“Уйғонмоқ дунё билан баробар яшамоқдир”


 Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон  билан суҳбат

– Хуршид ака, авлодлар ўртасидаги меҳр-оқибат, эзгу муносабатлар бардавомлиги йўлида астойдил ҳаракат қилаётган устоз ижодкорлардансиз. Катта авлод вакили сифатида ёшлар фаолиятини доимий кузатиб боришингиз, уларнинг ижод-интилишларига қизиқиб, хайрихоҳлик билдираётганингиз, ўрни келганда, йўл-йўриқ кўрсатаётганингиз эътирофга молик. Суҳбат аввалида очиғини айтсангиз: Сизнингча, бугунги ёшларнинг кучли ва ожиз томонлари нималарда кўринади?

– Ҳар бир авлоднинг адабиёт, унинг жамият ҳаётидаги ўрни, ижодкор масъулияти ҳақида ўз қараши мавжуд. Бу, энг аввало, ижодкор тарихнинг қайси ва қандай палласида яшаётгани, мамлакат ва ташқи дунёда содир бўлаётган воқеалар, ўша даврда яшаган кучли ижодкор шахснинг асарлари, унинг ижтимоий (гражданлик) позицияси таъсирида шаклланади. Ҳар бир авлод ўзидан кейинги авлоднинг кучли ва ожиз томонлари ҳақида гапириши ҳам ўзига хос анъанага айланиб қолган. Назаримда, олдинги авлод ўзи амалга оширолмаган мақсад ва тажрибаларни кейинги авлодга “юклаш”га уринади, яъни ўз камчиликларини ёшларнинг камчилиги сифатида кўра бошлайди.
Ёшлик, энг аввало, шаклланиш жараёнидир. Бу мавсумда гулга кирганига қараб, беражак ҳосили ҳақида аниқ бир хулосани айтиш қийин. Ҳали бу гулларни совуқ ёки дўл урадими, сувсизликдан гуллар мевага айланмай тўкилиб кетадими, буни фақат Яратган билади. Адабиётга гумбурлаб кирганида “адабиётнинг келажаги”, “бўлажак юлдуз” деб баҳоланган, замон ўтиб, оддий ёзувчилар уюшмаси аъзосига айланган ижодкорларни биламан. Шунинг учун, ёшлик мавсумида ғайбдан берилган қобилиятини тинимсиз изланиш билан уйғун эта олган ижодкоргина кўзлаган мақсадига етади, деб ўйлайман.Xurshid Dvron
Бу ўринда “изланиш”ни фақат қоғоз қоралаш деб тушунмаслик керак, бу, менинг назаримда, ҳаётни, табиатни, инсонни ўрганиш демакдир. Шу мақсадда ижодкор ўзидаги бор имкониятни сафарбар этмоғи; тили, кўзи, қулоғи, фаҳм-фаросати, илми-билими, хотираси, заковати унинг ўрганиши йўлида узлуксиз хизмат қилмоғи лозим. Ижоддан мурод ҳам битта – ўрганиш, изланиш!
Кўпчилик бугунги ёшлар ижоди ҳақида гапирганда, “Улар бахтли авлод, хоҳлаган мавзуда, истаган услубда ёзиш имкониятига эга” деган гапни бот-бот такрорлайди. Бу жуда нисбий гап. Истеъдодли ижодкор, агар унинг истеъдоди қатъият билан эгизак туғилган бўлса, ҳар қандай шароитда исталган мавзу ва услубда ўзи истаган сўзни айта олади. Бу гапимнинг исботи учун ўтмишда ижод қилган кўплаб адиблар номини келтиришим мумкин. Қандай муҳитда ижод қилиш жуда муҳимлигини тан олган ҳолда, барибир, ижодкор қатъияти бу ўринда асосий мезонлардан бири эканига кўпроқ ишонаман.
“Ижод аҳли икки реалликда – ҳамма қатори ҳаётда ва ўзи яратган бадиий оламда яшайди. бадиий оламнинг нечоғли бой ва файзли бўлиши ижод салоҳиятидан келиб чиқади, – деб ёзади Хуршид Дўстмуҳаммад бир мақоласида. – Бадиий ҳақиқатнинг қудрати ва шаккоклиги шундаки, у ҳар қандай мустабид ҳаёт “ҳақиқати” исканжасида ҳам ўз сўзини айтиш чорасини топади”. Назаримда, бадиий ҳақиқатнинг қудрати ва шаккоклиги айни шу ижодкор қатъияти туфайли ўз сўзини айта олиш имкониятига эга. Шу маънода ХХ аср ўзбек адабиётининг кучли ва ожиз томонлари биздан олдинги, мен мансуб авлодда қандай мужассам бўлса, бугунги ёшлар ижодида ҳам шундай намоён бўлмоқда.

Ўйлашимча, ўзбек адабиётининг энг ожиз томони, аввало, адабий жараён професионаллашмаганида, яъни ижодкорлик асосий ҳаёт тарзига айланмаганида, у ҳамиша қандайдир иккинчи ўринда қолиб кетганида. Ижод ХХ аср (бугун ҳам) ўзбек ёзувчиси учун ҳамиша Турмуш деган очофатдан кейинги ўринда турган. Сўз олдидаги Бурч ва Масъулият ҳақида адолатли ва чиройли гаплар айтиб бу ҳолатдан кўз юмиш мумкиндир, аммо иситмаси ошкор қилаверади.
Бизнинг тарихан шаклланган назаримизда Шоир (Ижодкор) тушунчаси ҳамиша қийин шароитда фақирона (тасаввуфдаги фақрлик бошқа, албатта) яшаган инсон тимсоли билан боғлиқ. “Мойчироғу лампачироқ ёруғида шундай тенгсиз сатрлар ёзилган” деймиз. Уй-жойсиз ижод қилган Машрабу Муқимийни мисол қилиб келтирамиз. Аммо муайян маънода фаровон ҳаёт кечирган биргина Алишер Навоий қолдирган мерос гап айнан ижодкор қандай шароитда яшагани билан ҳам боғлиқлигини исботлайди.

Бугунга хос яна бир жиддий камчилик адабий жараённинг “кўлмак”ка айланиб бораётганида намоён бўлмоқда. Айтмоқчиманки, биз адабиётга кириб келган йилларда адабий жараён юксак тоғдан шарқираб оқаётган сойга ўхшарди. Олаётган нафасимиз ҳам шеър билан, ижод билан тўйинган, янги чиққан китобгина эмас, газетада босилган ҳикоя, ҳатто биттагина шеър юз минглаб юракларни ҳаяжонга солганини кўриб, билиб, ҳис қилиб турардик. Мушоиралар ўзига хос ижодий мусобақа мақомида эди. Бир мушоирада Шавкат Раҳмон ёки Усмон Азим улоқни олиб кетса, бошқалар “Кейингисида мен энг зўр шеърни ўқишим керак” деб тарқаларди. Кейинги мушоирада Йўлдош Эшбек ёки Муҳаммад Раҳмон энг кўп олқиш олар ва мусобақа давом этарди. Адабий муҳитда жуда юксак руҳ ҳукмрон эди. Бу руҳ бизни тинимсиз изланишга даъват этарди. Бирон бир яхши шеър ёки ҳикоя назардан қолмасди. Бугун Тошкентда, қайсидир ўқув юрти ётоқхонасида жаранглаган шеър эртагаёқ Қўқон чойхонасида, Хивадаги мактабда, Чироқчидаги шийпонда акс садо берарди. Адабий ҳаёт дарёдай ҳайқириб оқарди.

Бугун адабиётимизда жуда кучли ёзувчи ва шоирлар ижод қиляпти. Янги дунёқараш, янги тажрибалар шаклланаяпти. Аммо уларни идрок этиш, уларга муносиб баҳо бериш заиф аҳволда. Адабиёт фақат адабиёт аҳлининг иши эмас. Адабиёт миллий масаладир. Адабиётни фақат оғир кунларда эслаб, ундан фақат фожиали паллаларда ёки ташвиқот қуроли сифатида фойдаланиш ғирт нотўғри сиёсатдир. Адабиёт ҳар куни, ҳар лаҳза ҳаётимизда мавжуд бўлиши, худди тонг саҳарлаб новвой нон ёпганидек, автобуслар бизни ишхоналаримизга элтганидек ҳаётимизда доимий иштирок этиши керак.
“Ақлли” гаплардан тўхтаб, бир-икки оғиз содда гапларни ҳам айтгим келади. Ижодкор ёшлар, энг аввало, ўз умрини қадрлашни, ҳар бир кунга маъно бахш этишни унутмасликлари керак. Ҳар бир ёшини ошаган ижодкордан сўранг, қанчадан-қанча армони бор. Аслида армон эмас, пушаймон десак тўғри бўлади. “Эҳ, ёшлигимнинг қадрига етмабман-да” – бу армон-пушаймон деярли ҳамма ижодкор ҳаётида бор гап. Аслида умрни сермазмун этишга интилиш энг катта масъулият. Ана шу масъулият бор жойда ижод бўлади, равнақ бўлади.

– Бутун ижодингизни тарихдан, мозийнинг мунаввар сиймоларидан холи тасаввур этиб бўлмайди. Ижодий учрашувлардан бирида “Мен учун ҳаммасидан ҳам тарих қизиқроқ” деган мазмунда гапирган эдингиз. Ўтмишни ўрганиб ёш авлодга ўргатгулик қандай сабоқлар олдингиз?

– Эрнест Хемингуэй ўз ҳаётидан хулоса қилиб: “Буюк ёзувчи бўлиш учун ижодкорнинг буюк болалиги бўлиши керак”, деган экан. Менинг болалигим, муайян маънода, Самарқанд таассуротлари билан тўйинган. Айни шу сабабдан ижодимнинг илдизлари ҳам шу табаррук заминга чуқур ёйилган. Болаликдан эртаклар, афсоналар ичида яшаганман.
Мен учун тарих бамисоли ота-она тушунчаси билан баробар. Ота-онани танлаб бўлмаганидек, тарихни ҳам танлаш имконсиздир. Ҳар иккаласини ҳам тақдир ато этади. “Беайб парвардигор” деганларидек, ота-онангдаги айрим камчиликлар туфайли улардан воз кечиб бўлмаганидек, тарихимиздаги аччиқ ва фожиали саҳифалардан кўз юмиш, уларни хаспўшлаш ҳам ноқобил ишдир.
Бир битигимда ўтмишда ўтган донишмандлардан бирининг “Агар одам ўз келиб чиқишини билмаса, у ўрмонда адашган маймунга ўхшайди; агар у ўз уруғ-аймоғини билмаса, ферузадан ясалган аждарҳога ўхшайди; агар у аждодлари ҳақида ҳикоя қилгувчи битикларни ўқиёлмаса, йўқолган ва йўлидан чалғиб кетган болакайга ўхшайди” деган ҳикматини келтирганимда, ўзимни ва бошқаларни адашмасликка даъват қилган эдим.

Энг аввало, ўтмиш-тарихга маҳлиё назар билан боқишдан сақланиб, унга изчил тадқиқот ва сезгир идрок билан қараш муҳимлигини англамоғимиз керак. Маҳлиё назар бизни алдаши, ёлғон ва сохта хулосалар чиқаришга олиб келиши мумкин. Фақат мунтазам тадқиқот ва сезгир идрок бор жойдагина тарих ҳақиқати юзини очади. Тарихни ўрганиш орқага қараб юриш эмас, балки келажакка дадил интилиш учун босиб ўтган ҳаёт йўлингни мушоҳада этмакдир. Яна унутмаслик лозимки, фақат тарих билан ҳам яшаб бўлмайди: ҳадеб орқага қарайверсанг, қоқилиб, йиқилишинг мумкин. Бугун ҳам тарихнинг давоми эканини унутмайлик.
Ўтмишни ўрганиб, тарих миллатнинг хотираси эканини, айнан хотира руҳ ва фикримизни туйғун қилгувчи биринчи восита эканини теранроқ англадим. Бундан 23 йил аввал бир мақоламда шундай ёзган эканман: “Мен узоқ вақт кўҳна тарих китобларини “Аждодларимиз бизга ўхшайдиларми?” деган сўроққа жавоб топиш учун варақлаган эканман. Аслида эса “Бизлар аждодларимизга ўхшаймизми?” деган сўроққа жавоб излаш муҳимлигини кейин англадим”. Ана шу англаш туфайли тарихий асарлар ёзганда, ўтмишни ўрганиб, бугун ва келажак ҳақида тасаввур уйғотишни мақсад этдим.

Нақшбандия тариқатида “Аждодларинг билан мақтанма” деган насиҳат мавжуд. Бу ҳикматда “Мақтанишдан олдин уларга муносиб бўл” деган маъно мужассам.
Ҳар гал Самарқандга борганимда, албатта, Шоҳизинда, Бибихоним, Регистон, Гўри Мир ва бошқа ёдгорликларни айлананиб чиқаман. Буюклар мақбараларини, ота-онам, хешларим қабрларини зиёрат қиламан. Авваллари бир ўзим айланардим, кейин ўғлим, бугун эса набираларим ёнимда бўлади. Бу тарих ибрат эканини, ўтмиш фақат тирикларда уйғоқ эканини англаганимдан бўлса керак.
Шу сабабдан, ёш дўстларимга, тарихга нафасингиз урилиб турсин, дегим келади. Фақат инсон нафаси уфуриб турган китобгина, фақат ўқилган китобгина, фақат юракларни тўлқинлантирган сатрларгина боқий ва тирик бўлганидек, олис ўтмиш ҳақидаги битиклар ҳам фақат идрок этилгандагина Тўмарис момомиз, Широқ бобомиз, Жалолиддину Соҳибқирондек аждодларимиз бизга ҳамнафас бўлади. Қолаверса, “Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик” эканини асло ёдимиздан чиқармайлик.

– “Йўқотилган авлод” тушунчаси Сизга яхши таниш. Европа ва Америка ёшларининг ҳаётини маҳв этган уруш туфайли “завол топган авлод” фожиаси цивилазация чўққисида “чексиз эркинлик”нинг асирига айланган айрим мамлакатлар мисолида яна бўй кўрсатаётир. Ҳа, неча-неча замонлардан бери давом этиб келаётган ғоялар кураши бугун авж нуқтасига чиққан. Ҳозир инсон онгу тафаккури, қалбини маҳв этиш имкониятлари шу даражада кўпки, ҳушёрроқ бўлмасак, кўзни каттароқ очиб, атрофга тийрак назар билан боқмасак, исталган пайтда “тузоқ”қа илиниш ҳеч гап эмас. Шундай мураккаб вазиятда ўзни, ўзликни асраб қолишнинг йўллари ҳақида нима дейсиз?

– Ғарб тамаддуни ва маданияти илдизларига қурт тушганига бир асрдан ошди. Илдизига қурт тушган дарахт бирдан қуламайди, у узоқ вақтгача яшиллигини сақлайди, ғиж-ғиж ҳосил беради, мевалари билан одамларни баҳраманд этиб келади. Аммо, вақти-соати келиб, барглари сўла бошлайди, мева беришдан тўхтайди ва охир-оқибат қурийди. Ғарб тамаддуни ва маданияти ҳозир айни сўлиш жараёнини кечирмоқда. Ғарб маданиятини бугун “юраксиз маданият” деб аташ мумкин. Нима учун шундай бўлди, деган савол туғилиши табиий.
Ғарб бундан бир неча аср аввал ўша пайтда тараққиётнинг душманига айланган насроний диннинг, аслида, уни бошқарган диний ташкилотларнинг, ”руҳоний” раҳбарларнинг зараркунанда фаолиятига қарши кураш бошлаган эди. Бу муҳораба Ғарбнинг буюк мутафаккирлари томонидан бошқарилгани ҳам маълум. Оқибатда, насроний диннинг қадриятларини тиклаш, асраб-авайлаш ўрнига уларни бутунлай рад этиш, қадрсизлантириш, муқаддас ақидаларни инсон ҳаётидан бутунлай четга суриб ташлаш Ғарб маданияти илдизига тушган қуртга айланди. Ғарбда “инсон эрки” деган тушунча шаклланиб, шу пайтгача дин эгаллаб турган мавқени ўз ҳукмига бўйсиндирди. “Инсон эрки” тушунчаси “инсон ҳамма ишни қилиш ҳуқуқига эга” маъносини олди. Ҳолбуки, минг йилликлар давомида Яратган томонидан юборилган китоблар одамзотнинг ҳайвоний истакларига чек қўйиш, тўғри йўлга солиш учун инсониятга йўлланган ва бу муқаддас китоблар минг йилликлар томонидан инсон ҳаёти, турмуши мезонини белгилаб келган эди. Адашувлар, хатоликлар муқаддас китобларда битилган низомларда эмас, ўз истакларидан келиб чиққан одамлар фаолиятида, сўз ва ҳаракатида кўринган эди. Аммо Ғарб жамияти бутун нафратини диннинг асосларига қаратди ва инсоний тараққиёт бешикларидан бири ҳисобланган Ғарб тамаддунини жар олдига бошлаб келди.
Ғарб ўзининг янги “дунёқараши”ни ташвиқ этиш учун халқаро мақомга эга маданий тадбирлардан, хусусан, олиймақом кинофестиваллардан, юксак мавқега эга мукофотлар билан тақдирлаш маросимларидан фойдаланди. Буюк адиб Чингиз Айтматов “Ахлоқ билан ахлоқсизликнинг фарқи қолмаса…” номли мўъжаз мақоласида айни шу масалани кўзда тутиб бундай дейди: “Фақат миллий, халқона таълим-тарбия билан маънавият, ички маданият пайванд қилинсагина одамларни ҳар қандай пасткашликдан, тубанликдан асраб қолиш мумкин. Агар инсонга чексиз озодлик берилса, ҳатто у ахлоқдан ҳам озод қилинса, дунёқараши ва ахлоқи шаклланиб улгурмаган ҳозирги ёшлар асрлар давомида тўпланган миллий қадриятларга тупуриб, анъаналар ва урф-одатлардан юз ўгириб, маркиз де Сад тараннум этган тубан, ҳайвоний эхтиросларнинг қулига айланиб қолмайдиларми?
Ишончим комилки, тушунчалар сохтаси билан алмаштирилса, ахлоқ билан ахлоқсизликнинг фарқи қолмаса, қадриятлар қадрсизланса, ҳозирги тараққиётни ич-ичидан кемираётган қусурлар баттар кўпаяди…”.

Айрим ижодкорлар Ғарбга кўр-кўрона тақлид қилиб, унинг ғарибона қадриятларини тарғиб қилганда, ғарбона турмушга онгсиз эргашишлари намоён бўлган фикрларини баён этганда мен бир неча бор ўз муносабатимни билдирдим. Аммо айримлар буни Ғарбни ёқтирмаслик деб талқин этишга уринишди. Тўғри, Ғарбнинг бугунги қиёфаси, айниқса, унинг халқаро майдонда юритган зўравон (калониал) сиёсати, хусусан, демократияни тарқатиш ниқоби остида исломни заифлаштириш, муқаддас қадриятларимизни қоралашга қаратилган хатти-ҳаракатларини мутлақо рад этаман. Асрлар давомида инсон ҳаёти ва турмушининг асоси бўлиб келган жамоа, оила, ота-она, никоҳ тушунчаларини бутунлай йўққа чиқариш билан боғлиқ ғайриинсоний ақидаларига ҳам тамоман қаршиман. Бироқ буни Ғарбни бутунлай рад этиш деб тушунмаслик керак. Ғарбдан жуда кўп яхши нарсаларни ўргандик, бундан кейин ҳам ўрганамиз. Нафақат Ғарб, балки ҳозирги кунда Туркия, Ҳиндистон, Япония, Хитой, Эрон, Россия ҳам муайян маънода умуминсоний тамаддун ўчоқларидир. Ғарбнинг асрлар давомида худди Шарқ каби инсониятнинг тамаддуний иқлимини яратишдаги хизматларини тан олган ҳолда унинг бугунги аянчли аҳволи ҳақида ўз тушунчам бор.

Мен бугунги Ғарб хусусида сўз юритганда унинг дунё сиёсати майдонида амалга ошираётган хавфли ишларини назарда тутаман. Бу ёвуз ишларнинг энг аввали, юқорида айтиб ўтганимдек, Исломга қарши олиб бораётган ҳам ғоявий, ҳам ҳарбий ҳамлаларида намоён бўлмоқда. Ғарб нафақат Ислом ва Шарққа, шу билан бирга, ўзининг аҳолисига ҳам тажовуз ва тазйиқ ўтказиб, ўз минтақасини худосизлик, иймонсизлик сари бошлаб бормоқда, инсониятнинг асрий қадриятларини бутунлай йўқ этишга қаратилган сиёсатини барча нарсадан, ҳатто, ўзи сиғинган бут – демократиядан устун қўймоқда. Бу эса уни лаҳза сайин фалокат сари яқинлаштирмоқда. Ҳатто Ғарб дунёсида бошланган молиявий инқироз ҳам аслида маънавий инқироз натижасида юз бераётганини тушуниш йўқ. Ғарбнинг ўзидан чиққан буюк файласуф башорат қилганидек: “Қаердаки маънавиятсизлик қарор топса, у ерда иқтисодий равнақ ҳам йўқолади”.
Ғарбнинг ёвуз моҳияти бугун намоён бўлгани йўқ. У асрлар давомида Осиё, Африка, Америка қитъаларида босқинчилик урушлари олиб борди, бу қитъаларнинг аҳолисини талон-тарож қилди, уларнинг бойлиги эвазига ўз тўкин ҳаётини “ясади” ва ана шу тўкин ҳаётда “демократия” деган қуролни ўйлаб топди. Бугун ўзгалар бойлиги эвазига қаддини янада мустаҳкамлаб, ўзи яланғоч қилган халқларни “қолоқлик”да айблаб, уларга янги қуроли билан таҳдид қилмоқда. Бу хусусда 80 йил аввал буюк Рабиндранат Тҳакур шундай ёзган эди: “Инглиз (ғарб) цивилизацияси, агар уни цивилизация деб атаб бўлса, бизни ғорат этди. Эвазига зўравонликка асосланган “қонуний тартиб” ўрнатди, холос… Қачонлардир мен Европанинг маънавий сарвати янги, табиатан гўзал тамаддун (цивилизация) манбаи бўлиб хизмат қилишига ишонган эдим. Бугун бу ишончимдан зарраям қолмади. Нур деб талпинганимиз боримизни ёқиб ташлади. Агар биз инглизларни ёқтирмаётган бўлсак, агар юрагимиздан уларга жой бермаётган бўлсак, улар ажнабий бўлгани учун эмас, бу, энг аввало, ўзларини ғамхўр кўрсатиб, халқимиз ишончини топтаб, ўз хазинасини бизнинг бойликларимиз билан тўлдириб, боз устига биздан миннатдорчилик кутаётгани учун юз бермоқда ”.

Шу билан бирга, Ислом оламида ҳамма нарса бинойидек деб айтишдан ҳам мутлақо йироқман. Шарқнинг буюк одами Махатхир Муҳаммад ёзганларини эслайлик: “Ислом муқаддас китобимиз Қуръони Каримни бўйнига осиб олган чаласавод муллаларнинг яккаҳоким ҳукмидан озод бўлмагунча, Ислом фақат маърифат эмас, у техникавий ривожланиш, илмий юксалиш эканини англамагунча Ғарбнинг таъсиридан, тажовузидан қутулолмаймиз… Қуръон ёвуз кучлардан сақланиш учун бўйинга осиб юриш мумкин бўлган тумор эмас. Аллоҳ ўз онгини ривожлантирган кишиларга ёрдам беради.
Қуръоннинг ҳақиқий ва асосий рисоласини, номасини тушуниш ва талқин қилишга лаёқатсизлик мусулмонларга кўп бахтсизликларни олиб келган. Ўз ўқиш доирамизни фақатгина диний китоблар билан чеклаб ва замонавий илм-фан тўғрисида унутиб, биз Ислом маданиятига улкан зарар етказдик ва ўзимизнинг бу дунёдаги йўлимизни йўқотиб қўйдик».
Бу буюк зот нефт туфайли оқиб келаётган бойликка кўмилиб, миллиардлаган долларларини АҚШ банкларига қўйиш билан, ўз бойлигини Ғарб хизматига йўналтирган айрим араб давлатларининг тараққиётдан мутлақо четда қолаётганини, бу касофатдан фақат техникавий ва илмий тараққиёт қутқаражагини ҳақли равишда башорат қилади.

Инглиз адиби Оруэлнинг “Молхона ҳақида эртак” (“Animal Farm: A Fairy Story”) асаридаги воқеаларини эслайсизми? Фермадан инсонни бадарға қилиб, ҳокимиятни қўлга киритган чўчқалар бошқа барча ҳайвонларни узоқ вақт ўз “ғоя”ларига ишонтириб, уларни ўз измига бўйсундириб, ҳалокат томон бошлашмасин, барибир, сир фош бўлади. Гарчи Оруэл ўз асарини советлар империясини назарда тутиб ёзган бўлса-да, бугунга келиб унинг ушбу асари Ғарбдаги қора кучларнинг машъум кирдикорлари ҳақида ҳикоя қилаётгандек таассурот қолдиради.
Интернетдаги сайтимда мана шу иккиюзламачи Ғарбнинг етим хизматкорлари бўлишга ҳаракат қилаётган айрим “ижодкор”лар ҳақида, уларнинг “асар”ларида муқаддас ислом дини, миллий қадриятларимизга нописандлик кайфиятлари пайдо бўлаётганини ёзиб, нашриётлар томонидан беҳаёликни тарғиб қилаётган китоблар ва уларнинг пул учун ҳар қандай пасткашликка тайёр муаллифлари ҳақидаги танқидий мақолаларни қўллаб-қувватлаган эдим. Бу хусусда эслаганим, зиё томон эмас, зулмат сари элтгувчи йўлдан юриш бошлаган муаллифларни инсофга чақириш, уларни огоҳлантиришдан иборат, холос.

Назаримда, жадид боболаримиз бошлаган маърифий ва маиший ислоҳотлар (уларнинг дастлабки амалга оширган ишларини ҳисобга олмаганда) вақт ўтиб тақа-тақ тўхтаган. 70 йиллик шўролар тузуми давридаги «На месте шагом марш» ҳамон давом этмоқда. Агар ҳали оёғимизга тушов бўлиб келаётган миллий-маҳаллий иллатлар ёнига Ғарбнинг ғарибона таъсири қўшилса, маънавиятимиз, қадриятларимиз устунлари чиришга ўтади. Шу сабабдан Ғарбга кўр-кўрона тақлид қилиш, унга онгсиз равишда эргашишни кескин рад этаман ва айни шу йўлдаги ҳар қандай уринишларга ўз муносабатимни билдиришни зарур деб ҳисоблайман. Шу мақсадда интернетдаги шахсий саҳифамда нафақат ўзим, балки миллатимиз манфаати, унинг тараққиёти учун хизмат қиладиган ғоялар ва муносабатлар акс этган фикрлар билан замондошу ватандошларимни, биринчи навбатда, ёшларни таништириб боришни бурчим деб биламан.

Мен боғу роғли жойда туғилганман. Болаликдан боққа парвариш бериш, пайванд қилиш сирларидан озмунча хабарим бор. Ҳовлимиз катта эди. Мана шу катта ҳовлининг бир чеккасида кичкина боғчам бор эди. Болалик жўрам Исматилло билан (унинг ҳам боғчаси бор эди) эрта баҳор ёки кеч кузда тонг саҳардан чиқиб кетиб, далама-дала юриб боғимизда йўқ ниҳолларни излардик. Баҳорда, ўзимизча “тажриба”лар ўтказиб, тўғри келадими, йўқми, ҳар хил ниҳолларни бир-бирига пайванд қилиш билан машғул бўлардик. Ҳовлимизнинг бир чеккасида, биз томонда “ўрус дарахт” деб аталадиган, новдалари сассиқ оғоч пала-партиш кўпайиб ўсиб ётарди. Неча марта уларни йўқ қилишга уриндик, фойдаси бўлмади. Баҳор келиши билан чуқур ер тагидаги илдизлардан, ”лоп” этиб кўкармалар пайдо бўлар, ҳафта ўтмай бир қаричча бўй чўзарди.
Нима бўлди-ю, новдаси гилосникига сал-пал ўхшаб кетгани учунми, билмайман, мана шу сассиқ дарахтни гилос билан пайванд қилиш фикри туғилиб қолди. Буни қарангки, пайванд тутиб, бир йил ичида бўйи икки метрдан зиёд тарвақайлаган пайванди келаси баҳорда гуллаб, ҳосил қилди. Баҳор кетар – ёз келар пайтда катта-катта меваси қизарди. Аммо уни еб бўлмасди, жуда бемаза эди. Бу тажрибамни кузатиб юрган камгап отам, бошини чайқаб “Қазисан, қартасан, асли наслингга тортасан” деб айтганларини ҳали-ҳануз эслаб юраман…

Бугун шу пайтгача ўзбек адабиётида мавжуд бўлмаган оҳангларни (айниқса, прозада) олиб кираётган ёш ижодкорлар пайдо бўлди. Бири Жойсдан, бошқаси Борхесдан, яна бирови Кабо Абэдан нималардир сабоқ олаяпти, уларга шогирд тушяпти. Бу ёмон эмас, бу ижобий жараён. Қолаверса, жаҳон адабиёти ва санъати ҳамиша ўзаро таъсирлар асосида ривожланган. Бир пайтлар тасвирий санъатда янги оқимлар яратган француз мусаввирлари ўзлари қидирган асосни Шарқдан, хусусан, Камолиддин Беҳзод ижодидан топганидек, ундан ўрганганидек, ўша Пруст ёки Элиот ҳам “лоп” этиб осмондан тушмаган, кимдандир ниманидир ўрганган. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
Мен ҳозир бошқа гапни назарда тутяпман. Гап Жойс, Кафка ёки Музилдан нимани ўрганганида эмас, ўша ўргангани ўзбек адабиёти, она тилимиз ва маънавиятимиз табиатига мос тарзда ўз ифодасини топаяптими, деган саволда.
Шифокорлар ҳалокатга учраган инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун унга янги қон қуядилар. Аммо дуч келган қонни эмас, ўша инсон қонига тўғри келадиганини қуядилар. Аксинча бўлса, инсон ҳалок бўлади. Адабиётда ҳам шундай: у фақат маънавий жиҳатдан яқин бўлган адабиётдан таъсирланиши мумкин. Бу таъсир ҳар хил “изм”лар билан аталаверсин, бироқ бизни ўзбек қилиб турган мезонларга мос келсин. Бу янги қон бизнинг қон гуруҳимизга тўғри келсин.

Мен беҳад севган машҳур япон адиби Ясунари Кавабатанинг биз муҳокама қилаётган мавзу борасида айтган фикрларига қулоқ тутайлик. Ясунари Кавабата 1968 йили Нобель мукофотини қабул қилиб олган маросимда сўзлаган нутқини тўлалигича ўзи мансуб халқ миллий менталитетининг асоси бўлган қадимий япон шеъриятига бағишлайди ва нутқи якунида бир жумлада асосий фикрини баён қилади: “Ўйлайманки, руҳониятимиз асослари мутлақо бир-биридан фарқ қилади”. Япон адиби ижоди ҳақида сўз юритган мунаққидлардан бири “Кавабата том маънода асрий анъааналарни ўзида мужассам эта олган миллий адиб бўлгани учун ҳам дунё адабиёти устунларидан бирига айланди. У умуммиллий қадриятлар асосида ижод қилгани учун умуминсоний даражага кўтарилди” деб ёзган эди.
Юқорида ҳам тилга олганим, ҳинд халқининг донишманд фарзанди Рабиндранатҳ Тхакур Ғарб маданиятига кўр-кўрона тақлид қилган ҳамкасб ватандошлари ҳақида ёзар экан: “Улар бегоналарнинг ахлатхоналаридан бировлар кийиб эскиртган жандаларни излаб юрган гадоларга ўхшайди” деб таъкидлайди. Тҳакур бир шеърида ёзади:

Ҳар бир миллат қўлида
Ёниб турар бир чироқ,
Шу чироқни авайлаб
Сен дунёни рўшно эт…

Адабиётдаги тутган ўрнини Шарқу Ғарбда ҳеч ким рад этолмайдиган буюк адибларнинг адабиётнинг асл моҳияти ҳақида айтган бундай фикр-мулоҳазалари, улар қолдирган умуминсоний маънавий мерос аёл билан эркак ўртасидаги муносабатни фақат ички эндокрин безлар фаолияти сифатида кўрсатишга уринаётган айрим ”сексопотолог” ёзувчилар ва уларнинг ажнабий ҳомийларию ўзимизда пайдо бўлаётган ҳимоячиларигагина эмас, бизга ҳам сабоқ бўлиши керак, деб ўйлайман.

– Очиғи, ўзбек адибларининг интернетдаги саҳифалари орасида шахсий сайтингиз мазмун-мундарижаси бойлиги, мунтазам янгиланиб туриши билан алоҳида эътибор тортади. Шиддаткор давримиз мўъжизаларидан ҳисобланган “сеҳрли қутича”га ҳайрат билан тикилаётган чоғдошларингиздан бу борада анча олдинда кўринасиз. Интернет сайтлари, айниқса, ижтимоий тармоқларда фаолсиз. Глобал тармоқ имкониятларидан кенг фойдаланаётган адиб сифатида ўзбек сайтлари ҳақида нима дейсиз? Умуман, ижодкорнинг замон билан ҳамнафаслиги масаласида ҳам…

– Интернет оламига жиддий “шўнғиб” кетишимга Ҳазрат Навоий сабабчи бўлганлар десам, ҳайрон қолманг. Бундан етти-саккиз йил аввал ўзбек интернет дунёси билан танишар эканман, буюк мутафаккирнинг бирон асари жойлаштирилмаганини кўриб, жуда қаттиқ безовта бўлганман. Шундан кейин Алишер Навоийнинг 1948 йили нашр этилган “Муҳокамат ул-луғатайн” асарини ўзим скан қилиб интернетга жойлаштирган, кейинроқ туркий халқлар адабиёти ва санъатига бағишланган “Туркистон кутубхонаси” веб-сайтини ташкил этган эдим. Вақт ўтиб, “Хуршид Даврон кутубхонаси” веб-сайтини очдим. Бу веб-саҳифада ўз асарларим ва уларга бағишланган мақолалар, устозларим ва тенгдошларим ҳақидаги хотиралар билан бир қаторда ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарлари, бугунги адабий жараён, янги нашр этилган китоблар ҳақида маълумот олиш мумкин.
Интернет тизимидаги ўзбек сайтлари ҳақида гапирсам, аҳвол ўртача, ҳали-ҳануз шаклланиш жараёни давом этмоқда. Олди-қочди, саёз сайтлар кўпчиликни ташкил этади. Ижодкорларимизнинг 99 фоизи интернет оламидан мутлақо узоқда. Компьютер пайдо бўлганига неча ўн йиллар бўлганига қарамай, улар ҳалигача механик ёзув машинкасини чиқиллатиб ўтиришибди. Ижодкорларга тегишли сайтлар бармоқ билан санарли. Борлари ҳам кўримсиз, пала-партиш, дизайн ва имло талабларига тўлақонли жавоб бермайди. Аммо бу яхши сайтлар йўқ, дегани эмас. Улар бармоқ билан санарли бўлса-да, бор.
Мен интернет тизимида энг аввало, буюк адабий меросимиз, мустақиллик, миллий маънавий меросимиз қадриятларини ўзида акс эттирган кутубхоналар пайдо бўлишини истайман. Бу, биринчи навбатда, глобал тармоқ дунёсига кирган ёшларни маънавий таҳдидлардан, миллий руҳимизга ёт таъсирлардан сақлайди. Президентимизнинг “ғоявий, мафкуравий бўшлиқ бир кунда ва бирданига пайдо бўлмаслиги, ғоявий бўшлиқ пайдо бўлган жойда муқаррар тарзда бошқа ёт ва бегона мафкуралар хуружи бошланиши” ҳақида айтган сўзларидан келиб чиқиб, мавжуд аҳволга қарасак, ҳали ўзбек интернети оламида жуда кўп муаммолар ҳал этилмаганига гувоҳ бўламиз. Бу муаммоларга беписанд қараш, улардан кўз юмиш, уларни ҳал қилишни пайсалга солиш охир-оқибат зарарли натижаларга олиб келиши мумкин.

Мамлакатимиз раҳбари сўнгги ўн йил мобайнида интернет хусусида, унинг фойдали ва зарарли жиҳатлари ҳақида бир неча маротаба ўз фикр-мулоҳаларини очиқ айтиб келаётгани диққатга сазовордир. Хусусан, Президентнинг мана бу сўзларига диққатингизни қаратмоқчиман: “Ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб фақат нолиб ўтирмасдан, ана шу таъсирчан замонавий ахборот воситалари орқали адабиётимизни кенг тарғиб этиш, хусусан, Интернет имкониятларидан фойдаланиб, етук бадиий асарларни ёшларга етказиш устида ҳам жиддий бош қотириш зарур, деб ўйлайман. Бу ҳақда сўз борганда, ўзбек тилидаги Интернет адабиётини шакллантириш, шоир ва ёзувчиларимизнинг ўз веб-сайтларига эга бўлишига эришиш нафақат адабий жараёнга, керак бўлса, бутун маънавий-маърифий ҳаётимизга кучли таъсир ўтказишини сизлар, албатта, яхши тушунасиз. Айни вақтда, ана шундай замонавий воситалар ёрдамида мумтоз адабиётимизни, жумладан, Алишер Навоий асарларини халқимизга яқинлаштириш, бу ноёб меросни ҳақиқатан ҳам маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаига айлантириш барчамиз, аввало, адабиёт аҳлининг вазифаси, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди”.

Президентнинг айни мана шу мулоҳазаси биз учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилиши керак. Буни энг аввало Uz миллий домени мутасаддилари, унинг бугуни ва келажаги учун масъул раҳбарлар ва ташкилотлар англашлари лозим. Улар, энг аввало, интернет ўзи нима эканлиги ҳақида ибтидоий эмас, чуқур тасаввурга эга бўлишларини истайман. Биргина мисол келтирай. Бундан 10 йилча аввал президентимизнинг шахсан ташаббуси билан 20 га яқин адибнинг веб-сайтлари ташкил этилган эди. Таниқли ижодкорлар бир неча ой давомида веб-сайтларни шакллантирган компания техник ходимлари билан бирга ишлашди. Бир йил ўтмай бу сайтларнинг ҳаммаси “ўлди”. Бугун бирортаси ишламайди. Мен бир мажлисда маънавият ва маърифат тизимига бош-қош бўлган юқори мансабдор шахсга муаммони ҳал қилиш хусусида мурожаат қилдим. Мансабдор норози оҳангда “Ҳа, энди очиб бергандан кейин ўзларинг қаранглар-да, биздан нима истайсиз?!” дейишдан нарига ўтмади. Интернет ҳақида умуман тушунчаси бўлмагани учун менинг “Сайтлар “калити” бизда эмас, компанияларда, “калит”ни олиб берсангиз, ўзимиз қарардик” деган гапимни тушунмади. Сайтлар ҳали-ҳануз ишламайди. Унга сарфланган меҳнат, сарф-харажат осмонга учди-кетди.

Бир-икки оғиз Uz миллий доменида мавжуд муаммолар ҳақида гапирсам.
Ҳар йили август-сентябрь ойлари давомида Uz миллий домени интернет-фестивали ўтказилади. Кузатишимча, бу фестиваль ҳар сафар ўртачадан паст савияда ўтади. Жюри аъзоларининг асосий қисмини техник ходимлар (уларнинг ҳам асосий қисми русийсзабонлар) ва ташкилотчи тизимлар атрофида ўралашиб юрадиган бир-икки “эъжодкор” ташкил этади. Сайтларнинг маъно-мазмунини тўғри баҳолай оладиган мутахассислар деярли йўқ. Оқибатда мустақиллик ғояларига беписанд, маънавиятимиз, миллий қадриятларимизга мос келмаган йўналишларда фаолият юритадиган айрим сайтлар тақдирланган ҳолатлар ҳам бўлди.

Uz миллий доменидаги яна бир жиддий муаммо сайтларнинг жуда қисқа муддатда яшаши ва уларнинг тезда “ўлиб” қолишида намоён бўлади. Биргина мисол келтирай: роппа-роса бир ойча аввал матбуот ва интернет саҳифаларида нуфузли ташкилот тизимидаги энг яхши веб-сайтлар кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Хабарда тақдирланган веб-сайтлар номма-ном тилга олинган, ҳатто уларнинг электрон манзиллари берилган эди. Аммо орадан бир ой ўтмай тақдирланган саккиз сайтдан тўрттаси “ўлиб” қолди. Бу кўрик-танлов ташкилотчиларининг масъулиятсизлигидан дарак беради, холос. Жаҳон интернет тизимида “бир кунлик сайтлар” деган атама бор, бундай сайтлар асосан товламачилар томонидан ташкил этилади ва қинғир ишлар амалга оширилгач, ўша заҳоти ёпилади. Мен назарда тутган кўрик-танлов ташкилотчилари ҳам фақат танлов пайтида, яъни 4-5 кун ишлаган сайтларни баҳолашган-у, ўша заҳоти уларни “ўлдиришган” чоғи.

Яна бир жиддий муаммо, бу мамлакатдаги айрим маънавий-маърифий ташкилотларнинг, айниқса, бир қатор газета ва журналлар мутасаддиларининг бошини қумга тиқиб, хавф-хатардан қутулмоқчи бўлган туяқуш каби, интернетдан унумли фойдаланиш ўрнига, ундан кўз юмиб келаётганида намоён бўлмоқда. Мамлакатимиз раҳбари интернетда мавжуд айрим хатарлар ҳақида гапирганда, “бошингизни қумга тиқиб ўтиринг” демаган, бу хатарларнинг олдини олиш йўлини ҳам кўрсатиб ўтган. Президент, энг аввало, ўша хатарларга қарши фаол маърифий кураш олиб бориш, айнан шу тарзда бутун маънавий-маърифий ҳаётимизга кучли таъсир ўтказиш мумкинлиги ҳақида гапирганини “туяқуш”лар тезроқ ва тўғри англашларини истардим.

Мени “Интернет бизга нима берди-ю, нимадан айирди?” деган савол анчадан бери безовта қилади. Интернет сўз эркинлигини берди. Шу билан бирга, сўз айтиш масъулиятини кунпаякун этди. Хоҳлаган одам истаган гапини ёзади, айтади, бировларни, айниқса, у манфаатдор таниши бўлса, олқишлайди. Хоҳлаган одамни ерга уради, ҳақорат қилади. Аммо ҳеч кимнинг олдида жавоб бермайди. Шунинг учун баттар қутуради. Биронтаси сал минғирласа, асл инсоний қадриятлар асосида шаклланган турмуш тарзи низомлари ўрнига “инсон ҳуқуқи” деган, аслида, аллақачонлар сохта ва ёлғон шиорга айланган гапларни пеш қилади.
Интернет барча инсон яратган технологияларнинг ҳаётга кириб бориши жараёнида кузатилганидек, инсон учун қулайлик яратди ва инсон ҳаётини маълум маънода чеклаб қўйди. Интернет берган сўз эркинлиги вақт ўтиб фикримиз равнақига таъсир қилади, аммо охир-оқибат фикримизни торайтиришга хизмат қилади. Бу менинг кашфиётим эмас, бу дунёнинг эътиборли медицина марказларида олиб борилган тадқиқотларнинг самарали натижасидир.

– Тан олиш керак, замонавий технологиялар, интернет бугунги авлодни сеҳрлади-қўйди. Бутун дунё “ўргимчак тўри”да улар нима билан машғул экани сир эмас. Қўл телефонлари-ку, ҳозир мутлақо бошқа миссияни бажаряпти… Гарчи ўзим ҳали ёшлик ҳаволари билан юрган бўлсам-да, виртуал оламда “яшаётган” миллионлаб ёшларнинг ҳаёт фалсафа”сини ҳеч тушуна олмайман. Ахир, умр ўтиб боряпти… Бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларингиз қандай? Ахборот технологиялари воситалари, интернетдан тўғри ва оқилона фойдаланиш учун қандай маслаҳат, тавсияларингиз бор?

– Ҳа, интернет замони ҳамма нарсани остин-устин қилиб юборди. Ўзимга яқин соҳа – адабиёт ҳақида гапирсам, интернет адабиётни “оммалаштирди”, аниқроғи, истеъдоди бор-йўқлигидан қатъи назар, “эъжодкор”лар уруғини кўпайтирди. Интернет том маънода графоманлар ҳукмрон бўлган майдонга айланди.
Яна такрорлайман, интернет ижод соҳасида “графоман”лар учун беқиёс имконият яратди. Бир пайтлар шеърингни эълон қилиш учун қанчадан-қанча “чиғириқ”дан ўтишинг керак эди. Яхши маънодаги бу “чиғириқ” адабиётимиз савиясининг юксалишига хизмат қиларди.
Шахсан мен сўз эркинлиги деганда очиқ ва эркин тарзда ўз фикрини айтишни тушунаман. Россия интернети – рунетда турли сиёсий жараёнларни ёхуд шарманда Pussi билан кечган воқеаларнинг ёритилишини диққат билан кузатиб, интернетнинг нақадар аёвсиз ва даҳшатли кучга айланганига иқрор бўлдим. Гап интернетдаги жанг жабҳасининг ҳар икки томонида турган кучларнинг қай бири адолат тарафида-ю, қай бири ноҳақлик тарафида турганида эмас. Бу уруш жабҳасининг ҳар икки томонида турган бир ҳовуч сиёсатчилару мавжуд тузумга қарши бўлган мухолифат вакилларини ҳисобга олмасак, ўзаро аёвсиз кураш юз минглаб ҳали сайлаш ёки сайланиш ҳуқуқига эга бўлмаган ўсмир болалар томонидан олиб борилди. Ҳали онги тўлиқ шаклланмаган ўсмир жангчилар ўша бир ҳовуч сиёсатчилару мухолифат вакилларининг сўзларидан, ҳаракатларидан озиқланиб ҳар лаҳза, ҳар дақиқа, ҳар соат тўхтовсиз равишда компьютер тугмаларини босиб, бир-бириларига бетиним ўт очиш билан машғул бўлишди…

Бугун интернет қудратини яхши англаган ёвуз кучлар томонидан тармоқда икки тамаддун – Ислом ва Ғарб цивилизацияларини бир-бирига қарши қўйиш билан, том маънода, Учинчи жаҳон урушини бошлашгани фаросатли одам учун сир эмас. Бу кучлар исломни ёмонлаш учун юзсизлик билан ҳар қандай қабиҳ йўлдан фойдаланмоқда. Улар айбни исломдан тополмасликларини яхши англаганлари учун ғараз ниятда “ёмонлик”ларни мусулмонлардан топишга ва айрим одамлар айбини ислом айби деб кўрсатишга уринмоқда.
Тасаввур қилинг: автомобиль бошқаришни билмаган, билишга қунт қилмаган одам машинасида бошқа бир машина билан тўқнашиб кетди ёки кўчада одамни босиб ўтди. Айб машинадами ёки ҳайдовчи одамдами? Биз юз берган тўқнашув ёки ҳалок бўлган одам учун нега автомобилни айблашимиз керак?

Хуллас, интернет ҳақидаги қисқа мулоҳазаларим, ундан тўғри фойдаланиш борасидаги таклифларим қуйидагилар:
– Билмаган одам учун интернет улкан ахлатхона, билган одам учун – хазина;
– Интернет бамисли дудама пичоқ. Бировнинг қўлида у олма пўстини чиройли айлана қилиб арчади, бировнинг қўлида гўдак жонига қасд қилади.
– Интернет берган сўз эркинлиги масъулиятини ҳеч қачон унутманг. Сиз нимани унутсангиз ўша нарса, барибир, бир кун сизни топади: лоп этиб катта муаммо тарзида қаршингизда пайдо бўлади.
– Йўлчироқ (светофор) ишламаса, чорраҳада бир зумда ҳаракат тўхтаб қолади. Миянгиздаги, онгу шуурингиздаги бобомерос маънавий тақиқлардан уялманг, улар интернетдаги йўлчироғингиз бўлсин.
– Интернет ташқарини, табиий Ҳаёт маромини тўсиб қўймасин. Баҳор келса, гуллаган олчаларни томоша қилинг. Ёз пайти салқин сувлар ёнига боринг. Куз палласи ”Бобурнома”да ажойиб тарзда тасвирланган хазон сайлига чиқинг. Қаҳратонда эса, айниқса, қор ёғаётганда боғу роғларни, ойдин кўчаларни кезинг, тасвирий санъат асарига айланган деразангизни томоша қилинг…
Хулоса тарзида устоз Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикматини бироз ўзгартириб, айтсак: “Интернет атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас”.

– “Дунёни ўзбекча англаш тарафдориман”, дейсиз суҳбатларингиздан бирида. “Ўзбекча англанадиган дунё”миз қандай бўлиши керак? Яна, “Биз – ўзбекнинг боласи бўлмиш ижодкорлар дунёни онамизнинг бағрида, отамизнинг елкасида туриб ўрганишимиз керак” дейсиз ва бу билан ижодда ҳам миллий заминдан узилмасликни назарда тутасиз. Айтинг-чи, миллийлик ва замонавийлик ўртасидаги мувозанат нуқтаси қаерда?

– Бу саволингизга юз йил аввал жадид боболаримиз бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган жавобни бериб, шундай мулоҳаза юритган эдилар: “Ҳамонки мақсад жамиятни янгиламоқ экан, уни янги авлодгина қилиши мумкин эди. Янги авлодни эса етиштирмоқ лозим. Эски, анъанавий усулда бу ишни амалга ошириш қийин, чунки замон ўзгарган…Сўнгги уч-тўрт аср Оврупони олдинга олиб чиқди. Унинг қўлини сарбаланд қилди. Энди Оврупо илм-фанини эгалламасдан дунё билан баробар яшаб бўлмайди… Айни пайтда ўзликни ҳам сақламоқ лозим. Дин-диёнат ҳам зарур. Хуллас, яшамоқ учун учала жиҳатни ҳам ушламоқ керак. Ушлаганда ҳам ҳеч бирини суистеъмол қилмасдан. Акс ҳолда мувозанат бузилади. Мувозанат бузилиши эса ёмон оқибатларга олиб келади. Масалан, ёлғиз дин ушланса, дунё қўлдан кетади. Фақат ўзлик, миллат десак, яна дунёдан ажраб қоламиз. Бировнинг биз билан иши бўлмайди. Овруполашсак, ўзлик йўқолади. Бу ҳам фожиа. Мувозанат керак…”
Тўғри, бугун бу муаммоларнинг табиати муайян ўзгарган, дунёдаги мувозанатни бузишга қаратилган янги хавф-хатарлар, тажавузкор кучлар пайдо бўлган. Агар жадид боболаримиз, худди Тагор каби дастлаб нур олиб келади деб ўйлаган Ғарб тимсолида тараққиётга бошловчи илм-фанни кўрган бўлсалар, бугун биз, юқорида қайта-қайта таъкидлаганимдек, ҳама нарсани манфаат ва куч ишлатиш, зўравонлик нуқтаи назаридан ҳал қилишга уринаётган Ғарб диктатурасига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Биз, ўзбеклар, дунёни, дунё адабиётини бир асрдан сал кўпроқ вақтдан буён асосан руслар дунёси, рус адабий нашрлари ва матбуоти орқали қабул қилдик ва билдик. Масалан, чет эл адабиётидан бирон бир адиб асари таржима қилинса, ўшани биламиз, таржима қилинмаган бўлса, у адабиёт ёки ёзувчи, шоир ҳақида ҳеч нарсани билмаймиз. Бирон бир асар рус оламида шов-шувга сабаб бўлса, мақталса, ўша асарга мафтун кўзларимизни тикамиз, тезроқ ўқисайдик деб интиқ бўламиз. Мабодо тилга олинмаса, уни ўқишга ҳам шошилмаймиз.
Бундан 30-40 йилча аввал (адабий дид бошқача бўлгани учунми, билмайман, алданишлар кам бўлган) буюк японлару Лотин Америкаси адабиёти вакилларининг китобларини завқланиб ўқиганмиз. Улардан кутган умидларимиз ҳамиша ўзини оқлагани учунми, бугун ҳам янги замон келиб, руслар адабий муҳити ўзгарганини билмагандай, ҳамон шимолга қараб маҳталмиз. Биров айтмайдики, дунё ўзгарди, бурунги ўлчовлар энди бефойда. Энди китоб ёки адиб шон-шуҳратини асл адабий мезонлар эмас, реклама, коммерция белгилайди.

Хуллас, жаҳон адабиёти дунёсини “ўзбекча” билиш хусусида гапирадиган бўлсак, аввалан, рус адабий оламидан миннатдор бўлишимиз керак, сониян, ўзимизнинг дидимизни мустақил тарбиялашга киришмоғимиз даркор. Аниқ айтаман, бу бир йилнинг ёки ўн йилнинг иши эмас, бу ярим асрми, бир асрми, жуда улкан муддатни талаб қиладиган жараён. Аммо уни бошлаш керак. Аслиятдан таржима қиладиган ўзбек таржимонлари авлоди шаклланмас экан, қўшни маҳалланинг хўрози қичқиришига қараб иш тутишга мажбурмиз. Жуда кўп вақт кераклиги ҳақида ёзаётганимда, мозийдан бир нарса учиб келди-ю, миямга “чарс” этиб урилди.
Эмишки, руслар босқини бошланишидан бир неча ўн йиллар аввал хонликларимиздан бирига инглизларнинг вакиллари ташриф буюриб, шимолдан келажак хавфдан огоҳлантиришган (албатта, уларнинг ҳам ўз манфаати бўлган, русларнинг ҳам, инглизларнинг ҳам нияти бир тарзда ёвуз бўлган). Шунда хонлик эгаси “ Айтинглар-чи, бу сизлар айтган ўрислар тахминан неча йилдан кейин келиши мумкин?” деб сўраган экан. Инглизлар “Тахминан 30-40 йилнинг ичида” деб жавоб берибди. Шунда хонлик эгаси қаҳ-қаҳлаб кулиб, “Ҳа, шунча вақт бор экан, нега мени ташвишга соласизлар,” дебди…
Биз ҳам “Ҳа, шунча вақт бор экан, нега айнан биз ташвишини қилишимиз керак” деб ўтирсак, болаларимизнинг болалари ҳам қўшнининг хўрозига қараб яшаб юраверадилар.
Биз бу ишга киришишдан олдин шу кунлар менинг қўлимдан тушмайдиган бўлиб қолган мўътабар бир китобни – Бегали Қосимовнинг “Миллий уйғониш” асарини қайта-қайта ўқиб, миямиз элагидан ўткармоғимиз шарт, деб ўйлайман. Жаҳон адабиёти дунёсини ўзбекча билиш муаммосини жадид боболаримизнинг “Уйғонмоқ дунё билан баробар яшамоқдир” деган шиори билан бевосита боғлиқ деб биламан. Юқорида анча узоқ вақтни талаб қиладиган жараён ҳақида гапирганимда, бир нарсани англаб гапирдим: жадид боболаримиз бошлаган жараёнлар ҳалигача поёнига етгани йўқ, улар давом этмоқда,
Биз жамият ва адабиёт ривожи учун таржимага катта эътибор қаратишимиз керак. Таржима миллатнинг ҳимоя қуролидир. Бегона тилдаги асар фақат таржима қилингандагина миллатимиз мулкига айланади ва миллатимизга хизмат қила бошлайди. Дунёнинг салмоқли асарларини таржима қилсак, адабиётимизда яратилаётган асарлар бўйини ўлчаш имконияти пайдо бўлади. Яна энг муҳим жиҳати шундаки, таржима тилимизнинг бойишига хизмат қилади, унинг бадиий тасвир имкониятларини ривожлантиради, янгича тасаввур ва тимсолларга ном топишга ўргатади.
Бу хусусда узоқ гапириш мумкин. Чунки муаммолар, уларни ечиш билан боғлиқ тадбирлар алоҳида фикр-мулоҳаза юритишни талаб қилади.

– Устоз-шогирдлик анъанасининг бугунги ҳолати ҳақида нима дейсиз?

– Менга ҳам жуда кўп ёшлар ёзганларини олиб келиб, маслаҳат сўрашади. Ҳаваскорлик даражасида ёзилган шеърни ўқиб ҳам мен ҳеч қачон “Шеър ёзма!” деб айтолмаганман. Фақат битта маслаҳат бераман: “Таржима билан шуғулланиб кўринг”. Таржима ёш ижодкорни тоблайди, иқтидори юксак шоирни таржима қилганда сенинг ҳам иқтидоринг ўсади.
Гапни таржимадан бошлаганим ҳам бежис эмас. Ҳар сафар ўзим яхши кўрган, маҳоратига тан берган шоирни таржима қилганимда, ўша шоир менинг устозимга айланарди, чунки мен ундан ўрганардим.
Устоз ва шогирдлик анъанаси ҳақида узоқ гапириш мумкин. “Уста кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган гап бекорга айтилмаган бўлса керак. Шахсан менинг руҳоний-увайсий устозларим – Мирзо Бобур, Ойбек, Усмон Носир, кўрган – суҳбатдош устозларим Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи. Менга умрим давомида жўра устоз бўлиб келган – Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Матназар Абдулҳаким, Азим Суюн, Шукур Қурбон, Йўлдош Эшбек…
Мен тилга олган устозларимдан нималарни ўргандим? Мирзо Бобур ҳазратларидан ростгўйликни, оғир хато қилганингда ҳам, тан олишни ўргандим. Ойбек домладан инжа туйғуларни қандай ифода этмакни, Усмон Носирдан ҳам шеър, ҳам таржима санъати сирларини, Эркин Воҳидовдан мумтоз адабиётга муҳаббатни, уни идрок этмакни, Абдулла Орифдан ўтаётган умрнинг ҳар лаҳзасидан ҳикмат топмоқни, Рауф Парфидан қандай шеър ёзмасликни ўргандим. Жўра устозларимнинг ҳар биридан ҳам нимадир ўргандим, ҳамон ўрганяпман.

Гарчи адабий ижод бутунлигича индивидуал жараён бўлса-да, гарчи яхши шеър ёки ҳикоя ёзишни ҳеч ким ўргатолмаса-да, кўҳна Шарқда устоз-шогирдлик анъанасига алоҳида эътибор берилган. Бу анъанада ҳар икки томоннинг ўз вазифаси, масъулияти бор. Устоз шогирдининг шеърини ёзиб бермайди. У ўз тажрибаларидан хабардор қилади, ўзи ёзган асари билан шогирдигага сабоқ беради ва энг муҳими, шогирдига ҳар томонлама маънавий кўмак беради, лозим топганда, мақтайди ёки хатосини айтади. Фақат мақтайдиган устоздан наф йўқ. Ҳадеб хатосини юзига солиш ҳам устозлик эмас.
Шогирд устозни (устоз ҳам шогирдини) бир вилоятдан бўлгани ёки бир жойда ишлаганидан келиб танламайди. Ўртада руҳий ва маънавий уйғунлик, тажрибаларда яқинлик мавжуд бўлиши керак. Аксинча бўлса, бу бошқача аталади.
Мен ўзингдан уч–тўрт ортиқ кўйлак йиртган, ёши улуғ ижодкорга шеър олиб бориб, ўқитиш билан “Бу зот менга устозлик қилди” қабилидаги гапларни қабул қилолмайман. Рауф Парфи билан бирга уч-тўрт марта қадаҳ тўқиштиргани учун “Рауф Парфи менинг устозим” деб юрган айрим укаларимнинг шеърларига қарайман, зеро, фақат шеъринг устозинг кимлигини айтиб туради.
Бундан 25 йил аввал бир шеъримда айтган сўзларимга ҳалиям ишонаман:

Усмон Носир, Ойбек ва Бобур –
Мен сиздан кўп ўргандим, бу рост.
Лекин шеърда устоз йўқ… Бордир
Фақат виждон –
Энг буюк устоз.
Виждон бордир – юрак тубида
Булоқ каби жимирлаб турган,
Виждон бордир – зулмат тунида
Юзимизни қуёшга бурган.
…Устоз йўқдир ишқда,
Устоз йўқ –
Олар чоғи душмандан қасос.
Ўлимдаям устоз йўқ,
фақат
Виждон бордир –
Энг буюк устоз.

Бу шеър ёзилган 1985 йил – она тилимизга давлат тили мақоми бериш учун кураш бошланган, мустақиллик ва озодликка интилиш кучайган, тарихимизнинг авж палласи эди. Шу сабабдан шахснинг жамиятдаги ўрнини, позициясини унинг виждони белгилайди деб ўйлаганман. Ҳозир ҳам шу фикрдаман.
Адабиётдаги чинакам устоз, менинг назаримда, улуғ ижодкорлар қолдирган ибрат бўлса керак. Тил ва сўзга масъулият ибрати, миллат ва ватан тақдиридаги муҳим масалада ёндашув ибрати. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпондан биз ижодкор аҳлига энг аввало ана шу Ибрат қолган.

– Баъзи ижодкорлар – эҳтимол улар жуда кўпдир – болалиги кўпроқ кераксиз китоблар мутолааси билан ўтганини афсус билан айтиб ўтишади. Яъни, улар беғараз маслаҳатчи-устоз топгунига қадар қўлга тушганини ўқиб юраверишган… Бу ҳол Сизда қандай кечган? Умуман, ёшларга қайси китобларни ўқишни тавсия этасиз?

– Беҳзодбек, бу дунёда китоб мутолаасидан ортиқ завқ бормикан ўзи? Нафс талаб қилган завқлар, эҳтирослар бордир, аммо қалб ва руҳ истаган завқлар дунёсида мутолаа мақоми юксакдир. Мутолаа кўзнинг эмас, юрак ва идрокнинг иши.
Буюк Ҳерманн Ҳессе эътироф этганидек: “ Бирор фойдаси бўлмаса, ўқишга вақт сарфлаш ақллилик белгиси эмас, аксинча кони зиёндир. Мутолаадан мақсад руҳингга куч-ғайрат бағишлаш, ўзингни яхшироқ тушунмоқдан иборат. Агар ҳар бир ўқилган китоб бизга қувонч ёки тасалли, руҳий қувват ёки руҳий ҳузур бермаса,адабиётни билишдан маъно йўқ. Биз ўзимизни ва турмушимизни унутиш учун эмас, балки ҳаёт жиловини янада юксак шуур билан бошқара билиш учун ўқишимиз керак”.
Агар бирор бир одам ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлишни истасангиз, у қайси китобларни ўқиганини билсангиз, кифоя. Яъни, сен қайси китобларни ўқиганингни айтсанг, мен сенинг кимлигингни айтаман. Кимдир овуниш учун, кимдир қалб ва руҳ тарбияси учун китоб ўқийди. Асл китобхоннинг диди юксак маданиятга асосланади. Ҳар қандай юксак маданият шаклланган жамиятда диди юксак китобхонлар мавжуд бўлади. Жамиятнинг нечоғли маданиятлашгани нашр этилаётган китобларнинг сони билан эмас, юксак мутолаа савиясига эга китобхонлар сони билан баҳоланмоғи лозим, деб ўйлайман. Айни шундан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, китоб дўконларининг нечоғли гавжум бўлиши эмас, кутубхоналарга аъзо бўлган китобхонлар сони жамият даражаси ҳақида тўлиқ маълумот беради.
Яширмайман, мен ҳам болаликда кераксиз китобларни роса ўқиганман. Дастлаб, мактаб кутубхонасида, адабиёт муаллимаси бўлган Субуҳа холам тўплаган китобларни, кейинчалик колхоз ва ундан кейин қишлоқ шўроси кутубхоналарида қандай бадиий китоб бўлса, ўқийверганман. Фақат 16 ёшларимда китобни танлаб ўқий бошлаганман. Ўсмирликда менинг севган адибим Миркарим Осим эди. Айниқса, “Ўтрор” қиссасини такрор-такрор ўқирдим. Самарқанду Миркарим Осим тарихга бўлган улкан муҳаббатимни шакллантирган, десам хато қилмайман.
Қандай китобларни ўқишни тавсия қилиш масаласига келсак, жавобим битта: замонлар синови буюклигини исботлаган классиклар китобларини ўқиш керак.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН суҳбатлашди.

«Китоб дунёси» газетаси, 2013 йил 14 август.

P.S.
Суҳбат газета вариантидан фарқ қилиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 885

2 комментариев на ““Уйғонмоқ дунё билан баробар яшамоқдир”

  1. Alisher
    21.05.2014 at 10:37

    Assalomu alaykum!
    Sayt juda yaxshi ekan, rahmat. Netga ko’proq mobil telefonim orqali kiraman. Telefonimda esa krill grafikasining o’zbekcha harflari yo’q. «O’ «, «G’ «, «Q» va «H» harflarini krillda ko’ra olmayman. Lotincha versiya ham bo’lsa, yana-da yaxshi bo’lur edi.

    1. Sayt muallifi
      28.05.2014 at 06:47

      Nasib qilsa, saytning lotin yozuvidagi versiyasi ham bo’ladi. Mobil versiya haqida ham o’ylayapmiz. E’tibor uchun rahmat.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *