Тилим менинг: Ҳёте эмас, Гёте! | Кампирнинг дарди ғўзадами, ғозада? | Ненозин | Шуур нима?

ҲЁТЕ ЭМАС, ГЁТЕ!

Бир пайтлар нуфузли журналларимиздан бирида Ҳёте деган номни ўқиб ҳайрон бўлгандим. Мана, яна ҳурматли устозларимиздан бири Гётени Ҳёте деб “тақдим этяпти”. Тўғри, ҳанузгача русий қолиплар исканжасидаги тилимизда кўплаб хорижий исмлар “руслаштириб” берилади. Аслида, Гомер – Ҳомер, Геродот – Ҳеродот, Герман Гессе –Ҳерман Ҳессе, Генрих Гейне – Ҳайнрих Ҳайне, ҳатто Гегель Ҳегел эканини биламиз. Аммо Ҳётe қаердан келиб чиқди? Ахир немисларнинг ўзи ҳам Гёте дейишади. Чунки аслиятда шундай. Бир қарашда арзимасдай туюлади-ю…

КАМПИРНИНГ ДАРДИ ҒЎЗАДАМИ, ҒОЗАДА?

Нотўғри: Кампирнинг дарди ғўзада.
Тўғри: Кампирнинг дарди ғозада.
Изоҳ: Аксарият ҳолда биринчи вариантдагидек нотўғри ишлатиладиган ушбу маталдаги ғоза эскирган сўз бўлгани учун, кўпчилик билмаса керак. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ғоза сўзига “юзга суриладиган қизил рангли пардоз буюми; элик” дея таъриф берилган. “Навоий асарлари луғати”да ҳам шундай таърифни учратамиз. Демак, кампир ғўза билан эмас, ғоза билан андармон бўлиши (эҳтимол, барча аёлларга хос – ёшроқ ва чиройли кўриниш ҳавасида) мантиқан тўғри. Ушбу матал ҳар ким ўз ташвиши, истак-мақсади ҳақида ўйлайди, ҳамма ўз ғамини ейди, каби маъноларда ишлатилади.

НЕНОЗИН

Наманган томонларда халқ тилида “ненозин” сўзи бор. Наманган шаҳри ва шунга яқин шевада гаплашувчи ҳудудларда ишлатилади. “Бинойидай”, “дурустгина” каби маъноларни берувчи бу сўзни ҳалигача бошқа жойда учратганимча йўқ эди. Ўзим наманганлик бўлсам-да (аслимиз Чустдан), бошида мен учун ҳам жуда ажобтовур туюлган. Бир жиҳатдан, чиройли, поэтик оҳори бор. Шунданми, вилоятлик ижодкорлар шеърий битикларида бу сўз учраб туради:
– Санам, соҳир экансан-ку ненозин,
– Санам собир экансан-ку ненозин… (Азиз Бек)
Яқинда Чўлпон мақолаларини қайта ўқиш асносида “ниппа-ниназин” сўзига кўзим тушиб қолди. Аввал эътибор бермаган эканман. Ушбу сўзга “балодай” дея изоҳ берилган. Демак, “ненозин” водийнинг бошқа жойларида ҳам учраш эҳтимоли кўп. Яна яхшироқ биладиганлар бордир…

ШУУР НИМА?

Биз кўп эшитган, турли адабиётларда учратган шундай сўзлар борки, уларнинг маъносини яхши билмаймиз, ғира-шира тасаввурга эгамиз холос. Бунга бошқа тилдан ўзлашган сўзлардан ҳам кўплаб мисоллар топилади. Шахсан ўзим бир қанча сўзларнинг ўзбек тилидаги изоҳли ва энциклопедик луғатлардаги таъриф-изоҳидан қониқмайман. Ана шундай “таниш-у, аслида нотаниш” сўзлардан бири – шуур. Беш жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” (2006)да ушбу сўзга шундай изоҳ берилган: “Шуур (арабча – англаш, сезиш, фаҳмлаш; кечинма, ҳис-туйғу; ақл-идрок) – онг, тушунча”. Қавс ичидаги арабча таржимасида бу сўз ҳис-туйғуга ҳам, ақлга ҳам дахлдорлиги (?) англашилмоқда. Изоҳда эса у “онг, тушунча” деб берилмоқда. Баъзи манбаларда “шуур” ҳиссиёт, туйғу маъносида ишлатилган. Хўш, шуур кўпроқ ақл билан боғлиқми, ҳиссиёт билан?

“БУ САФАР ХАТОСИ КАМРОҚМИ?”

Кўпчилик сўз мухлислари билан интернетда боғланар эканман, кейинги гал хабарлашганда ёзганларига мана бундай “илова” келади: “Ишқилиб, бу сафар хатоси камроқми?” Нима демоқчи бўлаётганимни англадингиз, чамамда. Гап шундаки, ўзимча улардан имкон қадар тўғри ёзишга ҳаракат қилишини, ҳар қандай вазиятда тил тозалигига путур етказмаслигини “талаб қиламан”. Баъзилар бошида ошкора хафа бўлгандек туюлади-ю, кейин тушунади. Тўғри, бир қарашда бунинг унча ваҳима қиладиган жойи йўқдай: қандай ёзсак ҳам, фикримизни тушунишса, бўлди-да. Ҳа, биз тилни “бузиш”га шунчалар ружу қўйдикки, баъзан атайин хато ёзгимиз келиб қолади. Кўпинча техник “баҳона”ларни рўкач қиламиз. Айниқса, интернетда бундай хатолар ғиж-ғиж, сўзбузарликлар сероб…
Шундай экан, ҳар бир сўзимизнинг шакл-шамойилига яхшилаб эътибор беришимиз, керак бўлса, тиниш белгиларигача ўз ўрнида бўлишига эришишимиз керак. Майдалашишга ўхшаса-да, шу тарзда ўзимизни тўғри ёзишга ўргатмасак бўлмайди. Нима дедингиз?

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Сайтимизда “Тил тақдири” лойиҳаси доирасидаги мубоҳасага сиз ҳам қўшилинг ва фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашинг.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 646

Один комментарий на “Тилим менинг: Ҳёте эмас, Гёте! | Кампирнинг дарди ғўзадами, ғозада? | Ненозин | Шуур нима?

  1. okyjy
    30.11.2018 at 12:57

    Juda yakshi makala

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *