Тоғай Мурод. Ёш қаламкашларга тилакларим

Биродар, сизга айтажак уч оғиз гапим бор.
1. Биродар, фақат ёлғиз одам асар излайди. Фақат ёлғиз одам асар топади. Фақат ёлғиз одам асар яратади.
Ана шу ёлғиз одам Ёзувчилар уюшмаси остонасидан кириб келади.
У зот ўйчан ҳам ғамгин бўлади. Мағрур ҳам димоғдор бўлади. Салом нима, алик нима – билмайди.Tog'ay Murod 1
Ўзи, қайси бир юртдан поездга осилиб келган бўлади. Ҳатто яшаш учун турар-жойи бўлмайди.
Ёлғиз одамнинг бир қўлтиғида Кафка бўлади, бир қўлтиғида Камю бўлади. У зот фақат қўлтиғидаги қаламкашларни ва… ёлғиз ўзини тан олади!
“Адабиётни қайтатдан, яратиш керак”, деб қўяди. “Чингиз Айтматов ҳам ёмон эмас”, деб қўяди.
Ёлғиз одам Ёзувчилар уюшмасига кириш учун учта йўлланма олиб келади. Йўлланмалар мана бундай бўлади: “Ўз дунёси бор, ўз йўли бор, ўз тили бор…”
Гўё, у зот бу сайёрадан эмас, ўзга сайёрадан. Гўё, у зот ер фарзанди эмас, само фарзанди. Хуллас… буюк!
Бундай қаралса – ушбу йўлланмалар кулгилидай туюлади. Аслида, йўлланмаларда зиғирдай жон бўлади. Ёлғиз одамнинг илк китоби ана шу жондан нишона беради.
Ёлғиз одам ана шундай йўлланмалар билан Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлади-ю… ёлғиз одам бўлмайди.
У энди “дўст” орттиради, “дўстлар давраси” орттиради.
“Аввало одам бўлиш керак”, “Граждан бўлиш керак”, “Шоирлик тақдир – ҳаммамиз ҳам бир дарвеш”.
“Дўстлар” ана шундай шиор остида “ижод” қилади.
У “дўстлар” билан наҳорда ошга боради, пешинда ошга боради, оқшомда ошга боради.
У энди… “аввало одам бўлади”, “граждан бўлади”, “бир дарвеш” бўлади. Қўли кўксида – тутун чиққан жойдан қолмайди.
У кўнса кўнди, кўнмаса – бадном бўлади.
Биров устоз бўлиб уни ўнгга етаклайди. Биров ака бўлиб уни чапга етаклайди. Биров муҳаррир бўлиб бошқа бир ёққа етаклайди.
У энди… “кўп қатори бўлади”, “ўзимиз қатори” бўлади.
“Катта бир нима деганда хўп денг”, “Сиз айтганни қилинг, кам бўлмайсиз”, “Акаларингизни маҳкам ушласангиз, одам бўласиз”.
У ана шундай устозона маслаҳатлар остида “ижод қилади”.
У кўнса кўнди, кўнмаса – ишга киролмайди, уй ололмайди, машина ололмайди.
У энди гуруҳлар манфаати йўлида бўзчининг мокиси бўлади. Фракциялар мақсади йўлида халқ дилидагини айтувчи халқпарвар бўлади. Фракциялар фойдаси йўлида ватанини ўйловчи ватанпарвар бўлади.
У энди ҳақикатпарвар қиёфасида муқаддас даргоҳларни алғов-далғов этади. Поқдомон дилларни яра этади. Мажлисларда дунёни бошига кўтаради.
Охир-оқибат яланғоч қирол бўлиб қолади.
Биродар, эзгулик йўлида гуруҳ тузмайдилар. Ватан йўлида фракция тузмайдилар. Халқ йўлида фракция тузмайдилар.
“Гуруҳ – бир-иккита зот манфаати йўлида бир тўда оломон телбалигидир”.
Жонатан Свифт ана шундай деб эди.
Биродар, сиз “мустақил Ўзбекистон”, деб ҳайқирасиз. Чин, Ўзбекистон мустақил бўлди. Чин, Ўзбекистон уч йилдан буён мустақиллик гаштини суриб яшамоқда.
Энди… сиз ўзингизга бир… ойна олиб қаранг: сиз-чи, сиз ўзингиз-чи?
Биродар, мен сиз-да Ўзбекистон юртингиздай мустақил бўлсангиз дейман.Мен сизга-да мустақиллик тилайман.
Биродар, жаҳонда бир қатор халқаро ташкилотлар бор. Барчаси-да оламжаҳон ташкилот, барчаси-да нуфузли ташкилот. Жаҳон мамлакатлари бировга қўшилмайдиган халқаро ташкилоти ана шулар жумласидан. Қанақа ташкилот экани номидан аён – бировга қўшилмайдиган давлатлар ташкилоти.
Биродар, Ўзбекистон юртингиз ана шу халқаро ташкилот аъзоси бўлди, Ўзбекистон юртингиз бировга қўшилмайдиган жаҳон давлатлари сафидан жой олди.
Энди… сиз-да ўзингизга бир… ойна олиб қаранг: сиз-чи, сиз ўзингиз-чи?
Биродар, мен сизни бировга қўшилмайдиган Ўзбекистон юртингиздан намуна олсангиз, дейман. Мен сизга мустақиллик тилайман.
Биродар, Ўзбекистон юртингиз ўз гербига эга бўлди.
Герб – давлат юзи, демақдир. Герб – эл юзи, демакдир.
Ана энди Ўзбекистон давлатингизни ўз юзи бор давлат деса бўлади. Ана энди ўзбек элингизни ўз юзи бор эл деса бўлади.
Энди… сиз ўзингизга-да бир… ойна олиб қаранг: ўзларида-чи, ўзларида?
Биродар, мен сизни Ўзбекистон давлатингиз йўлидан борсангиз, дейман. Мен сизни ўзбек элингиздан намуна олсангиз, дейман.
Биродар, мен сизда шахсий герб – ўз юзингиз бўлса, дейман. Мен сизга шахсий герб – шахсий юз тилайман.
Биродар, Ўзбекистон юртингиз ўз гимнига эга бўлди.
Гимн – давлат сўзи, демакдир. Гимн – эл сўзи, демакдир.
Ана энди Ўзбекистон давлатингизни ўз сўзи бор давлат деса бўлади. Ана энди ўзбек элингизни ўз сўзи бор эл деса бўлади.
Биродар, сиз ўзингизга тағин бир… ойна олиб қаранг: ўзларини-чи, ўзларини?
Биродар, мен сизда-да шахсий гимн – ўз сўзингиз бўлса, дейман. Мен сизга-да шахсий гимн – шахсий сўз тилайман.
2. Дастхат нима?
Дастхат – бармоқ. Дастхат – қўл. Дастхат – имзо.
Ана шу тамғалардан инсон зоти ким – билиб олса бўлади.
Шу боис, имзо – ҳужжат, имзо – дастхат.
Ҳаётда дастхатлар кўп: олим дастхати, қаҳрамон дастхати, санъаткор дастхати…
Аммо қаламкаш дастхати – дастхатлар дастхати. Қаламкаш дастхати – табаррук дастхат. Қаламкаш дастхати – тарихий дастхат.
Мен Абдулла Ориповдан дастхат олиш учун… нонга навбатда тургандай туриб эдим. Мен Чингиз Айтматовдан дастхат олиш учун… аэропорт бориб пойлаб эдим.
Уйимда ана шу зотлар дастхати бор. Мен ушбу дастхатларга қараб-қараб яшайман. Мен хаёлимда… Орипов билан ёнма-ён яшайман. Мен хаёлимда… Айтматов билан қўшни яшайман.
Мен ушбу дастхатларга қараб-қараб… ўзимни дадил ҳам улуғвор чоғлайман!
Биродар, кимдир лидер бўлмоқчи бўлади. Аммо лидер бўлолмайди. Ожиз бўлади.
Аслида, инсон учун ер яхши. Боиси, инсон ер фарзанди.
Аммо у зот ерга қаноат қилмайди. У юксакларни кўзлайди. У фазога талпинади,
У зот кўтарилиш учун нарвон излайди. Нарвон дея, ватанпарвар қиёфасида ватанфурушлик қилади, халқпарвар қиёфасида халқфурушлик қилади. Нарвон дея, мол-дунё тарқатади, жон куйдиради.
Охир-оқибат, нарвон топади. Узун-узун нарвон. Йигирма-ўттиз зинапояли нарвон.
У зот ана шу нарвондан юқори кўтарилади, У теваракка димоғи билан қарайди. У улуғвор-улуғвор қарайди. У буюкона-буюкона қарайди.
Гўё, у чўққи, барча – ер. Гўё, у улуғ, барча – фақир. Гўё, у буюк, барча – чивин.
Биродар, ана шу нарвон… сиз йиғажак имзолар! Ана шу нарвон… сиз қўяжак имзолар!
Узун-узун. Қават-кават. Бир имзо – бир зина, бир зина – бир имзо. Бир, икки, уч… йигирма бешта имзо. Демак, йигирма бешта зина!
Лидер ана шу нарвон зиналар – имзоларингизга оёқ тираб мансабга кўтарилади. Лидер нарвон зиналар – имзоларингизга оёқ қўйиб шон-шуҳрат чўққисига юқорилайди. Лидер нарвон зиналар – имзоларингизга оёқ тираб ғанимларидан ўч олади.
Сиз… зинапоя бўласиз!
Ахир бир имзо остида бир шоир елкаси ётади. Бир имзо остида бир адиб боши ётади. Бир имзо остида бир олим кўкраги ётади.
Лидер… шоирона елкангизга оёғини қўйиб кўтарилади. Лидер… адибона бошингизга оёғини босиб юқорилайди. Лидер олимона кўкрагингизга оёғини тираб кўтарилади.
Шундай, сиз зинапоя бўласиз.
Имзолар – зиналар, зиналар – имзолар…
Матбуотларда Зина-зина шоирона имзолар, Зина-зина адибона имзолар! Юқори идораларда қатор-қатор шоирона имзолар, қатор-қатор адибона имзолар! Архивларда қават-қават шоирона имзолар, қават-қават адибона имзолар!
Биродар, адабиёт имзо санъати эмас, йўқ, адабиёт имзо санъати эмас!
Сиз имзо эмас, сиз сўз йиғинг. Сиз аризага эмас, сиз  асарга имзо қўйинг.
Ана шу асарингизни нарвон қилиб юқори кўтарилинг. Оёқларингиз остида имзонгиз эмас – асарингиз бўлсин!
Эл-юртда қачон қайта қуриш бўлади?
Хар банда ўз аравасини ўзи тортса – эл-юртда қайта қуриш бўлади. Ҳар банда ўз аравасини ўзи тортса – эл-юрт бой ҳам обод бўлади.
Биродар, сизнинг аравангиз – адабиёт!
Биродар, шоир имзоси кулги бўлмиш ушбу кунда сиз ўз имзонгизни авайланг.
Эл сизни бир кўриш учун ёғилиб келсин. Эл сиздан дастхат олиш учун навбатда турсин. Эл дастхатингиз билан фахрлансин.
Биродар, адиб имзоси шармисор бўлмиш ушбу кунда сиз ўз имзонгизни қадрланг.
Эл сизни кутиб олиш учун пешвоз чиқсин. Эл сиздан дастхат сўрасин. Эл дастхатингизни уйи тўрига қуйсин.
Биродар, қаламкаш имзоси оёқ ости бўлмиш ушбу кунда сиз ўз имзонгизни кўз қорачиғингизда олиб юринг.
3. Самарқазд миноралари олисдан чўп мисол кўринади. Гўё, ушласа кафтга сиғади. Яқинроқдан эса каллакланган тут мисол кўринади. Гўё, қучоқласа қучоққа сиғади.
Олдидан баҳайбатдан-баҳайбат минора бўлиб кўринади. Кафт тугул, ақлга сиғмайди. Қучоқ тугул, хаёлга сигмайди.
Минора учидан ер сайин кенгайиб келади. Ерга келиб йўғонлашади. Минора жойи улкан гумбаз бўлади. Инсон гумбаз пойида бир ушоқ бўлиб қолади.
Ана шу гумбаз пойдевор минораларни асрлар оша кўтариб келди. Умр ато этиб келди.
Бадиий асар-да мисоли бир минора. Асарнинг-да ўз пойдевори бўлади. Асар умри ана шу пойдевордан бино бўлади.
Асар пойдевори – тил.
Тағин бир тил бор. Бу – оғиз тил. Гўдак кафтидай лаҳм эт. Суяксиз эт.
Ижод оламида бир тоифа қаламкашлар бўлади. Улар асари… ҳарфлардан иборат бўлади. Тузсиз сўзлардан иборат бўлади. Бетайин сўзлардан иборат бўлади.
Бу қаламкашларнинг оғиз тили эса… асфальт йўлдай бўлади. Оғиз тили асфальт йўлдай узун ҳам чексиз бўлади. Оғиз тили асфальт йўлдай қоп-қора ҳам қўланса бўлади.
Биродар, тил – дил, дил – тил. Фарқи – бир ҳарф, биттагина ҳарф.
Бундай қаламкашлар умриям асфальт йўлдай эзилиб ўтади. Умри қишда музлаб ўтади. Умри ёзда куйиб ўтади.
Бундай қаламкашларда тан-соғлик бўлмайди. Бет-бош бўлмайди. Ранг-рўй бўлмайди. Уст-бош бўлмайди.
Биродар, ёмон тил ё жонга уради, ё иймонга уради!
Бундайлар ҳар сўзини ойлаб ўйлайди. Ҳар сўзини ҳафталаб ўйлайди. Ҳар сўзини кунлаб ўйлайди. Ўйлаб-ўйлаб гап тарқатади, гап сотади, гап сасийди.
Гапи айланиб ўзига келса – у без бўлиб тура беради, у тониб тура беради. “Қанақа гап?” дейди. “Мен билмайман”, дейди. “Тилни суяги борми, гапираверади-да”, дейди.
Бундайлар ижодини жамласа бир жилд бўлади, иғвосини жамласа – ўн жилд бўлади!
Бундайлар мақсадларига қандай эришади? Бундайлар… салом-аликка оташнафас бўлади. Муомалада “одамни жони” бўлади. Улфатчиликни қотиради. “Дўстим”, “ўртоқ”, дея ўпишиб кўришади. Дуои фотиҳани боплайди.“Жаноб”, “тақсир”, дея сўзамол бўлади.
Биродар, сену менлар нимадан бошланади? Бир оғиз иғводан бошланади. Бир-бирлари аро тиш қайрашлар нимадан бошланади? Бир оғиз фисқ-фасоддан бошланади. Ўзаро ғанимлик нимадан бошланади? Бир оғиз фитнадан бошланади.
Таёқ этдан ўтади, сўз суякдан ўтади.
Биродар, жаҳон урушлариям… фитнадан бошланиб эди!
Ҳаёт тил билан бошланади, ҳаёт тил билан адо бўлади. Шу боис, ҳаётга келажак инсонни “тили чиқибди”, дейди. Ҳаётдан кетажак инсонни “тилдан қолибди”, дейди.
Биродар, қаламкашни суйдирадиган – асари тили, қаламкашли куйдирадиган – оғиз тили!

1993 йил

Тоғай Мурод (Менгноров Тоғаймурод) 1948 йил 3 февралда Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Хўжасоат қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1999). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1972). Биринчи йирик қиссаси – «Юлдузлар мангу ёнади» (1976). «От кишнаган оқшом» (1979), «Ойдинда юрган одамлар» (1980), «Момо Ер қўшиғи» (1985) каби қиссалари нашр этилган. «Отамдан колган далалар» (1993), «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» (2001) романлари муаллифи. Жек Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва ҳикояларини, Э. Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» қиссасини ўзбек тилига таржима қилган. «Отамдан колган далалар» асари асосида бадиий филм яратилган (2001),
Ёзувчи 2003 йил 27 майда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1994).

Сайт муаллифидан: 2018 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод таваллудига 70 йил тўлади. Шу муносабат билан Тоғай Мурод мухлислари ҳамда барча адабиёт ихлосмандларини яна бир бор ёзувчи ижоди билан ўртоқлашишга чорлаймиз. Материаллар ижтимоий тармоқларда қуйидаги ҳештеглар билан бериб борилмоқда #ТоғайМурод70 #ToğayMurod70
Маълумот ўрнида: 2017 йили интернетда Тоғай Мурод ҳаёти ва ижодига доир сайт ишга тушди www.togaymurod.uz
Бизнинг сайтимизда ҳам Тоғай Мурод асарлари ва ёзувчи ҳақидаги материаллар доимий бериб борилади.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 286

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *