Усмон Қўчқор ёди

“ШОИРНИНГ ҚАЛБИДА АЛАМИ БОТИН…”

…жавонимни титкилаб ўтирсам, лоп этиб, Усмон Қўчқорнинг “Акссиз садолар” номли китоби чиқиб қолди. Иқтисод қилинган қоғозлар ҳисобига 1986 йилда босилган. Бори-йўғи 64 бет. Фақир “иқтисод қилинган қоғозлар” атамасини негадир қаламкаш ижодига беписандлик ўрнида қабул қилдим. Эндиликда бу атама тарих бағрига синггиб кетди. Боиси, китобга сарфланадиган қоғознинг ҳам пулини ўзинг тўлайсан. Пул бўлса бас – ҳаммаёқ қоғоз!
“Акс садолар”ни варақлаётганимда “Эй-й… шу шоирнинг ижоди ҳам қадр топмаяпти-да”, деб ўйладим. Ва соғинч ила “Самарқанд сафари” сарлавҳали шеърни овоз чиқариб ўқишга киришдим:
Най озиб борадир ўз ноласидан,
Туя топтаб борар қўнғироқ додин.
Замоннинг дарбадар ҳангомасидан,
Шоирнинг қалбида алами ботин.
Қуршиган лабида дардлари қатор,
Қум бўлиб кўзига қадалар уйқу.
Арузий мисралар карвондек қатор,
Сарбон матлаъларда шоҳона туйғу
Одам тимсолида юрган ҳар итдан,
Йигитлик ёшида ҳормоқда шоир.
Қочиб кетмаяпти Абусаиддан,
Дунёдан шеър сўраб бормоқда шоир.
Ўз-ўзидан маълумки ушбу шеър ҳазрат Алишер Навоийнинг Самарқанд сафарига бағишланган. Темурий Абусаид Мирзо тожу тахт учун даъвогар сифатида майдонга чиқаётган Ҳусайн Бойқарони ёмон кўради. Алишербек эса Ҳусайннинг дўсти. Ана шунинг учун ҳам уни Самарқандга жўнатади. Шеърда худди шу воқеа турли рангларда тасвир этилган:
Поёнсиз саҳронинг қизил тўзони
Қуёшни мағрибга кетмоқда ҳайдаб
Мусаллам хомалар ётар узаниб…
Одаму оламга фароғат қайда?!
Usmon Qo'chqorУсмон ака кучли шоир эканлигини билардим. Жумладан, унинг “Амударё” сарлавҳали шеъри идрокимга муҳрланган. Ўша шеърда ҳам ҳақпарастлик туйғулари ифода этилган эди:
Ҳақиқату Адолат жангин
Ваҳийси йўқ, паёми бўлмас,
Бу дарёдан кечган ҳар рангин
Жасоратнинг тамоми бўлмас.
Шеърларни қайта ўқиб, биласизми, нимани ҳис этдим? Жасорат акс эттирилган шеърлар эскирмаслигини!.. Ҳа, бу шеърлар шунақа – асло эскирмас. Чунки ўша сўзларда ҳақиқатпарастликнинг сувратлари бор.
Нимадир ёзаман, дея ўйлаб юрган кунимнинг эртасига: Усмон Қўчқор ўтибди, дедилар. “Нега?” “Юраги касал экан”. Дабдурустдан қиёфаси кўз олдимга келди: каттакон кўзларидаги самимий меҳр; кулимсираб гапиришлари… Менинг наздимда, Усмон ака Сўз кишиларини ўзига яқин олиб гапирарди. Бир гал озарбайжон шоири Салим Бабиллаўғли ижоди тўғрисида гаплашган эдик; камина ўша шоирнинг шеърий тўпламини эълон қилдирсангиз бўлмайдими, деганимда, у ҳам модернист-да, шунинг учун қизиқасиз, дея янгича усуллар хусусида гапирган эди. Усмон Қўчқор – озарбойжон адабиётининг дўсти эди.
Маъракада курсдоши  у ҳақда шундай деди: “Усмондаги ҳақиқатпарастлик туйғуси унча-мунча ижодкорда учрамайди. Бир мисол. Телевидениенинг мусиқа таҳририятига ишга кириш учун айримлар таниш-билиш излашар, ҳаттоки, “қистириш” пайида бўлишарди. Қандайдир сабабларга кўра, Усмон ўша “мойли” жойга ўрнашди. Ишнинг кўзини билар, санъатни, хусусан, мусиқани чуқур тушунарди. Ташкилотчи эди; тартибу интизом бобида беназир. Аммо, орадан сал вақт ўтмай, ўз хоҳишига биноан, ишдан кетишини маълум қилди. Сабабини сўрадим. Айтдики: “Йў-ўқ… бу ер бизга тўғри келмас экан. Бу ер ўғриларнинг макони экан-ку?!” Таниқли тележурналистнинг гапини тинглаб: “Шоирнинг қалбида алами ботин” мисрасини англадим. Жамият булоқлари лойқаланганда қаллобларнинггина ошиғи олчи бўларкан. Тўғри одам гоҳо яшашга қийналади; эгри одам эса балиқдек думини ликиллатиб, барча тешиклардан ўтиб кетаверади.
…Автобусга чиққанимда, маҳзун алпозга тушдим. “Ё Оллоҳ, нималар бўляпти ўзи… – ўйлай бошладим – Муҳаммад Юсуф, Аъзам Ўктам, Рауф Парфи, Матназар Абдулҳаким… Ўн олти йилнинг нари-берисида шу қадар кўп ДУНЁларимизни йўқотиб қўйибмиз. Бу бир синовмикан? – дедим ўзимча. Биз – Сўз кишилари, бир-бировларимизнинг қадримизга етмоғимиз жоизлигини Яратган эслатиб қўймаяптимикан? Ҳар қанақа шароитда, ҳар қанақа алпозда…”
Усмон Қўчқорнинг сайланмаси чиққанмиди ўзи? Билмадим, сўрамабман. Менда иккита китобчаси бор экан, холос.
Устоз Рауф Парфининг шундоққина ёнига қўйдик. “Энди… Рауф ака икковлари гаплашиб ётаверадилар”, деди сафимизда кетаётган адиб. “Турк тилида ҳам!..” – Шу фикр хаёлимга келди.
Алвидо, Усмон ака! Ҳеч муболағасиз айтамиз: бу алғов-далғовларга тўла оламда виждонингизни пок сақлаб яшадингиз! Узоқ келажак авлод ҳам битикларингизни ўзгача меҳру муҳаббат ила ўқишига ишончимиз комил.

Баҳром РЎЗИМУҲАММАД

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 352

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *