Тилак Жўра ёди: Дилгир ва дилбар & Сирли Тилак Жўра & Шоир армони

Тилак Жўрани таниган-билганлар, аввало, ажойиб инсон, дилбар шоир, дилкаш дўст сифатида ёдга олишади. Шоир ҳаёт бўлганида ўтган 2017 йили 70 ёшни қарши олган бўларди. Тилак Жўранинг ўғли, қадрдон шогирд-укалари у ҳақда замондошларининг хотира- мақолаларини жамлаб, китоб тайёрлаган эди. Адашмасам, нашр этишда муаммо бўляпти…
Қуйида Тилак Жўра ҳақидаги хотира-мақолалар ҳавола этилмоқда. Сайтимизда шоир шеърлари ва замондошлари хотираларидан доимий бериб борилади.
Сайт муаллифи

ДИЛГИР ВА ДИЛБАР
Шоир Тилак Жўра билан 1985 йилнинг қиш кунларида дўстим Сафар Барноевнинг Олой бозори гузаридаги бир хоналик уйида танишганмиз. Жингалак сочлари ўзига ярашган, тийрак кўзларидан нур ёғиб турган укам таржима бўйича илмий изланишлар олиб бораётган пайтлари экан. Даврадошларимиздан яна бири марҳум таниқли олим Ғуломжон Ғофуров эди. Одатдагидек ўзимизча жаҳон адабиётининг тақдирини ҳал килмокчи бўлардик. Суҳбатдан қониқмаган хонадон эгаси Сафар Барноев «Кетига лой, шеър ўкиймиз!» деб қолди. У суҳбат жиловини кўлга олиб янги шеърларидан ўкиди. Ғуломжон Ҳамза Имонбердиевнинг «Гулхан» журналида босилган кувнок машқларидан бирини шарҳлаб берди. Тилаквой турк шоири Фозил Ҳусни Доғларжанинг қатор шеърларини ёддан ўқиб бизни қойил қолдирди. Яна мунозара бошланди. Тилаквой ўша кезларда турк шеъриятининг таъсири билан юрганлиги учунми, фикр ва мулоҳазаларимиз бир жойда маром топмай анча тортишиб, охир-оқибат хайрлашдик. Изланишда юрган шоир укамнинг ўз фикрида собит туриши ва ўжарлиги менга ёқди.Tilak Jo'ra 1
Тошкентга хизматга келганимдан сўнг Тилак Жўра билан турли давраларда учрашиб туришимизга тўғри келди. 1992 йилнинг ёз фаслида хоразмлик шогирдим Эрпўлат Бахт ҳарбий хизматдан қайтиб, ишхонамизга кириб келди. Анвар Обиджон иккимиз ундан ҳол-аҳвол сўраб, энди ўқишни давом эттиришини таъкидлаб, нашриётнинг номидан тавсия ёздириб бердик. Сабаби, Эрпўлат ҳарбий хизматда юрган чоғидаёқ болаларга бағишланган бир талай қувноқ шеърлари газета ва журналларда босилиб эътиборга тушиб қолганди. Кунларнинг бирида хонамизга бир халта совға-салом кўтариб шоир Тилак Жўра кириб келди. Салом аликдан кейин, Тилаквой: “Турсунбой ака, Анвар ака, Эрпўлат деган ажойиб шогирдинглар бор экан, кеча ўқишга қабул қилинди, барча имтиҳонларни аъло баҳога топширди. Сизларни табриклайман, шу хурсандчиликни ўз ҳисобимдан нишонлашга келдим”.
Ўзи бир нави ижарада яшаб тирикчилик қилаётган шоир ва олим Тилак Жўранинг сурати ва сийрати ана шундай ҳавас қилгулик эди.

Турсунбой АДАШБОЕВ

ШОИР АРМОНИ
Дунёда касблар кўп, ҳунарлар кўп. Уларнинг айримларини озгина уқуви бор одам устоздан ўрганиб олса, бас. Тирикчилик деганларидек, қора дегчаси қайнайди, куни ўтади. Аммо шоир халқи бу ўтловдан ташқарида нафас олади, яшайди. Шоир халқи ўлим билмайди. Унинг бу дунёдаги ҳаёти фақат рамзий мазмун касб этиши мумкин холос. Шоир яратган ўзига хос гўзаллик дунёсида Вақт, Макон тушунчаси ўз қийматини йўқотади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам шоирликни бахт белгиси дейдилар-у, кейинидан: “Қисмат” деб қўшиб қўядилар. Бизга ўхшаш оддий одамнинг шоир билан ҳар бир учрашуви, у билан суҳбат қуриши олам-олам янгилик беради, бебаҳо гўзалликка ошно қилиб, ижодкор иқтидори олдида чексиз ҳайрат туйғусини уйғотади.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида ўзбек шериятига бир гуруҳ ёшлар шахдам қадамлар билан кириб келдилар. Уларнинг ҳаммаси ўзига хос шуҳрат, меҳр, ҳурмат қозондилар. Аммо, менимча, Рауф Парфи, Асқар Қосим, Тилак Жўра ҳаётимиздаги мураккаб вазиятларга ойдинлик киритишда “шеър” деб аталувчи воситадан алоҳида маҳорат билан фойдаланган эдилар. Фикримнинг далили учун бир-иккита мисол келтирмоқчиман. Тилак Жўра “Озодлик” шеърида шундай дейди:
Қоронғу кулбада
    Ниш урган майса,
    Сомондай сарғайиб,
            титраб,
    Югуриб бормоқда
Васса остидаги
Туйнукка қараб…
Ожизона фикрим билан айтмоқчиманки, “Ниш урган майса” биз эмасмидик.
Бошқа шеърида шоир атрофида куни бўйи меҳнат қилиб оиласидаги боласини боқа олмаётган отасининг фожиаси билан бизни таништиргандек бўлади:
Бўлса ҳам беш боланинг отаси,
    Уйига келтирмасди бирор пайса гўшт,
    Қўллари қишдаги қалдирғоч уяси…
Ўз фикрларини йўл-йўлакай хулосалаб борар экан, Тилак Эскижува бозори мисолида ер шарини оғир касалга йўлиққан инсонга қиёслайди: Бозорда бир чол исириқ тутатади. Кун бўйи тутатган исириғи “бир боғ пиёз”, “иймон” сотаётган одамларни ҳасталикдан фориғ этаётгандек эди. Шеърнинг якунида шундай мисралар бор:
Мен ҳам исириқчи чолдай
    Бир ҳовуч исириқни
    Оппоқ қоғозга жойлаб,
Тутатсам дейман:
Ер шаримизда ўргимчакдек ўрмалаб,
Эзгуликка,
Мангуликка
Тўр тўқиётган кимсаларнинг
Бурнига қадаб…
Тумовдан қутулган кўзлардай
Яна ҳам беғубор бўлса ер шаримиз!
Яна ҳам улуғвор бўлса ер шаримиз!
Мен бир умр розиман
Белим букчайиб
Исириқ тутатмоққа
        Ер шаримиз узра!
        Ер шаримиз узра!

Бундай кескин, аммо жозибали мисралари Тилак Жўра шеъриятининг моҳиятини белгилар эди. Билмадим, у юқоридаги мисраларни кашф қилишда қандай руҳий изтиробларни бошидан кечирган экан. Аммо уларни биринчи марта ўқиганимда юртдошларимнинг дардини, ўнлаб йиллар давомида изтиробда ўтган ҳаётининг бадиий ифодасини уққаним ҳамон ёдимда.
Мен ўз шогирдларимга шеър билан “шеър”нинг фарқини унда акс этган фикрдан фарқлаш кераклигини ўргатаман. Бир устозимиз айтганларидек, одам чанқаган пайтда сув ичиши керак, деган гап қофияга солингани билан шеър бўлиб қолмайди. Ҳақиқий маънодаги шеърда ҳам фикрий, ҳам жисмоний жозиба бўлиши керак. Тилакнинг табиатидаги шоирлик унинг қаламига мансуб мисраларнинг жозибаси эди:
Жўхорилар балиқ кўз бўлиб
    Сузилади менга эгилиб.
    Ғуж-ғуж узум, ғуж-ғуж сўз бўлиб
Томоғимга келар тиқилиб.
Ютинаман, барин ютолмай,
Ёқам икки қирғоқдай очиқ.
Бундай бахтга боқиб ётолмай
Офтоб юзин чўқилар чумчуқ.

Ёки эътибор беринг:

Сен бахтли бўлишинг учун
Тун бўйи
Умидимнинг омочи билан
Шудгорлаб чиқаман миямни

Айрим пайтларда Тилак ўзи яшаётган замондаги адолатсизликдан алам чекади. Ўзининг кескинроқ ҳаракат қила олмаётганидан ўкинади. Дардини эса шундай ифодалайди:
Мен кўксимда армонни эмас,
    Кўтармоғим керак исённи!

Бутун фикрий туғёнини шеърда тасвирлаш йўлини ахтаради. Ҳақиқий шоир учун шеър ҳам дардкаш, ҳам дўст, ҳам рақиб, ҳам сирдош бўлса, шоир ҳамма ҳасратини шеърда мужассам этади:

 На ойдин кечада,
        На ёруғ,
        На қаро кечада
    Сен бағримга кирмадинг
        На шуъла,
        На соя бўлиб.
    Сен бағримга кирмадинг
        Ҳамон,
        Айтолмаган қўшиқдай
        Сени қўмсайман
    Мен ҳам,
        На ёруғликда
        На қоронғида
        Сенинг бағрингга
    Кирмаганга ўхшайман,
ШЕЪРИЯТ!

Тилак билан университетимизда доимий суҳбатдош эдик. Унинг қўллари қалби каби ўта юмшоқ эди. Кўришганингизда бир сиқим пахтани ушлагандек эдингиз. Суҳбати ҳамиша бирор янгиликни етказиш воситаси бўлиб хизмат қилган. Шахсан ўзим шеърият табиатидаги сирли унсурларнинг кўпи билан ана шундай пайтларда танишганман. Тилакка ўхшаган шоирларнинг китоблари жуда қийинчилик билан нашр этилар эди. Ҳар бир сўз, ҳар бир мисра ноширларнинг микроскопидан ўтиши талаб қилинар эди. 1988 йилда “Сандувоч” (Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти) тўплами чиққанида унинг хурсанд бўлганини ҳам, хафалигини ҳам аниқ билмаганман. Расман мамнунлигини айтгани билан китобнинг чиқиши ҳар ҳолда осон бўлмаганини сезиш қийин эмасди. Лекин, барибир, яхшиям шу китобни чиқарган экан, мухлислари қўлида бир мерос бўлиб қолди. Аслини олганда, тўпламнинг номланишидан тортиб саҳифаларидаги шеърлар шоирга кўп ташвишлар келтиргани маълум эди.
Tilak Jo'ra 2Хизмат тақозоси билан Тилак ўтган асрнинг 80-йиллари ўртасида халқ оғзаки ижоди асарларини ёзиб олиш амалиётига раҳбар бўлиб борди. Талаблар билан уюштирилган бу экспедиция Самарқанд педагогика институтининг ректори, филология фанлари доктори, профессор Ориф Икромов лутфи билан талабалар дам оладиган ёзги боғ ҳудудида ўтди. Тилак мутахассис жиҳатдан фольклоршунос бўлмаса ҳам шогирдларимиз ёзиб келган халқ қўшиқларида ифодаланган нозик туйғуларни биздан кўра яхшироқ ҳис этар эди. Шунинг учун ҳар куни тўпланган маълумотларни ўқиб назоратдан ўтказишда шоир Тилак Жўра жуда фаол қатнашган. Ёзги экспедициянинг ўзига хос ташкилий ташвишлари билан бир қаторда ёддан чиқмайдиган таасуротлар қолдирувчи фурсатлари ҳам бўлади. Аввало, ўша йиллари шеърлари билан назм мухлислари қалбидан меҳр қозонган Тилакнинг биз билан ҳамроҳ бўлиши қандайдир завқ бағишлаган. Қолаверса, халқ яратган оғзаки лирик асарларнинг жозибасини, тарихини, бадииятини, мазмун моҳиятини талабаларимиз аввалги экпедициялардан кўра яхшироқ англашган. Оқибатда уларнинг фольклор амалиётига бўлган муносабатларида ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташланган. Сафар пайтида Тилак билан пиёда сайр қилар эдик. Узумзорлар, олмазорлар, тоғ бағирлаб ёйилган кўкаламзорларда сайр қилиш унга ҳам, менга ҳам завқ бағишлар эди. Кунлардан бир кун Кенагас қишлоғидаги чойхонада қариялар билан суҳбатлашиб ўтирганимизда отахонлардан бири шоирнинг тинчлигини бузган воқеани айтиб берди. Қишлоқдан бир неча чақирим нарида сув омбори бор эди. Қариялар ана шу сув омборининг ўртаси аввал қабристон эканини айтишди. Биз қабристон сув тагида қолиб кетдими, деб сўраганимизда улардан бири:
– Йўқ. Давлат қабрлардаги майит эгаларига шароит туғдирди. Ҳар ким ўзига тегишли одамларнинг қолдиқларини алоҳида ажратилган жойга олиб ўтди. Эгаси йўқларини ҳокимиятнинг ўзи янги қабрларга ўтказди, – деди. Бир оз сукут сақлаганидан сўнг гапини давом эттирди:
– Ўша пайтда қизиқ бир воқеа рўй берди. Ҳамқишлоқларимиздан бирини ўн саккизга тўлган-тўлмаган бир қизи ўн-ўн беш йил олдин қазо қилган эди. Майитни янги жойга кўчирмоқчи бўлиб отаси мозорни очади. Очади-ю, қўрқувдан ранги оқариб, тили калимага келмай қолади. Буни қарангки, қизнинг белидан пастки қисми суякка айланиб қуриб бўлган экан. Юқори қисми эса қандай кўмилган бўлса, шундай турганмиш. Икки кўкрагида иккита илон ўралиб ётганмиш. Бу ҳолатдан бечора қизнинг отаси эсини йўқотиб қўйибди.
Хуллас, суҳбатимиз тугади. Биз манзилимизга қайтдик. Кун ўтди. Кеч кирди. Ҳаммамиз – доцент Саттор ака Ҳайдаров, мен ва Тилак хонамизга кириб ухлашга ётдик. Нима учундир уйқум келмади. Бир маҳал қарасам, Тилак жойида йўқ. Соғлиғи аввалари ҳам безовта қилгани учун хавотир олиб ташқарига чиқдим. Тун. Тўлин ой осмонда бамайлихотир сузмоқда. Атрофимиздаги тоғ чўққилари худди ойгача чўзилгандек. У ер-бу ерда чигирткаларнинг овози сокинликни бузмоқда. Ётоқхонамиз қаршисидаги бир дўнгликда Тилак ўтирибди. Уни кўриб бир оз кўнглим таскин топди. Секин унинг олдига бордим. У пастдаги манзарага тикилиб хаёл сурмоқда эди. Ундан безовталаниб:
– Тинчликми? – деб сўрадим.
– Қабрдаги қиз тинчлик бермаяпти, – деди у ўйчан ҳолатда, – орадан ўн йил ўтибди, иккита илон, қиз яқинда кўмилгандек ётибди. Ҳайратомуз ҳолат. Бу ҳодисани достон қилиш керак. Достон қилганда ҳам ўқиган одамни ўйлашга мажбур қиладиган достон қилиш керак. Шу тинчлик бермаяпти.
Буни қарангки, отахоннинг гапларини мен ҳам эшитганман. Ўша пайтда мен ҳам ларзага келганман. Аммо кечгача эшитганларим ёдимдан кўтарилиб кетган. Тилак шоир бўлгани учун ухламасдан қизнинг қисматини ўзича шарҳлаган.
Экспедиция тугади. Тошкентга қайтдик. Деярли ҳар ҳафта у билан учрашиб турдик. Тилакнинг бедор ўтган туни менинг эсимдан чиқмади. Лекин ўтган гапни эслашни лойиқ топмадим. Шунга қарамай икки-уч марта учрашганимиздан сўнг унинг ўзи гап очиб қолар эди. Нималарнидир ёза бошлаганини айтарди. Бироқ иш ўзи хоҳлаганидек юришмаётганини хабарлаб азоб чекарди. Афсус, кўп ўтмай ўзи ҳам бандалик қилди. Ёзишни бошлаган достони қай аҳволда қолган, бехабарман. Аммо унинг номини айтсам, кимдандир эшитсам, шоирнинг армони ўз-ўзидан ёдимга тушади.
Дўстим, иним, ҳамкасбим Тилак Жўра ҳақидаги хотирамни мунгли оҳангда тугатишни истамадим. У ҳақдаги яна бир ибратомуз ҳолатни қоғозга туширмоқчиман. Биз умримизнинг ўнлаб йилларини талабаларга билим беришга бағишладик. Шу муносабат билан айтмоқчиманки, талабалар эътиборига тушиш учун устоз икки хусусиятга эга бўлиши шарт. Биринчидан, у талабаларнинг меҳрини қозонса, улар оғзаки ижодида қандайдир жанрга мансуб асар яратилади. Иккинчидан, агар у талабаларнинг қаҳрига учраса, мазмунан тескари асар яратилади.
Мамнуният билан эслашим мумкинки, Тилак Жўранинг машғулотлари, ўз шогирдлари билан муносабатлари ҳамиша самимий бўлган. Талабалар уни дардманд шоир ва шогирдларига меҳрибон устоз сифатида севишар эди. Йўқса, унинг ҳақида гўзал қўшиқ намунаси тўқилармиди?! Пахта далаларида ой-ойлаб совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демасдан оиламиздан ажралиб юрган пайтларимизда шоирнинг ижодидан баҳра олиб яратилган қўшиқ эшитганман:
    Бедазорда бедана
    Бўлиб-бўлиб сайрайди.
Кайфияти чоғ бўлса,
Тилак Жўра “Тановар”га ўйнайди.

Ўйлайманки, бу қўшиқда ижодкор аноним талабалардан бири ўз устозига бўлган ҳурматини, меҳрини, муҳаббатини жуда гўзал ва ихчам тарзда изҳор қилиш йўлини топа олган. Умид қиламан, ажойиб инсон, беназир шоир Тилак Жўра фақат талабалар қалбида эмас, ҳамкасблари, қаламкашлари, яқин дўстлари, оила аъзолари хотирасида ҳам қўшиқдагидек файзли ҳамроҳ сифатида яшаб қолади.

Омонулла МАДАЕВ,
филология фанлари номзоди, доцент

СИРЛИ ТИЛАК ЖЎРА
На боши, на адоғи кўринмас қўҳна дунёда Тилак Жўра деган шоир яшаб ўтди нимаю, ўтмади нима. Ким кўп, шоир кўп, шоирдан ҳам шоирман дегани кўп бўлса.
Йўк, мен нобоп сўзладим. Ундай эмас. Тилак Жўра бир инсон ва бир шоирга етгулик умр кечирди. Ўзидан ёзган асарлари, қатор фарзандлари ва уни билган, ҳамсуҳбат бўлган одамлар калбида ўчмас из қолдирди. Бу ўринда умрнинг узун-қисқалиги аҳамиятга эга эмас, дароз умр ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эса-да, факат дарозлик изнинг сийқа ёки ботиқлигини белгиламайди.
Ортга боқиб, ўйлаб қарасам, ўтган асрнинг 60–70-йиллари ғоят бир қизиқ давр бўлган экан. Ўз қишлок-кентларига сиғмаган бир гуруҳ илмталаб ёшлар пойтахтга қараб шундай шиддат билан ёпирилишган эканки, бундай шиддат бошқа такрорланмаган, ҳойнахой. Ҳаркалай, менга шундай туюлади.
Шундай ёшлардан бири камина, “Бедананинг уйи йўқ, қайга борса –битбилдиқ” дегандай, бир куни Тилак Жўранинг Соғбондаги ҳовлисига бориб қолдим. Онасию хотин-бола-чақасини қишлокқа жўнатган, бир ўзи экан. “Кел, шоир”, дея жуда илиқ, фақат Тилак Жўрага хос самимият билан қарши олди. Овқат қилди. Энг эсимда қолгани, ўзи севиб ардоқлайдиган шоир Нозим Ҳикматнинг ўз овозида ёзилган “Керим кеби” шеърини пластинкада ўн марталаб эшитдик. Янгроқ ширали овоз таралади:

Кенди сасингла
кул ўлурсана,    
Керим кеби
яна-яна..
“Кенди” нима?” – сўрайман Тилак акадан. “Ўз”, – дейди қисқа қилиб у.
Вақт алламаҳал бўлди. Ҳовли саҳнидан баландроқ жойлашган меҳмонхонага ёнма-ён жой солди. Яхши безалган шинам меҳмонхона эди. Адабиётдан, санъатдан гаплашиб, қандай уйқуга кетганимизни ҳам билмай
қолибмиз. Шу кунги ва шу тунги суҳбат Тилак Жўра қиёфаси билан мангу эш бўлиб ҳамон хотирамда яшайди.
Тилак аканинг ўзи севиб, ҳузур қилиб ўқийдиган шеъри “Бедана” эди: Бедазорда бедана,
Бўлиб-бўлиб сайрайди…
“Бўлиб-бўлиб”ни шундай оҳанг билан ўқийдики, сўзнинг маъноси билан айтилиш ҳоли бирикиб, яна бошқа, сирли бир маъно англатадигандек туюлади. Айни шу “бўлиб-бўлиб” Тилак Жўра киёфасини яна бир карра кўз олдимга келтириб кўяди.
Кибрда сир бор деб ўйламанг, унда сир йўқ. Кибр жуда жўн нарса. Сир – оддийликда. Оддийликнинг ични ичиктирадиган даражадаги ожизлигида, ёлғизлигида. “Ёшлигимдай вафосиз, ташлаб кетди жўралар” дейди бир шеърида Тилак Жўра.
Биз манфаатлар тўри ичида, исканжасида яшаймиз. “Исканжаси” дея орттирворди, деманг, бир дам сукут сақланг, ўйланг. Сезасизки, исканжа сиз учун (биз учун) одатдаги ҳол бўлиб колган. Манфаатлар исканжаси гўёки эркинлик бўлиб колган биз учун.
Нега сирли Тилак Жўра? Бундай соддадил, очиқ (ва ҳимоясиз) одам йўқ эди оламда. Унга “камтар” деган сўз мутлақо тўғри келмайди. У камтарликдан улуғроқ, юксакроқ бир белгига эга эди. У бошқа оламдан, нафсу манфаат йўқ фаришталар оламидан одамлар орасига тушиб колган ўгай бир вужуд эди гўё. Ерга адашиб тушиб қолган фаришта. Ерда беўхшов кўринадиган фаришта. Сирли Тилак Жўра.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 192

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *