Беҳзод Фазлиддин. Томчилар тилида ҳузурбахш шивир…

***
Кутганинг сенга ҳам интизор бўлса,
Сен уни севгандек севолмаса ҳам –
Севса, туйғулари беғубор бўлса,
Аросат даштида чекмасанг алам.

Тизилмаса, майли, йўлингда ҳурлар,
Фақат бир нурчеҳра кутса нигорон.
Бағишламаса ҳам шаънингга шеърлар,
Энг ҳалол сўзларин айласа эҳсон…

Аммо бу ҳаётдир – синов бозори,
Ҳаммаси тескари, барчаси ғалат.
Сен суйган маҳлиқо бошқанинг зори,
Парво қилмаганинг сенга битар хат.

Бу аҳли дунёни тушунай қандай,
Мудом насияга алишгай нақдни.
Кўнгил кўнгил билан ўчакишгандай,
Бахтдан тўйганларга илинар Бахтни…

МАРМАРА*

Оқшом чўка бошлар шафақни кесиб,
Мовий кенгликларда қорамтир живир.
Намхуш ҳаво, нафис насимлар иси,
Томчилар тилида ҳузурбахш шивир.Oqshom cho'ka boshlar 2

Бул оби раҳматга қонарми, йўқми –
Қирғоқлар – ҳаётга мангу ошиқлар.
Бир ажаб оҳангда аллалар руҳни
Оқчорлоқлар айтган қадим қўшиқлар.

Не гўзал! Бу кеча не қадар гўзал!..
Уваланиб кетар кўнгилдан кинлар.
Тириклик шавқида ўқигай ғазал
Тошларни тоблаган толмас тўлқинлар.

Парқу булутлардан дур ёғар тинмай,
Еру кўк саҳнида ажиб жимжима;
Узоқларда – ортга қайтгиси келмай –
Чайқалиб боради ҳорғин бир Кема…

Истанбул

* Мармар(а) – денгиз номи

***
Занжирлар узилса, кишанлар синса,
Ортиқ юкинмасанг шу эски тосга.
Ўзлигин йўқотган руҳга файз инса,
Умрингни буркасанг боқий ихлосга.

Шояд, ўз номини унутса хаёл –
Ҳақиқатга дўнса бой тасаввурлар.
Дунёни муҳаббат айласа ишғол,
Замин чеҳрасидан ёғилса нурлар.

Қалб кўзин фикратга эш қилиб боқсанг,
Нигоҳингнинг ўзи улуғ шеър бўлса.
Энг кўҳна ҳикматлар мағзини чақсанг,
Эҳсонга айланса, дил не дер бўлса.

Яшасанг, шу кўйи яшасанг мудом,
Ҳаёт китобида зарҳал битикдай.
Ўлим-да мард бўлса, қилмаса ғирром,
Юрганга яраша юрсанг тирикдай…Qizqal'a 2

***
Қалб, севдим, демаса, эмас саломат,
Ки севги бахш этар инсонга куч, кўрк.
Бечора ошиқни қилма маломат,
Севганни айбситма, севмагандан қўрқ.

***
Кўнглимни чўктирди кўнгилсизликлар,
Кўнгилга яқин бир кўнгил изладим.
Кўнглимни оздирди кўнгилбозликлар,
Узмадим, Кўнгилдан кўнгил узмадим.

Кўнгилни коптокдай ўйнади ҳаёт,
Эзилиб-эзилиб синган кўнгилман.
Кўнгил ўйинини қўймади ҳаёт,
Кўнмаган кўнгилман, кўнган кўнгилман.

Бу дунё асли бир кўнгилзор эди,
Кўнгилни кўнгилдан кечирмаганлар.
Наҳотки сизда ҳам кўнгил бор эди,
Кўнглимнинг кўзини очирмаганлар?!.

БИР ҲОЛАТ

Кутдинг нима, кутмадинг нима –
Парвосига олмай вақт ўтар.
Олам олти кунлик жимжима,
Кўз очгунча йўқолар-битар.

Ёздинг нима, ёзмадинг нима –
Шеър балога ёндош ҳимматдир.
Кампирнамо нағмаси ила
Дунё битта Сўзга қимматдир.

Севдинг нима, севмадинг нима –
Ўз-ўзидан озод одам йўқ.
Бари бирдай топгай хотима,
Яшаш учун баҳона ҳам йўқ.

***
Кета қол, даврага сиғмаган одам,
Борсанг-чи, парвозда давом этсанг-чи.
Ҳадемай барига тутилар мотам,
Лойқага қўшилмай ғолиб кетсанг-чи.

Бу ғурбатхонада баломи бордир?
Ҳар қавмнинг ўз шоҳи, ғуломи бордир.
Шусиз ҳам куйингни тинглайди очун,
Тоғларнинг беғараз саломи бордир.

Ҳавойи ўйларни ўйлаб-да юрма,
Кўкармас боғига бўйлаб-да юрма.
Очилиб борадур авж пардалари,
Навосиз наволар сайлаб-да юрма.

Денгизга дарёлар қуяр қудратни,
Тозариб оқурсан мисрама-мисра.
Кўксингдан беҳуда сочма зийнатни,
Қалбингни ардоқла, Дардингни асра.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН 1983 йил 20 сентябрда Чуст туманидаги Дамобод қишлоғида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факултети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистратура бўлимини тамомлаган. “Муқаддас замин” (1999), “Боғларингдан кетмасин баҳор” (2000), “Онамнинг кўнглига кетамиз” (2003), “Сен қачон гуллайсан” (2008), “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” (2012), “Тушларингдан чиқиб келдим” (2017) номли шеърий тўпламлари, қатор бадиий-публицистик, илмий-адабий мақолалари чоп этилган.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2018 йил 8-сон.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 191

2 комментариев на “Беҳзод Фазлиддин. Томчилар тилида ҳузурбахш шивир…

  1. okyjy
    30.11.2018 at 18:33

    Oran tasirli yazylypdyr. Goshgylary okadygyñ sayyn okasyñ gelyar.

    1. okyjy
      05.12.2018 at 00:53

      Ajaiyp eserler

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *