Турк дунёси ёш адиблари анжумани

2017 йилнинг 14–18 август кунлари Истанбулда Турк дунёси ёш адиблари анжумани (Türk Dünyası Genç Yazarlar Buluşması) бўлиб ўтди. Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Евроосиё Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур нуфузли тадбирда 20 дан зиёд туркий мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистондан ёш адиблар – шоир, ёзувчи, драматург, таржимон, адабиётшунослар, атоқли устоз ижодкорлар ва мутахассислар иштирок этишди.Istanbul, anjuman
Тадбирнинг очилиш маросимида Евроосиё Ёзувчилар уюшмаси раиси Ёқуб Умарўғли йиғилганларни қутлар экан, ушбу анжуман келгусида янада юқори савияда давом этиб, туркий мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва адабий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишига умид билдирди. Туркия, Озарбойжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Косова, Кипр, Македония, Ироқ, Эрон, Олтой, Татаристон, Бошқирдистон, Чувашистон, Гагаузия, Хакасия, Қорачой-Черкесия, Қрим, Доғистон каби мамлакатлардан келган вакиллар ўзаро самимий мулоқот асносида бир-бирларининг ижод намуналари билан танишиб, фикр алмашдилар.
Турк дунёсининг таниқли адиблари Али Оқбош (Туркия), Анор (Озарбойжон), Исмоил Бўзқурт (Кипр), Тўлен Абдик (Қозоғистон), Усмон Чевиксўй (Туркия) бошчилигида ёшлар билан адабий суҳбатлар, маҳорат дарслари ўказилди. Докторлар Рамазон Қўрқмас (Туркия), Мустафо Курт (Туркия), Комил Оқарсув (Туркия), Ҳусайн Ўзбай (Туркия), Танер Гучлутурк (Косова) бугунги турк адабиётининг манзаралари акс этган маърузалари билан қатнашдилар.
Ижодий мулоқотлар шеър, ҳикоя, роман, драма шўъбаларида давом этди. Иштирокчилар китоб, ижод масъулияти, модерн адабиёт, таржима ва бошқа масалалар ҳақида мубоҳаса қилиб, ўз ҳудудларидаги адабий муҳит, ёш адибларга қаратилаётган эътибор хусусида сўз юритдилар. Биз ҳам Ўзбекистондаги ўзгаришлар, адабиётга кўрсатилаётган эътибор, ижодкорларга яратилаётган шароитлар ҳақида сўзлаб бердик.
Тадбир қатнашчилари дастур доирасида турли тарихий-маданий жойларга бориб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилдилар. Денгиз саёҳати давомида назму наво кечаси ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, анжуман туркдунё ёш адиблари яқиндан танишиб, ўз билим-тажрибалари, ижодий режалари билан ўртоқлашишлари учун ажойиб имконият яратди.
Тез кунларда сайтимизда Туркия сафари таассуротлари ҳақида алоҳида мақола ва анжуман иштирокчилари ижодидан намуналар берилади.
www.behzodfazliddin.uz
Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *