Сувон Мели. Ғафур Ғулом: Вақт фалсафаси

1

Вақт феномени, ҳодисаси бир йўла бир неча – физика, математика, астрономия ва бошқа қатор фанларда ўрганилади. Чунки бу фанлар дунёвий жараёнларни тадқиқ этар экан, вақт иштирок этмаган жараённинг ўзи йўқ, қайсидир даражада вақтга тўқинади. Вақт бадиий адабиёт отлиғ яратиқнинг ҳам зарурий ингредиенти, масаллиғидир. Лекин ўта нозик, кўз илғамас, аммо ҳамиша ҳар ерда ҳозиру нозир масаллиқдир.

“Тарих – бу вақт доирасида кечадиган жараёнларни ўрганиш бўлиб, лекин вақт нима эканини ҳеч ким билмайди”[1].

Вақт каби юзаки қараганда жўн, замирга боқилса,  ўта тилсим ва мавҳум нарсани, уни нарса деб ҳам, нарса эмас ҳам деб бўлмайди, поэтик мавзу қилиб олиш, уни муносиб тарзда юксак поэтик мезонларда очиб бериш учун бу ишга қўл урган шоир унча-мунча шоир бўлмаслиги, бир вақтнинг ўзида (яна вақт!) ҳам улуғ шоир, ҳам файласуф бўлмоғи, яъни мавҳум фикрдан шеър яратмоғи, фикр қаъридаги шеърият, жозибани кашф этмоғи керак.

Буюк донишманд Аристотель ўзининг “Физика” асарида вақт ҳақида тўхталар экан, масалани “вақт мавжуд нарсалар сирасига кирадими ёки номавжуд нарсалар сирасига, сўнг унинг табиати қанақа”[2] тарзида қўяди. Бинобарин, вақт қайси, физикавий аниқ ёки поэтик ҳиссий шаклда ўрганилмасин, ҳамиша сирли ҳодиса бўлиб қолаверади.

“Вақт” шеъри яралишидан сал ўтибоқ, 1946 йили (шеърга 19.9.45 санаси қўйилган) “Ҳозирги ўзбек адабиётидаги тизма сўзнинг чўққиси”[3] дея баҳоланган.

Шеърнинг пайдо бўлишига туртки бўлган воқеа сарлавҳа остида аниқ қайд этилиб, “Менга соат тақдим этган жияним Ҳамидулла Ҳусан ўғлига бағишланган” деб ёзиб қўйилган[4]. Бу шунчаки оддий бағишлов бўлмай, уни семиотик очқич деб баҳолаш мумкин. Бағишловда бошқа тафсилот йўқ. Лекин шоир ва таржимон Александр Наумов шоир тилидан ёзиб олган “Йўл тугамайди” (“Путь не кончается”) деб номланган суҳбатда шоир ўзининг қатор асарлари, жумладан “Вақт” шеъри ҳақида қимматли маълумотлар беради. Бунда айтилишича, шоирга зобит жияни тақдим этган соат оддий, яъни дўкондан харид қилинган янги соат эмас, балки трофей соат бўлган. Соат азал-азалдан вақт ўлчагич асбоб, лекин трофей соатнинг бошқа кўшимча белгиси ҳам бор, у тутилган, душмандан ўлжа тарзда олинган буюм. Буни қайд этиш муҳим.

Шоир ушбу суҳбатда ҳам ҳассос ижодкор, ҳам теран адабиётшунос сифатида, зеро академик-шоир ибораси фақат Ғафур Ғуломга ярашади, “Вақт”нинг туғилишидаги икки жиҳатни аниқ қайд этади.

Биринчи жиҳат. Шоир совға ҳақида гапириб келиб,  дейди: “Уни олдиму сал ижирғандим, соатни  кўрибоқ ўйладим, уни қандайдир немис, фашист таққан, бунинг устига у ҳалок бўлган… Шундай қилиб, соат 45-йил майигача қайдадир ётди. Байрам тантаналари авжи қизиган пайт тасодифан олдимдан чиқди. Онгимда аниқ шаклланган фикр бўлмаса-да, мен уни энди тақишим мумкин, деб ўйладим. Бир тўйда қадаҳ сўзи айтар эканман, дедим: менинг билагимдаги трофей соат бежизга эмас, илгари у душман учун вақтни ўлчаса, энди у бизнинг вақтни кўрсатмоқда! (Аслиятда: раньше они отсчитывали время врагу, а теперь считают наше время!). Бизнинг вақт… Лекин бу ўта умумий рамз бўлиб, у ҳамма нарсани ўзига сиғдирарди. Шеър зарурияти онгда пишиб етилганди; лекин Вақт образи худди бепоён сув сатҳидек эди: мен бир соҳилда турар, иккинчи соҳилни эса кўра олмасдим…”[5].

Иккинчи жиҳат. Яна алломанинг сўзлари: “Бир куни, чала-ярим уйқусиз тундан кейин тонгда шаҳар айланишга чиқдим, кўчада сайр қилиб юриб, нашриёт эшигига келиб қолибман. Адабий таҳририятда икки киши бор эди – муҳаррир дўстларимдан бири ва корректор қиз. Мен беихтиёр саломлашдим, беихтиёр саволга жавоб бердим; қиз менга ёнлаб турарди, мен унинг узун майин киприкларига боқдим. Улар худди тунги капалак қанотидай кўтарилиб-тушарди… Мен яна қарадим: капалак яна қанотларини ёзди. Кўзини пирпиратди… ва мен ушбу оний лаҳзани  аранг илғай олдим. Мана сизга мангуликнинг иккинчи чегараси, ибтидолар ибтидоси! Айни шу эмасми лаҳзанинг жонли образи… кўз очиб-юмгулик лаҳза? Ва илк калит банд, мени узоқ қийнаган, уни топиш амримаҳол мўъжиза, худди ҳаводан моддий нимарса ҳосил қилишдай туюлган тансиқ банд тўсатдан ўз оёғи билан келди ва худди байрамда отиладиган мушак каби менинг тасаввурим осмонида портлади”[6].

Ушбу сўзлар ғоят ноёб далиллар бўлиб, уни ёзиб олган Александр Наумовдан миннатдор бўлишимиз лозим. Бунда аллома ўзи яратган муаззам шеърнинг куртакланиш онларини, таъбир жоиз бўлса, бадиий эмбрионини кўрсатмоқда. Масала ечимининг (шеър таҳлили ҳам масала, Низомий Ганжавий ёзганидек, шарҳи сухан бештар аз сухан, яъни сўзнинг шарҳи сўзнинг ўзидан каттароқ), илмий аниқ калитини бермоқда. Фақат бу калитни шеърнинг дил қулфига солиб, назокат билан бураш қолади, холос.

Шоирнинг тасаввур осмонида портлаган илк бандга назар солсак, кўрамизки, шеър икки ҳодиса қиёсидан бошланади: “Ғунча очилгунча ўтган фурсатни Капалак умрига қиёс этгулик…” Юқорида келтирилган суҳбатдан биламизки, аллома ҳодисанинг иккинчи соҳилини бежиз изламаган. Агар қиёсланувчи нуқта, махраж – Лаҳза топилмаса, умуман “Вақт” шеъри учун қиёс принципи етакчи принцип сифатида кашф этилмаса, шеър туғилмаган, дунё юзини кўрмаган бўларди. “Қиёсга сиғмас таққос” (болаларнинг катта шоири Т.Адашбоев шеъридан мисра) дейилганидек, ялпи қиёс “Вақт” шеърининг структур яхлитлигини таъминлайди, унинг бадиий-структур қиёфасини тайин этади. Шеърда доминант сўз ва доминант тушунча – лаҳза. Унда қадам-бақадам лаҳза ва унга маънодош сўзлар фурсат, нафас, дам, он, секунд узоқ вақтга (мангулик, чексизлик қадар), бақамти қўйилиб, лаҳзанинг қадр-қиммати (“Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун, Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз”) шундай қуйма мисраларда таъкидлана боради. Поэтик фикр тантанаси, апофеоз охирдан олдинги бандда юз кўрсатади:

                   Ҳар лаҳза замонлар умридек узун,

                   Асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал.

                  Умрдан ўтажак ҳар лаҳза учун

                   Қудратли қўл билан қўяйлик ҳайкал.

Лаҳза учун қўйилган ҳайкални лаҳзага қўйилган ҳайкал деб ҳам талқин қилиш мумкин. Лаҳзага ҳайкал қўйиш уни тўхтатишга уриниш, ҳеч бўлмаса, шунга илинж демакдир. Ушбу нуқтада “Вақт” шеъри инсониятнинг буюк бадиий обидаларидан  бўлмиш Гётенинг “Фауст” трагедияси билан фикр-ғоя жиҳатидан кесишади. Фаустнинг Мефистофель, иблис билан тузган шартномаси айнан лаҳзага оид эди:

                   Агар мен бир онни улуғлар бўлсам,

                   “Тўхта, эй сония!” – деб айтсам агар,

                   Сени тутқунингман майли ўша дам[7].

Икки ўртадаги кесишув нуқтадан маъно чиқариш махсус илмий изланишлар мавзусидир. Лекин бир фикрни айтиш жоиз. Нега Мефистофель, иблис ўзига ишонган ҳолда бундай шартномага журъат қилади, у инсон, яъни Фауст ҳеч қачон лаҳзани (аслиятда Der Augenblick, яъни лаҳза) улуғламайди, тўхта, эй сония деб айтмайди, яъни ҳаётдан шу даражада маънавий лаззат топа олишига ишонмайди, шекилли. Дастлаб бунга Фаустнинг ўзи ҳам ишонмайди.  Гётенинг реалист санъаткорлиги шундаки, асар охирида унинг Фаусти бундай бахтга (бахтли  онга) тўлиқ эришмайди, у фақат инсон қачондир етиши мумкин бўлган бахтли онларни тасаввур қилибгина, яъни насия тариқасида дейди:

                   Ўшал сонияни сезиб олдиндан,

                   Энг олий лаҳзада турибман бу дам[8].

“Вақт” шеърида эса “Умрдан ўтажак ҳар лаҳза учун” ҳайкал қўйиш даъват этилади. Бу инсонни тинимсиз ижодга, яратишга, лаҳзани бўйсундиришга ундаш демакдир. Бинобарин, инсон яратган буюк маънавий обидалар ушбу “энг олий лаҳзада” дунёга келган ва ўткинчи, чопағон вақтга қўйилган собит ҳайкаллар эмасми?

                                                        2

Шеърнинг ички оламига янада чуқурроқ киришга имкон берадиган бир ҳолат бор. Бу асар яратилган пайтда ҳокими мутлақ бўлган, шу боис шеърга суқилиб кирган Сталин номи билан боғлиқ.

“Вақт” шеърининг илк нусхасида Сталин сўзи икки карра учрайди. Жами ўн беш банд, олтмиш мисрадан иборат шеърнинг дастлаб 7-бандида, сўнг 14-бандида. Кейинги ўринда бу сўз бир оз ножўя ишлатилганидек туюлади: “Ҳар лаҳза Сталин умридек узун…”. Бу балки Сталин тириклигида ўзини оқлар, лекин шеър ёзилганидан етти ярим йил ўтиб “халқлар отаси” вафот этади, у бор-йўғи (абадиятга нисбатан, албатта) етмиш тўрт йил умр кўрганини эътиборга олсак, абадият томон интилаётган “узун” сўзи бу ўринда анчайин ҳайф экани аниқ бўлади. Шунинг учун Шоирнинг ўзи Сталин сўзи ўрнига бандга ва шеърга узукка кўз қўйгандек ярашган “замонлар” калимасини қўйиб, асар потенциясидаги асл маънони гўё қайта тиклайди. Шу жойда Сталин замонлар олдида ким бўлибди, дегинг келади.

7-банддаги учинчи мисра кейинчалик анча эврилишларга учрайди. Дастлаб мисра “Тирик Сталиннинг нафасдошимиз” бўлган, сўнг уни Шоирнинг ўзи “Барҳаёт Лениннинг авлодларимиз” дея ўзгартирган[9]. Истиқлол даврида чоп этилган “Танланган асарлар” (Тошкент, 2003)да мисра “Ўзбекнинг барҳаёт авлодларимиз” шаклини олган. Шоир таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан босилган, “Вақт” шеъри ўрин олган буклетда мисра “Барҳаёт Навоий авлодларимиз” тарзида берилган. Диққат қилинса, кейинги ўзгартиришларда муаллиф изидан борилган. Лекин, бизнингча, бу ўринларда илк нусхада мавжуд бўлган ва шеърнинг маъно-мазмун меҳваридан мустаҳкам жой олган бир маъно қурбон қилинган. Буни англаш учун бандни тўлиқ келтирамиз:

                   Бебаҳо дамларнинг тирик жони биз,

                   Ҳар они ўтмишнинг юз йилига тенг.

                   Тирик Сталиннинг нафасдошимиз,

                   Нафаски, мазмуни фазолардан кенг[10].

Одатда, банд, жумладан ушбу банд ҳам нисбий тугал бутунлик бўлиб, ўз архитектоникаси, тўқилмасига эга. Иккинчи мисрадаги “тирик” сўзи учинчи мисрадаги шаклдоши “тирик” билан учрашади, яна шу мисрадаги “нафасдош” охирги мисрадаги “нафаски”ни талаб қилиб, сўраб олиб, мураккаб маъно тармоғини ҳосил қилади. Кейинги нашрларда учинчи, Сталин бор мисра тамом ўзгартирилгач эса бундай маъно уйғунлигига путур етади. Натижада сўнгги мисрадаги “нафаски” “ҳар нафас”га айланиб, нега унинг “мазмуни фазолардан кенг” эканлиги бир қадар ёпиқ қолади, чунки у ўзидан олдинги мисрадаги таянч маънодан маҳрум бўлган, етим мисрага айланган эди.

Энди илк нусхадаги банднинг бадиий фалсафий маъносини чақишга уриниб кўрайлик.

Дамлар бебаҳо, аввал айтилганидек, “Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун, Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз”, бу маълум, лекин бу бандда маънонинг янги ўрами ёки тарами юз кўрсатмоқда. Яъни дамга жон бағишловчи, уни тирилтирувчи биз, яъни инсон. Тирик вақт, оний лаҳза ўтмишнинг, ўтиб кетган  вақтнинг юз йилига тенг. ЮЗ йил бу ерда кўпликни билдирувчи бир белги холос, уни ўтмиш томон чексизлик қадар чўзиш мумкин. Лекин бу унча муҳим эмас, муҳими – биздан, нафас олаётган вақтимизда кечаётган вақт, ҳозир – лаҳза ўтиб кетган, ўтмишга айланган лак-лак вақтдан беҳад қиммат. Ўша ўтмиш вақт ҳозир – лаҳзага тобе. Лекин ҳозир – лаҳза тизгинсиз, чопағон, уни тўхтатиб бўлмайди. Шеърда қуйма тарзда айтилганидек, “Нурлар қадами-ла чопган секунднинг Барини тутолмас айҳаннос овоз”. Лекин уни тўхтатиб бўлмаса-да, у ҳар лаҳзада (бежиз у лаҳза эмас) янгиланиб тураверади ва ҳозир – лаҳза сифатида ҳамиша ҳукмрон мавқеда туради: Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема. Ўзга  дам эса энди ўтмиш, у ҳамма томонга чексиз йўналган бўшлиқ – фазога сингиб кетади.

Айни шу лаҳзада, мен ҳам буни ҳозир англадим, банд бошидаги “дам” сўзи (“Бебаҳо дамларнинг…”) мутлақо бежиз эмаслиги, бу сўз фақат фурсат, лаҳза ёки вақтни англатиб қолмай, (Ўзбек тилининг беш жилдлик изоҳли луғатида сўзнинг бешта маъноси кўрсатиб ўтилган) у нафас, тин маъноларини англатиши, шу туфайли учинчи ва тўртинчи мисрадаги “нафасдош” ва “нафас” сўзлари юқоридаги “дам” билан топишиши маълум бўлади. Нафасдош, яъни ҳамнафас бир хил ва бир пайтда нафас олувчини англатиб, ҳозир – лаҳзада нафас олаётган, яъни барча тирик одамлар қайси бир оламий нуқтада қондош ва қариндошдир. Шунинг учун “Тирик Сталиннинг нафасдошимиз” мисрасидаги Сталин сўзи деярли аҳамиятга эга эмас. Мисрада таянч сўз-тушунчалар “тирик” ва “нафасдош”дир. Янги даврда фақат Сталин сўзини ўзгартиш керак, холос.  Бизга қолса, мисрани “Тирик буюкларнинг нафасдошимиз” тарзида  ўзгартишни, шеърнинг янги нашрларида айнан шундай ёзишни таклиф қилган бўлардик. Биз бир пайтлар Шоирнинг “Тошкент” шаҳри ҳақида ёзган мақоламизда шеърдаги “совет” сўзини “башар”га алмаштирган ва сўнг дейилган эди: “Бунда мен ҳақиқатга зид бордим ёки тарихийликни буздим, деб ҳисобламайман, аксинча, ҳақиқат қарор топди, дейман. Бу каби ўзгартишлар бир қонуният мавжудлигидан дарак беради: таги бақувват, асли бутун шеърлар, улар қандай замонда яртилган бўлмасин, худди тирик организм каби янги шароитда ҳам яшовчанлик иқтидорини намойиш этади. Бадиий  бутунлик шундай мустаҳкам иморат эканки, у жузъий таъмирдан лат емайдигина эмас, ҳатто кучаяр ҳам экан. Бундай асарлар асл тикланиш замонини кутиб ётар, балки”[11]. Бу фикр “Вақт”га ҳам тааллуқли.

Яна кўриб ўтаётганимиз бандга қайтиб, айтиб ўтайликки, учинчи мисра “Барҳаёт (Лениннинг, ўзбекнинг, Навоий) авлодларимиз” деб ўзгартирилганидан кейин унинг кейинги мисра билан боғловчи ип узилган ва ҳар икки мисра якпора мисрага айланиб, “Ҳар нафас мазмуни фазолардан кенг” тасодиф, туйқус айтилган фикрга ўхшаб қолганди.

Лекин яна банднинг илк ҳолатига қайтамиз. Тўртинчи мисра юқоридаги маъно – ҳозир – лаҳзанинг (нафас ҳамиша ҳозирдир, буни қайд этиш муҳим) ҳукмрон мавқесини тасдиқлашдан ташқари, ХХ аср физика фанида инқилобий ўзгариш ясаган нисбийлик назарияси ва квант механиканинг фазо ва вақт ҳақидаги оламшумул ғояси томон кўприк ташлайди. Маълумки, инсониятнинг ушбу улуғ кашфиётларида уч ўлчамли фазо ўрнига тўрт ўлчамли фазо (тўртинчи ўлчам – вақт) тушунчаси етакчи мавқега кўтарилади. Мазкур ғояни илк марта немис физиги Г.Минковский “Фазо ва вақт” (1908) мақоласида исботлайди. У қатъий қилиб шундай ёзади: “Бундан кейин фазо ўз-ўзича ва вақт ўз-ўзича йўқликка юз тутиб, энди фақат уларнинг нозик бирикуви (еine Art Union)гина ўз мустақиллигини сақлаб қолиши зарур”[12]. Буюк физик, нисбийлик назарияси ижодкори А.Эйнштейнга бағишланган китобда ёзилишича, “Нисбийлик назарияси фазо ва вақт орасидаги боғлиқликни очиб берди”. Яна шу ерда ёзилишича. “Оламнинг энг оддий унсури – бу воқеа деб аталмиш нарса. У худди зум ўчиб-ёнадиган чироқнинг оний чақнаши монанд “хол-хол” ҳодисага ўхшайди”[13]. Нисбийлик назариясида оламнинг фазо – вақт структураси ҳақида гап кетганда унга шундай таъриф берилади, яъни фазо – вақт оламдаги барча ҳодисалар тўплами бўлиб, бунда бир ҳодисанинг иккинчи ҳодисага таъсир этиш нисбати алоҳида эътиборга эга.

Воқеа-ҳодисалар хол-хол бўлиб рўй бераверади, бетўхтов ўтаверади. Вақт кечаверади. Шеърда айтилганидек,

                   Замона соати занг урар мудом,

                   Минглаб ҳодисалар минутларга қайд.

                   Қаҳрамон туғилди, шаҳар олинди,

                   Бир гигант қурилди шарафли бу пайт[14].

Илк нашрда биринчи мисрадаги кўчимсиз аниқ “Кремль куранти” ўрнига қўйилган кенг қамровли метафорик жумла “замона соати” (буни “вақт соати” тарзида ҳам талқин қилиш мумкин) шеърнинг ялпи руҳига ортиқ даражада мос. Биз бу ўринда яна юқорида айтилган кучайиш феноменига гувоҳ бўламиз. Ҳамда жузъий таъмирчининг бадиий дидига таҳсин айтамиз.

Яна “Бебаҳо дамларнинг тирик жони биз…” деб бошланадиган 7-бандга қайтамиз. Ундаги “Нафаски, мазмуни фазолардан кенг” мисрасида юқорида сўзлаганимиз фазо – вақт ўзаро учрашади ва тўқнашади. Бунда ҳам шеърда етакчи бўлган қиёс принципи ёпиқроқ тарзда мавжуд, яъни лаҳза (нафас) фазолар билан қиёсланмоқда ва фазолардан кенг эканлиги таъкидланмоқда. Бунинг устига, бу нафас тирик буюкларнинг нафаси.

Эзотерик илмларга оид китобларда айтилганидек, “Вақт уч ўлчамли фазо чегарасидан ташқари чиқади. Биз ҳис қиладиган вақт тўртинчи ўлчамдир”[15]. Вақт фазодан ташқари чиққан, ундан ажралган ҳолда фазога таъсир ўтказади, унга ҳаракат, кенг маънода олганда ҳаёт бахш этади. Зеро фазо вақтда, вақт  орқали ва таъбир жоиз бўлса, вақт вужудида яшайди. Яна шу ерда ёзилишича, “Агар биз вақтни чизиқ деб тасаввур қилсак, ушбу чизиқ ҳар бир нуқтасида абадийлик чизиғи (вертикали) билан кесишади. Абадийлик вақтдан бир ўлчамга ортиқ. Шунинг учун агар вақт тўртинчи ўлчам бўладиган бўлса, абадийлик бешинчи ўлчамдир”[16].

Бундай тўхтамга, айтиш жоизки, квант механика, яъни замонавий физика келмаган. Бу унинг эзотерик илмлар олдида ожизлигини кўрсатмайди, физика фани аниқ илмий асос ва далилларга таяниб иш кўришини англатади, холос. Абадийлик, яъни бешинчи ўлчам ҳақида гап кетганда яна бир ҳолатни айтмоқ лозим. Янги  физика асосларини яратган олимларнинг барчаси ботиний жиҳатдан, қалбан диндор бўлишган, яъни ўн саккиз минг оламни яратган Тангрини  тан олишган. Абадийлик эса Қодир Оллоҳ изми ва ҳузуридаги сир-синоатдир.

Нетонгки, “Вақт” шеъри ҳам абадийликка дохил муаззам банд билан якун топади.

                                                        3

Шоир ижодидаги замонасозлик ҳақида гапириб, баъзан “Вақт” шеърини ҳам шу оқимга қўшиб юборишади. Замонасозлик замонга, давр талабига қараб иш тутишликни, ижод қилишни англатса, унда “Вақт” шеъри бундай замонасозликдан анча юқори туради. Умуман, бу каби асарларга оддий мезон билан ёндашиб ҳам, бундай мезонларни “Вақт” каби шеърларга қўллаб ҳам бўлмайди. Шеърни замонасоз асарлар сирасига киритганларни унда жорий замонага оид воқеа-ҳодиса ва шахслар тилга олиниши чалғитган бўлиши мумкин. Лекин сиз ижодкор ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг, вақт ҳақида ёзиб, ўша вақтдаги, замонадаги ҳодисаларни тилга олмаслик мумкинми? Вақт фақат вақтдан улги олади, бошқа ҳеч бир нарсадан эмас. Шу боис замонасозлик билан замонавийликни фарқлаш лозим. “Вақт”га юксак замонавийлик, яъни замон билан, ўзи нафас олаётган он, лаҳза билан биргалик, ҳамнафаслик хос. Савол туғилади, қайси замон билан, шеър яратилган ва мустабид Сталин ҳукмрон бўлган замон биланми ёки биз ҳозир шеърни таҳлил қилиб турган истиқлол даври билан? Муайян бадиий  даражага эришган асар ҳамма даврлар учун замонавий, барча даврларга замондош. “Вақт” шеърига келсак, у узлуксиз, мутлақ вақт ҳақида, замона эса шу вақтнинг бир парчаси, абадият нигоҳидан қаралса, у мутлақ вақтнинг бир лаҳзаси, холос. Шу боис “Вақт” шеърини замонасоз асарлар сирасига киритиш унинг моҳиятини англамасликдан бошқа нарса эмас. Зеро “Вақт” зоҳиран содда, ботинан тушунилиши қийин шеърлардан. Мисралар сиртдан оддий бўлиб кўринади, уларнинг билқувва маъноси бирдан англашилмайди. Маъно англанмагунча онгда поэтик образ шаклланмайди. Бир тур шеърларда аввал образ яққол кўзга ташланиб, образ билан маъно деярли бир пайтда намоён бўлса, “Вақт”да аввал сўз ва мисрадаги маънони чақиш лозим бўлади, шундан кейингина образли тасаввур ишлай бошлайди. “Вақт” шеъри чалғитувчи соддаликни босиб ўтиб, замирда зил маънолар яширинган мисраларни англашга уринган, шундай уринишдан завқ туя оладиган интеллектуал китобхон мулкидир. “Вақт”ни юзаки ўқиш вақтни бесамар сарфлаш демакдир.

                                                        4

Қаҳрамон адибимиз Саид Аҳмад “Вақт”нинг туғилиши (Бир шеър тарихи)” хотира-мақоласида ёзишича, охирги банд унинг даъвати билан битилган. Нима бўлганда ҳам, мазкур банд бутун шеър каби илҳомнинг юксак онларида туғилган; ундаги ҳар бир сўз ўз ўрнида қоим. Бундай пайтда сўз қуйилиб келади, бундай сўз қаъридан ҳеч кутилмаган маънолар ғимир-ғимир қилиб чиқиб келаверади. Бунда маъно автономияси дейиш мумкин бўлган ҳодисага дуч келамиз. Маъно муаллиф ихтиёридан ташқари ҳаракат қилаётгандек туюлади гўё.

                   Ҳаёт шаробидан бир қултум ютай,

                   Дамлар ғаниматдир умрзоқ соқий.

                   Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди,

                   Умримиз боқийдир, умримиз боқий.

Саид Аҳмад юқорида тилга олинган мақолада ёзади: “Шу билан тонготар пайтда Ғафур Ғулом номини жуда узоқ элларга олиб борган шеърга нуқта қўйилди. Бу шеър улкан шоирнинг фалсафий қудратини, сўз санъаткорлигини, ҳаёт ҳодисаларини  ниҳоятда чуқур билишини намойиш қилган эди”[17].

Сўнгги банд нафақат шеърни якунлайди, у шеърни, шеърдаги яхлит поэтик мазмунни янги орбитага, самовий юксакликка олиб чиқади. Якка умр ўткинчилиги, фонийлигини коинот боқийлиги билан мувозанатлайди. Бу табиий ва қонуний ечим эди. Платон “Тимей” асарида вақтни “абадиятнинг ҳаракатдаги монанди”[18] деб атайди. Чунки абадиятда ҳам ҳаёт бор, фақат бундаги ҳаёт собит ва бутун. “Вақт” шеъри лаҳза билан абадият орасига кўприк қўйиб, абадият бекатида собит қолади.

Йирик шарқшунос олим Е.Э.Бертельс ўзининг машҳур “Навоий ва Аттор” мақоласида суфизмнинг бош ғояси “индивидуал “мен”нинг космик “мен”га қоришиб кетишидир”[19] деб таъкидлайди. Ҳар қандай ижодкор, агар у чинакам катта шахс бўлса, ҳеч қачон индивидуал “мен” доирасида қолмай муқаррар космик “мен” маснадига кўтарилади. Бинобарин, фалсафий-эзотерик таълимотлар, суфизм ҳам шундай таълимотлар сирасига киради, ҳамиша вақт муаммоси билан шуғулланишган, ушу муаммога тўқнаш келишган. “Суфий – ибнул вақт” (Суфий – вақт фарзанди) деган ҳикмат бежиз кенг тарқалмаган.

Бунинг устига, охирги бандни жажжи соқийнома дейиш мумкин. Лекин ўзига хос, бошқа давр соқийномаси. Масалан, “Фарҳод ва Ширин”даги “кетур соқий” байтлардан бири шундай: “Кетур соқий, шароби ошиқона Ки, бўлмишмен хирад бирла фасона”[20]. Айтайлик, шуни охирги банд билан ўхшаш ва фарқли жиҳатларини қиёслашнинг ўзи алоҳида бир илмий мавзу. Бунда юқорида тилга олинган Саид Аҳмад мақоласида “Вақт”нинг сўнгги банди ҳақидаги гап ўзига хос йўриқ бўла олади: “Ғафур ака ўйланиб турди-да, дарров ручкани олди.  – Ғафур Ҳуломники бошқача бўлади. Ғафур Ғуломники Ғафуровский бўлади. – У шундай деб ёзишга тушиб кетди”.

Аввал айтилган “Вақт”ни структур бутунлик сифатида тутиб турган қиёс принципи сўнгги бандда ҳам бор кучи билан ишлайди. “Бир қултум” лаҳзанинг бошқа бир шакли, “нафас”нинг шаробга боғлиқ эквиваленти. Нафас олинади – чиқарилади. Шароб эса ютилади, қултум ҳолида. Бир қултум ҳам бир лаҳзадир. Лаҳза яна ғанимат дамлар сифатида “умрзоқ соқий” билан қиёсланмоқда. Ўта нозик ишора билан “ғанимат” “умрзоқ”қа, “дамлар” мангуликнинг ҳозиру нозир вакили “соқий”га қаршилантирилмоқда. Лекин икки ҳолатнинг – ғанимат дам билан умрзоқ соқий мувозанати ярим, аммо тўлиқ тасалли эмас. Шунинг учун мангуликка собит тимсол керак, мана у: “Қуёш-ку фалакда кезиб юрипти…”. Қуёш эмасми, мангулигимиз кафолати. Чинданам, “Умримиз боқийдир, умримиз боқий”. Яна бир сезги бор шу ерда. Қуёш аниқ, шаён ҳодиса бўлиши билан бирга у янада юксакрок хилқатга ишорат қилаётгандек…  Зеро ҳозирги фалакиёт илми исботлаганидек, қуёш ҳам мангу эмас. Ҳар бир яратиқ каби у ҳам бир кун келиб ўлади, яъни сўнади.

Хуллас, “ғунча” билан очилган шеърий майдон “фалак” билан, коинот қадар кенгайган фазо билан якунланмоқда.

“Қуръони карим”да “миқдори – узунлиги эллик минг йил бўлган бир Кун” (фи явмин кана миқдаруҳу хамсина алфа сонатин) деган оят (Маориж, 4)  бор. Бунда Кун дейилганда, маълумки, Қиёмат куни  кўзда тутилган. Кўринадики, улуғ  калимада айтилганидек, вақтнинг миқдори ҳамиша бир хил эмас, ўзгармас эмас. Эллик минг йилни ўзига сиғдирган бир Кун, қиёмат фавқулодда ҳодиса. Лекин бунда буюк бир қонуният ҳам бор ва бу қонуният “Вақт” шеъридаги “Бир лаҳза мазмуни бир бутун баҳор” сатрида бадиий инкишоф этилади. Яъни шеърда ҳам қайд этилганидек, вақтнинг узун-қисқалиги, миқдори муайян ҳолатларда кескин ўзгариши мумкин. Вақт мутлақ турғун ҳодиса эмас. Ва бу қонуният ҳам ҳаётий, ҳам фалсафий аҳамиятга молик.

Шоир яшаган, хусусан “Вақт” шеъри яратилган пайт (“Вақт”нинг вақти!) ғоят мураккаб, шарқона-ўзбекона фикр чекланган, фикр-мулоҳаза марксча-ленинча даҳрий ақидалар билан танғиб ташланган давр эди. Шоир ушбу ақидалар чизиғидан ташга чиқиш хавфли эканини билар, лекин шу доира ичида туриб ҳам “Вақт” каби мумтоз шеърни яратолган эди. Нобоп давр қаршилигини енгиб ўтиш ботқоқда туриб парвоз қилишга уринишдай қийин амал экани аён. Шу ўринда ёзувчи Омон Мухторнинг қуйидаги сўзлари айни муддао: “Ҳали айтганимиз, минбардаги (яловбардор) шоир сифатида танилган Ғафур ака аслида файласуф, мутафаккир эди. Давр имкон берса, у фақат (таъкид бизники – С.М.) фалсафий, умуминсоний шеърлар ёзарди. Зотан, ХХ аср ўзбек шеъриятида Ғафур акага етказиб, “энг кичик заррадан Юпитергача …” дея кенг нафасда сўзлаган бошқа шоир учрамайди”[21].

Юқорида вақтнинг сирлилиги, унинг асл моҳиятини ҳеч ким билмаслиги айтилди. Ҳақиқатан ҳам, шундай, чунки вақт Оллоҳ таоло измидаги сир-синоатдир. Вақт ҳақида шунчалик мукаммал шеър ёзган Шоир шу ҳақиқатни билмасмиди. Биларди. Лекин шеър битилган пайтда бундай гапни айтиб бўлмаслигини ҳам биларди. Шоирнинг қизлари Олмос опа ўз эсдаликларида ул зотнинг дўст-надимлари (эътиборлиси шундаки, уларнинг барчаси эскича таълим олган, мадраса кўрган миллий зиёлилар) ярим тунда аллақайси радиотўлқинлардан Қуръон тиловатларини тинглаб, йиғлаб ўтиришганини кўргани ҳақида ёзган. Бу тоталитар даврда яшаган маърифатли ўзбек зиёлиси иккиёқлама, авра-астар ҳаёт кечирганидан далолат. У қобиқда, аврада шўро ғояларини қабул қилгани ҳолда астарда, ичда асрий зотий ўзакдан воз кечмаган, аниқроғи, воз кечолмаган. Бинобарин, “Қуръони карим”даги “Оятул курси”да илоҳий қалам билан битилган “Фақат Унинг ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир” (Бақара, 255) каломи Шоирнинг тизгин аммо чилғин онгида “Қуёш-ку фалакда кезиб юрипти, Умримиз боқийдир, умримиз боқий” бўлиб жаранглаган бўлса ажабмас. Шунда У, яъни Оллоҳ, ҳамиша тирик экан, асл маърифатли, иймонли инсоннинг умри боқийдир, деган янгиланган маъно ўрами кучга энади.

Мақолани икки кичик хулоса билан якунласак:

1. Шоир ижоди, назм ва насрда вақт бадиий концепция мақомига эга.

2. “Вақт” шеърида вақт фалсафаси лаҳза фалсафаси тарзда намоён бўлади. Бинобарин, лаҳза фалсафаси ялпи вақт фалсафасининг хусусий кўриниши дейиш мумкин.



[1]  Г у м и л е в  Л.Н. Этногенез и биосфера. Земли. М., 1993. С. 351.

[2] А р и с т о т е л ь. Соч. в 4-х т. Т.3. М., 1981. С. 145.

[3]  Қ а ҳ ҳ о р  А. Асарлар. Беш жилдлик. 5-жилд. Тошкент, 1989. 77-бет.

[4] Қаранг: Ғ у л о м  Ғ. Асарлар. Беш жилдлик. 1-жилд. Тошкент, 1964. 207-бет.

[5] Биография замысла. Беседы с мастерами узбекской литературы, записанные Александром Наумовым. Т.: Ёш гвардия, 1974. С. 28–29. Мазкур китобга Ғ.Ғуломдан ташқари Ойбек, Уйғун, А.Қаҳҳор ва Зулфия билан қилинган суҳбатлар, аниқроғи, уларнинг ўзи ва ижоди ҳақидаги монологлари кирган. Бу мўъжаз китоб ХХ аср ўзбек адабиётини ўрганишда муҳим манба (бу фикрни китобга сўзбоши ёзган академик Иззат Султон алоҳида таъкидлаган) дейиш мумкин. Уни тўлиғича ўзбек тилига ўгириш зарур. Зеро йирик адибларимиз яратган асарларни уларнинг ўз нигоҳи орқали ўрганиш ажиб ёқимтой амалдир.

[6]  Ўша ерда. 28–29-бетлар.

[7]  Г ё т е  И.В. Фауст. Тошкент, 1985. 52-бет (Э.Воҳидов таржимаси).

[8] Ўша ерда. 342-бет.

[9] Ғ у л о м  Ғ. Танланган асарлар. Тўрт жилдлик. 2-жилд. Тошкент, 1957. 15-бет.

[10] Ғ у л о м   Ғ. Танланган асарлар. Тошкент, 1953. 128-бет.

[11] М е л и  С. Тонг, Тошкент ва Ғафур Ғулом // Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 2000. 5 май.

[12] Кўчирма қуйидаги китобдан: Ф р и д м а н   А.А. Мир как пространство и время. М.: Наука, 1965. С. 49.

[13] А л е к с а н д р о в  А.Д. О философском содержании теории относительности // Эйнштейн и философские проблемы физики ХХ века. М.: Наука, 1979. С. 120; 133.

[14] Ғ у л о м  Ғ. Танланган асарлар. Тошкент, 2003. 60-бет.

[15] У с п е н с к и й  П.Д. В поисках чудесного. СПб., 1992. С. 239.

[16] Ўша ерда. 240-бет.

[17] А ҳ м а д  С. Йўқотганларим ва топганларим. Тошкент, 1998. 58-бет.

[18] П л а т о н. Диалоги. Кн. 2. М.: Эксмо, 2008. С. 477.

[19] Б е р т е л ь с  Е.Э. Суфизм и суфийская литература. М.: Наука, 1965. С. 400.

[20] А л и ш е р  Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 8-жилд. Тошкент: Фан, 1991. 193-бет.

[21] М у х т о р  О. Йигирманчи аср Насриддини // М у х т о р  О. Бухоро ҳаёти ёки Лабиҳовуздаги тутлар. Тошкент, 2004. 63-бет.

«Ўзбек тили ва адабиёти» журнали, 2013 йил 3-сон.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 679

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *