Ҳаким Сатторий. Тургенев турткиси. Эссе (Охири)

Охири. Бошланиши мана бу саҳифада

***
Иван Сергеевич Тургенев кўплаб ижодкорлар каби дастлабки қадамларини шеър ёзишдан бошлаганди. Албатта, бу машқлар ўша даврнинг машҳур шоирлари, хусусан, Пушкин ижодига тақлиддан иборат эди. Уларнинг бир дастасини Москва давлат университетидаги устози, профессор Пётр Плетневга топширади. Устоз улардан учтасини танлаб, “Современник” журналида эълон қилинишига кўмаклашади. Шундан сўнг одалар, поэмалар ёзилади. Шубҳасиз, уларда чинакам шеъриятдан кўра ўсмирликнинг эҳтирослари устунроқ акс этганди. Жумладан,”Стено” поэмасида бош қаҳрамон Рим улуғворлиги, Колизейнинг вайроналаридан таъсирланиб, узоқ монолог ўқийди, ҳаётнинг мазмуни, абадийлик ҳақида романтик ҳисссиётларини изҳор этади. Поэма билан танишиб чиққач, Плетнев машғулот давомида муаллифини атайлаб тилга олмай, атрофлича таҳлил қилади, қўлёзманинг Байрон, Пушкинга тақлидан романтик руҳини таъкидлаб, ҳар бир ижодкор аввалбошданоқ ўз йўлини излаши лозимлигини  одоб билан айтиб ўтади. Танаффусда эса устоз меҳрибонлик билан ёш шоирнинг  бошини силаб қўяди (афсуски, баъзан бундай ҳолларда пешонасини ғурра ҳам қилишади).Тургенев 3
Шуниси эътиборга моликки, Тургеневнинг биринчи асариданоқ келажакда унинг бутун ижодий манерасини белгилаб берган конфликт кўзга ташланган: бир томонда қалби бўм-бўш, жонли интилишларга қобилиятсиз, худбин, хаёлпараст Стено, иккинчи қутбда эса ўз туйғуларини журъат ва очиқкўнгиллик билан ошкора маълум қиладиган, гўзал қиссаларнинг безагига айланган қизлар тимсоли – Жулия. Унинг ижодий тақдири шундай белгиланган эди.
Тургеневнинг фалсафа хазинасига яқинлашуви, кенг доирали билим соҳиби бўлган устозларнинг маърузалари уни ҳаётни эпик планда тасаввур ва тасвир қилишига ундаганмикан, кейин у шоир эмас, ёзувчи қисматига восил бўлган, асосан, насрий асарлари унинг абадийлигини таъминлаган. Ёзувчининг қаламига мансуб олти роман, ўнлаб қиссалар, юзлаб публицистик асарлар, насрий шеър (мансура)лар, саҳна асарлари (водевиллар, комедиялар) рус миллий адабиётининг олтин хазинасига киритилган.
Ҳар бир одамнинг бошқаларга ўхшамаган қиёфаси бўлганидек, ҳар бир ижодкорнинг ҳам ажралиб турадиган дастхати бўлади. Шу маънода Тургенев ижодини батафсил ўрганган, унинг яратган асарларини, уларда кўтарилган мавзуларни қиёсан таҳлил қилган тадқиқотчилар ёзувчининг бир нурли қиррасини алоҳида таъкидлаганлар: Тургеневни рус аёлларининг буюк куйчиси, деб атаганлар. Ҳақиқатан, унинг асарларида рус аёлининг, умуман, аёл зотининг бетимсол дунёси рангин бўёқларда мислсиз маҳорат билан акс эттирилган. Биз чарчаганимизда, зерикканимизда онамизнинг қучоғига интиламиз ёки онамиз бағрида кечирган фараҳли дамларни хаёлимизда тиклаймиз. Биласизми, одам зотининг жон чиқар олдидаги охирги сўзи ҳам “Она!” бўлар экан – у бу калимани ё ошкора, ё ичида такрорлаб, онаси қучоғига йўл олгандек кетар экан. Тирикликнинг икки қутби ҳам эркак ва аёл. Кўпинча эркакни қуёшга, аёлни эса ерга қиёслашади. Қуёш ўз орбитасида собит, у ҳаётни таъминлайди, барча захматлар, оғирликлар эса Ернинг зиммасида. Ер тоғлар, уммонларни кўтариб туради, ундан ҳосил унади, унда ҳаёт гуллайди, қуёшнинг қуёшлиги – ҳаётнинг моҳияти ана шу жараёнда намоён бўлади. Яшнатувчи, гуллатувчи  қудрат соҳиби – Аёл тимсоли Тургенев асарларининг руҳи ва жони эди. Бу туйғу балки оила муҳитида онаси Варвара Петровнанинг ҳукмронлиги салтанатидан ўтгандир, балки жанговар онанинг сути билан қонида ишқ алангаси мурғаклигиданоқ сингандир. Ростдан, уларнинг оиласида отаси момақалдироқдек хотинининг қаршисида ғира-шира билинар, болаларига ҳам меҳри жозибали эмас, ҳаётда шарпа мисоли эди. У Сергей 16 га тўлганда дунёни осойишта тарк этиб кетди ва унинг кейинги бутун ҳаёти онаси осмони остида ўтди. Ана шу “матриархат” болалик унинг ижодида асосий лейтмотивни ташкил қилди. Унинг аёллар қалб кечинмаларини ёритишга бағишланган қиссалари шеърдек равон ўқилади, шаробдек таъсир қилади. Асарларида қаламга олинган ва ёрқин тасвирланган қаҳрамонлар эса ёзувчи ҳаётда дуч келган, қайсидир даражада мулоқотга киришган, шахсан танийдиган, қолаверса, ҳаётида у ёки бу даражада из қолдирган кишилардир. Бунга унинг таржимаи ҳолидан баъзи лавҳаларни кўздан кечириб янада ишонч ҳосил қилиш мумкин.
***
1843 йил Тургенев ҳаёти ва ижодида алоҳида из қолдирди. Шу йилда у давлат хизматига кирди – ички ишлар вазирлиги девонхонасида ишлай бошлади, Белинский билан танишди, адабий давраларда шаклланган ёзувчи сифатида эътироф этилди. 1 ноябрь эса Тургенев ҳаётида бир умр эсдан чиқмас сана бўлиб қолди. Шу куни – уни кейинчалик ёзувчи “муқаддас кун” деб атади – Петербургда, Александринский театрининг қаршисидаги Невский проспектидаги уйда Россияга гастролга келган Париждаги Итальян опера театрининг актрисаси Полина Виардо-Гарсия билан биринчи марта учрашди. Полина келиб чиқиши испан бўлиб, Севильядаги циганлар маҳалласидан чиққан Европада машҳур қўшиқчи, тенор Мануэль ва ашулачи Хаокина Гарсияларнинг қизи ва шогирди эди. У ўзининг беқиёс иқтидори – овози билан қитъани лол қолдираётган, у куйлаган ариялардаги ўтли нафас миллионлаб қалбларга  ҳарорат бағишлаётган эди. Полинанинг исми уни чўқинтирган онаси Прасковья Андреевна Голицина номидан олинган, унинг руслар билан яқинлашуви йўргакданоқ бошланганди. Кейинчалик ҳам у бу юртни ўзининг иккинчи ватани, деб билади, қолаверса, унга жаҳоншумул шуҳратни ҳам Россия саҳналаридаги концертлари, улардан мутаассир бўлган рус зиёлиларининг эътирофлари ҳадя этади.
Унинг Тургенев билан танишиши ва яқинлашиб кетиши ҳам шу муҳитда кечади. 3-4 кун олдин бир зиёфатда Тургенев Полинанинг эри Луи билан учрашиб қолади. Улар ўртасида суҳбат тез қўр олади, айниқса, французнинг ҳам овга ўта ишқибозлиги икковининг қадрдонлашиб кетишини тезлаштириб юборди. Луи Виардо Итальян театрининг директори, санъатшунос ва танқидчи, хотинидан йигирма ёш катта, унинг истеъдодини қадрлайдиган, санъат ишқибози ва билимдони эди. Полина билан уни ёзувчи Жорж Санд таништирган экан. Ўшанда Луи унинг опаси, таниқли хонанда Мария-Феличити Малибраннинг дўсти ва маслаҳатчиси эди. Қизларининг истеъдодини яхши билган Гарсия “Марияни ишлашга темир таёқ билан мажбур қилиш керак. Полинага эса ипак арқон ҳам етарли” деган экан. Бироқ Полинанинг ўғил болаларга хос шўхликлари, балки қоматининг беўхшовлиги (у жуда сарвқад бўлмаган экан) Луига ёқмайди. Оталарининг вафотидан кейин сингилни опаси ўз тарбиясига олади. Ташқи кўриниши ҳам унчалик жозибадор бўлмаган Полинанинг ижрочиликда бирор муваффақият қозонишига ишонч йўқ эди. Уни тирикчилик важидан мусиқачи қилиб тарбияламоқчи бўладилар ва композитор Ференц Лист (кейинчалик жуда машҳур) қўл остида пианино чалишни ўрганишга киришади (дастлабки “роман” ҳам у билан рўй берган). Улғая бошлагач, унда кучли ва сеҳрли овоз пайдо бўлади. Буни онаси – машҳур қўшиқчи – сезиб қолиб, унга вокаль санъати сирларини ўргата бошлайди.
18 ёшида Париждаги “Ренессанс”театрида Полина Гарсия биринчи концертини беради. Унда иштирок этганлар бўрондай кучли, шамолдек майин бу овоз сеҳрига мафтун бўлиб қоладилар. Жорж Санд “У Рашелдан ҳам афзал, опаси ёки Паста ҳам ҳеч қачон бундай куйлай олмаганди”, деб қайд этади. Шоир Альфред де Мюссе эса “Худди нафас олгандек куйлайди!” дея ҳаяжонланади ва ёш актрисани севиб қолади. Аммо уларнинг муносабати поёнига етмайди, Полина Жорж Санднинг маслаҳати билан Луи Виардога турмушга чиқади. Аламзада бўлиб қолган шоир эса нафратини 17 та сатирик карикатураларида ифодалайди. Уларда Санд, Виардо, Полина турли қиёфаларда масхара қилинган эди. Жорж Санд Россияда катта обрў қозонган эди. Достоевский уни бутун Европада юзага келган янги тўлқиннинг энг илғор ёзувчиси, деб атаганди. У Полина Виардонинг нодир иқтидорини қадрлайди, унга қўлидан келганча кўмагини аямайди (аммо ўғлининг у билан яқинлашишига йўл қўймаган экан). “Консуэло” романи Полинага бағишланган. Жорж Санднинг ижодини жуда қадрлаган, ҳатто унга сажда қилиб юрган Тургеневда шу ҳол ҳам беихтиёр Полина Виардога қизиқишини кучайтирган бўлса, ажаб эмас.
Шундай қилиб, илк учрашув рўй берди. Унда Тургенев чуқур ҳаяжон ва ўзгача интизорлик билан келган бўлса, атрофида мухлислари хира пашшадек айланиб, безор қилиб юборган қўшиқчи эса оддий ишқибоз билан кўришаётган кайфиятда эди. Кейинчалик Виардонинг эслашича, унга Тургеневни “У таниқли ёш помешчик, самимий суҳбатдош, яхши овчи ва ёмон шоир” деб таништиришган экан. Ҳарҳолда, дастлабки суҳбат аёлда яхши таассурот қолдирган бўлса керак, уни гастроллари давомида даврасида лойиқ кўрилган тўрт кишидан бири сифатида танлайди. Уларнинг ҳаммаси бошловчи шоирлар ва овчилар эди. Полина ҳар гал спектаклдан сўнг махсус хонада улар билан 2-3 соат гаплашиб ўтирар эди. Тўртовлон ҳам актрисанинг кўнглини олишни хоҳлар, унга турли совғалар тайёрлашар, эътиборини кўпроқ жалб қилишни исташарди. Бир сафар ўзлари овлаган айиқнинг терисини келтиришди. Тургенев уларнинг сафида биринчи ҳам, охирги ҳам эмас эди, бироқ илк нигоҳданоқ қалбига тушган чўғ уни аёвсиз куйдирар, Полина санъатининг ҳам, қалбининг ҳам мислсиз ошиғига айланган эди.
Агар бу муҳаббат тарихини бошдан охир кўз олдимизга келтирсак, Тургеневнинг Полинага муҳаббати ғайритабиий ва шафқатсиз бўлган. У ўрта асрларда рицарларда урф бўлган “гўзал хонимлар”га илоҳий маъбуда сингари қараш ва уларга сажда қилишга ўхшаб кетади. Тургеневнинг назарида хонанда ўзининг мислсиз гўзаллиги ва қудрати билан қўл етмайдиган шоҳсупада турарди; у эса аёлнинг оёқларига йиқилишни, куйлагининг этакларини кўзига суртишни, ерда қолдирган қадам изларини ўпишни истарди. Маҳбубасининг бир қараб қўйиши, у томонидан кўрсатилган тирноқча илтифот унга бебаҳо қувонч бағишларди, таассуфки, хонанда уни иқтидорининг кўплаб мухлисларидан бири, деб биларди, лекин баъзан ўз пардозхонасига таклиф қилиб, дилдан суҳбатлашишга ҳам изн берарди (бундай илтифот ҳаммага ҳам кўрсатаверилмас эди). А. Панаевнинг эслашича, бир оқшом Тургенев уларнинг ҳузурига ўзида йўқ шодон ҳолда кириб келган.
– Жаноблар, мен шундай бахтлиманки, ер юзида бугун мендан ортиқ сийланган одам йўқ, – деб мақтанарди у. Унинг кириб келиши билан қарта ўйнаб ўтирган Белинский, Боткин ва бошқалар жимиб қолишади. Боткин нима рўй берганини тезроқ билишни хоҳлаб, Тургеневни қистай бошлайди, бошқалар ҳам бунга қизиқиб қолишади.
Шундай бўлган эканки, Тургеневнинг боши қаттиқ оғриб қолган ва Полинанинг ўзи одеколини билан унинг чаккаларини артиб қўйган! Тургенев аёлнинг бармоқлари чаккасига текканда қандай ҳузур қилганини тинмай такрорларди. Ўйиннинг бўлиниб қолганидан норози Белинский ҳаммани даврага чорлар, Тургенев эса хонада тиним билмай кезиб, пошналари билан полни тарақлатганча ўз бахтиёрлигини такрорлашдан тўхтамасди. Ҳафсаласи пир бўлган Белинский қартасини ирғитиб, дейди:
– Хўп, сизнинг бунақа жазавали, шалдироқ севгингизга ишониб бўладими?
Бундай дарвешлик Некрасовга ҳам, Репинга ҳам, Толстойга ҳам, умуман, кўпларга ёқмаган, аммо ким нима деса-десин, Тургенев шундай сеҳрга дучор бўлганди ва ундан умрининг охиригача қутила олмайди.
***
Тургеневнинг Полина Виардога муҳаббати ҳам бошқаларга ўхшамаган бир достон эди. Агар қарс икки қўлданлигини ҳисобга олсак, бу муносабатда у тарафнинг ҳам хайрихоҳлиги кўп рол ўйнаган. Полинанинг Луи Виардо билан никоҳини бахтли  деб бўлмасди. Ёшдаги фарқ уларни ажратиб турарди. Луи хотинини севарди, уни тўғри тушуниб, баъзи қилиқлари учун рашкнинг майда тазйиқлари билан азобламасди, унинг эркинлигидан хижолат бўлмасди. Ҳатто уни Жорж Санд тунги қалпоққа ўхшатганди. Полина эрини катта ҳаётга олиб чиққан устоз ва ҳомий сифатида қадрлар ва севарди. Албатта, буюк туйғу – севгининг буюк сирлари ҳам мавжудлигини ҳисобга олсак, уларнинг муносабатларида буюк ҳамкорликни ҳам кўриш мумкин. Полина Тургеневнинг қистови ва кўмагида рус тилини ўрганди, русча романсларни куйлади. Ҳатто Тургенев асарларини ўқиб, у билан ижодий мулоқотга киришадиган бўлди. “Руслар менга бир жиҳатдан қуллуқ қилишлари керак, – деб ёзади у бир оз кеккайиб, – Тургенев ёзишда тўхтамайди, унинг бирон сатри ҳам менинг назаримдан ўтмасдан уларга етиб бормаган”. Луи эса рус ёзувчиси таклифи билан Пушкиннинг “Капитан қизи” повестини ва бошқа асарларни француз тилига таржима қилди. Бу юмуш катта аҳамиятга эга эди. Францияда ўша йилларга келиб ҳам Пушкинни яхши билишмас, Гоголни эса танишмасди. Таржималар орқали жонли рус адабиёти француз ва бошқа Европа халқлари маданий ҳаётига кириб борди, улардаги беписанд кайфиятни ўзгартириб, русларга эътибор ва ҳурмат билан қарашни юзага келтирди. Шунингдек, Луи Тургенев тавсия қилган маълумотлар асосида Россиядаги ижтимоий ҳаёт ҳақида мақолалар ёзди. Бу саъй-ҳаракатлар миллий маданият тараққиётида сезиларли қадамлар эди.
Тургеневнинг Полинага бўлган муносабати унинг кўплаб асарларида, масалан, “Ортиқча одамнинг кундалиги”, “Ёзишмалар” қиссалари, умуман, бутун ижодида у ёки бу даражада акс этган. Шуниси борки, йиллар ўтган сари бу муносабатлар эскириб, хира тортиб эмас, балки янги-янги қирралари билан бойиб, ёшариб борган. Охирида Тургенев бутунлай “қул” ҳолига тушган, гарчи бошқа аёллар атрофида пайдо бўлса-да, Полинадан ажрала олмаган. “Унинг сўзи мен учун қонун” деб тан олган ўзи. Дўстлари эса “Агар унга бир мамлакатда шоҳ бўлиб, давру даврон сурасанми ёки Полинага хизматкор бўлиб, Африкага кетасанми, деб сўрасалар, у иккинчисини танларди”, дея эътироф этишган. Унга танқидий муносабатда бўлган ва камчиликларидан кулиб юрган Толстой ҳам “Мен унинг шунчалар сева олишига ишонмагандим” дея тан берган экан. Тургеневнинг Виардолар оиласи билан муносабати  кўнгилдагидек бўлган.  “Тақдир менга ўз оилам бўлишини насиб этмади, – деб ёзади у, – мен бегона, французлар оиласига боғланиб қолдим ва уларнинг қаторига қўшилдим. Аллақачон улар мени бу жамоанинг одами деб ҳисоблашади. Бу жойда менга ёзувчи деб эмас, оддий одам сифатида қарашади. Улар билан бўлиш менга ёқимли ва ўнғай”, тарзида эътироф этган. Уларнинг болаларини қизидан кўра яхшироқ кўрарди. Бу оила учун қўлидан келадиган ҳар қандай хизматга шай турган. Бутун Европада танилган ёзувчи, катта-катта давраларда эътироф этилган шахс курорт шаҳарларнингбирида Виардолар учун қулай вилла излаб тентирагани ҳам шундан. Умуман, бундай муносабатларни тадқиқотчилар турли хил баҳолайдилар. Баъзилар улар ўртасидаги муносабат соф ҳурматга асосланган эди, дейишса, бошқалари Полинанинг фалон ўғли Тургеневнинг фарзанди бўлган, дейишади. Албатта, Ғарб ахлоқи, оилада  мутлақ эркинликка  интилиш муҳитида бирор нарса дейиш қийин. Тургеневнинг ўзи эса Полонский билан суҳбатида Полина Виардо афсунгар эканлигини шипшитган экан. Дўсти Анненков “У аёл қалбини бўйсундира олмаслик ва уни бошқара билмаслик туйғуси билан азоб чекди” деган экан. Эҳтимол, ўзига ортиқча ишонган ва қатъиятли ёзувчи хонанданинг қалбини бутунлай забт этишни мақсад қилган, мағрур аёл эса бунга йўл қўймагандир, шунинг билан бирга “ширин луқмалар” ташлаб, ошиғини қўйиб ҳам юбормагандир. Мавҳум ва мураккаб синоат!
Ўғлининг ажнабий аёлга илакишиб қолганини сезган онаси Варвара Петровна тезда ундан воз кечишни талаб қилади, лекин ҳар қандай тазйиқлар “қўл-оёғи боғланган” йигитга таъсир қилмасди. Бир сафар у Полинанинг Москвадаги концертига тушади. Оналик меҳрини яшира олмай, “Лаънати лўли яхши куйлади”, дейди. Одамларни қандай йўлга солишни билган помешчик аёл шундан кейин харажатларга маблағни камайтиради, оқибатда, Тургеневда концертга тушиш, ижара ҳақи тўлаш, ҳатто тушлик қилиш оғир бўлиб қолади. Варвара Петровна уч ўғлидан бутун умидини шу Иванга тиккан эди. Касалманд туғилган кенжаси болалигидан нобуд бўлиб кетади.  Тўнғичи Николайнинг умри хизматда ўтади, ёғли ишнинг бошини тутмай, онанинг қўлтиғидан чиқмайди. Боз устига оқсочи Анна Шварц билан дон олишиб юргани маълум бўлади. Улар қочиб кетиб, яширинча никоҳдан ўтади. Изидан эшикоғаси Федор Лобанов жўнатилади. Варвара Петровна Петербургга бориб, гап нимадалигини билиб келган Лобановни ҳам, Николайни ҳам қаттиқ жазога гирифтор қилади. Николай паст табақа аёл билан никоҳдан ўтганлиги учун меросдан маҳрум қилинади, Лобанов эса ёмон хабар билан келгани туфайли, ишдан ҳайдалиб, чекка қишлоққа ахлоқ тузатиш ишига сургун қилинади. (Мана муносабат!)
Она ўртанчасининг ютуқларидан ҳозирча мамнун эди. Берлинда таҳсил олганида пулни аямади, у йил ўтиб, қишлоққа қайтганида тантанали кутиб олиш байрами ташкил қилди. Одамлар шу кунлари жаҳлдор хотиннинг хушфеъл, сахий бўлиб қолганини сезганлар. У Иван Сергеевичнинг ҳар томонлама чўғини оладиган катта шахс бўлишини истар, қадам олишларини синчиклаб кузатиб, муносабатини кескин билдириб турарди. Унинг ижодий уринишларига шубҳа билан қарар, бу машғулотдан бирор наф чиқаришига ишонмасди. “Менимча, котиб билан ёзувчи бир хил касб эгаси, – дерди у, – иккаласи ҳам пул топиш учун қоғоз қоралайди. Иван, дворянин қалам қитирлатиб ўтирмаслиги, аксинча, мансабга эришиб, мўмай даромад қилиши, яхши яшаши лозим. Ўзинг Пушкин бўла олмаслигингни тан олаяпсан, ҳозир ким китоб ўқийди? Ҳаётга жиддий қара, бир вазифанинг бошини тут, кейин уйлан, Тургеневлар сулоласини давом эттир”. Ўғил Берлиндан хатларига шеърларини қўшиб жўнатарди, бу онанинг энсасини қотирарди. “Сендан қаерларда бўлдинг, кимларни кўрдинг – шулар ҳақида хабар кутиб турсам, бирданига шеърлар. Саёз, яна қофияси жойида эмас. Мен Пушкиннинг дастхатини севаман. Сен Федосья холани эслатасан. Нотани олади-да, ўзича скрипкани ғийқиллатиб ўтиради, шу билан чалгандек бўлади”. Кейин мана бундай хатлар ҳам кела бошлайди: “Оҳ, қандай гўзал шеърлар жўнатибсан. Тўғри, мен баъзиларини тушунмадим, бироқ Оллоҳ сени ёрлақасин. Бундай ёзиш…” “Параша” поэмасини ўқигач эса “Шубҳасиз, сенда иқтидор бор” дея тан олади.
Қобиқ ичида етилган мағиз ўз борлиғини инкор этгани – қобиқни ёриб, дунёга чиққанидек, турли муҳит  ва шароитларда ўсган, тарбияланган она ва ўғил ўртасида ихтилофлар ҳам бўлиши табиий эди. Хусусан, онанинг қўл остидаги крепостнойларга муносабати Иван Сергеевичга ёқмас, ҳақли норозилигига сабаб бўларди. Қолаверса, эркинликни ёқлаган инсонпарвар сифатида жонли ҳаётда деҳқонларнинг мазлум аҳволини ўз кўзи билан кўриб, бу лавҳаларни дунёқараши билан таққослар, унга рус мужигининг озодлиги миллатни қутқаришнинг ягона йўли бўлиб туюларди. Шу туфайли у крепостной тартибларнинг ашаддий душманига айланди ва илғор рус зиёлилари сафида туриб, бу тартибларнинг бекор қилинишига катта ҳисса қўшди.
***
Петербург университетининг талабаси 1834 йил қишида  қишлоғига келиб биладики, болалигида бирга ўйнаб катта бўлган деҳқон қиз Лушани онаси Айиқ лақабли помешчик хотинга сотиб юборибди. Ўғил онасидан савдони бекор қилишни, Лушани қайтариб олишни талаб қилади. Ҳар қанча ёлворишлар кор қилмайди. Шунда ўсмир биринчи марта онасига ўз характерини намойиш этади: Лушани қайтариб келиб, унга қўриқчилар тайинлайди. Бундан ғазабланган Айиқ ҳокимиятга “ёш барин” деҳқонларни исёнга чорлаяпти, деб шикоят қилади. Спасскка уезд полициясининг бошлиғи қуролланган икки мулозими билан етиб келади. Тургенев ўқланган милтиқ билан ҳайқирганча уларга пешвоз чиқади, бунақасини кутмаган тартиб соқчилари бошларини оғритиб ўтиришни лозим кўрмай, жўнаб қолишади. “Мценск уездининг ёш помешчиги Иван Тургеневнинг тўполони” юзасидан жиноий иш қўзғалади, бу узоқ йиллар, то крепостной ҳуқуқ бекор қилингунча давом этади. Варвара Петровна барибир катта пул эвазига Лушани қайтариб олади.
Тадқиқотчилар Тургеневда аёлларга эътибор, ҳурмат оила муҳитида шаклланганини таъкидлайдилар. Аввало ўша йилларда рус жамияти ўз маданияти, инсонпарварлигини айнан шу нуқтада намойиш этишни бошлаган эди. Бу руҳ Франция ва бошқа Европа мамлакатларидан ўтганди, деса ҳам хато бўлмайди. Шу орқали ҳам рус дворянлари ўзларининг ҳеч кимдан кам эмасликларини кўрсатмоқчи бўлишардими?  Бадиий адабиётга, умуман, санъатга яқин бўлган Тургенев учун эса бу ҳол шахсият билан боғлиқ эди. Яна Европанинг энг муҳташам маданий марказларида бўлиш, тантанали кибор давраларида иштирок этиш, ўзи ҳам эътибор қозониб, арзирли кавалерга айлангани ҳам унинг юқори маданият мезонини ушлашга ундарди. Қолаверса, ота-онаси ўртасидаги моддий томондан тўла таъминланган, бироқ тунд, севги-муҳаббатдан йироқ оила шароитидан нимадир истаган, тополмаган ва ўша излаганига аёллар билан муносабатларда эришгандир.
Жамиятда етарли мавқе қозонган, аммо йилларнинг шафқатсиз тазйиқи остида сочига оқ, юзига ажин тушиб, ошиқлари сафи камайиб бораверган ва, ниҳоят, ёлғизланиб қолган мадамлар, маркизалар ҳали сўнмаган ҳаёт завқи, қониқмаган кўнгил истаги билан навқирон ёшликка интилишар, энди муносабатлар мазмуни ўзгариб, улар тарбиячи, ҳомий, онахон сифатида саҳнада ҳаракат қилардилар. Ҳар қандай таъмадан йироқ, бирор манфаатни кўзда тутмаган бу алоқалар кўнгилда яшаётган гўзаллик соғинчини қондиришга йўналтирилган бўлар, суҳбатлар адабиёт, мусиқа, тарих, умуман, маданият масалалари хусусида кечарди. Яхши таҳсил олинганининг маҳсули — кенг маълумот, аристократлар давраларида урф бўлаётган энг нафосатли одатлардан хабардорлик, шахсий маданият ва бошқа омиллар ёш муҳибларни салобатли устозларига боғлаб қўяр, бундан икки тараф ҳам баравар ҳузур қилишарди. Жаҳон адабиётининг йирик вакилларидан бири Оноре де Бальзаккка нисбат берилган “Бальзак ёши” деган ибора унинг яшаган йилларини эмас, балки “лаби дўрдайган, тиши сарғайган, айиқ келбат паҳлавон йигит”га раҳнамолик қилган, ижодининг юзага чиқишида ҳомийлик кўрсатган, ҳаётининг тўғри изга тушиб кетишини таъминлаган  марҳаматли хонимларга нисбатан пайдо бўлганди. Улар Лаура ё маркиза де Берни ёки  де Абрантес бўладими, исм-шарифлари Зюльма Карро ёхуд Марселина Деборд-Вальморми, хонимлар бўйи баравар қарзга ботган, суткасига ўн беш соат қимирламай ишлаш қудратига эга бўлган ёзувчи ҳар қанча ҳаракат қилмасин, бу гирдобга тушиб қолган ҳамда ғарқ бўлиши аниқ бўлган йилларда унга марҳамат қўлларини чўзганлар, уни ҳалокатдан сақлаб қолиб, жаҳон адабиётига юз жилдлаб романлар ва бошқа бадиий адабиёт намуналарини ҳадя этганлар. Улар ҳақидаги миш-мишлар унутилди ёки арзимас ахборотга айланиб, ҳеч қандай аҳамият касб этмай қолди, бироқ эҳтирослар қонда ёққан аланга туфайли туғилган асарлар инсониятнинг бебаҳо маданий мулкига айланди. Бундай китоблар ҳамон ўқувчиларни ўзига мафтун этиб келмоқда. Уларда акс этган аёл қалбининг гўзаллиги неча юз йиллардирки, такрорланмас жозиба касб этиб, одамларни ҳайратга солиб келаяпти.
Тургенев ана шундай эстетик тамойиллар қарор топган дунёнинг ёзувчиси эди. Унинг шахсиятидаги бир неча қирралар: оила муҳити, онасининг тимсолидаги аёлларга хос туганмас қудрат, нафосатга ошуфталик, хотиралар, юқори давраларга яқинлик, қадимий маданият унсурлари билан ошнолик, ҳаётида Полина Виардо сингари сирли хилқатнинг мавжудлиги уни бу тилсимли ва ваҳимали оламга яқинлаштирган, борлиғини тебратиб ўтган ҳаётий воқеалар таъсири остида вулқондек илҳом забти шиддатида бир зарб билан гўзал севги қиссаларини қоғозга тушириб ташлайверган эди. Унинг қаҳрамонлари ўзи кўрган, билган кишилар ҳаёти асосида яратилган. Улар фотосурат сингари муҳрланмаган, балки моҳир устанинг диди билан қайта сайқалланган. Албатта, онасининг хизматкори, шартнома билан ишлайдиган чевар Авдотья Ермолаевна Иванова билан юз берган очиқ осмонда чақнаган момақалдироқдек воқеа унинг тасаввурида беиз кетмаган. Қизнинг шипиллаб қадам олишлари, саволларга тортиниб жавоб беришлари, яна ақллилиги, камтарлиги 23 ёшли баринни бепарво қолдирмайди ва уни севиб қолади. Кундан-кунга қиз майин табассуми, ёқимли овози билан севимлироқ бўлиб бораверади. Бундай эътиборга жавобан жами рус қизларида бўладиганидек, Авдотья бутун борлиғини ўзига қаратилган муҳаббатга бағишлайди. Бу хонадонда сир ётмас эди. Варвара Петровна ишқий саргузаштларни эшитиб, жуда дарғазаб бўлади, ҳатто бир зум ҳушини йўқотади. Бошқа бир вазиятда бўлганда бу майда нарсага эътибор ҳам бермасди, бироқ шу ўғлидан умиди катта эди-да. Зум ўтмай қизни ҳибсга олиб, ертўлага қамайдилар. Ўғилни эса ердан олиб, кўкка солиб, роса таъзирини беради. Айбдор ўз гуноҳини бўйнига олади, ҳатто унга уйланишини маълум қилади. Бу онани баттар ғазаблантиради. Ўзига келгач эса биринчи навбатда қизни мулкдан ҳайдаш, уни Москвага жўнатиш қарорини эълон қилади. Москвада Авдотья фарзанд кўради. Авлодини бошқа кишилар қўлида сиғинди бўлишини истамаган Варвара Петровна қизалоқ набирани олиб келтиради. Полинета кейинчалик отасининг хоҳиши билан Полина деган исмга эга бўлади (сабаби аниқ), Парижда Полина Виардолар оиласида тарбияланади, Тургеневнинг ягона зурриёди сифатида улғаяди.
***
Кейинчалик катта сиёсий арбоб сифатида Россия озодлик кураши тарихида қолган Михаил Бакунин билан Тургенев жуда эрта танишган, бу яқинлик бир-бирларининг дунёқарашлари шаклланишида муҳим рол ўйнаган эди. У билан Берлинда яна учрашади, каникулга кетаётганида Бакунин Премухинодаги мулкларига бориб, туғишганларига ўз саломини етказишни сўрайди. Қишлоқда у хилватда яшаётган  малакка дуч келади. Ўзидан уч ёш катта бўлган Татъяна Бакунина кўрган кишини бепарво қолдирмайдиган малоҳатга эга эди. У меҳмонни меҳрибонлик билан кутиб олади, уни зериктирмасликка интилади. У немис фалсафаси оламида яшар, Новеллис, Рихтердан ёддан цитаталар келтирарди. Тургенев яхши танийдиган Беттини Арним ҳақида ҳаяжон билан сўзлайди. Тургенев ҳам қиз олдида паст тушмаслик учун билганларини эҳтирос билан ҳикоя қилади, Пушкин, Лермонтов, Кольцов ва ўзининг шеърларидан ўқийди. Яхши маълумотли ва тажрибали қиз (бир вақтлар уни Белинский ҳам севишга улгурган экан) Тургеневнинг туғма шоир эканини тезда илғайди. Суҳбатларининг учинчи куни ёлғиз қолганларида Татъяна “Сиз Худо томонидан эъзозланган илоҳий, мўъжизалар яратишга қодир зотсиз. Сизнинг тийнатингизда Унинг улуғлиги, марҳаматининг белгиларини кўраяпманки, сиз буюк, қудратли, эркин ва ардоқли киши бўлиб етишасиз”, дейди. Қишлоқ қизининг беғубор қалбидан чиққан бу эътирофлар Тургеневни осонгина мафтун этади. Премухинодан жўнаб кетишида Татъяна уни севиб қолганини тан олади. Эҳтимол, бу томондан ҳам шунга яраша жавоб бўлгандир. Тезда жўнатилган хатга вафот этган опасидан хотира бўлиб қолган хоч қўшиб юборилган ва унда “Менинг биринчи муҳаббатим Исо Масиҳ эди, охиргиси эса Сиз бўласиз” деган сўзлар дарж этилган эди. Шундан кейин Берлинга хатларнинг кети узилмади. Иван Сергеевич эса қишлоқи қизнинг қарашларида қандайдир чекланганлик унсурларини сезган, гарчи унинг туйғуларини қадрласа-да, илк таассуротлар хира тортиб борарди. Татъяна билан бўлиб ўтган гап-сўзлардан шуни ҳис этдики, одамлар ўртасидаги бир томонлама драматик муносабатлар, улар қанчалик оҳанрабо ва жозибали бўлмасин, иқтидорли кишилар учун ҳақиқий ҳаётдан узоқлашишга, борлиқни унутишга мажбур қиладиган афюн сингари таъсир қилар экан (афсуски, ўзи ҳам шу комбинацияга тушиб қолди). Жўр бўлиб куйланмаган бу қўшиқ ўз-ўзидан поёнига етди.
Толстойлар оиласига яқин бўлган Тургенев Мария Толстаяни анча олдиндан биларди. У аъмолини излаб, юртларни кезиб юрганда Мария турмуш йўриғини тутган, эрга чиқиб, оилавий ҳаётини бошлаб юборган эди. Аммо ўз туйғуларини қадрлаган ва ҳурмат қилган Тургенев бу гўзал, билимдон ва оқила аёлни эътибори доирасидан ташқарида қолдира олмас эди. Покровскоега келишларининг асосий сабаби Лев Николаевич билан адабий суҳбатлар бўлса-да, бироқ мафтункор Марияни кўриш, унинг сўзларини эшитиш истаги ҳам бўларди. Буни аёл ҳам ҳис қилар, ҳатто турмушидан кўра Иван Сергеевичнинг муносабатларини қадрлар эди. Бир сафар яқин дугонасига: “Дастрўмолим қўлимдан тушиб кетганда Иван Сергеевич уни ердан олиб, лабларига босди” деган экан. Аммо тақдир ҳукми ўқилган, бирга яшаш насиб этмаган. Ана шундай руҳий тазйиқ остида Мария Николаевна тарки дунё қилиб, монастирга боради, умрини зоҳидликда ўтказади. Йиллар ўтиб, Тургенев бу дунёни тарк этганида Мария Николаевна Тургеневнинг фотосуратини кўрсатиб, “Агар у ҳаётда бу даражада бир сўзли бўлмаганида ва Полина Виардони бунчалик қизғин севмаганида, мен у билан бахтли бўлардим, монастирга ҳам келмасдим. Биз Яратганнинг иродаси билан  қовуша олмадик. У бебаҳо одам эди, уни тез-тез эслайман”, деб ўз надоматини изҳор қилган экан.
“Одам бахтини йўлда (сафарда) топади”, дейишади. Бу жиҳатдан Иван Сергеевичга барака кулиб боққанди. Унинг бутун Европа бўйлаб кезишларида кимлар ҳамроҳ бўлмасди? Биринчи марта Берлинга жўнаганида давлат арбоби ва таниқли шоир П. Вяземский ҳамда машҳур адиб Ф. Тютчев оиласи билан кетганди. Кемада рўй берган ёнғин ўсмир Иванни жуда қўрқитган, жони ҳалқумига келиб, “Онанинг ёлғиз ўғлини қутқаринглар, эвазига 10 минг рубль бераман” деб дод солганди. Ҳайтовур, қурбонлар бўлган ўша фалокатда у омон қолувди. Муҳожирликда юрган кезлари Фроловлар, Ховринлар, Хомяковлар, Орловлар оилалари билан танишди, уларнинг севимли кишиларига айланди. Сиёсий қарашлари туфайли она юртини тарк этган ва ҳар бир куртакда эртанинг шамойилини излаётган бу зиёлилар ўз миллатларига мансуб ҳар қандай иқтидор эгасини қадрлашар, унга имкон даражасида кўмак берар эдилар. Ватан соғинчи билан яшаётган мусофирлар даврасида ўзининг эҳтиросли қарашлари билан кўзга ташланиб қолган Тургенев уларга гоҳ Онегинни, гоҳ Печоринни, ҳатто гоҳида Хлестаковни эслатарди. Ўша давраларда унинг собит дунёқараши шаклланди.
1856 йил майида Лев Толстой билан суҳбатларини тугатиб, Спасскка кетиш арафасида ўзига хос шахсиятга эга бўлган, ўта диндор ва аскетик (зоҳидона) ҳаёт тарзини танлаган Елизавета Егоровна Ламберт билан учрашиб ва суҳбатлашиб қолди. Унинг танишуви хорижий паспорт ташвиши билан юрган кезларида рўй берди: Қрим уруши тугаган, чет элга чиқиб, қизининг ва Виардоларнинг омонлигидан хабарлашиб келиш имконияти пайдо бўлганди. Шунда юқори олийнасаб давраларга мансуб бўлган бу аёл тимсолида кутилмаганда ўзига хайрихоҳ ва ақлли, яқинлари бошига ташвиш тушганда кўмагини аямайдиган, бировга яхшилик қилишга шошадиган жонҳалак  дўстни топгандек бўлди. Аёлнинг қотиб улгурган ўз турмуш тарзи бор, аллақачон унинг тартибларига қатъий амал қиларди. “Шуниси маъқулга ўхшайдики, биз кўп учрашмаслигимиз лозим, – деб ёзди Ламберт Тургеневга, – яхшиси, тез-тез хатлар алмашиб турайлик; менимча, юзма-юз суҳбатларда қуруқ олди-қочди гап кўпаяди – мен эса бошқачароқ одамлар билан руҳий яқинликка бормоқчиман”. Спасскка келгач, Тургеневни зиддиятли туйғулар исканжага олди, баъзан уларни Елизавета Егоровна билан хат орқали баҳам кўрарди: “Эҳ, графиня, бахт истаги – агар ибодатда ҳам бахт бўлмаса – қандай бемаза туйғу! Умид қиламан ва ишонаманки, ҳаммаси тинчиб кетади, ботинимдаги ёзувчи, умуман санъаткор учун зарур бўлган ўзига хос осудалик ва эътиборни таъминлайман”. Шундан сўнг овни ҳам йиғиштириб қўйиб, кўпроқ китоб ўқишга  машғул бўлади… Кейинчалик ҳаётинингг драматик дамларида ўз кечинмаларини баён этиб, хатлар ёзиб туради, баъзи масалаларда маслаҳатлашади.
Баронесса Юлия Петровна Врёвская ўз шахсияти ва аянчли тақдири билан Тургеневда ўчмас таассурот қолдиради. У билан Карлсбадда 1873 йилда танишган эди. Ёзувчидан 23 ёш кичик бўлган Юлиянинг эри генерал Вревский урушда ҳалок бўлган, у турмуш ўртоғининг хотирасини унута олмай, руҳий қийноқда яшар эди. Тургеневнинг қистови билан Юлия Петровна Спасскка ташриф буюради ва беш кун меҳмон бўлади. “Сиз билан хайрлаша туриб, – деб ёзади  изидан унга  йўллаган хатида  Иван Сергеевич, – илтифотингиз учун зарур даражада миннатдорлик билдира олмаганимни сездим. Ташрифингиз менинг қалбимда мангу яшайди. Сезаяпманки, менинг ҳаётим шу кундан бошлаб бир нур билан музайян бўлди. Орамизда пайдо бўлган дўстликни бир умр қадрлайман ва бундан кейин Сизнинг тақдирингиз менинг эътиборимда бўлади”. Баронесса негадир бундай эҳтиросларга бепарво қарар, унинг  совуққонлиги эса ёзувчида янги ҳисларни алангалатарди. Хатларида “Агар сизнинг аёл асрингиз бошланиб, менинг эр фаслим тугаётганидан кўнглингиз хижолат бўлаётган эса, орамизда бир-биримизни боғлаб турадиган дўстлик ришталари узилмасин”, дея ундан воз кеча олмаслигини изҳор этарди. Аёл эса бошқачароқ жавоб қайтаради: у Болгарияда давом этаётган урушга ихтиёрий равишда шафқат ҳамшираси бўлиб йўл олади. Унинг бу ечимини Тургенев киноя билан қабул қилади. “Агар омон қайтсам, бирга яшаймиз”, деб далда беради Юлия. Аслида у мангу айрилиқни ихтиёр қилган эди.
Шундан сўнг Болгариядан хатлар келиб турди. Тургенев уларни кўзига суртиб ўқирди. Айнан Юлия Петровна унга Некрасов оғир бетоб эканини, унинг саноқли кунлари қолганини маълум қилганди. Қисқа фурсат адабий ҳамкорлик қилиб, бирданига душманлашиб қолган Тургенев гиналарни ўртадан кўтариш учун шоирни кўргани боради. У жуда ночор аҳволда эди, Тургеневни кўриб, нимадир дейди (сўзларини тушуниб бўлмайди), қонсиз юзига икки томчи сарғиш кўз ёшлари думалаб тушади. Мажолсиз қўлларини Тургенев томон чўзади. “Бизни ўлим яраштирди”, деб ёзади Тургенев кейинчалик. 1878 йил бошидан Болгариядан хатлар келиши тўхтаб қолади. Тахмин қилинган фожеа рўй берганди: қуршовда қолган полк билан тиббиёт бўлинмаси ҳам янчиб ташланган, жумладан, Юлия Верёвская ҳам ҳалок бўлганди. Бу хабарни Иван Сергеевич аччиқ изтироб билан қабул қилади, Юлия йўллаган ўнтача хатни бебаҳо бойликдек бир умр асраб юради.
Тургеневнинг таржимаи ҳолини ёзган биографлари ёзувчининг сўнгги севгилиси сифатида актриса (яна актриса!) Мария Гавриловна Савинани қайд этишган. Иван Сергеевичнинг истеъдоди бутун Европада тан олинади, Англиядаги Оксфорьд университетининг доктори аталади. Ниҳоят, сукутда бўлган рус жамоатчилиги Тургенев шарафига тадбирлар ташкил қилади. Москва ва Петербург университетларида тантанали учрашувлар бўлиб ўтади, драматик асарлари саҳналаштирилади. Ана шу мулоқотларда “Қишлоқда бир ой” пьесасида Верочка ролини ўйнаган ёқимтой актриса унинг меҳрини қозонади. “Менинг нотавон, қари юрагимни навқирон аёл қалбининг сеҳри бутунлай қоплаб олди – эркаловчи нигоҳлар жодуси билан унинг аллақачон тусини йўқотган ранглари яна жилвалана бошлади”, деб ёзади у. 1879 йил 24 апрелда Москвадан Савинага шундай хат ёзади: “Сиз йўллаган икки хатдаги меҳр менга шундай сеҳр ато этдики, энди сиздан айро яшай олишимга ишонмай қолдим…”. Уни  Москвага таклиф этади, Савина рад этади. 16 майда гастролга кетаётган актриса билан Мценскдан Орёлгача поездда бир неча соатни бирга ўтказади. Шу дамлар унинг Мария Савинага бўлган муҳаббатининг энг юқори нуқтаси бўлиб қолади. Кейин аёлга бир неча ўтли ишқий мактублар йўллайди.
1881 йил ёзида Спасскка Григорович, Лев Толстой, Полонский меҳмон бўлиб келган, даврада Савинанинг келиши кутилаётган, унинг ташрифига атайлаб Москвадан янги пианино келтиришган эди. Эркаклар жамоаси гўзал ва оқила аёлсиз ўзларини ғариб сезишарди. Бу гал Савина мамнуният билан ташриф буюрди ва беш кун меҳмон бўлди. Даврага ўзгача файз кирди. Оқшом чоқларининг бирида, ботаётган қуёшнинг заррин нурлари дарахт баргларида жилваланаётган чоғ балконда Тургенев Савинага “Ғолиб севги қўшиғи” қиссасидан парчалар ўқиб берарди. Асарнинг сеҳри аёлни ўз оғушига тортади, унинг нигоҳларида учқунлар пайдо бўлади. Бу шуълаларни кўрмасанг ҳам у вужудни куйдириб ўтарди. Истеъдоди учун ёзувчи олий мукофотга сазовор бўлади: Савинанинг ўтли лабларидан бўса олади. Бу бўсадан унинг Спасскдаги уйи болконида вужудидан ўт чиқиб кетишига оз қолганини Тургенев бир умр такрорлаб юради. Унинг қуёши ботаётган пайтларда севги ана шу хилда видо сўзларини айтади…
***
Кўриниб қоладики, Тургенев ҳаётида аёллар фақат гўзаллиги, ақли билан эмас, Шахсияти билан ҳам намоён бўлишади. Бири эр-хотинлик муносабатларига хиёнат қилишни хоҳламай, монастирга кетишни авло билади, бошқаси бевақт ажралиб қолган эрининг хотирасини уната олмай, унинг тирик руҳини жанггоҳлардан излайди ёки ўзгаси умр шомида тўкилиб бораётган вужудга аланга ёқиб, унинг сўнгги нафасигача ҳарорат ато этади… Буларнинг ҳаммаси ёзувчининг кўрганлари – ҳаёт синоатлари, аёл оламининг олмос қирралари эди. Ана шундай мўъжизага дуч келган санъаткор бу дунёга игна тешигидан мўралади, унинг сир-асрорини инкишоф этишга ҳаракат қилди ва бунга эришди ҳам. Тургеневнинг кечинмалари шунчаки кўнгилхушлик ёки енгилтаклик – эҳтирослар билан ўйнашиш шарҳи эмас, балки ҳаётнинг айнан ўзидир. Зеро, ана шу ўзанда тирикликнинг не бир синоатлари воқе бўлмайди? Гоҳида ўзини ўзи ҳам тушинмайдиган аёл дарё ичида туриб чанқайди, саҳрода яшаб эса борлиғини денгиздагидек ҳис қилади. Энг кўп жабр кўрсатган, ёмонлик қилган кишисини меҳри оғушида ардоқлайди, севган одамини эса мислсиз қийноқларга дуч қилади – у ўз орбитасидан чиқиб кетмасин. Баъзан уни мусиқа асбобига ўхшатишади, ёқимли куй чалиш учун созанда, албатта, моҳир созанда бўлиш лозим.
Тарозининг икки палласи – ҳар куни ҳаёт эркак–аёл вобасталигида ўтади. Улар бир-бирларига оилада, иш жойида, маиший ҳаётда, кўча-кўйда дуч келадилар. Ана шу учрашув лаҳзаларида кайфиятга, дунёқарашга, тақдирга таъсир қиладиган нимадир юқади, худди бўёқдек из қолдиради, уни бирдан ўчириб ташлаб бўлмайди, барибир ўрни қолади. Арбоблар, миллиардерлар, ҳарбийлар, олимлар, умуман, турли касб ва қиёфадаги кишилар бу сеҳр тузоғига тушиб қолишлари мумкин, шунда улар кечираётган ва шарҳ этиб бўлмайдиган интим туйғулар кўринмас куч бўлиб, ўлжасини бошқаради. Таассуротлар эса ўчмас. Агар жунбушга келса, бир инсон ҳаётини бошқа ўзанга солиб юбора олади. Ё барбод қилади, ё мақсадга муяссар этади. “Спартак” кинофильмида шундай лавҳа бор: гладиаторлар эртага жангга чиқадиган оқшом уларнинг хонасига сулув аёллар киритиб юборилади (бу ҳам ўша замон ахлоқининг бир кўриниши бўлса керак). Валенсия Спартакдан имдод кутади. У эса жим. Ниҳоят, аёл тилга киради: “Тегинмайсанми?” Эркак жавоб беради: “Мен ҳайвон эмасман!” Бу ўктам иқрор аёл ҳамиятини қўзғайди, унинг борлиғидаги ғурур уйғонади ва жавоб беради: “Мен ҳам”. Аёлнинг бу эътирофи эркакни ҳушёр торттиради, у одамдек яшаш мақомини танлайди. Аёл муҳаббати унинг қонидаги ғурур, мардлик туйғуларини алангалатади. Валенсиянинг гўзаллигидан илҳомланиб, қулларни оёққа турдиради, уйғонган эрк темир панжараларни синдириб, озодликка интилади…
Жамият маънавиятини аёл маънавияти белгилайди, деган гап бекорга айтилмаган. Шунинг учун улардан жамият бир умр қарздор, шунинг учун улар билан ҳурмат кўрсатиб, эҳтиёт бўлиб, қолаверса, қўрқиб муомала қилинади. Жамиятнинг даражаси аёлга бўлган муносабат билан ўлчанади, дейишлари шундан. Тургенев  иқтидори ва ҳаёт тажрибаси билан бу оламга назар ташлади, ундан теран ҳикмат топа олди. Тургенев асарлари аёлдек нодир хилқатни тушуниш ва қадрлашда ёрдам беради. Бинобарин, боқий ва мафтункор бу мавзу ижодининг гултожи бўлиб қолди. У чинакамига аёл қалбининг муҳандиси эди.
Севги саргузаштлари… Уларнинг ҳаммасини қомусий луғат сингари батафсил қайд этиб бўлармикан? Инсоният онгли ҳаётида қанчалаб қалам соҳибларининг истеъдоди уни кашф этишга йўналтирилди – уларнинг ёзганлари, чамаси, ҳали дарёдан томчи бўлса керак. Бу уммоннинг чек-чегараси йўқ, бўлмайди ҳам. Ана шу уммонда сузиб юрган қайиқларгина элас-элас кўзга ташланади, холос. Шу сузғичларнинг бири Иван Сергеевич Тургеневга тегишли эди. Унинг ижоди давомида яратган “Илк севги”, “Ася”, “Фауст”, “Чўл қироли Лир”, “Баҳор тошқинлари”, “Клара Милич”, “Ғолиб севги қўшиғи” сингари ўнлаб қиссалари олийжаноб туйғу – севги-муҳаббатнинг турли оҳангларини акс эттиришга бағишланган. Қиссаларнинг қаҳрамонлари русларда кўп учрайдиган Ася, Вера, Анна, Наталья, Валерия ёки мағрибона қоришиқ Эллис, Сусанна, Евлампия, Элеонора, Метридия, Платонида исмлари билан ёки бошқачароқ аталадими, ҳаммасида севилган аёл қалбининг ботиний ва сирли жозибаси ифодаланган.
Гўзал қиз ёш болага алоҳида илтифот кўрсатади, бундан дунёга камолот нигоҳи билан қараётган ўсмир ҳайрон, аммо у отасининг қалб кечинмалари ва қизнинг унга муносабатидан бехабар; икки қадрдон дўст бир соҳибжамолни баравар жондан севиб қолади, бироқ  маҳбубанинг қарори номаълум; уларни ака-сингил деб бўлмасди, бироқ ошиқ-маъшуқлар ҳам эмас. Қисқа мулоқот асносида қиз учинчи кишидан ошиқ қалбига шафеъ истайди, аммо у жим. Фақат буни кейин сезади, бу пайтда кеч бўлган, фаришта узоқларга учиб кетганди…  Қанчалаб драматик ҳолатлар, ички коллизиялар… Тургенев асарларининг мазмунини сўзлаб бериш мумкин эмас, унда ёзувчининг беназир, инжа ижодига заха етади, худди гулдастани нуқиб кўрсатгандек бўлади. Бу ҳикояларни ёлғиз қолиб, ошиқона бир кайфият билан мутолаа қилиш лозим… Ана шундай эътироф юз йиллардан бери яшаб келмоқда ва қанчалаб мутаассир қалблар ўзига бетакрор ором ва лаззат олмоқда.
***
Тургенев рус адабиётига кўплаб янгиликлар олиб кирди. Бу новаторликни таъминлаган бир қанча омиллар мавжуд. Аввало, унинг жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишлиги бунга йўл очган. Шунингдек, у Италияда, Францияда, Англияда бўлиб, инсоният бадиий тафаккури яратган дурдоналар: меъморий ёдгорликлар, нодир суратлар, мусиқа асарлари билан ошно бўлишга улгурган эди. Шунингдек, унинг ана шундай юксак эстетик қимматга эга бўлган хазиналарни  яратаётган ва яратган ижодкорлар билан жонли мулоқотлари, адабий ҳамкорлиги  истеъдодининг бутун борлиғи ила намоён бўлишини таъминлади. У Гюго, Флобер, Золя, Жорж Санд, Мопассан, Миреме, Диккенс, Тиккерей сингари ҳар бири бир руҳий олам яратган буюк ёзувчиларнинг яқин дўсти ва ҳамкори эди. Ўз миллати маънавиятида, ижтимоий фикр ривожида ўчмас из қолдирган Н. Станкевич, П. Панаев, К. Аксаков, П. Плетнев, Д. Писарев сингари ўнлаб том маъносидаги миллий зиёлиларнинг маслакдоши, маслаҳатчиси эди. Шунингдек, иншомиз давомида ўзаро борди-келдиларига батафсилроқ тўхталган рус миллий маданиятининг таниқли намоёндалари билан муносабатлар ҳам Тургенев фаолиятини ва, умуман, ўша давр ижтимоий муҳитини атрофлича тасаввур қилиш имконини беради, тасаввурлар эса тўла маънода бу плеяданинг қанчалик ўрни салмоқли бўлганини тасдиқлайди. Улар ўзларининг у ёки бу даражадаги маънавий жасоратлари билан рус ҳалқига буюклик мақомини туҳфа этган улуғ зотлардир.
Русларни фақат космик ракеталари, ер ости кемалари, баллестик қуроллари борлиги учунгина эмас, балки мислсиз ижтимоий тафаккур эгалари бўлганликлари учун ҳам дунё тан олади. Аслида ҳам миллатнинг юксалиши фақат маънавият орқали эканлигини тараққиёт тажрибаси тасдиқлаб турибди. Не бахтки, Тургенев ва унинг салафлари умргузаронлик қилган йиллар бу борадаги тадрижи, юксалиши билан ажралиб туради. И. С.Тургенев ана шу маъраканинг нафақат иштирокчиси, балки унинг юксалишида сезиларли из қолдирган йирик вакилларидан бирига айланди. Йиллар оша у янги уфқларни забт этишдан тўхтамади, ижоди ҳам мавзу, ҳам жанрлар бўйича бойиб борди. Ҳаёт манзараларини кенгроқ масштабда акс эттиришга киришиб, романлар ёза бошлагани шу тадрижий улғайишнинг ҳосиласи эди.
У яшаган асрнинг 50-йилларига келиб ижтимоий ҳаётда янгича руҳ пайдо бўлди. Тор давраларда келажак ҳақидаги суҳбатлар, тортишувлар ҳеч нарсани англатмай қолди. Қуруқ ваъзхонликлар ўтмишга айланиб улгурди, энди гапдан амалга ўтиш фурсати етишганини жамиятдаги қатламлар ўртасида юзага келган ажримлар ва янгиланишлар талаб қилаётган эди. Ана шундай тарихий паллада Тургенев биринчи романи устида иш бошлади. Дастлаб уни “Нодир нусха” (“Гениальная натура”) деб номлади. Асарда ҳозиргача қарор топган тартиблар асосида шаклланган, бироқ  ривожланиш эпкинини ҳис қилиб, янги йўл излаётган қаҳрамон тимсоли ва унинг атрофида кечаётган кураш, интилиш жараёни акс этиши лозим эди. Роман воқеалари автобиографик руҳда бўлиб, Дмитрий Рудин дастлаб Покорский (Станкевичнинг прототипи) тўгарагида фалсафадан сабоқ олади, кейин таҳсилини Берлин университетида давом эттиради. Асарда жуда кўп замондошларнинг қиёфаси бадиий тарзда мужассамлаштирилган эди. Роман устида ишлаш жараёнида унинг дастлабки номи муаллифни қаноатлантирмайди ва барча воқеалар Рудин атрофида кечаётганини назарга олиб, асарни ҳам “Рудин” деб атайди. Роман “Современник” журналининг 1856 йил январь-февраль сонларида босилгач, адабий жамоатчилик унга диққат билан муносабатда бўлади. Асарнинг долзарблигини таъкидлаган ҳолда бош қаҳрамоннинг Дон Кихот сингари ҳаракатларини маъқулламайдилар, унинг исён пайти баррикададан отилиб чиқиб, ҳалок бўлишини мақсадсиз яшаган одамнинг ҳаракати сифатида қоралайдилар. Асарнинг кульминациясини ташкил қилиши лозим бўлган Рудиннинг Натальяга муҳаббатида қаҳрамоннинг бутун борлиғи намоён бўлмайди. Унда қўлланган “Овчининг  мактублари”га хос услуб ўзини оқламаган эди.
***
Биринчи романи эълон қилингандан кейин Тургенев ҳаётида кўплаб ўзгаришлар содир бўлди. Аввало, Толстой билан яқиндан танишди, бир-бирларининг уйларида меҳмон бўлдилар. Парижда, ундан кейин Лондонда яшади. Франциядаги илҳомбахш Бжувель, Куртавнель шаҳарларидаги ижодхонасида иштиёқ билан қалам тебратди. Шу йилларда яратган “Ася” қиссаси Некрасовнингг чуқур эътирофига сазовор бўлди. Демак, ижодий салоҳияти анча юксалди. Бу натижа унинг “Дворянлар уяси” романида ўз изини қолдирди. Уни хорижда тугатиб, 1858 йил охирларида Петербургга йўл олди.
Анненков Некрасов, Дружинин, Писемский, Гончаров ва Панаевнинг даврасида асарни овоз чиқариб ўқийди. Тургеневнинг ўзи ўқиши мумкин эмас, у ўткир бронхит билан оғриган эди (врач унга ҳатто гаплашишни ҳам тақиқлаганди). Роман қарсаклар билан кутиб олинади. Ҳеч қандай эътирозсиз “Современник” журналининг кейинги йил биринчи сонида эълон қилинади. Романни ўқиб чиққанлар унинг муваффақиятини эътироф этишди, баҳо эса кутилганидан ҳам юқори бўлди. Салтиков-Шчедрин Анненковга ёзган хатида кўпдпан бери бундай ҳайратланмаганини қайд этади. Писарев “Дворянлар уяси”ни Тургенев асарлари ичида энг пишиқ ва мукаммали деб атайди, уни “Евгений Онегин”, “Замонамиз қаҳрамони”, “Ўлик жонлар” билан бир қаторга қўяди.
Роман жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинган йиллар Россия ҳаётида бир тўлқин поёнига етиб, янги кўтарилишлар кутилаётган эди: ижтимоий вазият таранглашган, афкор омма ҳаёт рад этган қарашлардан воз кечиб, янги тамойиллар излаётган эди. Жамиятнинг асосий илғор кучларини бирлаштирган инқилобчи-демократлар ва либераллар бирга ҳаракат қилаётган, гарчи ихтилофлар кўзга ташланаётган бўлса-да, ажралиш рўй бермаганди. Бироқ ўз кузатишлари асосида бу бўлинишни сезган Тургенев мазкур ҳолатдан безовта эди (чунки беихтиёр қарама-қарши икки фронт юзага келаётганди) ва оқибатидан ташвишланарди. Яна ёзувчи шуни тушуниб етган эдики, дворянлик тартиблари ўзининг поёнига етиб бораётган, ҳаёт уларни инкор этган, дворянлар тарих саҳнасида сўнгги кунларини кечираётган эдилар. Ана шундай шароитда ХV асрларда шаклланган, Иван Грозний, Пётр I, Екатерина II томонидан имтиёзларга эга бўлиб мавқе қозонган қатлам вакиллари жамиятни бошқарувчи куч вазифасини бажара оладиларми? Крепостной деҳқонлар олдидаги айбларини юва оладиларми? Хўш, шундай шароитда етакчилик ролини ким ўйнайди? Роман воқеалари ана шу саволлар атрофида айланади. Бу асар Тургеневнинг бош қаҳрамонни дворянлар орасидан излаган охирги уриниши бўлиб қолди. Унинг умидлари оқланмаган, энди жамиятни бошқарадиган янги кучларни излаш лозимлигини асар орқали бадиий инкишоф этди.
Романнинг бош қаҳрамони Лаврецкий ўзида либерал дворянларнинг энг яхши фазилатларини мужассамлаштирган. Асарда фақат битта унинг ўзи ҳаракат қилмайди, балки орқасида бутун дворянлар авлоди турибди. Ёзувчи Лаврецкийлар “уяси”га разм солар экан, уларнинг турмуш  тарзини жонли лавҳаларда акс эттиради. Бу ҳаёт умуман заминдан узилган, атрофда кечаётган воқеаларга бепарво, “дунёни сув босса ҳам майли, менинг кулбам омон қолса бўлди” қабилидаги боқибеғам кишилар. Улар Ғарбга кўр-кўрона тақлид қиладилар, Лаврецкийнинг отаси бошида галломан, кейин англоман эди, ҳамма масалада Россиядан нафратланади, уни бўшлиқ, ҳар қандай экспримент ўтказса бўладиган майдон, деб билади. Уларнинг ҳаммаси крепостной деҳқонларга тубан назар билан қарайдилар, уларни одам ўрнида кўрмайдилар. Муаллиф бош қаҳрамон тимсолида кўплаб автобиографик унсурларни кўрсатган: болалик хотиралари, оилада шафқатсиз тарбия усули, ўғилнинг отага муносабати. Лаврецкий ички дунёсини чуқуроқ очиш мақсадида унинг Лиза Калитинага бўлган севги кечинмаларидан фойдаланади. Хориждан юртига қайтар экан, ўзида ватанпарварлик туйғуларини чуқур ҳис қилади, шу маконда қолишни, хотинидан ажралиб, Лиза билан янги ҳаёт бошлашни хоҳлайди. Бошқа муҳитда тарбияланган қиз Лаврецкийнинг ички кечинмаларини қабул қила олмайди, ҳаммасидан воз кечиб, монастирга кетади. Роман сўнгида қариб бўлган эски дворян ёш авлодни катта йўлга кузатиб қолади.
“Дворянлар уяси”дан кейин Тургеневнинг адабий давраларда обрўси ошиб кетади. Ҳаваскор қаламкашлар қўлёзмаларини топшириб, ундан маслаҳат кутардилар, бир лаҳза учрашишни орзу қилардилар. Турли табақалар эса у билан яқинлашиш, ўз сафларига қўшиб олишга интилишарди. Бироқ Тургенев бундай илтифотларга парво қилмайди. Романининг юқори давраларда яхши кутиб олинмаганини билиб, турмушнинг янги қирраларини, улғайиб бораётган ижтимоий фикр кўламини кўрсатишга бел боғлайди ва янги асар устида бош қотиради. 1859 йил баҳорида Спасскдан Елезавета Ламбертга шундай ёзади: “Ҳозир мен янги қиссамнинг режасини тузиш билан бандман. Бу жуда чарчатадиган юмуш, боз устига, у ҳеч қандай кўринарли из қолдирмайди – диванга чўзиласан ёки хона бўйлаб тентирайсан, бошингда бирор характер ёки вазият тафсилоти айланади. Қарайсан, уч, тўрт соат ўтиб кетибди, ҳар қалай иш бир оз жилибди. Очиғини айтганда, бизнинг ҳунаримизда ҳузур-ҳаловат кам – аслида ҳам шундай. Ҳамма – ҳатто артистлар, ҳатто бойлар  юз терини артиб яшаши лозим. Ким терламаса, унинг ўзига ёмон: юраги ё касал, ё тошқотган бўлади”. Ноябрда И. Аксаковга ёзган хатида янги қиссасида шахс “хайрли ишлар учун онгли-қаҳрамонларча ҳаракат қилиши”ни маълум қилади.
Янги роман устида ишлаш баробарида ўз адабий қаҳрамонларининг бадиий табиатини, муаллифнинг ижтимоий позициясини тушунишда асқотадиган “Гамлет  ва Дон Кихот” сарлавҳали публицистик мақола ёзади. Маълумки, одамзот фикр оқими икки ўзанда оқар экан, бир қирғоқда ўта хаёлпарастлар, қарши тарафда эса амалиётчилар бўлиши тайин. Гарчи бир ёқда нуқул Гамлетлар, нари томонда фақат Дон Кихотлар тўпланиб олмаган бўлса-да, борлиққа шу хилда қараш аҳволни тўлароқ тасаввур қилишни таъминлайди. Қайсидир даражада улар инсоний қарашларнинг руҳини ўзларида мужассамлаштирганлар. Гамлетда ичкарига разм солиш тамойили фожеа даражасида намоён бўлган; Дон Кихотда эса завқу шавқ шунчалик меъёрдан ошиб кетганки, оқибатда, бу кулгига сабаб бўлади. Гамлетда асосийси – ақл, Дон Кихотда – эрк. Ана шу ажралишда Тургенев инсон ҳаётининг фожеасини кўради: “Ҳаракат учун эрк керак ва ҳаракат учун яна ақл керак, аммо ақл ва эркни ажратиб қўядилар ва кун ўтган сари улар орасидаги оралиқ узайиб бормоқда”. Тургенев Гамлет тимсолида “ортиқча одам”ларни, дворянларни кўради. Дон Кихот эса жамоат арбоблари янги авлодининг тимсоли. Уларни “демократлар” ҳам деб атайди. Ўз тахминига ишониб, онгли қаҳрамонларни дворянлардан бошқа майда тоифадаги зиёлилардан (уларни «разноченецлар» деб аташган) чиқишини кутади.
Гамлет ва Дон Кихотларнинг кучи ва заифлиги нимада?
Гамлетлар худбин ва ишонмайдиган кишилар. Улар бир умр ўз қобиғида яшайди ва ташқи дунё билан қизиқмайди. Ёлғон билан курашиб, ҳақиқатни ҳимоя қилгандек бўладилар, бироқ ўша ҳақиқатга ўзлари ҳам ишонмайдилар. Чуқур таҳлилга мойил бўлганларидан эзгуликка шубҳа билан қарайдилар. Шунинг учун улар фаол, таъсирчан  ибтидодан, ташаббусдан маҳрум, уларнинг ақлий қуввати, мулоҳазакорлиги қўрқоқ қилиб қўяди ва ироданинг заифлигига айланади.
Гамлетлардан фарқ қилиб, Дон Кихотлар худбинликдан, ҳамма нарса ўзи ўйлагандек, ўзи ҳис қилгандек бўлиши фикридан йироқ. Ҳаракатларининг мақсад ва маъносини ўзида эмас, алоҳида кишидан ташқарида бўлган ҳақиқатда кўради. Дон Кихот унинг тантанаси учун ўзини қурбон қилишга тайёр. Шубҳа-гумонлардан, ақидалардан холи ташаббускорлиги билан халқнинг қалбини алангалата олиши ва уни ўз ортидан эргаштиришга қодир. Аммо нуқул бир ғояга сиғиниш, бир мақсадга интилиш унинг тафаккурини бир хил мушоҳадакорликка, ақлини эса бир ёқламаликка олиб келади. Тарихий арбоб сифатида Дон Кихот, албатта, фожеали вазиятда қолади: фаолиятининг тарихий тақдири ҳар доим у интилган идеалдан ва курашида кўзда тутган мақсаддан ўзгача бўлиб чиқади.
***
Жамоат арбобининг феъл-атвори, табиати, онгли қаҳрамоннинг кучли ва заиф томонлари 1860 йил “Русский вестник” журналида эълон қилинган “Арафа” романида тўла ифодасини топган. “Арафа” – Россияда янги ижтимоий муносабатлар кучаяётгани, деҳқонларни озод қилиш ҳаракатини олға бостирадиган онгли қаҳрамон сабрсизлик билан кутилаётгани ҳақидаги роман. Шу билан бирга асарда одамзотнинг туганмайдиган надоматлари, ижтимоий камолот учун доимий интилишлари, инсон шахсини “бепарво табиат” бағрига ирғитиб юборадиган бепарво қарашларга қарши мангу ҳайқириғи бадиий инкишоф этилади. Унинг бош қаҳрамони Елена Стахова катта йўл айрилишида турган Россиянинг тимсолига ўхшайди. Унга тарихчи Берсенев, рассом Шубин, хизматчи Курнатовский, болгар революционери Дмитрий Инсаров “оғиз солади”. Танлов рамзий маъно касб этади: Россиянинг келажаги учун ким кўпроқ асқатоди: фан ва санъат кишиларими, давлат хизматчисими ёки қаҳрамонлик қилишга шай шахсми? Албатта, Елена инқилоб кайфиятига эга Инсаровни танлайди.
Асар эълон қилингач, у жамоатчилик орасида турлича муносабатларга сабаб бўлди. Айниқса, Н. Добролюбовнинг “Ҳақиқий кун қачон келади?” мақоласи жуда қизиқиш билан кутиб олинди. Тафаккур майдонига ёниб кириб келган Добролюбов радикал қарашдаги ёшлар авлодига мансуб эди. Улар келажакка ўз назарлари билан боқишар, уни “эски уйни ёқиб юбориб, ўрнини текислаб ташлаш ва янги иморат қуриш” тарзида тасаввур қилардилар. Бундай кескинлик мунозараларга сабаб бўлган, бу қарашга Ғарбчилар ва славянпарастларнинг ўз муносабатлари мавжуд эди. Добролюбов мақоласида Тургенев истеъдодига юксак баҳо бериб, янги романига аёвсиз муносабат (хусусан, бош қаҳрамоннинг муҳожир шахс бўлишига) билдирган эди. Бу ҳол Тургеневга ёқмайди, уни Некрасов журналида эълон қилаётганини эшитиб, қаршилик кўрсатади, босмасликни талаб қилади. Масалани “Ё мени дейсан, ё Добролюбовни!” тарзида кескин қўяди… Мақола эълон қилингач, у жамоатчиликда кучли таассурот уйғотади. Гарчи мақола миллий ижтимоий фикр тараққиётида ўчмас из қолдирган бўлса-да, Тургеневга қаттиқ таъсир қилади. Муаллифни “-лайбов” деган сирли ном билан мақолаларида масхара қилади. Адабиёт жамғармасининг бир йиғилишида Чернишевскийга оғир киноя билан: “Ҳа, Николай Гаврилович, сиз илонсиз, шукурки, оддий илон, Добролюбов эса кўзойнакли илон!” деган экан. Ҳолбуки, ундан ёшроқ бўлган бу йигитлар Тургенев асарларининг ишқибози, ижодининг мухлиси эди. Добролюбов унинг “Ортиқча одамнинг кундалиги” асарини бетимсол дурдона деб атаган, Чернишевский унга ёзган хатларининг бирида  “Сизни хафа қилиш, бу – бизнинг адабиётимизни хафа қилиш. Сиз қандайдир Островский ёки Толстой эмассиз, сиз бизнинг шаънимизсиз” деб ёзган эди. Бу сафар эса “орадан қора мушук ўтиб қолди”. Нима дейсиз, жараён…
***
Кўп ўтмай, Россия тарихида муҳим воқеа содир бўлади: крепостной ҳуқуқ бекор қилинади. Бу халқаро ҳамжамиятнинг давлатга муносабатини ўзгартириб юборади, ички муҳитда ҳам жиддий янгиланишлар содир бўла бошлайди. Ана шундай драматик шароитда жамиятнинг юрак уришларини бадиий акс эттириш хизматига астойдил бел боғлаган Иван Сергеевич Тургенев янги романини эълон қилади. “Арафа” асарининг қаҳрамонлари охирида изсиз йўқоладилар – ёзувчининг воқеаларга эстетик муносабати шундай муҳрланади. Айтиш мумкинки, ўша қаҳрамонлар янги бир қиёфада “Русский вестник” журналининг 1862 йил февраль сонида эълон қилинган “Оталар ва болалар” романида пайдо бўладилар Асарнинг асосий образи Евгений Базаров тимсолида муаллиф ўзи яхши билган ва маълум муносабат билдирган Добролюбов, Чернишеский, Писарев шахсиятидаги нигилистик қарашларни бадиий инкишоф этган. У ижтимоий муҳитдаги янгиланишлар таъсирида пайдо бўлган ёшлар вакили. Улар учун хос ҳолат – ўзидан олдинги ҳар нарсага шубҳа билан қараш ёки тан олмаслик – нигилизм. Ана шундай қараш асоратидан жамиятда кераксиз шахслар – “ортиқча одамлар” пайдо бўлган ва шу икки тоифа ўртасида кўзга ташланмас кураш кетади. Бу муҳорабага  ёзувчининг муносабати романнинг финалида аниқ бўлади: жамиятга беписанд қараган, унинг ички эволюцион тараққиётини тан олмаган ва шу туфайли катта авлодни менсимаган Базаров табиат қонунларини ҳам писанд қилмайди. Касалликларнинг юқимли бўлишини назарга илмай, терламага чалинади ва шу дард билан дунёни тарк этади. Унинг сўнгги кунлари, умрининг охирги лаҳзаларидаги кечинмалари бетимсол маҳорат соҳиби Тургенев қалами  билан шундай таъсирли ифодаланганки, уларни ўқиб, тирикликнинг бутун келбатини қайта тасаввур қилса бўлади.
“Оталар ва болалар” романи орқали ёзувчи авлодлар ўртасидаги азалий боғлиқлик қанчалик кучли экан, тараққиёт шунча бардавом бўлишини тасдиқлаб кўрсатди. Бу нуқтаи назари билан ўтмишга «ўт қўйиш» васвасасига мубтало бўлган инқилобчиларга қаттиқ зарба берди. Умуман, у ҳар қандай зўравонликка қарши эди. Романларида бош қаҳрамон сифатида танлаган шахсларининг руҳий нотоблиги, уларнинг ўзини маҳв этиши орқали инқилоб ақли расо одамларнинг иши эмаслигини тасдиқламоқчи бўлганди. «Оталар ва болалар»да акс эттирилган “ортиқча одамлар” тимсоли эса Тургенев яратган ва унинг дунё адабиёти аҳолиси сафига қўшган  кашфиёти, янги образлар эди. “Ортиқча одамлар” тузумлар ўзгариши билан элакнинг устида пайдо бўлаверди, уларга муносабат эса Тургенев ақидалари билан ёндашиш тўғри эканлигини қайта-қайта такрорлаб турибди. Ҳатто жамиятни ағдар-тўнтар қилиб, ижтимоий тараққиётни янги базисга ўтқазган инқилобчилар ҳам етмиш йил ўтиб, бу ғоя нотўғри эканлигини тан олдилар ва инсониятдан кечирим сўрадилар.
Кейинги йиллар Тургенев шу пайтгача кечирган умрининг тарозига қўйилган дамлари бўлди. У кутган, умид қилган, васф этган қадриятлар ҳаёт синовларига дуч келиб, сараги саракка, пучаги пучакка ажрала бошлади. Ёзувчи олға сурган кўплаб ғоялар амалиётда тасдиғини топмай, унинг ёлғизланиб қолган пайтлари ҳам бўлди. Полина Виардо билан муносабатларида эҳтирослар ўрнини ақл эгаллай бошлади. Барибир, ички туғёнларини енгишга қодир эмас, иккинчи томондан эса ватан меҳри унда жунбушга келаётган, ёзувчими, актёрми – ким бўлмасин, ҳар қандай инсон ўз юртида азиз эканлиги ҳақидаги қадимий ақиданинг исботини кўраётган, қўнимсизлик уни безовта қилаётган, чарчатган эди. Лев Толстой билан муносабатларини йўлга қўйиб олган бўлса-да, Герцен билан аразлашиб қолди (унинг “Колокол”да эълон қилган бир мақоласи унга жуда ёқмаганди). Револьюционер Бакунинни ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўлаб-қувватлаб, сиёсий муҳитга аралашди. Россияда кечаётган ўзгаришларга фаол муносабатда бўлиб, эркинлик олган деҳқонлар ҳаётини янги асосларда йўлга қўйиш юзасидан ўз фикрларини изҳор қилди, шу мавзуда махсус рисола ҳам яратади. У демократик тамойилларга асосланган жамоа (община) тарафдори эди. Қарашларини ифодалаб, Париждан император Александр II га хат ёзди, шундан кейин уни Сенатга таклиф қилиб, турли сиёсий оқимларга муносабати билан қизиқишди. Петербургда адабий давралардан ўзини олиб қочди, бу жаноблар унга «тинимсиз шовқин чиқарадиган ичи бўш пақилдоқлар»ни эслатди…
***
Ана шундай мубҳам кайфиятда 1865 йил “Тутун” романини ёзишга киришди. У “Русский вестник”нинг 1867 йил март сонида эълон қилинди. Чуқур изтироб ва милтиллаб турган умид шуъласидан иборат бу романда Тургеневнинг олдинги асарларидан фарқли ўлароқ сюжетни ўз атрофида тутиб турадиган бош қаҳрамон йўқ эди. Литвиновда Рудин, Лаврецкий, Инсаров ва Базаровга хос журъат, жамоат арбоблигига даъвогарлик кайфияти етишмасди. У Россиянинг чекка бир жойида тинчгина деҳқончилик билан шуғулланиб юради. Хорижга агрономия соҳасидаги кўникмаларини ошириш учун келган. Шу ерда рус эмиграцияси вакиллари билан танишади, уларнинг турмуш тарзини кузатади. У билан Потугин бирга, унинг тилидан гўё ёзувчи ўз фикрларини баён қилгандек бўлади. Баден-бадендаги муҳожирлар ҳаёти тутун ичида қолгандек, унда яшовчилар йўлини йўқотган, эртанги кундан умиди йўқ, тутун тарқашини кутиб яшайдилар. Ниҳоят, романда Тургенев асарларига хос бўлган  кучли ва ҳаётбахш севги туйғусига эга, мақсади йўлида ўзини қурбон қилишга ҳам тайёр аёл образи ҳам йўқ. Ирина истеъфога чиққан ва қувғин бўлган генералларнинг даврасида бузилиб бўлган, йўлини йўқотган хотин. Унинг иродаси тамом бўлган, шу муҳитдан чиқиб кета олмайди.
Жамоатчилик асарни танқидий баҳолади. Революцион-демократлар инқилобий кайфиятдаги муҳожирларга сатирик муносабатга эътироз билдирдилар. Либералларга юқори табақанинг танқид қилиниши ёқмади. Бошқалар Потугиннинг Россияга туҳмат қилиб, Ғарбни ёқлаган монологларини қабул қила билмадилар. Қисқаси, асар шуҳрат қозона олмади, кўплар Тургенев истеъдодининг сўниб бораётганини башорат қилди.
Орадан ўн йил ўтиб эълон қилинган “Қўриқ” романи (“Вестник Европы”, 1877, №2) кескин воқеалар гирдобида ўтган йилларнинг ҳосиласи эди. Унга агрономнинг “Қўриқни омоч билан юза ҳайдамайдилар, плуг билан чуқур ағдарадилар” деган сўзлари эпиграф қилиб олинган. Унинг бош қаҳрамони Нежданов революционер, келажак орзуси билан яшайди, романтик хаёллар суради, севгилиси Марианнага эртанги куннинг ёруғ дамлари ҳақида тўлиб-тошиб сўзлайди. Марианна ҳам севимли кишисининг мақсади рўёбга чиқиши йўлида қурбон бўлишга рози. Аммо орзулари амалга ошмаётганини кўрган Нежданов руҳий қийноқда қолади, ўзини ҳақиқий севгига лойиқ эмас деб ҳисоблайди. Унинг фожеаси фақат халқни яхши билмаслигида эмас, балки сиёсий саводи йўқ мужиклар унинг ҳаракатларини тушинишмайди. У келиб чиқиши билан оддий халқдан йироқ бўлганидан ҳам ғоялари анча ҳавойи эди. Романтик ошиқларнинг ҳаёти фожеали тугайди.
Келажак тимсоли Соломин образида мужассамлашган. У ҳар томондан ақл билан иш тутадиган, севгида ҳам мустаҳкам, ўз касбининг устаси, эртанги кунни аниқ тасаввур қилади. Бундай шахслар у пайтда йўқ, бу муаллифнинг орзуси эди холос. Шунинг учун Соломин образи схематик чиқиб қолганини тадқиқотчилар ўз вақтида кўрсатиб ўтадилар. Соломин инқилобчиларнинг ҳавойи гаплари устидан кулади, уларни ғоявий чалғиган кишилар деб билади ва ўзи ҳам революцияга ишонмайди. У Россия озодлик ҳаракатининг учинчи оқимига мансуб. Тургенев Соломин тимсолида унинг мулоҳазалари орқали ўз позициясини ифодалагандек бўлади. У 1848 йилги Франция революцияси амалга оширилганда қандай аҳвол рўй берганининг жонли гувоҳи эди. Париж кўчаларида отишма туфайли нобуд бўлган юзлаб одамларнинг жасадларини, бегуноҳ тўкилган қонларни ўз кўзи билан кўрган эди. Бундай мислсиз фожеага олиб келган ҳаракат билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини тушуниб етганди. Айниқса, маърифатсиз оломон инқилобни амалга ошира олмаслигига имони комил бўлганди.
***
“Инсонни ўлдириш мумкин, аммо енгиб бўлмайди” (Ҳемингуэй) деган гап бор. Худди шунга бақамти “Инсонни тарбиялаш мумкин, лекин уни бошқариб бўлмайди” қабилидаги фикр ҳам тўғрига ўхшайди. Масалан, бировнинг белига арқон солиб судраб ҳамма жойга олиб борса бўлади, аммо унинг калласидаги хаёли ўзича қолади – унга тазйиқ қилиб бўлмайди. Ёки одамни нақ жаннатдай жойнинг ўртасига ўтқазиб қўйиш мумкиндир, лекин унинг фикри бу ҳолни идрок этмаса, бу рўшноликнинг қадрини билмайди. Ҳатто ўзига шундай фаровонлик бахш этган зотга қўл ҳам кўтаради. Инқилоб аввало онгда, тушунчада рўй бериши лозим. Тургенев бу тарихий  ҳақиқатни ўз пайтида тушуниб етганди. Кейинги ҳаёт тажрибаларидан жамиятда зиёлиларгина жиддий ўзгаришлар қила оладилар, деган хулосага келди. Революционерлар дунёқарашидаги ижтимоий нуқсонни уларнинг келиб чиқишидан излайди. Масалан, Нежданов ярим аристократ, ярим фақир одам: отасидан эстетизм – ҳақиқатдан йироқ ва халқ ҳаётига ёт “соф санъат”, ҳаводорлик ва заиффеъллик ўтган бўлса, деҳқон онасидан аксинча, халққа хос дангаллик юққан. Бундай қарама-қарши икки қутбда улғайган одамларни кучли маънавий тазйиқ таъсирида ё руҳий, ё жисмоний хасталикка чалинган кишилар сифатида талқин этди. Шунинг учун уларнинг аксарияти ҳақиқий ҳаётдан йироқ орзулари амалга ошмаганда ўз жонларига қасд қиладилар.
Ижодининг сўнгги палласида Тургенев ҳақиқий реформатор-революционер образи бош қаҳрамон бўлган эпик асар яратиш фикри борлигини бот-бот такрорлаган, бироқ  бунга вақт етмайди… Ҳаётда рўй бераётган туб ўзгаришларни кўриб, уларга ўз муносабатларини билдиришни ёзувчилик, фарзандлик бурчи деб билган тафаккур эгалари имкони борича ижтимоий фикрга таъсир қилиш, уни эзгулик сари йўллашга интиладилар. Бу санъатнинг умуминсоний мезонидир. Зеро, ижтимоий фикр йўриғи узоқ йиллар суратини белгилаб беради. Санъат ҳам ижтимоий онг кўринишларидан бири сифатида бу жараёнга фаол, ҳатто ҳал қилувчи таъсир қилиш қудратига эга.
Ижтимоий фикр жамоатчилик фикридан (масалан, «ер – ризқ-рўз манбаи» эканини ҳамма билади) шаклланади. Жамоатчилик фикри эса жамият аъзоларининг умумий фикри («ер – миллий бойлик») ҳосиласи. Ижтимоий фикр жамоатчилик фикрининг маълум ижтимоий мақсадга («уни асраб-авайлайлик») қаратилган умумий шаклидир. Ижтимоий фикр эзгу («ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва бошқа ижобий тадбирлар кўриш») ёки разил («ўғитга тўйдириб, иложи борича кўпроқ ҳосил олишга интилиш»)лигига қараб, тузумнинг моҳиятини белгилайди. Эзгу мақсадларга йўналтирилган ижтимоий фикр туфайли жамият гуллаб-яшнайди, разил мақсадга хизмат қилган ижтимоий фикр оқибатида эса жамиятда урушлар, вайронкорликлар юзага келади. Ана шундай йўл-айрилиш бошида турган Тургенев барча тараққийпарвар зиёлилар сингари жамиятда эзгуликнинг тантанаси, ёруғ келажак учун курашди. Унинг қаҳрамонлари ана шу издиҳомда йўл ахтараётган безовта одамлар эди. Улар ўз фикрига эга шахслар бўлиб, камалаксифат қарашлар умумий гармонияни тўлдириб турар, мақсад йўлини турли йўсинда инкишоф қиларди.
Файласуфлар инсон тақдири фикр орқали ҳал бўлишини таъкидлаганлар. Фикр – ташқи таассуротлар олий нерв тизимида қўзғаган хуруж, у мияда пайдо бўлган тимсол – гап (сўз) орқали моддийлашади. Бу шунчаки маълум қилиш – фикрлар уммонига янги бир томчи ташлаш. У агар амал олмаса, изсиз йўқ бўлиб кетади, агар амал олса, одатга айланади. Одамларни кўпинча одатлари билан хотирада тиклайдилар. Демак, одат шахсиятни тасдиқлайди. Шахсда мужассам яхши-ёмон хислатлар унинг тақдирини белгилайди. Бинобарин, фикр, фикрга эга бўлиш одамни шахс сифатида ўрнини тайинлайди.
Аммо, муаммо шундаки, аввало, жамиятнинг барча аъзолари ёруғ фикрга эга бўлмайдилар, қолаверса, кўпларнинг ўз фикри, шахсий фикри бўлмайди. Шахсий фикр – атрофда кечаётган воқеа-ҳодисаларга алоҳида бир шахснинг ё ижобий, ё салбий муносабати (шу ўринда индивид – одам Шахс сифатида намоён бўлади). Истисно тариқасида таъкидлаш жоизки, ҳамма одам ҳам Шахс сифатида намоён бўлавермайди, яъни фикрга эга бўлавермайди. Келишган қадди-қомату кўркам либослар ҳали Шахс (демак, инсон) дегани эмас. Фақат ўз қарашига (фикрига) эга инсонгина ижтимоий субъект ҳисобланади. Афсуски, савлатидан от ҳуркадиган, лекин “ичи бўм-бўш” индивидлар кўплаб учрайди. Улар халқда “фикри йўқ, тайини йўқ, фикрсиз одамлар” деб юритилади. Фикрсизлик жамият учун лоқайдликдан ҳам ёмон, хавфли иллат. Ҳатто лоқайд одамда ҳам фикр бор – у ҳамма нарсага бепарво. Унинг бепарволиги – муносабати, демак, фикри. Фикрсиз одамда эса умуман тайин йўқ, у шамол қайси  томондан эсса, мажнунтолдек шу тарафга оғиб тураверади.
Тургенев 4Тургенев романларини ўқиган киши ундаги турли тоифа одамларнинг ранг-баранг фикрлари билан танишиб, мазза қилади. Улар ким бўлмасин, фикри тиниқ, ёрқин шахслар. Тўғри, улар билан  чиқишмаслик, қабул қила олмаслик мумкиндир, аммо етарлича фалсафий малака ҳосил қилган, ҳамма нуқтанинг моҳиятига чуқур назар солиш иқтидорига эга бўлган моҳир санъаткор фикрлар камалаги билан даврининг бетимсол фалсафий  суратини чизган. Шу билан бирга у ижтимоий фаол киши эди. У ва салафлари сўз санъаткорининг жамиятда мавқеи баланд бўлиши учун курашдилар ва бунга эришдилар ҳам. Ёзувчиларнинг фаолияти император даражасида эътиборда турадиган бўлди. Уларнинг саъй-ҳаракати билан Россияда бир томондан ижтимий фикр ривожланди, иккинчи тарафдан эса бадиий тафаккур юксалди. Бу асрда забт этилган чўққи кўп йиллик тарихга эга бўлган миллий маданиятнинг қўлетмас чўққиси бўлиб қолди. ХIХ аср адабиёти рус адабиётининг олтин асридир.
***
Шу каҳкашоннинг йирик вакили ҳаётига бир қур назар ташлаб, она тилимиздаги адабиёт бўстонини кўз олдимизда гавдалантирсак, қоришиқ манзаралар ҳосил бўлади. Бошиданоқ кейинги юз йилликларда бизнинг биронта шоир ёки ёзувчимиз умумжаҳон миқёсида эътироф этилмаганини, дунёда энг кўп севиб ўқиладиган китоблар рўйхатига биронта асаримиз кирманганини тан олиб қўймоқ масаланинг залворини тасаввур қилишда асқатади. Бу ҳолнинг ўз сабаблари бор, бироқ ўзбек тилидаги адабиёт энг мафкуралашган адабиётлардан бири сифатида ўзига хос салмоққа эга эканлигини ҳам таъкидлаш ортиқчалик қилмайди.
Қолиплар қарашларни ҳам тизгинлаб ташлаган пайтлар орқада қолди. Энди вазиятга ҳушёр назар билан қараш, бутун жараённи танқидий назардан ўтказиш фойдадан холи бўлмайди. Маҳаллийчилик, гуруҳбозлик асъаса-ю дабдабаларини қўйиб турайлик, соф асарга муносабат ҳам кўнгилдагидек эмас. Жараённи кўз олдимизга келтирайлик. Аввало, бизда ёзилган асар мамнуният билан эмас, ранж-алам билан қабул қилинади (худди қашшоқ оилада яна бир чақалоқ туғилгандек). Биринчи муносабатларданоқ қўллаб-қувватлаш, майда-чуйда юмушларда кўмаклашиш кайфияти эмас, рад этиш, йўққа чиқариш, “ўлдириш” нияти сезилиб қолади. Шу маънода ҳар бир сўздан хато топиш, ҳар бир сатрдан ишкал излаш бошланади. Маслаҳатлар ардоқлаш, қайта ишлашга рағбат оҳангида эмас, бошни ғурра қиладиган,  “Сенга ким қўйибди?” қабилидаги беписандлик, “Китоб ёзмай қўлинг синсин, сенингсиз ҳам ташвишлар тўлиб ётибди” дегандек ҳақоратомуз тарзда бўлади. Шу хилдаги иддао билан қабул қилиб олингач, асарнинг қўлёзмаси билан замонамизнинг Тургеневлари, Добролюбовлари танишиб чиқади. Сезасанки, қўлёзма ҳатто жиддий ўқилмаган (бунга имкон ҳам йўқ). Ҳар доимдагидек “чўқилаб” – назарга илинган бир абзац ёки қизиқроқ эпизод хатм қилинган, холос. (Икки киши суҳбатлашаяпти: “Мен чўқилаб ўқийман, хулоса қилишим учун шунинг ўзи етарли”. Суҳбатдоши: “Шунинг учун ҳам билимингиз ғалвирдек тешик-тешик-да!”). Ҳолбуки, ёзувчи айтмоқчи бўлган гап бир сатрда, ҳатто бир сўзда яширинган бўлиши мумкин. Ҳамма гап – олимликнинг моҳияти ўша ёмбини топиб, уни инкишоф этишда. Юзакигина ёзилган “тақриз”дан нима олиб бўлади – ғалвирда сув ташиб бўлмайди-ку.
Ана шунга ўхшаш муносабатлар миллий адабиётни мажруҳ ҳолга келтириб қўяди, бу эса маҳдудликка олиб келади. Шунда юз йиллар олдин яратилган классик асарлар юзга парда қилинади. Ҳолбуки, ҳамон мақтаб келинаётган намуналар жаҳон адабиёти дурдоналари қаршисида мактаб ўқувчиси ёзган иншодек бўлиб қолади. “Гений” (Теодор Драйзер), “Бальзак” (Стефан Цвейг) сингари асарларнинг тилимизга таржима қилиниши миллий адабиётимиз ривожига маҳаллий мезонлардаги ўнлаб классикадан самарали таъсир этиши мумкин. Масалага аниқ ёндашиш керак-да. Ва ҳакозо.
Тургенев замонида бадиий адабиётга ижтимоий онг шаклларидан бири сифатида қаралган. Ижтимоий фикр ривожида унинг ўрнига катта аҳамият берилган. Қолаверса, у давр ижод оламида “Шоир бўмаслигинг мумкин, гражданин бўлишинг шарт” деган эстетик тамойил амал қилган. Ёзувчининг кучига қанчалик мураккаб, тушунарсиз ёзганига қараб эмас, давр муаммоларини нечоғлик акс эттира олгани, замондошлар дунёқарашига қанчалик таъсир эта билганига қараб баҳо берилган. Бадиий адабиётнинг аъмолига аслида ҳам шу ёзилган-да. У кўнгихушлик орқали жамият фуқароларини эркинлик сари етаклай олса, жонли ҳаётда борлиги билинади, катта бозорда маҳсулот сифатида сотилади ва сотиб олинади… Тургенев ва замондошлари асарларининг “харидоргирлиги” ҳам шунда эди.
Кутилганидек, ХIХ асрнинг охирларида Россияда кескин вазият юзага келади. Фикр эски ақидалар қобиғини ёриб, ўзига йўл излайди. Афсуски, унинг жилови агрессив кишилар қўлида эди. “Эски уйни ёндириб юбориш”ни истаганлар 1881 йил 1 мартда император Александр II жонига қасд қиладилар. Мамлакатда тўполон бошланади, барча эркин фикр тарафдорлари қувғин қилинади. Жумладан, тахтга чиққан Александр III Тургеневнинг ҳам Россиядан чиқиб кетишини талаб қилади. Унинг сўнгги кунлари Парижда, Виардолар оиласида кечади. Бу миллатнинг буюк бир вакили учун оғир фожеа эди. Тақдир…
Ҳар бир тақдир – бир сабоқ. Инсон умри эса бир-бирига ўхшамаган, қайтарилмас мўъжиза. Манзил сари кетаётган йўловчи ўнгу сўлига аланглаб қараб борганидек, ана шу ўхшашсиз сафарда ўхшаш нуқталарни ахтарамиз, ҳеч қурса, манзилни юлдузларга қараб белгилаймиз. Шунга ўхшаш ҳис билан китоб муқоваларида кўриб юрадиганим соқолли чеҳраси самимий, қарашлари маҳзун бир инсон ҳаёт баённомасига дуч келиб қолдим. Ҳаммаси фараҳли кунларнинг бирида Чилонзордаги Фарҳод бозори биқинида жойлашган эски китоблар дўконига киришимдан бошланди. Жавонда чанг босиб, “ЖЗЛ” сериясида нашр этилган Юрий Лебедевнинг “Тургенев” китоби турарди. Ёзувчининг кенжа замондоши Лев Толстойнинг ижодини миллий китобхонлар ўртасида оммалаштириш мақсадида бир оз саъй-ҳаракат қилганим учун ўша муҳитни тўлароқ тасаввур қилиш ниятида китобни бир сих кабоб нархида сотиб олдим.
Мутолаа жараёнида шундай бир туртки олдимки, бошқа бир дунё кўз олдимда намоён бўлди. У воқеаларни бугунги кунларимизни безаб турган манзаралар билан солиштирдим. Қандайдир мулоҳазалар туғилди. Очиғи, миллий адабиётимиз таҳлилига бағишланган шу савиядаги тадқиқот-асар хаёлимга келавермади. Китобдан олган таассуротим таъсирида уни ашаддий бир китобхонга тавсия қилдим, у танишиб чиққач, ҳафсаласи пир бўлиб, “Эски гаплар экан”, деди. Бир ёзувчига шундай китоб бор экан, десам, “Уларни талабаликда қалпоқ қилиб кийиб қўйгани”ни маълум қилди-ю, бироқ  Тургеневнинг исм-шарифини ҳам эслай олмади. Менинг назаримда эса китоб алоҳида эъзозга арзирди. Филология фанлар доктори, професор Ю. В. Лебедев қаламига мансуб, филология фанлари доктори Н. Н. Скатов тақриз қилган бу асар далиллларга бойлиги, таҳлилнинг чуқурлиги, тарихий-фалсафий мушоҳадалар, мафтункор услуби билан китобхонда чуқур таассурот қолдирди. Таассуротларим эса эшитганларимдан ўн ҳисса, юз ҳисса бойроқ эди. Иштиёқ билан уларни қоғозга туширишга жаҳд қилдим, шу баҳонада мулоҳазаларимни изҳор этишга ҳам журъат этдим. Уларни сизга илиндим. Маъзур тутасиз.

2016 йил 22 октябр –7 ноябр
P.S. Эссе жузъий қисқартиришлар билан берилди.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.