Тоҳир Қаҳҳор. Навоийнинг қўллари

Ўтган асрнинг 60-70 йилларида адабиётимизга ўзбек шеъриятини мазмун ва шакл, энг муҳими, бир оз бўлса-да ғоявий жиҳатдан янги йўлга бура олган ёш тўлқинлар кириб келди. Азиз Абдураззоқ, Ҳусниддин Шарипов, Тўра Сулаймон, Эркин Воҳидов, Хайриддин Салоҳ, Сайёр, Разоқ Абдурашид, Тўлқин, Анвар Ҳожи, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Муҳаммад Али, Жамол Камол каби шоирлар илк шеърий тўпламлари биланоқ тилга тушди. Уларнинг асарларидаги соф лирикага яқинлик, замон, ўтмиш ва келажакка туташ дадил қарашлар ўқувчиларни қувонтирди. Қўрқув салтанати ва иккинчи жаҳон урушидан, кейинги оғир йиллардан қутулиш юки остида эзилган руҳлар бир оз тикландилар. Ўша олтмишинчи йилларда мактаб ўқувчиси эдим, гоҳ нон, гоҳ зоғора еб юрган халқнинг янги пул чиққанда севинганини яхши эслайман. Янги шеъриятдан мухлисларнинг севингани ҳам шунга ўхшаш бир табиий ҳолат эди. Ҳар ҳолда, урушдан сўнг ҳали унча тикланиб ололмаган юпун ўлкада, сталинчилик зулми ва Сибир сургунлари таъсиридан қутулмаган совуқ муҳитда руҳи қунушган инсонларни бу шоирларнинг 50 ёки 120 бетли жажжи тўпламлари кичик гулханлар каби қувонтирди, жонларини бир оз илитди. Бир оздан кейин юз берган сиёсий бурилишлар, тарихий ва адабий меросга муносабатнинг ўзгаришлари мустамлакадаги мазлум омманинг тош қотган, қақраган кўнглига умид томчилари каби ёғилди. Навоийнинг 15 жилдлиги, Беруний ва Ибн Синонинг ҳам жилд-жилд асарларининг ўзбек ва рус тилларида босилиши миллий фан ва адабиётимиз даражасини, унинг жаҳондаги ўрнини халқимизга моддан кўрсатиб қўйгани 37-йилларда бетонлаштириб ташланган оммавий миллий тушунчани ҳам қўзғотди, миллий фикрлар чечаги у мудҳиш тошни ёриб чиқа бошлади.
Ана ўша янги тўлқин ичида, менимча, Чўлпоннинг товуши сўндирилгандан кейинги чорак асрлик жимлик зулматини ёриб, эл кўзига кўринган, узоқ-узоқларга эшитилган энг ёрқин, ёқимли овоз Эркин Воҳидовники эди. Чунки шоирнинг бармоқдаги асарларида Ойбек, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Миртемир лирикасидаги каби самимий, мусаффо, тиниқ ва янгроқ ифода бор эди. Аруздаги “Ёшлик девони” эса, ўша 20-йилларда бошланган классик адабиётимиз анъаналарини замонавий шеъриятга олиб кириш йўналишидаги катта муваффақият эди. Қирқ ёшли шоир  Ҳабибий, Чархий, Чустий каби устозлар қўлидан олган эстафета байроғини янада юксакка қададики, байроқ ҳалиям ўша нуқтада эркинона хилпираб турибди.
Бу девон чиққунгача, балки, Эркин Воҳидов замондош шоирлар сафида, ёндош юргандир, аммо “Ўзбегим” қасидаси билан улар орасида аруз вазнида қалами мукаммал, йўлдошларидан фарқланадиган фазилат эгаси эканлигини исботлади. Арузни давримизга, халқимизга янада яқинлаштириш билан бирга, миллий мушоҳада тарзимизни тарихий ўзанларга йўналтиришга интилгани, шеърдаги оҳанг устунларини маъно ва мазмун тамалига уста меъмордай мустаҳкам тиклай олганини, бу билан ўқувчи икки-уч ўқишда ёдлаб оладиган, куйи сўзи билан бирга яратилган қўшиқ каби шеъру ғазаллар битган шоир – майдонда бошқалардан ажралиб турган ягона ботир қалам эканини кўрсатди.
Бойлик ва шуҳрат офат дейдилар. Тарихда, турли замонларда бу икки юҳонинг қурбонлари кўп кўрилган. Барча инсон моддий ва маънавий нафс кишанбандидир, шу боис унинг бу икки жозибали чўққига интилиши ғоят табиий. Унга чиққанларни йиқилишдан яхши ахлоқ, камтарлик сақлаб қолади, дейишади. Эркин Воҳидовнинг йигирма ёшида ёзган “Камтарлик ҳақида” номли шеъри ана шу мавзуда. Ўзбеклар мухитида чой ичиш кундалик одатдир; меҳмонга даъват этишаркан, бир чой ичиб кетинг, дейишади; емак пайтида ҳам биринчи қутлуғ нон синдирилса, ундан кейин чой қуйиб, пиёлани ўнг қўлда тутиб, ҳурмат билан узатилади. Шеър ана шу чой узатишдаги удумдан, пиёланинг чойнакдан камтарона пастда туришидаги ҳолатдан илҳомланиб битилган:
Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.
Сўзлар билан чизилган бу манзара оммага жуда яқинлиги, хулосадаги бу ўгит халқнинг кўнглида, тилида, кундалик ҳаётида доим бор бўлгани учун ҳам шеър яралганидан буён ёдланиб, турли йиғину шаънликларда ўқиб келинмоқда. Шеър тамалидаги ҳолат ва маъно, менимча, дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинганда ҳам аслиятдан узоқлашмайди ва фақат ўзбекларга хослигини йўқотмайди. Славян тилларига ўгирилганда, чайник ва
стакан шаклида; туркий тилларга таржима қилинганда эса, масалан, туркчада, озарбойжончада чайданлик ва бардақ тарзида, шаклану мазмунан аслиятдаги кўриниш ва мантиқни, ғояни тўла акс эттириши мумкин. Тил жиҳатдан қаралганда, чой, чойнак чин тилига, пиёла юнончага боғлиқлиги маълум, аммо бу атамалар икки ярим йилдирки туркистонликлар тилига ўзлашиб кетганлиги баробарида, халқимизнинг тарихига оидлиги билан ҳам эътиборлидир.
Шеърнинг қиймати, менимча, қандай ёзилгани ва қандай тушунча акс эттирилгани билан ўлчанади. Қалам эгаси санъаткорлиги билан шуҳратга, нимани ёзгани, неларни дегани билан халққа ва ижтимоий ҳақиқату адолатга яқинлаша боради. Эркин Воҳидов “Ўзбегим”, “Инсон” қасидалари, шунингдек, Навоий, Бобур, Фузулий ғазалларига битган мухаммаслари билан ана шу икки фазилатга қирқ ёшида эришган санъаткордир.
Эркин Воҳидовнинг шуҳратини “Ўзбегим” ўша йилларда бутун Ўзбекистонга, ўзбеклар яшайдиган қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистонга, кейинчалик қардош туркийларимизнинг Озарбойжон, Туркия каби ўлкаларигача етказди. Ҳатто Америкадаги Туркистонликлар жамиятидаги минглаб ватандошларимиз ҳам бу қасидани ёд ўқишгани, байрамларда қўшиқ қилиб айтишгани маълум. 90-йилларгача, яъни мустақиллик даври бошлагунга қадар бу қасида ўзбекларнинг тўй-томошасида куйланган бир миллий гимн эди (ҳали миллий мадҳиямиз ёзилмаган пайтда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги бир йиғинда телевидение мухбири бу хусусдаги фикримни сўраганда, юқоридаги тушунчамни айтгандим).
Тарихингдир минг асрлар
    Ичра пинҳон, ўзбегим,
Сенга тенгдош Помиру
    Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.
1924 йилда     шўро Туркистон мухтор республикасини йўқотиб, азалдан Тиёншон-Тангри тоғлари атрофида, кўпинча бир хоқонлик ё хонликлар ичида бирга яшаган туркийларни сунъий равишда, қонунсиз (реферундум ўтказилмаган), янги шўро империяси манфаатига мослаш учун бир-биридан ажратиб ташлагани маълум. Афросиёбнинг – қадим Самарқанднинг қурувчиси ва хоқони Алп Эр Тўнга эканини билдирган “Қутадғу билиг”, араблар истилосигача хизмат қилган она тилимиз, ёзувимиз – кўктурк алифбоси, яъни Ўрхун хати ҳақидаги китоблар ҳам ўша 60-70 йиллар орасида босилди ва “Ўзбегим” қасидасида юксак маҳорат билан ифодаланган бу тушунчалар халқимиз онгини очди. “Ягона шўро халқи” яратиш, яъни империядаги бошқа миллатларни йўқотиб, битта тилни, битта элни ҳукмрон этишга қаратилган сиёсат юритилаётган бир даврда бу қасиданинг майдонга келиши, менимча, давр талаби эди. Рум қайсари ва Чингизу Ботулар босқинига кўксини қалқон қилган халқимизни улуғларкан, шоир ишғол остидаги ватаннинг фожеали манзарасини шу ндай чизади:Erkin Vohidov
Ёғди тўрт ёндин асрлар
    Бошингга тийри камон,
Умри қурбон, мулки торож,
    Юрти вайрон, ўзбегим.

Давр зулмига ва лекин
    Бир умр бош эгмадинг,
Сен – Муқанна, сарбадор – сен,
    Эрксевар кон, ўзбегим.
Бу қасидада эрксеварлик рамзи  ўлароқ тилга олинган Муқанна, сарбадорлар ҳақида кейинчалик Муҳаммад Алининг романи, Азим Суюннинг драмаси, Мирзапўлат Тошпўлатовнинг қиссаси, кўплаб шеърлар яратилганида ҳам бу сатрларнинг таъсири бор, албатта. Муаллиф дунёга Беруний, Хоразмий, Форобий, Улуғбек каби жаҳоншумул олимларни, “шеърият мулкида шоҳу султон” Навоийни, Бобуру Машрабларни туҳфа этган халқнинг ачинарли аҳволини (Маарий “ориф инсон ўз юртида ғарибу ғурбатдадир, яқинлари орасида бегона ва кимсасиздир” деганидек), мазлумлигини қуйидагича тасвирлайди:

Илму шеърда шоҳу султон,
    Лек тақдирига кул,
Ўз элида чекди ғурбат,
    Зору нолон ўзбегим.
Қасиданинг ўша мазлумлик йиллардан бошлаб халқимиз руҳига таянч, жонига суянч бўлиб хизмат қилганини алоҳида таъкилаш лозим. Ҳаётим давомида ёшу кексаларимиз тилидан, қисқагина қилиб: “Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон, ўзбегим!” дея ёки:
Менга Пушкин бир жаҳону
Менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўксим осмон, ўзбегим.

– деб қўлларини ҳавода силкитиб, фахрланишганини кўп кўрганман. Қасиданинг энг машҳур сатрлари, худди мақолга ўхшаб энг оммалашган байтлари шулар бўлса керак, деб ўйлайман.         Эркин Воҳидовнинг кўплаб шеърларида шоҳбайтлар, шоҳсатрлар бор. Бу қасидада ҳам қуйидаги байтда бир сўзни бир неча маънода қўлланганини, жарангдорлик ва теранликни кўрамиз:
Йиғлади фурқатда Фурқат
    Ҳам муқимликда Муқийм,
Нолишингдан Ҳинду Афғон
    Қилди афғон, ўзбегим.
Бу қасидада, шоирнинг илк машҳур шеърларидан бири миллий турмушдаги чой ичиш, чойнак ва пиёла деталига боғлиқ бўлганидек, ўзбеклар қиёфасини белгилайдиган бош кийимга дахлдор яна бир шоҳбайт ҳам бор:
Қайга бормай, бошда дўппим,
    Ғоз юрарман фахр этиб,
Олам узра номи кетган
    Ўзбекистон, ўзбегим.
Қадим замонлардан йигирманчи аср бошларигача Туркистон  қавмлари, уруғлар бир-биридан бўрклари, қалпоқлари билан фарқ қилишган. Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа республикалар тузилгандан кейин бу сақланиб қолди; бугунда ҳам Фарғона ва эски Илоқ – Тошкент водийлари билан Самарқанду Бухоро томонларда кийиладиган дўппилар фарқлидир. Шоир “Қайга борсам, бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб” деб ёзганида (кейинчалик бу сатр юқоридагидек таҳрир этилган), бизнингча, умуман дўппини кўзда тутган. Бу байт қасидани узукка кўз қўйилгандай безаб турибди. Баъзилар “туркман ҳам чўгирмасини, қозоқ ҳам қалпоғини кийиб гердайиб юриши мумкин, шуям гапми” дея кесатиқ қилгани ҳам маълум. Бу арузни бимайдиган, мумтоз адабиётимиздан узоқ, уни ўқиса ҳам тушунмайдиган, адабиётга бир кўз билан қарайдиган чаладомлаларнинг чирик тушунчасини эслатидан майда гап, менимча. Дўппи кийиш йигирма биринчи асрга келиб, вилоятларимизда аввалгидай урф бўлса ҳам, Тошкентда ва айрим туманларда кам қўлланилаётгани ҳам маълум (олтиариқлик бир танишимдан нега шлаяпа кийишини сўрасам, дўппи кийсам, ким ўлди дея сўрашади, деди кулиб; демак, бугунларда дўппи фақат тўйда ё асосан аъзада, жанозада кийиладиган бош кийимга айланганди, дейиш ҳам мумкин). Аммо бу асар ёзилган ўша 1968 йилдан 90-йилларгача “Ўзбегим” қасидаси халқимизнинг энг севимли шеъри, қўшиғи сифатида тўю тантаналарда миллий гимн каби янграганини ҳеч ким инкор этолмайди; зотан, бошқа ҳеч бир шоир бу даражада мукаммал қасида ёзолмагани ҳам аён. Қисқаси, бу ўз даврида битилган ва элимизнинг миллий руҳда тарбияланишида нону сувдай хизмат қилган, муаллифини юксалтирган қутлуғ асар. Шуларга суяниб, Ўзбекистон ва ўзбекларнинг қадим Туркистон ва Туронга боғлиқ тарихларини,  миллий қадриятларини шеърга солиш, “Ўзбегим”дай обидани яратиш 1968 йилда фақат Эркин Воҳидовга насиб этди, дейиш мумкин.
Шу ўринда муаллифнинг етук файласуф шоирлигини, маҳорату санъатини исботлаган яна бир асари “Қўллар” ҳақида тўхталиш жоиз.
Танингда камтарин аъзо
    Бу қўллардир, бу қўллардир,
Мудом меҳнат учун пайдо
    Бу қўллардир, бу қўллардир…

Ҳаёт деб ердан узсанг ҳам,
    Нажот деб кўкка чўзсанг ҳам,
Тириксан то сенга ошно
    Бу қўллардир, бу қўллардир…

Ғазал бахш этган оламга,
    Ажал келтирган одамга
Бу тиғдир, бу гули раъно,
    Бу қўллардир, бу қўллардир.

Бундан қирқ йиллар олдин бу қасидани ўқиган шеърхон инсон меҳнати улуғланган ва одам, ватан, меҳнат, ҳаётнинг бир бутун эканлигини таъкидлаган, тасвирлаган юқоридаги шоҳона байтлардан кўнгли ва ақли тўйингани, завқлангани маълум. Мустақилликдан кейин диний билими ортаётган китобхон ўқиркан, у дунёда қўлларингиз қилган амалларингиздан хабар бергай, каби қутлуғ сўзларни эслаши ва бу қасида муаллифига янада меҳру ҳурмати ортиши табиий. “Ҳаёт деб ердан узсанг ҳам, нажот деб кўкка чўзсанг ҳам”, “Ғазал бахш этган оламга, ажал келтирган одамга” каби қўш қофияли сатрлар эса шоирнинг санъати, мақоми юксаклигини уқдириб турибди.
Жаҳон даъвосини этган,
    Жаҳондин лек очиқ кетган
Скандар илки бедаъво
    Бу қўллардир, бу қўллардир, байтида Навоийдан таъсирланиб, навоийона сатрлар битса,
Диёрим бир сахий соқий,
    Орол унга майи боқий,
Сиру мавжли Амударё
    Бу қўллардир, бу қўллардир, дея Ҳофизнинг машҳур “Бидеҳ соқий майи боқий, ки дар жаннат нахоҳи ёфт” сатрига жўр байт муаллифининг, бизнингча, Навоий ва Лутфийлар икки йиғлаган кўзга ўхшатган икки Туркистон дарёсини янги замонда юртни обод қилишга киришган икки буюк қўлга қиёслагани, албатта, кашфиётдир.
Фасоҳат хомасин тутган,
    Ғариб ўз соҳибин этган    
Алишердек буюк сиймо
  Бу қўллардир, бу қўллардир, байтини ўқиркан, Навоийни суйган, унга шайдолиги ва садоқатини унинг ижодий ва инсоний фазилатларини асарларида, ҳаётида давом эттиришга интилиши билан кўрсата олган Эркин Воҳидов ҳам Навоийнинг барҳаёт, навоийона қалам тутган қўлларидан биридир, деган фикр кечади кўнгилдан.
Йигирманчи йилларда Вадуд Маҳмуд ёзганидек, шарқ туркларининг энг буюк шоири Навоий, ғарб туркларининг энг улуғ шоири Фузулийдир. Бу икки устоз ижодини, бу икки қардош минтақа шоирлари асарларини пухта ўрганган Эркин Воҳидовнинг иккала устоз ғазалига боғлаган мухаммасини ўқиркансиз, уч шоирнинг бир майдонда мусобақа қилаётганига гувоҳ бўласиз.
“Этмасмидим” радифли машҳур  ғазалга мухаммас боғларкан, шоиримиз Фузулий руҳи билан ўз руҳини  бирлаштиришга интилади, Фузулий байтига маънодош, оҳангдош сўзлардан фузулийона сатрлар ярата оладики, у бир шоир томонидан ёзилгандек, эркинона шавқу шиддат камтарликдаги фузулий инжаликлари билан бирлашгандек таассурот қолдиради.
Ўлмасам зор анга, тарки оҳу зор этмасмидим,
Ишқ коридан кечиб бир ўзга кор этмасмидим,
Гар жунун ёр ўлмаса, ҳолимдан ор этмасмидим,
Ақл ёр ўлсайди, тарки ишқи ёр этмасмидим,
Ихтиёр ўлсайди роҳат ихтиёр этмасмидим.
Навоийнинг “ихтиёрсизликдан борму манга ихтиёр” деган ҳайқириғида буюк башарий фожеа, Фузулийнинг “ихтиёр ўлсайди роҳат ихтиёр этмасмидим” деган нолишу аламида азалдан Одам Ота болалариги ризқу насиба этилган Ҳаёт, Ўлим ва бу икки тушунчага боғлиқ мудҳиш ихтиёрсизлигу эрксизлик бор. Бу буюк алам, қарамлик, ночорлик дунёсидир. У билан ҳатто “исёнкор” Машраб ҳам “дардингни қариндошу ғамингни падар эттим” дея муросага келгандай туюлади. Бу ғурбат ва ғариблик дунёси халқ достонларимизда чапаничасига “номард дунё”, Гўрўғли каби қаҳрамонлар тилидан эса жайдари қилиб “ёлғончи” дея бир сўз билан сифатланган. Шеърда Ер юзи ва ундаги умрларнинг фақат фожеа ва йўқолиш билан битадиган охирига туташ малъун ихтиёрсизлик фожеалари чизилмоқда.
Жанр талабига мос ўлароқ Эркин Воҳидовнинг илк сатрлари Фузулий ғазалининг илк мисрасидан келиб чиқиб яратилган, яъни “Ақл ёр ўлсайди, тарки ишқи ёр этмасмидим” сатрига “Ўлмасам зор анга, тарки оҳу зор этмасмидим? Ишқ коридан кечиб бир ўзга кор этмасмидим?” деган пушаймонлик хасрати туташдир. Ошиқ, ёрга муҳтож бўлмасам, азобланиб ўтирармидим; ишқ меҳнатидан кечиб, бошқа иш қилмасмидим; эсим бўлса, шундайин жиннича ҳолимдан орланмасмидим (бу сатрни “ишқ фойдасидан кечиб, бошқа фойдага йўналсам бўлмасмиди” каби уқиш ҳам мумкинки, бу-да муаллифнинг маҳоратидир, албатта), деркан, мухаммасчи “Ақл ёр ўлсайди, тарки ишқи ёр этмасмидим” сатрига тазод билан “Гар жунун ёр ўлмаса, ҳолимдан ор этмасмидим,” мисрасини боғлайдики, менимча, бу икки доҳий шоирнинг икки ёндан шовиллаб оқа келган фикру туйғуларининг ирмоғи бир чўққида бирлашиб, энди янада кучлироқ гувиллаб оқаётгандай туюлади. Одатда ирмоқлар пастга оқади. Бироқ бу шеърий дарё тепага, руҳоний юксакликка йўналади, Эркин Воҳидовнинг:
Ул руҳи байзолигин савдолигимдан қил қиёс,
Ул дили хоролигин шайдолигимдан қил қиёс,
Зуҳд эли тақвин муға ошнолигимдан қил қиёс
каби қўш қофияли сатрлари Фузулийнинг ўз давридаги ижтимоий муҳитнинг куфру кажрафторлиги боис инсонларнинг бузилаётганини тасвирлаган “Воизин куфрин баним расволигимдан қил қиёс! Анда сидқ ўлсайди, бан тақво шиор этмасмидим” деган ночор ҳолатига боғланиб, яхлит фожеали манзара яратади. Яъни, воизнинг, айрим одамларнинг кофирлигию ёлғончилигининг натижасини менинг масхарали аҳволимдан, расво бўлганимдан ҳам билиб олавер; уларда тўғрилигу садоқат бўлсайди, мен ҳам тўғрию тақволи бўлмасмидим, дейди ошиқ Фузулий. Китобларда, хитобларда эркинлигу дориломонликдан сафсата сотилган собиқ шўронинг алдоқ  даврида яшаган Эркин Воҳидов ўз дардини Фузулийга дардкашлик тарзида, унга мухаммас боғлаш  воситасида усталик билан ифодалай олган.
Юзаки қаралганда, мухаммас ошиқонадир, албатта; аммо ориф шеърхон уни ўқиркан, сатрлар ортидаги теран фалсафий маъноларни уқиб, байтлардан тикланган маънавий байтул дардни ғийёбан кўрарак завқланади. Бу миллий мушоҳада тарзига, уни туғдирган, тарбиялаган миллий адабиёт ва маданиятга боғлиқдир. Фақат уста шоирлар, устоз қаламлар хизмати билан бу миллий мушоҳада тарзи миллатни яшатиб, уни ёт таъсирлар остида эриб-битишдан, ассимиляциядан сақлаб келмоқда. Бу шеърнинг ижтимоий  аҳамияти ана шунда ва муаллифнинг яна мумтоз адабиёт анъаналарини ривожлантириб, эски дуторда замону замондошларнинг янги дарду ишқини куйлашидадир.
Шоиримизнинг арузда битган асарларида ҳам, бармоқдаги шеърларида ҳам, икки вазнда қилган таржималарида ҳам биз юқорида имкон қадар англашга ва англатишга уринганимиз санъат ва маҳорат намуналари жуда кўп. Есениндан қилинган таржималар устоз Миртемирнинг Ҳаёнедан ўгирган шеърлари каби ўзбекча, равону соддадир; шу боис биз, етмишинчи йиллардаги талабалар уларни ёддан ўқирдик, хатто ўзимизча қўшиқ қилиб айтардик. “Фауст”нинг ўзбекчаси эса, таржима санъатида Эркин Воҳидов мактабини яратди. Оврупо шеъриятининг чўққиларидан бири ҳисобланган бу китоб таржимаси, бизнингча, бу каби асарларни халқимиз мулкига айлантириш зарурлигини таъкидлаган, бу ишга шоиримизни йўналтирган бир давлат раҳбарига, шунингдек, элимизга муаллифнинг сидқу самимиятини, сўзида собит туриб, бу оғир ишни муваффақият билан якунлаганини ҳам кўрсатади.
Эркин Воҳидов таржималари ичида Есенин шеърлари ёшларимизда соф ва самимий ишқ туйғуларини ёлқинлантирганини, Гётенинг “Фауст”и Оврупо дунёсини, инсоний ҳаёт, ўлим, муҳаббат, мусибат сирларини англашга йўналтирганини, Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним”и эса она юртга, элимизга ва тилимизга меҳр уйғотиши баробарида, унинг йўлида яшаш ва курашиш лозимлигини зимдан уқдирган, миллиятчиликка ташвиқ қилган асар эканлигини айтиш мумкин. Шоиримизнинг қайта қуришнинг жозибали майдонларида кўп ўқилган, чет эллар матбуотида ҳам шарҳланган “Она тилим ўлмайди” шеърида ҳам, менимча, “Доғистоним”даги жасорат ва донолик, ватанпарварлик ва миллатпарварлик очиқ кўриниб  туради.
Шу ўринда, уч-тўрт йил олдинги бир суҳбат пайтида, Эркин аканинг Доғистонга боргани, Расул Ҳамзатов билан бирга турли анжуманларда бўлгани, бир тантана чоғи унга мусаллас тўла шох тутишгани ва шоиримиз илк бор бундайин катта қадаҳни охиригача сипқорганини ва бир амаллаб ўзини тутганича саҳнадан ташқарига чиқиб олганини кулиб айтиб берганини эсладим. Ҳа, шоирлар баъзан саҳнада мусалласли шох билан, гоҳо эса, тарихларда кўп кўрилганидек, тожли шоҳ билан юзма юз қоладилар, бу донгдор шоирларнинг қисматидир, ундан қочиш амри маҳол, “ихтиёрсизликдан борму манга бир ихтиёр” дегандай. Ҳа, гапнинг учини йўқотмай, машҳур авар шоирига қайтайлик. Сўнг йилларда Расул Ҳамзатов “Китобимнинг номини “Менинг Доғистоним” эмас, “Меники бўлмаган Доғистон” дейишим керак экан” дея афсусу пушаймон чеккан экан. Доғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Доғистон халқ шоири Магомед Аҳмедовнинг эслашича, “Агар бир киши бир нарса ўғирласа, у кичик ўғридир; иккинчи бор ўғрилик қилса, у ўртача ўғридир; учинчи марта ўғриликка бош урса, у катта ўғридир; тўртинчи бор ўғрилик қилса, у сиёсатчидир”, деган экан Расул Ҳамзатов. Мустабид шўро даврида барча машҳур санъаткорлар каби раҳбарлик ва депутатлик лавозимларини бажарган ихтиёрсиз бир авар шоирининг ўкинчи бу. Катта истеъдодлар одатда феъли ва хулқи тўғри инсонлардир; манфаатпарастлик ва манманлик каттадай кўринган истеъдодни ҳам кичрайтириб юборади. “Доғистоним” муаллифи асл катта истеъдод, катта шахс бўлгани учун ҳам юқоридаги каби ўкинчли, аммо адолатли, мардона фикрларни айтган деб ўйлайман. Зотан, уч юз милёнли бир салтанатдаги юзларча миллатлар йўқотилиб, битта совет халқи яратишга бел боғланган ўша олтмишинчи йиллар қиёматида “Доғистоним” каби асарлар Нуҳ кемасига ер яқинлигидан мужда келтирган кабутарлар эди; бу кабутарларни умидсиз, боши эгик, кўнгли синиқ халқимизга кўрсата ва қутулиш товушини эшиттира олган, сўнгра ўзи ҳам “Она тилим ўлмайди” дея майдонга тушган Эркин Воҳидов эди.
Кейинги йигирма беш йил ичида нашр этилган шеърий ва публицистик китоблари, жамоатчилик фаолиятлари билан, мана, бугун севимли шоиримиз саксон ёш эшигида турибдилар. Қутлуғ бўлсин, деймиз; соғлиқларини тилаб, дуолар қиламиз.

10 09.2015 Тошкент, Туркариқ

II
2015 йил август ойида, Дўрмондаги ёзувчилар ижод боғида турганимда, Рустам деган укамиз телефон қилиб, Эркин Воҳидовнинг саксон йиллигига китоб тайёрлаяпмиз, бир нарса ёзиб берасизми, деди. Эркин ака  ҳақида ёзиш мен учун шараф, албатта ёзаман, дея миннатдорлик билдирдим. Юқоридаги ёзувни Дўрмонда, Юнусободда ёза-ёза, 25 йилдан бери қатнайвериб қадрдон бўлиб қолган Тошкентнинг Туркариқ кўчасидаги 2-ҳукумат шифохонасида даволаниш пайтимда битира олдим. Бу йил кўкламда китобнинг чиққанини эшитдим. Яна бел оғриғи кучайиб, Тошкент шаҳрининг она ватанимиз Туркистонни эслатувчи турк сўзи сақланиб қолган ўша Туркариқ кўчасидаги шифохонада даволанаётган кунларим, эски қадрдонларимдан таниқли кинооператор Қаҳрамон Ҳасановни кўргани келган мухлисларидан бири, суҳбатлашиб ўтирганимизда, “Эркин Воҳидов тилдан қолиб ётганмиш…” деган совуқ мишмишни айтиб қолди. Ичим ўпирилиб кетди…  Эллик-олтмиш йилдан бери бутун бир халқ хизматини қилиб яшаган шундайин одам тилсиз ётса… кимса ёрдам беролмаса… икки кун (27-28 май) эсанкираб, асабийланиб юриб, икки тўртлик битиб, дардимни тўккандай бўлдим:
ЭГАСИЗ ҚАЛАМ

Тилдан қолиб ётар суюкли шоир –
Эгасиз қалам, ҳеййй! Фарёд ур, ўксин!
Ҳали айтилмаган ҳақ сўзлар ахир
Ёриб юбормасми шоирнинг кўксин?..
Айт, Тангрим, шу қилвир дунё тиз чўксин!
У қурбон, у жаллод, у қилич, кунда!!!
Шоир тилдан қолган бу машъум кунда
Тилдан қолган бир халқ кўзёши тўксин!..
Орадан икки-уч кун ўтиб, шоиримизнинг учмоққа учганини эшитдим. Чиғатойга дафн этишибди. Ўғлимни касалхонгага чақирдим, бир неча ижодкор биргалашиб касалхонадан ташқари чиқдик, машинага ўтириб, шаҳарнинг у четига қараб йўналдик. Ҳувайдо кўчаси одам тўла, таъзияга  келаётганлар шунчалар кўпки, бир неча йўл ҳаракати ходимлари машиналарни керакли йўналишга йўллаб турибди. Асосан зиёлилар, таниқли ижодкорлар, маданият ва санъат ходимлари, икки давронда оммага ҳеч иккиланмай раҳбарлик қилган катта-кичик умарою уламо. Барчасини Эркин Воҳидовга бўлган бир хурмат, ихлос, инсонгарчилик бу ерга етаклаб келгани шубҳасиз. Дуо қилиб қайтарканмиз, Эркин Воҳидов Навоийона бир қалам эгасийди; Навоийдан кейин шундай одам яшаб ўтдими, демак, Эркин Воҳидовнинг эркинона қалами ҳам эгасиз қолмайди бу юртда, дея ўйларканман,  кўнглим ёришди.

06.06 2016 Тошкент, Туркариқ

Мақоланинг I қисми “То қуёш сочгайки нур. Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди замондошлари нигоҳида” (Тошкент, “Ўзбекистон”, 2016) китобида чоп этилган.
Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси ва унинг туркча таржимасини мана бу саҳифада ўқинг.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 168

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *