ОЛИМ АДАШСА – ОЛАМ АДАШАР

Адабиётшунос олим Умарали НОРМАТОВ билан суҳбат

– Умарали ака, ижозатингиз билан суҳбатимизни бугунги ўзбек фани ҳақидаги мулоҳазалардан бошласак. Юртимиз фани янгиланиш, ўзгариш даврини бошдан кечиряпти. Кўз тегмасин, табиий ва гуманитар фанлар бўйича жаҳонга бўйлашиб, оламшумул янгиликларга дадил қўл ураётган олимларимиз талайгина. Ютуқлардан хурсанд бўламиз-у, аммо айрим ютқизиқлардан ҳам кўз юмолмаймиз-да. Йигирма-ўттиз йил аввал фаннинг ҳар бир йўналишида довруқли илмий мактаблар бўларди. “Чаламулла”лар мактаб кўрган олимларнинг ёнида ҳар мақомга йўрғалашга журъат этолмасди. Давр суръати шитоброқ тус олдими, ё олимларимиз турмуш ташвишлари билан андармон бўлиб қолдими, бугун илмий мактаблар сусайиб, айрим соҳаларда ҳатто йўқолиб бормоқда. Илм заҳматкашлари билан гаплашсангиз, ёш кадрларнинг уқувсизлигидан, сифат эмас, сон кетидан қувишга берилганидан, оғирнинг остидан – енгилнинг устидан юришга одатланганидан арзи дод қилади. Фаннинг залворли юкини елкасида тутган фидойи олимлар кўнглига олмасин-у, илмни “воситаи жоҳ”га айлантирганлар сафи-да кенгаймоқда. Фанимизнинг бугуни ва эртаси ҳақидаги хавотирли ўйлар Сизнинг ҳам хаёлингиздан ўтаётгандир?

– Куйинчаклик билан айтаётган гапларингизда жон бор. Мен бу борада ўзимга яқин, умримнинг олтмиш йили ўтган қадрдон таълим даргоҳидаги ҳолат ҳақида икки оғиз сўзлаб ўтсам. 2008 йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллиги муносабати билан шу қутлуғ даргоҳда йиллар давомида таркиб топган, мамлакатимиз фани равнақида беқиёс ўрин тутган илмий мактаблар ҳақида салмоқдор китоб чоп этилди. Унда қирқдан ортиқ илмий мактабнинг фанимиз тараққиётидаги хизмати атрофлича ёритилган. Биргина ўзбек филологиясига оид бешта – Озод Шарафиддинов номи билан боғлиқ ўзбек адабий танқидчилиги мактаби, Аюб Ғуломовнинг ўзбек тилшунослиги мактаби, Ғулом Каримовнинг ўзбек мумтоз адабиётини ўрганиш мактаби, Бегали Қосимовнинг жадидчилик ва жадид адабиёти илмий мактаби, ниҳоят, Ғайбулла Саломовнинг ўзбек таржимашунослиги мактаби хусусида сўз юритилган. Бу мактаблар шуҳрати аллақачон мамлакатимиз сарҳади оша жаҳоннинг тараққий этган мамлакатлари илм даргоҳларига етиб борган.
Илмий мактаб дегани етук олимлар жамоасидан иборат илмий муассасаларда – махсус бўлим, олий ўқув юртларида эса кафедралар бағрида камол топади. Минг афсус, не-не машаққатлар билан шаклланган шундай табаррук масканлар штат қисқариши, нафақа ёшидаги мутахассисларнинг ишдан четлатилиши, кафедралар қўшиб юборилиши жараёнида бирин-кетин йўққа чиқаётир. Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов номи билан боғлиқ, мамлакатда ягона ўзбек адабий танқидчилиги мактаби учун махсус кафедра очиш орзулигича қолаётир.
Майли, ўқув соати миқдорига кўра кафедраларни бирлаштиришга тўғри келар, аммо наҳотки ўша илмий мактабларни сақлаб қолиш, бошлаб қўйилган фундаментал тадқиқотларни давом эттириш учун махсус илмий гуруҳлар тузиш, уларни маблағ билан таъминловчи ҳомийлар топиш мумкин бўлмаса?! Бундан ҳам муҳими, кафедра ёки илмий мактаб жамоасини бошқара оладиган соҳанинг етук, фидойи лидерларини ёшидан қатъи назар (ишлаш, ижод қилиш қобилияти, хоҳиши сўнмаган бўлса, албатта!), штатда қолдириш имкони топилмаса?! Университетдаги бошқа фанларга оид илмий мактабларнинг бугунги ҳолатидан яхши хабардор эмасман, аммо мен билган, менга яқин мактаблар тақдири ташвишли. Бунинг олди олинмаса, катта йўқотиш бўлиши тайин.
Ўрни келиб қолди, мени ўйлантираётган яна бир ҳолатга тўхталиб ўтсам. Кейинги йилларда барча жабҳада бўлгани каби фан, таълим, маънавият даргоҳларида ходимлар таркибини яшартириш, истеъдодли ёшларни турли мартаба, раҳбарлик лавозимларига тайинлаш ҳаракати кетяпти. Бу – ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга лойиқ ташаббус. Яшириб нима қиламиз, мункиллаган, оғзидан гапи тушиб кетадиган, тараққиётдан аллақачон орқада қолган, йиллар давомида арзирли илмий, ижодий маҳсули билан на илмий минбарда, на матбуотда кўринмаган нафақахўр биродарларимиз ёш истеъдодларга ўрин бўшатиб, кексалик гаштини сургани маъқул-да. Бироқ… аталадан суяк чиққанидек ана шу “бироқ”нинг пайдо бўлгани чатоқ. Бу борада ҳам “салласини ол” деса, “калласини оладиган”лар майдонга чиқаётир. Пенсия ёшида бўлса-да, ҳали қўлига ҳасса ушламаган, қайноқ илмий-ижодий жараён ичида юрадиган, ғайрат-шижоатда, сермаҳсуллик бобида манаман деганни ортда қолдирадиган пешқадам кишиларни четга суриб қўйиш инсофданмикан?!
Умарали НорматовТенгдош адабиётшунос дўстим Наим Каримов 80 ёшни ортда қолдириб бир эмас, икки лавозим мажбуриятларини адо этяпти, яна денг, ёлғиз ўзи унча-мунча одам уддалаёлмайдиган ишларни қойилмақом бажаряпти. Фарғона давлат университети профессори, саксонни қоралаб бораётган адабиётшунос дўстим Йўлдош Солижонов ҳам мураббийлик, ҳам ижтимоий-маърифий, ҳам илмий-тадқиқот жабҳаларидаги ғайрат-шижоати билан ҳаммани лол қолдиряпти, йилига икки-учтадан китоби чиқиб турибди. Матбуотда кетма-кет чоп этилаётган мақолаларини ўқиб улгурмайсиз… Бўлар экан-ку! Нега бундай табаррук зотлар имкониятларидан фойдаланмаслигимиз керак?! Улуғ ёшда бўлса-да, Ғайбулла Саломов илмий мактаби анъаналарини ғайрат-шижоат билан давом эттираётган, таржима назарияси ва амалиётини янги босқичга кўтарган, Достоевский, Ницше, Жойс, Маркес сингари даҳоларнинг шоҳ асарлари таржимони Иброҳим Ғафуровнинг ўқув даргоҳини тарк этишидан ким ютади дейсиз?!

– Биз қураётган фуқаролик жамиятига муте табиатли, лаббайгўй кишилар эмас, эркин ва мустақил фикрли Шахслар керак. Шундай эмасми, домла? Ўсиб келаётган авлодда мустақил фикрлаш кўникмаси ҳамда адабий дидни шакллантириш эса, аввало, мактабдан бошланади. Бошқа фанларни зинҳор камситмоқчи эмасмиз, аммо, бизнингча, бу борада она тили ва адабиёти бирламчи ўрин тутади. Мактабларимизда ушбу фаннинг ўқитилиши кўнгилдагидек эмаслиги каттаю кичик давраларда бот-бот айтилмоқда. Абдулла Қаҳҳор боплаб пўстагини қоққан Боқижон Бақоев каби “нафис адабиёт муаллимлари” ҳозир йўқ дейсизми?! Билим даргоҳларида тил-адабиёт муаллимларининг аксари аёллар бўлиб қолаётгани ҳам қувонарли ҳолат эмасдир. Мактаблар учун янги дастур ва дарсликлар яратишда жонбозлик кўрсатган, жараённи яқиндан кузатиб келаётган тажрибали мутахассис сифатида айтинг, мактабларимизда она тили ва адабиёти ўқитилишидан кўнглингиз тўладими?

– 1991 йилнинг баҳорида, истиқлол арафасида адабий таълимни тубдан янгилаш бўйича тузилган ишчи гуруҳга раҳбар этиб тайинландим. Ўшанда мамлакатимизнинг таниқли адабиётшунослари, услубчиларидан иборат ҳайъат аъзолари билан бирга улкан мақсадларни олдимизга қўйиб, фарзандларимизни эркин, мустақил фикрлайдиган, бир умрга китоб шайдоси бўлиб етишувига замин ҳозирлайдиган адабий таълим тизимини яратиш йўлидан борган эдик. Умумий ўрта таълим даргоҳларида адабиёт ўқитишдан мақсад фақат филолог кадрлар, ёзувчи-шоирлар етиштириш эмас, ёш авлодда сўз санъатига, китобга меҳр-муҳаббат уйғотиш, бадиият мўъжизаларини уқиш туйғусини тарбиялашдан иборат. Шу мақсадга мувофиқ дастур тузилди, сўнг дарсликлар яратилди; улар учун ўқувчилар ёшига мос, шавқ билан ўқиладиган, ўйлашга, мустақил фикрлашга ундайдиган энг сара асарлар танлаб олинди. Ўтган йиллар мобайнида дастур ва дарсликлар такомиллаштириб борилди.
Очиғи, аввалбошда бу ишлардан умидимиз катта эди. Афсус, биз кутган натижа чиқмади. Янги авлоднинг китобхонлик даражаси ўсиш ўрнига акс ҳол юз берди. Чунончи, ёшларнинг бир вақтлар юз минглаб нусхада чиққан адабий-ижтимоий журнали – “Ёшлик”нинг, қолаверса, уларга атаб чоп этилган китобларнинг адади муттасил камайиб бораверди. Аслида, мамлакатимизда ёш китобхонларнинг сони 4-5 миллиондан кам бўлмаса керак, аммо бугун “Ёшлик” 3-5 минг нусхада чиқяпти, холос. Севимли шоир ва носирларимизнинг айни шу ёшдаги ўқувчига аталган китоблари адади ҳам бундан ошмайди. Демак, ёшларнинг мингтадан биттаси китобхон, журналхон экан-да…
Хўш, мактаблардаги адабиёт ўқитувчиларининг китобхонлик, журналхонлик даражаси қай аҳволда – бир хомчўт қилиб кўрайлик-чи. Мамлакатимизда 10 мингга яқин умумий ўрта таълим мактаби бор. Ҳар бир мактабда ўртача беш нафардан она тили ва адабиёти ўқитувчиси ишлайди. Буларнинг ёнига академик лицей, касб-ҳунар коллежларидаги муаллимларни, бўлғуси мутахассис – олий ўқув юртлари филолог-талабаларини ҳам қўшсангиз, филологияга дахлдор камида 40-45 минг атрофидаги мутахассислар “армия”си пайдо бўлади. Адабиётнинг нонини ейдиган зиёли учун “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик”, “Тафаккур” журналларини, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини мунтазам ўқиб-кузатиб бориш ҳам қарз, ҳам фарз-ку! Фақат олий ўқув юртида олинган билим ва дарсликка суяниб қолган, жорий адабий жараёндан, соҳа янгиликларидан бехабар муаллимни чин мутахассис – филолог деб бўладими?!
Майли, эҳтимол, барча адабий нашрларга обуна бўлишни филолог-талаба, борингки, ўқитувчининг кармони кўтармас; лоақал ҳар бир мактаб, олий ўқув даргоҳига биз тилга олган нашрлар, машҳур адибларимизнинг янги китоблари бир донадан етиб борса ҳам уларнинг адади ўн беш мингдан кам бўлмас эди! Бу хусусда мутасадди ходимларимиз ўйлаб кўрсалар, амалий чора топсалар, вазият тубдан ўзгариб кетиши тайин. Биз азалдан китобсевар халқмиз. Айни шу ноёб хислатимизга муносиб бўлайлик!
Таълим даргоҳларида адабиёт муаллимларининг аксарияти аёллар бўлиб қолаётгани хусусидаги мулоҳазангиз ҳам ўринли. Бу ҳол, айниқса, шаҳарларда, пойтахти азимда юқори даражада. Шахсан менинг аёл зотига, муаллималарга эҳтиромим чексиз. Келинойингиз мактабда йигирма беш йил тил ва адабиётдан дарс берган. Ҳарҳолда, яхши ишлагандирки, нафақага чиққанига ўн йилдан ошган бўлса-да, бир вақтлар ундан таълим олган шогирдлари ҳар байрам кунлари гулдаста кўтариб келиб, йўқлаб туришади. Бироқ фикрингизга қўшиламан, адабиёт ўқитишни нуқул аёлларимиз зиммасига ташлаб қўйиш инсофдан эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг, оилада қаттиққўл эркак бўлмаса, фарзандлар тарбиясига путур етади. Биз баҳслашаётган мавзу – китобхонликнинг сусайиб кетишида ўша оқил, қаттиққўл, талабчан эркак муаллимларнинг камлиги, ҳатто йўқлиги ҳам сабаблардан бири экани рост. Аёл зотининг рўзғор юмушларидан, бола-чақа ташвишларидан ортиб адабиёт оламидаги янгиликлардан воқиф бўлиб бориши… Рости, бу камдан-кам фидойи аёлга насиб этадиган хислат!

– Бугун жамият китобсеварлар ва китобдан юз тош наридаги пултопарлар тоифасига бўлиниб қолди. “Эълон қилинмаган уруш”да эса пултопарларнинг қўли баланд келаётир. Таассуфки, кўп жабҳада тарози шайини “чорбозорчилар” томонга оғиб кетмоқда. Шунданми, замондошларимизда китоб ўқимасдан ҳам бахтиёр яшаш мумкин деган кайфият пайдо бўлаётир. Бошини “зўр иш”га берган зиёли замон шиддатидан довдираб қолгандек… “Паспортини ҳам охиригача ўқимаган” (Баҳодир Йўлдошев таъбири) анови учарларнинг эса пичоғи мой устида. “Паганиними, Страдиварими, арракашми – сенларга барибир” дейди Нодар Думбадзе қаҳрамонларидан бири ҳасратидан тутун чиқиб. Сирасини айтганда, ана шу – Паганини билан арракашни фарқламайдиган айрим замондошларимиз илму маърифат бобидаги ёруғ тасаввурларимизни чок-чокидан сўкиб юбормоқда. Домла, саволим кескинроқ чиқса, узр, шундай вазиятда ҳам адабиётнинг нажоткорлик кучига ишонасизми? Дарвоқе, йиллар давомида тарғиб этиб келган идеалларингиз нима бўлади энди?

– Укажон, мени қийнаманг, булар ҳақида ўйлайвериб орттирган қалб жароҳатларимни янгиламанг. Шунга қарамай, мен барибир некбин одамман. Сўз санъатининг нажоткорлик кучига, қудратига ишонаман. Чинакам санъат асарларини ўқиганда, томоша қилганда тош юракларнинг ҳам эриганини, сўқир кўзларда ёш қалқиганини кўп кўрганман, кузатганман. Бозор иқтисодиётига ўтиш силсиласи, нафс васвасаси – ўткинчи. Бориб-бориб инсон барибир ўзлигига қайтади. Бу жараёнда чеккада туриб томошабин бўлиш, нуқул шикоят қилиб оҳ-воҳ чекиш билан ҳеч нарсага эришолмаймиз. Модомики маърифат, юксак маънавият енгилмас куч экан, буни нафс бандаларига кўрсатиб қўяйлик! Улар қаршисида таслим бўлишга ҳаққимиз йўқ. Уларнинг отдан тушиб маърифат, маънавият дарғаларига таъзим этадиган кунлар келишига ишончим комил. Илоё, ўша кунларни кўриш Сизу бизга насиб этсин.

– Айтганингиз келсин, домла! Ўзбекнинг толеи кулгани ростдирки, Абдулла Қодирийдек қилқалам адиби бор. Қизил империя замонида жувонмарг қилинган улуғ ёзувчининг номи кеч бўлса-да оқланди. Китоблари дунё юзини кўрди. Асарлари асосида бадиий фильмлар ишланди, спектакллар саҳналаштирилди. Юбилейи ўтказилди. Бу йил ҳам адиб таваллудининг 120 йиллиги муносабати билан анча-мунча хайрли ишлар қилинса ажаб эмас. Лекин миллат учун жонини фидо қилган адиб бундан-да юксакроқ эътиборга лойиқ эмасми, деган ўй кўнгилга тинчлик бермайди. Беш-ўн йил аввал пойтахтимиз марказида Абдулла Қодирий номида хиёбон барпо этилди-ю, негадир гавжумлашиб, обод бўлиб кетмади. Адибнинг чоп этила бошлаган “Тўла асарлар тўплами” ҳам ўлда-жўлда қолиб кетди. Ўсиб келаётган ҳозирги авлод Қодирий ижодидан, умуман, адабиётдан йироқлашиб бораётгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Ёш-ялангдан “Ўткан кунлар”ни сўрасангиз, фақат фильми ё спектаклини томоша қилган-да, “Отабек Кумушни яхши кўрган; Зайнаб кундошини заҳарлаган” деган умумий гапдан нарига ўтмайди. Умарали ака, Сиз нима дейсиз, Абдулла Қодирийнинг иззатини жойига қўя оляпмизми? Адиб шахси ва ижодини ўрганиш ҳамда танитишда яна нималарга эътибор қаратишимиз керак?

– “…Ўзбек халқининг маънавият ва маърифатини, миллий қадриятлари ва онгини юксалтириш йўлида у зотнинг қилган хизмати беқиёсдир”. Қодирийнинг миллий адабиётимиз, маънавиятимиз ривожи борасидаги хизматлари ҳақида Президентимизнинг ана шу баҳосидан ошириб бирор гап айтиш мушкул. Отаси Қодир бобонинг ярим ёшини ҳам яшашга улгурмаган, 44 йиллик умрининг ярминигина ижтимоий-адабий фаолиятга бағишлаган адиб… Асабни муттасил эговлаган тортишувлар, таъқиблар, бўҳтонлар, бетиним фитна, жоҳилона тазйиқлар гирдобида кечган, икки бор ҳибс, терговлар ва… қатл билан интиҳосига етган УМР! Қарангки, ана шундай мудҳиш вазиятлар асносида олти салобатли жилдга жо бўладиган асарлар – драма, қисса, ҳикоя, ҳажвиялар, неча юзлаб публицистик, адабий-танқидий мақолалар, таржималар, ниҳоят, жаҳон адабиёти дурдоналари билан бўйлаша оладиган “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон”дек эпик полотнолар яратилди. Ҳақиқатан, мўъжиза дейишга арзигулик мислсиз ижодий жасорат самараси бу!
Шу ўринда “Ўткан кунлар”нинг ўз даври учун ҳам, бугунги кун учун ҳам ғоят қимматли биргина жиҳати – ижтимоий пафоси устида озроқ тўхталмоқчиман. 2000 йили чоп этилган “Ўзбекистоннинг янги тарихи” биринчи китобида ягона иқтисодий-маданий маконда яшаб келган халқнинг уч хонликка бўлиниб кетиши, улар ўртасидаги тўхтовсиз урушлар, бошбошдоқлик, ҳокимият учун тинимсиз давом этган ички низолар; турли лавозимдаги мансабпарастларнинг зўравонлиги, ўзбошимчалиги, раъиятга ғайриқонуний солиқлар солиши; ўз миллати ва юрти истиқболи учун қайғурган ватанпарварларни якдил ғоя, эзгу мақсад йўлида бирлаштира оладиган, халқни ўз ортидан эргаштира биладиган йўлбошчиларнинг йўқлиги; давлат бошқарув тизимининг қолоқ-ночорлиги каби омиллар шавкатли Туркистон ўлкасини чоризм истилосига олиб келгани сабаб қилиб кўрсатилади.
Ҳайрон қоласан киши: шу омилларнинг барчаси тарих китоби чиқишидан 80 йил муқаддам “Ўткан кунлар”да ўқувчини ларзага соладиган, ўйга толдирадиган юксак бадиий йўсинда қаламга олинган эди-ку! Қўқон хонлиги билан Тошкент беклиги орасида кечган қонли урушлар, бир элнинг икки уруғи – қипчоғу қорачопон низоси, қирғинлар, кесилган бошлардан тикланган тепа – гумбазлар… Мудҳиш манзаралардан ўзингизни қўярга жой тополмайсиз. Ички низолар оқибатида келиб чиққан бундай даҳшатли қирғинлар фақат ўтмишда эмас, яқин кечмишда, ҳатто бугун қўшни рес­публикаларда, қолаверса, афғон заминида, бир қатор араб мамлакатларида юз берди, ҳамон давом этаётир…
Ана сизга “Ўткан кунлар”нинг умумбашарий, барча даврлар учун сабоқ бўларли ижтимоий-бадиий пафоси! Назаримда, биз ҳануз романнинг жозибадор оилавий-ишқий йўналишига маҳлиё бўлиб, умум­инсоний, ижтимоий жиҳатларига етарли эътибор бермаяпмиз. Роман асосида яратилган кино ва саҳна асарларида ҳам ана шу муҳим жиҳат томошабинни китобдагидек ларзага соладиган даражада кўрсатилмаган. Шу қисқа шарҳ, талқиндан ҳам маълум бўляптики, беназир роман муаллифи – бу улуғ зот руҳи олдидаги қарзимизни узолганимиз йўқ.
Қодирий таваллудининг юз йиллиги арафасида бошланган хайрли ташаббус – адибнинг олти жилдлик “Тўла асарлар тўплами”ни тайёрлашга киришилиб, ночоргина биринчи жилд чиқди-ю, айтганингиздек, бу иш тўхтаб қолди. Биласиз, улкан сўз санъаткорининг ижодий мероси тадқиқи учун, аввало, ишончли матн керак, ишончли матн эса асарларнинг мукаммал илмий-академик нашри орқали дунёга келади. Таассуфки, Абдулла Қодирий асарларининг, ҳатто миллий адабиётимизда янги даврни бошлаб берган “Ўткан кунлар”нинг ҳам илмий-академик нашри ҳамон яратилмаган. Шу йиллар давомида қайта-қайта чоп этилган асарлари, жумладан, “Ўткан кунлар” романи матнидаги сакталикларни санаб тугатолмайсиз. 1992 йили “Ўткан кунлар” 1926 йилги араб алифбосидаги асл нашри асосида чоп этилди. Ҳолбуки, адибнинг бу нашрдан кўнгли тўлмаган. 1933 йили эса роман янги лотин алифбосида босилган. Бу нашрни 1926 йилги нусхаси билан солиштирганда, ҳар саҳифада ўнлаб таҳрир ва тузатишлар кўрасиз. Бир шогирдимиз билан шу ишга қўл урганимизда, дастлабки икки саҳифада элликка яқин таҳрир-тузатишга дуч келган эдик. Бугина эмас, ҳатто асар структураси ҳам жиддий ўзгартирилган-да. Одатда, улкан адиблар асарининг кейинги нашрлари учун муаллиф ҳаётлигида унинг нигоҳидан ўтган энг охирги вариант асос қилиб олинади. “Ўткан кунлар” нашрида нега бу қоидага амал қилинмади?! Бошқа асарлар, чунончи, “Меҳробдан чаён” нашри билан ҳам мақтаниб бўлмайди. Бинобарин, адиб асарларининг илмий-академик нашрини тайёрлаш қодирийшуносликдаги кечиктириб бўлмайдиган бош вазифадир. Айни шу масъулиятли юмушни кўнгилдагидек адо этишга қодир Баҳодир Каримов, Отабек Жўрабоев сингари синчков, тажрибали, навқирон матншуносларимиз бор.
Қодирий асарлари, жумладан, “Ўткан кунлар” кириб бормаган хонадонни мен ўзбек хонадони, “Ўткан кунлар”ни ўқимаган ўзбекни чин ўзбек деб айта олмайман. Озгина миллий ғурури бор замондошимиз буюк яратиқдан бебаҳра қолган бўлса, буни ўзига ор деб билиши лозим. Тўғри, оилавий муҳит ҳар хил бўлади. Аммо ўзбекнинг ҳар бир фарзанди ягона стандартдаги мактабга қатнайди-ку! Дастур бўйича, ўқувчига ҳазрат Навоийдан тортиб бошқа сара сўз санъаткорлари ижодидан сабоқ берилади. Пировардида ўқувчи бошқа фанлар қатори адабиёт дастурида белгиланган мавзуларни ўзлаштиргани учун ҳам шаҳодатнома олади. Тагини суриштирсангиз эса, аксар ҳолларда у дастурни тўла ўзлаштирмаган бўлиб чиқади. Бунга ким айбдор? Мактабни қўйиб туринг, олий ўқув юртларини битираётган, илмий даража олаётган “шогирд”ларимизга ҳам, талабга тўла жавоб бермаса-да, сахийлик қилган ҳолларимиз кўп бўлган. Кўра-била туриб индамаймиз, аммо ўзаро гурунгларда бу хусусда оҳ-воҳ чекамиз.
Аслида, биз баҳслашаётган муаммоларнинг ечим йўли – формуласи осон ва соддагина: устоз-мураббий бўладими, шогирд-ўқувчи ё етакчи-раҳбар бўладими, фуқаро сифатида зиммасидаги вазифаси, бурчини виждонан ва қонунан адо этса, ҳаммаси изига тушиб кетади. Қарангки, шўро замонидан мерос иллатлар эркин фуқаролик жамияти қуришда, таълим, фан, маърифат жабҳасида ҳамон бизга панд бераётир. Таскин шуки, биз аллақачон тўғри йўлга тушиб олганмиз, эртадир-кечдир, Сизу биз орзу қилган кунлар албатта келади. Бу йўлда шайтони лаин панд бермаса бўлгани…
Яна бир ортга суриб бўлмайдиган хайрли юмуш – Абдулла Қодирий шаънига муносиб уй-музейини барпо этиш. Бахтимизга, буюк адиб туғилиб ўсган, шоҳ асарлари қоғозга тушган боғ ҳовлидаги уй ҳамда шийпон сақланиб қолган. Аммо, таассуфки, улар Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор уй-музейлари каби адиб ҳаёти, ижодига оид ноёб ҳужжатлар, осори атиқалар билан таъминланмаган, бой, кўркам кошона ҳолига келтирилмаган. Қодирийнинг хориждан қора тортиб келадиган мухлислари адиб яшаган уйни кўриш истагини билдириб қолганида, меҳмонларни у ерга олиб боришга истиҳола қиласан киши. Бу масканни тилга олинган адибларимизнинг уй-музейлари даражасига етказиш имкони бор-ку, ахир! Уй-музей шунчаки кўрмана учун барпо этилган маскан бўлиб қолмай, ёзувчи ҳаёти, ижодий мероси бўйича тадқиқот, тарғибот марказига ҳам айланмоғи даркор. Назаримда, бу ҳал этиб бўлмайдиган мушкул муаммо эмас. Тошкенти азимда шундай улкан, кенг миқёсли бунёдкорлик ишлари кетаётган паллада улуғ адибга муносиб бир уй-музей барпо этиш нима деган гап! Фақат бу борада ташаббускор, ғайрат-шижоатли, тадбиркор мутасадди бўлса бас…

– Дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, керак бўлса, тамаддун яратган халқмиз. Бу билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Миллатнинг шеримард ўғлонлари, илвасин йигитлари бор экан, жаҳонда у ҳеч кимдан кам бўлмайди, албатта! Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас. Ушбу суҳбат баҳонасида миллатимизнинг оғриқли нуқталари тўғрисидаги хулосаларингизни ҳам билгимиз келди. Лоқайдлик, муросасозлик, журъатсизлик каби иллатлар қон-қонимизга сингиб кетгандек. Бу ҳақда жўмард жадидлардан тортиб замонамиз зиёлиларигача ўртаниб ёзган. Сиз куйиб-пишиб ҳикоя қилганингиз – Абдулла Қодирийни жаллод кундасига етаклаб борган дастёрлар ҳам ўзимиздан чиққан! Муросаю мадорага меҳримиз шу қадар баландки, баъзида адолатсизликка ҳам кўниб кетаверамиз, ҳақсизликни-да кўриб кўрмасликка оламиз. Бу ёқда эса оташқалб шоир “Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир!” дея тош юракларни уйғотолмай ўтиб кетди. Миллатимизнинг бу эски маънавий яраларини даволаш учун қандай малҳам тавсия қиласиз?

– Бир қарашда осон, барчага бирдек равшан, туб-тубига назар ташланса эса ўта мураккаб, одамни довдиратиб қўядиган саволлар! Гап шундаки, Сиз айтаётган лоқайдлик, муросасозлик, журъатсизлик, муросаю мадора, шунингдек, уларнинг акси – принципиаллик, қатъият, журъат каби тушунчаларнинг маъно-моҳияти, қадр-қиммати вақт ўтиши билан замона зайлига, вазиятга қараб ўзгариб, товланиб бораверар экан. Ақлимни танибманки, ҳар қадамда – оила, қўни-қўшни, маҳалла доирасида, қолаверса, мамлакат, мамлакатлараро муносабатларда икки хил принцип, ақидага дуч келаман. Менинг болалигим, ўсмир-ёшлигим синфий айирмачиликлар, мафкуравий-сиёсий жанглар авжига минган кезларга тўғри келган, мактабдаги тарих, адабиёт дарсларида нуқул айни шу руҳ, ғоя билан йўғрилган мавзулар ўтиларди. “Ҳой-ҳой, отамиз, тошни кесар болтамиз, кимки бизга қарши турса, шартта-шартта отамиз” сатрларини ёд олиб катта бўлганмиз-да. Ақида, принцип деб, тухумдан тук қидирганлар топганларини тегишли идораларга етказиб, қанчадан-қанча бегуноҳ зотларнинг уволига қолганини ҳам кўрганмиз. Бир асрда икки бор жаҳон урушини бошдан кечирган, қўш қутбга бўлиниб посангисини йўқотиб қўйган бу кўҳна дунё аср поёнида асл ўзанига қайтди, давлатлар, шахслараро муросаю мадора йўли эса башариятнинг устувор яшаш тарзи, эътиқодига айланмоқда. Айни шу босқичда айни шу эътиқод, принцип ва ҳаёт тарзига мос муроса фалсафаси, синергетика таълимоти кашф этилди. Адабиёт, санъат ғоят сезгир, ҳозиржавоб соҳа-да, жаҳонни қўйиб туринг, ўзимизда ҳам “Ступка” хилидаги синергетик ҳикоя, қисса, романлар пайдо бўла бошлади…
Укажон, одамзод ғаройиб яратиқ экан, у бир вақтлар ғулувга кетиб “принципиаллик” балоси жабрини чеккан бўлса, мана энди гоҳо, Сиз айтгандай, ҳаддидан ошган андиша, муросаю мадора келтирган, келтираётган хилма-хил нағмалар қаршисида нима қиларини билмай бошини чангаллаб турибди. “Ступка”даги каби “уступка”, яъни муроса йўлини тутмасангиз, ён бермасангиз янчилиб кетасиз… Таассуфлар бўлсинки, ўша қурғур “уступка” гоҳо бизга қимматга тушяпти. Бизни-ку қўйиб туринг, шоҳ романимиз қаҳрамони Юсуфбек ҳожидек донишманд сиймо ҳам оилавий муносабатларда “шу муҳит”нинг асири бўлиб, муроса йўлини тутган ва бу ён бериш охир-оқибат фожиаларга доялик қилган эди! (Қаранг, шу мушкул ҳаётий муаммо, қалтис жумбоқ устида гап кетганда ҳам “Ўткан кунлар” мададга келади-я!)
Менга қолса, қодирийларнинг бошига етган офат, бош омил одамлардаги лоқайдлик, муросаю мадора эмас, қолаверса, “донос” – чақув ҳам эмас. Ўз вақтида Қодирий, Чўлпондек қатъиятли сиймолар ҳам гоҳо ўзи, яқинлари ҳаётини сақлаб қолиш, ижодий фаолиятини давом эттириш ниятида тузум билан муросага борган, давр сиёсатини маъқулловчи асарлар ёзган. Аммо барибир булар инобатга олинмади-ку. Гап шундаки, шўро ҳукмдорлари аслида булар қандай зот эканини яхши билган, аввал-бошдаёқ улар устидан ҳукмини чиқариб қўйган. Золимларнинг тегирмонига сув қуйган гувоҳ-сотқинларнинг гуноҳини асло кечириб бўлмайди, албатта. Лекин қатағон бошида турган жаллодлар уларсиз ҳам ўз мақсадига эришаверар эди. Улар номигагина “қурол” қилиб олинган-да. Биласиз, бу борада жаллодлардан мангу машъум ёрлиқ, ҳужжат ҳам қолган: Қодирий, Чўлпонлар бир кун олдин отилиб, ўлим ҳукми эртаси расмийлаштирилган! (Барибир, илоҳий адолат бор-да – тарих улар устидан мардона ҳукмини ўқиди.)
Бугунги шароитда, бир томондан – эркин, ҳур, ҳалол, иккинчи томондан – ўзгалар, қолаверса, қонун олдидаги масъулият ва бурчни ҳис этиб яшаш ўзига хос санъат бўлиб қолди. Бу борада сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган ўрта йўлни топа биладиган шундай оқил сиймолар, шукр­ки, орамизда бор. Мақтанишга йўйманг, менинг падари бузрукворим, устозларим, тенгдош-сафдошларим ана шундай зотлар тоифасидан. Ҳозиргача уларга эргашдим, улардан ибрат олиб яшадим, умрим охиригача шу йўлдаман. Ваҳима қилишга, умидсизликка тушишга ҳожат йўқ. Адабиёт ва санъат “тош юраклар”ни юмшатиш, эгрини тўғри йўлга бошлаш, азиз ва мукаррам Одам зурриёди ичига жойлашиб олган “хоинни ўлдириш”, маънавий жароҳатларни даволаш бобида беназир қурол ҳамда малҳамдир! Афсуски, бу борада “адабиётнинг атомдан кучли” қудратини тўлалигича ишга сололганимиз йўқ. Аммо узоққа бормайлик, мустабид тузум умри поёнида адабиёт, санъатнинг забардаст намояндалари адолат, виждон, эрк, озодлик, инсоф-диёнат туйғуларини уйғотиш йўлида нечоғли катта хизмат қилганига гувоҳмиз…
Бизнингча, муросаю мадора – ҳозирги паллада энг оқилона йўл. Шахсан мен ана шундай йўлни тутган “муросасозлар” тарафидаман. Қаранг-а, бир вақтлар салбий маъно касб этган “муросасоз” атамасининг моҳияти бугун тубдан ўзгарди.
Сиз қон-қонимизга сингиб кетган яна бир иллат – лоқайдлик, журъатсизлик хусусида сўз очаётирсиз. Лоқайдлик ва журъатсизлик муросасозлик билан муросасизлик орасида турадиган, бир қарашда, “бетараф”, “беозор” одатдек туюлса-да, аммо охир-оқибат у ўша жоҳил муросасизлар манфаатига хизмат қилади. Бунга қарши туриш ўта мушкул иш. Шахсан ўзим ашаддий муросасизлар билан бир эмас, бир неча бор олишганман, тортишганман, бу курашлар мен учун осон кечмаган. Лекин пировардида ўзимни маънан ҳақ деб билганман…
Ҳамма замонларда бўлгани каби бугун ҳам фавқулодда шахс-қаҳрамонларга эҳтиёж бор. Муросаю мадора замонида бизга бироз “эскирган”дек кўринадиган қатъият, тўғрисўзлик, журъат, шижоат эса қаҳрамон­ликнинг ибтидоси. Бу хислатлар ҳар кимга ҳам насиб этавермайди, қолаверса, шундай фазилат эгаларини ҳамма ҳам хушлайвермайди. Мен кўрган, билган, ҳавас қилган, ўз соҳамга дахлдор сиймолар – адиблар орасида Абдулла Қаҳҳор битта; адабиётшунос-мунаққидлар ичида Озод Шарафиддинов ҳам ягона! Уларнинг ҳар иккиси жоҳил-мутаассибларга, лоқайд-муросасозларга бирдек, ҳеч қанақа “уступка”га бормай мардона қарши тура олган нодир сиймолардир. Бугун ана шундай зотлар – чин қаҳ­рамонларнинг ўрни билиняпти.

– XXI асрда ҳайҳотдек курраи арз, Қаҳрамон шоиримиз айтмоқчи, “Қуванинг анорича” бўлиб қолди. Ер юзаси футурологлар башорат қилганидек, баайни глобал қишлоққа айланди. Одамзод чакана ихтиролар, янгиликлар қилдими! Осмонга учиш саман отни миниб дашту дала кезишдек жўн ишга айланди. Аммо парадоксни қарангки, инсоният онгу тафаккури юксалган сари, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бедодликлар, ахлоқсизликлар ҳам авж оляпти. “Эски дунё”нинг баъзи давлатларида бир жинсли никоҳга қонун йўли билан рухсат берилди. Буниси ҳолва экан! Шу тоифага мансуб арбоблар Европада вазиру ҳоким лавозимини эгаллаб, енг шимариб ўз касаллигини қадрият даражасига кўтаришга уриняпти. Ёвузликнинг ақл бовар қилмас кўринишлари ўйлаб топиляпти. Қўйиб берсангиз, одамзоднинг она сайёрани ўқидан чиқариб юборадиган шашти бор. Сиёсий, диний, миллий ихтилофлар ҳақида гапирмай қўяқолайлик. Бир сўз билан айтганда, дунё кўздаги ёшдек қалқиб турибди. Қадриятлар ана шундай хавф остида қолган давримизда Диоген каби куппа-кундузи фонус ёқиб Инсонни қидиргиларингиз келади. Умарали ака, инсоният учун нажот нимада? Ўз оёғи билан ҳалокат чоҳи сари кетаётган одамзодни не йўсинда қутқариб қолиш мумкин?

– XXI аср, Президентимиз айтганидай, интеллектуал салоҳият, тафаккур ва маънавият асри сифатида инсоният олдида янгидан-янги уфқлар очиш билан бирга, биз илгари дуч келмаган кескин муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Инсон шаънини топтайдиган бу каби машъум ҳодисалар ҳақидаги совуқ хабарлар тарқалгандан буён турли давраларда одамлар фикрини сўрайман, хайрият, мамлакатимизда яшаётган миллатдошларим қатори бошқа миллат, диний эътиқодга мансуб бирор юртдошимнинг ўша жирканч ҳодисани ёқлаганини кўрмадим. Не тонгки, бундай нохушликлар содир бўлаётган юртларда (тараққий этган демократик мамлакатларда!) инсон шаънини топтайдиган ҳаракатларга қарши маданият, маърифат, илм-фан, санъат ва адабиёт намояндаларининг мардона сўзи – қалб нидосини кам эшитдим. Олим адашса – олам адашади, ахир! Ўз даврида ҳақсизлик, тубанликларга қарши “Индамай туролмайман!” дея ҳайқирган даҳо адиб Толстойга ўхшаш сиймолар ҳозир жаҳонда йўқми, деган аламли ўйларга толасан киши… Айни шундай мардона сўз куйинчак зиёлиларимиз томонидан айтилмоқда. Масалан, Улуғбек Ҳамдамнинг машъум иллатга қарши руҳ билан йўғрилган “Янги инсон” достони “Тафаккур”да эълон қилинди, достон теварагида қизғин тортишувлар бўлди; баҳсу мунозаралар давом этяпти. Муҳими, ана шу қалтис жараёнда шарқона – ўзбекона баҳс одобининг ноёб бир хислати намоён бўлаётир; қабоҳат, жаҳолатни фош этишда бир вақтлар бўлганидек дағдаға, қизиққонлик, жангарилик эмас, бизда аллақачон одат тусини олган – жаҳолатга қарши маърифат йўлидан бориляпти. Бу эса таҳсинга арзигулик ҳодиса. Назаримда, маърифатнинг жаҳолат устидан узил-кесил ғалабаси ҳақида бонг уришга ҳали эртароқ…

Собиржон ЁҚУБОВ
суҳбатлашди.

«Тафаккур» журнали, 2014 йил 1-сон.

Умарали НОРМАТОВ У.Норматовмунаққид, адабиётшунос. 1931 йил 3 январда Фарғона вилояти Бешариқ тумани Рапқон қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Фан арбоби (1981), филология фанлари доктори (1978), профессор (1979). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989). ТошДУ (ҳоз. ЎзМУ) филология факультетида (1952–1957), сўнг аспирантурасида (1959–1962) таҳсил олган. 1962 йилдан шу университет ўзбек адабиёти кафедрасида ишлайди. «Ҳозирги ўзбек ҳикоячилиги тараққиёти тенденциялари» мавзусида номзодлик, «Ҳозирги ўзбек прозаси (Традиция ва новаторлик проблемаси») мавзусида докторлик диссертацияларини ёқлаган. 600 дан ортиқ мақола, 50 дан зиёд адабий-танқидий асарлари, дарслик, ўқув қўлланмалари чоп этилган.
Умарали Норматовнинг адабий-танқидий ишлари яхлит ҳолда замонавий адабий жараён ҳамда янги ўзбек адабиёти тарихи, тараққиёти масалаларига бағишланган. «Насримиз уфқлари» (1974), «Етуклик» (1982), «Қалб инқилоби» (1986), «Қодирий мўъжизаси» (2010) каби китоблари замонавий ўзбек адабиётшунослигида алоҳида эътиборга молик. Олимнинг «Умидбахш тамойиллар», «Тафаккур ёғдуси», «Қаҳҳорни англаш машаққати», «Кўнгилларга кўчган шеърият», «Устоз ибрати» китоблари, матбуотда чоп этилган кўплаб адабий-танқидий мақолалари адабиётимизда пайдо бўлган янгича адабий-эстетик тамойилларни аниқлаш, ҳозирги адабий жараённинг назарий муаммоларини тадқиқ этишга бағишланган.
Умарали Норматов адабиётшунослик фаолиятининг асосий қисми Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш билан чамбарчас боғлиқ. Қодирий ҳаёти ва ижодий мероси бўйича олиб борган узоқ изланишлари самараси ўлароқ олимнинг “Қодирий боғи” (1995), “Ўткан кунлар ҳайрати”(1996), “Қодирий мўъжизаси” (2010) номли китоблари дунёга келди.
Узоқ йиллардан буён адабий жараёнда фаол иштирок этиб келаётган устоз олимга тани сиҳатлик, оилавий хотиржамлик тилаймиз.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 843

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *