Умберто Эко. Китобхонлик санъати

Италиялик машҳур ёзувчи, романнавис Умберто Эконинг Германиядаги нашриётлардан бирида немис тилида чоп этилган китоби “Китобхонлик санъати” („Die Kunst des Bücherliebens“) деб номланган. Тасаввур қилинг, бутун бошли жилд китоб ва китобхонлик мавзусига бағишланган! Унда муаллиф китоб ҳақида, китобхонлик, китобсеварлик, китобга бўлган муҳаббат ҳақида ҳаяжон билан сўз юритади, ўқувчини босма Сўзнинг қудрати ва истиқболи ҳақидаги қизиқарли суҳбатга, баҳсга чорлайди. Қуйида эътиборингизга ушбу китоб нашр этилиши муносабати билан ёзилган мақолани айрим жузъий қисқартишлар билан ҳавола этмоқдамиз.
Таржимон

***
Китоблар, гарчи илгари рулонлар шаклида бўлса-да, китоб босиш ихтиро қилингунга қадар ҳам мавжуд бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Китоб қай шаклда бўлмасин, у аввало, муайян бир асарни “жонлантириш” имконини беради: маълум бир шахс (муаллиф) томонидан танланган нуқтаи назарни жамоа хотирасига жойлайди. Биз одатда ёдгорликлар, мемориал тахта (лавҳа)лар ёки қабртошларга кўзимиз тушганда, улардаги битикларни ўқиб чиқишга ва бу ахборотларни тушунишга ҳаракат қиламиз – масалан, бу ерга фалон йилда фалон киши дафн этилган, фалон йили фалон тонна буғдой етиштирилган ёки у ё бу мамлакатни фалон шоҳ фалон йилда забт этган ва ҳоказо, бироқ бу маълумотларни ким (ўйиб) ёзган, буниси билан ишимиз бўлмайди.Umberto Eco
Аммо-лекин қўлимизга китоб оладиган бўлсак, биз шахсни – воқеа, ҳодисаларга доир индивидуал қарашларни излаб қоламиз. Китобни наинки тушунишга, балки ундаги фикр, ният-мақсадни талқин этишга уриниб кўрамиз. Бунда ўз-ўзидан маълум бир матнга дуч келамиз, уни ўқиш ва талқин қилишнинг эса кўплаб усул, турлари мавжуд. Худди шу жараён, яъни мутолаа ва талқин ўз навбатида диалогга эврилади – китобнинг парадокслик ҳолати ҳам айнан шунда-да, – бу диалог эса ўзи йўқ, ўтиб кетганига неча асрлар бўлган ва фақат асар шаклидагина ҳозир-нозир “кимса” билан олиб борилади.
Китоб билан  ошно бўлишнинг яна бир усули бор, у фанда герменевтика деб аталади (Герменевтика (Hermeneutik) – қадимги адабий ёдгорликларни, китобларни, қўлёзмаларни ўқиш, талқин қилиш санъати ва назарияси –тарж.).
Қаердаки герменевтика мавжуд бўлса, у ерда албатта, китобга топиниш, уни улуғлаш удуми ҳам мавжуд бўлган. Уч буюк дин – яҳудий, насроний ва ислом динларида китоблар асрлар оша муқаддас илоҳий неъмат ва ҳақиқат рамзи сифатида улуғлаб келинган. “Китобда шундай деб ёзилган!” Шу биргина калом кўплаб баҳс-мунозараларга хайрли якун ясаган, жанжал-низоларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнаган.
Албатта, китоблар баъзан ҳар турли ёлғонларга ишониб қолишимизга ҳам сабаб бўлиши мумкин, бироқ барибир улар эзгуликка хизмат қилади, бизларни олинаётган ахборотларимизга нисбатан танқидий муносабатда бўлишга ўргатади. Китоб, бу – ҳаётий суғурта, яъни умрбоқийликдан мўъжазгина огоҳлантириш ҳамдир. Ўлимимиздан сўнг, ўз билим ва тажрибаларимизни эслай оламизми-йўқми, буниси бизга қоронғи. Лекин бир нарсани аниқ биламиз: бугунги тирик инсонлар ўзимиздан олдин ўтган кишиларнинг хотирасини, билим ва тажрибаларини доимо ёдга оламиз.
Бугунги кунда кўпчилик китоб ўқимай қўйди, айниқса, ёшлар умуман қўлларига китоб олмайди, деган гапларни эшитиб қоламиз, ҳатто америкалик бир танқидчининг айтишича, Decline of Literacy (саводхонлик таназзули – тарж.) даври бошланган эмиш. Билмадим, бу гаплар қанчалик тўғри ёки нотўғри, лекин бугун кўп вақтимиз телевизор олдида ўтаётгани аниқ, аммо айни пайтда бир гапни ҳам айтиб ўтиш жоизки, ҳали ҳеч қайси бир замонда бугунги кунимиздагидек шунчалик кўп китоб чоп этилмаган, бугунгидай улкан китоб дўконлари ҳам бўлмаган.
Фақат муаммо шундаки, мўл-кўллик китоблар учун ҳам хавф туғдиради – танлов имкониятларида, яхши билан ёмонни ажратишда муайян қийинчиликлар юзага келади. Ҳа, шундай, чунки китоб тарқатиш тизими соҳасида ҳам демократияга хос барча нуқсонлар мужассам, бошқача қилиб айтганда, оғзим бор деб ҳамма баравар гапираверади – аҳмоқ, тентаклар ҳам, муттаҳам, фирибгарлар ҳам. Масалани биргина йўл, яъни тўғри танлов (танлаш) қобилиятини тарбиялаб, шакллантириш орқали оқилона ҳал этишга умид боғлаш мумкин. Хўш, бунга қандай эришса бўлади?
Гап шундаки, китобни қўлга олишдан олдин китобхон уни мутолаадан сўнг ташлаб юбормайманми, деб ўзига-ўзи савол бермоғи керак. Айтишингиз мумкин: ахир буни китобни ўқимасдан туриб, олдиндан билиб бўлмайди-ку. Тўғри, сиз ҳақсиз. Лекин икки ёки учта китобни ўқиб чиққанимиздан кейин, ўзимизча шундай бир кичик тажриба қилиб кўришимиз лозим, яъни агар ўша ўқиб чиққан китобларимизни ортиқ ушлаб туришни хоҳламаймизми, демак, ўзимизнинг танлов (танлаш) мезонларимизни қайтадан бир ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўришимиз зарур бўлади. Ваҳоланки, китобни ўқиб бўлгач, уни ташлаб юбориш гўёки жинсий алоқа қилган шахсни ортиқ кўришни хоҳламаслик билан баб-баробардир. Бундай ҳолат, албатта, ҳеч қандай муҳаббат эмас, балки шунчаки тана эҳтиёжини қондиришдир, холос.
Бироқ китобларга нисбатан муҳаббатни шакллантириш ўта муҳимдир. Бу ўринда гап шундай китоблар ҳақида борадики, токи улар билан ошно бўлишга ўзимизда ҳар доим эҳтиёж сезайлик, ҳар гал мутолаа қилганимизда уни худди илк бор қўлга олаётгандек, улардан ниманидир янгилик сифатида ўрганаётганимизни кашф этайлик. Бундайин ҳиссиётни, албатта, китобга бўлган ҳақиқий муҳаббат туйғуси, деб атаса бўлади. Аксинча, башарти қўлга олганда, худди бу иккинчи марта такрорланаётгандай “ортиқча” туюлса, унда бундай китоб билан бемалол “хайрлашса” ҳам бўлаверади.
Чинакам библиофиллар – китоб муҳиблари китобнинг наинки мазмунига, балки босмахонадаги териш сифати, қоғози, муқоваси, расм-безаклар билан безатилиши, дизайни, борингки, барча жиҳатларига алоҳида эътибор қаратадилар. Бу бежиз эмас, албатта, чунки шакл билан мазмун бир-бирига ҳамоҳанг бўлсагина, китоб ҳақиқий санъат асарига айланиши шубҳасиз.
Китобларни қандай асрашимиз, нималардан эҳтиёт қилишимиз керак? Аввало, нам жойда намиқиб, унниқиб, зах босиб, чиришдан сақлашимиз, қолаверса, шамол ва қор-ёмғирдан муҳофаза қилишимиз даркор. Китоблар ҳам вақти келиб эскиради (қарийди). Уларнинг узоқ “умр” кўриши, авваламбор, қандай шароитда сақланаётганига, шунингдек, қанақа материалдан ишлаб чиқарилганига ҳам боғлиқ. Кези келганда шуни ҳам айтиш керакки, ўн тўққизинчи асрнинг ўрталарига келиб, бу соҳанинг фожиавий феномен даври бошланган – қоғозни эски-туски латта-путталардан эмас, балки ёғочдан ишлаб чиқаришга киришилган. Тажрибалар шуни кўрсатадики, латта-путтадан ишлаб чиқарилган қоғоз умри бир неча асрга “узаяр” экан.
Китобларнинг “умр”ини янада узайтириш учун уларни чангдан, тутундан, қурумдан, намликдан, жазирама иссиқдан, тасодифий шикастлардан, табиий офатлардан, шунингдек, қуртлардан ҳам ҳимоя қилишимиз лозим бўлади. Шу ўринда мавзу билан боғлиқ қизиқ бир гап эсимга тушди. Маълум бўлишича, китоб (қоғоз) қуртларини ўлдирмасдан ҳам улардан қутулса бўларкан. Китоб жавонларига ёки токчаларга “чиқ-чиқ” этиб юрганда ваҳимали овоз чиқарадиган катта будильник соат қўйилса, овоздан ҳосил бўладиган зириллаш қуртларни “чўчитиб” юбориб, “ин”ларидан ўрмалаб чиқишларига йўл қўймаскан. Бу ҳол сурункали давом этса, қуртларнинг “очлик”дан қирилиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас экан.
Албатта, китоблар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетавермайди, баъзи ҳолларда улар қасддан йўқ қилинади. Бунга биргина мисол: ўттизинчи йилларда нацистлар томонидан қанчадан-қанча нодир китоблар гулханда ёқилиб, кули кўкка совурилди. Бу билан улар инсоният хотирасини ҳам йўқ қилмоқчи бўлдилар. Китобларнинг бундан бошқа душманлари ҳам йўқ эмас, чунончи, китобларни атайлаб кўздан пана жойга яшириб қўядиганлар – улар ҳам бамисоли китобга тушган қуртдек хавфли бўлиб, бундайларга қарши доимий кураш олиб бормоқ лозим.

Немисчадан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 303

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *