Турсунбой Адашбоев. Болалар учун шеърлар

Турсунбой Адашбоев.ДЎСТЛИК

Насибанинг олмаси
Тушиб кетди ариққа.
Тутқич бермай ўйнайди,
Ўхшаб олтин балиққа.

Содиқжон кўриб қолиб,
Олмани ушлаб берди.
«Раҳмат» айтиб Насиба,
Ярмисин тишлаб берди…

МОМАҚАЙМОҚ

Момақаймоқ, қуёш нури
Сенга кўпроқ оқарми?
Ё сариқ соч ўзингга
Ҳаддан ортиқ ёқарми?

Бугун кўриб танимай,
Кўплар ҳайрон боқарди.
Қани айт-чи, сочинг нега
Бир кечада оқарди?

Оҳиста қўл узатсам,
Шамол турди аксига.
Сочинг тўзғиб бирданига
Тушдинг елнинг рақсига.

«Умрим бекор ўтмабди,
Шунинг ўзи қадрли.
Нетай, уч кун бўлса-да,
Яшнатдим қир-адирни».

СУМАЛАК

(Манзара)

Бойчечаклар ниш уриб
То тургунча ўрнидан,
Баҳор қишни тарновга
Осиб қўйди бурнидан.

КУЗ

Яна хазонрезгилик,
Боғлар ранги синиқди.
Дилда ҳоким эзгулик,
Анҳорда сув тиниқди.

Оқ яктакли қайинлар
Тақди яна зар балдоқ.
Қушларга гап тайинлаб,
Чағ-чағлайди зарғалдоқ.

Уфқ эса лолагун,
Дарахтлардан ранг олар.
Хайрлашиб куз бугун
Сочар олтин тангалар…

МАЙИЗ

– Отинг нима, қизалоқ?
– Менми, тоға, Лоламан.
– Ол майиздан бир ҳовуч,
– Йўқ, одобли боламан.
Ҳовучингиз каттароқ,
Сиз берсангиз оламан…

ҚОВУН ЕДИК

Мен ва Тўлан
Куни билан
Уйда эдик,
Қовун едик.
Тилиб-тилиб,
Маза қилиб,
Дадам еди
Коса қилиб…

ФАРҚИ БИТТА ҲАРФДА

БОЛ деганда тамшайгансиз чорасиз,
Битта ҳарфдан камайтириб борасиз.
«Ол» сўзини эшитганда мезбондан,
Сўнг асалдан нонга суртиб оласиз.
«О» ҳарфини алмаштирсак «Ё» билан,
Тулпор – тойга у елпи-ич «ЁЛ» бўлар.
«ЧО» ҳарфларин қўшсак-чи,
Ҳасса тутган, тўқсон ёшли «ЧОЛ» бўлар.
Алмаштирсак агар «Д»га тўсатдан,
Тўқсон ёшли бобом қадди «ДОЛ» бўлар.
Тўғри келса «Х» ҳарфини қўллашга,
Холиданинг ёноғида «ХОЛ» бўлар.

***

Жуда бойдир тилларимиз, сўзимиз,
Энди давом эттирамиз ўзимиз.
БУЛОҚ доим тупроқни энчилаган,
УЛОҚ эса шўх жонивор, тинчимаган.
ОҚ аслида ризқ-рҳзимиз ун ва сутдир
Ёки момиқ пахтадир – уст-бош қутдир.

***

Зийрак, зукко болажонлар,
Ўйлаб кўринг-чи бир оз.
Навбатдаги саккиз жумбоқ,
Сизлар учун қулай, мос.
«ҚАЙИҚ», «ҚАЛҚОН», «ҲАККА», «ЛОЛА»,
«ТЎРА», «АНОР», «АРИ», «ЧАНА».
Битта ҳарфни алмаштириб,
Ўзга бир сўз топинг яна…

ХАЙРЛАШМАЙ…

Толнинг барги сувга тушиб
Қайиқ бўлди.
Бу, айниқса, чумолига
Лойиқ бўлди.
Қўш қирғоқни тўлқин яалб
Кўкка сапчир.
Эшкакни-ку ўзи эшар
Чаққон-абжир.
Тенг-тўшлари қолди гап-сўз
Тайинлашмай.
Чумоливой жўнаб кетди
Хайрлашмай…

ТУРНАЛАР

Уч бурчакли хат мисол
Парвоз этар турналар.
– Арғимчоғин не учун
Узмай кетар турналар?

– «Арғамчига қил қувват» –
Элдан қолган нақлдир.
Ука, билсанг, турналар
Ана шундай аҳилдир.

ДАЗМОЛ

– Буви, нега пешанангиз
Ажин босиб, тиришган?
Сабабини айтинг ёки
Хафамисиз бир ишдан?
Бунга Зеби холанинг
Қистай кетди кулгиси.
– Эркатойим, бу ажин
Қариганлик белгиси.
– Ҳалиги-чи, – деб Акмал
Сўзин баён этади.
– Дазмол босиб олсангиз,
Текис бўлиб кетади.

ЎҒЛИМ МУРОДЖОНГА ТИЛАГИМ

Эр йигитнинг қалби ҳар дам
Чўғли бўлсин.
Пок ниятли, комил инсон,
Тўғри бўлсин.
Эътиқодли, умри узун –
Ризқи фузун
Ҳар банданинг диёнатли
Ўғли бўлсин…

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 4 165

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *