Ҳаким Сатторий. Тургенев турткиси

Давоми. Бошланиши мана бу саҳифада
***
“Хорь ва Калинич”да рус ҳаётига хос бўлган шундай воқеалар ҳикоя қилинади: у Орлов (ёзувчининг ота юрти) ва Калуга (она юрти) одамларининг феъл-атворини таққослашдан бошланади. Шу қиёсда ватанининг бутун қиёфаси икки қирғоқда икки хил манзара ва умумий яхлитликда намоён бўлгандек. Овчи сифатида калугалик майда помешчик Полутикин билан танишиб қолади ва у қўрғонига бошлаб боришдан олдин ўз мужикларидан Хорнинг қўрасига таклиф қилади. Хорь йигирма беш йил олдин унинг мулкидаги ботқоқликни оброк тўлаш шарти билан олган ва шу кунларда уддабуронлиги, ишчанлиги билан бойиб кетиб, бинойидек яшаётган эди. “У ақлли мужик”, дейди хўжайин. Хорь билан учрашганда у овчида яхши таассурот қолдиради. “Унинг қиёфаси менга Суқротни эслатди” деб ёзади Тургенев. Бошқа бир сафар эса Калиничнинг қўрасига дуч келади ва уникида уч-тўрт кун туриб қолади. Бу икки мужик ўзаро ҳамкор, бир-бири билан борди-келди қилиб турадиган оғайнилар эди. Суҳбатлар асносида ўрмон чечакларидек беғубор бу икки одамнинг ички дунёсига теран назар ташлаган ёзувчи уларда миллатининг кўплаб нодир фазилатларини пайқайди, бу чизгиларни асарида муфассал қайд этади. Иложи борича ўзини уларга тенг тутиб муомала қилади (ахир у кимсан Европани кезиб чиққан, нуфузли университетда таҳсил олган, бунинг устига катта ер эгаси эди-ку), ишончларига киради. Шу туфайли уларнинг суҳбатлари қўр олади. Молхонага туташиб кетган сомонхонада тунашни ихтиёр этади, кечаси билан ҳўкизларнинг бўкириши, чўчқаларнинг хуриллашига гувоҳ бўлиб чиқади, бироқ қадрдон замин бўйи ва ҳарорати уфуриб турган намчил сомонлар ичидаги уйқу унга ўта лаззатли туюлади. Улар жуда киришиб кетишгач, мужикларнинг ички оламини кашф этиб, уларни қиёсан тасвирлайди: “Хорь очиқкўнгил, амалиётчи, калласи бошқарув ишларида моҳир, тежамкор киши; Калинич, аксинча, орзу билан яшайдиганлар тоифасидан, хаёлпараст, эҳтиросли…”. Уларни ўнлаб ўлчовларда қиёслаган ёзувчи гўё рус кишиси қалбининг уфқларини чизиб кўрсатгандек бўлади. Хорь ҳақида гапириб, “Мен биринчи марта оддий, ақлли рус мужигининг жонли суҳбатини эшитдим”, деб ёзади.
Уларнинг турмуш тарзи (ўрим пайти шаҳардан чалғи олиб келиб сотадиганлар билан олди-бердилари, газмол савдогарларига муносабатлари), маиший ҳаётлари (нонуштада бир тахта атрофида жамланиб чой ичиш маъракалари), оилавий муносабатлари (жаҳлдор бабаларнинг ғишғишалари), қизиқишлари (унинг чет элда бўлганини билиб қолишгач, роса саволга тутишади) юзасидан кузатишларини батафсил, меҳр билан акс эттиради. Бу манзаралар билан танишиб, унинг замирида урфга айланган ҳаёт зайлини инкишоф этиб, тоифалар (масалан, помешчик Полутикин ва мужиклар) ўртасида айирмачилик йўқлигини, фақат қарор топган тартиблар бўйича бир томон ўзини ҳукмдор, иккинчи томон эса тобеъ деб ҳисоблашини тушуниб олади. Мияга қуйилиб қолган бу ақидани ўзгартириш эса осон эмас. Овчи Хорга “Бутунлай эркин бўлишни истамайсанми?” деган савол беради. Бунга жавобан мутеъликни севиб қолган одам “Нима керак менга эркинлик? Унда соқолимни олдиришимга тўғри келади. Хожамиз ҳам ёмон одам эмас”, деб жавоб беради.
Халқ ҳаётининг бир томчисини акс эттирган мазкур асар жамоатчиликнинг диққатини тортган экан, унинг ютуғини муаллифнинг ўзига хос янгича ёндашувида – оддий одамларнинг кўп-да писанд қилинмай келинаётган нурсиз, жулдур турмуш тарзида яширинган олмосни, миллатнинг эртанги кунини таъминлашга қодир эмбрионни кашф эта олганида, деб тушуниш керак бўлади. Тургеневнинг мазкур очеркига ўқувчиларнинг қизиқиш сабабларини дастлабкилардан бўлиб Белинский очиб беришга жаҳд қилди: “Хорь ва Калинич”дек кичкина битикнинг бундай муваффақият қозониши, – деб ёзади танқидчи, – тасоддиф эмас: унда муаллиф халқ ҳаётига шундай томондан ёндашганки, ҳозиргача ҳеч ким бу эшикдан кирмаган эди”.Тургенев 2
Тургенев яратган икки характер: амалиётчи Хорь ва хаёлпараст Калинич халқ ҳаётининг бадиий талқинида “Коперник бурилиши” (олимни Ғарбда геоцентрик эмас, гелиоцентрик назариянинг асосчиси деб билишади)ни юзага келтирди, деб ёзади рус адабиётининг тадқиқотчилари. Бу икки мужикнинг ёрқин қиёфаси қаршисида ҳозиргача эъзозлаб, умид кўзи тикилиб келинаётган синф вакили – помешчик Полутикин хира тортиб қолади. Гўё миллат келажагининг куртаклари кашф қилинган, бу – оддий халқ экани бадиий тасдиқланган эди. Тургеневнинг ўзи ҳам очеркида миллий ифтихорни ҳис қилгандек бўлиб, “Хорь билан суҳбатларимдан кейин шу нарсага қатъий ишондимки, буни ҳатто ўқувчилар ҳам кутмасликлари, хаёлларига келтирмаслиги мумкин, Буюк Пётр ўз юксаклиги билан айнан рус кишиси эди ва шунинг учун ҳам русларга хос ислоҳотларни амалга оширди. Рус кишисигина ўз кучи ва қудратига шундай ишонади”, деб ёзган экан.
***
Ижодий муваффақиятдан илҳомланган Тургенев шу руҳдаги ҳикояларини давом эттирди. Уларда бош образ сифатида талқин этилган овчи тилидан бир-биридан қизиқ ва жозибадор воқеалар баён қилинади. Услубнинг самимийлиги, одмилиги ўқувчини ўзига жалб этса, уларда тасвирланган халқ ҳаётининг калейдоскопдек манзараси фикр қилишга, ўйлашга ундайди. Айниқса, жамиятда янги бир тўлқин пайдо бўлган, илғор андазаларга тақлидан, муқобил йўллар изланаётган даврда бундай мутолаанинг самараси чуқур ижтимоий мазмун касб этмасдан қолмасди. Жамият ҳушёр тортиб, энг муҳими, энди қолоқ тартиблар (масалан, крепостнойчилик) билан яшаб бўлмаслигини кўпчилик тушуниб, мамлакат ҳаётидаги қора доғлар тобора аниқроқ кўзга ташланиб қолаётган паллада янги соғилган сутдек ҳовурли ва ҳароратли оддий ҳалқ ҳаётининг бадиий манзаралари нуқтаи назарларга, ижтимоий қарашларга кескин таъсир қилаётган эди. Айни шу паллаларда умумиллат эътиборига “Ким айбдор?” (А. И. Герцен) деган саволнинг қўйилиши ҳам нотабиий эмас эди.
Тургенев эса яна ҳам иштиёққа тўлиб, қаламини чархлаётган, энди ҳикояларида ўз эстетик мезонларидан келиб чиқиб, қулочни кенгроқ ёзаётган – асарларига янги-янги бадиий унсурлар киритиб, уларни тобора бойитаётган эди. Ёзганларида шавқ билан жонажон рус ўрмони тасвирини қуюқ бўёқларда ифодалаб, адабиётда сўз рассомлигига эришаётган, дарахтларни, ерни, дарёларни гапиртириб, бадиий имкониятлар чегарасини кенгайтираётган эди. Бунақаси ҳали миллий адабиётда учрамаганди. Тургенев халқ ҳаётида шундай умуммиллий маънони топдики, кейинчалик уни Лев Толстой роман-эпопеянинг бадиий тагзаминига айлантирди, дейди олимлар. Толстой даҳосида порлаган машъала дастлаб Тургенев ижодида учқун сифатида намоён бўлганди. Рус илмий-ижодий жамоатчилиги (турли йўналишдаги журналлар, сиёсий тўгараклар, маърифий жамиятлар, фахрийлар уюшмалари ва бошқа кўплаб жамоат ташкилотлари) бу ҳолни ўз пайтида пайқаган эдилар ва Тургенев умуммиллий зиёлилар жамоатчилигининг эътиборидаги одамга айланди. Унинг ижоди эса она табиат тасвири билан ҳамоҳанг чуқур ижтимоий теранликка эришиб, ўзига хос тариқат касб этиб борди. Бу ҳолни “Овчининг мактублари”га кирган “Ермолай ва тегирмончининг хотини”, “Бежин ўтлоғи”, “Бурмистр”, “Куйчилар”, “Икки помешчик”, “Учрашув” сингари ўша аср рус ҳаётининг қуйма манзаралари моҳирона акс эттирилган лавҳаларда кўриш мумкин. Уларнинг ҳар бир сатрида ватанга меҳр, халққа ҳурмат руҳи уфуриб туради.
Хуржун орқалаган, гоҳ  дилкаш ҳамроҳи билан, гоҳ ёлғиз овчи ўрмонларни кезади, бу сайрларида ўзини она қучоғида эркаланаётгандек сезади. Сафарлари давомида турли манзараларни кузатади, феъл-атвори, ички олами бир-бирига ўхшамаган, аммо умумий манзара – ягона рус миллатини тўлдириб турадиган одамларни учратади, улар билан дилдан суҳбатлашади, оддий, беғубор, тиниқ ҳаёт тарзларидан таъсирланиб, уларни иштиёқ билан қоғозга туширади. Битикларда таассуротлар турли нуқталардан ранг-баранг акс этади. Йўлда кеч қолиб, дуч келган манзил – тегирмон яқинида тунаганларида (“Ермолай ва тегирмончининг хотини”) хўжайинлар уларни хушнуд кутиб оладилар, қоринларига қарашадилар ва янги ўрилган хашаклар орасида иссиқ жой қилиб берадилар. Ўчоқ, унда ловуллаб ёнаётган гулхан, челакда картошка қайнаяпти. Ермолай билан эски таниши тегирмончининг хотини суҳбатга киришади, аёл янги меҳмон билан қизиқади. Бирданига овчи Аринани таниб қолади: у жаноб Зверковнинг уй хизматчиси эди. Бу хилват жойларда нима қилиб юрибди? Қизиқ тақдирга доир ҳаяжонли ҳикоя… Жаноб Зверков бир пайтлар ёзувчига “Сиз ёшлар ватанни жуда оз биласизлар” дея танбеҳ берганди. У хотинини фаришта деб биларди, хонадонида турмушга чиқмаган қизларни юмушга олишарди.
Бир куни айнан шу Арина тап тортмай, унинг ҳузурига кирган ва “Рухсат беринг, мен эрга тегишни хоҳлайман”, деган. Қарам қизнинг бундай журъатини Зверков ҳаяжон билан васф этганди. Энди эса аёл турмушидан мамнун, ўзини сотиб олган Савелий Алексеевични жуда ҳурмат қилади. Хотиннинг мамнунияти меҳмонларга ором бағишлайди ва улар хашак ичига чуқурроқ кўмилиб, уйқуга кетишади. Бор гап шу.
“Бежин ўтлоғи”да эса (ҳикоя кўплаб тўпламларга киритилган) овга қизиқиб кетиб, кеч қолган ва манзилини йўқотиб қўйган кишининг бир оз ҳаяжонли ва ички ишончга йўғрилган кечинмалари жуда таъсирчан ҳикоя қилинади. Одам бепоён ўрмонда адашиб қолди (кўрганлар рус ўрмонлари чексиз-поёнсиз эканлигини, агар кимдир улоқиб кетса, уни вертолёт билан ҳам излаб топиб бўлмаслигини тан оладилар), чарчаган, ови бароридан келиб, халтаси ўлжага тўла – оғир, мўлжални аниқ ололмаяпти, бироқ бундай саргардонликдан заррача ваҳми йўқ. У барибир қайсидир бурчакдан жонли ҳаётга чиқишини билади. Изланишлардан ўткирланган зеҳни билан эса атрофни зийрак кузатади, шунда ҳар бир тўнка, гиёҳ, шох-шаббалар унга ўз сирларини очаётгандек, уни манзил сари бошлаётгандек туюлади. Бундан унинг юраги ҳаприқади, меҳр ҳислари жўшади. Ўрмон қоронғулашади, тун чўкади, юлдузлар юз кўрсатади. Энди унинг ҳамкорлари кўпайгандек, ишқибозларининг сони ортгандек. Бирдан дарахтлар чекиниб, улкан ялангликка чиқиб қолади. Узоқдан дарё ялтираб кўринади. У жарликнинг ёқасига келиб қолган. Қуйида, дарё ўзанининг қайрилиш жойида гулхан алангаси кўзга ташланади. У Бежин ўтлоғи дея шуҳратланган яйловга келиб қолганини тушунади. Гулхан атрофидаги беш бола қўшни қишлоқдан, от суруви билан яйловга чиққан, фусункор июль оқшомида ўзларича гашт қилишаётган эди. Овчи-ёзувчи улар билан чиқишиб кетади, ўсмирларнинг беғубор дунёси акс этган ҳикояларини тинглаб, юртининг келажагини кашф этгандек бўлади. Ҳикоянинг ростгўй (негадир Тургенев асарларини ўқиш жараёнида ёзувчи асло китобхонни алдамаётгани, тўғри сўзларни қайд этаётганига ишонч пайдо бўлади), самимий руҳи ўқувчида қадрдон ҳисларни жунбушга келтиради, хаёл узоқ-узоқларга олиб кетади. Бу балки воқеаларнинг ҳаққонийлигидадир.
“Овчининг мактублари”да турли ёш, касб, тақдир эгалари бўлган кўплаб юртдошлар ҳаёти қаламга олинган. Улар ёзувчи шахсан таниган, турли даражада мулоқотда бўлган кишилар. Бири қўшниси, бошқаси ҳақида бировдан эшитиб, кейин топган, улар савдогарлар, кучерлар, ер эгалари, уруш иштирокчилари – ким бўлмасин, ёзувчининг қалами уларнинг фақат ўзигагина хос қирраларини топа олади ва бетакрор тимсолларини чизади. Шунингдек, улар умумрус халқига, миллатига хос сифатларни намойиш этадилар. Бир нарсани тан олиш керак: бир қарашда чанг босган, унча-бунчада назарга илинавермайдиган, ҳар кун кўравериб кўз пишиб кетган, қолаверса, жонга тегиб бўлган нурсиз халқ ҳаётини бунчалик меҳр, иштиёқ билан тасвирлаш, яна улкан сомон ғарами ичида яширинган нинани – халқ ҳаётининг оҳанрабосини топиш учун ёзувчи кучни қаердан олди экан? Агар жонли ҳаётнинг ҳар бир лавҳаси такрорланмас ва қайтарилмас эканлигини тан олсак, чиндан ҳам бу ҳаётдан кўплаб ҳикматларни кашф этиш мумкин. Ёзувчиман, деб ўзини маълум қилган ҳар бир кишида шундай мақсад, уни рўёбга чиқариш учун иштиёқ борми?
Илмий-адабий давраларда ўз вақтида “Овчининг мактублари” долзарблиги, янгилиги, тоза ҳавони димиққан рус адабиётига олиб кирганлиги билан тан олинган бўлса-да, унга эътирозлар ҳам бўлган. Жумладан, унинг хориж тилларига таржимаси билан танишган И. Гейзе (немис), Мельхиор де Вогюэ (француз), шунингдек, П. Анненков (Россия) ва бошқа танқидчилар асарда ҳаёт ҳақиқати бадиий ҳақиқат даражасига кўтарилмаган, ҳолатлар, образлар талқинида такрорлар бор, айниқса, асар тузилиши пароканда, яхлитлик таъминланмаган, ҳикояларда композиция заиф (хусусан, воқеаларнинг ечими йўқ) сингари муносабатларни ҳам билдиришган. Буларда ҳам жон бор, масалан, ҳикоялар исталган нуқтада тўхтатиб қўйилади, иштирокчиларнинг кейинги тақдири ҳақида гап бўлмайди. Барибир илм – илм, ҳаёт – ҳаёт экан, “Овчининг мактублари” жамиятнинг барча табақалари ҳаётига кириб борди, уларнинг меҳрини қозонди. Яхши, тан олинган нарсанинг баъзан нуқсони ҳам фазилат саналганидек, бу асар улкан хазинага эга бўлган рус адабиётида ўзига хос мавқега касб эта олди (балки унинг бахти “биринчи”лигидадир).Умуммиллий ижтимоий фикрнинг шаклланишида ва юксалишида дастлабки уйғониш қўнғироғини чалганлардан бири – жонли халқ ҳаётининг ёрқин ифодаси сифатида йўналишни тўғри белгилаб олишга кўмаклашгани  билан ҳам бу тўплам тарихий ва қадрли бўлиб қолган.
***
Ижоднинг умуминсоният маданияти тарихида яхлит жараён эканлиги, боқийлиги шундаки, мавзулар, тимсоллар, услублар дунё бўйлаб кўчиб юради. Бир мавзуда бошқа-бошқа тилларда бир хил шеърлар ёзилганини адабиёт яхши билади. Албатта, катта гапларга даъвогарлик қилиш, оғир юклар(таъна-дашномлар)ни елкамга олишга иштиёқим йўқ-у, шу битикларни ёзишга тайёрланиш жараёнида ўзим ҳам бехос дуч келган бир ҳолатни қайд этмасам, тўғри бўлмас. Афсуски, бу яқинликни олдин сезмаган эканман. 2007 йилда “Имзоли хатлар” деб номланган китобим чиққан. Уни “Танланган бадиий публицистика” деб атаганман ва бир неча томли сериалларга ўхшатиб, “1” рақами билан белгилаганман (гўё десинларки, “давоми бор экан”). Очиғи, барча башоратларим, саъй-ҳаракатларим беҳуда кетган. Мен кутганимдек, на дабдабали эскартиш (“Танланган бадиий публицистика”), на рақам бировнинг назарини тортмаган. Менинг тахминим (кутишим)ча, китоб савдога чиққач, уни жавонда кўрган шу соҳанинг мутасаддилари, умуман, ўқувчи ҳаяжонланиб, “Э, бадиий публицистика? Яна “Танланган” дебди, “1” рақамини қўйибди, ҳолбуки, ҳали ҳеч ким бунга журъат қила олмаган – танланган бадиий публицистика эмиш, боз устига давоми бор, чоғи”, қабилида эсанкираб қолиши, китобни тез сотиб олиши, зудлик билан танишиб чиқиб, матбуотда мақола эълон қилиши лозим эди… Мен шундай ҳолатда нима қилишимни хаёлан чамалаб, ўзимни руҳан тайёрлаб юрдим.
Хўш, “Имзоли хатлар” нимаси билан “Овчининг мактублари”га яқин (асло “тенг” деяётганим йўқ, дўстлар фаромуш бўлмасинлар!)? Аввало, номланишида бир маънони ифодалайдиган сўзларнинг синонимлари қўлланган – “хат” – “мактуб”. Бу юз фоиз тасодиф эканини ҳар қандай сўроқ қаршисида эътироф этаман. Китобга ном танлаётганимда бу машҳур асар умуман хаёлимнинг кўчасидан ўтмаган. Бўлмаса, мана, қарийб ўн йил ортда қолибди, фақат эндигина бу ҳолни ички фахр билан қайд этиб ўтирмасдим. Аслида, яхши нарсага ҳавас қилиш, ҳатто тақлид қилиш ёмонлик аломати эмас. Ўша пайтда шундай тақлид нияти бўлганда ҳам буни ҳозир яшириб ўтирмасдим. Гапнинг индаллосини айтганда эса, яқинлик фақат икки сўзда эмас. Унда жамланган қирққа яқин лавҳаларда ҳам халқ – турли касб-кор ва даражага эга бўлган, мустақил Ўзбекистон давлатида яшаб, моддий неъматлар ишлаб чиқаришга қатнашаётган одамлар ҳаётининг турли қирралари қаламга олинган. Албатта, улар китоб ҳолида нашр этилибдими, нашриёт томонидан тўпламга киритилишга лойиқ кўрилибдими, демак, нимадир бор. Қолаверса, шунгача муаллиф қарийб йигирма йил матбуотда хизмат қилган, катта-кичик  китоблари нашр этилган, ижодий танловлар ғолиби бўлган.
Тўпламдаги лавҳаларда, олайлик, бепоён яйловнинг ўксик шоири – биринчи муҳаббатини қозонган севгилиси билан учрашишни 39 йилдан бери кутиб яшаётган ва асотирларда таъкидланганидек, висолга элтувчи қирқинчи йилдан умид қилаётган чўпоннинг беғубор, ўсмирларга хос қалб кечинмалари (“Бу – ўша олис ва яқин муҳаббат”), ер олиб деҳқончилик қилаётган, “ҳушёр тортган, зеҳни очилган, қараб турмай, зир югураётган” қишлоқ одамларининг дастурхон устидаги ҳангомалари (“Англанаётган ҳақиқат”), азалий қадриятларни баланд тутган халқ ҳаётига янги эпкинларнинг кириб келиши (“Яхшиликнинг баҳоси”, “Олтин ойкумена”), мустақиллик кўзгусида миллий менталитетда юз кўрсатаётган баъзи доғлар (“Ош”, “Миссия”, “Бир ажиб қавм”, “Матриархат”), шунингдек, дали-ғули, ҳаммани, бутун дунёни ўзларидек содда, оқ кўнгил деб биладиган кишиларнинг гоҳ кулгига, гоҳ изтиробга тўла турмуш тарзи (“Қўнғироқчалар”, “Тирикчилик “илми”, “Синган одам”, “Кўпкари”) манзаралари ва, албатта, шу улуғ халқдан ифтихор (“Бўйингдан…”) ватанимиз ҳаётида рўй берган оламшумул ўзгариш мантиғи билан идрок этилади, меҳр билан қоғозга туширилади. Китобнинг иккинчи қисмидаги эиёлилар билан суҳбатлар (“Сибирга кетмаган ўзбек”, “Мен болаликдан ошиқман”, “Ранглар мени ҳар куйга солди”, “Бахтиёр Ихтиёров “…касбини ўзгартиради”ми?”), баъзи портрет очерклар (“Академик Холмуродов”, “Ёлғиз дарахт”, “Рустамнинг шахмат достони” ва бошқа)да, маърифий мавзудаги лавҳалар (“Сўзларда не гуноҳ?”, “Шу тупроқни меҳроб деганлар”)да ҳам халқимизнинг бой салоҳияти, ўтмиш ва келажак вобасталигини таъминлашга амр этилган шу кунларда руҳиятда, маънавиятда рўй бераётган ўзгаришлар бебаҳо аъмол – истиқлол шукуҳи билан қаламга олинади. Ана шундай муборак кунлар арафасидаги ҳаёт манзаралари – тоталитар тузум шароитида ўз ғурурини сақлаган, қадриятларини ардоқлаган, ёруғ кунларга умидини узмаган юртдошларимизнинг ички олами инкишоф этилган битиклар (“Парда ортидаги ҳаёт”, “Довдирнинг фалсафаси”, “Кўпларга ёқмаган ҳақиқатгўй”) учинчи қисмда жамланган. Хуллас, китобга киритилган турли жанрдаги публицистик асарларда жимжимадор гилам ёки гулдор шоҳи сингари халқимиз рангин оламига ўзига хос жило бериб турган  манзараларнинг баъзи чизгилари имкон даражасида нақш этилганди.
Бизда негадир кейинги пайтларда умумий тарзда китобдан безиш, қочиш кайфияти кузатилмоқда. Бир ёзувчининг ибораси билан айтганда, “Одамларимиз китобдан азроилдан қўрққандек тирақайлаб қочишади”. Отчопардаги игна ташласанг ерга тушмайдиган одамлар ва машиналар издиҳомини кўрган икки киши ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтибди:
– Одамнинг кўплигини… Яна машиналарни айтмайсанми, еру жаҳонга сиғмайди.
– Бу жойни хилват қилишнинг йўли осон, – дебди иккинчиси, – шу майдоннинг ўртасида ё китоб магазини, ё кутубхона қуриш керак. Шунда ҳамма тарқаб, қочиб кетади.
Ҳа, бир замонлар илму урфони билан дунёни лол қолдирган боболарнинг авлодлари маърифатдан, китобдан шундай қочадилар. Албатта, бу ҳолнинг сабаблари анча теран. Жумладан, одамларнинг китобдан ихлосини қайтарадиган китобларнинг кўпайиб кетгани бир сабаб бўлса, нафс балосининг ҳакалак отиб, бир машинани иккита қилиш, бир қаватли қасрни икки қаватга кўтариш васвасаси ҳам, яъни таги тешик қозонни тўлдиришга уринишга ўхшаш нодонлик ҳам кишиларни шу куйга солиб қўйди. Маърифатдан узоқлашиш маърифатсизликка олиб келади, маърифатсизлик эса маърифатга қарши курашади – ана шундай занжир реакцияси юзага келиб қолган ва у ишлаб турибди. Бу занжирни узишнинг оддий йўли – яна маърифатга қайтиш, холос.
Ана шундай шароитда унча-бунча китоб, яна у мураккаб таҳлилларга қурилган, фикрлашга ундайдиган, яъни “ўтириб” қолган мияни ишлатишга мажбур қиладиган бўлса, у ҳеч кимнинг эътиборини тортмаслиги, аксинча, жиғига тегиши бор гап. Назаримда, ўқитувчилар, устозлар, ёзувчиларнинг ўзи ҳам китоб ўқимай қўйди. Билъакс, журналистика факультетига эга бўлган дорулфунун талабалари-да замонавий муаллифнинг уринишларига назар қилган, унинг, борингки, муваффақияти эмас, нуқсонлари ҳақида амалиёт иши ёзган бўларди. Шу даражадаги таълим муаассасида ўқиган собиқ студент сифатида тушунмайман: ўзи бугун журналистика бўлимларида нимани ўргатишаяпти? Ахир ёзишнинг бошланғич малакасига эга бўлмаган талаба интернет журналистикасини ҳам, электрон оммавий ахборот воситасини ҳам эплолмайди-ку. Тегирмоннинг дўлига буғдой солган боболар, шундан кейин ун чиққан… Айни кунларда таҳририятларда рационал фикрлайдиган, таҳлилга қодир, теран назария билан қуролланган ёш ходим эмас, саводли мухбирнинг ташриф буюрмаётгани ҳам бор гап. Бунақада ҳушёр жамоатчилик, янгиликни ўз пайтида пайқайдиган кузатувчи-синчилар ҳақида қандай гап бўлиши мумкин?
Ватан, миллат тақдирида истиқбол йўлини излаётган, пайдо бўлган ҳар бир янги шарпани кипригига найза қадаб, қулоғига қалам қистириб кузатиб бораётган ўн тўққизинчи аср иккинчи ярмидаги рус ҳаёти учун  ”Хорь ва Калинич”нинг беиз кетмагани тасодиф эмас. Унга эътибор муаллифни янги ижодий парвозларга илҳомлантирган, очерк замиридаги теран ижтимоий моҳиятни ҳис этган жамоатчилик уни янги руҳдаги адабиётнинг қалдирғочи деб билган. Икки хил муносабат – икки хил тақдир!
Менга ҳам косонлик бир китобхон телефон қилган, жуда тўлқинланиб “мазза қилгани”ни айтган, юзма-юз кўришиш истаги борлигини маълум қилганди. Шу суҳбатга гувоҳ бўлганлар (у танишимнинг идорасидан қўнғироқ қилганди) уни бу йўлдан қайтаришдими ёки кетишга шошилдими, учрашув рўй бермади. Ўзи бизда (айнан Қашқадарёда) китоб билан муаллифни табриклаш, унинг суҳбатини олиш урфга кирмаган (аксарият одамлар китоб чиқарган одамнинг “неча пул”лигини билишади; сабаб – ўша, китобдан қайтарадиган “китоб”ларнинг кўпайиб кетгани), шунга зарурат ҳозирланганда ҳам, таассуфки, китобга эмас, дастурхонга баҳо берилади (зўр одам – пулдор одам!). Ёки китоб билан овора бўлишни беҳуда машғулот деб билганлар муаллифни асло тушунишмайди, қабул қилиша олмайди. Шу туфайли “Янги китобим чиқди” десанг, ранги ўчиб, ажабтовур овоз чиқаради-да, шундай гап қилади: “Ай-ҳув, бунча гапни қардан (қаердан) оласиз?”Муносабат, эътироф, табрик – бўлгани шу.
Рус жамоатчилигининг бағрикенглигига қойил қолмасдан илож йўқ. Умуминсоният дунёсига кўплаб даҳоларни берган бу улуғ халқнинг ўзига хос қирралари ҳақида махсус тадқиқотлар яратилган, оташин шеърларда куйланган. Луғатида “ҳасад” деган сўз бўлмаган бу миллат бировнинг орқасидан гапириш (ўзбекча айтганда – ғийбат қилиш), гуруҳбозлик, маҳаллийчилик деган қусурларни билмайди, яхши, нодир, зўр нарсани мардларча тан олиб кетаверади. Улар учун бундай қадриятларнинг чегараси ҳам, миллати ҳам, тили ҳам йўқ. Ер юзини бир хонадон, жами халқларни биродарлар, деб биладими-ей.
Одамнинг юраги қора бўлса, ҳар унсурдан қоралик излайверар экан. Бундай зотларга бировнинг кулгиси ҳам (кулсанг, менинг устимдан кулаяпти, деб ўйлайди), йиғиси ҳам (мени кўролмай, тириклигимга йиғлаяпти, дейди) ёқмайди. Шундайлардан тузилган қавмга тақдир қанчалик буюк иноятлар қилмасин, марҳамати билан сийламасин, юксакларга чорламасин, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик сингари ботқоқларга ботиб, ўзини пастга тортаверар экан. Ҳатто бир кишининг қоралиги ҳам, худди бир томчи сиёҳ бир бўчка асални айнитганидек, жамиятни пароканда қилиши, кўпчиликнинг фикрини бошқа ўзанга бошқариб юбориши мумкин экан. Гувоҳларнинг эслашича, маҳаллийчилик авж олган тоталитар тузум вақтида ижодий мунозараларнинг бирида муқобил фикр айтган кишига қаратиб, бошловчи “Ботқоқликдан бақаларнинг овози ҳам эшитилаяптими?” деган. Бир тилда сўзлашадиган, бир тупроқда умргузаронлик қилаётган зиёлиларнинг соф, беғубор фикр талашиши бўлган адабий-бадиий мунозарада бундай луқма ташланиши замирида беписандлик, қолаверса, маҳаллийчилик алами бўлган. Ана шу бефаросатларча айтилган бир гап туфайли маҳаллийчилик иллати туп ёзгани, ўртада ихтилофлар келиб чиққани ҳам бор гап. Буюк мақсадларга фақат бирлик, ҳамжиҳатлик, жонни жонга тикиб эришилади. Миллатнинг юкини бир тўда “олтин тоғора”да туғилганлар кўтара олмайди, уларнинг елкаси фақат ўз манфаатини кўтара олиши мумкин, шунинг учун нурли келажак аъмолига ҳамма сафарбар бўлмоғи жоиз. Бўлиниш, парокандалик ҳеч вақт яхшиликка олиб бормаган…
Ўз пайтида “Овчининг мактублари” тўплами халқни, миллатни бирлаштирадиган бир восита бўлган. Биринчи очерки эълон қилинганидан беш йил кейин янги-янги ҳикоялар билан тўлдирилиб, алоҳида китоб ҳолида чоп қилинган. Шундан кейин бир неча марта қайта-қайта нашр этилгани, дунёнинг кўплаб тиллрига таржима қилингани айни ҳақиқат. Менинг қўлимда ҳам унинг 1985 йил “Художественная литература”да чиқарилган нашри бор. У икки миллион тўрт юз минг нусхада босилган экан.
***
Ижтимоий фикр гуркираб ривожланаётган, маданиятнинг турли соҳаларида етук шахслар пайдо бўлаётган шароитда Тургеневнинг эътироф этилиши бежиз эмас эди. У, аввало, тақдирнинг инояти билан ана шундай мавқега лойиқ эди: етарлича моддий таъминлаганлик, мукаммал тарбия ва таълим (боз устига – табиий иқтидор). У ҳали мактаб ёшиданоқ она тилидан ташқари уч тилда гаплашар ва немис, француз, инглиз адабиётини аслиятида ўқий олар эди. Кейинчалик юнон мифологияси ва антик давр фалсафасини оригиналда ўқиш учун грек тилини ўрганди. Унинг устозлари ҳам етук кишилар эди. Уй ўқитувчилари рус тилини жондан севган, бир вақтнинг ўзида чуқур билимли, актёрлик, шоирликдан хабари бор кишилар бўлган. Улардаги уйғонаётган миллатнинг келажаги йўлидаги фидойилик, ҳозиргача буйсундириб келган немис, француз, инглиз маданиятидан ўзиб кетиш истагининг чақноқ учқунлари мурғак қалбларга ватанпарварликнинг илк куртаклари бўлиб пайвандланарди. Оила муҳити, қаттиққўл ва тартибни, Спартанча педагогикани ёқтирадиган, ўша замоннинг юқори даражасида маълумот олган, адабиёт, шеъриятни тушунадиган ва қадрлайдиган  онаси Варвара Петровнанинг алоҳида эътибори унинг баркамол улғайишини таъминларди. Улар Москвадан уй сотиб олишади ва юқори даражали олий ўқув юртларига кириш учун жиддий тайёргарлик бошланиб кетади. Иван Тургенев дастлаб Москва давлат университетининг илоҳиёт факультетида, кейин Гоголь билан юз берган воқеадан сўнг уни ташлаб, Петербург университетининг фалсафа факультетида ўқийди, кандидатлик даражасини олади. Кейинроқ Берлин университетида фалсафани яна ҳам чуқурроқ ўрганади ва магистр даражасини олади. Ижоди, ижтимоий фаолияти бутун дунёда тан олингач, унга Англиядаги Оксфорд университетининг доктори унвони ҳам берилган.
Шунингдек, шаклланиш йилларида умумрус миллий маданиятининг кўплаб машҳур вакиллари билан ҳаёт йўллари кесишган. Петербургда ўқишни тугатиб, ички ишлар вазирлигида хизмат қилганида девонхонада кейинчалик машҳур тилшунос олим бўлиб танилган, жонли рус тилининг изоҳли луғатини тайёрлаган В. И. Далнинг қўл остида фаолият юритганди. Кенг қамровли маълумот эгаси, она тилини чексиз меҳр билан севган оташин ватанпарвар Владимир Иванович ёш йигит шахсиятига кучли таъсир қилганди.
Ўша йиллари ёшларнинг идеали бўлган, ҳатто илоҳ даражасида улуғланган Александр Пушкинни икки марта кўрган. Хотираларда қайд этилишича, профессор Петр Плетнев хонадонига ташриф буюрганида йўлакда “ўрта бўйли одамга дуч келади. У шинели ва шляпасини кийиб олган, мезбон билан хайрлаша туриб, жарангдор овозда “Ҳа, ҳа. Бизнинг министрларимиз кўп яхши. Гап йўқ” деганча кулиб, чиқиб келарди”. Тургенев унинг фақат оппоқ тишларини, тийрак, безовта кўзларини илғай олади. Шу зотнинг Пушкин эканлигини билгач, ҳам афсусланади, ҳам хурсанд бўлади. Кейинги сафар шоирнинг ўлимидан бир неча кун олдин уни Энгельгардт концерт залининг эшиги олдида учратади. У ҳассага таянганча қўлини кенг кўкрагига қовуштириб, атрофга олазарак боқиб турарди. Тургенев унинг унча катта бўлмаган қорача юзини, африканча лабини, йирик оқ тишлари, осилиб турган бакенбардлари, баланд пешонаси остидаги деярли қошсиз, ғазабли қора кўзлари ва жингалак сочларини кўришга улгурди. Шоир ҳам унга бир қур назар ташлади, биринчи таассуроти яхши бўлмади чоғи, тез ўгирилиб олди. Умуман, у ўзида эмас эди, тезда йироқлаб кетди. Орадан бир неча кун ўтиб, бутун Россияга қайғули хабар тарқалди: “Рус шеъриятининг қуёши ботди”. Бу гал кўрганида Пушкин “борлиғини қоплаган зулмат дунёсида жонсиз ётарди”. Унга ихлоси шунчалик юксак эдики, хизматкордан улуғ шоирнинг бир тутам соч толасини қирқиб беришни ўтиниб сўради. Ўтинч жуда самимий, юракдан эди, уни рад этиб бўлмади. Тургенев Пушкиннинг бир тутам сочини энг муқаддас тумор сифатида умрининг охиригача медальонда сақлаб юрди. Ҳатто қаттиқ мутаассир бўлганидан марсия ҳам ёзишга киришди. Уни “Бизнинг аср” деб номлашни ўйлади. Биринчи варақдан кейин иккинчиси, кейин учинчиси… ғижимланиб четга улоқтирилди. Тушундики, Лермонтовдан ўткара олмайди. Шундан кейин фикридан қайтди.
***
Орадан бир оз ўтиб, 1839 йил декабрида рус адабиётининг яна бир ёрқин юлдузи Михаил Лермонтовни княгиня Екатерина Шаховская (Тургеневнинг биринчи севгилиси,”Илк севги” қиссасининг қаҳрамони)нинг хонадонида кўрди. Биринчи қарашдаги таассурот шундай эдики, шоирдан ваҳима ва фожелик  бўй кўрсатиб турарди. Унинг қорамағиз юзида, тик боқадиган катта қора кўзларида ўйчан бир шубҳа аралаш хафагазак норозилик бор эди. Унинг босиқ, ғамгин нигоҳлари қарийб болаларча нозик қимтилган лабларига ярашмасди. Ялпайган қомати, қийшиқ оёқлари, кенг елкасига қўндирилган катта боши ёқимсиз таассурот уйғотарди. Тургенев бир нарсани сезди: у кулганида кўзлари ғамгинлигича қолар, атрофга нажот сўрагандек олазарак боқарди. Кўриниб турардики, тақдир ўзини итқитган муҳитдан зериккан, бўғилиб кетган. Кейинги сафар шоирни дворянлар баллида учратди. У ҳамманинг назарида, мухлислар тинчлик бермас, атрофида парвонадек гирдикапалак бўлишар, у эса илтифотларни сукут билан тинглаб, ҳаммага ғамгин нигоҳларини ташлаб ўтирарди. Тургенев ўшанда Пушкиннинг қўлидан тушган шон-шуҳрат гулчамбарига эгалик қилган улуғ шоирга яқинлашиш, унинг қўлини олишга журъат этмаганди. Михаил Юрьевич Лермонтов ҳақида ўз вақтида тадқиқотчилар Пушкин чиқиб кетган эшикдан бошқа иқтидорли шоир шеъриятга кириб келди, қабилида гапиришган. У қисқа вақтда бетимсол истеъдоди, илҳомининг Анлантдек кучи билан назм ва насрда дурдоналар яратиб, ҳаммани ҳайратга солиб ташлаганди. Кейинчалик Лев Толстой у ҳақда шундай деган экан: “Яхшиямки, бу Миша деган бола эртароқ ўлиб кетди. Мабодо у узоқ яшаб, шу хилда ижод қилганида Пушкинни ҳам, мени ҳам ҳеч ким ўқимасди”.
***
Ўз замонасининг таниқли кишилари билан учрашиш, уларнинг суҳбатида бўлиш ижодкор таржимаи ҳолида изсиз кетмайди, қолаверса, мўлжални тўғри олишида, ўз имкониятларини тўла ишга туширишида бундай мулоқотларнинг ўрни бўлакча. Талабалигида ўзига хос таассурот қолдирган Николай Васильевич Гоголь “Ўлик жонлар” поэмаси, “Ревизор” комедияси сингари асарлари билан рус ижтимоий бадиий тафаккурида бўрон қўзғаган, унинг номи халқпарварликнинг тимсолига айланиб қолган эди. Гоголь Тургенев ижодини қизиқиш билан кузатиб борар, “рус адабиётида у энг катта иқтидор эгаси” деб тан ҳам берганди. Фақат бу икки улуғ шахснинг иккинчи учрашуви 1851 йил 20 октябрда содир бўлади. Орадан ўтган ўн йил томонларга ҳар хил таъсир қилган, Тургенев улғайган, кучга тўлган бўлса, бир пайтлар тўла, бақувват малорус эса озғин, чарчаган, умрининг шомида яшаётган одамга айланган эди. Гоголь хурсанд ҳолда юзма-юз бўлади, мамнуният билан Тургеневнинг қўлини қисиб, ўз эътирофини изҳор этади. Тургенев унинг асарларини деярли ёддан биладиган суҳбатдошига синчиклаб разм солади, унда казакларга хос қадрдон нуқталарни кўради. Икки кун давомида адабиёт, ёзувчининг қадри, ўз асарларига қандай муносабатда бўлиши юзасидан жонли суҳбатлар бўлиб ўтади. У Белинскийни тилга олмас, “бу ном унинг лабини куйдирарди”. Герценнинг унинг ҳаётий қарашларини ўзгартираётганига (нуқул помешчикларни танқид қилган ёзувчи охирида уларни тарбиялаш мумкин, деган фикрни олға сураётганди) писанда қилиб, чет элдан юборган мақоласини эслайди.
Гоголнинг мулоҳазаларга бой, эҳтиросли, ҳар бир сўзни жилолантириб сўзлаган гурунглари Тургеневда ўчмас таассурот қолдиради. Бу уларнинг сўнгги учрашуви эди. Кўп ўтмай, Гоголь вафот этади. У мавжуд тартибларга исён сифатида жами қўлёзмалари, жумладан, “Ўлик жонлар”нинг иккинчи китобини ҳам (фақат тасодифан унинг тўрт боби ва тугалланмаган охирги бобларидан бири сақланиб қолади) ўлими олдидан ёқиб юборади. Бу айрилиқдан қаттиқ таъсирланган Тургенев улуғ ёзувчи хотирасига марсия ёзади. У узоқ қийинчиликлардан сўнг (Гоголни хушламайдиганлар кўп, унинг номи “қора рўйхат”да бор эди) 1852 йил 13 мартда “Московские ведомости” газетасида босилади. “Бу мислсиз йўқотиш, – деб ёзганди Тургенев Полина Виардога ёзган хатида. – Шу дақиқаларда юраги қонга тўлмаган биронта рус йўқ. У биз учун ёзувчидан ҳам баландроқ эди, у бизга ўзимизни танишни ўргатди. У ўзининг кўплаб ҳаракатларида биз учун буюк Пётрнинг давомчиси эди”. Мазкур ҳаракат маъмурий давраларга бутунлай ёқмайди, уни қамоққа олишади, узоқ суриштирувлардан кейин бир ой муддатга турмага ташлашади, сўнгра Москвадан переферияга – ўз мулкига узоқ муддат чиқмаслик шарти билан сургун қилишади. Иван Сергеевич учун икки йилга яқин ёлғизлик кўп нарсаларни қайта мулоҳаза қилиб кўриш имконини беради. Пушкиннинг тўпламлари ҳамроҳи эди, тарихни чуқурроқ ўрганади. Ижод билан банд бўлади, халқ ҳаётини теранроқ кузатади. Шу йилларда  машҳур “Муму” қиссасини ёзади. Уни кўргани Спасскка дўстлари, жумладан, А. Фет, Н. Анненков ва бошқалар келишади. Бу йиллар рус ҳаётининг изланишларга тўла долғали даври эди.
***
Ўша асрнинг 30-йилларида рус зиёли ёшлари Ғарбга чиқиб кетишни, эмиграцияни хуш кўришарди. Уларга биқиқ маҳаллий муҳит ёқмас, немис классик файласуфлари, инглиз сиёсий иқтисодчилари ва француз хаёлий утопистларининг эркин ва озод тузум ҳақидаги назарий қарашлари билан тўйинган Европа муҳити уларга жозибали туюларди. Бу интилиш ўз ўрнида Николай I ҳукуматининг ички ноқобил сиёсатига муқобил йўл – норозилик аломати ҳам эди. Ёшларнинг аниқ муаммолар юзасидан фикр юритиши тақиқланган, ижтимоий фикр кўнгилхушлик ва мамнунлик йўналишига буриб юборилган эди. Рус ҳаётининг ҳақиқий манзаралари ҳақида сўзлаш мумкин эмас, бироқ умуминсоний қадриятлар ҳақида ҳар қанча ваъзхонлик қилса бўлади. Ана шундай муҳитдан безиб, хорижда – Англияда яшаётган рус зиёлиларидан бири Александр Иванович Герцен эди. У декабристлар ғояларига хайрихоҳ, уларга нисбатан чуқур эҳтиром сақлар, “Қутб юлдузи”  (“Польярная звезда”) номли альманах ташкил қилиб, ўз садоқатини изҳор этган эди. Кейинчалик “Ватандан мактублар” журнали юзага келди. Четдан Россиядаги аҳволга назар солиб, мавжуд вазиятнинг сабабларини излаган ва “Ким айбдор?” дея сўроқ қўйган ҳам шу мутафаккир бўлади. У Ғарбда яшаса-да, славянпарастларни қўллаб-қувватлаган, уларнинг оддий халқ турмушидан олган ғояларини қадрлаган. Тургенев Герцен билан яқин ҳаммаслак ва қаламкаш дўст эди. Уларниг крепостнойликни бекор қилиш, адабиётда халқчиликни таъминлаш (бир гал даладан ўтиб бораётганларида рус аёлларининг эркаклардан тортинмай ярим яланғоч ҳолда жавдар ўраётганларини кўриб қолишади. Бу воқеага ҳар ким ўз муносабатини билдиради. Шунда Герцен “Аёлларнинг шу кўйга тушиб қолишида адабиёт айбдор”, дейди), ягона ижтимоий фикрни шакллантириш борасидаги ҳамкорликлари рус маданияти тарихига кўплаб дурдоналарни ҳадя этди.
Бундай сермаҳсул ҳамкорликни Фёдор Михайлович Достоевский билан ижодий муносабатларда ҳам кўриш мумкин. Уни биринчи марта “Бечора кишилар” қиссасини Гоголь ижоди билан тенглаштирган Белинскийнинг нафис адабиёт тўгарагида учратади. Унинг феълида тундлик, дардчиллик кўриниб турарди, мағрурлик, виқор ҳолатидан бирданига мунғайиб, ожиз қиёфага кирарди. Хаёлига келган фикрни баланд овозда, дадил ошкора қилар, алангадан кўзлари чақнаб кетарди-ю, кутилмаганда ғамгин тортиб, қизариб, дудуқланиб қоларди. Тургенев тушундики, ундаги сиртқи манманлик қандайдир ички қўрқувдан, ишончсизликдан юзага келади, у жуда мураккаб, касалмандлик даражасидаги серзарда, жиззаки ва ўз вақтида ҳимоясиз одам эди. Тургенев эътибор ва дўстона очиқкўнгиллик билан унга пешвоз чиқади ва бу Достоевскийга жуда ёқади. У акасига ёзган хатида “Мен тубан одамлар орасидан энг тартибли киши билан танишдим” деб қайд этган экан. Хотираларда эсланишича, Белинский тўгарагида унинг атрофида истеъдодли ёшлар йиғилган, уларнинг сафида Достоевский ўзини кеккайгандек тутар, бошқаларга тепадан назар ташларди. Унинг бундай беписанд муносабати эса тенгдошларининг ғашини келтирар, табиатан ишонувчан ва довдир бўлган Федьяни турли қитмирликлар билан мазах қилишарди. (Баъзи ўткир эпиграммалар сақланиб қолган). Бундай юмушларга, айниқса, Тургенев уста бўлган экан. У атайлаб Достоевскийни баҳсларга тортар, ўзининг шумликлари билан уни дарғазаб бўлишга, ўзини унутишга мажбур қиларди. Шунда Белинский аралашиб, “Бас қилинглар, йигитлар. Сизлар касал одамни беҳуда гижгижлаяпсизлар. Ҳозир у қизишиб кетиб, нима деяётганини ўзи ҳам билмаяпти” тарзида дакки бериб қўяр экан. Бироқ Достоевскийнинг истеъдоди барибир баланд эди. Масалан, Пушкиннинг юз йиллигида Тургеневга оммабоп рисола ёзиш топширилади, жамоатчилик қаршисида нутқ сўзлайди (у Пушкинни бошқалардан қизғанар, рашк қилар, ҳеч ким уни ўзичалик яхши кўришига ишонмас экан).“Пушкин шеърияти бутунлай халқчил ва миллий руҳни акс эттиргани билан беназирдир, – дейди Тургенев. – У тилимизга пардоз берди. Типик қаҳрамонлари билан рус кишисини дунёга танитди. Рус халқи ўзини буюк деб ҳисоблаши мумкин, негаки, унинг Пушкин сингари буюк фарзандлари бор”. У нутқида Пушкин ижодининг жаҳон шеъриятидаги мавқеини эътироф этишга шошилмаган экан: “Пушкинни Шекспир, Гёте ва бошқалар каби миллий шоир, деб атай оламизми, деган сўроқни ҳозирча очиқ қолдирамиз. Балки замон келиб, янги бир иқтидор майдонга келар ва у ўз устози даражасидан ҳам юксалиб, жаҳоншумул миллий шоир рутбасига эришар”.
Унинг маърузаси ҳаммага ёқади, зал оёқда тик туриб олқишлайди. Шундан кейинги кун Достоевскийга сўз берилади. У ҳаммани “музлатиб” ташлайди, Пушкин ижодини рус руҳониятининг илоҳий даражада намоён бўлишидир, дейди. У асло ҳеч кимга, жумладан, Байронга тақлид қилмаган, унинг “Лўлилар” поэмасидаги Алеко бутунлай миллий характер бўлиб, Манфреднинг сояси эмас. Пушкин ҳали биронта Европа шоирига насиб этмаган даражага эришди. Пушкин даҳоси бутун дунёда эътироф этилган меҳр-шафқатга асосланган рус даҳосидир… У сўзини “Тақдир Пушкинни сийлади, у ўз вақтида дунёни тарк этди. Бизнинг кунларимизга етганда, ким билади, нима бўларди?” деб тугатади ва бошини қуйи эгиб, минбарни тарк этади. Нутқ тугагач, бир зум сукунат чўкади, кейин эса ўзига келган жамоат нотиққа тан бериб, “Даҳо, даҳо!” деб ҳайқиради. Ундан кейин сўзга чиқиши керак бўлган Иван Аксаков минбарга чиқмай қўя қолади. Ана шу юбилей тантаналарида Толстой қатнашмаган, “Адибларнинг юбилей йиғинлари қандайдир ғайритабиий, ҳатто улуғ шоир руҳига ҳақоратомуздир”, деган экан.
***
Ёзувчилар нимани ёзса, ўшани қийналмай шеърда ифодалаган истеъдодли шоир Николай Некрасов билан Тургенев машҳур “Современник” журналида танишганди. Некрасовнинг ҳаётий тамойили “Шоир бўлмаслигинг мумкин, бироқ гражданин бўлишинг шарт” деган шеърий мисраларда ифодаланган. Тургеневнинг мулкида Некрасов билан шу шеър борасида суҳбат кетади. Тургенев ундаги “Шуҳратга ҳам, санъатга ҳам хизмат қилма” мисраларини ўқиб, “Нима, хато босилганми? Балки шуҳратга эмас, санъатга хизмат қил, бўлиши керакдир” дейди. Некрасов тўғри босилганини тасдиқлайди. Фақат иккаласи санъатни ва унинг ижтимоий онгнинг бошқа турлари қаторидаги ўрнини икки хил тушунишар эди, холос. Ҳаётда ўз ақидаларига эга бўлган Некрасов Тургеневнинг илтимосига, ҳатто ялинишига қарамай, сюжетни рус ҳаётидан ташқарида олган, бош қаҳрамони ҳам муҳожир бўлган “Арафа” романи юзасидан ёзилган Н. Добролюбовнинг “Ҳақиқий кун қачон келади?” классик мақоласини “Современник”да эълон қилиб юборади. Дўстлик муносабатларидан, ширингуфторликларидан адабиёт манфаати устун келади. Шундан кейин уларнинг алоқаларига дарз кетади. Умуман, бетизгин, ҳатто бир қадар саёқ ҳаёт тарзига эга бўлган Тургеневда қизиққонлик кучли бўлганми ёки кимнидир қаттиқ яхши кўрса, ундан тез хафа бўлганми, атрофидагилар, ўртоқлари билан тез-тез аразлашиб, узоқ вақт юз кўришмас бўлиб юрар экан. Бу борада бир кетишда 17 йил аразлашиб юрган Лев Толстой билан муносабатлар эътиборга сазовор.
Тургенев Толстойдан ўн ёш катта бўлган. Шунинг учун ўзини унинг қаршисида ака, устоздек тутган. Буни Толстой ҳам сезган ва қадрлаган. “Севастополь ҳикоялари”ни ўқиб, рус адабиётига янги бир иқтидор эгаси кириб келаётганини сезган Тургенев 1854 йил “Современник”да “Ўсмирлик” қиссаси эълон қилингач, 24 октябрда Покровскоега йўл олади. Кечқурун қисса тўпланганлар ҳузурида ўқилади. Шунда Тургенев Мария Николаевнага қарата ҳаяжонланиб шундай деган экан: “Қаранг, сизнинг укангиз ёзувчи сифатида мендан қанча баланд ва иқтидорли”. Ниҳоят, “Рудин” романи устида қизғин иш бошлаган Тургенев Спасскдан Лев Толстойга биринчи хатини ёзади. Унда “Ўрмон кесиш” ҳикоясини ўзига бағишлагани учун миннатдорчилик билдириб, тезроқ Қримни тарк этиш ва ўзини борлиғича адабиётга бағишлаши истаги изҳор қилинган эди. “Сизнинг қуролингиз қилич эмас, қалам. Илҳом эса беҳуда югур-югурларни ёмон кўрибгина қолмайди, рашк ҳам қилади”, деб ёзади. Шундай қилиб, 1855 йил 19 ноябрда Петербургга келиб тушган Лев Толстой Москва вокзалидан тўғри Тургеневнинг хонадонига йўл олади.“Овчининг мактублари” китобининг муаллифи учун бу ташриф узоқ кутилган ва исталган совға эди. Севастополь жангоҳларидан бирданига нафис суҳбатлар даврасига тушиб қолган Лев Толстой учун бу мусобаҳалар тақдирнинг инояти эди. Тургенев уни узоқроқ ушлаб туришга ҳаракат қилади, давраларга олиб кириб, адабий жамоатчилик билан таништиради. Етарли ҳаётий тажрибага ва чуқур маълумотга эга бўлган Иван Сергеевич Толстойдаги фалсафий қарашлар, адабий саводхонлик ва умуммаданий тайёргарликларда бўшлиқлар борлигини сезади, унда Шекспир ижодига муҳаббат, Станкевич, Белинский, Герцен, Огарёв сингари қурдошлари шахсиятига қизиқиш уйғотишга ҳаракат қилади.
Лев Толстой эса ҳаётнинг кескин лаҳзаларини кўрган, уруш суронлари унинг ақлини анча пешлаб қўйганди. Бастионлардаги муҳорабаларда халқнинг, миллатнинг тақдири қартага тикилганди. У жойларда ёлғон, мунофиқлик қанчалик қиёфасини ўзгартирмасин, дарров фош бўлиб қолар, мардлик эса жуда оддий, ҳатто жўн бир тарзда намоён бўларди: душман юзма-юз келади, пешвоз чиқасан, ё ўласан, ё қоласан – учинчи йўл йўқ. Толстой шу даражадан туриб, атрофига баҳо берар, ўзидан олдинги романтикага мойил авлоднинг ички дунёсига назар ташлар эди. Уларнинг силлиқ ибораларга ўранган фикрларидаги мавҳумликка қарши ўзининг очиқ, дангал мулоҳазаларини хуш қўрарди. Турли муҳитда улғайган, ҳаётга қарашлари ҳам бир-бирига ўхшамайдиган бу зотлар ўртасидаги муносабатлар мураккаб кўриниш касб этиб, унда бир-бирини тан олмаслик ёки писанд қилмаслик эмас, балки бир чўққини ҳар ким ўз сўқмоғи билан кашф этиш истаги устунлик қиларди. “Сизнинг умрингиз келажакка интилади, меники эса тамоман ўтмишга қурилган. Мен Сизнинг кетингиздан юролмайман, Сиз ҳам менинг кетимдан юролмайсиз”, деб ёзганди Тургенев хатлариниг бирида. Баъзан ўртадаги тирқишни бекитиш иложи бўлмай қолар, ундан “туядек шамол кириб”, муносабатларга совуқлик тушарди. Тургенев томоғини ўраб олганча пихпихлар, йўталиб, “Бронхит, мени бронхит қийнаяпти” деб зорланар, йирик қадамлари билан хона ичида бориб келарди. Толстой эса “Бронхит – касалликка ўхшаш нарса, у аслида касаллик эмас, шунчаки металл” деб масхара қиларди. Бу ҳазилдан жанжал чиқиб кетмасин, дегандек Некрасов юрагини ҳовучлаб ўтирарди.
Авлодлар алмашаётган, 60-йиллар ёшлари ўзларини намоён қила бошлаган эдилар. Тургенев Толстой қиёфасида биринчи марта янги, характери ва ақли демократик ғоялардан куч олган авлод билан тўқнашди. Тезда муросасиз, кескин рақиб билан баҳслашишига тўғри келиб қолиши аниқ эди; уларнинг иттифоқлиги ва бир-бирларини тушунишлари ҳақидаги умидлар амалга ошмайдигандек эди. Толстой Тургеневдаги бағрикенглик ва динларга хайрихоҳликни қабул қила олмас, ҳар қандай шароитда пировард ҳақиқатни топишга, “сўнгги сўз”га, “тизимлар”га ишонмаслигига тушунмасди. 1856 йил 31 майда Толстой Спасскка Тургенев хонадонига меҳмон бўлиб келади ва хотира дафтарига шундай деб ёзиб қўяди: “Унинг уйи насл-насабини кўрсатиб турарди ва кўп нарсаларни маълум қиларди. Шунинг учун у билан ярашиб олдим”. Шундан кейин улар Покровскоеда, Толстойнинг опаси Мариянинг хонадонида  кўп марта учрашдилар, овга чиқдилар, яйрадилар, шахмат ўйнадилар. Барибир муносабатлардаги совуқчилик сақланиб қолди.
Толстой ва Тургенев ўртасида шундай жарлик пайдо бўлган эдики, худди “Яқинда бўлса, тепишади, олисда бўлса, кишнашади”, дегандек, фақат масофа сақлаб, бир-бирларини ҳурмат қила олар эдилар. Шунданми, Толстой ўз мулки Покровскоеда ҳиссиётларини махфий тутиб яшар, кечинмаларини кундалигига қайд қилиш билан чекланар эди. “Афсуски, Тургенев дағал, совуқ ва оғир табиатли одам. Мен у билан ҳеч қачон чиқиша олмайман”. “Унинг бутун ҳаёти фирибгарона соддалик. Менга у қатъиян ёқмайди”. У Тургенев феълида ўзини ижтимоий ҳаётдаги мустаҳкам, аниқ нарсага боғлашни хоҳламаслик, шахсий турмушида ҳою ҳавас, жонли интилишнинг йўқлиги, доимий кўнгилхушликларга ўчлик, бутун ҳаётини бетайин ўйинга айлантириб юбориш кайфиятини сезди. “Тургенев ўз ҳаётини нодонларча тузган. Ҳаётни ноодатий тузиш мумкин эмас”. “Тургенев ҳеч нарсага ишонмайди – мана унинг фожеаси, севмайди, бироқ севишларини севади”. Тадқиқотчилар тасдиқлашадики, гарчи Толстойнинг баҳоси анча кескин бўлса-да, у билан ҳисоблашмаслик мумкин эмас.
Тургенев табиатан шунга яқин одам бўлган. Бир нигоҳ баҳосини қирқ йил – умрининг охиригача унута олмаган, барқарор турмуш тарзини йўлга қўймай, ўткинчи ҳислар таъсирида дунё кезган, ўз майлларининг қули бўлиб яшаган. Бироқ ана шундай ҳаёт тарзи инсониятга бир буюк ёзувчини инъом этганки, эҳтимол, бошқачароқ яшаш йўриғига дуч келганда, у ниҳояти бир помешчик ёки давлат хизматчиси бўлиб қоларди. Аҳволини ўзи ҳам яхши тушунган, афсус қилган пайтлари ҳам кўп бўлган: “Мен лўлиларча ҳаётга маҳкум этилган эдим – на атрофимда мулозимлар, на мен туп ёзиб қоладиган маконим бўлган”. Толстой унга нисбатан эътирозларини очиқ изҳор қилиб юрганда ҳам Тургенев муносабатини ошкора билдирмас, атрофдаги дўстлар эса улар ўртасидаги ғуборни тарқатишга уринишарди. Некрасов бир сафар Толстойга: “Азизим, у сени қанчалик қадрлашини ва севишини билмайсан. Кўп ҳаяжонланма!” тарзида дакки ҳам беради. Тургенев эса ўз ҳаёт тарзидан чекинмай, яшашда давом этади, оламшумул ғоялар қуршовида чарх уриш билан бирга Полина Виардонинг бир нигоҳига муштоқ бўлиб, Парижга ёки у гастролда бўлган бошқа шаҳарга учади, дарбадарликда узоқ санқиб юради. Ҳаётни кенг эпик кўламда акс эттириш, шу орқали фикрларини батафсилроқ изҳор этиш учун романлар ёзади. Россиянинг келажаги қайси қутбда экани билан юракдан қизиқаётган, бу оламшумул ишга ҳаётини бағишлаган файласуфлар, сиёсатчилар, адабий танқидчилар ва, албатта, ўз ҳамкасблари – ёзувчи, публицистлар билан мунозаралар олиб боради. Баҳсларда унинг бошқаларга ўхшамаган қарашлари бор эди, шу туфайли яккаланиб қолган, изтиробга тушган, ҳатто онасининг илтифотидан маҳрум бўлиб, моддий қийинчиликларга дуч келган пайтлари ҳам бўларди.
***
Шу йилларда рус миллий ижтимоий фикри тараққиётида янги оқимлар, йирик шахслар пайдо бўлаётганди. Хусусан, Н.А. Добролюбов ва Н. Г. Чернишевскийнинг “Современник”да пайдо бўлиши ижтимоий фикр ривожини бошқа ўзанга бошлаб юборганди. Бир қадар ўзидан олдинги қарашларни ҳам, ютуқларни ҳам тан олмайдиган оқим – нигилистларга яқин бўлган Добролюбов ва Чернишевский радикал қарашлари билан тез кўзга ташланади. Улар ҳар қандай муросани четга итқитиб, ислоҳотлар ўтказиш ва Россиянинг келажагини таъминлаш йўли – олдинги яроқсиз нарсалардан воз кечиш, уларни бузиб ташлаш ғояси билан чиқадилар. Жўшқин бу ёшларнинг ғайрати таҳсинга лойиқ эди, бироқ ўтмишга беписандлик билан қараши, ҳатто Пушкиндан ҳам айб топиб (унинг махсус маълумот олмаганлиги, таҳсилининг изчил ва чуқур бўлмаганлиги уларнинг назарини тортган, шунинг учун у халқ ҳаётига теран кира олмаган, қабилида ёзғиришарди), қадриятларга соя ташлашлари кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётганди. Ахир ҳамма қўл кўтариб, ким томонидан ўртага ташлангани ҳам номаълум бир ғояни, унинг тўғри-нотўғрилиги, прогрессив ёки реакционлигини чуқур муҳокама қилмай, қўл кўтариб маъқуллаб турган шароитда ижтимоий фикр тараққиётида юксалиш бўладими? Шу маънода янги қарашларга ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлиб, улардан яна ҳам илғор фикрлар кутилаётганди. Ана шундай шароитда “Нима қилмоқ керак?” (Н. Г. Чернишевский романи) деб масалани кўндаланг қўйиш ҳам табиий эди.
Мамлакатда бошланиб кетган фикр уйғоқлиги, замон руҳини чуқур ҳис этиб, эртанги кун шамойилини уфқларда тасаввур қилаётган илғор зиёлиларнинг саъй-ҳаракати билан 1861 йил 19 февралда император Александр II тарихий ҳужжатга қўл қўяди: Россияда крепостной ҳуқуқ бекор қилинади. Бу жуда катта тарихий воқеа эди. Гўё юз йиллардан бери орқа қилиб турилган девор олиб ташланганди. Ҳаётга йўлланма олган эркинликнинг жорий бўлиши ҳам осон кечмаган. Дастлаб деҳқонлар ўз помешчигининг пинжига суқилиб олаверган, хўжайин туртиб ташлаганда эса озод бўлганидан, ер текканидан фойдаланниб, бир-бирларига тажовуз қилишга, ерларини талаш – пайҳон қилиш, мол қўйиб юборишга киришиб кетишган. Бир неча авлоди тутқунликда яшаган халқ эркинликни ўзича қабул қиларди (ўзбекларда “Камбағалга эрк берсанг, чориғи билан тўрга чиқади” деган мақол бор экан). Энди мамлакат ва, жумладан, зиёлилар олдида янги муаммолар кўндаланг турарди: оддий одамларни маърифатли қилиш орқали уларга маданиятни ўргатиш. Агар рус адабиётининг шу даврдаги намуналари сарҳисоб қилинса, таълим-тарбия, маърифат мавзуси етакчи ўринда турганига гувоҳ бўлиш мумкин. Катта ёзувчи сифатида эътироф этилишга улгурган Лев Толстойнинг ўзи ҳам халқ маорифини татбиқ қилиш мавзусида уч юз – тўрт юз саҳифали рисолалар ёзган.
Шу йил 24 майда у Спасскка, Тургенев ҳузурига келади. Улар катта кўл тўғони бўйида туриб, узоқ суҳбатлашадилар. Бир пайт Толстой пастга тушиб кетади ва ўтлоқда юрган байталга яқинлашиб, ёлларини силаб, унинг тилидан нималардир дея бошлайди. Буни кўриб турган Тургенев қўлларини силкитиб, “Ҳа, Лев Николаевич, шу кундан бошлаб қатъий ишондимки, сиз бир пайтлар от бўлган экансиз” деб бақиради. Кейинги кун улар Тургеневнинг янги романи (“Оталар ва болалар”)ни ўқиш тадбирини уюштиришлари лозим эди. (Ўша пайтларда асарлар жамоа бўлиб бошидан-охиригача овоз чиқариб ўқиларкан.) Толстой ўзи якка ҳолда шошилмай, таҳлил қилиб ўқийман, деб қўлёзмани сўраб олади. Тургенев рози бўлади ва қўлёзмани беради; Толстойга диванда ўнғай жой тайёрлаб беришади. Иван Сергеевич уни ёлғиз қолдириб, ўз асари талабчан китобхонда қандай таассурот қолдиришини ўйлаб, ҳаяжонланганча ташқарида айланиб юради. Анча вақт ўтгач, эшикдан хонага разм солар экан, жуда ноқулай, аламли вазиятга гувоҳ бўлади: Лев Николаевич диванда яйраб ухлаб ётар, қўлёзманинг тахи ҳам бузилмаган эди. Бундай масалаларда жуда батартиб бўлган Тургеневга ушбу ҳолат ёмон таъсир қилади.
Кейинги кун эрталаб экипажларни ҳозирлаб, сафарга чиқадилар. Ҳаво чарақлаб турибди, қушлар сайроғи, ов шавқидаги итлар ҳуриши, уйғонаётган майсаларнинг уфори кечаги нохушликни эсдан чиқаргандек бўлади. Йўл шоир Александр Фетнинг Степановкадаги янги мулки орқали ўтарди, у Тургеневга тирикчилигидан мақтаниб, Парижга роса хатлар ёзганди. Кенг далада ҳашамдор уй кўзга ташланади. Дарахтлар уни қуршаган, тунука томида қуёш нурлари жилва қилади. Меҳмонлар яқинлашгач, уй эгаси уларга пешвоз чиқди. Унинг соқоли белига тушган, қулоқларини ҳам соч толалари қоплаб олганди. У фермерга айланган, агрономлик билан жиддий шуғулланаётган эди, адабиёт ҳақида гапиришни хоҳламас, журналларни сўкарди. Дастурхон устида Фетнинг хотини Тургеневга қизи Полина учун инглиз тили муаллими танлаб яхши қилганини тилга олиб қолади. Суҳбат асносида шундай гап кетдики, оқибатда, омонат муносабатларга бутунлай дарз етиб, бу икки ёзувчининг қаттиқ аразлаб қолишига олиб келди. Яйраб кетган Тургенев:
– Бу англичанка қизимга инглизларга хос хислатларни сингдирмоқчи, – деди. – Қизим камбағалларнинг йиртилиб қолган кийимларини олади-да, ўз қўли билан ямаб, яна эгаларига қайтаради.
– Шу ишни сиз яхши деб ўйлайсизми? – деб сўради Толстой.
– Албатта, меҳрибончилик юмуши қизни оддий одамларга яқинлаштиради.
– Менимча эса, тиззасида кир, йиртилган либосни ушлаб турган қиз носамимий театр саҳнасини ўйнагандек бўлади.
– Илтимос, бунақа ўйламанг, гапирманг, – дейди ҳаяжонланиб Тургенев овози қалтираганча.
– Нимага мен ўзим қатъий ишонган нарсамни айтмаслигим керак экан, – жавоб беради Толстой. Бу Тургеневнинг кечаги аламини қўзғаб, сабр косасини тўлдириб юборади ва юзи бўзарган ҳолда:
– Мен сизнинг ҳақорат қилишингизга йўл қўймайман, – деганча ғазабланиб, нариги хонага чиқиб кетади.
Воқеани А. Фет шундай эслайди. Бошқа мемуарнавислар ўшанда қўшимча равишда Тургенев “Бас қилинг, бўлмаса, башарангизга тортиб юбораман” деганини ҳам қайд этишган экан.
Жанжалдан кейин ҳар ким ўзи истаган томонга кетади: Толстой Фетнинг поччаси яшайдиган Новосёлкага, Тургенев Спасскка. Кейинроқ Тургенев Толстойдан ёзма кечирим сўрайди, бироқ ғишт қолипдан кўчган, ҳаммаси барбод бўлганди.
Гарчи муносабатлар издан чиққан эса-да, рус жамоатчилигининг эътиборида турган бу икки шахс бир-бирининг ҳаёт тарзини зимдан кузатиб борар, ижодларидан етарлича хабардор эдилар. Йиллар ўтиб, аламлар босилгач, вазият изга туша бошлади. Айниқса, хориж сафарлари, беҳуда кезинишлардан жуда чарчаган ва кетма-кет яқинларидан ўлим туфайли айрилиб қолаётган Тургенев ўз қадрдон укаси ва дўсти билан учрашишни жуда хоҳларди, бу кайфиятини ўзгалар орқали изҳор қилар, хатлар ёзарди. Хусусан, Салтиков-Шчедрин ва бошқалар бу икки буюк инсоннинг дўстлиги тикланишини жуда истаган ва ўртага тушган эдилар. Ниҳоят, 1878 йилнинг апрелида Толстойдан биринчи марта хат келади. Унда бутун Европада аллақачон мартабаси энг баланд деб тан олинган машҳур ёзувчи қадрдонига ўз ҳурмати юракдан баён этилган, шунингдек, асло бир-бирларининг орасида душманлик бўлмагани, қалбида унинг меҳрини сақлаб келгани ва истаган пайтда яна дийдорлашишга тайёр экани изҳор қилинади. Эслашларича, Тургенев бу хатни ўқиб, йиғлаган экан. Тезда жавоб хати ҳам йўлланади, унда “Узатилган қўлингизни маҳкам қисаман ва мен ҳам сизникидан кам бўлмаган ўз меҳримни, ҳурматимни билдираман” дейилган эди. Муроса яхши-да, одамларнинг бир-бирларини севиб яшашларига нима етсин.
Шундай қилиб, августда улар Тулада учрашадилар ва Ясная Полянага йўл оладилар. Энди бу яқинлик бир умрга давом этади, момақалдироқдан тозаринган осмонда юлдузлар яна ёрқинроқ порлай бошлайди. 1881 йил 9 июлда Толстой кутилмаганда Спасскда пайдо бўлиб қолади. Бу пайтда Григорович, Полонский оиласи билан Тургеневнинг меҳмонлари эди. Лев Николаевичнинг ташрифи даврага ўзгача файз бағишлайди. Кузда эса Парижга йўл ола туриб, Ясная Полянага кириб ўтади. Тургеневнинг кейинги ҳаёти, асосан, хорижда кечгани учун дийдорлашиш ҳам кам насиб этади. Бехосдан қарилик ҳам остонага келиб қолганди… Иван Сергеевич 1883 йил 29 июнда Толстойнинг «Иқрорнома» асари билан танишиб, унга ҳурматини изҳор этади. Мактуб “Бошқа ёзолмайман, чарчадим” деган сўзлар билан тугалланган. Албатта, адабиёт муҳиблари Толстой ва Тургенев номлари қанчалик шон-шарафларга бурканганлигини яхши билишади.
***
Тургенев Толстойга ёзган хатларининг бирида “Ҳозирча теранликка ўсганингиз каби энди энига шох отиб ўсинг, бизлар эса вақти келиб, Сизнинг соянгизда ўтириб, бу дарахтнинг чиройи ва салқинини мақташайлик”, тарзида ўз меҳрини ифодалаган эди. Бу пайтларда улар яқинда танишган, Тургенев биринчи романини ёзишга улгурган бўлса, Лев Николаевичнинг буюк ихтиролари ҳали олдинда эди. Шундай ҳам бўлиб чиқди: муаззам дарахтнинг соясидан кўплар баҳра олди, бу икки азамат адиб эса фақат рус тилидаги адабиётнинг эмас, жаҳон бадиий тафаккурининг ифтихорига айланишди. Бизнинг кўп асрлик адабиётимиз тарихида ҳам уларнинг, хусусан, Лев Толстойнинг танилиши анча эрта бошланган. Қолаверса, бу яқинлик жиддий адабий ҳодисага айланган. Мабодо шу ўринда миллий адабиётимизнинг ўтган аср бошидан ҳозиргача ўтган йўлини қисқа тасаввур қилсак, бу ҳолни яна ҳам яққолроқ ҳис қилиш мумкин  бўлади. Кейинги тараққиёт эса ўз йўлида, бир-бирига ўхшамаган тарзда давом этган. Бу тадрижда гарчи умумий манзаралар бўлса-да, кескин контрастлар ҳам мавжуд. Шу туфайли бу икки адабиётнинг ҳозирги манзараси ҳам, мавқеи ҳам, даражаси ҳам ҳар ҳил. Зеро, ўтмиши рус адабиётидан анча қадимий ва бой бўлган бизнинг тилимиздаги адабиётга шу ракурсдан разм солиш манзарани яна ҳам ойдинлаштиради. Аниқроғи эса, бақамти яшаётган бу икки адабиётнинг бугунги аҳволини таққослаб, хулосалар чиқаришга изн беради.
Демак, 1905 йилгача туғилган ўзбек адиблари араб имлосида савод чиқарган ва адабиётимиз аввал-бошида панд-насиҳат руҳидаги чинакам Одоб илми, яъни Адабиёт бўлган. Уларни маърифатпарварлар ҳам деб атаймиз. Фақат кейинроқ туғилганлар шўро тартиблари билан рўбару бўлдилар ва ўша давр мафкурасининг исканжасида бутунлай ўзгача талабларга дуч келдилар. Аксарият уларни қабул қилмади, шу туфайли умрлари фожеа билан якунланди. Қабул қилганлар эса янги руҳдаги адабиётнинг асосчисига айланишди.
1915 йилгача туғилган адиблар гўё янги тузум берган имкониятдан фойдаланиб, бутун илҳомларини уни улуғлашга сарфладилар, ҳатто дастлабки асарларини ўзлари истаганча шакл ва мазмунда ёзишга ҳам улгурдилар. Бироқ мафкура дастгоҳи ишлади ва ҳар бир катта-кичик битикка ўз тамғасини босишга киришди. Романлар ҳам қайта-қайта ёзилди. Адабиёт бутунлай сиёсатлашди, инсон қалб кечинмалари ҳам шу қолипга солиб тасвирланди.
1925 йилгача таваллуд топган қаламкашлар энди анча эпақага тушиб қолган, асарининг биринчи ҳарфиданоқ қандай руҳда ёзишга тайёрланган эдилар. Бундай шароитда ҳар қандай ижодий майл ҳам маълум ўлчовлардан ташқарига чиқа  олмаслиги аниқ. Бу авлод вакиллари ўша мафкурага хизмат қилишни қисмат деб билдилар ва ортиқча саркашлик қилиш фойдасизлигини тан олдилар.
1935 йилгача туғилган авлоднинг болалик ва ўсмирлик йиллари даҳшатли уруш йилларига тўғри келди. Қонуниятни қарангки, бу ҳол адабий жараёнга ҳам таъсир қилди, кейинчалик улар ўзларидан катта акалар, ҳатто укалар соясида қолиб кетишди.
1945 йилгача дунёга келганлар эсини таниганда ижтимоий муҳитда сиёсат кишанлари анча бўшалган, бутун эътибор уруш вайроналарини тиклашга қаратилган эди. Ҳамма имконият шу мақсадга йўналтирилгани учун ижтимоий иқлим бир оз мусаффо эди. (Шўрочилар мақсадга эришиш учун этик тор келганда ҳамма усуллардан воз кечмаганлар. Масалан, уруш йиллари масжидларда ибодат қилиб, Худодан ғалабани сўраш амр этилган). Мафкуравий чорловлар заифлашганда, аниқроғи, барча куч иқтисодиётга сафарбар қилинганидан сиёсат машинаси тин олиб турарди, гўё тўплар гумбурлаганда музалар сукут сақлайди, деганларидек. Ана шундай мажбурий рўшнолик туфайли бир оз эркин улғайган авлод миллий адабиётда ёрқин из қолдирди, дейишга асос бор.
1955 йилгача туғилганларни “Илиги пуч авлод” ҳам дейишади. Уларнинг болалик ва улғайиш йиллари уруш асоратларини тиклаш палласига тўғри келди. Кўп нарсаларни янгидан барпо қилиш ёки қайта назардан ўтказиш талаб қилинарди. Тараққиётни изга солиб юбориш мақсадни найзадек бир йўналишга қаратишни тақозо этарди. Шу туфайли янги авлод келажаги ҳақида қайғуриш ҳам кўп-да эсга келавермасди. Шундай муҳитда улғайиб, адабиётга кирган авлод, тўғриси, олдинги авлод даражасига кўтарила олмади. Бунга мафкуравий тазйиқларнинг янада кучайганлиги ҳам сабаб бўлди.
1965 йилгача ва ундан кейин туғилган ижодкорлар ҳатто ўз қиёфаларини ҳам топа олмадилар. Уларнинг энг пешқадам вакиллари миллий асослардан юз ўгириб, ўзга миллатлар маданиятида ўзини намоён қилган йўл ва усулларга кўр-кўрона тақлид қилишга киришиб кетдилар. Ҳолбуки, бу тажрибалар ўз ватанида аллақачон четга ирғитилган, ҳатто уларнинг прогрессивлигига ўша юрт тафакккур эгалари ҳам ишонмай қолган эдилар. Истисно тариқасида шуни таъкидлаш ўринсиз бўлмасди, айни кунларда Ғарбда юзага келган маънавий бузилишларнинг илдизлари билан қизиққан кўплаб мутахассислар бу айниш санъатнинг боқий анъаналаридан чекиниб, уларда борлиқни модерн ёки абстракт усулда акс эттиришдан бошланганини эътироф этишмоқда (масалан, Ван Гог ёки Пикассонинг шедевр деб баҳоланган асарларини тушуниш, майли, ҳис этиш учун бошқачароқ одам бўлиш лозим). Кўплаб маданият арбоблари эса ўз даврида санъатнинг, жумладан, адабиётнинг кучи ҳам, қадр-қиммати ҳам ҳаётга, халқ ҳаётига яқинликда, уни бутун бўй-басти билан акс эттиришда ва унинг гўзаллашиб боришига таъсир этишда, деб билганлар. Ана шундай титанлар сафида Тургенев ҳам бор эди. Унга оддий рус ҳаётидан олиб ёзилган қуюқ бўёқли лавҳалар катта-катта романларидан ҳам юксак ҳурмат келтирганди. Шу фазилати билан у бутун адабиёт муҳибларининг боқий дўстига айланиб қолди.
Давоми бор.
Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin
 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.