Тонг томчилари

Аввалги куни тонгда кўпдан буён кўнглимни беҳузур қилаётган ҳолатни сўзга кўчирмоқчи бўлдим: “Тонгги ҳавоси ҳам бемаза. Шовқини-ку куну тун тинмайди. Диққинафаслигу асаббузарликларни айтмай қўяверинг. Пойтахтнинг нимасига учаркин одамлар! Шоирлар-чи?”
Аммо ташқари чиқиб бирдан кайфиятим ўзгарди. Руҳим тетиклашиб, вужудим яйраб кетди: Тонг жуда бошқача эди! Билинар-билинмас шивалаётган майин ёмғир томчилари юзларимни сийпалар, кўнгилкўзни яшнатиб олам оқараётганди… Ўз-ўзидан сўзларимнинг ҳам “кайфият”и кўтарилди.rosa
Тонг! Нақадар севаман уни. Шукр, бугун ҳам унинг жамолидан бенасиб этмади. Истараси жуда иссиқ, нафаслари бирам ёқимли! Умримнинг энг гўзал, покиза лаҳзаларини кўпроқ тонгларда яшаётгандекман. Сиз ҳам ҳар тонг янги туғилгандай, дунёга қайта келгандай бўласизми?
Бугунги тонг янада ўзгача. Тошкент тонги кундузию кечасидан у қадар фарқ қилмаса-да (катта шаҳар иқлимини биласиз-ку), ҳарҳолда, ҳаво тозароқ, шовқинлар андак босилган. Томчилар таронаси дил торларини чертиб юборади. Субҳидам саболари хуш ёқади. Азон овози жумла жаҳонни Ҳақ йўлида жам бўлишга ундаётгандек… Яна бир кун – юксалиш, чиройли яшаш имкони. Ёруғ дуо истаклар дилимдан тилимга кўчаётир. Ҳамиша шундай тоза тилаклар, тиниқ туйғулар ила кутаман Тонгни.
Мана булар кўҳна кундаликдаги қайдлар: “Янги тонг. Уйғониш нақадар гўзал, тириклик қандай лазиз! Айниқса, тонгни ёруғ юз, покиза туйғулар ила қарши олсанг. Айни дам қишлоқда янги ҳаёт бошланган. Онам аллақачон уйғониб, уй юмушларини бошлаб юборган бўлса керак. Қишлоқ аёллари тонгни ҳечам хафа қилишмайди”.
“Тонгда бошқача кайфият, тоза руҳ бор. Яшаган бўлсам, кўпроқ тонгларда яшадим, шекилли. Ҳар тонг кўз очарканман, эндигина туғилгандай бўламан. Вақтни, умрни исроф қилишдан Ўзи асрасин”.
Тонгги ижоднинг гашти бўлакча. Келишгандек, Илҳомпари ҳам кўпроқ саҳар пайти йўқлайди. Аксарият битикларим субҳи содиқнинг бетакрор лаҳзаларида туғилган. Сокин туннинг ўзига яраша файзи, илҳомбахш онларини ҳеч инкор этмаган ҳолда ижод кишиларига кўпроқ тонгда ишлашни тавсия этардим. Бу гапим ҳаммага тўғри келавермаса керак: ижод – ўта индивидуал ҳодиса. Аммо бир уриниб кўринг, кун тартибингизда Тонг учун алоҳида эътибор қаратинг.
Айтишларича, умрининг сўнгги йилларида оғир хасталикка чалинган Асқад Мухтор йўқлаб келган шогирду танишларига: “Тунда ишламанг, соғлиққа зарар”, деб қайта-қайта тайинларкан. Атоқли адиб бу билан “Соғлиғингизни асранг, вақтида тиниқиб дам олинг” демоқчи бўлган, чоғи.
Баъзан сўз салтанати атрофида соатлаб сарсон бўлиб вақтни, тонгларимни беҳуда ўтказиб юбормадимми, дея ўйлаб қоламан. Мана, бу саҳар ҳам кўп вақт айни ҳолимга ярашгулик муносиб сўз қидирдим. Туну тонглари билан бутун умрим ибодатга дўнса эди…
Ижозатингиз билан файзиёб онлардан улги олган мана бу сатрларни “илова” қиламан. Дуо қилсангиз бўлгани.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

САХИЙ МЕҲМОН

Бугун яна Тонгга мезбонлик қилдим,
Шукур, тўкин бўлди дил дастурхони.
Йўлида кечани қурбонлик қилдим,
Жуда осон чиқди бу туннинг жони.

Кўзларимга боқиб Тонг ҳам жилмайди,
Қушларни шошириб қўйди қўшиғим.
Бу меҳмоним сира қуруқ келмайди,
Фақат очиқ турса бўлди эшигим…

2007

***

Бежиз ёмғир бўлганим йўқ-да,
Томчисида яна минг томчи.
Бир он ғубор ютишдан тўхта,
Дунё деган кекса алдамчи.

Кечаги кун – ёруғ хотира,
Боқий бўлар бугунги кунлар.
Ҳали ҳислар бордир бокира,
Куйла, куйла, қалб бўлиб куйла.

Тўкилгудай туйғулар тошар,
Тўлиб борар муҳаббат жоми.
Тазаррулар қилсак ярашар –
Бизникидир поклик айёми.

Бежиз ёмғир бўлмадим, ахир,
Дил ойнасин бир артгим келди.
Англамоқчи бўлдим ненидир,
Ниманидир эслатгим келди…

2011

***

Сўзингни манзилга етказганим йўқ,
Қачон кўнгилларни Шеърга ўрайман?
Тунларимни ҳалол ўтказганим йўқ,
Тонгларнинг юзига қандай қарайман?

Покланиб олгани Нур керак менга,
Шайтоннинг қўлида чирманда қилма.
Худойим, энг гўзал Шеър керак менга,
Тонгларнинг олдида шарманда қилма!

2003

АРАФА

Шамоллар тўхтади, суронлар тинди,
Оқара бошлади оламнинг ранги.
Борлиққа фусункор сукунат инди,
Тўкилиб бормоқда туйғулар занги.

Ўй суриб ўлтирар донишманд тоғлар,
Дов-дарахт ненидир сезгандай зийрак.
Нега ой юзида кўринмас доғлар?
Юлдузлар шивири нимадан дарак?

Муҳаббат бир тараф, виқор бир тараф,
Оҳиста солланар ғунчалар – барқут.
Сарак-сарак бўлиб сўзлар тортгай саф –
Қутлуғ бир айёмга кўрар тараддуд.

2009

***

Ўзингни яхши кўр, одамларни сев,
Беҳуда ўйлардан қизғон умрингни.
Малакка айлансин ичингдаги дев,
Қутқар кўксинг ичра гирён қумрингни.

Табассум тафтида чеҳрангни очгин,
Тайинли сабаб йўқ аччиқлангани.
Махзани меҳрингдан марварид сочгин,
Ўзингга зиёндир қаттиқлашганинг.

Қаёққа йўл олар қалам – қаландар,
Сен юрак йўлидан юришни ўргат.
Жондан ўтиб кетса эски аламлар,
Мардларча лаб тишлаб туришни ўргат.

Ишқ эрур тоабад кўнгил сайқали,
Муҳаббат – ишончдир, муҳаббат – иймон.
Самандар руҳингни асра аввали,
Кўксингда порлаган қуёшга ишон.

2012

ТУҒИЛИШ

Тонгни алёр айтиб уйғотди булбул,
Оламга таралди тириклик иси.
Аста бош кўтарар чеҳраси гулгун
Қуёш – юлдузларнинг энг чиройлиси.

Ором олар бўлди, ниҳоят, Чўлпон,
Янги кун нафаси элитар бехос;
Кундузнинг бағрида яйрайди осмон,
Бугуннинг жамоли чиндан беқиёс.

Зулмат залворидан ўзни қутқазсанг,
Синалган созлари синмас саботнинг.
Ҳар тунни Юлдуздай порлаб ўтказсанг,
Муродбахш кунлари кўпдир ҳаётнинг.

2011

***

Беҳуда чиқиллаб толиқди соат,
Лаҳзалар карвони бўлолмади жам.
Қиёфа жангидан чекинди сурат,
Ўзини кутишдан тўймади Одам.

Йиллар оқиб кетди – юзлари сўлғин,
Таъмини йўқотган туйғулар тахир.
Тонгни бедор кутди безовта, дилхун,
Илинжнинг ўлгиси келмайди, ахир.

Қадарда борига қилмади зарда,
Сўзласа, сукутдан баланд сўзлади.
Валекин энг сўнгги сонияларда
Илиниб қолмаса эди кўзлари…

2009

***

Занжирлар узилса, кишанлар синса,
Ортиқ юкинмасанг шу эски тосга.
Ўзлигин йўқотган руҳга файз инса,
Умрингни буркасанг боқий ихлосга.

Шояд, ўз номини унутса хаёл –
Ҳақиқатга дўнса бой тасаввурлар.
Дунёни муҳаббат айласа ишғол,
Замин чеҳрасидан ёғилса нурлар.

Қалб кўзин фикратга эш қилиб боқсанг,
Нигоҳингнинг ўзи улуғ шеър бўлса.
Энг кўҳна ҳикматлар мағзини чақсанг,
Эҳсонга айланса, дил не дер бўлса.

Яшасанг, шу кўйи яшасанг мудом,
Ҳаёт китобида зарҳал битикдай.
Ўлим-да мард бўлса, қилмаса ғирром,
Юрганга яраша юрсанг тирикдай…

2012

***

Ҳар лаҳза тийилиш азобига банд,
Юрак – қафасдаги некбин орзуманд.
Зулмат мил тортишга чоғланар ҳарчанд,
Мудом шамси анвар кўзимга пайванд.

2010

***

Бардош либосининг иплари тиғдан,
Амаллаб кийдингми, ечишдан не наф?
Кўзингни яширма кўнгли мунглуғдан,
Сева олиш шараф, севилиш шараф.

Дақёнусдан қолган бу даҳри дунда
Бир янги заррадай кўзга илинсам.
Муродим гуллари очилган кунда
Не тонг, яшаш учун маҳкум қилинсам!

Сўнгги нафасгача эшиклар очиқ,
Ўз ҳолидан ўзи гумонда гумон.
Наздимда, кўрмаган бу қадар Ошиқ
Бир томчи Дийдорга ғарқ бўлган жаҳон…

2008

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 668

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *