Усмон Носир. Лирика

Усмон НосирЮРАК

Юрак, сенсан менинг созим,
Тилимни найга жўр этдинг.
Кўзимга ойни беркитдинг,
Юрак, сенсан ишқибозим.

Сенга тор келди бу кўкрак,
Севинчинг тошди қирғоқдан,
Тилим чарчар, ажаб, гоҳи
Сени таржима қилмоқдан.

Сен, эй сен – ўйноқи дилбар,
Зафардан изла ёрингни.
Тўлиб қайна, тошиб ўйна,
Тирикман, куйла борингни!

Итоат эт!
Агар сендан
Ватан рози эмас бўлса,
Ёрил, чақмоққа айлан сен,
Ёрил! Майли, тамом ўлсам!..

1933 йил, Самарқанд

ШЕЪРИМ

Сен юрагимнинг чашма суви сен,
Сен кўзларимнинг гавҳар нурлари.
Сенинг баҳонгни ким сўраса, де:
“Баҳом умрингнинг баҳосига тенг!”

1933, Самарқанд

МОНОЛОГ

Севги! Сенинг ширин тилингдан
Ким ўпмаган, ким тишламаган?
Дардинг ёйдай тилиб кўксудан,
Ким қалбида қонлар тўкмаган?

Сени яхши биламан, гўзал,
Петраркани ўқиганим бор,
Буюк Римнинг Самфоси азал
Хаёлимни ошиқдай тортар.

Биламанки, Тассо бечора
Роҳат кўрмай ўтган бир умр.
Эй маккора қиз, Леонора,
Номи қора билан ёзилгур!..

Балки, гулдан яралган пари,
Тош кўнгилли Биатриче –
«Гадосан!» деб қочмаса нари
Данте бахтли бўларди пича?!

Балки, Ҳамлет ойдин тунларда
Офелияни эркалатарди,
Балки, узун сочини силаб
Азонгача эртак айтарди.

Агар хиёнатни билмаса,
Эзмаса фожиа юрагин!
Йўқ. Йўқ, шоир! Гар шундай бўлса
Шекспирнинг йўқдир кераги!

Дездемона, гуноҳсиз дилбар,
Жигар қонларингни ичган ким?
Биламан – Отелло, биламан…
Отелло ҳақлими?.. Шоир жим!..

Жим!.. Уфқдан ботар қуёшни
Шарт кесилган бошга ўхшатдим.
Парча–парча куйган шафақлар
Тирқираган қонни эслатди!

Қандай қўрқинч! Қандай қабоҳат!
Мумкин эмас ҳеч қийналмасдан!
Ақлидан озганми муҳаббат?
Мумкин эмас қарши турмасдан!

Мумкин эмас, эй олийжаноб,
Неча юракни айлаб хароб,
Шоҳона тож кийган муҳаббат,
Мумкин эмас! Қандай қабоҳат,

Ки одамнинг ўзингинамас,
Ҳиссини ҳам хароб қилса давр!
Қийналаман!.. Юрагимда ҳовур –
Бу қаршилик! Ён! Гина эмас.
Бу қаршилик! Кўринг тарихни –

Парвонадек қаноти куйган.
Бу қаршилик! Кўринг тарихни –
Умр тепасида мушт туйган…
Қийналаман виждон билан ман –
Мумкин эмас қарши турмасдан

Ўз зиммамга катта иш олдим;
Эҳтимолки, тамом қилмасдан –
Умрим тугар. Аммо бўлмайди
(Кўнглим ўрнига ҳеч тушмайди!)
Сенга қарши бош кўтармасдан,
Асрларни йиғлатган севги!!!

Usmon Nosir 1937

Усмон Носир. 1937

***

Ҳаёт ҳали менинг олдимда,
Ақлим ўсар, фикрим юксалар.
Аммо кўрганларим ёдимда,
Ҳаммаси ҳам бутунлай қолар.

Ўша пайтда қайсиси кулги,
Қайси бири берар ҳаяжон.
Бу шеъримнинг боиси шулки:
Фикр – бола, бола – ўсувчан!

1934

ЯНА ШЕЪРИМГА

(Сонет)

Шеърим! Яна ўзинг яхшисан,
Боққа кирсанг, гуллар шарманда.
Бир мен эмас, ҳаёт шахсисан,
Жоним каби яшайсан танда.

Юрагимнинг дарди – нақшисан,
Қилолмайман сени ҳеч канда!
Ўт бўлурми ишқи йўқ танда?
Дардимсанки, шеърим яхшисан.

Сен орада кўприк бўлдинг–да,
Гейне билан ўртоқ тутиндим.
Лермонтовдан кўмак ўтиндим.

Бутун умрим сенинг бўйнингда.
Саҳарда қон тупурсам, майли.
Мен – Мажнунман, шеърим, сен – Лайли!

1935

БОҒИМ

О, у қандай фусункор!
Нур билан тўлган бутун.
Гуллари чаман-чаман,
Мен уларни ичаман:
Кўнглимда яшнар баҳор…
Нур билан тўлган бутун.

Баргдек узилиб кетсам,
Унутмас мени боғим:
Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур.
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим!

Шеърларим янграб қолур…
Бир умрга ўлмайман!
Ҳаётимнинг давоми –
Келажагимга ҳомий,
Ўрнимга боғбон бўлур:
Бир умрга ўлмайман!

О, у қандай давомдор!
Нур билан тўлган бутун.
Гуллари чаман-чаман,
Мен уларни ичаман:
Кўнглимда яшнар баҳор…
Нур билан тўлган бутун.

1935

НАСИМАГА ДЕГАНИМ

Йўқ, ҳали ҳаммаси ўтганмас,
Кўп ҳали ҳаётдан насибам.
Силлигим безарар, ҳеч гапмас,
Борини кўраман, Насимам,
Йўқ, ҳали ҳаммаси ўтганмас!

Олдимда кутадир имтиҳон –
Мен оғир жангларда бўларман.
Насима! Бу кунги иссиқ қон,
О, балки тўкилур… ўларман…
Олдимда кутадир имтиҳон!

Ўйланиб кўзингга қарасам,
Иккита денгиздай кўринур…
Насима! Ичаман рост қасам,
Оловдек ловуллаб дил ёнур,
Бахтлиман жангларга ярасам!

1935

ЙЎЛЧИ

Йўлчиман, манзилим денгиздан нари,
Ложувард уфқнинг тубига яқин.
Кўнглимда дардларим дарёдек оқин,
Чайқалар; кўзларим тикилган сари.
О, йўллар!..

Чу, қора тойчоғим! Чу, қора йўрғам!
Муродга қасд қилб югурган етур.
Бўронни севмаса, дил нечун тепур?
Тириклик не керак бемеҳнат, беғам?!
Чу, қора йўрғам!

1935

***

Юрганмисиз бирга ой билан
Оқшом пайти кўм-кўк ўрмонда?
Майсаларга шабнам қўнганда,
Шундай яхши тинч бўлар экан!

Шитир-шитир ўйнар шаббода,
Барглар мусиқаси бир ширин…
Ҳаво гўё тиниқ, соф бода –
Кўнгил сезар ҳаётнинг сирин.

Мен маст бўлиб қолдим бу кеча,
Сил ўпкамни анча яйратдим.
Ухламасдан то тонг отгунча
Дилгинамни роса сайратдим.

1935

***

Денгиз ойна каби ялтирар,
Тўлқинларга суқим оқади.
Оққуш мунгли-мунгли оҳ урар;
Ҳазин куйи дилга ёқади.

Ўтираман – кўнглим осуда,
Бошим узра барглар шитрайди:
Соялари лиммо-лим сувда
Танга-танга бўлиб титрайди.

Қандай яхши, кечқурун ёлғиз
Юрсанг, кўнгил асти тўймаса,
Ой гўёки паришонхол қиз,
Сочларини ёзиб ўйнаса…

Болтиқ денгизи, 1935

ДЕНГИЗГА

Оқ денгиз, яхши қол! Яхши қол, Шимол!
Кўнглимда ишқингни олиб қайтаман.
Сочимни ўйнайди муздек шўх шамол,
Мен унга дардимни қандай айтаман?

Кечқурун қирғоқда айланиб танҳо
Севдим, севиб қолдим тўлқинларингни.
Ойни чўмилтирган тинч тунларингни
Тушимда кўрганда не қиларман, о?

Ўйнагил сўнг марта, чайқал, эркалан!
Армоним қолмасин кетар олдимда.
Бағрингда балиқдай юзган оқ елкан
Бир умр сайр этгай менинг ёдимда…

Яхши қол, эркин сув! Яхши қол, денгиз!
Тўлқинлар, қўйнимга қиздай кирдингиз…

Оқ денгиз, 1935

БАҒИШЛОВ

(«Нахшон» достонидан)

Боғларга намозгар
Салқини тушди,
Гуллар нам баргини
Қайирди аста.
Офтоб ҳам сув ичар
Тоғлардан пастда,
Лоладек қип-қизил
Ўт шафақ ўчди.

Кўз тутдим
Кўзларим нигорон бўлди;
О, дилбар,
Симбарим, юзлари қирмиз.
Киприги кўксига
Соя солган қиз,
Кўз тутдим,
Юрагим тўла қон бўлди.

Шаббода боларидай
Гулзор узра шўх

Ой фонарини
Ёқди – қиз оқшом,
Яша!..
Сен келдинг,
Севгилим, Нахшон,
Сув қизи — сувсарим,
Киприклари ўқ.
Сен келдинг,
Кўнглимга сув каби окдинг.

Сен келдинг –
Руҳимда яшаш бошланди,
Севинчдан кўзларим
Беҳол ёшланди.
Сен келдинг,
Шеъримга чечаклар тақдинг.
Сен келдинг,
Ваъдага вафодор малак,
Оппоқ қўлингними
Сийпалаб ўпай?
Қора сочингними
Сийпалаб ўрай?
Ваъда этайинми,
Сенга деб фалак?

Арзирди
Фалакни этсам ҳадя,
Афсус…
Фазо менга ҳали қул эмас,
Майли… боримни
Айлай армуғон.
Гарчи у
Ажойиб, асл гул эмас,
Нахшон, эй ёшлигим,
Севгилим, ма, ол:
Ишқимнинг энг олий
Туҳфаси шеърим.
Ўқи!

Лабларингдан тўйиб эмгани,
Шеъримга беркинди
Атайлаб меҳрим.

1934, Ереван – Самарқанд.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 026

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *