб бўлган бир фан эмас. Инсоф билан айтганда, ўзбек анъанавий тилшунослигида ҳам систем-структур ёндашув, яъни “назарий босқичдаги идрокий усулдаги тадқиқ”, тизим сифатида бўлмаса-да, мавжуд эди.

Бугунги ўзбек тилшуносларининг отахони проф. Ш.Раҳматуллаев бу борадаги нодуруст талқинлардан ёзғириб шундай ёзган: “Ф. де Соссюр таълимоти тил ҳодисаларини систем-структур тадқиқ этадиган йўналиш сифатида аллақачон маълум бўлган-у, лекин кўпчилик миллий тилшуносликларга, шу жумладан, ўзбек тилшунослигига ҳам татбиқ қилинмаган. Ф. де Соссюр таълимотининг айрим жиҳатларини ўзбек тилшунослигига татбиқ этиш XX асрнинг 90-йилларида проф. Ҳамид Неъматов ташаббуси билан бошланди… Ўзбек тилшуносларини тил қурилишини систем-структур йўналишда кенг тадқиқ этишга чақириш таҳсинга лойиқ. Лекин ўзбек тилшунослигининг олдинги тараққиёт босқичини тилни эмпирик ўрганиш даври, тил ҳодисаларини инвентаризациялаш даври бўлган деб баҳолаш тўғри бўлмади… Ўзбек тилшунослигининг олдинги тараққиёт босқичида тилни систем-структур йўсинда ўрганиш бўлмаган деб камситиш адолатдан эмас. Масалан, Айюб Ғуломнинг ўзбек тилшунослиги фани энди шаклланаётган босқичда яратилган “Ўзбек тилида аниқловчилар” монографиясини (Т.: ЎзФан нашриёти, 1941) эмпиризм, инвентаризация йўсинида ёзилган дейиш мутлақо мумкин эмас… Умуман, ўзбек тили қурилишига система сифатида ёндашиб, айни вақтда ўзбек тилининг миллий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ёзилган асарлар анчагина”[7]. Дунёнинг манаман деган тилшунослари билан илмий баҳслашган, мактуб ёзишган, дўстона муносабатда бўлган машҳур тилшунос А.Ғуломни Ф. де Соссюр ёки Бодуэн де Куртенэ ёки дунё тилшунослиги тарихида бурилиш ясаган яна бошқа тилшуносларнинг асарларидан бехабар эди деб ўйлаш, камида, илмий инсофдан бехабарликдан бошқа нарса эмас. Демакки, А.Ғулом ва бошқа атоқли ўзбек тилшунослари тадқиқотларида систем-структур ёндашувнинг муайян даражада борлигини, фундаментал назарий ғоялар ҳам илгари сурилганлигини тамоман инкор этиб бўлмайди.

А.Нурмонов структур тилшуносликнинг моҳияти ва ўзига хос жиҳатларини ёритар экан, ҳақли равишда таъкидлаганидек, тилнинг тузилиш бирликлари ўртасидаги муносабатларни ўрганиш тилшуносликнинг муҳим вазифаларидан бири, лекин бу тилшуносликда “тил ва жамият, тил ва сўзловчи шахс, тил эволюцияси, адабий тил ва халқ шевалари ўртасидаги муносабат, тил ва тафаккур, матн лингвистикаси, тил эстетикаси сингари қатор масалалар унинг назаридан четда қолади”. А.Нурмонов айни пайтда “анъанавий тилшуносликни гўё “эски, қолоқ”, системавий тилшуносликни эса “янги, илғор” тилшунослик сифатида баҳолаб бўлмаслигини айтади[8].

Алоҳида таъкидламоқ жоизки, тил кўп вазифали ҳодисадир, унинг муайян бир вазифасига асосланган ҳолда яхлит моҳиятини белгилаб бўлмайди, кўпинча, хусусан, систем-структур тилшуносликда ҳам тилнинг алоқа воситаси бўлмиш – коммуникатив вазифасигагина суянилади. Аслида коммуникатив вазифа билан бир қаторда “тил дунёни билиш, билимларни тўплаш, сақлаш, кейинги авлодларга етказиш, руҳий муносабатларни акс эттириш, гўзаллик категорияларини воқелантириш каби бир қанча вазифаларни бажаради… Тилни фақат кишилар ўртасидаги алоқа воситаси сифатидагина талқин этиш инсоннинг табиий тилини, бу бениҳоя мураккаб ва муҳташам ҳодисани, энг ками, жўнлаштиришдан, аниқ бир миллий қиёфа ёки миллий-руҳий заминдан мутлақо мосуво бўлган сунъий тилга (масалан, эсперанто каби) тенглаштиришдан, йўл ҳаракатини тартибга солиш мақсадида яратилган шартли “тил”га бараварлаштиришдан бошқа нарса эмас”[9].

Шунинг учун ҳам антропоцентризмнинг тилшуносликда алоҳида парадигма сифатида шаклланиши ва бу йўналишдаги тадқиқотларнинг дунё тилшунослигида кўпайиб бораётганлиги бениҳоя қувонарли ҳол. Айтиш керакки, антропоцентризм тилшунослар томонидан фақат тил тадқиқигагина нисбатланган тушунча ёки парадигма эмас, антропоцентризм бевосита тилнинг моҳиятига дахлдор ҳодисадир. Рус тилшуноси Т.Б.Радбиль антропоцентризм тилнинг фундаментал, базавий хусусияти эканлигини атрофлича ёритар экан, Ю.С.Степановнинг “тил инсон андозасида яратилган ва бу ўлчам тил тузилишининг ўзида муҳрланган, тил ҳам шунга мувофиқ ўрганилмоғи керак” деган гапларини келтиради[10].  Тилдаги сонсиз-саноқсиз метафораларни эсга олгандаёқ инсон ташқи дунёни ўз ўлчови, ўз андозаси билан идрок этишини осонлик билан тасаввур қилиш мумкин: дарахтлар кўз ёш тўкди, мезонлар кезар, асаблар тупроққа чўккан эди тиз, ожиз жасорат, саратон мудрайди, ҳайратдан лол қотган офтоб, шуълалар ўйнайди, бировдан хижолат бўлган тол, еллар ҳам  уйғонди ишқалаб кафтин, майса силкитади бош, ҳовлиқма жилғалар чопар, азалий ҳукмини ўқиди ҳаёт, баҳор келаётир, ивирсир баҳор, гул ўқиб турар байт, майса уйғонар, ел кезар, учқур замон, номард табиат, уйғонгувчи боғлар, қуёш чекар оҳ, шамоллар ўйнайди, тўлқинлар қутурсин, доно табиат, қаҳқаҳа уради қадим бу ҳаёт (А.Орипов). Ташқи оламдаги сифат-хусусият, ҳаракат-ҳолатларни инсон “ўз танасидан ўтказиб”, ўзига хос нигоҳ тарзидан келиб чиқиб, гўё ўзига нисбатлаб баҳолайди ва номлайди, мазкур метафораларнинг асосида инсон турганлиги жиҳатидан  уларнинг мағзу моҳиятини инсондан тамоман ажратиб изоҳлаш ғоятда мушкул эканлигини таъкидлаш жоиз.

Тилнинг ана шундай объектив хусусиятига мувофиқ равишда антропоцентрик парадигмада инсон асосий ўринга чиқарилади, тил эса инсон шахсини таркиб топтирувчи бош унсур ҳисобланади. Мутахассислар таниқли рус адиби С.Довлатовнинг “инсон шахсиятининг 90 фоизини тил ташкил қилади” деган ҳикматомуз гапини тилга оладилар. В.А.Маслова таъкидлаганидай, инсон ақлини, инсоннинг ўзидай, тилдан ва нутқ яратиш ҳамда нутқни идрок қилиш қобилиятидан ташқарида тасаввур этиб бўлмайди. У ўринли кўрсатиб ўтганидек, кейинги ўн йилликларда ҳозирги тилшуносликда мазкур парадигма доирасида шаклланган когнитив тилшунослик ва лингвокультурология (лисоний маданиятшунослик) йўналишлари тилдаги маданий омил ва инсондаги лисоний омилга қаратилган бўлиши лозим. “Лингвокультурология тилни маданият ҳодисаси сифатида ўрганади. Бу дунёни миллий тил призмаси орқали ўзига хос тарзда кўриш бўлиб, бунда тил алоҳида миллий менталликнинг ифодачиси сифатида иштирок этади”[11]. Бугун лингвокультурология рус ва бошқа хорижий тилшуносликларда алоҳида лингвистик йўналиш сифатида шаклланди ва ривожланиб бормоқда, ўқув фани сифатида филологик олий таълим тизимига кириб ҳам бўлди[12]. “Вазифаси тил ва маданият, тил ва этнос, тил ва менталитет ўртасидаги ўзаро муносабатни тавсифлаш ва ўрганишдан иборат бўлган”[13] бу йўналиш ўзбек тилшунослигида кўпроқ қиёсий аспектдаги изланишларда энди-энди бошланмоқда.

Лингвокультурологияга бағишланган илмий тадқиқот ва ўқув адабиётларининг деярли барчасида тилга антропоцентрик ёндашув гарчи XX аср охири – XXI аср бошида янгидан пайдо бўлган эса-да, унинг илдизлари немис олими В.фон Гумбольдтнинг машҳур ғояларига бориб тақалиши таъкидланади. Чиндан ҳам, унинг “Тил халқлар руҳининг худди зоҳирий намоён  бўлишидир: халқнинг тили унинг руҳидир ва халқнинг руҳи унинг тилидир, булардан-да бир-бирига айнан мос бошқа бирор нарсани тасаввур қилиб бўлмайди”; “Тилларнинг хилма-хиллиги товушлар ва белгилардаги фарқлар туфайлигина эмас, балки дунёни кўришнинг ўзидаги фарқлар туфайли ҳамдир”; “Турли тиллар миллатлар учун уларнинг оригинал тафаккури  ва тасаввури органлари эканлигини умумэътироф этилган деб ҳисоблаш мумкин”;  “Тафаккур умуман тилга шунчаки боғлиққина эмас, у муайян даражада ҳар бир алоҳида тил билан шартланган ҳамдир”; “Характер яратиш учун энг қулай восита тилдир; бутун миллий характер фақат тилда муҳрланган”; “Миллатнинг характерини ахлоқ, одат, хатти-харакатидан кўра, тилига қараб осонлик билан билиш мумкин”[14] каби фикрларида алломанинг, таъбир жоиз бўлса, лингвоантропологик фалсафаси ўзининг очиқ ифодасини топган. Маърифатпарвар Абдулла Авлоний бежиз “Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”[15] демаган.

В.Гумбольдтнинг мазкур ғоялари кейинроқ Й.Л.Вайсгербер, Э.Сепир, Б.Уорф, А.А.Потебня каби бир қанча олимлар томонидан ривожлантирилди ва тарғиб этилди. Бугун дунёда оламни билишда тилнинг устувор роли, унинг реал борлиқ ва онгга фаол таъсири, инсоннинг бутун руҳий ва билиш фаолиятида бош омил ва асосий манба эканлиги деярли эътироф этилган, айни шу ҳақиқат тилга антропоцентрик ёндашувнинг мустаҳкам заминини ташкил этади.

Тил илмига биринчилардан бўлиб, “оламнинг лисоний манзараси” тушунчасини олиб кирган Й.Л.Вайсгербер “тил ўз эгасига бошқа тиллардагидан фарқли бўлган дунёни умумий кўриш тарзини ато этишини”, “она тили ва ҳар бир инсоннинг руҳий шаклланиши ўзаро чамбарчас боғлиқлигини” ва “шунинг учун ҳам тилшунослик тилларни халқлар маданиятининг кўзгуси сифатида ўрганмоғи лозим” эканлигини алоҳида уқтиради[16]. Тилшуносликда, нафақат тилшуносликда, балки, умуман, гуманитар фанларда жиддий из қолдирган “лисоний нисбийлик назарияси”нинг, яъни Сепир-Уорф гипотезасининг, тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича,  80 йиллик баҳс-мунозаралардан кейин бугун кучли ва кучсиз вариантлари шакллантирилган, яъни кучли вариантидаги ҳукм: тил тафаккурни белгилайди; кучсиз вариантидаги ҳукм эса: тил тафаккурга таъсир этади[17]. Кўриниб турганидай, ҳар икки вариантда ҳам тил ва тафаккурнинг ўзаро чамбарчас боғлиқлиги ўз ифодасини топган. Ҳар ҳолда тилнинг тафаккурга, тафаккурнинг эса тилга фаол таъсир қилиши очиқ ҳақиқатдир. Зотан, “миллий онг”, “миллий тафаккур”, “миллий маданият”, “миллий маънавият”, “миллий менталитет”, “миллий характер” каби бугун кенг истеъмолда бўлган жуда кўплаб истилоҳларда мазкур боғлиқлик эътироф этилган.

В.Гумбольдт томонидан асосланган “Тил – маданият кўзгуси” деган ғоя беҳад теран мазмунга эга. Маданиятлараро мулоқотда тилнинг ўрнини тадқиқ этган С.Г.Тер-Минасова тилда нафақат инсон атрофидаги реал олам, нафақат унинг турмуш тарзи ва шароити, балки халқнинг ижтимоий ўз-ўзини англаши, унинг менталитети, миллий характери, ҳаёт тарзи, анъаналари, урф-одатлари, ахлоқи, қадриятлар тизими, дунёни сезиши ва кўриши ҳам акс этишини, тил маданият қуроли сифатида инсон шахсини камол топтиришини айтади[18]. У шундай ёзади: “Шундай қилиб, тил, тафаккур ва маданият бир-бири билан шу қадар зич боғланганки, амалда айни уч унсурдан таркиб топган яхлит бутунликни ташкил қилади, уларнинг биронтаси бошқа иккитасисиз яшай (демакки, мавжуд) бўла олмайди. Уларнинг барчаси биргаликда реал олам билан муносабатда туради, шу оламга зидланади, унга боғлиқ бўлади, уни акс эттиради ва айни пайтда уни шакллантиради”[19]. Антропоцентрик парадигма марказида инсон турган мазкур муаммолар тизимини тадқиқ этишга қаратилган.

Шуни ҳам айтиш лозимки, мазкур янги парадигмани номлашда турлича қарашлар мавжуд. Айрим тилшунослар бу парадигмани “когнитив парадигма” деб номлашни маъқул кўрадилар. В.А.Маслова жуда тўғри таъкидлаганидай, “бу фикрга қўшилиб бўлмайди, чунки когнитив лингвистика “тил ичидаги инсон ва инсондаги тил” муаммосининг аспектларидан бири, холос. “Антропоцентрик парадигма” термини мақсадга кўпроқ мувофиқ келади, чунки у фақат когнитив лингвистиканигина эмас, балки лингвокультурологияни ҳам, коммуникатив лингвистикани ҳам, этнолингвистикани ҳам ўз ичига олади”[20].

Лингвокультурология тилшунослик ва маданиятшунослик фанлари ҳамкорлигида, аммо тилшуносликнинг устуворлигида юзага келган энг ёш йўналишдир, шунинг учун ҳам бу янги йўналиш бевосита тил ҳақидаги илм бағрида дунёга келган. Лингвокультурологияда (когнитив тилшуносликда ҳам, умуман, антропологик парадигмада) “оламнинг лисоний манзараси”, “лисоний шахс” (языковая личность), “концепт”  каби бир қатор асосий тушунчалар мавжуд[21]. Бу тушунчалар ва демакки, терминлар ҳақида тилшуносликда жуда кўп ёзилган бўлишига қарамасдан, ҳали-ҳамон уларнинг айримлари талқинида бир хилликка эришилган эмас. Масалан, ”оламнинг миллий лисоний манзараси” терминини қўллашда ва талқин қилишда деярли бир тўхтамга келинган: “Тиллар қанча бўлса, оламнинг шунча миллий лисоний манзараси мавжуд, бу тилларнинг ҳар бири жамоавий этник онгнинг коинотдаги инсон мавжудлигини англаш ва категориялаштириш борасидаги кўп асрлик фаолиятининг ноёб натижаларини акс эттиради”[22]. Аммо “лисоний шахс”, “концепт” терминлари ҳақида бундай деб бўлмайди[23]. А.М.Надёжкин концепт ҳақидаги илмий талқинларда жуда ҳам мавҳумлик, ҳар хиллик мавжудлигини кўрсатиб ўтади, концепт назарияси методологик жиҳатдан жиддий тадқиқ этишга муҳтож эканлигини айтади. Когнитив тилшунослик ва прагматика муаммолари билан жиддий шуғулланган ўзбек тилшуноси проф. Ш.Сафаров ҳам негадир концепт ҳақида гапирар экан, унинг лингвомаданий ва этномиллий жиҳатларига етарли эътибор бермайди[24]. Тўғри, концепт тафаккурга оид, мазмуний, ментал тушунча, лекин уни миллий-маданий унсурдан тамоман холи бўлган ҳодиса сифатида қараш анчайин мунозаралидир. Бу масала тадқиқига бағишланган бир қатор асарлар яратган С.Г.Воркачев ҳатто “лингвоконцептнинг етакчи фарқловчи белгиси унинг этномаданий белгили бўлиши” эканлигини таъкидлайди[25]. Концептга рус тилшунослигида берилган кўпдан-кўп таърифлар орасида В.А.Маслова томонидан илгари сурилган таъриф, менинг назаримда, ҳақиқатни аниқроқ акс эттиради. Унингча, концепт, “бу лингвомаданий ўзига хослик қайд этилган ва муайян этномаданият эгаларини у ёки бу тарзда тавсифловчи семантик тузилмадир”[26].

Лингвокультурологик тадқиқотларда айнан концептнинг ифодаланиши муаммоларига жуда катта эътибор қаратилмоқда, интернет материаллари билан танишганда, масалан, Россиядаги тилшуносликларда бу йўналиш ниҳоятда кенг тарқалганини кўриш мумкин, бу борадаги ишларни санаб, саноғига етиш ҳам мушкул. Ҳатто сўнгги йилларда ёқланган номзодлик диссертацияларининг жуда катта қисми айнан у ёки бу тилда концептнинг лингвокультурологик тадқиқига бағишланган. Масалан, уларнинг айримлари: О.В.Головань. «Семантико-ассоциативная структура концепта «война» (2003); Л.Н.Венедиктова «Концепт «война» в языковой картине мира (сопоставительное исследование на материале англий­ского и русского языков)» (2004); З.А.Мотыгуллина. «Концепт «судьба» в татарской и английской языковой картине мира» (2006); А.Ш.Василова. «Лингвокультурный концепт «сагыш» (тоска) в татарской языковой картине мира» (2006); Л.Х.Шаяхме­това. «Концепт «ут» и его отражение в лирике Р.Миннулина» (2007); Л.Р.Гарипова. «Концепты татарской языковой картины мира: репрезентации в лексеме «дөнья» (2007) ва бошқалар[27]. Бошқа тилшуносликларда ҳам, шунингдек, ўзбек қиёсий тилшунослигида ҳам бу тип ишлар анча-мунча бор. Ҳар ҳолда, “Фалон концептнинг фалон тилда ифодаланиши” қабилидаги ишлар кўпайиб бормоқда, ҳатто муайян қолип шаклини ҳам олиб улгурди. Бу тип ишлар, шубҳасиз, жуда ҳам керак, аммо қолиплашувдан қочган маъқул.

Лингвокультурологиядаги асосий муаммо саналган тил ва маданият муносабатига тўхталганда, маданият тушунчасини тўғри тасавввур этиш лозим. Ш.Сафаров лингвокультурологияда тил ва маданият ўртасидаги муносабат ҳақида, улар ўртасидаги “детерминизм, яъни ўзаро бир-бирини тақозо этиши” ҳақида фикр юритар экан, негадир “нутқ маданияти” ифодасидаги “маданият”ни ҳам лингвокультурологиядаги маданият сирасига киритадики[28], бу асло ўринли эмас. Тил ва маданият деганда, кўпинча, “нутқ маданияти” дейиладиган муаммо ассоциатив ҳолда эсга тушса-да, бу икки ўриндаги маданиятнинг айнанлигини асло кўрсатмайди[29]. Тил ва маданият деганда, одатда, (тўғриси ҳам шу) тил орқали у ёки бу маданиятни ёки аксинча, маданиятни ўрганиш орқали у ёки бу тилни тушунтириш назарда тутилади, аниқроқ айтадиган бўлсак, лингвокультурологиядаги маданиятнинг маъноси “ақлий-маънавий ёки хўжалик фаолиятида эришилган даража, савия (нутқ маданияти)” эмас, балки “кишилик жамиятининг ишлаб чиқариш, ижтимоий ва маънавий-маърифий ҳаётида қўлга киритган ютуқлари мажмуи (маданият тарихи, ўзбек маданияти)” демакдир. Шундай бўлгач, нутқ маданиятининг ўрганиш муаммолари бошқа, лингвокультурологиянинг ўрганиш объекти тамоман бошқадир.

Умуман, тилдай мураккаб ҳодисани мукаммал ўрганишнинг энг самарали йўллари бутун дунё илм аҳли томонидан изланиши ғоят ижобий ва эзгу ҳаракатлардир. Табиийки, бу ҳодисани фақат бир парадигма ёки йўналиш доирасидагина ўрганиш билан унинг моҳиятига етиш мушкул. Шунинг учун ҳам В.Н.Телия, Ю.С.Степанов, В.А.Маслова ва бошқа кўплаб тилшунослар лингвистиканинг полипарадигмаллигини, бирон-бир парадигма ёки йўналиш эришган ютуқлардан воз кечиш мумкин эмаслигини, муайян бир метод ёки ёндашув билан тилдаги барча муаммоларни ҳал қилиб бўлмаслигини, фақат уларнинг ҳамкорлиги жиддий натижаларга олиб келишини таъкидлайдилар[30]. Тилни ўрганиш когнитив асосда бўлади қабилидаги ҳукмларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтар экан, Т.Н.Хомутова шундай ёзади: “Когнитив йўналиш  тилни тадқиқ этишда ягона “таянч нуқтаси” эмас, у коммуникатив, културологик, ижтимоий, структур ва шу каби қўлланиши мумкин бўлган кўплаб йўналишлардан биридир, улар фақат биргаликда олингандагина тилнинг ҳақиқий тавсифи ва изоҳини бериши мумкин”[31].

Айтиб ўтилганидай, кейинги ўн йилликларда тилшуносликда антропоцентрик парадигма шаклланди. Бу янги парадигма шаклланиши билан деярли барча тилшунослар шу йўналиш доирасида излана бошлади ва керагидан ортиқ янги терминларга ружу қўйилди. Таъбир жоиз бўлса, бу терминларнинг кўплари мавҳумликдан, ҳатто чалкашликлардан (масалан, “концепт” тавсифида бу ҳолни кўриб ўтдик) холи эмас, кўплари ортиқча. Бунинг устига, тадқиқотчилар томонидан ҳуда-беҳуда терминлар ясаш ва уларни керак-нокерак қўллаш урфга кириб қолмоқда. Бу парадигма доирасида жиддий тадқиқотлар яратган рус тилшуноси В.В.Краснихнинг қуйидаги фикрлари диққатга сазовор: “Шундай ҳолатларда, яъни бирор йўналиш гуркураб ривожлана бошлаганда, одатда бўлгани каби, кўп ортиқча “пўчоқ” ва “кўпик” ўртага чиқади. Таассуф билан таъкидлашим керакки, бугун “дискурс”, “концепт”, “когнитивлик”, “лисоний шахс”, “ментал-лингвал комплекс”, “лингвокультурология”, “этнопсихолингвистика”, “маданиятлараро мулоқот”, “матн ва коммуникация” семинари томонидан нисбатан яқинда киритилган “когнитив база” ва “прецедент феноменлар” (прецедентные феномены) терминлари, шунингдек, шу “майдон”нинг бошқа бир тўда терминлари олим хоним ва жаноблар нутқида, тақмасдан киборлар жамиятига кириш мумкин бўлмаган мода жиҳозларидай, ҳар қадамда қулоққа чалинади. Бунинг устига, кўпинча бу тушунчаларнинг қўлланиши ҳеч бир ўзини оқламайди (модага эргашишдан бошқа нарса эмас) ва муаллиф сўз юритаётган предметга ҳеч қандай реал алоқаси ҳам йўқ”[32].

Бугунги дунё тилшунослигида ана шундай “мода”даги тушунчалардан бири “синергетика”дир. Ўринли-ўринсиз ишлатилаётган “синергетика”  тушунчаси, нақд бўлмаса, тил муаммосига дахлдор барча масалаларни ҳал қилиш хусусиятига эга бўлган қудратли ва сеҳрли тушунча сифатида тақдим қилинмоқда. Албатта, бундай уриниш тилнинг холис ва мукаммал тадқиқи йўлларини топишга бўлган жуда катта иштиёқ ва интилиш натижасидир.

Механика, физика ва физик кимёда ярим асрдан бери яшаб келаётган ва 1980 йилларда немис олими Г.Хакен томонидан “синергетика” (юнонча synergia – ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, кооперация) деб номланган алоҳида йўналиш турли табиатли мураккаб системаларда унсурларнинг ҳамкорликдаги, кооперациядаги ҳаракати, уларнинг ўз-ўзидан ташкилланиши (самоорганизация)ни ўрганади. Бошқача қилиб айтганда, турли табиатли мураккаб системаларда хаос ва тартибдаги унсурларнинг ўз-ўзидан ҳамкорлиги, бир-бирига ўтиши ва шу асосда мазкур системанинг нормал мавжудлиги ҳамда ривожланиши жараёнлари синергетиканинг моҳиятидир. Тадқиқотчилар “тил ҳам мураккаб, динамик, ўз-ўзидан ташкилланадиган (ўзини ўзи бошқарадиган) системадир. Ана шу асосда ўз-ўзидан ташкилланиш (синергетика) назариясида аниқланган қонуниятлар тил ва коммуникация соҳасига татбиқ этилиши мумкин”[33] деб ҳисоблайдилар.

Аммо шуни ҳам эсда тутиш зарурки, табиий фанларда шаклланган метод ва методологияни ҳеч бир шартсиз тилшуносликка татбиқ қилиш мақсадга мувофиқ эмас, чунки табиий фанлардаги ўрганиш объектидан тамоман фарқли ўлароқ тилшуносликда объект субъект билан алоқалантирилган ҳолда ўрганилади. “Тамоман табиий фанлар методологияси йўлидан юриш тилни тил қиладиган унсурларни тилшуносликдан ташқарига чиқариб қўяди, инсоннинг ўзини тил чегараларидан ташқарида қолдиради”[34].

Физик олим В.Б.Губин гуманитар фанларга синергетиканинг пала-партиш татбиқини кескин танқид қилар экан, қаттиқ киноя билан шундай ифодаларни қўллайди: Кўпгина олимлар “синергетикани барча фанларда, шу жумладан, гуманитар фанларда асосий масалаларни ҳал қилувчи “балогардон” (панацея) сифатида кенг жамоатчиликка тақдим эта бошлади. Синергетикани мақтовчи ва, сал бўлмаса, барча фанларнинг туб муаммоларини ҳал қилиб бериш ваъдаси билан тўлиб тошган мақолалар ёғилиб кетди… Қандайдир янги, синергетик ёндашувлар борасида билдирилаётган таклифлар… “бўш гаплар”, …диққатни нормал фандан четга буриш ва нормал фанни обрўсизлантиришга айланиб кетди”. В.Б.Губин таҳлилларининг сўнгида Москвада чиқадиган нуфузли “Синергетика” тўпламининг 6-жилдида (М.: МИФИ) синергетик терминология билан тўлиб-тошган “Тил – фракталлашган кумулятив-диссипатив кристалл” (“Язык – фрактализованный кумулятивно-диссипативный кристалл”) деган мақола илмий жамоатчиликка тақдим қилинганидан ҳайратини яширмайди[35]. Албатта, тилни “фракталлашган кумулятив-диссипатив кристалл” сифатида ўрганганда, тилдай бениҳоя мураккаб ҳодисанинг моҳиятига етиб бориб бўлмаслигини, бу аввал синергетика қонуниятларини сув қилиб ичиб юборганда ҳам мушкулот эканлигини сезмаслик мумкин эмас. Бу ҳолат шуни кўрсатадики, синергетикани тилшуносликка татбиқ қилганда, жуда ҳам ҳушёрлик, зийраклик, энг муҳими, меъёр сезгисини унутмаслик лозим.

С.К.Гураль тил системасини динамикада ва ўз-ўзидан ташкилланиш жиҳатидан ўрганиш эҳтиёжи билан пайдо бўлган бир қатор тадқиқотлар, хусусан, В.И.Аршинов ва Я.И.Свирскийларнинг “Синергетическое движение в языке” (1994), Г.Г.Москальчукнинг «Структурная организация и самоорганизация текста» (1998), И.А.Герман ва В.А.Пишальниковаларнинг «Введение в лингвосинергетику» (1999), В.Н.Базилевнинг «Новая метафора (семиотико-синергетический аспект)» (1999), Н.Л.Мишкинанинг «Лингводинамика текста: контрадиктно-синергетический подход» (1999) каби асарлари ва бошқа ишлар бугун  лингвосинергетикани тилшуносликнинг мустақил оқими сифатида ажратишга имкон беришини айтади[36].

Тилшуносликда янги синергетик парадигма юзага келганлигини асослашга ҳаракат қилган В.Ю.Барабазюк шундай ёзади: “Сўнгги йилларда табиий ва гуманитар фанларнинг яқинлашиши тенденцияси, гуманитар соҳа вакилларининг синергетиканинг ғоя ва методларига ўсиб бораётган қизиқиши кузатилмоқда… Бу илмий йўналишдан тилшунослик ҳам четда қолмади. Синергетиканинг бир қатор ғоялари, масалан, тил системасининг номунтазамлиги (нелинейность), очиқлиги ва динамик структуралилиги тилшунослар томонидан текширилмоқда”[37]. Аммо В.Ю.Барабазюк айни пайтда синергетик парадигманинг вужудга келиши муайян қийинчиликлар билан ҳам  боғлиқ эканлигини холис таъкидлаб ўтади. Улар қуйидагилардан иборат: 1. Таклиф этиладиган синергетик моделларни экспериментал текшириб кўриш мушкул. 2. Тилнинг ўз-ўзидан тўғриланиш (саморегулирование) ва ўз-ўзидан ташкилланиш механизмларини тил системасининг суст трансформацияси туфайли кузатишнинг амалий имкони йўқ. 3. Синергетик моделлар учун етарли бўлган ҳисобланадиган ўзгарувчиларни аниқлаш ҳатто репрезентатив лисоний материалда ҳам қийин. 4. Тил ва нутқ системаларининг эволюцияси давомида лисоний объектларнинг чегаралари ўзгариб туради[38].

Тил системасининг “хаос – тартиб – хаос…” босқичлари тарзидаги спиралсимон “синергетик цикл” жараёни, «синергетика» термини қўлланмаган бўлса-да, тилшунослик тарихида ҳам, кейинги замонавий тилшуносликларда ҳам турли даражаларда ўрганилгани, ҳатто улар синергетик тадқиқотлар учун методологик асос вазифасини ўташи мумкинлиги мутахассислар томонидан очиқча эътироф этилади. Хусусан, О.Б.Пономарева бир қатор тилшуносларнинг ишларида тил системасининг мувозанатли ҳолати тежамкорлик / ортиқчалик тамойилларининг ҳаракати билан (А.Мартине), шакл ва мазмун мувофиқлиги тамойили билан (С.В.Воронин) таъминланиши кўрсатиб берилганини айтади. У, шунингдек, тилнинг динамик аспекти муаммолари, тил системасининг диахрониядаги барқарорлиги / нобарқарорлиги (И.Б.Хлебникова), тил эволюциясида инновацион / архаик тамойиллар (М.М.Гухман), диахрон жараёнларда тил системаси адаптацияси (И.В.Арнольд), тил системаси ва муҳит мутаносиблиги (Э.А.Макаев, М.М.Маковский), тил белгисининг мувозанатсизлиги (С.Карцевский) каби масалалардаги илмий ечимлар, В.Гумбольдт,  Р.Якобсон  ва яна бошқа кўплаб олимларнинг ишларидаги ғоялар синергетика қўяётган муаммоларнинг ечими учун ўзига хос тарзда асос бўлишига урғу беради[39].

Тадқиқотчиларнинг аксарияти тил системасининг мувозанатсизлиги, нобарқарорлиги, очиқлиги ва номунтазамлиги ҳақидаги тезисни синергетик лингвистиканинг асосий қоидаси деб ҳисоблайдилар[40]. Айни пайтда улар тилнинг ўз-ўзидан тўғриланиш (саморегулирование) ва ўз-ўзидан ташкилланиш (самоорганизация) хусусиятини ҳам синергетикадаги асосий тушунча деб биладилар, бу тушунчанинг моҳиятини хаосдан тартибланган структура ҳолатига ўтиш ва шу тариқа тил системасининг барқарор ҳолатга келиши тарзида тушунтирадилар. Жамият ҳаётида юз берадиган турли ижтимоий-маданий ўзгаришлар билан боғлиқ ҳолда айрим лексик ифодаларнинг истеъмолдан чиқиб кетиши ва янгиларининг пайдо бўлишини мисол сифатида келтирадилар. Аммо бундай ҳолат синергетикадан олдин ҳам бор эди, бу ҳолат англаб бўлинган социолингвистик қонуният сифатида ҳатто норматив тил дарсликларидан ҳам ўрин олиб бўлганига кўп вақт бўлган.

Синергетика тил барқарорлигининг омили эканлигини асослашга бағишланган мақоласида Ю.И.Леденев тилда ҳозиргача қонуният сифатида илмда қайд қилиб бўлинган жуда кўп ҳолатларни “тилнинг синергетик вазифаси” сифатида тушунтиради[41]. Масалан, мулоқот жараёнида юзага келадиган бир қатор нутқий фарқлар тарихий тараққиёт натижасида муайян бир шаклга тушади ва норма сифатида қоидалашади, норманинг шаклланиши турли вариантлардан бирини ижтимоий танлаш билан боғлиқ бўлиб, айни шу босқичда стихиялилик тартиблиликка жой бўшатиб беради; халқнинг ҳаётида янги реалиялар пайдо бўлса, уни номловчи янги ясалма хусусийдан умумийга, умумқўлланишга ўтади; янги ясалмалар индивидуал нутқда пайдо бўлади, улар жамоа мулкига айлангач, тил фактлари мақомини олади, инвариант сифатида барқарорлик касб этади; хорижий ўзлашмалар одатда тилда адаптация жараёнини бошидан кечиради, бунда уларнинг фонетик ва морфологик қиёфаси ўзлаштирувчи тилга мослашади; баъзан турли сабабларга кўра нормадан чекиниш мумкин; тил нормаси ва тил аномалияси тил эгасининг танлаши натижасидир; хорижий тил босқини ҳолатларида ҳам ривожланган тилларнинг барқарорлиги сақланади; тил тарихида товушларнинг конвергенцияси ва дивергенцияси содир бўлган; ҳар бир тарихий даврда тил системасидаги у ёки бу ўзгариш жараёнлари фаоллашган; сўз ясалишининг, сўз туркумлари доирасида конверсив омонимиянинг ривожланиши, полисемиянинг тармоқланиши, тил луғат бойлигининг ўзлашмалар билан бойиши ва ҳоказо шу кабиларни тилдаги синергетик жараёнларнинг намоён бўлиши тарзида талқин қилиш тил назарияси учун нима янгилик беришини тасаввур қилиш мушкул. Мақола худди тилдан синергетика тушунчаларига мос келадиган маълум мисолларни излаб топиш учун ёзилгандай таассурот қолдиради. Лекин  муаллиф мақола сўнгида анчайин салмоқли хулосаларга келадики[42], бу хулосалар учун мақоладаги таҳлиллар ҳеч бир имкон бермайди, шунинг учун ҳам улар фақат қуруқ декларациядан иборат бўлиб қолган. Бу хулосаларнинг бир-иккитаси шундай: Синергетика лингвистик назария ва амалиётнинг кўплаб масалаларини ўрганишга муҳим ҳисса қўшиши мумкин бўлган илмий билим соҳасидир. Синергетика нуқтаи назаридан динамик ва статик жараёнлардаги тил ўз-ўзини тўғриловчи система сифатида қаралади…

Синергетикани тилшуносликка татбиқ этишда бугун юзакилик ва декларативлик мавжудлиги айрим тадқиқотчилар томонидан асосли равишда танқид қилинмоқда. Бу маънода В.Н.Бутовнинг мақоласи диққатга сазовор[43]. У айрим “лингвосинергетик” тадқиқотларни таҳлил қилар экан, улардаги чалкашликларни аниқ кўрсатиб беради. Ана шундай ишлардан бирида “матннинг симметрияси ва асимметрияси синергетик система сифатида” қаралган, мақола муаллифи матн ҳеч бир жиҳатдан синергетик система бўлолмаслигини, матнни турли кишилар томонидан турлича идрок қилинишини синергетика нуқтаи назаридан ўрганиш мумкинлигини, аммо бундай иш “нутқ-тафаккур” кесимида ортиқча терминологиясиз амалга оширилганини таъкидлайди. Унинг ҳақли равишда кўрсатишича, “лингвосинергетик” ишлар оқими шундай тасаввур туғдирадики, гўё биз илгари оламдаги номунтазам жараёнларнинг муҳимлигини билмасдик ва уларни ҳисобга олмагандик, буни энди билиб қолдик; тадқиқотчиларнинг аксарияти “синергетик ёндашув” ибораси остида фан деб тақдим этаётган гапларнинг кўпчилиги асоссиз ҳукмлардир. В.Н.Бутов жуда тўғри хулоса қилганидек, синергетикани тилдаги ҳар қандай ҳодисани ўрганиш учун эмас, балки мавжуд лингвистик қарашларга суянган ҳолда илмий тушунтириш мумкин бўлмаган ҳодисалар тадқиқи учун қўллаш мақсадга мувофиқ, шундай ўрганишга уринишлар бор, аммо улар ҳали фанни қониқтирмайди. Унингча, айни пайтда синергетик ёндашувни лисоний ҳодисаларни тадқиқ этишга қўллаш учун тадқиқотчиларда тегишли тайёргарликнинг (масалан, математик тайёргарлик) йўқлиги билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам бор, аммо бу синергетик ёндашувдан тамоман воз кечишга олиб келмаслиги лозим. Оренбург давлат педагогика университети назарий физика ва таълимда информацион технологиялар кафедрасининг профессори Т.В.Ильясова томонидан тайёрланган “Синергетика ва культурология” ўқув қўлланмасида қуйидагилар ҳам алоҳида таъкидланган: “Синергетика тамойилларини сифат жиҳатидан анчайин осон тушунтириш мумкин. Аммо уларни ҳар қандай системага нисбатан қўллаганда жиддий математик ва энг юқори назарий даражадаги бошқа махсус билимлар зарур бўлади. Синергетиканинг математик аппарати замонавий математиканинг деярли бутун захираси (дифференциал тенгламалар, эҳтимоллар назарияси, ҳалокатлар назарияси, матрицали алгебра, топология, фрактал геометрия, ўйинлар назарияси ва бошқалар)ни ўз ичига олади. Назарий физика ва кимёнинг аппаратидан фойдаланилади, ҳатто уларнинг янги соҳаси – номувозанатли термодинамика ҳам ишлаб чиқилган…”[44].

Бу мулоҳазалардан кейин шуни айтиш жоизки, айрим мутахассисларнинг  “Келажакда синергетик парадигма тил ва нутқ лингвистикасини яхлит асосда ўрганиш учун таянч парадигма бўлиб қолиши ҳам мумкин”[45] қабилидаги қарашлари жуда ҳам чуқур илмий асосга эга эмас. Албатта, синергетикани тилни тадқиқ этишга қўллаш лозим, аммо, энг аввало, қайси лисоний ҳодисаларни ўрганишда ва қай тарзда қўллаш кераклигини аниқлаб олиш мақсадга мувофиқ. Тилшуносликда қонуниятлари икки карра икки тўртдай қайд этиб бўлинган лисоний ҳодисаларни (сўз ясалиши, ўзлаштирилиши, конверсия, полисемия ва ҳоказо ва ҳоказолар) бошқатдан, фақат “илмий мода”га эргашиб, синергетика қолипларига солиш ва яна ўша қонуниятларни қайд этиш на назарий, на амалий жиҳатдан ҳеч нарса бермайди. Синергетикадан барча лингвистик муаммоларни бараварига ҳал қиладиган “сеҳрли таёқча” ясаб, бу беҳад муҳим фан соҳасини обрўсизлантирмаслик лозим.

Тил тадқиқининг энг мақбул йўлларини излаш борасидаги эзгу уринишлар баъзан ҳар мақомга йўрғалаш қабилида бўлиб қолаётганини, янгилик излашнинг кетидан қувиш оқибатида тилшуносликда нокерак “янгиликлар” яратилаётганини ҳам сезмаслик мумкин эмас. Бугунги кунда дунё ақлий тажрибасининг тараққиётини турли фанлар интеграциясисиз тасаввур этиб бўлмайди, бугунги глобаллашаётган дунёда илмий интегратив жараёнлар жуда катта суръат билан кечмоқда. Табиийки, тилшунослик ҳам бу жараёнлардан четда эмас. Антропоцентрик парадигма доирасида шаклланган лингвокультурология, психолингвистика, этнопсихолингвистика, когнитив тилшунослик, синергетика каби бир қанча йўналишларнинг пайдо бўлганлиги шуни кўрсатиб турибди. Аммо ҳар қандай интеграцияда ҳам муайян меъёр ва мантиқ мунтазам мезон бўлмоғи шартлигини унутмаслик ақлнинг ишидир. Тилшуносликдаги илмий талқинларни янгилаш мақсадида “нанолингвистика” деган йўналишни яратишга уриниш анчайин думбул бир ҳаракатдир. Яқинда Украинадаги бир университетнинг илмий тўпламида “Нанолингвистика: талқинларни янгилаш имкониятлари” номли илмий мақола (таҳририятга 2012 йил 16 апрелда келиб тушган) нашр қилинди[46].

Мақола муаллифи бугун мисли кўрилмаган суръат билан турли фанлар доираларида ривожланиб бораётган нанотехнологияларни тил тадқиқига татбиқ этмоқчи бўлади. “Нанотехнология” сўзидаги “нано” (юнонча nanos – митти, пакана) қисмининг “муайян катталикнинг миллиарддан бир бўлаги” маъносидан келиб чиққан ҳолда айни шу ўлчам омили (фактор масштаба)ни “нанолингвистика” учун муҳим нуқта деб ҳисоблайди. Унингча, “наолингвистика  объектга чуқурроқ қараш йўлларини излашдир”. Ана шу асосда у физика, кимё, машинасозлик ва бошқа соҳалардаги терминлар воситасида янги окказионал сўз ясалишини (масалан, культура ва халтура сўзлари асосида ёзувчи ясаган хультура окказионализми) тавсифлайди, яъни бунда “ҳаракат модда (сўз) устида эмас, балки унинг таркибий қисмлари устида бўлади, тўғрироғи, алоҳида атомлардан моддаларни доналаб тайёрлаш амалга ошади”. Ёки, унингча, “лексик сатҳда нанотехнологиялар сўз семантик таҳлилида анъанавий бўлган компонент таҳлил методикасида намоён бўлади. Сема моҳиятан “олдиндан муайян хусусиятлар бириктирилган энг кичик тузилма” бўлган нанозаррадир”. Мақола муаллифи лингвопоэтик ҳодисаларни ҳам нанотехнологиялар орқали ғаройиб мантиқ билан “тадқиқ этади”. Унинг талқинича, “тилнинг экстремал вазиятлардаги хусусиятларини намоён қилувчи” “авангард поэзиясидаги матнларнинг катта қисмининг хусусиятлари “наноўлчамли структуралар”га асосланган”. Унингча, “Ты дисциплинарная матрица Южной школы / типа Шолом Алейхема минус Алишер Навои” (С.Соловьев) мисраларидаги ажратиб кўрсатилган қисм “матрица катакларини тўлдиришнинг хусусий “математикаси”дир”… Аввало айтиш керакки, мақола муаллифи танлаган фактик мисоллар, асосан, тилнинг нормал ҳолатига дахлдор эмас. Қолаверса, тилдай мураккаб ҳодисани бундай бошқотирмалар воситасида ўрганиб бўлмайди.

Бу узун қиссадан қисқа ҳисса шуки, тилшунослар бутун дунёда тилни тадқиқ этишнинг энг мақбул йўлларини ҳамиша излаб келган. Бу жараёнларда жиддий муваффақиятларга ҳам эришилган. Ҳозирча ана шундай муваффиқиятлардан бири, шубҳасиз, тилшуносликда антропоцентрик парадигманинг юзага келганлиги ва унинг турли кўриниш ҳамда йўналишларда жадал ривожланиб бораётганлигидир.



[1] К у н  Т. Структура научных революций. М., 1977. С.11.

[2] С т е п а н о в  Ю.С. В трехмерном пространстве языка. Семиотические проблемы лингвистики, философии, искусства. М.: Наука, 1985. С.4-5.

[3] Ўша асар. 216-бет.

[4] Масалан, қаранг: М а с л о в а  В.А. Лингвокультурология. М.: Academia, 2001. С.5; Хомутова Т.Н. Научные парадигмы в лингвистике / Вестник Челябинского государственного университета, 2009. N35 (173). Филология. Искусствоведение. Вып.37. С.144.

[5] М а с л о в а  В.А. Кўрсатилган асар. 5-6-бетлар.

[6] Қ у р б о н о в а  М.М. Ҳозирги замон ўзбек тили. Тошкент, 2002. 12-бет.

[7] Р а ҳ м а т у л л а е в  Ш. Систем тилшунослик асослари. Тошкент: Университет, 2007. 4-бет.

[8] Н у р м о н о в  А. Структур тилшунослик: илдизлари ва йўналишлари. Андижон, 2006. 11, 12-бетлар.

[9] М а ҳ м у д о в  Н. Маърифат манзиллари. Тошкент: Маънавият, 1999. 44-бет.

[10] Р а д б и л ь  Т.Б. Основы изучения языкового менталитета. М.: Флинта: Наука, 2009. С.89.

[11] М а с л о в а   В.А. Кўрсатилган асар. 8-бет.

[12] Масалан, қаранг: В о р о б ь е в  В.В. Лингвокультурология (теория и методы).  М. : Изд-во Рос. ун-та дружбы народов, 1997; Х р о л е н к о  А.Т. Основы лингвокультурологии. 5-изд. М.: Флинта: Наука, 2009; А л е ф и р е н к о  Н.Ф. Лингвокультурология. Ценностно-смысловое пространство языка. М.: Флинта: Наука, 2010; В о р к а ч е в С.Г. Лингвокультурология, языковая личность, концепт: становление антропоцентрической парадигмы в языкознании // Филологические науки. 2001. N1. С.64 –72.

[13] В о р к а ч е в  С.Г. Кўрсатилган мақола. 64-бет.

[14] Г у м б о л ь д т  В. Избранные труды по языкознанию. М.: Прогресс, 1984. С.68, 167, 303, 317, 319, 324.

[15] Абдулла Авлоний. Танланган асарлар. 2-жилд. Тошкент: Маънавият, 1998. 60-бет.

[16] В а й с г е р б  е р  Й.Л. Родной язык и формирование духа. М.: Едиториал УРСС, 2004. С.120, 135,  173.

[17] Б у р а с  М., К р о н г а у з  М. Жизнь и судьба гипотезы лингвистической относительности // Наука и жизнь, №8, 2011 / http:// elementy.ru/lib/431410.

[18] Т е р-М и н а с о в а  С.Г. Язык и межкультурная коммуникация. М.: Слово/ Slovo, 2000. С.15.

[19] Ўша асар. 40-бет.

[20] М а с л о в а  В.А. Когнитивная лингвистика. Минск: ТетраСистемс, 2008. С.12.

[21] С в е т о н о с о в а  Т.А. Когнитивная лингвистика и лингвокультурология:черты и различия // Филологические науки в МГИМО. Сборник науч. трудов. №27 (42). М.: МГИМО-Университет, 2007. С.39- 46; В о р к а ч е в  С.Г. Кўрсатилган мақола. 64–72-бетлар.

[22] К о р н и л о в  О.А. Языковые картины мира как производные национальных менталитетов. М.: ЧеРо, 2003. С.140.

[23] Масалан, қаранг: И в а н ц о в а  Е.В. О термине «языковая личность»: истоки, проблемы, перспективы использования / Вестник Томского государственного университета. Филология. №4 (12). 2010. С.24–32; Н а д ё ж к и н  А.М. “Закат” концепта / Вестник Нижегородского университета им. Н.И.Лобачевского. №6 (2). 2011. С.452–454.

[24] С а ф а р о в  Ш. Когнитив тилшунослик.  Жиззах: Сангзор, 2006. 17 – 18-бетлар.

[25] В о р к а ч е в С.Г. Лингвоконцептология и межкультурная коммуникация: истоки и цели // Филологические науки. 2005. № 4. С. 76.

[26] М а с л о в а   В .А. Когнитивная лингвистика.  Минск: ТетраСистемс, 2008. С.50.

[27] З и а т д и н о в а  Г.И. Концепт “сугыш (война)” в татарской языковой картине мира. АКД. Казань, 2009. С.4.

[28] С а ф а р о в  Ш. Кўрсатилган асар. 65-бет.

[29]Яна қаранг: К а с е в и ч  В.Б. Язык и культура / files.zipsites.ru/bookslandio/Education/lingvistika/spr0000040.

[30] М а с л о в а В.А. Когнитивная лингвистика. Минск: ТетраСистемс, 2008. С.18; Х о м у т о в а Т.Н. Кўрсатилган мақола. 146-бет.

[31] Хомутова Т.Н. Кўрсатилган мақола, 146-бет.

[32] К р а с н ы х  В.В Точка над i  или многоточие?.. (к вопросу о современной научной парадигме) / Язык, созание, коммуникация. Выпуск 16. М.: Макспресс, 2001. С.5.

[33] Гураль С.К. Синергетика и лингвосинергетика // Вестник Томского государственного университета. Филология. №302. 2007. С.7.

[34]  Б е л ы й  В.В. Американская дескриптивная лингвистика / Философские основы зарубежных направлений в языкознании. М.: Наука, 1977. С.168.

[35] Г у б и н  В.Б. Псевдосинергетика – новейшая лженаука / Бюллетень N1 алманаха «В защиту науки» РАН… М.: Наука, 2006. С.110–119 / http://www.entropy.narod.ru/GUBIN-BULI.HTM; Г у б и н В.Б. Синергетика – новый пирог для постнеклассических ученых / http://www.bioinformatix.ru/sinergetika.html.

[36] Г у р а л ь С.К. Кўрсатилган мақола. 7-бет.

[37] Б а р а б а з ю к  В.Ю. Возникновение синергетической парадигмы в языкознании / Lingua mobilis. Научный журнал. N6 (25). Челябинск, 2010. С.13.

[38] Б а р а б а з ю к  В.Ю. Кўрсатилган мақола. 17-бет.

[39] П о н о м а р е в а  О.Б. Лингвосинергетика: истоки и перспективы / Вестник Тюменского государственного университета. №1. 2009. С.229, 233.

[40] Г у р а л ь С.К. Кўрсатилган мақола. 9-бет; П о н о м а р е в а О.Б. Кўрсатилган мақола. 228-бет; Б а р а б а з ю к  В.Ю. Кўрсатилган мақола. 16-бет.

[41] Л е д е н е в Ю.И. Системность и синергетика как факторы устойчивости языка / Язык, текст, дискурс. Выпуск 5. Ставрополь – Пятигорск, 2007.–С.11 – 22.

[42] Л е д е н е в  Ю.И. Кўрсатилган мақола. 21–22-бетлар.

[43] Б у т о в В.Н. О некоторых проблемах синергетического анализа / Вiсник Запорiзького нацiонального унiверситету. №2. 2008. С.19–23.

[44] И л ь я с о в а Т.В. Синергетика и культурология. Оренбург, 2010. С.37 – 38.

[45] Р а ҳ и м о в А. Тилни парадигмалар асосида ўрганиш муаммолари // Ўзбек тили ва адабиёти. 2012. 2-сон. 25-бет.

[46] С и н е л ь н и к о в а  Л.Н. Нанолингвистика: возможности обновления интерпретаций / Ученые записки Таврического национального университета им. В.И.Вернадского. Серия «Филология. Социальные коммуникации». Том 25 (64). №1. Часть “2. С.186–193.

«Ўзбек тили ва адабиёти» журнали, 2012 йил 5-сон.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 267

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *