Тўкилиб бормоқда туйғулар занги…

АРАФА

Бўронлар тўхтади, суронлар тинди,
Тозара бошлади оламнинг ранги.
Борлиққа фусункор сукунат инди,
Тўкилиб бормоқда туйғулар занги.

Ўй босиб ўлтирар донишманд тоғлар,
Дов-дарахт ненидир сезгандай зийрак.
Нега ой юзида кўринмас доғлар?
Юлдузлар шивири нимадан дарак?

Муҳаббат бир тараф, виқор бир тараф,
Оҳиста солланар ғунчалар – барқут.
Сарак-сарак бўлиб сўзлар тортгай саф –
Қутлуғ бир айёмга кўрар тараддуд.


Ҳақдан келиб турмаса, қайда эди бу сўзлар,
Юрак санчиб урмаса, майда эди бу сўзлар.
Жунун жўшган чоғларда ўзни андак йиғмасам,
Дунёнинг тўрвасига фойда эди бу сўзлар.


Дунё деганлари шумиди азал –
Ҳануз Ҳақ деганнинг қалби чок-чокми?
Китоблар қатида жон бермиш сўзлар –
Қаерда донишлар талпинган Поклик?

Қаёқдан келмоқда шунча касофат?
Қабоҳат қаердан, туҳмат қаердан?
Қизарган бу кўзлар мунча очофат?
Зулму жаҳолатга рухсат қаердан?

Нега оқибатни бунча кам ўйлар,
Нега залолатга йўл берар Виждон?
Нега ўз-ўзига тинмай зулм айлар,
Нега соф фитратин бой бермиш Инсон?

Масхарабоз тушмас саҳна тўридан,
Тубан талабларин қўймас ножинслар.
Замин зир титрайди шовқин зўридан,
Қудрат касб этмоқда асли ожизлар.

Қурушқоқ қалбларда ўлиб-ўлолмай
Инграниб ётгандай Тафаккур, Ирфон,
Моғор манзилларга яқин йўлолмай
Қайларда дийдираб юрибсан, Иймон?

ТЕРГОВ

Адашиб юрибсан, бекор юрибсан,
Талашиб юрибсан, беор юрибсан,
Илашиб юрибсан, безор юрибсан…
Шумиди боринг?!

Ноқису нодон ул нафсингга қулсан,
Аслинда шахссиз шул шахсингга қулсан,
Лафзсизликдан бадтар лафзингга қулсан…
Шумиди коринг?!

Сўзбозлик саҳнида сўзинг қотибдур,
Юзсизлик юртинда юзинг қотибдур,
Вовайло, ўзингда ўзинг қотибдур…
Шумиди оринг?!

Не қилсанг, ортингда маломат изи,
Ҳаргиз чарчамадинг дил уйин бузиб,
Тавбага муҳтождир тавбангнинг ўзи…
Шумиди зоринг?!

ҚИЁФА

Солланиб бозорга отланар сўзлар,
Ҳар кўчада ял-ял товланар, ёнар.
Аслидан баландроқ баҳони кўзлар,
Тинмай муқом қилар, бежо тўлғонар.

Кибор расталарда турар терилиб,
Кун ўтмай ирийди, ич-ичдан айнир.
Томошабоп бўлар бири керилиб,
Бошқасини биров сақичдай чайнар.

Бичилган фарёдлар, бўғилган бўзлар
Хор-хасдек беқадр дунё йўлида.
Азал дами ўткир қиличдек сўзлар
Ўтмас пичоқ бўлди номард қўлида.

Дод солгинг келади, ёлғон чўзилса,
Бозорга айланса назму нафосат,
Кечаги бокира сўзлар бузилса…
Томошабин бўлса аҳли фаросат!

Солланиб бозорга отланар сўзлар…


Ҳали замон кўринар қуёш,
Юзи сўлғин, кўзи жиққа ёш,
Бир кунгина беролмай бардош,
Уфқ бағрига қон бўлиб ботар.

Майда ҳислар, майда одамлар,
Шундайми ҳар жойда одамлар?
Одамийлик қайда, одамлар?..
Саволларнинг залвори ортар.

Бўзболалар кўзида фириб,
Ҳаё йиғлар, ор ҳоли ғариб,
Барчинларни овга чиқариб,
Алпомишлар ичкўйлак сотар.

Бекка бермас сўз бегойимлар,
Ўғилми ё қиз бегойимлар,
Ўзбек эмас ўзбегойимлар
Кўзларини ўйнатиб ўтар.

Қарға кўзин қарға чўқир деб,
Енгил ёзсанг ҳамма ўқир деб,
Ким чиройли чўпчак тўқир деб,
Шоирлари лоф уриб ётар…


Райҳон райҳон эмас, шамол бўлмаса,
Осмон осмон эмас, хаёл бўлмаса.
Нега сўроғимдан чўчийсиз бунча –
Инсон инсон эмас, Савол бўлмаса.


Соғиндим, соғиндим, хумор соғиндим,
Кўзимга тўкилди Ойнинг доғлари.
Минг бора сочилдим, минг бор йиғиндим,
Ҳувиллаб қолмишдир кўнгил боғлари.

Майли, келма, майли, тағин куттиргин,
Бўйларинг келтирсин шамоллар – қутли.
Айрилиқ қўшиғин давом эттиргин,
Севгингдан-да суйгун соғинчинг тотли.

Қаён боқмай, кўзга чўғлар тегадир,
Ҳолбуки, кунларим совумаётир.
Негадир, ишқзада юрак негадир
Соғина-соғина овунаётир…

ҚОРШЕЪР

Осмон бодроқ тўкди кун бўйи –
Борлиқ қўйни тўла оппоқ дур.
Табиатнинг бу кумуш тўйи
Бўғотларга улашар ҳузур.

Кўпни кўрган оғочлар яна
Елкасига олар бор юкни.
Ҳали давом этар тантана –
Асраш керак ҳар нозикликни

Кекса мўри зерикмас чекиб,
Лек ҳавони қилмас бемаза.
Изғириннинг қалами тегиб
Гулзор бўлиб кетди дераза.

Оққуш бўлиб қанот ёзайлик!..
Хаёлларнинг йўқдир поёни.
Ташқарига шошар гўзаллик
Шарфга ўраб олиб ҳаёни.

Поклик чулғаб борар ҳар ерни,
Оқлик инар далаю боққа.
Аёзкотиб энг дилбар шеърни
Доғ юқтирмай кўчирар оққа…


На севги, на нафрат, на шодлик, на ғам…
Тобора баридан мосуво юрак.
Ҳеч нарсага тўлиб бормоқда олам,
Бу қандай ишора, бу недан дарак?

На ишонч, на исён ва на итоат…
Гўё бутун борлиқ бўшлиқ билан банд.
Табиат Тангридан кутмас иноят,
Дунё борган сари кофирга монанд.

На илҳом, на ижод, на амал, на сўз…
Баримиз золим-у, баримиз мазлум.
Пушмонлар тўзони очирмайди кўз,
Ҳозирча умримиз ҳечликка маҳкум.

ТАЪБИР

Эртага бошқача нур экар қуёш –
Эртага ҳаммаёқ ёруғ бўлади.
Тўкилса, қувончдан тўкилар кўзёш,
Еру кўк ғубордан фориғ бўлади.

Армон бир доғ мисол йўқолар ўчиб,
Булутдай тарқалур диллардан кадар.
Омонлик тилайди бир-бирин қучиб
Чумолидан тортиб чаёнга қадар.

Туйғулар чашмида нурлар ранго-ранг,
Кўнглингни ёзасан киройиларга.
Чеҳранг очилади қай томон боқсанг,
Олам тўлиб кетар чиройлиларга.

Бахт қўшиқ куйлайди – ўктам овози,
Хуш садо тўлдириб келар самони.
Ҳамма тақдиридан миннатдор, рози,
Ажрата олмайсан шоҳу гадони…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Ёшлик” журнали, 2020 йил, 2-сон.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН 1983 йил 20 сентябрда туғилган.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети (2005), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистратура бўлимини (2007) тамомлаган.

Ўзбекистон Фанлар академиясида илмий тадқиқот олиб борган. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).

“Муқаддас замин” (1999), “Боғларингдан кетмасин баҳор” (2000), “Онамнинг кўнглига кетамиз” (2003), “Сен қачон гуллайсан” (2008), “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” (2012), “Тушларингдан чиқиб келдим” (2017) номли шеърий китоблари, қатор бадиий-публицистик, илмий-адабий мақолалари чоп этилган. Шеърлари бир неча тилларга таржима қилинган.

Беҳзод Фазлиддин ижодини ижтимоий тармоқларда қуйидаги манзилларда кузатиб бориш мумкин:

https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

YouTubeда Behzod Fazliddin канали https://www.youtube.com/channel/UClNcaW4hRbu_zgBNlXKI-RA

Ушбу саҳифаларда Беҳзод Фазлиддин битиклари билан бирга ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, жамият, маънавият, ижод ва эътиқод борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар бериб борилади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.