Тўғрисўз

Турсунбой Адашбоевни яхши билмас эканман. Йўқ, мен таниқли болалар шоирини эмас, бошқа бир Адашбоевни – кичикфеълу каттақалб инсонни назарда тутаётирман. Болаликда домланинг (у кишини домла дейман) шеърларини кўп ўқиганмиз, ғойибона устоз билганмиз. Таъбир жоиз бўлса, ўша пайтлари бу муҳтарам зотнинг саломимизга алик олиши ҳам биз учун катта гап эди. Ният холис экан, бугун у кишининг «алиги» – ёзган-чизганларимиз, босган қадамимизга муносабати қўллаб-қувватлаб, кўнглимизни кўтариб турибди.

***
Домла болалик йиллари – «чўнтагида шамол ўйнаган» пайтларини кўп эслайди. Хотиралар сўзлашича, отасидан жуда эрта ажралган ёш Турсунбойнинг болалиги бошоқ териш, кўсак чувиш каби юмушлар билан ўтди. Бола – бола-да, анча йиллар «гул тергани кетган» отасининг йўлини пойлади… Беш яшар Турсунбой ота тарафдан бобоси мулла Абдулмажиднинг қўлида тарбия топади. Шоирнинг ўзи бобоси ҳақида шундай ёзади: «У киши ўта талабчан, ички интизомга қатъий амал қиладиган одамлар сирасига кирарди. Набираларининг орасида фақат мен эркароқ эдим. Бобом урмасдан, сўкмасдан, фақат тагдор гаплар билан интизомга чақирарди…». Ўзимча буни ҳикматга йўяман: бобосининг тарбиясини олгани учун ҳам ўйинқароқ Турсунбойда мардонавор фазилатлар шакллангани аниқ. Бундан ташқари, бобоси анча саводли киши бўлган экан, бу эса ёш Турсунбойда илмга, ижодга иштиёқни кучайтирган бўлса, эҳтимол.
Ижодий учрашувларда Турсунбой Адашбоев болалик йиллари, ўша таҳликали замонлар ҳақида кўзига ёш олиб гапирганини кўп кузатганман. Бугуннинг озод ҳаволаридан масрур ёш авлод вакиллари бу хотираларни эртакдек тинглаб ўтиришади. Ҳа, у кунлар худди эртакка ўхшайди. Бу «эртак»лар Адашбоевнинг шеърларига ҳам кўчиб ўтган. Қанийди, улар ростдан ҳам эртак бўлса…
Турсунбой домла тенгилар урушдан кейинги оғир йилларни яхши эслайди. Ўша дамлари ҳамқишлоқлари тунлари кўсак чувишар, энди бешинчи синфга қатнаётган Турсунбой Давронбой бахши билан овулдошларига халқ достонларидан навбатма-навбат ўқиб беришарди. «Икки мавсум давомида Давронбой оғам билан биргаликда қишлоғимизнинг клуб ҳамда чойхонасида овулдошларимизга «Гўрўғли» туркумига кирган халқ достонларини, кейинроқ «Кунтуғмиш»ни ўқиб бердик», – дея эслайди домла. Кейинроқ Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти фольклор бўлими мудирининг мақоласидан илҳомланган зийрак ўспирин Олим бахшидан «Ёзи билан Зебо» достонини ёзиб олиб, Тошкентга – Ҳоди Зариф, Музайяна Алавия каби халқ оғзаки ижодининг билгирларига жўнатади. Ўша пайтдаги ўсмир ўқувчи достонни қандай ёзиб олгани ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Отанинг икки шогирди билан ёнма-ён лой пишитишда кўмаклашиб, дам олиш чоғида, оқшом пайтларида «Ёзи билан Зебо»ни дафтарга тушира бошладим. Тўрт печдан иборат пахса деворли қўрғон ўн икки кун деганда қад ростлади. Мен ҳам шу орада ўн икки варақли ўнта дафтарга достонни ёзиб бўлдим». Ана шу руҳда улғайган Турсунбой Адашбоев кейинчалик халқ ижодига хос қуйма ва равон сатрларни ўз ижодида имкон қадар акс эттирди.
Ёш Турсунбойнинг устоз адиблар билан ёзишган мактублари эса мактаб миқёсида катта шов-шув бўларди. Қизиқувчан йигитча баъзи саволлари билан Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом каби атоқли адибларнинг ҳам «бошини қотирган» эди. Бола – бошдан, дегани рост экан-да…

Tursunboy Adashboyev

Турсунбой Адашбоев ва ёзувчи Носир Фозилов

***
Айни кунларда нуроний ёшдаги устознинг бугунги ғайратига ёшларнинг ҳам ҳаваси келади. Болаларнинг севимли шоири Турсунбой Адашбоев – сермаҳсул ижодкор, шоир, таржимон, пародиянавис. Нашр қилинган йигирмага яқин китоби аллақачон мамлакатимиздаги китобсевар хонадонларга кириб борган, жажжи мухлисларнинг кўнглидан жой олган. Унинг жаҳон болалар адабиётидан таржималари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Пародиянинг ҳадисини олган моҳир муқаллид-шоирнинг бу борадаги хизмати катта.
Болалар адабиёти тадқиқотчилари Турсунбой Адашбоев ижодини етарлича таҳлил этишган. Шоир ижодининг ўзига хос хусусиятлари илмий тадқиқотларга асос бўлаётгани қувонарли, албатта. Бахшулло Ашуров «Турсунбой Адашбоевнинг поэтик маҳорати» мавзуидаги номзодлик диссертациясида шоир ижодига доир энг муҳим жиҳатларни очиб беришга ҳаракат қилади.
Ҳа, ҳозирги ўзбек болалар адабиётини Турсунбой Адашбоевсиз тасаввур қилиш асло мумкин эмас. Бу шунчаки ортиқча симпатия қабилидаги гап эмас, албатта. У кишининг ўзбек ва қирғиз халқлари орасида адабий-маданий алоқалар ривожланишига қўшган камтар ҳиссаси алоҳида эътироф этгуликдир.
Турсунбой Адашбоевнинг кўпйиллик самарали меҳнати муносиб тақдирланган. У болалар адабиёти соҳасидаги Абдулла Авлоний номидаги мукофот лауреати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, Қирғизистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ва Қирғизистон Республикасининг «Манас» орденлари соҳибидир.

***
Турсунбой Адашбоевнинг суяги меҳнатда қотганини эслатиб ўтдик. Меҳнатсеварлик, ҳалоллик унинг қонида бор. Шоир ижодда ҳам бу хислатидан чекинмаган, аксинча, кўплаб шеърларининг мағзи ҳам шу: меҳнатсеварликка даъват, дангасаликдан парҳез қилиш. Шоир бир шеърида мураббо пиширишда онасига қарашаётган боланинг тилидан айтади: «Ҳамма нарса ранг оларкан меҳнат, ишда».
Унинг шеърларида янгроқ торини қўлга олиб тоғдан тушиб келаётган баҳор, уч кун бўлса-да, қир-адирни яшнатган момақаймоқ, майсаларга сирға таққан илк баҳор ёмғири, тоққа миниб олган заркамалак, ёмғирдан сўнг далаю боғларга дазмол босаётган қуёш – ҳаммаси ёш ўқувчига ўзгача кайфият улашади. Шоирнинг юморга йўғрилган, лофи билан айтган шеър, эртагу ривоятларида ҳам ҳалоллик, ростгўйлик, камтарлик каби инсоний хислатлар улуғланиб, ёш авлодни юксак хулқ соҳиби қилиб тарбиялашга даъватдай янграйди. Шеърлардаги аксарият қаҳрамон-ҳайвонлар – бефаросат эшак, ҳийлагар ўргимчак, дарахтларнинг соч-соқолини қиртишлаётган жирафа – бари-бари мажоз йўли билан шу эзгу ниятга сафарбар этилади. Унинг шеърларида чақимчи, албатта, жазосини олади, мақтанчоқ мулзам бўлиб қолади, хулласи, шоир ўзи «сезиб-сезмай» яхшилар томонига «ўтиб олади».
Теранроқ назар ташланса, Турсунбой Адашбоевнинг энг ҳазиломуз, юморга йўғрилган шеърларида ҳам маъюслик, ҳазин оҳангни сезиш мумкин. Булар, эҳтимол, кўпни кўрган, ҳаёт машаққатларида обдан чиниққан донишманд инсоннинг армонлари, дил нолаларидир. Шоир:

Юрагимни анор каби эзғилаб
Сизга атаб қувноқ шеърлар ёзаман,–

деганида ана шу «сойлар ювса кетмас» қалб кўзёшларини назарда тутган бўлсамикан…
Турсунбой Адашбоевнинг «Фуфайка» номли «даҳшатли» шеъри бор. Урушдан кейинги йиллардаги воқеий ҳикояга асосланган шеърнинг ёзилиш тарихи ҳақида шоирнинг ўзи кўзига ёш олиб сўзлаб беради. Қисқаси, мактаб ҳовлисида илмий мудир узун стол устига тахланган пахтали нимча – фуфайкаларни рўйхат асосида эгаларига топширади:

Ажабланманг, бу уст-бош
Аталган деб кимларга?
Отаси жангда ўлган
Бечора етимларга.
Алфавитга биноан
Ўқилади рўйхатлар:
Абдуллаев, Аброров…
Кўзимдан олов чатнар…

Бунақа ошкора «меҳрибончилик», хўжакўрсинга бериладиган тортиқ ёш Турсунбойга ёқмайди, аксинча, безгаги хуруж қилиб, силласи қурийди ва унга навбат етгунча зич сафнинг орасидан уйга қараб қочади… Шеърда ёш қалб эгасининг руҳияти, мурғак юрак фарёди яхши очиб берилган.
«Биз шундай кунларни кўрдик, сизлар бугуннинг қадрига етинглар», – дейди у қиссадан ҳиссани шоирнинг ўзидан кутиб ўтирган жажжи дўстларига.
Турсунбой Адашбоевнинг шеърига кўчган онанинг сўнгги илтимосига қулоқ тутайлик:

Берсин сенга боболарнинг
Бардошини, сабрини.
Қилиб тургин зиёрат,
Ўғлим, отанг қабрини.
Тегирмоннинг тошидек
Йил айланар ўртадан.
Мендан кейин қишлоққа
Келмайсан, деб қўрқаман…

Tursunboy Adashboyev bilan

Турсунбой Адашбоев ва Азиза Бегматова билан ижодий учрашувлардан бирида. 28.10.2010

Дарвоқе, қишлоқ мавзуи. Турсунбой Адашбоевнинг беғубор битикларида кўз очиб кўрган юрти Сафедбулон, тоғлар ва кенгликлар, содда ва мард қишлоқ одамлари мутлақо ўзига хос тарзда поэтик тилга кўчади. Таниқли болалар шоири, Адашбоевнинг чоғдоши Анвар Обиджон таъкидлаганидек: «Унинг бошқаларга ўхшамаслик томони шеърларида ўзи яшаб турган ҳудуд манзараларини, ерлик кишиларнинг шу жойга тааллуқли урф-одатларини жозибали баён этиб беришида, ўзи гувоҳ бўлган воқеалар, шахсий кечинмаларини ўқувчининг қалбини тўлқинлантирадиган сатрларга айлантира олишида»дир.
«Болалар шеърияти панд-насиҳатдан тўйиб бўлган, – дейди шоирнинг ўзи, – бугун кўпроқ болаларимизнинг фикрини чархлайдиган, ақлини қайрайдиган шеърлар керак».
Шоир шеърларини ўқиш, ёд олиш асносида бола луғатига ғурғулдай (майнага ўхшаш қуш), синчи, жели (каклик, бедана овлайдиган тўр), ўқириқ (учига қил арқон боғланган таёқ), кавар (тулки севиб ейдиган ўсимлик меваси), жўр (тўрғайнинг бир тури), бурчоқ (ёввойи нўхат), кўкан (ҳайвонлар боғланадиган қил арқонли махсус ўрин), ширдоқ (гиламнинг бир тури) каби сўзлар кириб келади.
Адашбоев домла устозлари ҳақида кўп гапиради. Миртемир домлани, Зафар Диёр, Султон Жўра, Қудрат Ҳикмат сингари ўзбек болалар шеъриятининг атоқли намояндаларини бот-бот тилга олиб, уларнинг гўзал фазилатларини ёшларга ибрат қилиб кўрсатади.
Турсунбой Адашбоевни кўпчилик бағрикенг инсон сифатида қадрлайди. Кенгфеъллик – домланинг ҳаёти ва ижодини нурлантириб турган фазилат. Ўзининг зиёнига бўлса ҳам, ҳақиқатни айтиш – унинг яна бир хислати. Устига устак, Адашбоев домлада ички интизом кучли. Аниқ биламан, келишилган вақтдан озгина аввалроқ борсангиз ҳам, у сизни кутиб турган бўлади.
Кузатсам, домланинг дўстлари жуда кўп экан. Мамлакатимизнинг қайси ҳудудига бормасин, уни қучоқ очиб кутиб олишади. Энг муҳими – улар шунчаки кўнгил ёзадиган улфатлар эмас. Унга ихлос қўйганлар кўп…
Яна, домланинг халққа жуда яқинлиги ҳайратлантиради. Касби, соҳасининг фарқи йўқ, ким билан бўлса-да, тез тил топишади. Бу, аввало, унинг ҳамиша халқ орасида юриб, кўпни билганидан, қолаверса, кичикфеъллигидан бўлса керак.
Адабий учрашувларда домладан пародияларидан ўқиб беришини сўрашади. Пародист шоир шунчаки муаллифнинг устидан кулиш учун эмас, ачиниб, адабиёт, маънавият келажаги учун қайғуриб ёзаётгани шубҳасиз. Домланинг яна бир яхши одати, ўзи таъсирланган яхши асарни, унинг муаллифи ким бўлишидан қатъи назар, бошқаларга ҳам илинади…
Ёнингда шундай инсонлар яшаётгани учун ҳам ёзсанг арзийди, дейман ўзимга ўзим. Ҳа, етмишдан ўтганда ҳам тойболадай яйраб юриш учун кўп нарса керак эмас экан. Ният тўғри, унга яраша қалб тоза бўлса, одам қаримаскан. Қаримасликнинг йўли шу экан. Ҳозирча домладан ана шуларни ўргандим.
Очиғи, бу битикларни қоғозга туширишга анча қийналдим. Турсунбой домла ҳақида қанча тўлиб-тошмай, нимадир, энг муҳим нимадир қолиб кетаётгандек туюлаверди. Аммо бугун мана шу сўзларни айтгим, жуда ҳам айтгим келди.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
“Маърифат” газетаси, 2013 йил 1 июн.

Бугун (12.05.2017) кутилмаганда Турсунбой Адашбоевнинг вафоти ҳақидаги нохуш хабар кўпчилигимизни эсанкиратиб қўйди. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.
Турсунбой домла ҳақида ҳали кўп ва хўб гаплар айтилади, тобора беқиёс ўрнини ҳис қилаверамиз. Устозни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 141

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *